Қулман Очилов. Тўн (ҳикоя)

Шахмат – зўр ўйин. Жой ҳам, мавсум ҳам, ёш ҳам танламайди. Айниқса, ортиқча харажат талаб қилмайди. Ишқибозлигу хафсала, топилса – ароқ, топилмаса пиво ҳам бўлаверади. Шавкат Ғиёсович билан Ҳалим Салимович бу ўйинни шунинг учун яхши кўради. Иккаласини қарийб йигирма йилдан бери иноқ-аҳил, қадрдон қилиб юрган ҳам шахмат. Кун пешиндан оғди дегунча бири иккинчисига секин сим қоқади:

 – Шавкат Ғиёсович, онангиз сизни фақат меҳнат учун туққанмилар, дейман? Ёшгина жонингизни бунча қийнайсиз, ахир?

 – Тўртинчи синфдан бери аҳволим – шу, оғажон, – дейди Шавкат Ғиёсович яйраб. – Ҳужжатларни тайёрлайман, таҳрир қиламан, тўғрилайман. Шунга ҳам қирқ беш йилдан ошибди. Қирқ беш йилдан ошибди-ю, раҳмат, дейдиган мард йўқ. Меҳнатнинг ҳам қадри бўлсин экан.

 – Нега тўртинчи синфдан бери? – деб юзинчи, балки мингинчи марта сўрайди мувожири. Чунки, биладики, бу саволнинг жавоби ҳамсуҳбатига катта завқ-шавқ ва ҳузур бағишлайди. Шавкат Ғиёсович шу йўл билан ўзининг ғоят заҳматкаш, “меҳнат учун туғилган” одам эканлигини писанда қилиб ўтишни жуда хўш кўради.

 – Тўртинчи синфда ўқиётганимда тоғам, раҳматли, синф раҳбаримиз бўлганлар, – дейди у. – Конспектларини, журналларини, яна аллақандай дафтарларини қўлимга бериб, яхшилаб кўчириб қўй, Шавкат, дердилар-да, ўзлари стадионга, тўп тепгани чиқиб кетардилар. Нима эмиш, ҳусни хатим чиройли эмиш. Шунга ҳам қирқ беш йил бўлибди. Қирқ беш йилдан бери қоғозга кўмилиб ўтирибман.

 Бошқа одамнинг бундай гаплардан энсаси қотиши табиий. Лекин Ҳалим Салимович парво қилмайди, бўлар-бўлмасга жиғибийрони чиқадиган одати йўқ. Негаки, ҳаёт ўзи шунақа, ҳамма ўзича фақат ўзим ишлаяпман, фақат ўзим қойил қиляпман, осмонни фақат ўзим суяб турибман, деб ўйлайди. Бошқалар, масалан, қўшни хона, бошқа бўлим ёки идорадаги ходимлар ҳақида гап кетганида: “Ҳеч ақлим етмайди, шу одамлар кун бўйи хонасида нима иш қилиб ўтирар экан-а?” деб ажабланади. Ўша қўшниларининг кўнглига қўл солиб кўрсангиз эса зорланишидан ёқа ушлайсиз: “Ишонмайсиз, лекин ишнинг кўплигидан бошимизни қашилашга қўлимиз тегмайди!”

 – Майли, шукр қилинг, – деб далда берган бўлади Ҳалим Салимович. – Қоғозга кўмилиб, ҳеч кимдан кам бўлган жойингиз йўқ. Кимсан, Шавкат Ғиёсовичсиз. Оёғингиз узангида – каттакон илмий тадқиқот институти директорининг ўринбосарисиз. Ўлмай-нетмай пенсия ёшига етиб олганингизнинг ўзи катта бахт, ака. Не-не тенгдошларингиз шундай кунларга етолмай ўтиб кетди-ку.

 – Шукр, дейман, албатта!

 – Дарвоқе, яна бир қўлгина эзиб қўйсам, нима дейсиз? – деб рақибининг қитиқ патига тегади Ҳалим Салимович, институт илмий котиби.

 – Кучингиз етармикин, оғажон? Кеча уч марта эзилганингиз камлик қилдими?

 – Кеча шошилиброқ турган эдим. Бунинг устига, юбилейингиз олдидан кайфиятингизни бузгим келмади. Дарвоқе, юбилейга тайёргарлик ишлари қалай бўляпти?

 – Тайёргарлик жойида. Келгуси якшанба куни кечқурин Юунсободдаги “Бедана” ресторанига қадам ранжида қилаверасиз. Тағин ўша кунга бошқа бировдан заклад олиб қўйманг. Биламан, сизнинг ҳам муридларингиз кўп.

 – Ух-ух! Мана бу ароқдан бир қўлгина олинг, мана бу жиздан енг, мана бу тандир кабобдан газак қилинг, деб жонимизни роса қийнар экансиз-да, а!

 – Биз учун бир марта қийналсангиз нима бўпти, оғажон.

 – Бир марта қийналишга-ку, розимиз. Лекин, эртаси куни “супра қоқдиси”га ҳам келмасанглар бўлмайди, деб яна қийноқ-қистовга оласизми, деб хавфсираб турибман-да.

 – Асло, хавфсираманг, иним! Бундай хавф йўқ. Бўлмайди ҳам!

 – Хм-м. Начора… Лекин бу гал қуруқ ўйнамаймиз. Ютқизган – пиво олиб беради. Маъқулми?

 Ҳалим Салимович рози бўлди:

 – Сиз пиво билан сийлайман дейсизу, биз бош тортсак – гуноҳ. Келинг.

 – Ҳозир. Номеримни сизнинг телефонингизга улаб, секин чиқиб бораман.

 Кўп ўтмай Шавкат Ғиёсович қўшни қаватга – Ҳалим Салимовичнинг торгина хонасига жиддий қиёфада кириб келади. Башанг кийинган – ҳаво ранг ёзги костюм-шим, кўк кўйлак, кўк галстук. Сийраклашиб қолган оқ сочлари ортига силлиқ таралган. Қўлида – қалин папка.

 – Котибамга хўжаликлардан хабар олгани кетяпман, дедим, – деди у папкасини ойнаси кўчган шкаф тахмонига ташлаб, костюмини стул суянчиғига илар экан. – Ҳавонинг ёнишини қаранг. Яхшиям кондиционер бор.

 Мезбон эшикни ичкаридан қулфлаб, локлари кўчиб кетган сарғиш столининг тортмасидан аввал каттакон шахмат қўтисини, сўнг иккита оқ пиёла, ярим шиша ароқ олади. Шахмат доналарини стол устига шалдиратиб тўкади.

 – Барака топгур, секинроқ!

 – Қўрқманг. Хўжайин мажлисга кетди. Ўзим кўрдим.

– Деворда сичқон бор, сичқонда…

 -…қулоқ. Ҳадиксирамасдан, қўрқмасдан яшашни қачон ўрганасиз, Шавкат Ғиёсович?

 – Энди бўлган-турганим – шу. Букрини нима тўғрилашини биласиз-ку.

 Доналар терилгач, баҳс бошланади: ким оқ доналарда ўйнайдию, ким қорада? Ҳалим Салимович офтобда қорайган, юғон қўлларини ортига яшириб, гугурт донасини каттакон кафтларидан бирига жойлайди.

 Шавкат Ғиёсович ўйинни бошлайди.

 Пиёдалар энди жиддий баҳсга киришиб, пиёлаларга иккинчи бор шароб қуйилганида эшик қулфи шиққиллади. Шахматчилар бир-бирига тикилиб, жим бўлиб қолди. Эшик энди секин тақиллади. Шавкат Ғиёсович ўғрилик устида қўлга тўшгандек, шахмат тахтаси устига шкафда ётган эски газетани олиб ташлади. Ҳалим Салимович, пиёла билан шишани ғалладонга тиқар экан, кулди:

 – Бунча қалтирайсиз, ака?

 Эшик бу гал қаттиқроқ таққиллади.

 – Директорга ўхшайди! Иш расво! Бирортаси сотган кўринади!..

 – Ким?

 – Мен “Соҳибкор” фирмасиданман. Ҳалим ака бормилар? Чопон олиб келгандим.

 “Соҳибкор” – институтга қарашли фирма.

 – Ҳозир. – Ҳалим Салимович эшикни очди. Хонага қилтириққина бир йигитча каттакон елим ҳалта кўтариб кирди.

 – Омонулла ака бериб юбордилар, – деди ва рўпарасидаги икки одамга синовчан қаради. – Ҳалим акага.

 – Ҳалим менман. Шкафга солиб қўйинг.

 – Тўхта! – деди Шавкат Ғиёсович. – Бу қанақа чопон?

 – Кўк чопон, – деди йигитча.

 – Ҳамма нарсанинг кўки яхши, – деди Ҳалим Салимович тагдор қилиб.

 Йигитча сарғайган тишларини кафти билан яшириб кулди.

 – Сумкангни оч-чи, -деди Шавкат Ғиёсович.

 Очди. Ялтироқ кўк матодан тикилган қалин чопон чиқди. Чорсу бозорида юз мингга бундай чопондан ўнтасини олиш мумкин.

 – Бу кимга? – У Ҳалим Салимовичга қаради.

 – Келгуси якшанба куни “Бедана” ресторанида муборак ёшини нишонлайдиган қадрдонимизга!

 – Ўша қадрдонингиз мабодо картошкафуруш эмасми?

 Ҳалим Салимович пастки лабини тишлади. Қизарди.

 – Ука, сан бориб, Омонуллага айт, менга тезда телефон қилсин, – деди анграйиб турган йигитга. – Тезда! Хўпми?

– Хўп!

Эшик ёпилди.

– Бунақа эмас-да, оғажон! – деди Шавкат Ғиёсович.- Ахир ресторанга қуда-анда, ака-ука дегандай, қанча қариндош-уруғим келади. Ўшаларнинг олдида шу увадани кийдирасизларми менга. Дурустроқ, зарбоф тўнга пулларинг етмаган бўлса, айтинглар, ўзим қўшай. Лекин, мени бунақа шарманда қилманглар! Илтимо-ос!..

Шавкат Ғиёсович эшик томон юрди.

– Ҳаммаси – Омонулланинг иши. Мен у болага зар тўн бўлсин, дегандим. Ўзича доналик қилди. Нима эмиш, хўжайин элликка кирганларида оддий тўн ёпган эдик. Ўринбосарига зарбопидан кийдирсак, қандай бўларкан, дейди… Қўйинг, асабийлашманг. Тўғрилаймиз.

Шавкат Ғиёсович ортига бурилди:

– Тўғрилаймиз?! Тасодифан кўриб қолмаганимда нима бўларди? Шу увадани ресторанга судраб борармидинглар? Тавба! Мен шу институтнинг тупроғини неча йилдан бери ялаб юрганимни биласизми?

– Биламан, ака, биламан. Ўттиз йилдан бери.

– Ҳа-а, ўттиз йилдан бери! Сизга айтдим-ку, меҳнатнинг қадри йўқ, деб.
 
Шавкат Ғиёсович стул суянчиғидан костюмини юлқиб олиб, шкафдаги папкасини қўлтиғига қистирди-да, хонадан зарда билан чиқиб кетди. Шериги эса охиригача ўйналмай қолган шахмат доналарига маъносиз тикилиб қолди.