Кампир скамейкада ўтирипти. Бир чол киради. Кўзойнак тақиб скамейкадан ўзига жой қидиради.
Ч о л . Шу ерга ўтирсам майлими?
К а м п и р . Ўтираверинг, ўтираверинг, бобой.
Ч о л . Нега мени бобой дейсиз. Сиздан ёш бўлсам керак, бувижон.
К а м п и р . Ҳеч жаҳонда скамейкани ҳам кўзойнак билан қидирадими.
Ч о л . Шошманг, шошманг, кимсиз, овозингиз жуда таниш туйиляпти.
К а м п и р . Анкета тўлдирмоқчимисиз. Отим Хадича. Қўрғонтаги маҳалласидан бўламан. Мансурвойнинг қизиман. Бўладими? Ё яна айтайми?
Ч о л . Э, бўлди, бўлди. Муни қара-я, Хадичамисан. Вой-бў, тирик экансан-ку.
К а м п и р . Нега мени сенлайсиз. Ўзингиз ким бўласиз?
Ч о л . Танимадингми-я. Ахир мен ошиқу беқароринг Муқимжонман-ку. Отимни айтолмай Мақомжон деярдинг-ку, энди эсингга тушдими?
К а м п и р . Мақомжонман, дегин. Мен сени инқилобдан олдин ўлиб кетгансан деб юргандим. Муни қара-я, тирик экансан. Ўлмапсан.
Ч о л . Нега ўламан?
К а м п и р . Кўп чекардинг-да, чилимни шундоғам қулдиратардинг-ки…
Ч о л . Кейин попирисга ўтгандим. Шўри-мўри деган попирис чекардим.
К а м п и р . Ҳалиям ўша-ўша саводсизлигинг қолмапти. Шўри-мўри эмас, Черное Море, дейиш керак.
Ч о л . Зиди менга бари бир, чекишни бундан қирқ олти йпл олдин ташлаб юборганмаи.
К а м п и р . Тўқсонга кирмай адойи тамом бўпсан. Кўзингда қўш кўзойнак, қўлингда ҳасса бўлмаса белинг майишиб кетяпти. Қулоғингда аппарат бўлмаса елкангда атом бомбасини портлатса ҳам билмайсан.
Ч о л . Бунақа тез қаримасдиму хотиним раҳматли ёмон эди.
К а м п и р . Эркакларнинг ҳаммаси шунақа. Бегона хотинни кўрса дарров ўзиникини ёмонлайди.
Ч о л . Вой-бў, шунақа дегин-а, эринг омон-эсон юриптими? Оти нима эди, ҳа, топдим, Ориф қирриқ, носпуруш эди-я?
К а м п и р . Бир марта носвой сотгани билан носпуруш бўлади-қоладими? Раҳматли бундан етти йил олдин қазо қилган. Учта ордени бор эди, костюмига қадаб қўйганман. Сенда нечта орден бор?
Ч о л . Хотинимнинг иккита ордени бор эди. Яқинда қазо қилди. Хадича, ке сенам бева, менам бева, икковимиз ҳалигидек топишиб қўя қолайлик.
К а м п и р . Э, гапинг қурсин, бемаъни. Невараларимга нима дейман, чевараларимга нима дейман, қуда-андаларимга нима дейман?
Ч о л . Э, Хадича, ҳар кимнинг ҳузур-ҳаловати ўзига. Бошда хўп деганингда қўш кабутар бўлиб юрардик.
К а м п и р . Бўшашган совчиларни юборгансан-да, Мақомжон.
Ч о л . Ҳечам бўшашган эмас эди-да, Юборган совчиларимни даданг таёқ олиб қувлаган.
К а м п и р . Опқочиб кета қолсанг ўлармидинг.
Ч о л . Камбағаллик ўлсин. Қандоқ опқочаман. Опқочиб қандоқ боқаман. Эшак билан қаёққа опқочардим.
К а м п и р . Бу ерда нима қилиб ивирсиб юрибсан?
Ч о л . Битта неварам Арабистонда таржимон, биттаси Кубада. Ўшаниси «Буважон битта извесной сувратингизни юборинг» деб ёзворипти. Суврат олдиргани келувдим.
Кам п и р . Ҳалиям саводсизлигинг қолмапти, Мақомжон. Извесной эмас, светной дейиш керак, билдингми? Суврат олдираман десанг шу ерга келасанми? Ахир бу сувратхона эмас, пенсияни оширадиган сабис. Пенсиям ўзимга етиб турган эди. Почтачи қиз, бувижон, сабисга бориб книжкангизни олинг, пенсиянгиз ошган деди. Шунга келувдим.
Ч о л . Бу жой сабис эмас, сувратхона.
К а м п и р . Йўқ, сабис.
Ч о л . Ким билан гаплашаётганингни билиб қўй. Олдингда меҳнат қаҳрамони, ветеран Муқимжон ўтирибди.
К а м п и р . Вой, буни мақтанишини қаранглар, битта сен қаҳрамон бўпсанми. Мана, менам «Қаҳрамон она»ман. Мақтанмаяпман-ку!
Ч о л . Шунақа дегина. Менга қара Хадича, ке икковимиз ҳалигидек топишиб қўя қолайлик. Қўш қаҳрамон бўлиб юрамиз.
К а м п и р . Э, қоч-е, бемаза, гапингда туз деган нарса йўқ.
Ч о л . Шаҳло кўзларинг кўзимга уйқу бермасди. Қаламдек қошларинг юрагимга ханжардек санчиларди. Қани қошларингни кўрай. (Қарайди). Ия, қош қани, расво қипсан-ку! Нақш олмадек юзларинг мени жинни қиларди. Қани юзларингни бир кўрай. (Қарайди). Юз қани? Шафтоли қоқининг ўзи бўпқопти-ю…
Шу пайт бегона йигит ўтиб қолади.
Й и г и т . Нима қилиб жиқиллашяпсизлар?
К а мп и р . Пенсия масаласида келгандим.
Ч о л . Суврат олдиргани келувдим.
Й и г и т . Э, омон бўлинглар, бу ер сувратхона ҳам эмас, сабес ҳам эмас.
К а м п и р . Бўлмасам нима бу ер?
Й и г и т . Бу ер ЗАГС.
Ч о л. Хадича, худонинг меҳрибончилигини қара. ЗАГСга ўз оёғимиз билан кеп қопмиз-ку. Юр рўйхатдан ўтиб чиқа қолайлик.
К а м п и р . Э, бор-е, йўқ, қариб қуйилмаган бемаза чол.(Икки букилиб қалтириб чикиб кета бошлайди).
Й и г и т . Кампирингизми, бобой, аразлаб қолдилар-ку.
Ч о л . Кампирим бўладиган эди, бўлолмай қолган. (Кампирнинг орқасидан– ) Самбитдек қоматларингга Муқимжон аканг гиргиттон! Бир кун эмас бир кун ишқингда адо бўламан. Етмиш йилдан бери тушларимга кирасан, бевафо Хадича. Юрагим куйиб кетяпти. Ўртаниб кетдим-ку, бевафо!
йигит. Бир пиёла муздеккина «Тошкент суви» қуйиб берайми?
Ч о л . Майли, болам. Йўқ, қўй, ангинам тутиб қолмасин.
Й и г и т . Ия, ангинангиз борми?
Ч о л . Ангинанинг ўзи бўлса ҳам майлийди-я астмам ҳам бор. Мана шу хотин мени адо қилган.
Й и г и т . (залга қараб). Биринчи муҳаббат сут билан кириб жон билан чиқади, дейишгани рост экан.
Ч о л . (қулоғидаги аппаратни тузатиб унга яқин келади). Нима дединг, сут дедингми? Майли, қайноққина бўлса, майли.
1971 йил.