Қўшнимизнинг қизи Ўрол опа ҳақида гап кетса, кўпинча ҳамма, аввало, унинг сочларини тилга оларди: сочи товонини ўпади. Менинг ҳам ҳалигача кўз олдимда у кишининг икки ўрим сочи турибди. Саратоннинг сокин оқшомлари олдидан опамиз ҳовли супурганларида сочларини ё бошига турмаклаб, ёки белига белбоғдек боғлаб олардилар. Аммо ҳар икки ҳолда ҳам алп йигитнинг билакларидан йўғон ўримларни эплашлари қийин бўларди. Катталар-ку, ўз йўлига, ҳатто ҳали қўлига китоб ушламаган болалар ҳам, у кишининг ёйилган сочларини кўришса, йиғлаётган бўлса, йиғисидан тўхтаб қолганларини яхши эслайман. Ўрол опа балки ўз чиройи билан Кўкдаламизнинг олди қизи бўлмагандирлар, лекин соч ва ақл бобида у киши ягона эдилар.
Опамиз ўн биринчи синфга ўтганларида у кишининг ёнида бир йигит пайдо бўлди. Йигитки, кўкрак тугмалари доим очиқ қуюқ қора ёли кўриниб, калта енгидан мушаклари ўйноқлаб чиқиб турарди. Кипригининг тагигача соқол босган. Опамиз қанчалик нозик ва маъсума бўлсалар, акамиз шунчалик бақувват, дадил ва алп эдилар. Эрталаблари, ҳали дастурхон бўйига ўтирмасимиздан, дераза оша кўчага қарашга шошилардик ва ҳар тонг қўшнимиз Ҳасан буванинг кўримсизгина уйи ёнида ўша йигитни кўрардик. Тамаки тутатганича опамизнинг уйи томон ўҳтин-ўҳтин қараб қўядилар. Бир пайт оқ-қора атлас кўйлакда, ўша замонларда қишлоғимизда айни урф бўлган оқ туфлисини кийиб, икки ўрим сочи ерга тегай-тегай деб опамиз чиқардилар. Улар бир-бир босиб мактабга йўл олардилар. Катталар кўпроқ деразадан (хуфиёна), биз, болалар югуриб кўчага чиқиб, уларни ҳайрат ва ҳавас билан кузатиб қолардик. Баъзи аёлларнинг, қизларнинг ҳавасданми-ҳасадданми, билмайман, чуқур хўрсинганларини эслайман. Кейин ҳамманинг жағи очиларди. Бировлар йигит-қизнинг кифтини келтириб сўкса, бировлар алқарди. Аммо ким нима деса, орқаворатдан айтарди. Узуқ-юлуқ гаплардан билиб олганим – йигитнинг оти Михли. Кўкдалада унга тенг келиб муштлашадиган йўқ. Ҳамма чўчийди. Яқинда узоқ муддатли «сафардан» қайтган. Одамлар: «ҳаммаёғи бўялиб кетибди», дейишганида, Михли аканинг бақувват билакларию қўлларидаги турли ёзув ва расмлар кўз олдимга келарди. Хуллас, хонадонларда эрталаб бошланган ғийбат энди тинай деганида, пешин келар ва опамиз Михли аканинг ҳамроҳлигида мактабдан қайтардилар. Энди ҳамма қиз ва йигитни Ҳасан буванинг шалвираб қолган уйигача нигоҳлари билан кузатиб қўярди.
Қишлоғимизда бир-бирига офушта кўнгиллар кўп бўлган, ҳозир ҳам кам эмас. Аммо ҳеч бир йигит ҳеч қачон ўз маъшуқасини мана шундай барчанинг ҳавасию ҳасадини, ғазабию асабини қўзитиб, очиқдан-очиқ кутмаган, кузатмаган. Бу узоқ ёбонда жойлашган овулимизда айни замонларда ҳам ғайри одатий ҳол, келгусида ҳам шундай бўлиб қолса ажаб эмас.
Михли акани биз қишнинг қор-бўронию кўкламнинг жаласида ҳам, ёзнинг жазирамасию кузнинг ёғинли-сочинли дамларида ҳам – деярли ҳар куни Ҳасан буванинг пастқамгина уйи ёнида, Ўрол опани кутган-кузатган ҳолда кўрадиган бўлиб қолдик. Айтишларича, у шофёрлик қилар, аммо ҳар қандай шароитда ҳам ҳеч бўлмаганда кунига бир марта келиб, опамизни кўриб кетарди. Секин-аста бунга кўпчилик кўникди. Кечагина «Афтларинг қурсин, беҳаёлар!» деб лабини буриштираётганларга ҳам акамизнинг бу собитлиги боис шекилли, инсоф кирди. Момоларимизнинг икки ёшга ўзларича бахт тилаганлари, оталаримизнинг эса илгари «жанжални пулга сотиб олишни хуш кўрадиган» Михли акага «худо ақл бериб, босилиб қолганлиги» ҳақидаги гурунглари қулоғимизга чалинадиган бўлди.
Кейин опамиз мактабни тугатдилар. Ҳамма тўйдан гапира бошлади. Аммо ундан ҳадеганда дарак бўлавермади. Қанчалик рост-ёлғон, билмайман, бу орада қизнинг кекса ота-онаси, улла-булла бу ер ютгурни куёв қилмаймиз, деб кўз ёши қилиб ўтиришганмиш, деган гаплар тарқалди. Лекин бундай миш-мишлар энди қувватга кириб, қишлоқ бўйлаб дадил ўрмалай бошлаганида кутилмаган воқеа юз берди: совуқ кузнинг рутубатли оқшомларидан бирида каттакон юк машинаси келдию опамизни сеплари билан олди-кетди. Ҳасан бува уларнинг ортидан ҳассасига суянганича ўксиб-ўксиб йиғлаб қолди.
Йиллар ўтди. Кеча кўча чангитишдан ўзга ташвиши бўлмаган тенгдошларимизнинг овози дўриллаб, ёнидан сарвқомат қиз ўтса, хаёли қочадиган бўлиб қолди. Опамизнинг қаровсиз қолган хаста ота-онаси куёвининг ҳовлисига кўчиб ўтди. Шу орада келин-куёвлар ҳақида яна пичир-пичир гаплар қулоққа чалина бошлади: бечоралар, тирноққа зор эмиш. Бундай ҳолларда пичир-пичирлар секин-аста бичиш-тўқишлар билан тўйиниб кетиши табиий. Бировлар «бояқишларга кўз тегди», деса, яна бировлар «ота-онасини норози қилган фарзандга бу ҳам кам. Ҳасан бува билан кампирининг қарғиши урган уларни», дерди. Айримларнинг фикрича, келин-куёв бир-бирини беҳад севса ҳам шундай бўлар экан. Хуллас, гап кўп эди.
Етти-саккиз йил бурун қишлоқ аҳли уларни ним табассум билан эслаган, кузатган бўлса, энди эр-хотиннинг ортидан ачиниш билан қараб қоларди. Илгари тўй-томошаларнинг тўрида хотин-қизларнинг сараси бўлиб ўтирадиган опамиз энди бундай шодиёна йиғинларга кам келадиган, кейинчалик умуман кўринмайдиган бўлиб қолдилар.
– Уйда ёлғиз ўзинг зерикиб ўтиргунча тўй-томошаларга чиқсанг бўлмайдими, деб ёзғирардим баъзан, –эслаганди кейинчалик Михли ака.–Шунда янгангиз: «Қандай бораман, – дерди кўзига ёш олиб, – дугоналарим боласини эргаштириб келса, мен ёстиқни кўтариб бораманми?» Янгангизни-ку қўяверинг, ўзимнинг ҳам йиғлаб чиққан кечаларим кўп бўлган.
Ҳа, ўзбек учун фарзандсизликдан кўра катта бахтсизлик бўлмас экан. Ўрол опанинг икки ўрим сочи яккалашиб, илгари қад-қоматларига ярашиб турадиган кўйлаклари энди шалвираб қолган эди. Эр-хотинни кўпинча автобус бекатида тўрхалта кўтарган ҳолда кўрардик: ҳали қайсидир шаҳардаги шифохонага, ҳали қайсидир табиб, эшон ёки мулланинг ҳузурига нажот истаб кетаётган бўлардилар.
Янгамиз ҳам, акамиз ҳам кун-бакун чўкиб борарди.
…Ўша кун аниқ эсимда. Туни билан ёмғир тинимсиз ёғиб, тонгда қуёш чарақлаб кетган, осмон келинчакнинг ойнасидек тип-тиниқ эди. Уйларнинг остонасигача томир отиб келган ям-яшил ўт-ўланлар, томларда, деворларда, кўча бўйларида алвон кўрпадек очилиб ётган лолақизғалдоқлар дилни шунчалар қувонтирардики, уларни кўзларингга суртгинг келарди. Эрталаб йўлим қишлоғимиз ўртасидаги қабристон ёнидан ўтадиган бўлди. Қарасам, хилхонанинг этагироғида бир эр-хотин куймаланиб юрибди. Сесканиб кетдим. Кимнингдир гўдаги нобуд бўлибди-да, деб ўйладим. Аммо эркак билан аёл бўш майдончада эмас, Шакарчи буванинг қабри ёнида куймаланишарди. Яқинроқ борсам – Михли ака билан Ўрол опа экан.
Янгамиз сал нарида кўлмакдан челакларда сув ташир, акамиз эса липпасини тортиб, кетмон билан лой қорарди.
Шакарчи бува тахмин қилишларича, 20-йиллар охирида бўлган қаттиқ очарчилик туфайли Ҳисор тоғларидан чўлга энган минглаб одамлар қаторида биз томонларга егулик излаб келиб қолган. Айтишларича, ўша йили Чироқчи ёбонларида ҳам янтоқдан ўзга гиёҳ кўкармаган. Оч қолган аҳолининг янтоқ шакарини еб жон сақламоқдан ўзга чораси қолмаган. Тоғдан даштга егулик ахтариб тушганларнинг аҳволи янада аянчлироқ бўлган. Ўша қаҳатчилик йилларида юртимизда минглаб-миллионлаб инсонларнинг очликдан қирилиб кетганлиги тарихдан маълум. Ҳамқишлоқларимиз отахонга янтоқзорда дуч келишган. Тахмин этишларича, у киши ҳам ошқозонига янтоқ шакарининг тиқилишидан жон берганлар. Отахон ким, қаердан, ёши нечада, қариндош-уруғлари қандай одамлар – ҳеч ким билолмаган. Кўкдала аҳли унга «Шакарчи бува» деган ном ва саксон ёш бериб, бандаликни бажо келтирган жойи янтоқзорга дафн этган. Қишлоғимиз кенгайиш палласига қадам қўйгач, у ер қабристонга айланган.
…Михли ака билан унинг аёли ишга ихлос билан киришган эди. Акамиз лой қориса, янгамиз сув қуйиб турардилар, куёви пахса урса, опамиз «кафтча» билан лой кесиб берадилар. Қабрнинг атрофини икки пахса баландлигида ўраб чиқдилар. Бундан бутун Кўкдала аҳли қувонди. Аммо ҳаммадан ҳам эр-хотиннинг шодлиги чексиз эди. Дили ғам-ҳасратдан, боши дарддан аримайдиган ва саратонда ҳам қалин чопон кийиб юргувчи янгамиз, айниқса, беҳад очилиб кетгандилар.
– Иккинчи пахсани бошлаганимизда, – деганди кейинчалик Михли ака, – янгангиз тандир кесагини ялайдиган одат чиқардилар. Кейин билсак, шунга боши қоронғу бўлган эканлар.
Бу икки ёшга илҳом рағбат берди: бир куни бульдозер пайдо бўлдию бутун қабристон атрофини тупроқ девор билан ўраб чиқди. Сўнг унинг устидан симли тўсиқ тортиб чиқилди. Оёқ ости бўлиб ётган қабристонга файз кирди. Бу ўзгаришни кўрган-билганлар Михли акани алқайдиган, қариялар дуо қиладиган бўлди.
Кейинчалик унинг оиласи қишлоғимиздаги серфарзанд оилалардан бирига айланди десам, ишонинг: Михли Қўлдошев саккиз фарзанднинг отаси бўлди. Ўша йили дунёга келган тўнғичи Толмасбек яқинда ҳарбий хизматга кетди.
Шу билан эртакнамо бу ҳикоямизга якун ясаб, «зарур» хулосани чиқараверсак бўларди. Аммо ҳаёт, умр мураккаб, ҳамиша биз истагандек кечавермайди. Шу боис энди воқеалар тизгинини бироз тортсак-да, шууримизда жонлана бошлаган саволларга жавоб изласак.
Аввало, Михли ака билан аёли нега айнан Шакарчи буванинг бошига нажот истаб келди?
– Ўн олти-ўн етти ёшларимда ўнг қўлимга данакдай сўгал чиқди, – деб эслайди Михли ака. – Дўхтирга бордим. Операция қилиб кесиб ташлади. Лекин кўп ўтмай, сўгал яна, бу гал тағин ҳам каттароқ, кўпроқ бўлиб чиқди. Яна операция қилишди. Яна чиқди. Кимдир маслаҳат берди: Шакарчи буванинг тупроғидан сурт, кўрмагандай бўлиб кетасан. Мен бундай ирим-сиримларга асло ишонмас, кўпчилик тенгдошларим каби уларга эскилик сарқити деб қарардим. Кулиб қўяқолдим. Лекин сўгалим тобора ўсиб, биров билан қўл бериб кўришишга ҳам уяла бошлагач, фикримдан қайтдим. Мендан нима кетди, деб ўйладим ва бир куни йўл-йўлакай мозорга кириб, Шакарчи буванинг қабридан икки чимдим тупроқ олдим. Намлаб сўгалимга суртдим. Ишонасизми, уч кундан кейин данакдай ўсимтадан ном-нишон қолмади. Бунда қандай сир борлигини ҳалигача тушунолмайман.
Михли аканинг гапларига шуни қўшимча қилиш мумкинки, менинг ўзим ҳам қўлимда тошган сўгаллардан айнан шу табаррук отахонинг қабридан олинган чимдим тупроқни суртиш орқали қутилган эдим.
Сўгалдан қутилгач, Михли ака Шакарчи бувани унутгани табиий. Унутмаса-да, ташландиқ қабристон ёнидан барча ҳамқишлоқлари каби бефарқ ўтиб юраверди. Кейинчалик, бошига фарзандсизлик дарди тушгач, номаълум қарияни яна эслади. Эр-хотин шифохонаю табиблардан нажот топавермагач, Михли аканинг кўнглига яна зиёрат, савоб каби эзгу ниятлар кела бошлайди. Аммо кўнглининг бошқа бир буржидаги шубҳа-гумонлар боис иккиланади. Шундай қилиб, туни билан ёмғир ёғиб чиққан тонгда у туш кўради:
– Бир чол ухлаб ётган жойимда тепамга келиб: «Тур, болам, ғафлат босиб ётаверма, – деди. – Зиёратга кеч қоласан». Сапчиб турдиму янгангизни уйғотдим. Ўйлаб юрганларимни, кўрган тушимни айтдим…
Бу воқеаларни нима деб изоҳлаш мумкин? Нафақат вилоят, мамлакатимизнинг энг йирик шифохоналарига не-не табибларга бош уриб бориб, дардига малҳам тополмаган икки ёш нега уни кўхна қабрдан, қабристондан топди? Сўгал-чи? Бунда қандай сир-синоат, мўъжиза бор? Сиздан бир ўтинчим: мени яна хурофий гапларни тарғиб қилаяпти, деб айблашга шошилманг. Жоҳилликнинг энг улуғи, назаримда, ўзганинг фикрига ўжарлик билан қўл силташдир. Юқоридаги воқеани эса нима деб атамайлик, икки ошуфта қалбнинг орзулари айнан ана шундай ушалганлиги – уларнинг уйи мозордан болаларнинг гавжум бозорига айланганлиги рост.
Шакарчи бува воқеасини ҳамма ҳар хил талқин этиши табиий. Дейлик кимдир парвардигорнинг марҳамати дейиши, яна биров шифосини Шакарчи бува дафн этилган тупроқ таркибидан қидирмоқ керак, деган фикрни айтиши мумкин. Мен бу каби мулоҳазаларга зътироз билдирмаган ҳолда, уни бошқачароқ изоҳлагим келади: Михли ака билан опамиз топган нажот – руҳий покланишда!
Ҳар куни уйқудан туриб, юз-қўлимизни ювамиз. Кунда-кунора, ҳеч бўлмаганда ҳафтада бир марта душ ёки ҳаммомда чўмилиб, танамизни поклаймиз. Ҳатто эринмасдан ўтириб юз-қўлимизга оро берамиз. Хушбичим кўринмоқ, танимизни чиниқтирмоқ ниятида жисмоний тарбия билан шуғулланамиз. Энди ўзимизга савол берайлик: биз ўз руҳимизни ҳам ана шундай поклаяпмизми? Тоблаяпмизми? Ишончим комилки, бу саволга нафақат ёшлар, кўпчилик, ёши улуғларимиз ҳам «ҳа» деб жавоб беришлари қийин. Ҳамма ҳам руҳий тарбияга эътибор беравермайди. Шўролар замонидаги «янгича – коммунистик тарбия» ёлғон, дахрийлик ва кўзбўямачилик деб аталмиш муз тоғининг устига қурилган экан. Истиқлол қуёши балқигач, эриб кетди. Жамиятимиздаги босқинчилик, қотиллик, ўғрилик, иккиюзламачилик, сотқинлик, қўрқоқлик каби ёвуз иллатлар ушбу тоғнинг булғанч сувидан баҳра олиб ривожланган эди. Бундай асоратлардан қутилишимиз осон эмас. Чунки инсон танаси кирласа – тозалаш осон, аммо унинг руҳини моғор босса, поклаш жуда қийин кечади. Яна ҳам қийинроғи киши ўз танасидаги кирни тез ва осон илғайди, аммо руҳини босаётган ғуборни, иллатни бир умр сезмасдан, тан олмасдан ўтиши мумкин. Шунинг учун бўлса керак, ота-боболаримиз ўзларининг руҳий поклигини, жисмоний поклигидан устун қўйганлар. Уларнинг эшикларида қулф, қўрғонларида қоровул бўлмаганлигининг боиси ҳам ана шу покликда.
Мен бир ақидага қаттиқ ишонаман: инсон томонидан қилинган барча гуноҳлар ҳам, эзгу-савоб ишлар ҳам унинг ўзига, ҳеч бўлмаганда вафотидан сўнг эса-да, қайтади. Уйлаб кўрсангиз бунга мисолларни кўп топасиз.
Халқимизнинг «Бегуноҳ – парвардигор», деган ибораси бор. Бу барча инсон боласининг ўзига яраша катта-кичик гуноҳлари бўлади, дегани. Ҳаётда баъзан билиб, баъзан билмасдан зарарли, гуноҳ ишларга қўл урамиз. Аммо кейинчалик шундай ноинсоний қилмишларимизни ювишга уринмаймиз. Ҳеч бўлмаганда, афсус-надомат чекиб, виждонимиз олдида тавба-тазарру қилмаймиз. Келгусида ножўя ишлардан тийилишни ният қилмаймиз. Натижада, бундай ёт унсурларга кўникиб, ҳатто ўрганиб борамиз. Руҳимизга лоқайдлик, танбаллик, дангасалик, жоҳиллик, шафқатсизлик каби иллатлар ин қуриб, уни кирлай бошлайди. Бундай кир кўнгиллар йиғилиб, бутун бир жамиятни инқирозга олиб келади. Инсон, жамият хасталанади.
«Инсон ўз руҳини қачон, қандай поклаб юриши мумкин?» – деб савол бераман ўзимга ва жавоб топгандек бўламан. Инсон руҳини пок сақламоғи учун, авалло, доимо яхши ниятлар оғушида ва ана шу эзгу истакларини амалга ошириши учун интилиб яшамоғи керак. Унда ўзи яшаётган жамият, халқи, умуман, инсонлар олдида масъулият ҳисси устувор бўлмоғи зарур. Бундай саодатга эришмоқчи бўлсангиз, улуғларимизнинг тажрибасидан ибрат олинг:
ҳар куни қилган ёки қилмоқчи бўлаётган юмушларингизни адолат ва виждон тарозусига солиб кўринг. Яхши ниятлар қилинг.
Михли ака ўша кўклам ёмғири далаларни, боғларни яшнатиб юборган тонг янгамиз билан хароба хилхонадаги ташландиқ қабрни саришталамоқ ниятида иш бошлаганида икки ёш қалбда, вужудда, шуурида кескин ўзгаришлар юз берганлиги табиий. Тасаввур қилинг: атроф кўклам тароватидан беҳад гўзаллашиб кетган. Сиз қайлиғингиз билан бутун қишлоқ аҳлининг – минглаб юртдошларингизнинг кўз олдида кўпчиликнинг хаёлига келмаган хайрли ишни қилаяпсиз. Ён-верингиздан ўтган ёшу қари сизни алқаб, дуо қилади. Оқшомлари давраларда сизни эслашади. Бундан сизнинг ихлосингиз, илҳомингиз, умидингиз ва, энг асосийси, қувончингиз янада ошади. Вужудингизда, руҳингизда ҳузур-ҳаловат, фахр ва енгиллик туясиз. Бундай ишонч, ихлос ва кўтаринки кайфиятни қай бир дори-дармон ёки шифохонада топиш мумкин? У ғубор ва мудроқ босиб ётган руҳни баҳор ёмғири майсаларни ювгани каби поклаб, ёшартириб юбормайдими! Руҳи пок, тетик ва хотиржам киши хасталикни тез, осон енгиши қадимдан маълум.
Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманидаги Кўкдала қишлоғида яшовчи Михли Қўлдошев билан рафиқаси бундан ўн тўққиз йил бурун топган нажот ана шу покланишдандир. Фақат…
Ўшанда эътиборимни тортгани: Михли ака қўшнисининг тўйига ҳаммадан кейин, одамлар тарқалиб бўлгач чиқди. Аввалига, мен уни таний олмадим. Илгариги ўктам юришларидан, дадил гапиришларидан асар ҳам қолмабди. Чоллардек, оёғини базўр судраб босади. Соч-соқоли дувва оқариб, эти устихонига ёпишган. Мунгли кўзларининг остида ёноқлари беўхшов бўртиб турибди. Юзи ғамдан қорайиб кетган.
Ҳайратга тушдим.
– Бечора, хотинидан айрилиб қолди, – деди тўй эгаси пичирлаб.
– Нега?
– Анчадан бери касал эди. Михлининг уни олиб бормаган хастахонаси қолмади. Бир йилча бўлди узилганига. Жўжабирдек саккиз гўдаги билан ёлғиз ўтирибди…
Унинг бошига тушган фожиадан бехабар бўлса керак, кимдир бола-чақасининг аҳволини сўради. Михли аканинг кўзларида ёш ғилтиллади.
“Дуруст”, – дея олди аранг.
Тўйдан чиққач, ўз-ўзидан қабристонга боргим келаверди. Ўйлаб кўрсам, узоқ Тошкентда қўним топиб, қишлоғимга кам келадиган, қабристонни эса сўнгги ўн беш йил ичида умуман зиёрат қилмаган эканман. Хафа бўлиб кетдим. Нафақат ўзимнинг лоқайдлигимдан, қишлоғимизнинг қоқ марказидаги ягона хилхонанинг аянчли аҳволидан. Унга қачонлардир ўралган тупроқ девор аллақачон деворлигини йўқотиб, симли тўсиқлардан ном-нишон қолмаган. Қабрлар орасида икки сигир, уч-тўрт қўй қуриб-қовжираб ётган хас-хашакларни териб еб юрибди. Шакарчи буванинг сағанаси ҳам бошқа барча қабрлар каби деярли теп-текис бўлиб ётибди. Ёнгинасидан ёлғизоёқ йўл тушибди… Ҳар қадамда қўй-қийи, молнинг таппилари… Атрофдан эса қабристонда мангу уйқуда ётган инсонларнинг қариндош-уруғлари, хеш-ақраболари ўтиб-қайтиб турибди.
«Наҳотки, – деб ўйладим алам билан, – эзгу ишларга қўл урмоғимиз, марҳумлар олдидаги инсоний бурчимизни адо этмоғимиз учун бошимизга қандайдир кулфат тушиши шарт? Наҳотки савобнинг ҳам куни савдога қолган?..»
Аянчлиси шуки, оёқ ости бўлиб кетган бундай қабристонларга биргина Кўкдалада эмас, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё, қўйингки, жумҳуриятимизнинг барча вилоятларида дуч келиш мумкин. Аждодларимизнинг хоки бундай хор бўлиб ётар экан, биз ўз руҳимизни, виждонимизни пок, дея олмаймиз. Фуқароларининг руҳини ғубор босган миллатда, жамиятда эса юксалиш бўлмайди.
«Оила ва жамият» газетаси, 1991 йил.