У авваллари хирмон қоровул, табелчига ёрдамчи – эгат ўлчаб берадиган ва идорага кунлик теримнинг ҳисоботини етказувчи, далада самовор қайнатувчи лавозимларида ишлаган. Шўро армиясига чақирув қоғоз тарқатгич бўлган. Энди эса ғишт заводда гулах бўлиб ишлаяпти. Бир кеча – кундуз ишлайди, икки кун дам олади. Хотини камқон, камқувват бўлганига қарамасдан далада ишларди. Бешта боласи бор. Уни-буни баҳона қилиб бечорани тепкилар, уравериб майиб қилиб ташлади. Ниҳоят, хотиннинг акалари ундан ажратиб, болалари билан ўзи ёнларига олиб кетишди. Энди у ёлғиз. Бўш вақтида ҳовли эшиги олдида ўтириб ўтган-кетганга итини “олкишлаб” ўтиради. Саломга алик олмайди. Ўзи ҳам салом бермайди. Кўпчилик ўтирган уйга кириб келганда ўзи ҳам саломсиз индамай кириб ўтираверади. Биров ярим қўл узатса, қўлининг учини бериб қўяди. Қўли муздек. Кўзлари мушукнинг кўзидек, бурни танқайган, шалпонқулоқ бу зот қишин-ёзин йўл-йўл майка устидан ҳарбийча костюм кийиб юради. Яғири чиқиб кетган. Узи айтишича, “сув ости кемасида хизмат қилганда” тўкилиб кетган тақир бошида бурчаклари титилиб кетган ола дўпписи бор. Кўнгли ҳам нозикроқ, танбехни кўтаролмайди. Маҳалла фаолларини “ах туфлар” деб ўзича назар-писанд қилмайди.
Қишлоқда нима кўп-тўй, марака кўп. Ҳаммадан олдин боради. Даврага ўтириб олади-да:
– Қани опкел. Ниманг бор? – деб сабрсизлик билан бақиради. Олдига қуйилган косадаги шўрвага нонни роса тўғраб, бўктириб ейди. Бармоқларини шапиллатиб ялайди. Дастурхондаги қанд-қурсларни икки-учтадан қилиб оғзига ташлайди. Охирида қолганларини чўнтагига тиқади. Сўнг ёнида ўтирган одамнинг олдидаги чойнакни сўраб ўтирмасдан олиб, чой ичади. Бошқаларга узаташ йўқ. Чойнак бўшагач, қопқоғини шақиллатаб, яна чой чақиради. Қорни ҳам, кўзи ҳам тўйгач, ўзини девор томонга ташлаб, калиш киявериб қорайиб, ҳидланган оёғини кимнингдир ёнбошига узатади-да, даврада бўлаётган суҳбатни дабдурустдан бузиб қўшилади:
– Ҳей, менга қаранглар. Мен бу ҳаётдан кўп яшаб, бир нарса ни кўп кузатдим. Охири тушундим-эй. Бу эшак дегани кунига бир неча марта ҳанграмаса туролмас экан-эй. Ичи қисилиб кетса керак-да„ Ҳар куни ўзимнинг эшагимни етаклаб суғораман. Анҳорга боргунча “ҳингқ-ҳингқ” қилиб кетаверади. Ана ҳанградим, мана ҳанградим деганида тумшуғига қозиқ билан бир тушураман. Жим бўлиб қолади. Бироздан сўнг яна хингқиллай бошлайди. Яна ураман. Яна тинчийди. Яна бироздан сўнг… Хуллас, охири менинг қандай қилиб онгимни олади-да, ҳанграб юборади, уккағар. Демак, бу эшаклар ҳанграмай туролмас экан-эй…
Даврага одамлар келиб-кетиб турибди. Ўтирганлар нарху-наводан, об-ҳаводан, дунёвий гаплардан гурунг қилишса, у қайга-қайта ўзининг ўша башоратадан – эшакнинг ҳанграмай туролмаслигидан сўзлайверади. Кимдир кулади. Кимдир секингина “Ҳе, ханграмай ўл”, деб қўяди. Ўзи туриб кетмагунча уни ҳеч ким даврадан чиқариб юборолмайди… У эса ёнбошлаб оладида, кемшик тишларини кўрсатиб баланд овозда яна бошлайда…