Ўрхон Камол. Уйқу (ҳикоя)

Шанба куни эди.
Металл буюмлар фабрикаси эртаги дам олиш кунига ҳозирлик кўраётган эди. Фабрика ишчиларининг сони бир юз эллик бўлиб, саксонтаси ўн тўрт-ўн олти ёшлик ўспиринлар. Шулардан йигирмага яқини пресс машинасида ишлайди. Кийим бошлари жулдур-жулдур. Бўй ҳамда кийинишларида ортиқча фарқ йўқлиги сабабли уларни бир-биридан ажратиш қийин.
Цехнинг шовқин-суронли ва дим ҳавосида болалар терлаб-пишиб, у ёқдан-бу ёққа югуришмоқда: сув жўмраклари олдида ҳалқа бўлишар, навбати билан ювинар, туалет хонасига шошилар, вақтини топиб, қувлашмачоқ ҳам ўйнаб олишарди… Юзларидаги терни ёғ босган енглари билан ҳадеб артаверганларидан ҳамма ёқлари мой бўлиб кетган эди.
Фабриканинг бош мастери, қирқ бешларга кирган, озғин, паст бўйли киши бошини қашлаб туриб, Фарҳод отага яқинлашди. Фарҳод ота исканжага олинган детални эговлаётган ва олдидаги фрезер станогининг оҳангига жўр қилиб, Анатолиянинг аллақандай ашуласини хиргойи қилаётган эди. Мой аралаш тер қайноқ сув теккандек қизариб кетган юзидан юмалаб, бўйнидан кўксига, ниҳоят, бутун гавдасига тарқалаётган эди. Фарҳод ота бош мастернинг қараб турганини пайқаб, ишни тўхтатди, «уф» деб ҳаддини ростлади. Бош мастер кулимсираб унинг олдига келди, нима ҳақдадир гапиришди, кейин ремонт устахонаси томон бориб, мармар доскага ўрнатилган рубильникни пастга туширди. Шунда айланаётган бош маховик бир силкиниб тушди-да, суст айлана бошлади, бир оздан сўнг фабрика тўхтади.
Ҳамма, иш куни тамом бўлди деб ўйлаган эди. Бош мастер ирғиб токарь станогига чиқиб олди ва ҳуштак чалиб ишчиларни йиғди. Нутқ сўзламоқчи бўлгандек овози борича бақирди:
— Қулоқ солинглар, тушдан кейин озроқ иш бор… Эҳтимол, кечаси билан ишлармиз… қолишни истамаган киши кетиши мумкин. Қолганларга икки баравар ҳақ тўланади… Кетгиси келган кетаверсин деяпман, қолиш мажбурий эмас…
Цехга жимлик чўкди. Фарҳод отанинг эговигина бу жимликни бузаётган эди. Лекин ҳадемай шивир-шивир бошланди.
Учинчи прессда ишлаётган Саме деган бола теварагига назар ташлади, тупугини ютиб, кўзини уқалади… Иш шунчалик жонига теккан эдики… «Уйга кетсаммикан?» деб ўйлади, лекин шу заҳотиёқ бу фикридан воз кечди. Бош мастер ёмон одам. Агар кетиб қолгудек бўлса, уни фабрикага йўлатмайди. Фабрика ишчига муҳтож эмас, чунки дарвоза олдида ўзига ўхшаган болалар тўлиб ётибди… Соатбай иш ҳақини камайтиришга ҳам ана шу ишсиз болалар сабабчи.
Бош мастер, ишчилар жойларидан қўзғалаётганини кўргач, станокдан тушди. Рубильникни тепага кўтарди. Маховиклар яна айлана бошлади. Фарҳод ота эговининг овози ҳам ола ғовур ичида ғойиб бўлди.
Авжи ёз палласи. Цехдаги ёрқин қуёш нурлари темирчилик ўчоқлари оғзидан ловиллаб чиқаётган оловни қамраб олган. Шанба куни иш кундузи соат бирда тугаши керак. Шу сабабдан бош мастер цех ойналарини, ҳатто шипдаги тешикларни ҳам маҳкам бекитишни буюрди. Цех қоронғиликка чўмди, лекин шу ондаёқ темирчилик ўчоқларидаги оловдан атроф яна ёришди. Бир оздан сўнг чироқ ёқишди, ўчоқлар ҳайбати сусайди. Цех чидаб бўлмайдиган даражада исиб кетди. Фарҳод ота сўкиниб, кўйлагини ечиб ташлади, шимининг почаларини шимариб олди. Терлаб кетган бадани қичишар эди. Болалар ҳам кўйлакларини ечишди; оёқлари тўпиқларигача кўмирдан қорайган эди. Улар прессларга тунука келтириб, тайёр бўлган солдат қозончиларини омборга ташир, ўчоқларга кўмир етказиб берардилар. Булардан атиги иккитаси шим кийган, қолганлари иштончанг эди.
Саме деворда осиғлик турган соатга қаради: энди бирдан чорак ўтибди. Иш қачон тугашини ўйлади. Қолган вақт ҳеч тугамайдигандек бўлиб кўринди. йўниш станокларидан юмалоқ қириндилар отилиб чиқарди. Саме тушдан кейин иш тугагач, уйга қайтаман-ку, деб ейишга ҳеч нарса олмаганини эслади. Ҳозир унча оч эмаску-я, лекин кечаси қорни очиши мумкин. Шуни ўйлаб, пул аванс олмоқчи бўлди. Аммо шу заҳотиёқ бу фикридан қайтди. Онаси: «Эҳтиёт бўл, Саме болам, зинҳор қарз олма… Уй учун ой бошида ижара ҳақи тўламасак, бизни ҳайдашади», деб уни огоҳлантирган эди… Станокни бўшатди — яна битта қозонча тайёр. Сўнгра станокни бекорга юргизиб қўйиб, туалет хонасига кетди. Сув жўмраги олдида одам кўп эди, навбат кутиб турди. Цехга нисбатан бу ер анча салқин бўлгани учун болалар доим кўп бўларди. Лекин мастерлар тинч қўярмиди?.. Дам-бадам келиб, текшириб кетишади. Болалар тирақайлаб қочади, мастерлар қувлайди. Қўлга тушган бола даставвал калтак ейди, кейин штраф тўлайди.
Саме жўмракдан пишқириб тушаётган илиқ сувда юз-қўлини ювди, баданини ҳўллаб ишқалади, бир оз тетиклашгандай бўлди. Бошини яна ҳўллаб олмоқчи бўлганда ҳуштак товуши эшитилди… Болалар қочишди. Саме секингина темирчилик ўчоқлари орасига бекинди. Бу ернинг ҳароратидан ҳўл бадани бирпасда қуп-қуруқ бўлди. Станок бошига келганида сочидан бошқа ҳўл ери қолмаганди. Бадани яна оловдек қизиб кетди.
Уста Жалол станокма-станок юриб, аванс пул олишни истаганларни ёзиб олаётган эди. «Керак эмас», — деди Саме, навбат унга келганида.
Кечаси соат иккида бир соат танаффус эълон қилинди. Саме кўмир омборига тушди. Омбор қоронғи ва зах, таги эса муздек совуқ эди. Саме катта кўмир бўлагини олиб, бошининг тагига қўйди, чарчаган гавдасини ерга бериб, бир зумда уйқуга кетди… Ҳуштак товушидан уйғонди. Қўл фонари тутган контралёрлар ухлаб ётган болаларни қидириб топиб, ишга ҳайдашаётган эди. Саме ўрнидан турди. Аъзойи бадани зирқираб оғримоқда эди. Жойига бориб турди.
Саменинг қаршисида, Фарҳод отадан сал нарироқда, темирчи Шуайп, шогирди Донёл билан лаҳча чўғ бўлиб кетган темир бўлагини тобламоқда, улкан ҳамда оғир болғалар сандонга тушганда атрофга заррин учқунлар сачрамоқда эди. Донёл Самега орқасини ўгириб турганди. Унинг силлиқ қилиб таралган сочлари энг охирги мода бўйича тарашланган. Саменинг кўзи уста Шуайпга тушди. У элликларга кирган. Ҳар болға туширганида йўғон бўйин томири ирғиб чиқар ва терисини йиртиб юборадигандек туюларди.
Саме Донёлнинг бақувват қўлларига ҳасадланиб қаради, ўзиники билан солиштириб кўрди. Саменинг қўллари чиллак чўпидай ингичка…
Чамаси бир соатдан кейин Саме яна туалет хонасига бориб, юз-қўлини ювди, баданига сув югуртирди. Станогига қайта туриб, токарчилик асбоб-ускуналари жойлашган шкаф ойнасида ўзини кўрди: ниҳоятда озғин, елкаси тор, ўмров суяклари туртиб чиққан… Хижолат тортди. Хаёлида ҳамма унга қараб тургандек бўлиб кўринди, бадтарроқ ўнғайсизланди. Аслида эса ҳеч гап йўқ эди, ҳар ким ўз иши билан банд. Фақатгина Фарҳод ота кўз қирини ўқтин-ўқтин Самега ташлаб қўярди. Саме «Фарҳод ота менинг озғин баданимга қараяпти» деб ўйларди. Ўмров суякларини кафти билан бекитиб станок томон югурди. Фикри-хаёлида атрофдагилар унинг озғин баданини бир-бирига кўрсатиб: «Ўлгидай озғин-да шу бола!» деяётгандек эди. Бу ҳис борган сари кучая борди. Худди шу вақт қўшни станокда ишлаётган Нури деган бола:
— Ҳў, Саме, ўлгидай озғинсан-да! — деди.
Саме қалтираб кетди.
— Озғин бўлсам сенга нима? Ўзинг-чи, арвоҳсан-ку?
— Ҳар ҳолда мен сендан этлироқман, — деди Нури курка хўроздек гердайиб.
Саме миқ этмади; унинг шаъни ер билан яксон қилинган эди.
Нури тайёр бўлган қозончани станокдан ола туриб:
— Қани, кел, ўлчашиб кўрамиз! — деди. Қўлини букиб, билак мушагини Самега кўрсатди. Нурининг қўли Саменикидан йўғон эди. Йиғлаб юборишдан қўрққан Саме бир оғиз сўз айтмади: унга шундай алам қилган эдики…
Эгилиб, оёқ остида ўралашиб ётган шилта кўйлагини кўтарди, сўнг кетди, Нури эса, Ҳоди деган болага Самени кўрсатиб, қулоғига нимадир пичирлаётган эди. Саменинг қулоғига: «Худо ҳақи, айт-чи, скелетга ўхшамайдими?» деган товуш эшитилди. Саме бу гал ҳам индамади.
Уста Шуайп ўчоқ томон кетди. Шогирди Донёл болғани ерга қўйиб, кафтларига туфламоқда эди. Фарҳод ота эса, тайёр детални кўздан кечира туриб, кулимсирар ва гўё биров билан ҳазиллашаётгандек бошини чайқаб қўярди, Саме Нурини чалғитиб, мазахларидан қутулиш учун гоҳ темирчиларга, гоҳ Фарҳод отага қарарди… Бу ҳам бўлмагач, шипга қаради. Маховик қайишининг бир чети узилиб, шипдаги чириган тахталарга урилмоқда ва чанг кўтармоқда эди. Саме кўзи билан буни Нурига имо қилди. Нури унга қараб:
— Қўй, бу билан ишинг бўлмасин. Менга қулоқ сол, — деди.
Улкан цех Саменинг боши узра гир айланаётгандек туюлди. Бўғиқ ҳаво янада оғирлашган, киши кўзини чуқурчасига қараб итараётгандек эди. Саме бошқа томонга ўгирилди. Аммо Нури қўлига каноп олди:
— Қани, қўлингни келтир! Ўғил бола бўлсанг ке, ўлчашиб кўрамиз… Кимники йўғон экан…
Саме ортиқ чидаб туролмади, қайрилди ва ўзини тутолмай йиғлаб юборди.
— Мен озгинман, скелетман…. Сен семизсан. Мен итман, сен — хўжайинсан. Мен етимчаман, мени, ҳамма уради, хафа қилади… Агар устага айтиб бермасам ҳар нима бўлай…
Нури бундай натижани кутмаган эди. Айниқса, Саменинг «устага айтиб бераман» деган сўзларидан қўрқди.
— Ия, Саме, сенга нима бўлди, мен ҳазиллашган эдим-ку…
Саме, ҳеч тўхтамай, ҳўнграб-ҳўнграб йиғлай бошлади. Нури унинг ёнига келди.
— Бўлди энди, Саме, жим бўл! Бу ҳазил-ку, ахир!
Вақт жуда ҳам секин ўтаётган эди. Туннинг иккинчи ярми бошланганда дармон қолмаганди. Ёлғиз болалар эмас, ҳатто мастерлар билан ёши катта ишчилар ҳам терга богиб, қаттиқ чарчаган эдилар.
Шипдан Саменинг бўйнига ўргумчак ини тушди. Қашинди. Маза қилиб шундай қашиндики… Бўйни қавариб кетди. Кўйлаги теккан сари қаварган жойи қизиган темир қўйгандек ачишаётган эди. Тупугини сурди, ердан чанг олиб, шнлинган жойига сепди. Оғриқ анча пасайдл. Худди шу пайт орқада қулоқни кар қилиб юборгудек чинқириқ эшитилди. Саме ҳам чопиб борди. Ўн саккизинчи станокда ишловчи Ҳайдар деган бола йиқилиб тушиб, бошини ёрибди. Ҳайдар тирқираб қон оқаётган жойини қўли билан беркитиб, атрофига тўпланган ишчиларга: «Нега ҳамманг тўпландинг? Мастерлар келиб қолса, ҳаммага штраф ёзади!» деб бақираётган эди. Лекин ҳеч ким унинг гапига қулоқ солмасди. Бир оздан сўнг бош мастер келди. Даставвал ишчиларга ўдағайлади:
— Тарқалинг, итваччалар! Сизларга баҳона бўлса бас! Қани жой-жойингга бор!
Ҳайдар йиғлаб юборди. Бу йиғи оғрикдан эмас — тўғри, оғриқ ҳам бор эди, — мастернинг калтаклаб, штраф ёзишидан қўрққанидан эди.
Бош мастер, қўлини белига тираб, қўшни станокда ишлаётган Жалолиддин деган боладан сўради:
— Бу эшак қандай қилиб бошини ёриб олди?
Жалолиддин дудуқ эди:
— У-у-ухлаб крлди, йи-йи-қилиб т-т-тушди, б-боши б-билан…
Бош мастер Ҳайдарнинг елкасидан туртди.
— Эшак ўғли, эшаклар! Зиёфатга келдик деб ўйлайсизларми? Қани, қўлингни ол!
Ярани кўздан кечиргач, Ҳайдарни идорага бошлаб кетди.
Бош мастернинг хонаси цехнинг бир чеккасига жойлашган бўлиб, кенг ойналаридан цех бемалол кўрнниб турарди. Шунда кенг қанотли вентилятор салмоқланиб айланаётган эдн… Бош мастер дори шкафидан оксиген пероксиди, пахта, бинт олди. Ярани ювиб йод қўйди, сўнг бинт билан сиқиб боғлади. Қўрқиб кетган Ҳайдар ғинг демади. Иш жойига қайтишида бош мастернинг штраф ёзмаганига севинди.
Кечаси соат икки яримда Саменинг тик туришга ҳам ҳоли қолмаган эди. Уйқусини қочириш учун икки-уч марта бошини станокка урди, кўзини, қовоғини керди, бармоғини тишлади. Лекин беҳуда эди. Цехнинг бензин ва керосин ҳиди аралаш бўғиқ ҳавосидан боши қаттиқ оғриётган эди. Станокка суянди, энди мудраб кетаётганида чўчиб тушди, ёнида пишиллаб айланаётган қайишга йиқила ёзди. «Битта-яримтаси кўрмадими?» деган хавотирда у ёқ-бу ёққа қаради.
Бутун цех — токарь ва фрезер станоклари, темирчилик ўчоқлари пресслардан тортиб, то Фарҳод ота, уста Шуайп билан шогирди Донёлгача, ҳатто электр чироқлари ҳам Самега ўхшаб чарчаган эди. Мастерларнинг ҳуштак товушлари ҳам эшитилмай қолганди. Саме яна станокка суянди, кайишнинг устига ағанаб тушиш мумкинлигини ўйлаб, ҳаддини ростлади, қип-қизил кўзлари билан цехга бошдан-оёқ қараб чиқди. Саме кўпчилик станокларнинг бекорга айланиб ётганини кўрди. У ҳам станогини бекорга юргизиб қўйиб, туалет хонага кетди.
Бош мастер Ҳайдарнинг ярасини боғлаб бўлгач, чироқни ўчирди, деразани очиб юборди. Уйқу босаётган эди. Увишган кўзларини уқалади, керишиб, эснаб олди. Сўнгра деразага яқинлашиб, тирсаги билан токчага суянди.
Ойдин кеча эди. Узоқдан патефон товуши келди. Атрофдаги ишчи маҳаллалари қоп-қоронғи. Бош мастер бунга эътибор бермади. Патефон товушига қулоқ солиб, хаёл сурди. Бир оздан сўнг чуқур нафас ола бошлади, кейин хуррак отишга тушди. Токчага таянган қўллари бўшашди, тиззаси букилди… Йиқилиб тушиб, боши токчага ёмон урилди. Дарров ирғиб туриб, эшик томон югурди, кучининг борича ҳуштак чалди. Шу пайт токарь станоклари билан прессларнинг кўпи бўшга айланиб ётганини кўрди. Тутақиб, яна ҳуштак чалмоқчи бўлди, лекин уста Жалолни эслаб, ремонт устахонаси томон кетди. Бош мастер устахона эшигини очиб, исканжага суянган ҳолда тикка турганча ухлаётган усга Жалолни кўрди. Ғазабидан лаби титраб, кўзи қисилган бош мастер ичкари кирди. Зарда билан уста Жалолни туртди. Уста Жалол кўзини очди. Бош мастер кекирдагини чўзиб, бақиришга тушди:
— Баракалла сенга! Сени ухлагин деб ишчиларга бошлиқ қилиб қўйган эканмиз-да! Сен шундай қилганингдан сўнг ишчилар нималарни қилмайди! Токарь станоклари, пресслар ўзидан-ўзи айланиб ётибди. Киловаттлар сувдек оқяпти… Ишчилар тум-тарақай бўлган… Виждонсиз дангасалар!
Иккови ҳам бир-бирига кин сақлаб юрганди. Ўзини анча тутиб олган уста Жалол:
— Кўп бидирлайверма! — деди, — Сен икки тийинлик ишчи билан гаплашаётганинг йўқ, мен…
— Ким бўлишингдан қатъи назар, бу мансабга номусли одам керак.
Уста Жалол қизариб-бўзариб кетди. Кўпдан бери йиғиб юрган аламларини айтмоқчи эди.
— Оғзингга қараб гапир! Бу мансабга номусли одам керакми? Ҳали биз беномус бўлдикми?
Нафрат билан бир-бирига тикилишди.
— Сизлар бу ерда болаларни жабрлайсизлар, — давом этди уста Жалол, — иш соати ҳақида қонун бўлишига қарамай, бечораларни ўн саккиз соатлаб ишлатасиз.
— Бу сендан сўралмайди. Сен ўз вазифангга қара, бошқа нарсага тумшуғингни суқма!
— Яхши… Модомики мендан сўралмас экан, ҳали нима қилишимни биламан… Эртага тегишли жойга бориб айтмасам, худо урсин.
Ғазаб ичида иккови икки томонга кетди. Уста Жалол цехга борди. Ҳақиқатан ҳам кўпчилик пресс ва станоклар бекорга айланиб ётган, темирчилик ўчоғи сўна бошлаган эди. Уста Жалол ўчоқлар ўртасида ухлаб ётган икки болани тепиб уйғотди. Болалар тура солиб, қочишди. Кейин туалет хонасига ўтди. Биринчи кабина эшигини оёғи билан итарди. Ичкаридан боланинг йўталган товуши эшитилди.
— Қани, чиқ! Чиқ! — сўкиниб бақирди Жалол. Жўмрак бошида ҳам бир гала бола тўпланганди. Уста Жалолни кўра солиб, улар ҳам қочишди…
Уста Жалол иккинчи, учинчи кабиналарни ҳам текшириб ўтиб, тўртинчисига келди. Буни ҳам тепиб очмоқчи бўлди. Ҳеч ким товуш бермади. Тўхтади. Эшикни яна тепди — овоз йўқ. Тепароқдаги юмалоқ тешикдан қаради. Ичкари қоп-қоронғи. Синчиклаб қараган эди, ерда қора бир нарса кўрди. Болага ўхшатди. «Ўлиб-нетиб қолган бўлмасин тағин!» деган хаёлда эшикни итарди. Эшик суқилиб кириш мумкин бўладиган даражада қия очилди; Жалол ўзини ичкарига олди. Қўл фонари билан ёритди… Ётган ҳақиқатан ҳам бола экан. Бола юз-кўлини ерга бериб ухлаётган эди. Уста Жалол ирганиб, бошнни эгди. Боланинг юзини ўзига қаратди: бу ўнинчи пресс ишчиси Саме эди. Елкасидан ушлаб, туртди. Бола силкиниб тушди. Яна туртди, яна, яна… Уста Жалол туртган сари бола тўлғанар, инграр, алаҳлар, лекин кўзини очмас эди. Уста Жалол фонарни ўчириб, орқа чўнтагига солди. Болани тоза жойидан ушлаб турғизди. Ўзига келган Саме уста Жалолни кўриб қўрқиб кетди, йиғлашга тушди.
— Худо ҳаққи, мастер, айб менда эмас…
— Ўчир овозингни, жим… қара, уст-бошинг ифлос бўлибди… Жим бўл деяпман сенга!.. Биров сўраса, йиқилиб тушдим, де… Бор станогингга…
Саме кўз ёшларини артиб, жойига кетди.
Ярим соат ичида уста Жалол фабриканинг ётиб ухлашга ярайдиган тешик-кавакларини айланиб чиқди. Ухлаб ётганларни уйғотиб, ишга ҳайдади, аммо ҳеч кимга штраф ёзмади.
Соат ўн минут кам уч эди. Прессда ишлаётгак Нури уста Жалолни чақирди:
— Станогимга қараб бер, бир нарса бўлганга ўхшайди… Ҳеч кесмаяпти!
Бош мастер контора эшиги олдида қўл қовуштириб турган эди.
Жалол Нурининг станогини тўхтатди. Станокни, кўриб чиққунча, Нури тирақайлаб қочди. Қўшни станокдаги Саме мастернинг тузоққа илинганидан кулаётган эди. Ваҳоланки уста Жалолни алдаш осон эмас эди. У, Нурининг асл мақсадини сезган эди, лекин ўзига «Қўй, майли… Шўринг қурғурлар бир чимдим ухлаб олишсин… Ўлгани келишмаган-ку ахир» деб қўйган эди.
Саҳарга яқин цехдаги бўғиқ ва дим ҳаво янада оғирлашди. Ишчилар зайтун ёғига ботириб олинганга ўхшарди. Фрезерь станокларининг ости қириндиларга тўла эди.
Фабрика хўжайини барвақт келди. У паст бўйли, лекин бичими ғоят чиройли киши эди. Кабинетга киргач, даставвал бош мастер билан узоқ гаплашди, сўнгра уста Жалолни чақиртирди. Хўжайин бош мастернинг шикоятидан оғиз очмади. Лекин уста Жалол чиқаётганда унга кўк конверт узатди.
— Кечаси билан ухламай чиқдингиз. — Уста хурсанд бўлиб конвертни олди.
— Бош мастер билан ярашинг, хўпми? — деди хўжайин.
Конверт ичида йигирма беш лира бор эди.

Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси