Раимқул Суяров. Ой тўлган кеча (ҳикоя)

Нафас шира ҳовли адоғидаги пастаккина эрганак даричани очиб, қўшниси Бўрон чўпоннинг томорқасига ўтди ва боши узра ёйилиб турган мажнунтол новдаларини қўллари билан сурганча ариқ ёқалаб чўзилган энсиз уватдан юриб бораркан, ҳайрон бўлди. Кун ёйилиб кетган бўлишига қарамай Бўрон чўпон уйи олдида, сербарг гужум остидаги супачада бемалол ухлаб ётибди. Одатда у ҳар сафар тонг отар-отмас уйғонар, то қуёш чиқиб, қиздира бошлагунча боғида ишларди.
Бу ёқда эса аёли Ойнисо хола енгини тирсакларигача тириб олганча супа гирди бўйлаб шалоплатиб сув сепмоқда. Нафас ширани кампирнинг ҳаракати ҳам ажаблантирди: “Ёзнинг қоқ чилласида, сувинг серобмидики, мундай қиласан?!”. Унинг ажабланиши табиий эди. Ёз чиллаларига келиб, бу ердаги қудуқларда сув камайиб, тортилиб, бора-бора қуриб қоларди. Шунда Норқул бангининг куни туғарди. У аллақаёқлардан олиб келган қалин елим матодан худди мешга ўхшатиб, қовға ясаб ҳамқишлоқларига пулларди. Қишлоқ одамлари то хазонрезги куз кезларигача, қудуқларда сув жимирлай бошлагунча икки чақирим наридаги Ўртабулоқдан унинг ясаган қовғаларида сув ташиб ичарди. Бунинг учун иккита қовға бир-бирига боғланиб худди хуржун янглиғ эшакка ортилади. Сув тўлдирилган қовғаларни бечора эшак бели майишганча кўтариб келади. Шунча йўлга ҳадеб қатнаш ҳеч кимга ёқмайди, қолаверса тилсиз жониворга ҳам жабр. Шунинг учун ҳам одамлар сувни тежаб-тергаб ишлатади.
Нафас шира шуларни ўйлаб, Ойнисо холанинг сувни супур-сидир олдидан чангбости учун сермаб-сермаб эмас, челакни қиялатганча шаппиллатиб сепаётганига ажабланганди. У пича юргач, бедапоядан ўтаётганида оёқлари остида кўллаб турган сувни кўрди-ю, барига тушунди. Бўрон чўпон туни билан мижжа қоқмай томорқасини суғорган-у, энди бемалол ётипти.
Бўрон чўпоннинг ёши етмишларни қоралаб қолганди. У узоқ йиллар қишлоқ одамларининг қўйини боқди, бировнинг ҳақига хиёнат қилмай чўпонлик таёғини ҳалол судради, эл ҳурматини қозонди. Гарчи қўй-қўзилар ортидан тоғ-тошлар, қир-адирлар кезишдан воз кечкиси келмаса-да, кейинги пайтларда бироз толиқа бошлади. Қадрдон чўпон таёғини энди қўйиш фурсати етганини ич-ичидан сезди. Начора, ёш ўз сўзини айтганди. Шундай қилиб у элнинг гапга етар одамларига маслаҳат солди: “Оғайнилар, мен энди чарчадим, ўрнимга бошқа чўпон сайланглар!…”
Қишлоқ одамлари уни тушунди, шунча йил қилган хизматларига раҳматлар айтиб, ўрнига сайланган чўпонга “Бўрон чўпондек мард, ҳалол бўлгин”, – дея уқтиришди. Унинг кўпчилик чўпонларга ўрнак бўладиган ишлари бир-бир эсланди. Айниқса, бошқа бирор чўпон оч-наҳор қолиб кетмасин, деб чўпонлар қўнадиган жойларга гугурт, тўрт-беш дона қурт, яримта нон қолдириш одати тилга олинганида барча бирдек олқишлади. Чўпоннинг ҳамқишлоқлари олдида ҳурмати баланд бўлди. У буёғига ҳовлисидаги тўрт бўлак ерда экин-тикин қилиб, кексалик гаштини сура бошлади. Экинларига сув керак бўлса, сой бошидаги Ўртабулоққа бориб, одамлар қатори навбат олади. Уйи сойнинг адоғироғида эмасми, ёз ойлари сув етиб келиши мушкул. Кундузи офтоб тиғида қуриб ётган ариқ ҳўлланиб улгургунича, сув озайиб, сингиб кетаверади. Тундагина булоқ бўйидан бир ариқ бўлиб чиқаётган сувнинг ярми етиб келади.
Кеча унга сув олиш навбати келганди. Айни намозшом маҳали Калбет томонга оқаётган сув йўлига чим босди, сув йўналишини ўзгартириб, пастга, Жарариққа шарқираб оқа бошлади. Бўрон чўпон қўлидаги кетмон билан ариқдаги бўтаналарни икки четга сурди, йўл-йўлакай қулоғи очиб қўйилган ариқларни бекитиб, сувни етаклаганча бораверди. Уйига яқинлашай деганида, ариқда сассиз сузиб бораётган сувнинг шашти пасайди, ой ёруғида жимирлабгина оқа бошлади. Нишаброқ жойга етганда эса бутунлай тўхтади.
Сувнинг ярим йўлда “ўғирлангани” тайин эди. Бўрон чўпон ариқ ёқалаганча, ортига қайтди. Бироз юриб кўрса, сув йўли тўсилган, боягина ўзи бекитган қулоқдаги чим олиниб, уста Қулманнинг боғига оқаяпти. У ғазаб билан сўкинганича, сувни ўз йўлига бурди ва Қулманнинг уйи олдига келиб, отини айтиб чақира бошлади: Қулман! Ҳо Қулман!… Боягина деразадан хира нур таратиб турган мойчироқ ҳам ўчди-ю, уйдан садо чиқмади.
Сувни Қулман ўғирламасди. У аёлининг измидан чиқмайдиганлар хилидан. Аёли Шодия эса бунақа ишларни ҳеч тортинмай қилаверарди. Одамлар унинг сувтўсарлигидан безор бўлганди. Сув устида у билан жанжаллашмаган одам қолмаганди. Унга нега бундай қиласан, сувни навбатда туриб, эл қатори олсанг ўласанми, десангиз, безрайганча нуқул бир гапни қайтараверарди: “… Сувингни кўтариб ўт!…”. Табиийки, сувни кўтариб ўтишнинг сира иложи йўқ. Ариқ унинг томорқасидан ўтган. Кўпчилик у билан пачакилашиб ўтиришни ўзига эп кўрмайди. Жанжаллашиш ҳам, инсофга чақириш ҳам фойдасиз. Фақатгина ягона чора бор. У ҳам бўлса бу ўғри қулоқдан мунтазам кўз-қулоқ бўлиб туриш. Панароқ жойда туриб, Шодиянинг қулоққа яқинлашишини пойлаш. У буни сезиб қолгудай бўлса, анча пайтгача уйидан чиқмай ўтиради.
Бўрон чўпон бир пас ариқ ёқасидаги қари тут панасида пусиб ўтирди. Бироз вақт ўтгач, Қулманнинг уйида мойчироқ яна липпиллай бошлади. Ҳарқалай Шодия уйидан чиқмади. Ким билади, балки Бўрон чўпоннинг сув олаётганини билгач, фикридан қайтгандир. Ёки ундан уялгандир. Буниси ёлғиз худога аёнки, сув саҳаргача бир маромда оқиб келаверди.
Бўрон чўпон уйига етиб келганида сувнинг учи томорқасига келиб тушганди. У бирин-кетин сувсаган экинларини суғорди, суғорганда ҳам бостириб-бостириб суғорди, экинлар тўйиб-тўйиб сув ичди.
Осмонда тонг юлдузи порлайди. Бутун борлиқ уйқуга чўмган. Олис-олислардан эшитилаётган жизилловуқнинг жизиллаши ҳам, боғнинг у ер, бу ерида чириллаётган чигирткалар товуши ҳам тинган. Фақат сувнинг майин жилдирашига ҳамоҳанг ёқимли, салқин тонг шабадаси эсмоқда. Бўрон чўпон сувни бедапояга бурди-да, уватга ўтирди. Ой шўъласида товланиб оқаётган сувга тикилар экан, хаёли беихтиёр катта ўғли Омонга оғди.
Омон трактор ҳайдарди. Туман марказига яқин жойдаги пунктга пахта таширди. Ўша кезлари таг-туги бетайин бир қизни шуёқдан эргаштириб келди-ю, ўламан саттор, шунга уйланаман, деб туриб олди. Бўрон чўпон майда-чуйда гаплардан сўнг ноилож элга тўй берди. Улар ҳақидаги турли гап-сўзлар вақт ўтиб унут бўлди. Аммо бу, ор-номусни ҳар нарсадан устун қўядиган чўпоннинг кўнглида тугун бўлиб қолаверди.
Орадан уч йил чамаси вақт ўтиб, чўпон кичик ўғлини уйлантирди. Шундан сўнг бир қир наридан, бир пайтлар колхознинг ери бўлиб, кейинчалик одамларга бўлиб берилган Галашерик деган жойдан уй қуриб, Омонни кўчириб чиқарди.
Омоннинг рўзғори айри бўлди. Омон ёз, куз кезлари, ишдан бўш вақти бўлди, дегунча чўлдан одамларнинг хас-хашагини ташир, қўй-молини бозорга обчиқар, хуллас, ҳамқишлоқларига улови билан нафи тегиб юрарди. Фалокат оёқ остида эмасми, куппа-кундуз куни тракторида бир ёш қизчани босиб кетди. Муюлишдан ўйнаб-чопқиллаб чиққан қизалоқнинг шу заҳоти жони узилди. Омон қамалди. Мана унинг қамалганига ҳам шу йил ёз беш йил тўлибди. Бўрон чўпон беш йилдирки, юрагига оғир тош бўлиб чўккан бу ғамни кўтариб юрибди. Дард устига чипқон, деганларидек, буёғи бетайин келинининг ҳам қадам олиши ўзгариб қолган. Аёлидан эшитган у ҳақдаги узун-қисқа гаплар…
Бўрон чўпон шуларни ўйлади. Ўйлайвергани сари юрагидаги оғриқ кучаяверди. Шу тобда куйиб адо бўлаётган аёлига ҳам, ўзига ҳам ачиниб кетди. Уҳ тортди, бир осмонга, бир ерга қаради. Ичида сўкингандай бўлди…
Тонг оқаро бошлаганида чўпонни уйқу элита бошлади, ўтирган кўйи кўзлари юмилиб-юмилиб кетаверди. Шундан сўнг ўрнидан турди ва барига қўл силтаган кўйи супадаги ўрнига бориб чўзилди. Боши ёстиққа тегар-тегмас кўзларига уйқу инди.
Уни ҳар гал боғидан индамайгина ўтиб кетадиган Нафас шира ўйғотди: “Ҳадеб ухлайверасизми, чўпон. Боғни сув босиб кетибди-ку!”.
Чўпон унинг ҳазил ҳам киноя оҳангидаги гапини эшитиб, хушламайгина ўрнидан қўзғолди ва миқ этмай ариқ томонга юрди. Ариқнинг тайпоқроқ жойида энгашганича, илиққина сувга юзини чайди. Сўнг боғига бир қур назар солди. Экинлар сувга роса ташна бўлган экан, хаёлидан ўтказди. Қониб-қониб сув ичган экинлару дарахтлар, барчасига қайтадан жон энгандек эди, гўё.
– Кеча сувга навбат обкелай, деб Ўртабулоққа борувдим, – ариқ бўйида турганча, Нафас ширага юзланиб, гап бошлади чўпон. – Намознинг булоқ бошида ўтирадиган катта ўғли бор-ку, оти Исмат, шу турибди. Барака топкур тушунган, инсофли йигит экан. Навбатини менга берди. “Оқшом сувни сиз олақолинг, меники бир қадам, кундуз куни ҳам олавераман”, деб қолди. Шу билан сувни етаклаб келавердим.
Боғининг яшнаб кетганидан кўнгли тоғдек кўтарилган Чўпон мамнун кайфиятда Нафас шира билан сўрашиб, унинг қаршисидан ўтирди.
– Бўронбой, томорқангизни суғориб бўпсиз, энди сувни бизникига бурақолайлик, Нафас шира иягидагида бир тутам соқолини силаганча чўпонга ер тагидан қаради. – Бир бўлаккина ерга сабзи экувдим. Ҳарна, шуни суғориб олардим-да!
– Исмат сувни буриб олган бўлса керагов!
– А, бизга оқавасиям бўлаверади.
Нафас шира шартта ўрнидан турди-да, сувни ўзининг томорқаси томон очиб юборди. Бу орада Ойнисо хола дастурхон ёзиб, чой дамлади. Нафас шира чойга ўтирмади. Омондарага бориши кераклигини айтиб, кетишга чоғланди. Шу пайт ариқдаги сув ҳам аста-секин камайиб, бироздан сўнг бутунлай тўхтади.
Омондара икки қир наридаги сой ўртасидан оқиб ўтувчи ариқ бўлиб, унда қишин-ёзин бир хил – сув бетўхтов оқади. Одамлар ёзда қуриб қоладиган бошқа ариқларга ўхшамагани учун ҳам унга шундай ном беришган. Ариқ оқиб ўтувчи сойнинг адоғида, Галашерик билан туташган ердаги ялангликда Нафас ширанинг каттагина боғи бор. Бир тарафи узумзор, бир тарафи миттигина чорбоғни эслатувчи тутзор унга отасидан қолганди. Боғнинг у ер, бу ерида тўрт-беш туп пастак хашаки олма ҳам бор. Токзорнинг юқори тарафига тартиб билан картошка, пиёз ва бошқа майда-чуйда нарсалар экилган. Қуйи томони эса, кўм-кўк бедапоя. Энг муҳими, бу ерда оқар сув муаммо эмас. Қулоққа кетмон тегди, дегунча оқиб келаверади. Нафас шира эрта-кеч ўғлини ёнига олиб, боғдан чиқмай ишлайди. Пишиқчилик кезлари узумларини бозорга обчиқиб пуллайди. Қолганини майиз қилади. У узумзорга ҳеч кимни оралатмайди. Чунки ўзидан ўзгага ишонмайди. Узумни фақатгина ўзи узади. Боғига биров-ярим ўғри ҳам дахл қила олмайди. Кечқурунлари боғ ўртасидаги йиғма кроватда қулоғини динг қилиб ётади. Тиқ этган товуш борки, сезади. Ҳаттоки, унинг боғига майнаю чумчуқлар ҳам ўйлаб қўнади. Боиси, ер бағирлаб ястаниб ётган токзорни бир неча ёввойи мушук ўзига макон тутган. Уларнинг узумларга зиёни йўқ. Шу ердаги сичқону каламушлар ўлжаси. Баъзан, мушуклар узум чўқиламоқчи бўлиб қўнган қушларга ҳамла қилади. Айқаш-уйқаш новдалар орасида пусиб ётган бу жониворларни қушлар сезмай ҳам қолади.
Нафас ширани феъли торроқ одам, дейишади. Тенг-тўшларининг эслашича, у бошига жун битганидан буён ёлчитиб бир иш қилмаган экан. Аммо айни навқирон йигитлик пайтларида туман марказидаги қайсидир бир идоранинг қишлоқдаги вакили бўлиб анча вақт ишлагани кўпчиликнинг ёдида. Айтишларича, ул идорадан берилган сичқон ва каламушларга қарши дориларни қишлоқдаги кутубхона, касалхона ва мактабларга тарқатиб, кемирувчиларнинг додини берган экан. Шу боис бўлса керакки, унинг бу иши ҳанузгача одамларнинг эсидан чиқмайди.
Нафас шира ҳар сафар боғига бориш учун Бўрон чўпоннинг ҳовлисидан ўтарди. Чунки йўли қисқароқ бўларди. Тўғри йўлдан бориш учун Оқсувбетдаги кўприкдан айланиб келиши керак. У неча марта шу ҳовлидан узум кўтариб ўтардики, кел, шуларда узум йўқ, лоақал бир бошгинасини қолдирай, демайди. Чўпон индамаса ҳам баъзида узумни кўриб егиси келган кампири ортидан вайсаб қоларди: “Ҳовлини тоза оёқости қилиб юборди, тўғри йўлдан юрса ўладими, бу зиқна…”. Кейин бир зумда эсидан чиқарарди.
Офтоб айни қиздира бошлаганида Нафас шира боғига етиб келди ва тўғри тутзорга, соқоли янглиғ сийрак бўлиб қолган йўнғичқаларни жиққа терга ботганича ўраётган ёлғиз пушти камари Ўлмас томонга қараб юрди.
– Ўлмас, ҳорма! Ишинг анча унибдими, дейман?!
– Ҳа, оз қолди. Ўлмас бир қўлида ўроқ, бир қўли билан қалин қошлари орасидаги терни икки томонга сидириб туширганича ўрнидан турди.
– Тушгача битириб қўярсан-да?
– Йўқ, қолганини эртага ўраман. Ўзи Сизни кутиб турувдим. Ҳадемай, Ўрол келади. Чўнқаймишга кетамиз. Кеча у Чўнқаймишга қамиш ўришга борган экан. Самад ошнам тайинлаб юборибди. Эртага бир келинглар, улоқ сўйиб меҳмон қиламан, дебди. Биласиз-ку, унинг эчки-улоғи кўп. Бу ёғи кун ҳам қизиб кетди. Йўл-йўлакай кўлга тушиб, чўмилиб ҳам келамиз.
Ўлмас бошига ўраб олган эски кўйлакни ечиб, тутга илди, қўлидаги ўроқни ўрилган беда устига ташлади ва меҳмонга қуруқ бормай, деб бир пақир узум обчиқди. Сал ўтмай, кўча тарафдан мотоциклнинг товуши эшитилди. Ўлмас апил-тапил кийимларини алмаштириб, йўлга отланди. Нафас шира боғда ёлғиз қолди.
Тут шохлари орасида тинмай чуғурлашаётган бир гала чумчуқ токзорга учиб ўтиб қўнди. Нафас шира уларни кесак отиб, ҳайдади. Чумчуқлар яна тут шохларига қайтиб келиб қўнди-ю, чуғурлашишда давом этаверди. Нафас шира буёқда ҳам уларни таъқиб қилди. – Ҳе, қоранг ўчгурлар, – дея яна кесак отди. Чумчуқлар пирр этиб, бирваракайига кўтарилди. Боғ сув қуйгандек, жимжит бўлиб қолди. Нафас шира олма шохларига қистирилган ток қайчини олиб, боққа оралади. Энг қуйи жуякдан кирсиллаб пишган бир бош ҳусайнини узди ва боғ четидаги ариқ сувига пишиб-пишиб олди. Узумни ариқ ёқасига қўйиб, энди юз-қўлини чая бошлаганида негадир тип-тиниқ сув бирданига лойқаланиб оқа бошлади. У сувнинг тинишини бироз кутди, лекин сув тинмади. Шу тобда Нафас шира бундан бир ойлар аввалги воқеани эслади. Ўшанда ҳам ариқда тўсатдан лойқа сув оқа бошлаганди. Одамлар ҳайрон бўлиб, булоқ бошигача боришганди. Не кўз билан кўрсинки, булоқдан қора қуюндек, лойқа сув чиқяпти. Шундан сўнг ажабтовур бир гап тарқалди. Эмишки, булоқнинг кўзида қулоқлари каррайган, ёлдор бир катта қора илон ётармиш-у, вақти-вақти билан қимирлаб сувни лойқатиб турармиш. Нафас шира бу гапларга унчалик ишонқирамай, қўлини сувга нари-бери чайди ва ҳозиргина узилган узумдан битта-битта оғзига солганича, тут соясидаги супага бориб ўтирди. Ҳаво анчайин дим. Ҳур этган шабада йўқ. Ён-атрофни янги ўрилган йўнғичқа иси тутиб кетган. Нафас шира маржон доналаридек, тизилган ҳусайнини еб битиргач, чўбарасини бедапояга итқитиб юборди. Сўнг қалин тут шохлари орасидан кўкка аланглаб боқди: “Қуёш тиккага келибди, толтуш бўлибди”, хаёлидан ўтказди.
Нафас шира тили тагидаги носнинг кайфини туйиб ўтирарди. Бир маҳал осмондан тушдими, ердан чиқдими, Бўрон чўпоннинг ўша зоти бетайин келини Моҳира пайдо бўлди.
– Эя, Моҳирахон, буёқларга қайси шамоллар учирди?
Нафас шира бирзум гарангсиб қолди. Сўнг ўтиринг-ўтиринг, деганча сал тепароққа сурилиб, носини туфлади. Моҳира супанинг бир четига омонатгина ўтирар экан, секин гап бошлади:
– Руқия амманикидан келятувдим. Узум сотишингиз эсимга тушиб қолиб, бурилдим боғингизга.
– Ҳа, яхши қипсиз, яхши қипсиз, бурилиб. Уйлар тинчми, бола-чақа эсонми?…
Моҳира олдинлари ҳам ўтган-қайтганда боққа кириб турар, Нафас ширани ширин гаплари билан эритиб, кўпинча узумни текинга олиб кетарди. Нафас шира унга зимдан кўз ташлар экан, баъзан кўнгли суст кетарди. Лекин очиқроқ сўз айтмоққа ҳадди сиғмасди.
– Катта боғда, бир ўзингиз зерики-иб, ўтирибсиз, – ҳазиломуз гап бошлади Моҳира.
Нафас шира ҳам гапнинг кетишига қараб, ҳол-аҳвол сўрашдан нарига ўтди. Моҳирага ўғринча қараб қўяркан, сиз келдингиз, энди зерикмаймиз, дея супадан тушиб, боғ оралади ва икки бош кишмиш узиб чиқди. Узум устидаги суҳбат анча қизиди. Узумнинг тотлилиги бот-бот тилга олинди. Нафас шира кампирининг эрта қазо қилиб кетганидан афсус чекишини айтса, Моҳира Омоннинг ҳали-бери қамоқдан чиқмаслигини, ёлғизлик жонига текканини айтиб нолиди.
Бора-бора суҳбат бепардароқ тус олди. Моҳира оёқларини чалиштирганича нозланиб ўтирар, тез-тез елпинганидан эгнидаги юпқа кўйлак ёқалари кўтарилиб, тушарди. Нафас шира унга, елпинганида сурилган ёқа остиларига қарар экан, энтикди. Унутилаёзган алланечук ҳислар жунбушга келди. Эри қамалгач, зимдан бузуқилик қилиб кўрган Моҳира ҳам эт жимирлатар сўзлар айтиб, унинг баттар эсини оғдирди…
Ниҳоят Нафас шира тунда Моҳираникига борадиган бўлди. Қуруқ эмас, нақ бир кўйлаклик матога етадиган пул ва бир челак узум билан!…
Ёз кунлари олисдан-олис, кеч киргунича ҳали анча бор. Қуёш тафти пасая бошлаганида, Моҳира кетишга чоғланди. Нафас шира бизнинг боққа келган одам қуруқ кетмайди, дея эскироқ белбоққа уч-тўрт бош узум тугиб берди.
Улар боғ дарчасида хайрлашишди. Нафас шира яна бир ўзи қолди. У жойида ўтира олмас, у ёқдан бу ёққа юрганича кеч киришини сабрсизлик билан кутарди.
Осмон қонталаш бўлди. Олам қизғиш тусга кирди. Қуёш аста-секин ҳув узоқларда ястаниб ётган қақроқ чўллар қаърига синга бошлади. Бурганли қирнинг кунгай бети чангиди – пода қайтар маҳали бўлибди. Қоронғу тушишини тоқатсизлик билан кутаётган Нафас ширанинг назарида вақт жудаям имиллаб ўтар, гўё кун тунга ўрнини бўшатиб бергиси келмаётгандек эди…
Қош қорайиб, кўк юзида юлдузлар порлади. Ариқдаги бақаларнинг сайраши авж олди. Нафас шира йўқлигим билинмасин, дея боғ ўртасидаги йиғма кроватига ўрин солиб, орасига ёстиқ жойлади. Бамисоли одам ётгандек қилиб қўйди. Сўнг ҳали узиб чиққан бир челак узумни кўтарганича йўлга тушди. Боғ ҳадсиз скунат ичра эгасиз қолди. Нафас шира йўл ёқалаб чўзилган чакалакзорни оралаб бораркан, гўё ортидан кимдир кузатиб келаётгандек, ён-атрофига қараб-қараб қўяр, юрагини қўрқув ҳам ҳаяжон босиб, тез-тез юрарди. У чакалакзор поёнидаги жарликдан ўтиб, Галашерик қишлоғига кирди. Буёғи бир қадам, пича юрса Моҳиранинг уйи кўринади.
Нафас шира биров-ярим учраб қолмасин-да, дея юрагини ҳовучлаб кетаверди. Йўлига тўсатдан Сафар мерганнинг ити ҳуриб чиқиб, ҳушини учирди. Нафас шира итни тепиб ҳайдади. Ит ангиллаганича қочди.
Нафас шира манзилга етиб келганида, қишлоқ тепасидаги Чўнқаймиш тоғлари ортидан тўлин ой аста мўралай бошлаганди. У нураб қолган эски пахса девордан секингина ошиб ўтиб, уй ёнидаги тандирхонага кирди ва теварак-атрофга олазарак боқди: ҳаммаёқ жимжит. Фақат уйдан “туқ-туқ-туқ”, деган товуш эшитиларди. Тезроқ уйга киришга ошиқаётган Нафас шира ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, ёруғ тушиб турган дераза ёнига келди. Ичкарида Моҳира гилам тўқиб ўтирарди. Нафас шира кўзига чўғдек бўлиб кўринаётган бу жувонга пардалар орасидан бир зум тикилиб турди, сўнг деразани оҳиста чертди. Моҳира уни дарҳол ичкарига олди. Кеча сокин ва ойдин бўлаверди…
Бўрон чўпон шомга яқин Омондарадаги сув тегирмонига буғдой олиб келганди. То навбати етиб, буғдойи ун бўлиб чиққунича вақт алламаҳал бўлди. У тегирмондан чиқар экан, кеч бўлса ҳам уннинг ярмини Моҳирага қолдириб кетайин, эртага овора бўлиб юрмайман, дея хаёлидан ўтказди ва Галашерикка йўл солди. У эшагини қичаб-қичаб ҳайдади. Эшак тор, ўйдим-чуқур йўлдан юртиб-юртиб бораверди. Чўпон ҳовлига кираверишдаги ёғоч ғовларни бир чеккага олиб, ичкарилади. Эшакни уй олдида тўхтатиб, ун халтани туширди ва даҳлиз эшигини очди. Рўпарадаги деразадан оғиб кирган нур даҳлизни ёритиб турарди. У келинининг отини айтиб чақирди. Ичкаридан эса жавоб бўлавермади. Чўпон бўсаға ҳатлади. Ухлаб қолган бўлса керак, хаёл қилиб, баландроқ овоз берди. Тўрдаги хонадан келинининг ҳозир, чиқяпман, деган саросимли товуши эшитилди. Чўпон ой нури тушиб турган деразага қаради. Ёмон кўрсаям келинига ачинди. Кўз олдига Омон келди. Ич-эти куйиб кетгандек бўлди. Кўнгли сув тусади. Дераза тагидаги сатилдан сув олиб ичди. Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Чўпон оёқлари остида бири қийшайиб, бири тўнтарилиб ётган эркак пойабзалини кўрди. Кўрди-ю, юраги орқага тортиб кетди. Шу пайт эшик очилиб, бош яланг Моҳира кўринди. Чўпон сочлари тўзғиган, юзида саросима акс этиб турган Моҳирага синчковлик билан қаради. Бир маҳал гўё нимадир қулаб тушгандек, уйнинг орқаси “гуп” этиб кетди. Нафас шира деразадан ташлаб қочганди. Бўрон чўпон келинига “Ҳе, бетинг қурсин, ҳароми”, – деди-ю, ташқарига отилди. У девордан ошиб ўтаётган Нафас ширани ойнинг ёруғида таниди. Бир зум кўзларига ишонмай турди-да, қутурган итдек ортидан қувиб кетди.
Нафас шира ўқдек учди. Ортига қарамай қочди. Яланг оёқларига майда тошчалар ботди, чўкиртак тиканлар кирди, лекин оғриқ сезилмади. У чакалакзорга етиб тўхтади. Дарахтлар панасига энгашиб, қулоқ тутди. Атроф жим-жит бўлди, ҳеч бир зоғ кўринмади. У чакалакзорда анча пайт гангиб ўтиргач, қўрқа-писа боғига йўл олди. Келганида негадир боғ дарчаси очиқ турарди.
Боғ тонгга яқин ўқ овозидан ларзага келди. Дов-дарахтлар ҳам Нафас ширага қўшилиб инграгандек бўлди. Бўрон чўпоннинг шунда ҳам алами босилмади, иккинчи ўқни ҳам узди. Еру кўк зириллаб кетди…