…Навбатдаги снарядни отганимиздан сўнг командирнинг бақиргани эшитилди. — Ҳамма панага! Окопга!
…Ўзимни торгина окопчамиз тагига таппа ташладим. Қинидан чиқиб кетгудай бўлиб ураётган юрагим ҳам аста-секин тинчий бошлади. Бошимдан каскамни ечдим-да, тагида ғижим бўлган ва тердан нам пилоткам билан юзимни артдим. Тепага қулоқ соламан, немис пулемёти бизнинг ўт очиш нуқтамизни ўққа тутяпти. Бошимизга қум ва кесаклар тўкилади. Чор-атрофимиздан осмонга чанг-тўзон кўтарилмоқда. Бироқ бу пулемёт ўқлари бизга унчалик хавфли эмас.
“Ерга яқинроқ бўл, ер ҳимоя қилади. Окопни чуқурроқ қазинглар”, деб командиримиз жавраган маҳалларда окоп қазийвериш малол келган пайтлар ҳам бўлган. Мана энди биляпмизки, окопнинг чуқури жоннинг паноҳи экан. Фақат душман анави чийилдоқ олти оғизли миномётларидан ўқ ёғдириб қолмаса бўлгани. Шуни ўйласам, кўнглимга яна ваҳима аралаш нохуш бир хижиллик оралай бошлайди.
…Ишимиз ўнгидан келди. Биз ҳозиргина ўзимизга топширилган вазифани уддаладик. Қирқ беш миллиметрлик тўпчамиз билан қаршимиздаги душманнинг портловчи ўқ отадиган катта калибрли пулемёт нуқтасини яксон қилиб, пиёдалар ҳужумига йўл очдик. Энди навбатдаги буйруққача дам олиб турсак бўлаверади. Жойимизни пайқаб қолиб, ҳалидан бери акиллаб ётган душманнинг бошқа бир пулемёти овози ҳам ниҳоят ўчди.
Ёзнинг тип-тиниқ осмони. Окопга қуёш нури тушиб, қиздира бошлади. Танамиз сояда бўлса ҳам бошимиз қизиб кетди. Командиримиз — старшина Фредков букчайганча окопнинг соя томонига ўтиб ўтирди.
— Бопладинг-а, аблаҳларни, — деди у мамнунлик билан куларкан, соқоли ўсиб, чанг ўтириб қолган юзи тиришди. — Комбат ишни уддаласанглар, ҳар бирингни “Жасорати учун” медалига тақдим этаман деган. Медали йўқлар гимнастёркасидан тешик ҳозирлайверсин. Комбат бир сўзли…
Ҳамма аскар ҳам, айниқса, (ҳеч қандай мукофот олмаган бўлса) медал олса ўзида йўқ хурсанд бўлади. Хизматинг тақдирланаётганини ҳис қилиб туриш ёқимли-да. Менда-ку иккита медал бор, лекин манави ошналарим Федотов билан Хрипиннинг ҳам гимнастёркасига биттадан нишон осилса, зап иш бўларди-да…
— Ҳа, бари бекор гап, қизиқтириш учун айтаверади-да. Бундай очиқ майдонда медал оламан деб ўлиб кетиш ҳеч гап эмаслигини ўйлашмайдиям…
— Нафасингни иссиқ қил-э. Мана, уддаладик-ку. Беришади. Ҳозир мудофаада турибмиз. Бундай пайт иш тез битади. Фақат дивизия командири қўл қўйса бўлди. Мана кўрасан, беради, — деди Фредков шимининг ён чўнтагидан тамаки халтасини оларкан, сўнг жиддий оҳангда сўради:
— Хрипин, қалайсан? Аҳволинг яхшими? Кечгача чидай оласанми?
Юзи бўзарган, кўзлари ич-ичига ботиб кетган Хрипин тагидан қон сизиб аллақачон қип-қизил бўлиб қолган бинт билан ўралган бошини қуйи солганича қунишиб ўтирибди.
— Чидайман, …Фақат роса чанқадим, — деди у ҳирқираган овозда, чанг, лой қотиб қолган лабларини ялаб тамшанди.
Ҳамма беихтиёр камарида осиғлик сувдонга қўл югуртирди-ю, яна жим қолди. Ҳеч кимда сув қолмаган. Мен белимга томон силжиб кетган сувдонни пайпаслаб олдимга сурдим-да камаримдан ечиб олдим. Чайқаб кўрган эдим, тагида озгина сув чайқалгандай бўлди. Идишнинг қопқоғини бураб очиб, Хрипинга узатдим.
— Ма, ич. Озроқ борга ўхшайди…
— Йўғ-е, озроқ бўлса ўзинг ичақол, — деди у бироз ўнғайсизланиб, лекин тупроққа беланган, тирналган қўлини узатди. Кўзлари пирпираб, бурун катаклари асабий титрарди. Унга нисбатан қалбимда илиқ бир меҳр жўш урганини сездим.
— Ол, ошна, мен чанқаганим йўқ, ич, ҳаммасини ич, — дедим меҳрибонлик билан ўзимнинг ҳам танглайим қақраб турганини ҳис қиларканман. Бечора ошнамизнинг жанг аввалидаёқ омади чопмади. Дайди ўқдан боши жароҳатланди. Кўп қон йўқотгани учун анча ҳолсизланиб турибди. Хрипин сувдонни қўлига олиб, оҳиста чайқатди ва оғзига олиб борди. Дарров қайтарди.
— Ич, яна ич.
— Ичдим. Раҳмат. Маза қилдим, — деди у жилмайишга уриниб.
— Сувни тежаш керак. Ҳали кечгача ўтирамиз. Қоронғи тушгач, овқатга бориб келасизлар, — деди командиримиз.
— Номоз, менга ҳам узат-чи. Бир хўплай, — деди Федотов ёнбошлаб ётганича қўлини узатиб.
Федотов ҳам сувдонни чайқаб кўрди-да менга бир қараб қўйиб, лабига текизди. Сўнг сувдон Шутимовга ўтди. Окоп деворига орқаси билан суяниб оёқларини чўзиб ўтирган Шутимов ҳам сувдонни бошига кўтариб, бир хўплади-да, командир томон узатди. Оғзи-бурнидан кўкимтир тутун чиқариб тамаки чекиб ўтирган Фредков ҳам оғзига бир теккизди-ю, сувдонни Обедкинга чўзди. У ичмайман дегандек бош чайқади. Сувдон ўзимга қайтди. Уни лабимга олиб бораётиб, ичида Хрипинга узатаётганимда қанча сув бўлса ҳали ҳам ўшанча сув турганини ҳис қилдим. Дўстларим сувдондаги охирги томчи сувни бир-бирига илиниб ичмасдан, фақат лабини ҳўллабгина қайтаришган эди. Мен ҳам сувдоним тагидаги сувни ичиб қўйишдан ўзимни тийиб, қопқоғини яхшилаб қотирдим-да, камаримга тақиб қўйдим…
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 19-сон