Қулман Очилов. Цензура (ҳикоя)

Бир куни… Келинг, яхшиси, рўй-ростини айтиб қўяқолай. Негаки, ўн беш ёшимдан бери ёзиб, тўлдириб, авайлаб-асраб келаётган кундалигимда аниқ битилган ўша сана: “198… йил 17 июнь, сешанба куни, пешиндан кейин бош муҳарриримиз хонамга кириб келди…”
Анча сийраклашиб қолган тепа сочлари чўпга айланган эски бедапоядек тикрайиб турадиган бу деҳқонкелбат, тили энди чиққан гўдакдай беғубор одамни яхши кўраман. У ҳам менга кўзи тушди дегунча, юзига самимий табассум югуради: “Қалай, ағайни? Дурустмисиз?” “Шукр, жойида. Ўзингиз тузукмисиз, устоз?” “Шукр худага!”
Бу – “слава богу”нинг ўзбекчаси. Устоз болалар уйида тарбияланган. Бошқа биров шундай деса, қавмимиз итдай талаб ташларди: “Шукронасини тўғри айтолмайдиган одам! Шундай нуфузли газетага раҳбар бўлиши мумкинми?..” Бош муҳарриримизга “о”ни айтолмаслиги ҳам ярашади. Ҳаммамиз ҳол-аҳвол сўрашганда “Шукр худага” дейишга ўтиб олганмиз.
Раҳбаримиз – профессор, давлатнинг унга бермаган мукофоти қолмаган ҳисоб. Кўплари урушдан мерос. Нечта рисоласию қанча бадиий асари чоп этилганини ўзи ҳам билмаса керак. Мозийшунос.
Ўшанда газетамизга бош бўлиб келганига бир йилдан ошган, чет-чақа, пана-пастқамда бир хил гап урчиган эди: “Раҳбарлик сиёғидан йироқ бу бечорани буйтиб қийнаб қўйиш кимга зарил кепти экан-а? Умри бино бўлганидан бери чўкичи билан чўткасини кўтариб, шаҳристонларда яйраб юрган одам бўлса”.
“Бечора”нинг на мажлисга, на материалларни ўқишу таҳрир қилишга тоқати бор. Уст-боши беўхшов. Кийиниши палапартиш. Оғзи доим нимочиқ, лабини кувача қилиб, анқайиб қарайди. Бу паришонлигидан: хаёлан тош асрининг қай бир манзил-маконлари, не бир харобаларида кезиб юрганини фақат тахмин қилиш мумкин. Ходимларни кабинетига чақириб топшириқ беришдан ҳам истиҳола қилади шекилли, хонасига ўзи кириб боради.
Алҳол, менинг олдимга ҳам ўзи келиб, қўлимга бир варақ қоғоз тутқазгани ёдимда. Жанубий шаҳарлардан бирида (кундалигимда номи аниқ ёзилган) яшайдиган талаба қизнинг ўқувчилар дафтарига битилган шикоят хати экан: “Беш ой бурун, ўзини менга дугона санаб юрган курсдошим Нарзия Шойимова уйимизга келиб кетгач, раҳматли бувимдан қолган зумрад кўзли тилла зирагим йўқолиб қолди. Милицияга мурожаат қилсам, пайсалга солиб, чора кўрмаяпти… Бутун умидим сизлардан, ёрдам беринг!..”
Ҳа, шўро замонида эр-хотиннинг ўртасига ола мушук ораласа ҳам таҳририятга шикоят ёзиб, нажот кутиш таомил эди. Нажот топарди ҳам.
“Бир муштипар экан, – деди бош муҳарриримиз. – Бариб суриштириб кўринг-чи, балки бирар нарса язарсиз. Бўлмаса, таскин-тасалли бериб қайтарсиз. Язганингиз минан цензура деган энағар ўтказиши гуман. Шуниям ҳэсабга алинг, ағайни”.
Икки кун ўтиб, тонгда “муштипар, қайдасан” дея йўлга тушдим. Бу мухбир сифатида фақирингизга берилган жиддий топшириқ эдики, навбатдаги “мих” материалнинг “ҳиди” анқиб турганини сезардим. Қандай сезганимни айтолмайман. Бундай пайтда, ҳозир ҳам, юрагим ҳаприқиб, ўзимни кўзи пишиб кетган изқуварлардек ҳис қила бошлайман. Шундан бўлса керак, яқинда бир мунаққид катта минбардан туриб айтибдики, бу акамизнинг қалами доим маҳкамага қараб йўрғалаб кетаверади. На гулни билади, на пулни. Жамиятнинг энг шубҳали тўдаси – жиноят аҳлига ўралашиб умрини зое кетказгандан кўра, замонамиз қаҳрамонлари – меҳнат илғорлари ҳақида очерклар ёзса, нафи кўпроқ тегар, эл-юртнинг дуосини олиб, ҳукуматимизнинг ҳам эътирофига сазовор бўлар эди…
Кўз очиб кўрганим газетанинг криминалистика бўлими бўлса, қаерга ҳам борардим! Мулла билганини ўқийди. Индамай қўяқолдим. Илло, ўша кезлардаёқ касбимнинг қулига айланиб улгурган эдимки, бу тобеинликдан дунёнинг лаззатини олишимни дастурхон қилиб ўтиргим келмади…
Талабанинг уйини қийналмай топдим. “Балиқ сирти” томи ёпилиб, девори чалароқ оқланган уй. Пешонасига ҳам йўл, ҳам йўлак вазифаси битилган нотекис асфальт кўчага қараган бир жуфт кўк дераза анчадан бери бўёқ кўрмаган. Ойналари хира тортиб қолган. Болохона тагида омонатгина осилиб турган ёғоч дарвоза ҳам буёқчининг дийдорини соғинганига анча бўлган. Уни оҳиста қоқдим.
– Ким? – деган эркак кишининг овози эшитилди. – Келаверинг, очиқ.
– Санобар синглимиз бормилар?
– Бор… – Ўрта ёшлардаги миқти йигит алик олишни ҳам унутиб, менга хавотир билан тикилди. – Тинчликми?
Ўзимни таништирдим. “Мухбир” сўзини эшитиб, мезбоннинг қорамағиз юзидаги ҳадик дарҳол ҳафсаласизликка жой бўшатиб берди. Чамаси, журналист қавмини қаршисида турган “қилтириқ бола” қиёфасида эмас, пўрим кийинган басавлат киши сифатида тасаввур қилган. Ажабланмадим. Бу юртда парранда фермасининг товуқбоқари ҳам телевизордан авомга шундай – оқ кўйлак, қора костюму галстукда кўриниш бериб, жонажон коммунистик партиямиз ва одил ҳукуматимизнинг халқпарвар сиёсати бераётган юксак самаралардан лоф урса, миқти йигит айбдор эмас-ку.
– Санобар, – деб сас берди у. Сув қалин сепилган ҳовлига навниҳолгина, кулча юзли қиз чиқиб келди. – Сени излаб кептилар. Тошкентдан.
Ёғоч зиналарни ғичирлатганча воқеа жойи – болохонага чиқдик. Санобар димиқиб кетган чоққина хонанинг деразасини базўр қия очди. Эпкин киргандай бўлди. Бурчакда – кўрпа-ёстиқ йиғилган сандиқ. Биқинига каттакон қулф осилган. Бир-бирига қовушмаган дағал тахта полга эски шолча ташланган.
– Шу ерда ўтиргандик, – деди талаба жавдираган кўзларида ҳадик ва умид билан. – Манави хонтахтада дарс қилдик. Кейин… – қиз қимтинди, – мен унга тақинчоқларимни кўрсатдим…
Тасаввур қилиш қийин эмас. Санобарнинг онаси бўйи етиб қолган қизига неча авлод момокалонларидан ўтиб келаётган тақинчоқларини кўрсатган: “Куёвга чиқаётганингда шуларни сенга ҳадя қиламан!” Бундай бебаҳо бойликни кўриб кўзлари ўйнаб кетмайдиган ва дарҳол дугонасидан суюнчи олмайдиган қиз борми бу дунёда: “Тез кел, сенга бир нарса кўрсатаман. Оғзинг ланг очилиб қолади!” Кейин “ланг очилиб қолган оғзи”ни юмишни унутган дугона бўлмиш шартта ўша зумрад кўзли зиракни қўлига олади: “Вой, мунча чиройли, Сану! Тақиб кўрсам майлими?” Йўқ деб бўлармиди? Дугона тақинчоқларни тақади. Ўзини кафтдеккина ойнага солади. Ҳайратини, ҳавасини яширолмайди. Уф ҳам тортади. Ажабланарли жойи йўқ.
– Нарзия зиракни тақиб ўтирганида, – деди Санобар ўша ҳолатни хотирлаб, – акам, пастки хонага иккита кўрпача олиб туш, меҳмон келяпти, деб қолдилар. – У ёнимизда энсаси қотиб турган йигитга қараб қўйди. – Нарзия шоша-пиша тақинчоқларни ечиб, хонтахтанинг устига ташлади. Ўзим кўрдим…
Санобар иккита кўрпачани кўтариб эшик томон юрганида, хонтахтанинг нарёғида турган дугонаси зил-замбил кўрпачалардан биттасини унинг қўлидан олади ва икки қиз болохонадан бирга чиқади.
– Қайтиб келиб қарасам, узук жойида турибди, зирак йўқ!..
Хонтахтаю шолчанинг усти-ости қаралади, қидирилади, сўралади, суриштирилади. Учди-куйди, йўқ…
Ҳовлидан чиқаётиб, Санобарнинг акасидан ички ишлар бўлимини қандай топиб борсам бўлади, деб сўрадим. Ленин кўчасига чиқиб, чорраҳагача уч остановка юрилса, чап томонда бозор, ўнгда эса “Слава КПСС!” деган одам бўйи лавҳа келаркан. Милисахона ўша кўчада.
Чорраҳадан шаҳар ички ишлар бўлими томон бурилишим билан димоғимга тупроқ устига ёққан ёмғирни эслатувчи намхуш ҳид урилди. Капоти кўтариб қўйилган сувсепар машина йўл четида ғир-ғир қилиб турибди.
Баланд девор билан ўралган ҳовлига кираверишда тўхтаб қолдим. Тепасига гулдор панжара билан зеб берилган темир дарвозанинг табақаларига пайвандланган иккита тақанинг устидан кўк бўёқ тортилиб, идоранинг номи алвон ҳарфлар билан битилган. “Бу қўрғоннинг омад оти қоқилган иримчи эгалари ҳозир қайларда бўлса экан?” деб қўйдим ичимда.
Ҳовлидаги крандан чанқоғимни қондирдим. Тишларимни қамаштирган бўлса-да, сув жуда ширин туюлди. Шарқираб ётган обиҳаёт ҳув элас-элас кўриниб турган қорли чўққилардан оқиб келаётганини тахмин қилдим. Кранни ёпай десам, чамбарагининг қирралари емирилган, сип-силлиқ. Гулу гиёҳнинг фарқига унчалик бормайман-у, аммо ястаниб ётган ажириқ билан палак ёзиб кетган девпечак жазирамада ҳузур қилаётгани кўриниб турарди.
Моғорни эслатувчи нам ҳиди ички ишлар бўлими бошлиғининг бўм-бўш қабулхонасини ҳам ишғол этганди. Бошлиқ мени кўриб, энсаси қотганини яшириб ўтирмади. Ўрнидан аранг қўзғалган эди, бўялавериб сирти қалин тортиб кетган фанер шифтга боши тегай-тегай деди. Мен каби туршаксимонлар қавмига мансуб одам билан кўришганида чақалоқнинг жимит қўлчасини ушлагандек бўлса керак. Ўқлоғдай узун бармоқларигача қалин тук босган муштини еган жиноятчининг ҳолига вой, деб ўйладим. У қанчалик баҳайбат ва бақувват бўлса, ўтириши шунчалик омонатдек туюларди. Гўё бировнинг уйига бехосдан кириб қолгану эгаси тезроқ келишини кутиб ўтиргандай. Йўқса миршаблик сарпосини эгнига кеча илмагандир…
Яна ўйладимки, коммунистик партия ва комсомолнинг чақириғига лаббай деб жавоб бериб, ўз соҳасини, тахминимча, жисмоний тарбия бўйича муаллимликни ташлаган ва ички ишларга ўтиб кетган собиқ спортчи кадрлардан бўлса керак. Энди, ёши элликка яқинлашганида, “лаббай” деган ўша тилини кесиб ташлашга рози бўлиб ўтирганга ўхшарди. Йигит киши бардам-бақувват бўлгани билан, ишнинг кўзини билмаса қийин. Зуваласи бўшроқ шекилли.
Полковник қовоғини солганча менга ҳорғин нигоҳини тикди.
– Хизмат?
Сумкамдан хатни олиб узатдим. Бошлиқ аввал қоғознинг охирига – имзосига кўз ташлади. Сўнг бошдан-охир шошилмай ўқиб чиқди.
– Ҳа, шундай ариза тушганди, – деди қуруққина қилиб ва ёнидаги бесунақай ускунанинг тугмачаларидан бирини босди.
– Эшитаман, ўртоқ бошлиқ! – деган ўктам овоз эшитилди.
– Менга Солиеванинг делосини олиб келинг. Зираги йўқолган қиз бор эди-ку.
– Хўп бўлади!
Қорин қўя бошлаган катта лейтенант бошлиғига узатган пиёзнинг пўстидек жилдни кўриб, кўзларим чақнаб кетганини сездим: “Демак, қизнинг арзи доди беҳуда эмас!” Унда шаҳар ички ишлар бўлимида рўйхатга олиниб, рақамланган ариза ва шикоятчининг сабоқдош дугонаси бир ҳафта ўтиб ёзган тушунтириш хатидан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. Дугона бўлмиш, табиийки, эгриқўллигини тан олмаган. На воқеа жойи кўздан кечирилган, на жиноят иши очилган ва на бу шикоятнома рад этилган.
– Иш кўп, – деб изоҳ берди бошлиқ. – Ходимлар етишмайди. Улгурмаяпмиз.
Нима ҳам дердим? Қаерда, қайси ташкилотда иш каму ходимлар ошиб-тошиб ётибди, дейишимдан наф бўлганида, тап тортмасдим, албатта. “Начора” дегандек бошимни мужмал ирғаб қўя қолдим. Мужмалсирай бошладимми, билингки, аҳвол чатоқ – ўзини оқлашга киришган одамга ҳавас қилиб бўлмайди.
– Аризага чора кўриш муддати ўтиб кетганга ўхшайдими?
Бошлиқ “муддат” сўзини эшитиб, менга ялт этиб қаради: “Сен, бола, бунақа гапларни қаёқдан биласан?”
– Юристмисиз?
– Йўқ, журналистман.
Бундай пайтда ўзимни умрида суд-ҳуқуқ кўчасига кирмаган дунёбехабар бир гўлга соламан. Истанг, мени писмиқ денг, истанг – устамон, қув, айёр… Таъбингиз. Бу менинг айбим эмас. Аҳли ҳуқуқ, айниқса, раҳбарлари қаламкаш қавмини шундай чаласавод, оми тоифага мансуб деб ўйлашга мойил. Бундай имкониятдан фойдаланмаслик – ўтакетган исрофгарчилик. Гапни опқочдим: таҳририятимизга келган хатга биз бир ой ичида жавоб бермасак, тўполон бўп кетади. Милицияда ҳам шундай тартиб бўлса керак-да…
– Бизда масаланинг жиддийлигига қаралади, – деди бошлиқ столдан кўз узмай. – Уч ойгача.
“Унда жиноят процессуал кодексида нега икки ой дейилган?” дедим. Ичимда.
Полковникнинг кўнгли жойига тушди, чамаси, ўрнидан турди.
– Бир ҳафта муҳлат беринг, – деди муросага келгандек. – Худо хоҳласа, аризани тезда қонуний ҳал қиламиз.
– Улгурмассиз?
– Улгурамиз! – У жилдни олиб, столини айланиб ўтди-да, газета-журнал, китоб ва яна алламбало қоғозлар уюлиб ётган дераза рафига ташлади. – Мана, кўз олдимда туради. Шахсан назоратга оламан…
У гап тамом дегандек қўлини узатди. Чап билагимдаги соат тақвимига қарадим.
– Бугун – 21 июнь, – дедим. – Роппа-роса бир ойдан кейин, 21 июль куни келаман. Маъқулми?
– Ғам еманг!
У столи ортига, мен эшик томон юрдим. Чиқар эканман, ортимга бурилиб, сирли жилмайдим. Халқ достонларида айтилганидек, дасти алиф лом қилмасам ҳам, гарданимни фаранг аъёнларидек назокат билан хам қила хайрлашдим.
Яшириб нима қилдим, ўша куни бошлиқ ўтирган хонанинг қўш табақали баланд эшигидан чиқаётганимда ва бир ойдан кўпроқ ўтгач, уни яна очиб кираётганимда, вужудимда ажаб бир ҳузур туйганим ҳалигача ёдимда. Кўнглимга ширин ғулғула солган бу туйғу бўлажак оғир ва муросасиз муҳорабада ғалабани нақд қилиб қўйган полвоннинг сармаст ҳолатини эслатар эди. Мен бу майдонда курашавериб дийдаси қотиб кетган ва улай-булайни назарига илмайдиган алпларга дуч келган эдим. Улардан бирини – омонат ўтиргандек кўринса-да, генераллик юлдузидан умидини буткул узолмаган полковникни доғда қолдиришга бўлган комил ишонч ҳали тузук-қуруқ давра кўрмаган, лекин иддаоси бўйидан баланд мен каби ёш қаламкашни тотли ҳаяжонга солиши табиий эди. Ғафлатда қолган бўлса, ўзидан кўрсин!
Бир ой ҳам ғириллаб ўтди-кетди. Ваъдалашганимиздан тўрт кун ўтиб, поезддан тушдим ва вилоят газетасининг бўлим мудири, эски танишим Элмирза акани ишхонасидан топдим. Онда-сонда ҳикоя қоралаб турадиган ҳамкасбимиз аввалига тихирлик қилди. Кейин столим ғаладонида иккита қўлёзмаси ётгани эсига тушди, чамаси, иккиланди. “Шарқ юлдузи” журналида чиққан ҳикоям учун куни кеча дуржигина қаламҳақи олганимни писанда қилган эдим, битдай кўзлари баркашдай очилиб, қуёшдай чарақлаб кетди. Одатини яхши биламан: арақни кўрса, баъзан чиллага кириб, ҳафта-ўн кун бутилкадан лаб узолмай қолади. Хулласи калом, ака халфаликка рози бўлди. Чорраҳагача олиб келган таксидан тушгач, адолат қўрғони сари узун-қисқа бўлиб йўл олдик.
Жазираманинг қўли баланд келиб, кун тобора қизимоқда эди. Одамлар осмонга қараб қолганига анча бўлди, деди бошига ёзлик шляпа қўндирган Элмирза ака. Жавзодаям бирор томчи тушгани йўқ. Унинг оёғида узунлиги бир қулоч десам лоф бўлар-у, ярим қулочлиги аниқ чориқ-босоножка. Матбуотимизнинг йирик вакилини кўтара олмай, товонлари ейилиб, икки томонга қийшайиб қолган. Чорпаҳилдан келган аканинг ёнида пилдираб боряпман.
Кўк тоқида ёнбошлаб олиб, заминга аёвсиз олов пуркаётган қуёш ўз ҳукмронлигидан маст. Шаҳар деб аталмиш тандирдаги оловини жазиллатишга астойдил киришган. Офтоб тиғида хоҳласанг тухум пишириб е, хоҳласанг – қумғонда чой қайнатиб ич. Фақат ёш бошингни эҳтиёт қилки, тағин миянг қайнаб кетмасин.
Йўл четида карахт турган дарахтларнинг шохини кўтаришгаям ҳоли йўқ, қачонлардир тўлиб-тошиб обиҳаёт оққан бетон ариқларга ноумид тикилиб қолгандай. Яккам-дуккам учрайдиган мевали дарахтлар эса аллақачон ерга бағрини берган. Мевалари тўкилиб, оёқости бўлиб ётганини кўрасиз. Қушлар қани? Чўл булбули – чумчуқнинг на овозидан, на қорасидан дарак бор.
Тошкент отчопарининг ёнидаги чайқов бозоридан сотиб олганим – белига “Montana” тамғаси босилган жинси шим, шимга мос енги калта ҳаворанг катак кўйлакдаман. Жалада қолгандек ҳаммаёғимиз жиққа ҳўл. Пешонаю бўйнимиздан тинимсиз тер оқади. Тўрт қадам юрмасидан ҳарсиллаб қолган Элмирза ака ўзини орқага ташлай бошлади:
– Шу ишни салқинроқ кунга қолдирсак бўларди, ука. Адолат сал кейинроқ тикланса, осмон ўпирилиб ерга тушмас.
–Ҳеч иложи йўқ.
Ҳовлидаги водопровод сувининг шарқираши ўғри тушгандек ҳувиллаб ётган қабулхонада ҳам эшитилиб турарди.
Эшикни очдим.
Полковник кимлигимни эслай олмагандек қовоғини солганча менга тикилиб қолди. Сўнг бирдан ўрнидан ирғиб туриб, қучоғини кенг очди:
– Ассалому алайкум, акажо-он!.. Марҳамат! Келинг, акажоним!
Минг йиллик қадрдонлардек қучоқлашиб кўришганимизни кузатиб турган Элмирза аканинг менга ҳаваси келиб, ичидан қиринди ўтганини сездим. Каттакон шаҳарнинг девдай бошлиғи ўғли тенги боланинг олдида “акажон”лаб турса, ким ҳавас қилмайди? Ўзимга ҳам бундай мулозамат ғоят ёқиб кетди, аммо ичимдагини сиртимга чиқармадим.
Деразага орқа ўгириб ўтирдим.
– Бугун 25 июль… – дедим Элмирза акани бошлиққа таништирганимдан сўнг.
– Ёдимда, ёдимда, – деди полковник, лекин бир ой аввал нима дард билан келганимни эслай олмаётгани тер босган, саросимали юзидан шундоққина кўриниб турарди. Ортиқча қийнагим келмади:
– Талаба қиз Санобар Солиеванинг йўқолган зираги масаласи ҳал бўлгандир-а? Балки топилгандир ҳам?
– Албатта, – дея бошлиқ бесунақай коммутаторнинг таниш тугмачасини шошиб босди. Қўллари титраётгандек туюлди.
– Эшитаман, ўртоқ бошлиқ!
– Солиеванинг делосини олиб чиқинг. Зираги йўқолган қиз бор эди-ку.
– Хўп бўлади!
Кутишга тушдик. Бошлиқ навбатчи ходимни чақириб, кўк чой дамлатди. Шкафидан тақсимчада конфет олиб қўяр экан:
– Олинглар, ялпиз аралашган, – деб илтифот кўрсатди. Охири тоқати тоқ бўлиб, тугмачани зарда билан босганида отамзамондан қолган телефон шўрлик мажақланиб кетармикан деб хавотирланиб қўйдим.
– Эшитаман, ўртоқ бошлиқ! – деб жавоб берди овоз эгаси айбдор оҳангда.
– Ухлаб қолдингларми, нима бало? Дело қани?
– Ҳозир, излаяпмиз, ўртоқ бошлиқ!
– Тезлатинглар!
Бир пиёладан чой ичилиб, ялпизли конфетдан татиб кўрилди. Ҳамроҳим иккитасини олиб сездирмайгина шимининг чўнтагига тиқар экан, шипшиди: “Менинг ўғилларим ҳам шундай улуғ даргоҳларда ишласин, илоё!”
“Улуғ даргоҳ” эгасини хижолат қилмаслик учун соатимга қарамай қўйдим. Бирор соат ичида қора терга тушиб кетган бошлиқнинг ўша ҳужжатни сўраб-суриштирмаган ходими қолмади. Бу орада унинг ўрисчаю ўзбекчада сўкиниш бобида маҳорати ғоят баланд экани аён бўлди.
Сумкамдан таҳририятнинг рангли бланкасида машинкаланган етти варақли мақоламни олиб, унга узатиш вақти келган эди. Полковник уни ўқигани сари шахти тамомила сўниб, баланд суянчиқли курсисига чўкиб борарди. Оғир жазо тайинланган маҳкумлар ўзи ҳақидаги машъум суд ҳукмини ўқиётганида шундай ҳолга тушса керак.
У кўзларига ишонмаётгандек мақоланинг охирги сатрларини қайта-қайта ўқиди. Шиддат билан столини айланиб ўтиб, деразанинг рафидан ниманидир излашга тушди ва… топди. Бу ўша таниш жилд эди. Чангини қоқаркан:
– Савил, – деди баттар қизариб-бўзариб. – Бу ёқда экан-ку!
У нима қиларини ва нима деярини билмай хийла ўтирди. Мен тилга кирдим. Бундай пайтларда менга тоғдай сабр-бардош тилаган кишининг кўнгил гулшани фанода ҳам, равзаи ризвонда ҳам масрур бўлади деб умид қиламан. Дуогўйимдан омадни ҳам унутмаслигини ўтинган бўлардим. Шерлок Холмс, Эркул Пуаро, Нистор Бурма каби адабий изқуварларни яратган машҳур адиблар ҳам ўз замонида газетчидан чиққан. Бироқ уларга анча осон бўлган. Сабабки, ёзганларини Шўро цензураси элакдан ўтказиб, муаллифнинг момосини Учқўрғонда кўрсатмаган. Момосини Учқўрғонда кўрмаган ижод аҳлига ҳалигача ҳавасим келади.
Мен айтдимки, ўртоқ полковник, сизни газетада ураман деб қасам ичиб келган жойим йўқ. Бир муштипар идорамизга хат ёзиб, ёрдам сўраган экан, катталаримиз мени жўнатди. Келдим. Эсингизда бўлса, сиз масалани қонуний ҳал қилиш учун бир ҳафта муҳлат сўрадингиз. Мен бир ой, дедим. Ваъдамнинг устидан чиқиб, ўттиз беш кун деганда, мана, олдингизда ўтирибман. Суллоҳлик қилганим, ёлғон-яшиқ гапларни доритганим йўқ. Кўриб турибсиз, борини минг андишаю истиҳола билан ёздим. Мендан гина қилишингиз ноўрин, ака. Ўша талаба қизнинг арзини эътиборсиз қолдирсак, эртага газетанинг устидан ҳам шикоят қилиши мумкин. Қарабсизки, яра газак олиб, йиринг бойлайди. Жанжал салтанатнинг сараларигача етиб боради ва улар им қоқса, ҳаммамизнинг бошимиз кетади. Аслан олганда, сизнинг ҳам, бизнинг ҳам – ҳаммамизнинг ниятимиз холис ва пок: аҳли фуқарони тўғриликка, қонун-қоидаларга итоатда яшашга ундаш. Тўғрими?
– Тўғри, – деди суҳбатдошим.
– Модомики шундай экан, ортиқча шубҳа-гумонга бориб ўтирмасдан, ёзганларимни тасдиқлаб, охирига муҳрингизни босиб бераверинг. Ҳали бу мақола жонивор газетада чиқадими ёки бировларнинг ғаладонида қолиб кетадими, худо билади.
– Майли-ю, ака, – деди полковник йиғламсирагандек, – ахир, бу мантиққа зид-ку? Ўзимнинг пўстагим қоқилган мақолани ўзим тасдиқласам… Худоё тавба-а!..
Айтдимки, биламан, ака, биламан. Мантиққа зид. Мутлақо зид! Куракда турмайдиган иш. Илло, айни қонун-қоидани мен ўйлаб топганим, жорий этганим йўқ. Жонажон коммунистик партиямиз билан одил ҳукуматимизнинг талаби бу. Суд-ҳуқуқ тизимидан мақола ёзилса, ўша тизимнинг раҳбарлари бармоқ босиб, тасдиқлаб бериши шарт. Шундагина цензура деган олиймақом идора уни газетада чоп этишга ижозат беради.
У йиғламоқдан бериб бўлиб кулимсиради. Киноямни тушунганидан эмас, раҳми келганидан шундай қилди: сизларгаям қийин экан!
Ҳар қандай терговчию дипломатни ҳолдан тойдирадиган бундай мусоҳаба, мунозара ва музокаралардан кейин одатда қаршингизда қўр тўкиб ўтирадиган, ҳозир эса шумшайиб қолган зобит алҳол тақдирга тан бериб, ё ручкасини олади: “Мақолада келтирилган фактлар тўғри. Матбуотда эълон қилиш мумкин”, деб ёзади ва насл-насаби, лавозимини дарж этиб, имзо чекади. Тамғали муҳрини ҳам босади. Ёки…
Пешонасига каттакон герб урилган сариқ телефонга қўл юбориб, пушти-паноҳидан ёрдам сўрайди:
– Хўп десангиз, олдингизга ўтсак. Ҳозироқ. Маслаҳатли иш чиқиб қолди. Илтимос!.. Ҳа, жуда зарил!..
Маслаҳатгўйи у ёқ-бу ёққа шох ташлаб кўрганидан кейин ноилож рози бўлди чамаси, полковник мақолани залворли қизил папканинг ичига солиб, оёққа қалқиди:
– Кетдик, прокурор чақиряпти.
Буйруқ оҳангидаги бу гапни эшитиб ранги ўчган Элмирза акага аста шипшидим: “Штики равно!”
“Нима?”
“Борсак борайлик, прокурорини ҳам кўрайлик”.
Бошлиқнинг машинасида ғир этиб етиб бордик. Прокуратуранинг саранжом-саришта, тоза-озода ҳовлисига кираверишда ҳушёр турган дарбон йигит ҳар биримизга алоҳида-алоҳида честь бериб, ҳужжатларимизни обдан текширди.
Ичкари салқингина экан. Полковник бизга қабулхонада тизилиб турган стулларга ишора қилди-да, ўзини ҳузури хосларига урди. Тахминимча, прокурор мақолани ўқиб чиққанидан сўнг иккаласи маслаҳатни пишитиб, кейин бизни чақирмоқчи.
Котиба акса урди. “Ҳақ, рост!” деган ўй ўтди хаёлимдан. Унинг ўзи ҳам, кийиниши ҳам кўнглимга ўтирмайроқ турган эди. Қариқизларнинг нуқси урган, қаримсиқроқ. Синчков тикиладими-ей. Эгнида мактаб формасига қиёсан тикилган кўкраги берк, ҳалпиллаган зебранусха оқ-яшил кўйлак. Дурустроқ разм солсам, ёши ўтинқираб қолганига қарамай, ҳали тароватини бутунлай йўқотмаган. У Элмирза акага бир қоп унга қарагандай, менга эса синовчан, бироқ майинроқ (балки шундай туюлгандир) назар ташлади.
Ҳар ким ўз хаёли билан банд.
– Сизни қаердадир кўрганман, – деди жувон бир маҳал юзига табассум югуриб. Кўзлари шаддодликка мойилдай кўринди. Унга таажжуб билан қарадим ва елка қисдим. Юрагимнинг бир чети ғаш эди.
– Эсладим, – деди у яна. – Телевизорда кўрган эканман. “Инсон ва қонун”да чиқиб турасиз. Тўғрими?
– Тўғри, – дедим мулойимлик билан бу қизиқишнинг нишаби қаёққа оғаётганини билолмай. Шунчаки гапга соляптими ёки сўроқнинг бошланишими? Хўмрайган одамлар кириб-чиқадиган даргоҳда ёлғиз зерикиб ўтирган бўлса керак, гап сотгиси келаётир.
– Сиз мухбирсиз.Тўғрими?
Билинар-билинмас бош ирғадим.
– Менинг ҳам синглим журналист.
– Буни қаранг, – дедим ҳайратланган киши бўлиб.
– “Табаррук замин” радиодастурида ишлайди.
– Зўр-ку.
Жимлик чўкди. Ярми деразадан ташқарида қолган яшиксимон совутгич бир маромда зириллар, қаердадир қумри эринчоқлик билан ку-кулаб қўярди.
– Чанқаб кетган бўлсангиз кераг-а? – деди котиба энди. У гапни гапга улашдан ўзини тия олмаяпти, чамаси. – Сув ичасизларми?
– Қани эди, – деди сип-силлиқ паркетга ўйчан термилиб қолган Элмирза ака бошини кўтариб.
Хона бекаси бурчакдаги баланд холодильникни очиб, графин олди. Иккита серқирра стаканга сув қуйиб, аввал акага, кейин менга узатди. Муздай сувни чўлдан чиққан туядай симириб ташладик. Тетиклашдик.
Ярим соат ўтди.
– Бунча имиллади-я булар! – Элмирза ака ўрнидан туриб кетди. Опа менга қаради. Қандай жавоб беришимни кутди.
– Сабр, – дедим жиддий, – салтанат ишида сабр ва адолатга таяниб иш кўрдим, деган экан…
– Ким?
– Бир улуғ зот.
– Ленинми?
Индамадим. Котиба кулди: вой азамат-эй!
– Эртадан ҳарорат анча тушади, – дея маълум қилди энди меҳрибон опамиз. – Боя радиодан эшитдим.
– Бугундан, – деб аниқлик киритди акамиз. – Ҳавонинг ўзгаришини синоптиклардан кўра бошим аввалроқ ва яхшироқ сезади. Эртаматтан лўқиллай бошлаган.
Котибага қўшилиб мен ҳам жилмайиб қўйдим.
– Дори берайми? – деб сўради у меҳри товланиб. – Анальгин бор.
– Жон дердим.
Иттифоқо, телефон варанглаб кетди ва чўчиб тушган котиба гўшакни олди-ю, дарҳол жойига қўйди.
– Кираркансизлар, – деди қандайдир ҳадик ва хавотир билан. – Омадингларни берсин, илойим. Сиз дори…
Ака енгилгина қўл силтади:
– Раҳмат, қўяверинг. Босилиб қолар.
Залворли эшик қабзасига қўл юбордим. Опа бизга беҳуда омад тиламаганини англаб, жанжалнинг исини сезиб турардим. Атрофи баланд темир панжара билан ўралган бу кулранг бинога ҳеч ким улфатчилик ёки мукофот олиш учун келмайди. Айниқса, ички ишлар бўлими бошлиғи етагида. Суд залига кираётгандек вужудимни қандайдир дилгир туйғулар эгаллаб олган эди.
Остона ҳатлар эканман, беихтиёр “Ё, Раббим!” деб юбордим. Ичимда, албатта. Зўр келганда даҳрий коммунистлар ҳам кўкка қўлини чўзиб мадад сўрайди, деган мутойиба ёдимга тушди.
Прокурор теракдай тик, ёши қирққа бориб-бормаган қарсиллаган йигит экан. Ҳар ҳолда, менга шундай кўринди. Эгнидаги енги шимарилган оқ кўйлак, оёғидаги ялтираб турган учдор қора туфли қадди-қоматига ярашган. Комсомол сафида тобланган асилзодалардан, деб тусмолладим. Қуёшни кам кўрган оқ юзлари истарали. Хонимлар бўйнига осилиб гаранг қилса керак. Масъулиятли идораларга раҳбарликка, айниқса, юқори лавозимларга кадр танланганида номзоднинг қадди-қоматига ҳам эътибор берилишини билардим. Погонида иккита катта-катта юлдуз ярқираб турган китель стул суянчиғига, унинг устига эса тилларанг занжирли тўғноғич қадалган қора галстук ташлаб қўйилган. Деворга осилган чорчўпдан силлиқ бошидаги шапалоқдай қизил нори ўчириб ташланган Михаил Горбачёв ҳорғин жилмайиб турибди. Четроқда ғилдиракли столча. Устига сочиққа ўхшаган, лекин нафисроқ оқ мато ёпилган. Тагида, чамаси, чойнак-пиёла, ликопчалар… Балки магнитофондир. Балки камера… Ёзиб олаётган бўлса-чи? Хона соҳиби ундай ишларнинг пири бўп кетган. Бундай даргоҳларда ҳамма нарса олдиндан кесиб-бичиб қўйилади. Дарпардалар берк, кўча кўринмайди.
Прокурор ғайрати жўшиб турганга ўхшарди. Биз билан қўл бериб кўришгач, тиркама столчанинг ёнидан жой кўрсатди ва дарҳол саволга ўтди:
– Сиз юристмисиз?
– Йўқ. Ундан ҳам баттар! – дедим ҳазиллашган бўлиб. – Журналистман.
– Қонун-қоидани яхши биларкансиз.
– Касбим шунақа.
Унинг қизларникидек ингичка қошлари бир кўтарилиб тушди. Жиддий тортди.
– Ака, – деди бирдан, – бу ерга ишга келганимга ҳали уч ой ҳам бўлмади. Уч ой ҳам! Манави мақолангиз газетада чиқса, ҳаммадан аввал менинг каллам кетади. “Нега назорат қилмагансан? Кўзинг қаёқда эди?” деб ишдан олишса гўрга. Бошқа иш топарман. Лекин партиядан ўчиришади, ака-а, партиядан! Ана ундан кейин капам куяди…
Дангалчи экан. Гапни айлантириб ўтирмай, очиғини айтди-қўйди. Полковник иккаласи – бири олиб, бири қўйиб мени аврашга тушади, деб ўйлаган эдим. Бироқ индооллосига айтилган бу гапларнинг ўзи авраш бўлмай нима? Ҳазилми, таҳдидми – азмойишини англаш қийин. Биламан, давлат хизматчисининг оқсочдан фарқи кам. Исталган пайтда унга катта кўчани кўрсатиб, кетига тепишлари мумкин. Миқ этмай гапига қулоқ солиб турдим-да, кўзига тик қарадим.
– Хўш, нима қил дейсиз? – сўрадим енгил сўлиш олиб.
– Келишайлик… Келишганга – кенг дунё! Зиён қилмайсиз.
У гапидан кўнгли тўлмагандай, тўхтаб қолди. Юз-кўзларида фитнагар бир табассум жилваланди. Тап тортмаётганига қараганда, кўча кўрган одам. Шунга яраша сурбетлигиям бор. Туҳмат қилишдан ҳам, айтган гапидан зум ўтмай тонишдан ҳам тоймайди. Мабодо, қасддан туҳмат уюштириб, қўлимга қулф урмоқчи бўлса, ўзимни қандай тутишни ўйлай бошладим. Ақл бовар қилмайдиган иш, лекин айтиб бўладими! Нимага шама қилаётганини балодай англаб турардим. Шундай бўлса-да, жуда хотиржам сўрадим:
– Тушунмадим?..
– Ўша, савил қолгур зирак турса, беш юз турар. Боринг, минг ҳам дейлик. Ундан ошмайди.
– Билмадим.
–Икки минг берамиз! – У милиционер томонга қараб қўйди. Тагига сув кета бошлаганига ақли етган шўрлик пойгакда, эшик олдидаги курсида тўқмоқланган гўштдай эзилиб ўтирарди. Лавозимидан шонсиз-шарафсиз мосуво бўлаётганини сезиб, мотам тута бошлаган. Дам-бадам хўрсинади. Унга ичим ачиб кетди.
– Нима? – деб сўрадим прокурордан.
– Икки минг. Қуруғидан…
Сурбетликнинг ҳам чек-чегараси бор. Менга тикилиб турган адолат пешвоси бу жиҳатдан барча рекордчиларни чангида қолдириб кетгандай эди, назаримда. Бундай вазиятда одам зоти ўлгудай бадгумон бўлиб қолади. Ҳаётда инсонни, айниқса, маоши бир юз қирққаям етмайдиган журналистни ерга уриш, таҳқирлашнинг йўллари кўп. Биламан. Бошимда не бир чўқморлар синмаган. Бугун, ёшим бир жойга етганида уларни айтиб, майдалашиб ўтирмайин. Ҳисобиниям олганим йўқ. Бироқ эви билан-да, жаноблар! Дўппингиз тор келиб, “келишув”га ўтганингизда сал ҳурматини жойига қўйишни ҳам ўрганинглар, ахир! Менинг ўрнимда ёши улуғроқ, тажрибалироқ одам бўлганида, балки “Калланг жойидами, ука?” деб сўрарди ва жавобини ҳам кутмасдан вағиллаб кетарди: “Сен мени ким деб ўйлаяпсан ўзи?!”
Хона соҳиби бизга тилла гардишли кўзойнаги оша синовчан қарайди. Ўша дақиқаларда режиссёрлик қўлимдан келмаслигига афсусландим. Келганида борми, шу йигитга ўйлаб-нетиб ўтирмасдан, учига чиққан ўғрининг ролини берган бўлардимки, суратга олган асаримни миллионлаб одамлар “Шум бола”ни кўргандай қайта-қайта томоша қиларди. Хушбичим, калта кузалган қоп-қора сочлари, қирра бурни ва юпқа лаблари оқ юзига ярашган. Назаримда, бу қиёфага нимадир етишмаётгандек эди. Нималигини ўша дақиқаларда қанча ўйласам ҳам тополмадим. Кейинчалик, орадан кўп йиллар ўтгач, лоп этиб эсимга тушди: сақич! Ҳа, сақич чайнатиб қўйсангиз, фарангларнинг арзанда актёри Аллон Делоннинг ўзгинаси! Яна ўйламоқда эдимки, эҳтимол, ёрдам сўраб келган ва пойгакда терга ботиб, типирчилаб ўтирган полковникка хона соҳиби ўзининг кимлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлаётгандир: шу қаланғи-қасанғилар билан ади-бади айтишиб ўтирибсизми, ўртоқ, начальник!
Мен гўё ҳеч гап бўлмагандай, ўта осойишта, ўта расмий оҳангда сўрадим:
– Бу нима деганингиз, ўртоқ прокурор?
– Қуруғидан, – дея киприк қоқмай такрорлади у. – Ҳаммамиздаям рўзғор, бола-чақа бор…
“Ў-ў, ғурбатли дуня!” деган бўларди бу гаплар қулоғига чалинса бош муҳарриримиз. Сенда адолат ҳукмрон бўлганида, шундай арзанда йигит қозикалон эмас, даллол қисматида яралмасмиди! Ўз иқтидору журъатини аҳли тужжор орасида намоён этиб, шону шуҳрат қозонмасмиди! Қози ришватчи бўлса, авом не қилсин!
– Ўзингиз қийналиб ўсган экансиз… Ҳалигача обшежитада яшаркансиз…
Оғзига урдим:
– Бу гапларни қўйинг, ака. Сизга ярашмайди. Эшитган қулоққаям ёмон.
Кўнглим тамомила хира тортиб, бўйнимга чилвир ташлангандай нафас олишим қийинлаша бошлади. Отамнинг янишлари қулоғим остида янграгандай бўлди: “Сен болага айтгандим-а, бу юришингда бир балога йўлиқасан деб!” Ўзимни босдим. Ҳаммани оғзига қаратиб ўтирган хона эгаси шартта ўрнидан туриб, эшикни ичкаридан шарақлатиб қулфларкан, ранги без бўлиб ўшқирди:
– Келишмагунимизча ҳеч ким бу ердан чиқмайди!..
Тўғрига юриб, гулқоғоз қопланган деворга қўлини текизган эди, эшик бор экан, очилиб кетди. Қанчалик синчков бўлмайин, шу сип-силлиқ девор ортида хона бўлиши мумкинлигини ўйимга ҳам келтирмаган эдим. Хосхона эгаси ичкарилар экан, полковникка қараб им қоқди ва менга ҳам мулозамат қилган бўлди:
– Келинглар, силарам овқатланиб олинглар.
Карахт ўтирган Элмирза ака “овқат” сўзини эшитиб, менга ялт этиб қаради. Изн берсам, мезбонларга қўшилиб, хонаи хосга ўзини урмоқчи. Совуққина жавоб қилдим:
– Қорнимиз тўқ.
Эшик қия очиқ қолдирилди. Бирпасдан сўнг темир қошиқ ва санчқилар билан чинни идишлар ўртасида шарақа-шуруқ “жанг” бошланди. Иштаҳани қитиқловчи таом ҳиди димоғимиз орқали ошқозонимизга илондек ўрмалаб кириб олди.
– Табака! – деди Элмирза ака ғазаб билан ва менга кўзлари қинидан чиқиб кетгудай бўлиб тикилди: “Бу қандай гап?”
Бандасининг иродасини букишнинг бир йўли, деб жавоб бердим. Хаёлан. Янаям асабийлашсин, эзилсин, қаерда ўтирганини англаб етсин. Қарабсизки, ўз-ўзидан ювош тортиб қолади. Соатимга қарадим: 13:37. Озод ва эркин одамлар насибасини паққос тушираётган палла. Кечадан бери туз тотмаганим эсимга тушди. Гангир-гунгур суҳбат, олинг-олинг, биллур қадаҳлар жаранги, енгил кулги. Ўзимни қанчалик бепарво тутмайин, қорним қулдираб кетди. Хаёлимдан нималар ўтмади дейсиз. Ғалвага аралашмай, тилсиз-забонсиз, лекин қулоғини динг қилиб ўтирган ҳамроҳимга кулимсираб қўйдим. Ранги-қути учган. Қизарган кўзлари бесаранжом. Бутун вужудидан, кўрган кунимиз қурсин, деган алам ёғилиб турибди. Элмирза ака кунимга яраётгани менга таскин берарди. Ҳарна-да.
Тановул аҳли бир соатдан ошиб хосхонадан тишларини намойишкорона кавлаб, тамшаниб, кекириб чиқди. Коньяк ичилган бўлса керак, иккаласининг ҳам юзи дурустгина қизарган. Қошимни чимирдим.
–Хў-ўш, – деди прокурор курсисига жойлашиброқ ўтиргач, завқ билан. – Нима қилдик? Шуйтиб ўтираверамизми?
– Салқингина жой, ўтирсак ўтирибмиз-да.
Пичингим сал эсанкиратди, чамаси.
– Менга қаранг, – деди у мулойимлик билан. – Бизга ҳам раҳмингиз келсин, ахир! Кимдан хато ўтмайди?
– Тўғри, аммо…
– Уч минг!
Назаримда, мақоламнинг нархи кўчадаги ҳароратдан ҳам тез кўтарилиб борарди. Яхшиямки, салқинлатгич шалоғи чиққан трактордай ғир-ғир қилиб турибди. Хонангда нимадир ғириллаб турса, гапингни хуфиёна ёзиб олишларидан чўчимасдан, отбозорда юргандек бемалол савдолашсанг бўлади.
– Келинг, беш минг! – деди орқасини узмай, эрмак қилаётгандек. – Розимисиз?
Айни пайтда, бу гапларни айтар экан, кўзларимни тинимсиз таъқиб этаётганини сезиб турардим. Энди у очиқдан-очиқ бекинмачоқ ўйинига ўтган эди. Кўзойнаги ортидан сирли жилмайиб турган кўзлари баъзан совуқ тус олади. Лаблари маҳкам қимтилган. Ана шу қимтилган лаблари уни сотиб қўйди: “Чўчияпти!”
Адолат посбонлари билан “савдомиз” чўзилган сари ҳамма замонлардан гоҳ барқ уриб очилган гул, гоҳ номуси топталган тул қиёфасида ўтиб келаётган нозикниҳол – адолат биздан тобора узоқлашиб борарди. Унинг ўксик кўнглини кўтариш илинжида “хўжайинлари”дан жонини сўраб олишга ҳарчанд тиришмайин, уринишларим беҳуда кетмоқда эди. Ўзимни ночор-нотавон сезардим. Сезганим сайин бу мушкул қафасдан қандай қутулишни ўйлардим. Энди жўнгина қутулиш билан кифоялангим йўқ. Кажлигим тутган, ўзимча ўйлаб топганим – “ғалаба байроғи”ни шу ерга, қовурилган жўжа ҳиди тутиб кетган мана шу бефайз хонага тикиб-қадаб кетишим зарур, деган қарорга келган эдим. Токи, мени авраётган мана бу кимса кўзлари тупроққа тўлгунича эслаб, тавбасига таяниб юрсин! “Журналист” сўзини эшитса, илон чаққандай сесканиб, ўрнидан сачраб туриб кетадиган бўлсин!
Тиззамдаги қора сумкамни очдим. Тоқатни тоқ қиладиган даражада шошилмасдан, имиллаб ручкамни олдим. Таваккал! Блокнотимнинг тоза-озода варағига аввал 2000, сўнг 3000 кейин 5000 рақамларини катта-катта, салобатли столи ортидан ҳаракатларимни бетоқат кузатаётган прокурор бемалол кўрадиган қилиб ёзгач, “=” белгисини қўйдим. Бу ҳам бир гап-да.
Хонага жимлик чўкди. Дафтаримда яна бир битик пайдо бўлди: 153, “3”. Бошимни кўтариб, ҳеч нарса бўлмагандай Элмирза акага қарадим, у нигоҳини олиб қочди. Учаламиз ҳам сўнгги рақамлар ва ҳарф Жиноят кодексининг пора беришга оид моддасининг энг даҳшатли банди эканини англаб турардик. Айбдор деб топилган кимса камида ўн йилга қулоғини ушлаб кетади. Элмирза ака билан мен ҳам, полковник билан прокурор ҳам – ҳаммамиз омон чиқишимиз душвор бўлган тор қафасга тушиб қолганга ўхшардик ҳозир. Бу қафасдан бизни энди фақат мўъжизагина қутқаради. Рақибимнинг туси ўзгариб, лабларигача оқариб кетди. Барибир бўш келмади. Далолатини давом эттирди:
– Кекса ота-онангиз оддий деҳқон одамлар экан. Бунинг устига, жўжабирдай жон…
– Бас! – дея бақириб юборганимни ўзим сезмай қолдим. – Беш миллион берсангиз ҳам – бўлмайди!.. Бўлмайди, вассалом! Сиздай… сиздай инсондан пора оладиган мана шу қўлларимни шартта чопиб ташлайман!..
Ҳайқириғимдан ҳамма чўчиб тушди. Кўзларим чақчайиб, юзимнинг лавлагиси чиқиб кетганини сездим.
– Сиз ўйлайсизки… – деб сўз бошлаган эди, гапи бўғзида қолди.
– Мен ҳеч нарсани ўйлаётганим йўқ! – деб ўшқирдим энди.
– Гап шуми? – деб сўради у андак жим қолгач. Унинг ҳам бети ловиллаб кетган эди.
– Гап шу!.. – дедим муздай совуқ, пўлатдай метин оҳангда. – Бир бошга – бир ўлим!..
– Шундай денг? – У совуқ кулимсиради. – Начора. Ёш экансиз. Жувонмарг бўп кетманг дейман-да, ука. Бўлмаса-ку…
У бирпас пешонасини силаб турди-да, шартта ёнига бурилиб, телефон тугмачасини босди:
– Хосият опа, кутиб ўтирганлар бўлса айтинг, қабул тугади. Кетаверишсин.
Не ажабки, стол четида, қизил папка орасида ётган мақоламнинг бирдан бахти очилиб кетди. Прокурор ручкасини олди-да, дарди кўндаланг келган хулосани сўнгги варағига зарда билан ёзиб, имзо чекди. Қора эмас, кўк эмас, қизил рангли муҳрини босди. Босар экан, муҳрга куфлаб ҳам қўйди. Ирим қилди-ёв! Тўқ ҳаво рангдаги хати бир текис ва чиройли эди. Имзоси салобатли. Мен бақувват ҳам, деган бўлардим.
– Мана! Мурод ҳосилми? – деди у энди кўзларимга тик боқиб.
– Раҳмат! – дедим самимий. – Мард инсон экансиз!
–Сиз худо урган қайсар экансиз, – деди у. Бу гапи қулоғимга алқашдек, ҳатто аканинг ўз укасини эркалашидек туюлди. – Олса, ишини олар. Сталин замони эмас-ку, отиб ташламас!..
Вужудимни ширин бир титроқ чулғаб олган, рақибимнинг ҳам чеҳраси ёришиб кетган эди. Самимийлик, жўмардлик инсоннинг юзига нур, чирой бағишлайди, деган ўй ўтди кўнглимдан. Боя кўзимга ўтакетган каззобдек кўриниб турган одамни бирдан бағримга босгим келди.
– Тағин мени юзини сидириб ташлаган баттол экан, деб ўйламанг, – деди у кўзлари хуррам тортиб. – Сизга ҳавасим келди. Жуда маҳкам одам экансиз. Ўзим ишонч ҳосил қилиш учун ағдан-бағдан бир туртиб кўрдим-да. Исми-расми шундай. Оғир олмайсиз…
– Ўртада гина-кудрат қолмаса бўлди, – дедим. Дилимни хуфтон қилиб турган ваҳима қандай келган бўлса, шундай тўсатдан йўқолганини сездим.
Прокурор – сохта бўлса-да табассум билан ва дадил, полковник эса синиқ жилмайганча ва совуққина хайрлашди. Ҳар иккаласи ўзининг фотиҳаси ўқилганини англаб турарди. Шундай бўлди ҳам: қўзғалган тиш жойида қолармиди? Минг қилсаям, инсофи бор экан.
– Опажон, мабодо, сизда анальгин топилмайдими? – деб сўрадим котибадан бизни кузатиб чиққан прокурор эшитадиган қилиб ва кўзимни қисиб қўйдим. – Бошим ёрилиб кетай деяпти.
– Йўқ, – деб тўнғиллади котиба. – Бу ер аптека эмас.
Прокурор ортидан эшик ёпилди. Энди у кириб полковникни боплаб тузлашига ишончим комил эди. Опа шивирлади:
– Омадинглар бор экан. Нариги идорадан келган иккитаси бу ерда пойлаб ўтирган эди. – У тизилиб турган курсиларга ишора қилди. – “Кетаверишсин” деганларидан кейин, хайрият, қораси ўчди.
– Раҳмат, опа! Сиз бизга катта ёрдам қилдингиз!
–Зиғирчаям ҳайиқмадинг, ука, қойилман! – деди Элмирза ака кўзлари ола-кула бўлиб.
– Дори берайми? – деб сўради Хосият опа. Бизга меҳрибонлик қилаётганидан ҳузурланаётгани чақнаб турган кўзларидан сезилиб турарди.
– Майли, берақолинг. Асқатиб қолар.
– Ақлли аёл экансиз, – деди Элмирза ака ҳаяжон билан. – Минг раҳмат!
– Мен ҳам мактабда шеърлар, мақолалар ёзардим… – Опамизнинг баҳри-дили очилиб кетган эди. – Тақдир экан, ҳамшираликдан нарига ўтолмадим. Ўн беш йилдан бери шу ерда шўрпешоналарнинг ярасига шўрпахта босиб ўтирибман.
Бундай ҳолатда, бундай гапларни эшитганида бошқалар нималар дейди, билмайман. Бир хаёлим, опанинг шўрпахта босиш учун яратилган сертомир қўлларидан ўпгим келди.
Кўчага оёқ қўйганимизда кўпкаридан чиққан отдек роса бўларимиз бўлган эди. Лекин анча салқин тушиб қолганини кўриб, янаям енгил тортдик. Аммо зуғум ҳали тугамаган эканки, мақола муаллифини эзиш навбатини, кутганимдек, энди Элмирза ака олди:
– Эрталабдан бери идорама-идора санқиб юрибмиз, – деб тўғиллади. – Бугунги иш буткул ҳаром ўлди. Редактор энди мени ейди.
– Айтманг, ака! – дедим. – Бугун ҳаётимиздаги энг унутилмас кун бўлди.
– Ҳавойи гапларни қўйсанг-чи. Ерга туш, ука, ерга…
– Ҳавойи эмас, ака! Қиморда қўлимиз келди-ю, ганакдан катта хирмон кўтардик. – Иссиғида қутулмасам, сочимни ўстирмай қўйишини билардим. Иннайкейин, эрталабки суханим синмасин. – Энди сизга чўтал бермасам бўлмас!
– Ана бу бошқа га-ап. Томоғим такиллай бошлаганига неча фасл, неча йил бўлди…
– Меники ҳам, – дедим. – Лекин чанг босган бу абгор шаҳарда тозасидан топилармикан?
– Бошқа бировни билмадим-у, чўталчиларга албатта топилади.
– Унда, қани, бошланг, кетдик…
Борлиқ гўё уйқудан уйғонган келинчакдай. Жазираманинг тафти кескин қайтиб, кўча-кўйга жон кирган. Кун бўйи олов пуркаб чарчаган қуёш ўз қилиғидан изза тортгандай юзлари қизариб, чаккалари бўзариб, уфқ ортига тезроқ яшириниш пайида. Машиналар, одамлар, ҳар хил овозлар гавжумлашган. Болалар чувиллаган, кулган, қийқирган. Белларига пешбанд боғлаган қиз-жувонлар уйларининг олдига сув сепиб, супирган. Олам қушларнинг чуғур-чуғурига тўлган. Осмонда пайдо бўлган оқ булутлар енгилгина сузиб юрибди. Дарахтлар кун ботиш томондан эсаётган майин ва салқин шабадада япроқларини ва шохчаларини енгил силкитиб, рақсга тушгиси келаётгандай.
– Янги ой кўринганда об-ҳаво ўзгаради, – деди Элмирза ака. – Майнам ҳар қандай синоптикдан зўр ишлайди, демаганмидим…

* * *

Орадан ўн уч йил ўтгач, 199… йил 19 август, якшанба куни кундалигимда шундай сатрлар пайдо бўлди:
“Кеча раҳматли Элмирза аканинг тўнғич ўғли уйланди. Тўй “Манзур” ресторанида бўлди. Ака ҳаёт бўлганида, балки бориб ўтирмасдим. Уч йил бурун фалаждан кетган қаламдошимнинг ҳурматини қилдим. Танимасни – сийламас. Бегонасираб, четроқда турган эдим, икки юзи қип-қизил бир одам олдимга қўл чўзиб келди:
– Сизниям кўрадиган кун бор экан-ку, биродар!
–Раҳмат… – Унинг қўли терданми ё сувданми, билмадим, жиққа ҳўл эди. Ғашим келиб, дастимни чўнтагимга тиқиб, артиб олдим.
– Танимадингиз-а?
–Иссиқ юлдузингиз жуда таниш кўриняпти, – дедим юзимга табассум ифодасин сочишга ҳаракат қилиб. – Фақат аниқ эслай…
– Паролни айтайми?
– Парол? Қанақа парол?..
– Паролни айтсам, дарҳол эслайсиз. Танийси-из! – Ундан гуп этиб арақ ҳиди келди. – “Сирли зирак” деган мақолангиз эсингиздами? Болохона… Пастқамгина ҳовлида сизга пешвоз чиққан йигит…
– Эй, шундан келмайсизми! – Мен яйраб кетдим. – Буни қаранг!..
Айтишича, синглиси Санобар аллақачон уйли-жойли, бола-чақали бўлиб кетган. Ҳозир мактабда бошланғичга дарс беради. Қайсидир йили ҳовлини янгилаш учун болохонани бузишса, полининг тагидан ўша йўқолган матоҳ – тилла зирак чиқибди… “Ўғри” дугона – Нарзияни сўрадим. Тўйдошим истар-истамай қўл силтади. Милицияга чақириб безор қилаверганларидан кейин ҳамма ундан ўзини опқочадиган бўпқолган экан. Университетдан оёғи узилибди. Турмушгаям чиқолмабди, бечора. Охири бедаво дардга чалинибдию ўттизга кирар-кирмасдан ўтиб кетибди.
Лабимни қаттиқ тишладим. Раҳматли бош муҳарриримиз ёдимга тушди. Ўшанда у мақоламни ўқиб, мени ўтқазарга жой тополмай қолган эди. Бор-йўғи битта сўзни – “Эътиборсизлик” деб қўйган сарлавҳамни ўчириб, “Сирли зирак” деб ўзгартирган эди, холос. Яна надомат билан айтган эдики, ҳаёт ўзи шунақа, оғайни. Тепага чиқиб олган бир тўда одам ўз ҳаловатини ўйлаб, пастдагиларни ҳар кўйга солаверади. Тош асридаям шундай бўлган. Ҳозир ҳам шундай. Одамзод ўзгармайди. Цензураям шундай бир ўйин-да…”

“Тафаккур” журнали, 2022 йил, 4-сон.