Садриддин Айний. Судхўрнинг ўлими (қисса)

I

1895 йилда Бухоро мадрасаларидан ўзимга бир турар жой ахтарар эдим. Қанча югурсам-елсам ҳам тезликда бирон ҳужра қўлга кирмади. Ўша пайтларда бир дўстим менга маслаҳат йўли билан:
— Қори «Ишкамба» деган бир одам бор, у бир неча зархарид ҳужрага эгадир. Агар ундан сўрасанг, вақтинча турмоқ учун ўз ҳужраларидан бирини сенга берар, — деди.
Дўстимнинг бу маслаҳати менинг диққатимни у одамнинг менга ҳужра бериши ё бермаслигидан кўра кўпроқ унинг номи томонига тортди:
— Қори-Ишкамба?!
Ҳақиқатан, қизиқ бир ном, ҳайвонларнинг ошқозонини «ишкамба» дейдилар. Қандай муносабат билан, одамга «Ишкамба» номи берганлар?
Бу таажжубимни у дўстимга айтиб, ундан изоҳ сўрадим. Дўстим тушунтириб берди:
— У одамнинг номи Қори Исмат. Аммо баъзилар «Қори Исмати Ишкам», баъзилар «Қори Исмати Ишкамба» ва баъзи бирлар қисқартириб «Қори-Ишкамба» дейдилар. Бунинг сабабини билмайман. Лекин ажаб эмаски, у одамнинг қорни жуда катта бўлганлигидан шу лақабни унинг номига қўшган бўлсалар-у, бора-бора, лақаб ном ўрнига ўтиб қолган бўлса.
— Халқ «Ишкамба» лақабига лойиқ кўрган одамдан бирор яхшилик умид қилиб бўлмаса ҳам, — дедим дўстимга, — сиз мени у билан таништиринг, мен ундан «бўлса бўлар, бўлмаса ғовлаб кетар» қабилида бир ҳужра сўраб кўраман. Берса-ку, жуда яхши, бермаса ҳам зарари йўқ, аммо «Ишкамба-одам»нинг қандай махлуқ эканини бир кўриб қолай.
— Ўзим у билан шахсан таниш эмасманки, сени таништирсам, — деди дўстим, — фақат дуч келган вақтда кўча-кўйда сенга кўрсата оламан, ундан кейин ўзинг йўлини топиб танишиб оласан. Мен рози бўлдим.

II

Кунлардан бир куни дўстим билан Бухоронинг Лаби ҳовузи Девонбегисида саёҳат қилиб юриб эдик, дўстим сартарошхонага кираётган бир одамни менга кўрсатиб:
— Ана шу одам «Қори-Ишкамба», — деди.
Мен унинг фақат орқасидан кўриб қолдим афти башарасига кўзим тушмади.
— Ундай бўлса мен шу ерда қоламан, агар ўнқови келса танишиб, ҳужра сўрайман, бўлмаса афтини таниб олиб, келажак учун йўл ҳозирлайман, — деб дўстимдан ажралдим.
Мен Қори-Ишкамба кирган сартарошхонанинг олдига бориб, супачада ўтирдим ва ўзига билдирмасдан уни кўздан кечира бошладим.
У ўрта бўйли, қорни катта, семиз, бўйни калта ва йўғон, боши ҳам катта ва сергўшт бир одам эди, бўйнининг йўғонлиги ва юзининг сергўштлиги шу даражада эдики, унинг гавдаси сув тўлдирилтан мешдай текис кўринар эди. Агар унинг қалин соқоли ва сочи олиниб, кийимлари ҳам ечилиб ташланса, нортуянинг ошқозонига ўхшаб қолар эди, фақат фарқи шундаки, бу туянинт ошқозонидан каттароқ ва туси ҳам қизғишроқ бўлиб, ою куни тўлган семиз, туллаган кекса бўғоз чўчқанинг худди ўзи бўлиб қолар эди.
Бундай қиёфани кўрган ҳамон меиинг кўнглимга, «Ажаб эмаски, халқ бу одамнинг қорни катталиги учун эмас, балки гавдасининг юм-юмалоқлиги учун унга «Ишкамба» лақабини муносиб кўрган бўлса», деган фикр келди.
Дуруст, бу одамнинг қорни бошқа одамларнинг қоринларидан кўра жуда катта эди, лекин гавдасининг бошқа жойлари, ҳатто бўйни ва юзлари ҳам шундай йўғон ва семиз эдики, унинг аъзойи бадани шу катта қорин билан теп-текис бўлиб кетган эди. Соч олдириш навбати Қори-Ишкамбага етди. Сартарош устарасини қайраб туриб:
— Қани, бу ерга марҳамат қилинг, — деб унга ойнанинг олдидаги курсини кўрсатди.
Қори-Ишкамба гавдасининг оғирлигиданми ё бирон касаллиги сабабиданми, зўрға ўрнидан турди. Лекин юзининг ялтираб, қизариб турганидан, унинг семизликдан бошқа касали йўқлиги билинар эди.
У ўрнидан туриб, узоқ эснагандан кейин икки қўллаб салласини бошидан олди ва сартарошхонанинг деворидаги лунгилар осилган қозиққа илиб қўймоқчи бўлди.
Лекин сартарош бунга йўл қўймади ва чаққонлик билан қўлидаги устара ва қайроқни ойна олдидаги жавон устига қўйди-да;саллани икки қўллаб Қори-Ишкамбанинг қўлидан ола туриб:
— Саллангиз шундай катта ва оғирки, агар у ерга илсангиз, қозиқ синиб, лунгилар ерга тушиб, тупроққа беланган бўлур эди, — деди ва саллани супача устига қўйди.
— Хайриятки, — деди Қори-Ишкамба, — лунгиларингиз туфайли менинг салламни ҳам тупроққа беланишдан қутқардингиз, бўлмаса беш мисқол совунга куйган бўлар эдим.
— Сизнинг саллангиз тупроққа тушса ҳеч бир зарарланмас эди, — деди сартарош, — кўпдан бери жомашов юзини кўрмаган бўлса керакки, тупроқдан ҳам фарқсизроқ ҳолга келган.
Хақиқатан ҳам, Қори-Ишкамбанинг салласи печларига қозон сочиқ қистириб ўрагандек, парча-парча қора доғлар кўринар эди.
Мен ўйлардим: «Бир салла қанча катта ва қандай оғир бўлса ҳам, қозиқни синдиролмаслиги аниқ». Буни сартарош ҳам яхши билар эди; аммо унинг саллани қозиққа илдирмасликдан мақсади, унинг кирини лунгиларга юқтирмаслик эди. .
— Бундай катта саллани ҳафтада бир жомашовга солиш мумкин эмас,—деди Қори-Ишкамба, — у ҳолда совуннинг уйи куяди.
— Нега бўлмаса кичикроқ қилмайсиз? Қичикроқ бўлса-ку, дока ҳам озроқ кетади, совун ҳам кўп сарф бўлмайди, — деди сартарош.
— Бу саллам — йиртиш олувчи салла, — деди Қори-Ишкамба жавобида, — буни бошимга ўраб мозорбошида, ўликларни кўмаётган чоғда ҳозир бўлсам бошқа одамларга бир газдан йиртиш бераётган бўлсалар, менга икки газ берадилар.
Сартарош гапира-гапира устарани қайраб олди. Устара билан ўз билагидаги жунларии тарошлаб, ўткирлигини синаб кўргандан кейин, Қори-Ишкамбанинг бўйнига лунгини ўраб яна гапира бошлади:
— Сизни танимаганлар албатта жанозаларига хабар қилмайдилар, танийдиганлар бўлса хоҳ саллангиз катта бўлсин, хоҳ кичик бўлсин, сизга муносиб кўрилган ўлчамда йиртиш берадилар. Бунинг учун саллани катта қилиб, докани нобуд қилиш нега керак?
— Сиз содда экансиз, — деди Қори-Ишкамба, — агар, мени жанозаларига хабар қиладиган ўликларнинг йиртишларига қараб турсам, соч олдириш пулини қаердан топаман? Мен кунда пешин намози вақтида Девонбеги хонақоҳининг саҳнида ҳозир бўламан. Жаноза ўқиш учун у ерга келтирилган ҳар бир ўликнинг (таниш бўлсин, бўлмасин) «худойи» жанозасини ўқиб, унинг орқасидан қабристонгача бораман ва насибага яраша йиртиш олиб қайтаман. Агар ўлик эгалари мени танимасалар яна ҳам яхшироқ, у вақтда салламнинг катталигига қараб каттароқ йиртиш берадилар.
— Сиз соч олдириш учун ортиқча пул ҳам тўламайсиз-ку, унинг ташвишини чекиб нима қиласиз? — деди сартарош бир кафт сувни Қори-Ишкамбанинг бошига қуйиб, сочларини ишқалаб тургани ҳолда, — бошқа одамлар ҳафта-ўн кунда соч олдириб турсалар, сиз икки ойда бир марта соч олдирасиз, устара ҳақини ҳам бошқалар берадиганнинг ярмисича бериб қочасиз.
Қори-Ишкамба бир оз зарда қилиб, бошини сартарошнинг қўли остидан тортди ва бўйини чўзиб, бошини кўтариб, кўзини сартарошнинг юзига тикиб, деди:
— Мен хоҳ ҳафтада бир марта соч олдирай, хоҳ икки ойда бир, бунинг сизга ҳеч бир алоқаси йўқ. Менинг сочим хоҳ ўсиб кетган бўлсин, хоҳ ўсмаган бўлсин, сиз бир марта устара урасиз, узун соч учун икки марта устара ишлатмайсизки, меҳнатингиз ортиқ сарф бўлса, Агар мен соч олдириш ҳақини бошқалардан кўра камроқ берсам, бу тўғрида шикоят қйлишга ҳақингиз йўқ, чунки ўзингиз кўриб турибсизки, бошимнинг ярмиси сочсиздир ва сиз у ерга ҳеч бир устара урмайсиз..
Мен Қори-Ишкамбанинг кейинги сўзларидан огоҳланиб, унинг бошига қарадим, дарҳақиқат бошининг тепаси сочсиз ва териси бурма-бурма бўлиб, қотиб қолган экан.
Сартарош Қори-Ишкамбанинг бузилган кайфини тарқатиш учун бўлса керак узр оҳанги билан:
— Мен ҳазил қилдим, Қори амаки, — деди, — хоҳ кўп ҳақ беринг, хоҳ оз, сизнинг пулингиз табаррук. Икки бошдан мен бой бўлмайман, қайси сартарош ё косиб бой бўлганки, мен бой бўлар эдим.
— Бойлик, қашшоқлик худодан, — деди Қори-Ишкамба ишонтирувчи бир оҳанг билан, лекин унинг масхаралаб, илжайиб туришидан ўзининг ҳалиги сўзига ишонмаганлиги билиниб турарди.
Сартарош Қори-Ишкамбанинг сочини олиб бўлди, лунгини унинг бўйнидан олиб, бир чеккада турган қути устига олиб бориб қоқди. Лунгини сочлардан тозалаб, қайта бошдан Қорининг бўйнига ўраб, унинг бошига сув қуймоқчи бўлганида:
— Керакмас, — деди Қори-Ишкамба, — мўйловимни қайчиласангиз бас, бошнинг кирини тозалаттиришга фурсатим йўқ.
— Нега? Бирон жанозанинг вақти яқинлашдимики, мунча шошиласиз?
— Жаноза учраса соат ўн иккиларда хонақоҳ саҳнида учрайди, — деди Қори ва сартарошхонанинг деворида осилган соатга қараб, яна деди:
— Ҳали соат ўн, бошқа зарур ишим бор.
— Яна қандай зарур иш экан у? — деб сўради сартарош.
Шу вақт банка ходимларининг чой ичиш вақтлари, агар бир оз кечиксам чойдан қоламан.
— Хўп, ундай бўлса… — деди сартарош салмоқлаб ва Қорининг лабини икки бармоғи билан буриб ушлаб, мўйловини қайчилашга киришди.
Мен бу сўз ва бу ҳолларнинг ҳеч биридан Қори-Ишкамбанинг қандай одам эканлигини аниқлай олмай қолдим. Мен «Агар бу одам бир неча зархарид ҳужранинг эгаси бўлса, нега ўзининг тирикчилигини, ҳатто соч олдириш пулини танимаган ўликларнинг йиртиши устига қўйган, ҳолбуки бундай иш, уйсиз-жойсиз, қўлидан ҳеч бир иш келмайдиган гадойларнинг иши. Агар ҳақиқатан бу одам уйсиз-жойсиз гадойдай бўлса, нега ўзини банк ходимлари билан ошна кўрсатади, ҳатто уларнинг тушлик пайти устига етиб боришни зарур санайди? Ҳар ҳолда бу қизиқ махлуқ кўринади. Буни таъқиб қилиб яхшигина танишиб олишим керак. Ҳужра сўраш  масаласи бунга бир баҳона бўлади…» дердим ўз-ўзимга. Сартарош Қори-Ишкамбанинг мўйловини қайчилаб бўлган ҳамон у ўрнидан ирғиб турди ва салласини супачадан олиб, бошига қўндирди-да, сартарошхонадан чиқди.
— Қори амаки, соч олдириш пули нима бўлди? — деб сартарош унинг орқасидан товуш берганда, у қайрилиб қарамасдан ва қадамини секинлатмасдан:
— Майдам йўқ, яна соч олдирганда иккисини бир қўшиб бераман, — деб тезроқ юриб кетди ва бир нафасда кўздан ғойиб бўлди.

III

Иккинчи куни, мен яна Қори-Ишкамбани дуч келтириб, иложи бўлса, у билан танишиш ниятида кўчага чиқдим. Лаби ҳовузи Девонбегини айланиб  хонақоҳнинг жануб томонидан бошланадиган баззозлик растасига тушдим. Баззозлик дўконлари олдида ўтирган одамларни бир-бир кўздан кечириб, бу растанинг ғарб томондаги адоғида бўлган Сесувга  чиқдим-да, у ердан шимол томонга қараб борадиган растага бурилдим. Бу раста чинни бозори бўлиб, ўрта белида сандиқ саройи ва сандиқ сотиладиган дўконлар бор эди.
Растада ҳали ўн қадам ҳам босмаган эдим, кўзим Қори-Ишкамбага тушди. У бир чиннифурушнинг дўкони супачасида оёғини осилтириб ўтирар эди. Мен ҳам унинг рўпарасига яқинроқ бориб, эшиги ёпиқ бир дўконнинг супачасига ўтирдим ва сичқон пойлаган мушукдай икки кўзимни унинг томонига тикдим. Чиннифурушнинг олдида бир чойнак чой бўлиб, у чойдан пиёлага қуйиб, навбат билан бир дафъа ўзи, бир дафъа Қори ичишар эдилар. Шу вақтда бир новвой бошида бир сават, қўлида бир сават нон билан “суви мой, уни шакар, иссиқ нон. Эҳтиёт бўл, қўлинг куяди!” деб растадан ўта берди…
Қори-Ишкамба новвойни чақирди, новвой унинг олдига бориб, қўлидан саватни пастлатганда, у, икки дона қип-қизил нонни танлаб олди. Нонларни синдириб чиннифурушнинг елпиғичи устига ташлади ва бир бурдани оғзига тиққандан кейин қўлини ён чўнтагига солди.
Мен унинг бу ишидан жуда таажжубда қолдим, унинг бу иши тунов кун сартарошхонада кўрганим одамнинг ишларига ўхшамас эди: тунов кун у ўзини, тирикчилиги ўликларнинг йиртиши устига қолган исқирт бир одам қилиб кўрсатган эди, соч олдириш ҳақида бошининг сочсиз жойларига ҳисоблаб, охири ҳақ бермасдан қочиб кетган эди: бугун бўлса савдолашмасдан икки нонни олди, уни бошқа бир одамнинг дўкони олдида синдириб, биргалашиб ейиши билан бу кун, у, менинг кўзимда «Ҳотами Тойи» бўлиб кўринди.
Қори-Ишкамба чўнтагига тиққан қўлини олиб бошқа чўнтагига тиқди. Бу орада тағин бир бурда нон олиб лунжига жойлади. Новвой: «Тез бўлинг, Қори амаки, мени узатинг, ноним совиб, бозордан қолмасин», — деб қистар эди.
Қори-Ишкамба ҳамма чўнтакларини ахтариб бўлгандан кейин, чиннифурушга қараб:
— Ука, шу нонларнинг пулини сиз бериб туринг, чўнтагимда пулим йўқ экан, агар пулим йўқлигини бошдан билсайдим, нонларни синдирмас эдим, — деди ва ўзи хотиржам бўлиб, икки қўллаб нон ейишга киришди.
Чиннифуруш манглайини буриштириб, бир нонга қаради, бир Қорига, охири новвойдан ноннинг нархини сўрагандан кейин ғаладонидан пул чиқариб, тўлаб юборди.
Аммо Қори-Ишкамба новвойга ҳам, чиннифурушга ҳам қарамай икки кўзини йонга тикканича лунжига нон бурдаларини тиқмоқда эди. Фақат чиннифуруш новвойни узатиб, ўз олдига қўйиб қўйилган чойни ичаётганида Қори-Ишкамба унга қарамагани ҳолда қўли билан уни нон ейишга таклиф қилди.
Чиннифуруш нондан бир бурда олиб еб, қўлидаги пиёлани бўшатгунча, Қори-Ишкамба синдирилган нонларни еб тугатаёзган ва елпиғич устидаги синдирилган нон камайган сари, Қори-Ишкамбанинг иштаҳаси орта борарди. Охири шу даражага етдики, чайналмаган нон билан тўлган лунжини қимирлата олмайдиган, томоғидан нон ўтмайдиган ва оғзи гапиришга имкон тополмайдиган бўлди. Қўли билан чиннифурушга чойнакни кўрсатиб, ишорат билан бир пиёла чой қуйиб беришни суради. Чиннифуруш илжайгани ҳолда пиёлага чой қуйиб, унга узатди. Қори-Ишкамба бир қўлини елпиғич устида қолган энг охирги бир бурда нон устига қўйгани ҳолда иккинчи қўли билан пиёлани олиб, бир ҳўплам чой ичди. Шу билан оғзидаги нонлар юмшаб, лунжи бир оз бўшаган бўлса керакки, энг охирги нон бурдасини ҳам оғзига тиқди ва пиёладаги чойни хўриллатиб ичгандан кейин, оғзидаги нонларни чайнай-чайнай ўрнидан туриб кетди. Мен ҳам унинг орқасига тушдим…
Қори-Ишкамба йўл юришда унча шошилмас эди, аста-аста қадам ташлаб, икки томондаги дўкон ва дўкондорларни бир-бир кўздан кечирар, кўзи кўзига тушган  одамлар билан «салом-алик» ҳам қилар эди.
У бир неча қадам юргандан кейин, сандиқ саройи, олдида бир сандиқфуруш дўконининг супачасига ўтирди. Сандиқфурушнинг ўзи дўконининг ичкарироғида ўтирарди, олдига ҳисоб чўти тик қўйилган бўлиб, лаби пичирлар эди.
Қори-Ишкамба ўтиргани ҳамон ёнбошлаб, қўлини чўтнинг орқасига узатди-да, у ердан бир нарсани олиб оғзига тиқди.
Мен сандиқфуруш дўконининг ёнида ўтирарга жой топмадим, ноилож қолиб, узоқроқда бир бўш жой топиб ўтирдим. Лекин у ердан туриб Қори-Ишкамбанинг ишларини пайқай олмас эдим. Фақат сандиқфуруш дўконининг олдидан ўтаётганимда шуни сездимки, у, бир нарсани (ўтган-кетганларнинг кўзидан яширмоқчи бўлиб) ҳисоб чўти панасига қўйиб емоқда экан, шундай бўлса ҳам, Қори-Ишкамбанинг «ўткир кўзи» уни кўрган ва ола солиб у ерга ўтириб, у нарсани ейишда сандиқфурушга ёрдамлаша бошлаганини пайқадим, у нарсанинг нима эканлигини аниқлай олмадим.
Қори-Ишкамба сандиқфуруш дўконида кўп ўтирди, ейдиган нарсани еб бўлганидан кейин, ўрнидан туриб дўппи ва шоҳи бозори бўлган «тимча»га кирди. Бу «тимча» деб аталган бозор чиннифурушлик растаси билан атторлик растаси орасида кўндаланг бўлиб, икки растани бир-бировига туташтирадиган усти ёпиқ торгина бир йўлакча эди.
Мен тимчадан анча узоқликда ўтирган жойимдан туриб, Қори-Ишкамбанинг орқасидан етишмоқ учун дарров йўлга тушдим ва тимчага кириб, унга етиб олдим. У ҳам бу гал бир оз тез юрар, икки томондаги дўкон ва дўкондорларга кўп қарамас эди. Фақат бора туриб бир дўппифурушнинг дўкони олдида тўхтаб қолди.
Теваракда муносиб ўтирар жой бўлмаганидан, мен ҳам ўзимни харидор кўрсатиб, дўппифуруш дўконининг олдида турдим.
Қори-Ишкамба дўппифуруш билан саломлашгандан кейин, ундан:
— Менинг дўппиларимни сотдингизми? — деб сўради.
— Йўқ, ҳали сотганим йўқ, — деди дўкондор.
— Сотгансизку-я, лекин пулини бир неча кун ишлатмоқчисиз? — деб Қори-Ишкамба дўкондорнинг гапига ишонмаганлигини билдирди.
— Қори амаки, сиз одамга ишонмайдиган бир кишисиз, шундай  дегани ҳолда дўконлар орқасига қайрилиб қўлини рафчаларнинг бирига узатди ва устма-уст қўйилган, бир даста дўппини олиб, Қори-Ишкамбага кўрсатди:
— Шулар сизнинг дўппиларингиз эмасми?
— Шулар менинг дўппиларим, — деди ва қўшимча қилди, — бошда ҳам мен сизнинг гапингизга ишонгандим, фақат бир ҳазил қилган эдим-да, дарров аччиғингиз келмасин.
— Нега аччиғим келсин? Сизнинг мунақа «ҳазил»ларингизни энди эшитаётганим йўқ-ку.
— Хўп, ҳазилни бир ёққа қўяйлик, — деди Қори-Ишкамба, — мен бу кун пулга жуда муҳтожман. Бир иш  қилиб шу дўппиларнинг пулини, ҳеч бўлмаганда ярмисини бериб турсангиз, мени жуда миннатдор қилган бўлар эдингиз. Шундай қилинг, жон ука! Илоҳи болаларингизнинг тўйини кўринг!
— Бу гапингиз ҳазил бўлса ҳам яхши эмас, чин бўлса ҳам, — деди дўппифуруш жиддий бир оҳанг билан.
— Нега?
— Шунинг учунки, — деди дўппифуруш, — сиз мендан ўз дўппиларингизни чакана нарх билан сотиб беришни сўраган эдингиз, агар мен ўз дастмоямдан сизга буларнинг пулини аввалдан бериб қўйиб, кейин битта-битта сотиб, у пулнинг ўрнини тўлдирсам, менга фойда бўлмайдигина эмас, балки зарар бўлади. Чунки сизнинг ўзингиз ҳар юз тангангиз учун менинг ўзимдан ҳар ойда икки ярим танга фойда оласиз. Шундай бўла туриб, «ўз пулингдан менга бериб тур», дейсиз.
Қори-Ишкамба, дўппифурушнинг бу гапига жавоб тополмаганидан бўлса керак, ўйлаб қолди ва дўппифуруш яна сўзга киришди:
— Бўлмаса бир иш қилайлик — на сих куйсин, на кабоб.
— Қандай иш? — деб сўради Қори-Ишкамба.
— Сиз ўз дўппиларингизни кўтара нарх билан баҳолаб менга сотинг, мен ҳам буларнинг пулини сизга  нақд тўлай, ундан кейин чакана нарх билан ўз ҳисобимга битта-битта сотай, у ҳолда менга ҳам бир нарса қолади, сиз ҳам пулингизни ҳозирдан оласиз, нима дейсиз?
— Бундай савдо менга тўғри келмайди, у вақтда : дўппилар пулининг қарийб тўртдан бири қўлимдан кетади, — деди Қори-Ишкамба ва кетмоқчи бўлди.
— Ўтиринг! Дўппиларингиз пули устидан битта чой дамлай, — деди дўппифуруш ҳазиллашиб.
—Раҳмат, мен ҳозир банкага бориб чой ичаман, — деди Қори ва кулиб қўшимча қилди, — менинг дўппиларим пулидан бўладиган чойга на сизнинг тишингиз ўтади, на ўзимники.
Дўппифуруш Қори-Ишкамбанинг бу гапига куларкан, мендан:
— Сизга нима керак?— деб сўради.
— Дўппи!
Қетармон бўлиб қадамини олға босган Қори-Ишкамба менинг бу гапимни эшитиб, йўлдан қайтиб тўхтаб қолди ва дўппифурушга қараб:
— Бу кишига менинг дўппиларимдан кўрсатинг! — деди. Дўппифуруш Қори-Ишкамбанинг дўппиларини дастаси билан менинг қўлимга бериб:
— Мана булардан бирортасини танланг! — деди. Мен ҳам уларнинг орасидан биттасини ажратиб;
— Мана шуниси қанча туради? — деб сўрадим.
— Беш танга, — деди дўппифуруш.
— Икки танга! — дедим мен дўппиларни дастаси билан унинг қўлига қайтариб бериб.
— Инсоф қилинг, ука, — деди Қори-Ишкамба менга қараб, — буларнинг ҳар бирига тўрт тангалик масаллик сарф бўлган, ақалли ўша масаллиқнинг пулини беринг, тикиш ҳақини сизга бағишласинлар,
— Бу киши дўппи олмайдилар, — деди дўкондор дўппиларни рафчага қўя туриб, — бекорга хомтама оўлманг.
Қори йўлга тушди, мен ҳам…
Қори-Ишкамба тимчанинг атторлик растасига ўтиладиган томондан чиқиб, бир атторнинг дўкони олдида тўхтади. Мен ҳам дўппифуруш дўкони ёнидаги тажрибамни ишлатиб, ўзимни харидор кўрсатиб унинг ёнига бориб турдим.
Қори-Ишкамба аттор билан саломлашгандан кейин унга: — «авараси» ҳисобидан бир тишлам гулқанд беринг, иштаҳадан қолибман, — деди.
Аттор кулимсираб, олдидаги мис тоснинг қопқоғини очди ва унинг ичидан темир белча билан ёнғоқдай гулқанд узиб, Қорига узата туриб деди:
— Хайриятки, иштаҳадан қолган экансиз Қори ака, бўлмаса бутун дунёни еб қўяр эдингиз.
Қори-Ишкамба белчани атторнинг қўлидан олиб, унинг учидаги гулқандни тиши билан узиб олди ва белчани атторга узатиб:
— «Авараси» жуда ҳам кичик бўлипти, тишларимнинг ковагида йўқолиб кетди, — деди.
— Дўконим кичкина, молларимнинг бори  бобо олиб набира сотадиган моллар, бу ҳолда «авараси» бундан катта бўлмайди.
— Хўп, «авараси» учун бўлмаса худо учун яна бир тишлам беринг, дуо қиламан, — деди Қори-Ишкамба.
Аттор яна бир тишлам гулқанд узиб, белча билан Қорига узатди, Қори бу дафъа белчани атторнинг қўлидан ола туриб, менга қараб:
— Ука, менда бирон ишингиз борми? —деди тўсатдан. Мен унинг бу саволидан шошиб қолдим, чунки бундай саволни ундан кутмаган ва жавобига ҳозирланмаган эдим. Мен: «Ҳа, сизда ишим бор, ойлоқ ерда айтаман» деб, уни бир чеккага тортиб, ҳужра масаласини унинг олдига қўйиш ўрнига, бошқача ҳаракат қилдим: аттор агар: «Ҳа, ука, сизга нима керак» деса, унинг жавоби учун ҳозирлаб қўйган сўзимни телбаланиб, Қори-Ишкамбага айтиб юбордим:
— Ҳа, менга мурч керак! — дедим.
Албатта бу жавоб Қори-Ишкамбанинг: «ука, менда бирон ишингиз борми?» деган саволига тамоман алоқасиз бўлиб тушди. Буни дарҳол ўзим ҳам сездим, шунинг учун тезлик билан қўлимни ён чўнтагимга тиқдим, дарров бир оз мурч олиб, у ердан қочмоқчи. бўлдим. Бахтга қарши, чўнтагимда бирон пул ҳам йўқ экан,қизариб-бўзариб атторга қараб:
— Ҳозир ёнимда пулим йўқ экан, бориб пул келтириб, сўнгра оламан, — дедим-да, тура солиб у ердан қочдим. Атторнинг дўкони олдидан узоқлашаётганимда  кўзимнинг қири тушди: Қори-Ишкамба қуйи лабини! юқори лаби устига тортиб, менинг ҳақимда ниманидир ишорат билан атторга англатмоқда эди.

* * *

Бугун ҳам менинг «овим» юрмади. Юрмадигина эмас, тузоқ олдига келган «ов» ҳуркиб қочган эди, бундан буён унинг орқасидан тушиш йўли мен учун тўсилган эди; Қори-Ишкамба олдида шарманда бўлган эдим. «Мурч олишим»нинг ёлғонлиги унинг олдида кун каби ойдин эди. Мен мурч олмасдан «мурч еган»  эдим, ҳатто у «мурч олишим»га қиёс қилиб «дўппи олишим»нинг ҳам ёлғонлигини билиб олган эди.
Энди пушаймон қилиш ўринсиз, «афсус» фойда бермас, ов тузоқдан қочган, қуш қўлдан учган эди.
Шунингдек, мен у билан танишиш ва унинг аҳволини ўрганишдан умидимни узмаган, фақат бу мақсадга етишиш учун бошқа йўллар, бошқа тадбирлар изламоқда эдим. Охир хаёлимга маиа шундай бир фикр келди: унинг уйининг адресини топаман, тўппа-тўғри уйига бораман, унинг олдида «дўппи олишим» ва «мурч олишим»нинг ёлғонлигини инкор қиламан, «сизнинг орқангизга тушишдан мақсадим, сиз билан танишиб, сиздан ҳужра сўрамоқ эди», дейман. Шу билан ҳам шармандаликдан қутуламан, ҳам у билан танишиб оламан, Шундан кейин унинг аҳволини ўрганиш учун менга йўл очиқ бўлади.

Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.