Қулман Очилов. Тўғри (ҳикоя)

Ҳасан дарслари тугаб, Қаршининг чеккасидаги автостанцияга етиб келганида қишлоғига қатнайдиган автобус алақачон кетиб бўлган экан.
– Талабага ўхшайсан,- деди чеккароқда оқ «Нексия»га суяниб турган эллик ёшлардаги қотма киши. – ыаерга бормоқчисан ўзи?
-Шўрбозорга.
-Уҳ-ҳу! Майли, беш минг бер. Уйинггача ташлаб қўяман. Ўзим Мойлижарга ўтиб кетаман. Уйинг катта йўлдан узоқ эмасми?
– Беш чақиримча бор.
-Анчагина экан. Розимисан?
-Хўп.
-Қайси институтда ўқийсан ўзи?
-Лицейда ўқийман.
-Ҳа-а.
 Ҳасан орқа ўриндиққа ўтирди. Елкалари осилиб турган кенг яшил пальто, каттакон қора телпак кийиб, ингичка бўйнига тугуни муштдай қизил галстук тақиб олган ҳайдовчи машинасининг олди ойнасини артишга киришди.
 «Кийиниши светофорга ўхшаркан», деб ўйлади ўспирин ва мийиғида кулиб қўйди.
 -Ака, мени ҳам олиб кетинг, – деган хансираган овоз эшитилди.
 -Қаерга борасиз, ўзи? – Ҳайдовчи ҳансираётган йигитга шубҳали назар ташлади.
 -Еттитомгача.
 -Қанча берасиз?
 -Уч минг. Ўн чақирим йўл-да.
 -Йўқ, камида ўттиз чиқади. Беш минг.
 – Майли, келишдик. Кеч тушиб қолди.
 Қалин қора жун каллапўшини қошигача бостириб кийган, уч-тўрт кундан бери тиғ тегмаган соқоллари оқ юзига ярашиб турган йигирма беш ёшлардаги тўладан келган йигит олди ўриндиққа ўтирди. Тамакининг ўткир ҳиди димоққа урилди.
 -Мен бир-иккита нон олиб чиқай, – деди ҳайдовчи. – Шаҳарники -мозорбосди.
Ҳайдовчи нонвойхонага қараб юриши билан йигит машинанинг ғалладонини очди. Икки даста минг сўмликка кўзи тушиб, «Ўҳ!» деб юборди. Шартта чарим курткасининг чўнтагига тиқди ва орқасига ўгирилиб, чап қўли билан Ҳасаннинг кекирдагидан олди:
 -«Миқ» этсанг, бошингни сапчадай узиб ташлайман, бола! – Курткасининг барини очиб, ҳаво ранг светирининг этагини кўтарди – камарига осилган қиндан пичоқнинг қора дастаси кўринди. – Тушундингми?
 Бармоқларига «Жора» деб ёзилган қўли муздан ҳам совуқ, омбурдан ҳам қаттиқ экан. Нафаси ичига тушиб кетган Ҳасан кўзи билан имо қилди: «тушундим!»
 -Сенга нима бўлди, йигитча? – деди ҳайдовчи Ҳасанга қараб, қора елимхалтадаги нонларни орқа ойна олдига жойлар экан. – Рангинг учиб кетибди? Мазанг йўқми, дейман?
 -Укамиз тумов бўпти, – деди Жора ва суянчиқнинг ёнидан қўлини ўтказиб, Ҳасаннинг болдирини яхшилаб эзди: «оғзингни оча кўрма!» – Иситмаси борга ўхшайди. Ҳозир тумов айни кўпайган маҳал. Ўзим ҳам икки кун бўлди тўшакдан турганимга. Йўтал деганингиз шиллиққуртдай ёпишди-ей! Ҳеч бунақасини кўрмагандим.
 Ҳайдовчи бошини тасдиқ маъносида тебратар экан, кулимсирагандай бўлди. Жора бурнини тортди. Машина жойидан аста жилди.
 -Шундай кунларда бу томонларга сизни қандай шамоллар учирди, ака? – деб ҳайдовчини гапга солди Жора.- Таксичига ўхшамайсиз? Ё тирикчиликми?
 -Йўқ, таксичилик ҳам, тирикчилик ҳам эмас, – деди ҳайдовчи бир зум ўйланиб тургач. – Мен муалимман, ука. Мактабда адабиётдан дарс бераман. Шаҳарга бир дард билан келувдим. Ҳарна бензин пулини кўтарар, деб одам олдим.
 -Тинчликми?
 Ҳайдовчи бу гал узоқроқ сукут сақлади.
 -Нима десам экан?- деди ниҳоят оғир хўрсингач. – Бу дунёда шундай одамлар бўлади, ука? Худодан ҳам, қонундан ҳам қўрқмайди. Харомдан ҳазар қилмайди. Фақат ўзининг тинчини, жиғилдонини ўйлайди.
Шаҳар ортда қолди. Машина қори эрий бошлаган равон йўлга чиқди.
 -Ҳаммасидан ҳам, ука, ўз пушти камаридан бўлган норасидаларини хор-зорликка ташлаб кетганларни кўрсам, тепа сочим тикка бўлади. Тутаб кетаман!
 Жора индамади. Яна бурнини тортди.
 -Бир ҳамсоямиз бор, – деди муаллим.- Оти Ёрқул. Касб-корининг тайини йўқ. Сўқим-да, бу ёғини айтсам. Тўйга борса, қорни ёрилгунча овқат ейди, ичади, охирида жанжал чиқаради. Ўзи жўжа бирдай жон – тўрт боланинг отаси. Хотини оёқдан қолганига анча бўлди. Қишда йиқилган. Фалаж. Сўқим эри тўрт боласи, ёши саксондан ошган ота-онасини ташлаб, шаҳарлик бир суюқоёққа эргашиб кетган.
 -Вой энағар-ей! – Жора ўрнидан бир қўзғолиб олди. – Уйига кеп турадими, ишқилиб? Бола-чақасидан хабар олгани?
-Илоё, келмайлар кетсин! Келади. Боласидан эмас, чақасидан хабар олгани келади. Янги йил олдидан қораси кўрингандай бўлувди. Худойим инсоф берибди-да, деб ўйладик. Эртаси куни ёқа ушладик: болаларига давлат берган нафақани қулайлаб кетибди. Бунга нима дейсиз?
 -Худо урган экан!..
 Жоранинг «Ҳиқ» этгани эшитилди. Нимадир «чирт» этиб узилгандай бўлди.
 -Шаҳарда нима қилиб юрибсиз? – деди у бир пасдан кейин хорғин овозда.
 – Шаҳарга, ука, шу сўқимнинг норасидаларига кийим-кечак олгани келувдим. Қариндош-уруғ, қўни-қўшни иккиз юз мингча пул йиғиб эдик.
 -Қанча?!.
 -Икки юз мингча.
 – Кийим олдингизми, ишқилиб?
 -Ололмадим-да. Душанба куни кийим бозори ишламас экан. Бола бечораларнинг кийими абгор. Бирининг этиги, бошқасининг телпаги йўқ. Пулни қайтариб кетяпман. Ана, олдингиздаги қутида ётибди.
 У Жорага қаради.
 -Об-бо! – Жора юзига биров тусатдан олов пуркагандай бошини илкис орқага ташлади. – Энди нима бўлади?
 -Нима бўларди. Индинга – чоршанба. Ургутга бораман. Улгуржи бозорида кийим-кечак мўл, анча арзон, деб эшитаман.
 -Бозор ёпиқ бўлса, нега бунча кеч қолиб юрибсиз? Ё пешиндан кейин келдингизми шаҳарга?
 -Йўғ-ей, азонда, суфи азон айтмасдан келганман, ука. Бу ерга Ёрқулбойнинг кенжасини олиб келувдим. Саккизга кирган. Гапиролмайди. Гунг. Шу бола пақирни карлар мактабига жойлагунимча кеч бўлди.
 Машина маторининг бир маромда гувиллаши одамни аллалагандай бўлади. Оппоқ қор босган кимсасиз далаларга оқшом туша бошлади.
 -Ўзингиздан сўрасак: ишлайсизми, ўқийсизми?
 -Йўқ, – деди истамайгина Жора.
 -Сизга боя бозорнинг олдида кўзим тушгандай бўлувди. Шунга сўряпман-да…
 -Бола бечора йиғлаб қолгандир?
 -Қайси бола?
 -Карлар мактабида қолган болани айтаман-да.
 -Ҳеч сўраманг, ука. Эрталаб уйидан биғиллаб йиғлаб чиққанди, ўзи. Мактабда зор қақшаб қўлимга, оёғимга ёпишди. Мени бу ерга ташлаб кетманг демоқчи-да. Юрак-бағрим хун бўлиб кетди.
 Ҳамма жим бўлиб қолди.
 -Отингиз нима, домулла? – деди бир пасдан сўнг Жора.
 -Ҳайдар. Сизники-чи?
 -Меники -Жовли. Лекин, домулла, зўр одам экансиз!
 -Нимам зўр, Жовлибой ука?
-Не бир одамлар бор, ўзининг боласига ҳам бурилиб қарамайди: ўладими, қоладими – иши йўқ. Сиз бировнинг гўдакларини деб буйтиб сарсон бўлиб юрибсиз. Қойил, домулла!
 -Бир-биримизни шундай кунда суямасак, аямасак, бу дунёда нима қилиб юрибмиз, Жовлибой!..
Жора – Жовли индамади. Бурнини тортди.
-Боласини тирик етим қилганнинг, етимнинг ҳақини еганнинг кўзларидан фақат ёш эмас, фақат йиринг эмас, ука, қон ҳам оқади. Тўғрими?
-Тўғри! – Жовлининг овози титраётгани сезилди.
 Ҳайдовчи йўлчироқни ёқди.
-Чарчадингизми, Жовлибой ука? Ё уйқу босдими? Жим бўлиб қолдингиз?
-Чарчадим, – Жовли бирдан Ҳайдар акага томон ўгирилди. – Бир гап айтсам, мени уришмайсизми, ака? Сўкмайсизми?
-Йўқ. Уришадиган, сўкадиган гап айтмассиз?..
-Сизга қалтис ҳазил қилдим, ака!
-Қачон?
-Боя, нонга кетганингизда. Шу қутичадаги пулингизни олиб, – у ғалладонни очди, – чўнтагимга солдим. «Қани сезасизми, йўқми?» деб ўйладим-да. Ҳеч замонда одам пулини шунақа жойга очиқ-сочиқ ташлаб қўядими, а?..
-Икковларинг ҳам бинойи йигитларга ўхшайсизлар-ку, – ҳайдовчи аввал ғалладонга, кейин Жовлига қаради. – Нимадан хавфсирайман?
 Сўнг қўшиб қўйди:
 – Қўяверинг. Шунга шунчами?..
-Мен ҳам етим ўсганман, ака, – деди Жовли синиқ овозда. Чўнтагидан иккиз юз минг сўмни чиқариб, ғалладонга қўйди. – Отам икки укам билан бизни ёлғиз ташлаб кетган.
 -Ҳозир тирикми?
 -Тирик деб эшитаман. Лекин қайси гўрларда юрганини билмайман… Мана, Еттитомга келдик. Мени чорраҳага етмасдан туширинг, ака. Чироқчига кетишим керак.
 Жовли машинадан тушиб, Ҳайдар муаллимга йўл кирани – беш минг узатди. Сўнг чўнтагидан бир даста икки юзталик чиқарди:
 -Ҳайдар ака! -деди овози титраб.
 Ҳайдовчи ички чироқни ёқди. Жовлининг кўзи ҳам, юзи ҳам ёришиб кетган, ҳаяжонда эди.
 – Домулла! – деди у эшикнинг очиқ турган ойнасига энгашиб. – Анави сўқимнинг гўдакларига кийим-кечак харид қилганингизда, сиздан илтимос, шу пулгаям бирор нарса қўшиб олинг!..
 У пулни ўриндиққа ташлаб, қаддини ростлади.
 -Сен, ука, – деди орқада қунишиб-қалтираб ўтирган Ҳасанга қараб ва кўзини қисиб қўйди, – тезроқ соғайиб кет… Раҳмат!..

«Шарқ юлдузи” журнали, 2015 йил, 6-сон.