Қулман Очилов. Савдо (ҳикоя)

Риэлторлик компаниясининг агенти — Жўра бошлаб келган навбатдаги харидорлар – қирқ ёшлардаги эр-хотин жуда маҳмадона экан. Етти қаватли уйнинг иккинчи қаватида жойлашган тўрт хонали квартирани обдон кўрди, текширди. Уларнинг хатти-ҳаракатларини юрак ютиб кузатиб турган уй эгаси — Сафар лабларини бот-бот тишлашдан ўзини тия олмади. Кўрган кунинг қурсин, дейдиган одам йўқ.
Эрга, қалин ҳаворанг светири, чоклари ситилиб кетгудай таранг тортилган қора жинсиси янада семизроқ кўрсатиб турган калтабақай ва тепакал йигитга, гўё ҳамма нарса маъқул бўларди:
– Полининг паркетлиги яхши, – деди у пишиллаб.
– Яхшию, лекин ғичирлар экан, – деди хотини. Қомати шамшоддек тик, ҳаракатлари дадил, қора сочлари эркакларникидек калта кузалган, кўзлари катта-катта, халат бичимли қизғиш кўйлаги ўзига ярашган бу чиройли аёлда ўн йигитнинг ғайрату шижоати борлиги сезилиб турарди. — Мижозларга маъқул бўлмаслиги мумкин. Биласиз-ку, европаликлар инжиқ бўлади.
“Маҳмаданагина экан, деб ўйлади Сафар. “Европаликлар инжиқ бўлиши”ни айтиши шартмиди?” Иддаоси аён. Демоқчики, кўриб қўйинг, ака, биз чакана одамлар эмасмиз. Уй-жойимиз, мол-дунёмиз бисёр. Сиз сотиш учун илҳак бўлиб, юз-кўзимизга жовдираб турганингиз мана шу квартирангизни биз кириб яшаш учун эмас, бирор чет элликка, иложи борича, тоза-озода, пулдор ва ишончли бирор европаликка ижарага бериш учун оляпмиз. Шу замонда ақлли одам уй-жойини кўпайтиради. Уй ҳам пулни банд қилиб туради, ҳам дурустгина даромад олиб келади. Беташвиш ва беғалва бизнес. Пулни пул топади. Буни Сафар ҳам яхши билади. Сафар ҳам бу дунёга кеча келгани, ё осмондан оёғини осилтириб тушгани йўқ. Майли, сингил, омадларингни берсин. Фақат, қўлинг пул кўриб, сал шошилиб, ҳовлиқиб қолганга ўхшайсан-да. Шуниси чатоқ. Шунисига ачинасан, киши. Қўй кўрмаган қўй кўрса, қува-қува ўлдирар. Охири бахайр бўлсин, ишқилиб!..
– Ёғочдан ясалган ҳар қандай полнинг баъзи жойлари ғирчиллаши табиий, – деди Жўра. — Қалинроқ гилам тўшалса, ғирчиллагани умуман сезилмайди.
Аёл Жўранинг гапига жавоб қилмади. Даллол билан тортишиб ўтиришни ўзига эп кўрмади, шекилли. Кулранг жимпери ориқ елкасида осилиб турган, ҳали қирққа кирмаган бўлса-да, юзини қалин ажин боса бошлаган Жўра уй эгасига қараб, “гапирсангиз-чи” дегандек имо қилди. Сафар ерга қаради. Даллол ўтган куни Сафарга қаттиқ танбеҳ берган эди: ака, сиз харидорнинг олдида муллаваччага ўхшаб соме бўлиб турманг. Тортинманг! Уйни мақтанг. Нима? “Алдаш қўлимдан келмайди?” Ё, тавба! Мен сизга бировни алданг деганим йўқ-ку, ҳали. Сиз борини айтинг. У бармоқларини навбати билан букиб, санай кетди. Уйингизнинг шаҳар марказида, метронинг биқинида жойлашганини, деворлари қишда совуғу ёзда жазирамани қайтариши мушкул бетондан эмас, қўлинг ўргулсин пишиқ ғиштдан эканини, махсус лойиҳа бўйича қурилганини айтинг. Ишонмаса, мана, болконни кўрсатинг: болкон эмас, стадион! Эни – иккию қирқ, узунлиги – нақд ўн тўрт ярим метр. Бемалол футбол ўйнаса, бўлади, денг. Гапимга ишонинг, ака, шаҳарда бунақа кенг, бунақа пишиқ-пухта қурилган уй кам. Қўни-қўшнингиз жамиятнинг энг сара гуллари, шу жойга келганда Жўра сийрак қошларини айёрона учириб туширди ва ишшайди, – киборлар — элита эканини айтинг. Раҳматли, қайнотангиз, академик бўлганини ҳам қистириб ўтинг. Уялманг. Тагингизда, биринчи қаватда – истеъфодаги генерал, рўпарангизда – профессор, тепангизда катта бизнесмен, катта амалдор яшашини бемалол писанда қилаверинг. Уйнинг атрофи темир панжара билан ўралганию дарвозасида қоровул туришини, тўғри келган қаланғи-қасанғи ичкарига кира олмаслигини айтишни ҳам унутманг. Буларнинг ҳаммаси пул, ака, пул! Нархини оширади. Оғзингизга толқон солгандай сўппайи-иб турсангиз, уйингизни тўрт кило пиёзнинг пулига ҳам сотолмайсиз!..
– Ҳаммомнинг кафелини устаси фаранг терган экан, – деди эр. —Текислигини қаранг. Қойил!
– Устаси фаранг терганми ё устаси булғор, билмадим, лекин кафел советский, майдалигини кўрмаяпсизми, – деди аёл ҳаммомга менсимайгина назар ташлар экан. — Ҳозир ўзимизда, Ўзбекистонда бундан минг баробар чиройлилари чиқиб кетган. Бунинг ранги ҳам қорамтир, маллами-ей… Чироқнинг каттароғидан осишга тўғри келади. Бу ҳам қўшимча харажат.
“Ўткир экан! — деб хаёлидан ўтказди бу гал Сафар. — Бир тийиннинг устида ўмма туради!” Манаву бақалоқнинг бахти-да. Қизиқ, хонларга хотин бўлишга арзийдиган бу гулни юз кило гўштга ким, нима мақсадда қўшиб қўйди экан? Бирор корчалоннинг арзанда ўғлимикин? Ё синглимиз ўтирганни – ўпоқ, турганни – сўпоқ, деб инжиқлик қилавериб, вақти-соатида эрга теголмай, қари қиз бўлиб қолганидан кейин ноилож шу қориннинг этагидан тутдимикин?.. Нима бўлганида ҳам, укамиз гўшангага кирган кечаси жиловини хотинининг қўлига ўз ихтиёри билан тутқазгани аниқ. Шундай қилмаса, бундай ўктам аёл билан яшашнинг ўзи бўлмайди.
Кейинчалик Сафар бу икки ёш ҳақида хаёлидан кечган ҳар хил шубҳа-гумонлару тахминлардан узоқ йиллар ўзи уялиб, хижолат чекиб юради. “Нима қилай, ўша кунларда кўзимга ҳеч ким, ҳеч нарса кўринмас, фикру зикрим фақат уйни сотишда эди, – деб ўзини оқлайди у. — Лекин, ичимдагини сиртимга чиқарганим, қилиғини ёқтирмаганимни ўзларига сездирганим йўқ.”
Булар кейинчалик бўлган гаплар. Шу топда эса Сафар ўз хотинини — мудом эрининг соясига кўрпача тўшашга тайёр, қош-кўзи қоп-қора, юзидан табассум аримайдиган мулойимгина аёлни – эслади. Уни соғинганини ҳис қилди. “Манаву овқатни еб олинг, дадажони. Манаву кийимингизни кийиб олинг, дадажони. Кўча бугун сал салқинроқ. Пайпоқларингизни дазмоллаб, жойига тахлаб қўйдим, дадажони…” Йўқ, Сафар, ҳар куни ўн кило тилло туғиб берса ҳам, мана бу хонимчадай ҳукмдор аёл билан бирга яшай олмаган бўларди. Эр амри – вожиб. Эр хотинининг соясига айландими, тамом, рўзғордан барака қочади.
– Ошхонаси тоза-озода экан! — деди эр. — Газ плитанинг ялтирашини қаранг! Келинойимизнинг баҳоси — “беш”!
– Ялтирагани яхшию, лекин бу плитанинг заводдан чиққанига камида йигирма йил бўлган,- деди хотини.- Чақмоқ тоши йўқ. Олов ёқиш учун ҳар гал гугурт чақиш керак… Мижозларга бу ҳам маъқул бўлмаслиги аниқ. Демак, янги газ плита олишга тўғри келади…
Сафар эр-хотиннинг бу алфозда уй кўришини нимага ўхшатишини билолмай турган эди. Ёдига тушиб, мийиғида кулди. Аёл — янги қурилган объектни қабул қилиб олаётган нуфузли комиссиянинг раиси, эри — унинг котиби. Раис объектнинг кам-кўстини топиб айтади, котиб йўғон бўйнига қўшилиб кетган кичкина бошчасини ирғаб маъқуллайди. Ўнғайсизгина жилмаяди.
Ётоқхонада дераза ойнасининг бир қавати сингани, роми пластик эмас, ёғочлиги, болаларнинг хонасида эса деворларга “ажи-бўжи” расмлар чизиб ташлангани ҳам “комиссия”нинг назаридан четда қолмади.
– Булар майда-чуйдага ўхшаб кўрингани билан мижозларнинг ғашига тегиши аниқ, – деди “раис”.- Тўғрими, Жўрабек?
Жўранинг жони кирди. Квартира сотилса, унга пулнинг уч фоизи тегади.
– Ижарага қўймоқчи бўлсангиз, келинойи, -деди даллол. —Мен сизга чет элликнинг кўнгли кенгроқ, пули мўлроғидан топиб бераман. Ташвиш чекманг!..
Эр-хотиннинг “қилдан қийиқ топиб”, “гулдай квартира”ни ерга уриши Сафарнинг жонини ҳалқумига келтирди. Бошқа пайт бўлганида “бор-ей, тошингни тер! Сенга сотадиган уйим йўқ”, деб иккаласини ҳам чиқариб ҳайдаган бўларди. Аммо, ҳозир ҳаммасига чидашга мажбур: уйни кўтарган нархига тезроқ сотиши ва пулини қўлига олиши билан шаҳарнинг четроғидан арзонроқ бошқа квартира харид қилиб, қолганини қўлтиқлаб опасининг олдига югуриши керак. Икки буйраги ҳам ишдан чиқиб, беш ойдан бери диализда жони узилай, деб ётган жияни Жавоҳирни қутқариши керак.
Кўриш навбати меҳмонхонага келганида гўё мўъжиза рўй берди: аёл ҳайқириб юборди:
– Вой-бу-уй!.. Китобларнинг кўплигини қара-анг!..
Аёл бутун деворни — полдан шифтгача эгаллаган жавонлардаги ранг-баранг китобларни катта ҳайрат ва ҳавас билан тирноқларига тўқ қизил лак суртилган думбоққина қўлчалари билан силаб-сийпаб томоша қила бошлади.
– Шу китобларнинг ҳаммасини ўқиганмисиз, Сафар ака?
– Китобни олиб, ўқимаслик – гуноҳ.
– Орасида мабодо Ўктам Усмоновнинг “Гирдоб” романи йўқми?
– Бор. Нима эди?
– Бир куни телевизорда роса мақташди. Бирорта ҳам китобини ўқимаган эканман.
– Бошланди, -деди эри.- Уй кўрди тугади!
– Таниш-билишларим, магазинлардан суриштириб, тополмадим. Менга ишонсангиз, ўқиб чиқишим билан қайтариб берардим?..
– Бемалол…
Сафар жавондан қалингина кўк китобни олиб, аёлга тутқазди.
-Нози, сен бу ерга китоб ўқигани келганмисан ё уй кўргани? — деди хотинининг ҳаракатларини норози кузатиб турган эри. — Тавба! Китобни кўрса, ўзини томдан ташлайди-я, бу хотин!
-Ташласам нимаси ёмон, Собир ака?
-Ёмон жойи йўқ, – деб тўнғиллади эр. — Лекин ҳар ишнинг ўз вақти-соати бор-да.
-Сафар ака, кечирасиз, Юлдуз опам ҳозир қаердалар? — деб сўради аёл.
-Қайси Юлдуз опангиз? Хотинимми?- Ҳайрон бўлди Сафар.
Аёл ширин жилмайди. Жилмайиш асносида унинг юзи ғоят мулойим тортиб, янада чиройли бўлиб кетар экан. У тасдиқ маъносида бош ирғади.
– Қорақалпоғистонда. Кеча “Саломатлик поезди”да Нукусга жўнаб кетди. Нима эди? Сиз Юлдузни қаердан танийсиз?
Аёл унга бир парча қоғоз узатди:
-Китобнинг орасидан чиқди.
“Менинг қўлим етмаган юлдуз,
Тушларимда сени кўргайман.”
Сиёҳли ручка билан ёзилган ушбу сатрлардаги “Юлдуз” сўзининг тагига чизилган эди.
-Сиз ёзганмисиз шу хатни?
-Ҳа-а! — деб кулди Сафар. — Ёшлик йилларимизнинг шўхликлари-да. Китоб ҳам келинойингизники. Юлдуз шифохонада амалиёт ўтаб юрганида раҳматли Ўктам Усмонов ўз қўли билан дастхат ёзиб берган. Қаранг, ўчиб кетмагандир?
-Йўқ, мана! “Барча орзуларингиз ушалсин! 1990 йил.” Демак, китобни ўқиб, албатта қайтариб беришим шарт экан.
-Балли! Йўқса, келинойингиздан бошим балога қолиши аниқ!
-Иккалангизнинг ҳам хотиндан омадингиз келган экан, – деб кумуш тишларини кўрсатиб кулди эшик кесакисига суяниб турган Жўра. Бу гапни у киноя билан айтдими ё ҳавас билан, ҳеч ким эътибор бермади.- Қойил!
 -Нозима, уйни кўрайлик, ахир! — деди Собир бетоқат бўлиб. Чамаси, унинг рашки кела бошлаган эди. — Китобхонлар конференциясини бошқа пайт ўтказарсан!
 -Уй менга маъқул! Все! Оламиз! — Нозима ўзини юмшоққина оромкурсига ташлади. — Нархини келишинг!
 -Худога шукр-ей! — деди эри унинг ёнидаги курсига чўкар экан. — Уч ойдан бери оёғимда оёқ қолмади-я! Қани, Сафар ака, энди нархидан гапиринг. Қанча деяпсиз ўзи?
 “Раҳмат, Ўктам ака! Минг раҳмат! — деб пичирлади Сафар. – Охиратингиз обод бўлсин! Шу ишларим эсон-омон ҳал бўлиб, мушкулларимизни осон қилса, бир эмас, икки томлик китобингизни ўзим чиқарганим бўлсин!..”
 -Нега ўйланиб қолдингиз, ака? Нархини сўраяпман?
 -Жўра айтмадими? — деди Сафар харидорларни чўчитиб юборишдан ҳадиксираб ва савол назари билан даллолга қаради. Жўра “дадилроқ бўлинг” дегандек, бош ирғади. — Нархи – эл қатори…
 -Қанча? — деб сўради Нозима. Унинг овози ҳам, шахти-шиддати ҳам анча мулойимлашиб қолган эди.
 -Бир юз эллик.
 -Бир юз эллик? Ҳазиллашаяпсизми, ака?
 -Унақа одатим йўқ,- деди қизариб Сафар.- Лекин, дуппа-дуруст уйни тўрт кило пиёзнинг пулига олиб бўлмаслигини ҳам биламан.
 -Сиз қизишманг, ака, – деди жилмайиб Нозима.- Савдода қизиққонлик кетмайди. Мижоздан айриласиз.
 “Ақлли экан, – деб ўйлади Сафар. — Ўзига ром қилишниям биларкан. Узоққа боради”.
 -Қизишаётганим йўқ.
 -Унда нархини сал келиштиринг, – деди Собир. — Олайлик. Бизнинг пулимиз тайёр. Хоҳласангиз эртагаёқ санаб беришимиз мумкин.
 -Мен ўзимнинг сўзимни айтдим. Энди навбат — сизга.
 Эр хотинига қаради.
 -Юз, -деди аёл.
 Сафарнинг “Худога шукр-ей!” деб юборишига сал қолди.Чунки, беш ойдан бери бирор харидор тўқсондан ошмаган эди. Тўқсонга берай, деса, операцияю йўл харажатлари, квартирага етмайди. Ҳиндистонга бориб, операция қилдириб келишнинг ўзи бўладими.
 -Ука, ўзларинг, мол-дунё кўрган палаги тоза одамларга ўхшайсизлар, – деди Сафар ичидаги ҳаяжонни босишга ҳаракат қилиб. — Келинглар, бозордаги чайқовчиларга ўхшаб ортиқча тортишиб, майдалашиб ўтирмайлик.
 “Палаги тоза” деган мақтов Нозимага мойдек ёққани сезилди. Жойидан бир қўзғалиб олар экан Сафардан:
 -Ўзингиз нима иш қиласиз, ака? — деб сўради.
 -Мен босмахонада ишлайман. Инженерман. Сизлар-чи?
 -Бу ноёб китобларнинг ҳаммаси деҳқончилик экан-да? —деди Нозима. — Қарийб ҳамкасб эканмиз. Мен ҳам бир пайтлар газетада мухбирлик қилганман.
 Сафар “қайси газетада? Қачон ишлагансиз?” деб сўрагиси келди, лекин сўрамади. Шу топда бу эрка хонимнинг таржимаи ҳолини билишдан кўра, уйни сотиши муҳимроқ.
– Бизнинг ўз бизнесимиз, дўконларимиз бор,- деди Собир.
 -Баракалла! Энди бундоқ қилайлик: сизлар нархни секин-аста кўтаринглар, мен эса туширай. Қарабсизки, муросаи мадора, деганларидек, бир қарорга келамиз. Хўпми?
 -Хўп. Ана, бир юз беш! — деди эр.
–Собир ака, бунча тез!
–Сен жим тур, Нози!
–Ўтган ҳафта Сафар ака бир харидорга юз йигирмага ҳам бермаганлар.
Бандасининг мушкулини осон қиламан деса, жавонда йигирма беш йилдан бери турган китобу етти ёт бегона даллолнинг беозор ёлғони ҳам иш бераверар экан: бир юз ўттизга савдо пишди.
 Жўра ҳужжатларни тўлдиришга киришди.
 -Қанча бай пули берасизлар? — деб сўради у харидорлардан.
 -Қанча бериш керак?
 -Беш фоизини, – деди Жўра ва Сафарга қараб муғомбирона кўз қисиб қўйди.
 Аёл тасмаси тилларанг қизил сўмкачасидан пул чиқарди.
 Сафар ундан олган бай пулиси ҳақида тилхат ёзиб берди. Икки эркак қўл ташлашди: баракасини берсин!
 Жўра никоҳни қайд қилаётган ЗАГС ходимидек, огоҳлантиришга тушди: уй-жой олди-сотди қоидасига биноан Сафар ака уйни сизга шу келишилган нархга сотишдан бош тортса, олган бай пулини икки баравар қилиб қайтариб беради. Сиз квартирани олиш фикридан қайтсангиз, мана бу пулдан умидингизни узасиз. Қайтариб олмайсиз! Тушунарлими?
 -Биламиз! Худога шукр, биринчи марта уй сотиб олаётганимиз йўқ, – деди Собир.
 -Узоғи билан бир ҳафтада нотариуснинг хонасида учрашамиз, – деди Жўра. — Ҳужжатлар тайёр бўлиши билан ўзим сизга телефон қиламан…

* * *

Лекин орадан икки кун ўтгач, у харидорларга эмас, Сафарга сим қоқди:
–Ишлар чатоқ, ака. Анаву икки гўрсўхта айнимоқчи!
–Қанақасига айнимоқчи? Шунча бай пули берди-ку?
–Барибир айнимоқчи! Пулни қайтариб берманг. Сизга она сутидек ҳалол.
–Тавба!..
–Бугун оқшом уйингизда бўласизми?
–Ҳа…
 Сафарнинг кўз олдига одамлар елкама-елка кўтариб бораётган тобут, ортидан зор қақшаб йиғлаб қолаётган опаси, ёлғизгина опаси келди. Ароқ ичишдан бошқа ишга ярамайдиган пиёниста поччаси, отасига қўшилиб, соғ бошига сақич ёпиштириб ўтирган бетайин жияни Жавоҳир учун Сафар узатган оёғини ҳам йиғмасди. Лекин опаси учун сотаётган эди бу уйни. Ота-онасидан эрта етим қолган Сафарни шу опа ўқитган, шу муштипар уйлантирган, шу бечора аёл одам қилган эди. Сафар ўтган куни, уйнинг бай пулини олдим, деб суюнчилаганида опаси қанча хурсанд бўлган, қанча дуолар қилган эди. Иккинчи қаватдаги квартирасига аранг чиқиб-тушиб турган, пуфланган шардек шишиб кетган Жавоҳир, синглиси, келин, опа – ҳаммаси йиғлаган эди. Қувончдан йиғлаган эди. Харидорлар айниганини эшитиб, энди яна йиғлайди.Чорасизликдан йиғлайди. Жияни эса узоққа бормайди…
 “Жавоҳирга бир гап бўлса, – деган эди опаси, – келин уйимизда бир ҳафта ҳам ўтирмайди. Тавба деб гапирайину, кўзи ўйнаб, оёғи ликкиллаб қолган, Сафаржон… Ҳам ўзини, ҳам шу икки гўдакни хор қилади…”
 Шўрлик опасининг пешонасига бир умр етим боқиш ёзилган экан-да!.. Опа ҳеч кимдан Сафардан ҳам хафа бўлмайди. Ичидан куяди. Умри бўйи нашриётда маҳаррир бўлиб ишлаган бу аёлнинг одати шунақа: “Бандасидан хафа бўлмасликка ўрган, ука, – дейди. — Шунда яшашинг осонроқ бўлади. Аламзадаликда яшаш – азоб…”
 Кечқурун уйга яна эр-хотин, уларга қўшилиб қишнинг совуғи кириб келди. Нозима узр сўраган бўлди. Мўлжаллари ўзгариб қолган эмиш.
–Инсоф қилсангиз, пулимизни қайтариб берарсиз, – деди Собир. — Ҳеч бўлмаган-да ярмини.
–“Инсоф қилсангиз?” Лафз-чи? Лафз қаерда қолади, ука? — деди Сафар.- Эркак одамнинг гапи битта бўлмайдими?
–Тўғри, ака, лекин, вазият ўзгариб қолди-да! — Собир ерга қаради.
–Очиғини айтайми?- деди хотини. — Биз сал нарироқдан бошқа квартира топдик. Худди шундай. Нархи анча арзон. Шароити анча яхши. Бу — савдо, ака. Ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз.
 Диванда ранги-қути учиб ўтирган Сафарнинг хўрлиги келди. Бошидан ўтмаганнинг қошидан ўтма. Бу энағарларни уриб бўлмаса, сўкиб бўлмаса, мажбурлаб бўлмаса. У шартта ўрнидан туриб, шкафнинг ғаладонидан пулни олди.
 -Мана! — деди.- Санаб олинг. Ҳаммаси!
 -Сафар ака, нима қиляпсиз? —деб қичқирди Жўра. — Эсингиз жойидами? Айниса, баттар бўлсин! Пулни нега қайтариб берасиз, ахир! Мана бу эркак, мана бу жаноб, айнисам, пулимни қайтариб олмайман, деб сўз берган!.. Тўғрими, Собир ака? Тилингизга чечак чиққанми, гапирсангиз-чи?..
 -Сиз аралашманг!
 -Нега аралашмас эканман? Нега?!.. Эркакмисиз ўзи?
 Собир пулни олиб, ярмини хотинининг қора сумкачасига солди, қолганини стол устига қўйди.
 -Йўқ!-деди Сафар.- Мен ҳаромдан ҳазар қиламан. Ҳаммасини олинг-да, даф бўлинг!..
–Кечирасизу, Сафар ака, нега бизни ҳақорат қиласиз? — деди Нозима.- “Ҳаром” дейсиз? “Даф бўлинг”, дейсиз. Нега ҳаром бўларкан? Биз шунча пулни бирор жойдан ўмариб келганимиз йўқ, ака. Пешона теримиз билан, заҳмат чекиб топганмиз!
–Сиз мени кечиринг, сингилжон!- Лабидан тупик сачраб кетди Сафарнинг.- Инсоннинг эти ҳаром, лафзи ҳалол.Шунақа гапларни эшитганмисиз?
–Эшитганмиз, жуда кўп эшитганмиз!
–Эшитган бўлсангиз, билиб қўйинг: лафзида турмайдиган одамнинг пули ҳам, моли ҳам ҳаром бўлади. Баракаси бўлмайди! Мен бола-чақамга ҳаром луқма едириб ўрганмаганман!
–Алам қилаётган бўлса, мана, ҳаммасини олинг, – деди Собир ва пулнинг қолганини сумкадан чиқариб, стол устига, лекин ўзига яқинроқ жойга қўйди. Сумкачанинг тилларанг тасма занжири стол ойнасига майда тангалардек тўкилди.
–Сиз қизишманг, Сафар ака, -деди Нозима бирдан юмшаб.- Бу – ҳаёт. Савдода баъзан ён босишга, баъзан айнишга тўғри келади. Уйингизни биз олмасак, бошқа одамга сотасиз. Фақат сотилиши икки-уч кунга чўзилиши мумкин…
“Кайвонилардек, сўлиш олиб гапиришини қаранг! Бунча ҳунарни қаердан, қачон ўрганди экан, бу хоним!”
–Ҳамма гап шунда-да, Сафар ака икки-уч кун кута олмайдилар-да, келинойи! — деди алам билан Жўра.Унинг бўйин томирлари ўқлоғдай бўртиб кетган эди. — Жиянлари оғир ётибди. Пул жуда зарур!
Аёл эрига қаради. Эр — пулга.
 -Тинчликми? Жиянингизга нима бўлган?
Сафар индамади. Халқумига оғир бир нарса тиқилган, гапирадиган аҳволда эмасди. Жўрага қаради. Жўра гапирди. Ўттиз ёшли Жавоҳирга йигирма беш ёшли синглиси битта буйрагини беришга тайёр турганигача айтди.
 -Уй сотилса, пул бўлади. Пул бўлса, Сафар акамнинг жияни тирик қолади, – деди Жўра. — Жавоҳирнинг икки фарзанди бор.
 -Майли, бу гапларнинг сизларга алоқаси йўқ. Қизишиб кетган бўлсам, узр! Пешонада борини кўрамиз энди.
 Сафар “гап тамом” дегандек, ўрнидан турди. Эллик ёшлардаги, новчагина, рангпар ва қотма бу одам шу топда ўзини қадди букилиб қолган чолдек ожиз ва нотавон сезди. Одамда омад бўлмаса қийин экан.
 Аёл эрига қаради. Эри елка қисди.
 -Сиздан бир нарсани сўрасам майлими? — деди Нозима.
 Сафар хафсаласиз бош ирғади.
 -Уйингизни шундай… нима десам экан, мақсадда сотаётганингиздан келинойимнинг, болаларингизнинг хабари борми?
 – Бор. Сотиш ғояси ҳам асли ўзи келинойингиздан чиққан.
 -Раҳмат! —деди аёл бирдан қувониб.- Сиз бизни кечиринг, Сафар ака. Уйингизни аввал олмасак ҳам энди оламиз.
 -Нозима-а! — деб қичқирди Собир. —Тутуруғинг борми, ўзи! Икки кундан бери, ўламан саттор, татар чолнинг квартирасини оламиз, деб бошимни қотираётган эдинг. Энди бу гапингини қандай тушунай?.. Мазаҳ қиляпсанми?
 -Йўқ, Собир ака! — деб туриб кетди аёл.- Раҳматилла акам эсингиздами? Йигирма йил аввал акам бечоранинг ҳам куни диализга қолганида ота-онамнинг қўли калталик қилган, ёрдам беролмаган. Икки ўғли етим, келинойим бева қолган. Биласиз-ку, Собир ака!.. Пул топилади, одам топилмайди. Ўзингизнинг бошингиздан ўтган ташвишлар-чи?
 Эр ерга қаради, тепакал бошини асабий силади. Орага оғир жимлик чўкди.
 -Собир акам олий лигада футбол ўйнаганлар, – Нозима эрининг икки елкасига икки қўлини қўйди. — Ўнг пайи узилиб, олти ой қадам босолмай ётганларида роса қийналганлар. Дўхтирлар ҳам ҳар хил дориларни беравериб… ишнинг баттар пачавасини чиқаришган…
 -Майли, Нози, бу гапларни қўй, -деди Собир ерга қараганча.- Турайлик энди. Вақт ҳам алламаҳал бўп қолди. Сен шу уйни оламиз, десанг, мен розиман. Сен хурсанд бўлсанг, бас!..
 “Хотинини ўлгудай яхши кўрар экан, – деган гап хаёлидан ўтди Сафарнинг. — Омадинг, бор экан, Собир!..”
 -Худо ҳоҳласа, “Гирдоб”ни нотариусга боргунимизча ўқиб тугатаман, -деди Нозима эшик томон юрар экан. Уч эркак унинг ортидан эргашди. — Сўнгги боблари қолди…
 
«Шарқ юлдузи” журнали, 2015 йил, 6-сон.