(Меҳмонлар хусусида фельетон)
Ўзбек – меҳмондўст. Шунчаликки, меҳмонини падаридай кўриб, уйнинг тўрига ўтирғизади, парқу болиш ва юмшоқ ўринларни тўшаб, энг тансиқ таомлар билан сийлайди. Аммо ош келмагунча кетишга рухсат йўқ: бу меҳмонга ҳам аёнки, кўзи эшикдан ўтаверади:
– Паловхонтўра қачон келаркин-а?
ЛАТИФА. Бир ўзбек, дейликки, Мамарайим тоғлардаги қўйбоқар дўстини йўқлаб борибди. Мезбон, масалан, Жалпақбой қучоқ очибди, ўтовнинг тўрига ўтқизибди, қора қўчқор сўйибди, бўзаю қимизларни келтирибди. Гўштни қовурибди, қайнатибди, оловга тоблабди, тутунда дудлабди – зиёфат зўрдан-зўр. Бироқ қора қўчқорнинг гўшт-ёғи соб бўлиб, бир қисир эчки сўйилса ҳам Мамарайим кетай демас эмиш. Икки сурув қўй оч-наҳор, меҳмон ўтовга ётиб олган – Жалпақбойнинг роса боши қотибди.
– Ҳа каллаварам, – дебди қўшниси Тугулбек, – ош қил, ош! Дарровда кетади.
Хуллас, Жалпақбойнинг аёли Ойгулимхон бир чўқим ош дамлабди ва дастурхонга дуо ўқилгач, Мамарайим уйи томон қўзғолибди…
У Жалпақбойнинг ўтовидаги гап эди, ахир, биз ўзбекмиз-ку: нега тўйхонада ошни еб бўлгач ҳам ўрнимиздан тура қолмаймиз? Башарти, турсак ҳам дарвоза ёнида қоққан қозиқдай қаққайиб қотиб тураверамиз? Буниси ҳам ҳолва, хизматда қойим сермулозамат йигитлардан бири келади-да, яна ичкарига тортади:
– Акалар, боягинда одам кўп эди, яхши қаролмадик. Анави хонага киринглар, “у-бу” оп келай, бир хизматда бўлай, – деб ёлғон манзират қилади.
Аслида безор бўлган тўйбоши унга тайинлаган:
– Шунақа деб, тирсагидан ушлаб, ичкарига бошласанг бас, “бўпти, энди биз қайтайлик” деб йўлга тушади, қутуламиз. Ҳарна одам камаяди, миям суюлиб кетди, ука.
Биз эса ҳалиги сохта манзиратга чипа-чин ишониб, яна ичкарига кирамиз, тағин таом келади, ёнида сочиққа ўралган “у-бу” ҳам бор, кейин ароқхўрлик бошланади. Ярим соатлардан сўнг спирт мияга уради-да, бирор меҳмоннинг оғзидаги суяксиз тил ечилади:
– Ҳой, гўшт-пўшт ҳам борми? Тузланган бодринг ичакларни шилиб ташлади, ахир.
Начора, меҳмоннинг амри вожиб, икки йигит гўшт қовургани тушади. (Ахборотингиз учун рақам: 1 кг гўштнинг нархи – 16 минг сўм!) Тўйхона ўзи тор (уч сотих), вақт зиқ, ҳамма банд, ҳали-замон келин келади, тўй бекаси бўлмиш кеннойига яна бир сандиқ латтаю либос керак, буни эшитиб, тўйбоши аканинг патагига қурт тушган.
Иннайкейин, ҳурматли меҳмон, шу вазиятда тўрттангиз бир бўлиб, ҳайҳотдай хонани банд қилиб, гўшт еб, ароқ ичиб ўтиришга уялмайсизми? Дўст бўлсангиз, туринг, ҳовлига чиқинг, меҳмонларга хизмат қилинг, тўй эгасига ёрдам беринг. Дўст бўлсангиз, тўйбошининг бирор мушкулига елка қўйинг. Ундан ҳам энг афзали шуки, тезроқ кетинг! “Қолинг” деб, қистасалар ҳам “раҳмат-раҳмат” денг-да, йўлингиздан қолманг. Имонингиз комил бўлсинки, шунда тўй эгаси сиздан беҳад шоду миннатдор бўлади.
Алалхусус, олисдан келадиган меҳмон зоти мезбон шўрлик учун ёрилмаган яранинг ўзгинаси. Қай бир шаҳардан (қишлоқдан) иззат қилиб, йўлкирага (тўёнага ҳам) чиқимдор бўлиб, кўп азиятлар билан келибсиз – қуллуқ, ташаккур. Аммо мезбонга ҳам осонмас: сизга алоҳида қозон осдиради, эрталаб соқолингизни тарошлагани устарангизгача топиб беради.
Ҳай, мана тун ўтди, яхна гўшт, қаймоқ-қатиқ ва гиждалар билан нонушта ниҳоясига етди. Азбаройи инсоф-да, яна кун бўйи тўйхонада юраверасизми? Нонуштадан сўнг шартта кета қолганингизда кўп соз иш бўларди-да.
Мана шундай қилавериб, одам деганни меҳмондан бездириб қўямизки, бу – яхши эмас. Гоҳо-гоҳо “меҳмон” сўзини эшитгандаёқ лабларга учуқ тошмоғининг боиси ҳам шунда, ҳатто, ахийри, безгак тутиши ҳам мумкин.
ЛАТИФА. Ярим тун. Афанди уй ичида энди тўшакка кирган экан, даҳлизда бировнинг бежо қадам товушлари эшитилаверибди. Қўрқиб кетган аёли:
– Туринг–туринг, дадаси, қаранг-чи, – дебди.
Даҳлизга чиққан мулла Насриддин илжайиб қайтиб кирибди ва дебди:
– Хавотир бўлма, онаси, ўғрилар экан.
– Ҳайрият, – дея ёқасига туфлабди аёл, – ўғри бўлса, садқаи сар, меҳмонмикан деб ўтакам ёрилаёзди-я!..
Тўй кўп, меҳмон ҳам бисёр. Тўй – шодиёна, аммо ўзи бўлмайди, унинг қанча қувончи бўлса, ўшанча ташвиш ва оворагарчилиги бор. Илло, мезбонга ҳам раҳм–шафқат лозим, уни аяйлик.
Ҳай, ҳаммаси ўтади. Эру хотин “шукур, шукур” дейдилар, келин хизматни бошлайди. Кейин барча заҳмат супургининг зиммасига тушаркан. Лекин супурги ҳам хафа бўлмаса-да, ҳар замонда шундай деяркан:
– Меҳмон акаларнинг келганларига бир қуллуқ эди, аммо кетганларига минг қуллуқ.
Ҳурматли меҳмонлар! Қиссадан ҳиссани тушунгандирсиз, а?..
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 2012 йил