Садриддин Айний. Дохунда (роман)

БИРИНЧИ БЎЛИМ

ДАРАИ НИҲОН

Сарижўйдан чиқиб тоғ ораларидан Қўрғонтепага бормоқчи бўлсангиз, йўлингиз Дараи Ниҳондан ўтади. Дараи Ниҳон (бошқа номи Танги Ниҳон) Ҳисор тоғлари дараларидан бири. Бу дарани ўраб олган тоғлар узоқдан бирор тешик-туйнуги ва оралиғи йўқдек яхлит бўлиб кўринади. Сарижўйдан чиқиб тоғ этагига етганингизда, тепадан пастга оқиб, тошларни қўпориб кетган сел йўлига дуч келасиз. Ичкарироққа кирганингизда, бунинг сув йўли эмас, душмандан яшириниш учун қурилган тор ва айланма бир йўлак эканлигини кўрасиз. Бу йўлак тоғ бағридаги туннель каби қоронғи.
Лекин бу одатдаги туннеллардай усти ёпиқ бўлмай, бир-бирига ёндош икки баланд бинонинг орасидай усти очиқ, осмон кўриниб туради. йўлакнинг тагига ҳеч қачон офтоб тушмайди, фақат қиём пайтидагина деворнинг юқори қисми офтоб нуридан бир оз ёришади.
Агар тоғ ораларидаги ажойиботни кўрмоқчи бўлиб, йўлакнинг торлиги ва қоронғилигига парво қилмай, илгари қараб юраверсангиз томоша бошланади.
Булоқлар!
Бу оралиқдаги булоқлардан бир-икки тегирмон сув чиқар деб ўйламангки, янглишасиз. Бу булоқларнинг суви, подшо ва амирлар замонидаги мазлумларнинг кўзларидан оққан ёш каби тинмай томиб туради. Фарқи шуки, у замондаги мазлумларнинг кўзларидан қонли ёш томган бўлса, бу булоқлардан сув томади.
Бундай булоқлардан томган сув бора-бора зилол сувли ариқчага айланади. Бу ариқчадан оқадиган сув пахтадан сузилгандек тоза, олмосдек ярқирайди. Бу, тоғ бағридаги тошлар орасидан сизиб, тозаланиб чиққан қор, ёмғир сувидир.
Бу ариқчанинг қирғоқлари лой бўлмай, доим сув ювиб турган мусаффо тошдир. Тагидаги тошларнинг ярқираши зилол сувнинг тиниқлигини яна ҳам орттириб, кўзларни қамаштиради.
Қиём пайтида шу ариқча лабига келсангиз, сувдан кўз узолмайсиз: йўлак деворининг юқорисига тушган офтоб нури ариқчанинг ойнадай сувида товланади; баланд ва ҳашаматли тош деворнинг бир ариқча ичидан кўриниши сизни ҳайрон қолдиради. Дарадаги йиртқич ҳайвонларнинг ҳужумидан қўрқмай, юлдузлар чарақлаб турган тунда келсангиз, янада ҳайратда қоласиз. Йўлак деворлари орасидан кўринадиган юлдузлар акси ариқчанинг тиниқ сувига тушиб, осмондагидан ҳам ортиқроқ нурланадилар. Ариқчанинг ости қиррали тошлар билан қонланганлигидан сув гоҳ пастлаб, гоҳ кўтарилиб, кумуш занжирдек жилваланиб оқади. Ҳар бир юлдуз сувнинг ҳар қалқишида алоҳида акс этиб, яъни бир неча мартаба акс этгани учун улар кўкдагидан кўпроқ бўлиб кўринар эдилар.
Агар олдинга қараб юраверсангиз, бу зилол сувлар булут орасига яширинган ойдек, бирдан тошлар остига кириб, кўзингиздан ғойиб бўлади. Сиз бунга ўринсиз хафа бўласиз. Лекин умидсизланмай олға бораверинг, бир-икки бурилишдан ўтгач, ҳалиги сув бошқа бир тош остидан отилиб чиқаётганини кўрасиз. Тош остига кириб кетган сув ер тагида бир неча булоқларнинг сувига қўшилиб, аввалгидан тезроқ оқиб чиқади, йўлида дуч келган чуқурчаларга тош ётқизиб, текислаб, шалдираб оқади.
Ариқча тобора кенгайиб, суви кўпайиб боради. Бу ерда йўлингиз ҳам унча тор ва хавфли бўлмай қолади: дара деворида осилгандай турган харсангларнинг узилиб тушишидан қўрқмайсиз, шундай ҳодиса юз берса, ўзингизни бир чеккага олиб, тош босиш хавфидан қутула оласиз; юқорига қарасангиз, кўк мовутдай чиройли, кенг ва очиқ осмон кўринади. Қиём пайтида офтоб даранинг остигача тушиб тош, тупроқларни жонлантиради, унда-мунда писта, аччиқ бодом, ёнғоқ дарахтларини, арча буталарини, ранғ-баранг хушбўй гулларни ва тоғда битадиган бошқа ўсимликларни учратасиз.
Яна олдинроқ бораверсангиз, даранинг ўртасига етасиз, тоғ бағридан отилиб чиқаётган бир булоқни ва у булоқ сувидан тўлиб-тошиб оқаётган ариқни кўрасиз. Шу ариқ бўйида туриб теварак-атрофга қарасангиз, тошдан ўйиб ясалган бир кема ичида тургандек бўласиз. Одатда кемалар сув ичида сузса, сизнинг «тош кема»нгиз ичидан сув оқиб турган бўлади. Одамлар бу тош кеманинг деворларини ўйиб, турар жой қилганлар. Бу уйлар, водий ҳамда воҳалардаги уйлар каби эшиклик, дарчалик ва баланд девор билан иҳота қилинган деб ўйламагайсиз. У ердаги уйлар қуш ва йиртқич ҳайвон уялари каби, ғор ва ўйдим-чуқурлардан иборат. Буларнинг уялардан фарқи шуки, одам гавдаси сиғадиган даражада кенг ва сел ҳужумидан сақланиш учун юқори томони харсанглар билан беркитилган.

СУВ ТАШУВЧИ ҚИЗ

Юқорида тасвир қилинган даранинг аҳолиси ўз иши билан машғул: ўспиринлар подаларини тоққа ҳайдаб чиқиб кетган, эркаклар қўш қўшиб шудгор қилмоқда, хотин қизлар эса кув пишиб, ёғ ажратмоқда, ўтин териб, хамир қилиб, нон ёпмоқда; кексалар иккитадан, тўрттадан бўлиб, харсангларда ўтириб, бошларидан ўтган воқеаларни ҳикоя қилмоқдалар.
Бошига эски тивит салла ўраб, эгнига йиртиқ бўз кўйлак, унинг устидан илма-тешик чопон кийиб, белини бир ярим газ бўз билан боғлаган эски, чориқ судраган йигитча қўлидаги эгри таёқ билан ер чизиб ўтирарди. У тахминан йигирма яшар кўринади. Тонг юлдузи каби чарақлаб турган кўзларида фикр ва андиша, ёшлигига қарамай, кенг манглайини ажин босган, қизил олмадай юзларида ғам-ғусса белгилари кўринади. Йигитча ўтирган ер одамлардан четроқда эди. У баъзан ўрнидан туриб, яқиндаги хонадонга қараб қўяр ва яна ўтириб, таёғи билан ер чизар эди: «Улар бугун сув ичмасалар керак, ҳалигача сувга келмади» дерди ичида.
Бу йигитча кузатиб турган хонадонда уч киши кўринарди: бири — тош устига ўтириб нон билан қатиқ еяётган эллик ёшлардаги бир эркак. Бу кишинияг узун, қора ва қуюқ соқоли юзини бутунлай қоплаб, кўкрагигача тушган. Элликка борса ҳам, соқолига оқ тушмагани учун, қўшнилари уни «сиёҳ пир» дердилар. Бу одамнинг бошида бўз салла, оёғида кийик терисидан тикилган чориқ, эгнида серпахта чопон бўлиб, белига чилвир боғлаган. Иккинчиси — тахминан қирқ ёшлардаги аёл. Унинг узун сочида сочбоғ, бошида оқ рўмоли бор. Гулдор кўйлагининг кенг енгини тирсагигача шимариб, катта тоғорада хамир қормоқда. Учинчиси — ўн олти-ўн етти яшар бир қиз. Унинг эгнида ювилавериб ранги айниб кетган чит кўйлак, бошида гулдор дўппи, оёғида сариқ чармдан тикилган беўхшов эски кавуш.
Қизнинг қора, узун сочи майда ўрилган, тақимидан пастга тушиб турарди. Қиз кув пишмоқда. У бошини эгиб, пишкакни жадал ураётганда, узун сочлари олдига тушиб, пишкакка ўралар ва халал беради. Қиз бундай вактларда пишкакни кувга қўяр, бошини кўтариб, сочларини орқасига ташлар ва терга ботган манглайини енги билан артиб, қатиқ еб ўтирган одамга билдирмай, дам олаётгандай бўлиб, узоқларга, ер чизиб ўтирган йигит томонга кўз қирини ташлаб қўярди.
Агар кўзлари йигитнинг кўзларига дуч келса, гулдай қизариб, гўзал қизларга хос ғурур билан дарров кўзини четга олар, кув пишишни яна ғайрат билан давом эттирарди. Кўзи йигитнинг кўзига дуч келмаса, маъюсликка тушар ва хумор кўзларида қайғу-алам аломатлари кўриниб қоларди. Бу ҳолат унинг бел ва билакларига ҳам таъсир кўрсатиб, кув пишишда аввалги жадаллик ва шиддат қолмасди.
Эркак овқатини еб бўлгач, хотинга:
— Хамиринг етилгунча бир орқа ўтин териб келай,— деб арқонни олди, сел суви билан ювилиб текисланган сўқмоқ йўл билан тоққа чиқиб кетди.
Хотин қорилган хамирни меш супрага ўраб, устига ссрпахта кўрпани ёпгандан кейин, ерда турган чўян обдастадан қўлини ювмоқчи бўлди. Обдастада сув йўқ эди. Хонадонда кўза вазифасини адо қиладиган қовоқдан обдастага сув қуймоқчи бўлди. Унда ҳам сув йўқ эди. Хотин кув пишаётган қизга юз ўгириб:
— Гулнор, сув келтир! Маскани айрондан ўзим ажратаман. Бир томчи ҳам сув қолмабди. Хамир дарров кўпади. Нон ёпиш учун ҳам сув керак. Тез югур, жон қизим!— деди.
Гулнор қобил қиз эди, сувқовоқни олиб, булоқ томонга югуриб кетди. Агар сиз қизнинг ҳаракатларини диққат билан текшириб турганингизда, уни югуртирган онасининг буйруғи эмас, бошқа бир қувват эканини пайқардингиз. Бу қувват ер чизиб ўтирган ўша ўйчан йигит эди.
Гулнорнинг ҳеч бир ҳаракатини кўздан қочирмай турган йигит, қиз идишини кўтарган ҳамон секингина ўрнидан турди, катта харсанг орқасида — хонадондагиларнинг кўзларидан пана жойда ўтирди.
Қиз йигит турган жойга яқинлашгач, қайрилиб онасига қаради. Она кув пишиш билан овора бўлиб қизига кўз солмасди. Қиз бу ҳолатдан фойдаланиб, харсанг орқасига ўтди.
Йигитнинг у ерда ўтирганидан гўё хабарсиздек, уни кўрганда сесканиб кетиб:
— Ёдгор, бу ерда нима қилаётирсан? — деб сўради.
— Ўзинг бу ерда нима қилмоқчисан?
— Мен сувга келдим,— деди қиз ва булоққа бориш учун жар бўйига йўналди.
— Сувга келган бўлсанг яхши,— деди йигит.— тез қайтишингдан, «оловга» келганмикансан деб ўйлабман.
Қиз кулимсираб йўлидан қайтди. қовоқни ерга қўйди ва йигитнинг рўпарасида ўтириб, унга диққат билан қаради. Йигитнинг юз ва кўзида андиша, алам ва ҳаяжон аломатлари кўринарди.
— Ёдгор,— деди қиз,— мен сени ҳеч вақт бундай кўрмаган эдим. Кўнглингда оғир ўй борлиги кчзларингдан кўриниб турибди. Ростини айт, сенга нима бўлди?
— Ҳеч нима бўлгани йўқ,— деди Ёдгор,— сенинг тўғрингда бир гап бор. Шуни айтайми-айтмайми, деб ўйлаб турибман.
— Мени хурсанд қилмоқчи бўлсанг, айта қол,— деди Гулнор,— ҳар қандай ёмон гап бўлса ҳам, сендан ранжимайман.
— Ёмон гап эмас. Сен учун хушхабар. Мен сени қутламоқчи эдим.
Гулнор эгнидаги гулдор кўйлагини Ёдгорга кўрсатиб:
— Бу кўйлак йиртилишга яқинлашган, қутлашга арзимайди. Қутлашга арзийдиган янги кийим кийиш умидим ҳам йўқ. Сен мени нима учун қутламоқчисан?— деди.
— Эрта-индин янги кийим киясан, читдан эмас, адрасу атлас киясан.
— Ёдгор,— деди Гулнор,— киши тушунмайдиған бунақа гапларни менга айтма! Гапирмоқчи бўлсанг, ҳар ким тушунадиган қилиб, очиқ-ойдин гапир! Ўзи нима гап?
— Ўзинг эшитмадингми? — деб сўради Ёдгор.
— Нимани?
— Тўйингни!
Бу гапларни эшитиш билан Гулнорнинг кўзларида қайғу аломатлари пайдо бўлди, у қизариб кетди. Агар Ёдгорнинг кўнглида паришонлик бўлмаганда, қизнинг бу ҳолатини кўриб, унга янада ортиқроқ мафтун бўларди. Лекин ҳозир унинг кўзига Гулнор ҳуснининг нозикликлари кўринмас эди.
Ёдгор ўтган куни оқсоқолнинг ўғлидан Гулнорни Ҳамробой ўғлига унашмоқчи бўлиб турганларини эшитган, бу ҳодиса уни ақл-ҳушидан жудо қилган эди. Энди у ақл-ҳушини йиғиб олиб, Гулнорнинг бу тўйга қандай, қараганлигини билмоқчи: агар Гулнор бунга рози бўлса,— Ёдгор учун ўлим, агар рози бўлмаса,— Ёдгор учун ҳаёт умиди яна пайдо бўлади. Шунинг учун Ёдгор оқсоқол ўғлидан эшитганларини бирма-бир айтиб, Гулнор ҳолатини кузатиб турди.
Бу хабарни эшитган қизнинг қаттиқ хафа бўлганлиги кўриниб турарди. Хабарнинг даҳшатидан ва уялганидан, қиз фикрини очиқ айта олмади. У қийналиб, кўзларини ерга тикиб:
— Ёдгор, уйланмоқчи бўлсанг, сенга… розиман. Бошқага, бўйнимни узсалар ҳам тегмайман. Буни билиб ол! — деди.
Гулнор шу жавобни бергач, қовоқни кўтариб сув олиш учун жарликка тушиб кетди. Ёдгор турган жойида қайғу-алам юки остида қолди.

Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.