Ҳажвий фожиа
Нурматжон магазиндан ароқ олганида, «уйга бориб, ёнбошлаб майдалайман», деб ўйлаган эди. Лекин сумкасидаги шиша ҳар гал оёғига текканида эти сесканиб, оғзининг сўлаги оқаверди. Охири чидамай, чойхоначидан битта пиёла сўраб, «пича ютиб олишга» қарор қилди.
Чойхонада маҳалла оқсоқоллари гурунг қилиб ўтиришган экан. Нурматжон қанчалик ичағон бўлмасин, то кайф қилгунча оқсоқоллар олдидан одоб билан ўтарди. Кайфи ошгандан кейин, уларни бемалол туртиб ўтиш ҳам қўлидан келарди.
У, ассалому алайкў-ўм, деб кириб келди. Чолларни кўриши билан бу ерда ичишнинг сира иложи йўқлигига ақли етиб пешонаси тиришди. Орқасига қайтмоқчи бўлиб турганида Абдурайим ота деган чол қўлига бир пиёла чой тутқазди. Нурматжон атрофга аланглади, девордаги: «Спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, бедана уриштириш, қарта ўйнаш тақиқланади», деган ёзувга кўзи тушиб баттар энсаси қотди. Боя у кирганда Абдурайим ота қизиқроқ гапни бошлаб қўйган экан шекилли, чоллар, бу ёғини ҳам айтинг, дегандек унинг оғзига тикилиб туришарди.
— …Шундай қилиб Насриддин Афанди эрталаб уйғониб, оғилхонасига кирса, эшаги ўрнида бир йигит боғлиқ турган эмиш…
Нурматжон ҳам, бу ёғи нима бўларкин, деб қулоқ тутди. Абдурайим ота ҳикоясини давом эттирди:
— Афанди ҳайрон бўпти. Ҳой, йигит, кимсан, бу ерда нима қилиб турибсан, эшагим қани, дебди.
Йигит тилга кирибди:
— Мен сизнинг эшагингизман. Аслида, мен туппа-тузук бир одамнинг фарзанди эдим. Аммо кўп ичардим. Кўп ичишимдан безор бўлган дадам, эшак бўлиб қол, деб қарғаганлар. Ана ўшандан кейин эшак бўлиб қолгандим. Сиз мени сотиб олганингизда бир ҳафталик нораста эшак эдим. Беш йил мени миндингиз. Хизматингизни ҳалол бажардим. Бугун тонг маҳали яна одамга айландим. Едирган емларингиз ҳурмати хайрлашиб кетай, деб кутиб турган эдим.
Насриддин Афанди унинг гапларига чиппа-чин ишонди. Яқинига келиб пешонасини силади.
— Отинг нима, йигит? — деди меҳр билан.
— Мирза Баҳром, — деди йигит.
Насриддин унинг бўйнидан арконни олиб, кўчага етаклаб чиқди.
— Энди гап бундоқ, укам, — деди у, — иккинчи ичма, дадангни хафа қилиб, яна ичворсанг, тағин эшак бўлиб қоласан. Тушундингми? Онангга, ака-укаларингга мендан салом айт. Агар яна ичиб, эшак бўлиб қолсанг, сени сотиб олмайман, шуни билиб қўй.
Насриддин эртасига бошқа эшак харид қилгани бозорга борган эди, Мирза Баҳромни учратиб қолди.
— Ҳа, Мирза Баҳром, тинч-омон, шўхлик қилмай юрибсанми? — деб сўради у.
— Мен Мирза Баҳром эмасман. У киши акам бўладилар. Каминанинг оти — Мирза Раҳмон. Акам яна ароқ ичиб қўйдилар. Ҳу ана у — даллол арқонидан ушлаб турибди.
Насриддин қараса, эшаги бошини осилтириб турибди. Жаҳл билан унинг олдига борди-да, қулоғига шивирлади:
— Мирза Баҳром бўлмай, ҳар бало бўлгин. Яна ичибсанда?! Сандақа субутсиз, ичадиган бемаза эшакни олмайман…
Бу латифани эшитиб ўтирган оқсоқоллар кула-кула мулоҳаза килишга тушишди.
— Ичадиган одамда субут бўлмайди, деб шуни айтади-да.
— Муни қаранг-а, шунча йил эшак бўлиб, яғири чиқса ҳам яна ичибди-я, вой ҳайвон-е…
Бу гап нимагадир Нурматжонга тегиб кетди. Абдурайим ота атайин унга тегизиб айтдими ё гапнинг пайрови тўғри келиб қолдими, ким билади, дейсиз. Нурматжоннинг қошлари чимирилди. Бир нима деб Абдурайим отани узиб-узиб олай деса, тилига гап келмайди. Негаки, шу Абдурайим отанинг ўзига неча марта иккинчи ичмайман, деб сўз бергану яна ичворган.
Нурматжон зарда билан шарт ўрнидан турди-ю, кўчага чиқди. Шу ярамас ароқни ичмасам ўлиб қоламанми, деб уйи томонга равона бўлди. Лимонад дўконининг орқасида қоғоз стаканга ароқ қуйиб ичаётган йигитга кўзи тушиб, худди катта тезликда кетаётиб тормоз берган самосвалдек ғийқиллаб тўхтаб қолди. Йигит ичиб, афтини буриштирганча дўпписининг астарини ҳидлади. Нурматжон унинг олдига қандоқ бориб қолганини билмайди.
— Укам, истаканингиз бўшадими? Бериб туринг! Ичадиган одам бир-бирига ҳамиятли бўлади. Бир-бирини қўллайди.
— Бемалол, дўстим.
Нурматжон сумкасидан шишани олиб, қопқоғини тишида очиб, қоғоз стаканга қуя бошлади. Стакан икки нотаниш ошна ўртасида уч марта бориб-келгандан кейин суҳбат илашимли бўлди.
Гапни биринчи бўлиб ким бошлаганини у ҳам, бу ҳам эслаёлмайди. Фақат Абдурайим деган чол уни эшак деганини айтганида, янги дўсти юпатиш учун юзидан чўлпиллатиб ўпгани эсида, холос.
— Шунақа дедими. Хафа бўлма, ошна. Дунёда ёмон одам кўп. Қани айт-чи, кимгаёмонлик қилибмиз. Мусичадек ювошгина бўлиб бир чеккада ароғимизни ичиб юрибмиз. Шуни ҳам кўролмайдиганлар бор. Ҳа, пулига чидасанг — сен ҳам ич. Буни йигитнинг хўрози ичади.
Янги дўстининг гапи Нурматжонга жуда ёқди. Шинаванда йигитлиги гапидан билиниб турибди.
— Тўғри айтасан, қадрдоним. Зар қадрини заргар билади, чилангар нимани билади. Яна битта опчиқайми?
— Кел, дўстим, эсдалик учун дўппиларимизни алмаштирамиз, — деди Нурматжон.
— Бўпти, — деди йигит.
Дўппидан кейин камарларини алмаштиришди. Ундан кейин қўл соатларини алиштиришди. Охири яна нимани алиштирганликларини ўзлари ҳам билмай қолишди.
Хуллас, Нурматжон қоқ ярим кечада гоҳ эмаклаб, гоҳ деворларни ушлаб аранг уйга етиб келди. Хотини, болалари ухламай, тиқ этса эшикка қараб ўтиришган экан.
Хотини унинг гиж бўлиб келганини кўрди-ю, энсаси қотганидан бетига ҳам карамай нариги уйга кириб кетди.
— Нега салом бермайсан? — деб бақирди Нурматжон унинг орқасидан.
Хотини йиғламсираб жавоб қилди:
— Яна ичибсиз-да…
Хотиннинг гапи оғзида қолди. Нурматжон бобиллаб берди:
— Нега мени эшак дейсан? Хотин ҳайрон бўлди:
— Қачон эшак дедим сизни?
— Яна ичдингизми, деганинг, сен эшаксан, деганинг бўлади, билдингми?
У гапини ҳам тугатолмади, орқасига тисарилиб-тисарилиб охири гуп этиб палосга чалқанча йиқилди. Йиқилди-ю, қотди-қолди.
Бир маҳал томоғи қақраб уйғонганида қаердадир, сичқонми, бир бало ниманидир тиқирлатарди. Нурматжон тимирскиланиб бориб чироқни ёқди. Қўшнининг мушуги каравот тагидан сапчиб чиқиб ўзини балконга урди. Нурматжон ошхонага чиқиб умивальник жўмрагига оғзини тутиб сув ичмоқчи бўлди. Қани энди оғзи очилса. Чакаклари қотиб қопти. Икки бармоғини зўр билан оғзига тиқиб, пастки жағини силтаб тортди. Жиндек очилгандек бўлди. Гўдакка ўхшаб жўмракдан сув сўра бошлади.
Муздек сувдан сал ўзига келгандек бўлди. Тилини айлантирган эди, танглайи сип-силлиқ. Нима гап? Танглай тиши қани? Тепа лаби худди туянинг лабига ўхшаб осилиб қопти. Ясама тишим ўлгур қаерда тушиб қолди экан, деб ўйлай бошлади. Бир маҳал қараса, тиши каравот тагида ётибди. Шошиб олди-ю, ювиб, лунжига тикди. Ўзиникига ўхшамайди. Ё боя қочган мушук кечаси билан мужиб хирпи қилиб қўйдимикан? Нурматжон ясама тишни қўлига олиб, астойдил тикилиб қаради. Ростдан ҳам уники эмас. Нурматжоннинг танглай тишининг ўнг томонидан иккита кумуш қопламаси бор эди. Бунда йўқ. Ё мушук таталаб олиб ташладимикан. Нурматжон каравот тагига эмаклаб кириб, роса қидирди. Йўқ. Бу танглай тиш катта. Милкларига ёпишмай тушиб кетяпти. Ахир, тиш нозик нарса. Этик бўлса бошқа гап. Кенг бўлса пайтава ўраб кийиб кетаверасан. Ясама тишга пайтава ўраб бўлмаса…
Нурматжон кўп ўйлади. Ўйлаган билан маст одамнинг ўйлагани нима бўларди: бир нарсани ўйласа, охири бошқа нарса билан тугайди. У бирон соат чамаси ўйлаб, бирдан калласига ярқ этиб кеча бирга ичган ошнаси келди. «У билан дўппимни алмаштирдим, камаримни алмаштирдим, соатимни алмаштирдим, ундан кейин нимани алмаштирган эдим, ия, танглай тиш ўлгурни ҳам алмаштирворган эканман-ку! Ошнамнинг оти нима эди? Уйи каерда эди? Оббо, энди нима қилдим?»
Боя ичган муздек сув ичида ҳазм бўлмай ётган ароққа қўшилиб яна кайфини ошириб юборди.
Бундай пайтларда одам ё зўр бўлади, ё доно бўлиб кетади. Нурматжон зўр бўлмади-ю, доно бўлиб кетди. Ясама тишнинг бирон чорасини топиш ҳаракатига тушди. Балконга чиқиб чироқни ёқди. Ўғли авиомодел ясашга ишқибоз эди. Унда хилма-хил асбоб-ускуналар, елимлар бўлар эди. Нурматжон бурчакдаги яшикни кавлаштириб, сиқма елимни топди. «Супер цемент» деб аталган бу елим, дарҳақиқат, сувни сувга ёпиштиришдан бошқа ҳар қандай нарсани ёпиштира оларди. Бу гапни у ўғлидан эшитган. Синган чойнак борми, гул туваги борми, стулнинг синган оёғи борми, барини ўғли шу елим билан ёпиштирарди.
Нурматжон оғзида шақир-шуқир қилиб айланиб турган ясама тишни олди-ю, ич томонига бир қултумдан кўпроқ елим сиқиб туширди. Кейин дарров оғзини очиб, танглайига босди. У оғзини очганида ҳаво кириб, елим чунонам милкларини қисишга тушдики, қани энди чидаб бўлса. У ҳар нафас олганида елим баттар қотар, милкларини жингиртоб қилиб ташлар эди.
Тонготар маҳали «дод-дод»дан ҳамма уйғониб кетди. Нурматжон икки кафти билан чакакларини босиб у ёқдан-бу ёққа югурар, додлар, бола-чақалари орқасидан эргашиб нима бўлганига ҳайрон эдилар.
Уни «Тез ёрдам» олиб кетди.
Докторлар Нурматжоннинг жағига тиргович қўйиб ялтироқ омбур билан танглай тишни чиқариб олишди. Буни қаранг, танглай тишга илашиб кабобнинг битта жазидек қип-қизил гўшт ҳам узилиб чиқибди.
Лекин қўшни палатадаги беморнинг аҳволи ундан ҳам оғир эди. У оғзини чангаллаганча дод солар, милкини қисаётган протезга докторларнинг қўлини теккиздирмай, яқин келганни тепарди.
Ўша палатада ётган чол унинг бақиришларидан безор бўлиб, докторларга бир маслаҳат берди:
— Носми, мурчми ҳидлатинглар. Бир акса урса, оғзидан отилиб чиқиб кетади.
Қари билганни пари билмас, дегандек, чолнинг гапи рост чиқди. Ошхонадан бир кафт мурч опкелиб бурнининг катагига сепишган эди, чунонам бир акса урдики, ясама танглай тиш экан-ку, ҳатто пастдаги иккита бутун тиши ҳам отилиб чиқиб кетди, чиқмай ўлсин, дераза ойнасига урилиб чил-чил қилди…
Бу воқеага ҳам анча бўлди. Нурматжон ўшандан буён маҳалла чойхонасига кирмай қўйган. Абдурайим отага бақамти келиб қолишга юзи чидамайди.
Бу ҳам майли-я, телевизорда нима айб. Айниқса, «Ҳайвонот оламида» деган кўрсатувга сира тоқати йўқ.
Чунки эшак ҳам ҳайвонот оламига алоқадор махлуқ. Лоп этиб экранда кўриниб қолиши ҳеч гап эмас-да…