Виолен де Вильмор хоним: Ўзбекистонлик ёшлар Францияда турли йўналишларда таҳсил олиш имконига эга

Франциянинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильмор хоним Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири Рустам Қосимов билан учрашди. Франция элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, мулоқот чоғи мамлакатларимиз ўртасидаги қишлоқ хўжалиги, агрономия, сайёҳлик, муҳандислик, соғлиқни сақлаш, меъморлик ва археология каби соҳалардаги ҳамкорлик муносабатлари муҳокама этилган.

Айни пайтда олий ва ўрта махсус таълим ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Учрашувда бу борадаги ҳамкорлик имкониятлари, хусусан, таълимни замон талабларига асосан ташкил қилиш, таълим менежменти, француз тили ўқитиш ва бошқа йўналишларда кадрлар тайёрлаш юзасидан фикр алмашилган.

Виолен де Вильмор хоним ўзбекистонлик талабалар француз тилида барча мутахассисликлар бўйича, инглиз тилида эса муҳандислик, менежмент, ирригация каби соҳаларда Францияда олий таълим олиш имконига эга эканини таъкидлаган.

Қайд этилишича, Франция ҳукумати талабаларни турли грантлар ва ижтимоий суғурта орқали рағбатлантириб келаётир. Мазкур мамлакатда таҳсил олишни истаган талабалар француз тили бўйича билимини мустаҳкамлаши учун Тошкентдаги Француз альянси курсларига қатнаш имконига эга. 12 январь куни Тошкентдаги Француз альянсида, 15-16 март кунлари Ўзбекистон Миллий университетида ўтказиладиган тадбирларда бу борада батафсил маълумот берилади. Таълимга оид маълумотларни Тошкентдаги Француз альянси қошидаги Campus France агентлиги филиалидан ҳам олиш мумкин.

Франциянинг юртимиздаги элчиси Виолен де Вильмор хоним турли давлат ташкилотларида учрашувлар ўтказмоқда. Жумладан, дипломат жорий йил 5 январь куни Ўзбекистон Республикасининг Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси раиси билан, 2016 йил 22 ноябрда эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори билан учрашиб, ҳамкорлик имкониятларини муҳокама этган.

Эслатиб ўтамиз, Виолен де Вильмор хоним 2016 йил 17 сентябрдан Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида ўз вазифасини бажаришга киришган.

Виолен де Вильмор 1959 йилда туғилган. Париж университети (тарих, иқтисодиёт ва рус тили) ҳамда Лондон бизнес мактабини (менежмент) тамомлаган. 1985 йилдан буён Франция ташқи сиёсат маҳкамаси тизимида фаолият юритиб келмоқда. 2007-2009 йилларда Ташқи ишлар вазирлигининг бошқарув масалалари, 2009-2013 йилларда эса Ғарбий ва Шимолий Европа ҳамда Болтиқбўйи бўлимларини бошқарган. 2013-2016 йилларда Континентал Европа бошқармаси (Шарқий Европа, Болқон, Кавказ ва Марказий Осиё) бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Виолен де Вильмор хоним Франциянинг “Хизматлари учун” миллий ордени билан мукофотланган.

Собир Салим

Шу мавзудаги мақола:

Виолен де Вильмор – Франциянинг Ўзбекистондаги янги элчиси. 23.09.2016