Ишдан сўнг “Орзу”га кирдим. Гипермаркетдан чиққанимда, ортимдан электрон эшик ёпилмасидан, тарашадек қотма одам югуриб келиб, сумкамга қўл чўзди:
-Такси бор, ока!.. Йўл бўлсин?
Бундай пайтда оғзингизни очишга улгурмайсан. Қўлингда шиширилган пуфак ушлаб турган бўлсанг ҳам, мулозим надоматга зўр беради. Дўкон остонасида соқчиликда турган ҳайдовчи ҳам от юзли бошини афсус билан чайқади:
-Юкингиз оғиргина экан!
-Юнусободга бораман.
-Ух-ҳу, шаҳарнинг нариги буржига денг?
Бу далолатни эшитган ва Тошкентнинг даҳаю маҳалларини яхши билмайдиган одам Юнусободни Қорақалпоғистоннинг Шуманай туманидан ҳам нарида бўлса керак, деган хаёлга бориши ва йўл кирасини ўйлаб, юраги товонига тушиб кетиши аниқ. Лекин ҳамма ҳам анойи эмас:
-Ақшасе қанше? Ақшаседен сўйлешанг-че? – дедим шуманайлик дўстимнинг лаҳжасида. Ҳайдовчи офтобда қорайган юзимга қараб, мени пойтахтга келган меҳмон деб ўйлаётгани қувгина кўзларидан сезилиб турарди.
-Ўн беш берсангиз етади.
-Ўн беш? Нэме, мэне Юнусабатингга самалётда ушириб алиб кэтесенмэ?
-Анча йўлда, ока, – бўшашди ҳайдовчи.
-Бер мунда сумкэмнэ! – Дадиллашдим мен. – Экке аяғэм аман бўлсэн! Аяғэмда кэтемендэ-жэтамен!..
Хуллас, саккизга келишиб, эгаси тенги бўлмаса ҳам шунга яқинроқ ёшдаги, бўялавериб юзи сатанг кампирларнинг даханидай буришиб кетган сариқ “Жигули”га ўтирдик.
Таксичи менга бир қарашдаёқ ёқмаган эди. Ёқмаса нетай, қуда бўлармидим. Кўчада дуч келган бир банда-да.
-Исмим Асадулла, – деди у машинасининг эшигини ёпишим билан.– Хотинимдан жудо бўлганимга уч йилдан ошди.
“Оббо! – деб ўйладим орқа ўриндиққа жойлашар эканман. – Худо урди! Энди бора-боргунча гапиравериб, қулоқ-миямни ейди. Тул қолган бўлсанг, менга нима, уйлантириб қўяйми?”
Ишдан чарчаб чиққан одамга ғинг ёқмаслигини бу сўққабош қаердан билсин. У гапни об-ҳаво ёки нархи наводан бошлаганида оғзини қандай ёпишни ўзим билардим. Лекин марҳуманинг ҳаққи-ҳурмати одоб сақлашга ва сўзамол эрининг дийдиёсини тинглашга мажбур бўлдим. Бундай эзма билан яшаш бечора аёлга ҳам осон кечмагандир.
– Хастамидилар? – дедим энсам қотганини сездирмасликка ҳаракат қилиб.
– Ҳа.
Аёл шўрлик саратондан кетган экан.
-Қарилик пенсиясини оламан, – деб ҳикоясини давом эттирди Асадулла гўё бегона одам ҳақида гапираётгандай. Назаримда, ҳамроҳим ўз кечмишини машинасига оёғини оширган инсон борки ҳаммасига айтавериб кўникиб кетган. – Яхшиям ўз вақтида боғчада беш йил қоровуллик қилганим. Бўлмаса, шу арзимаган пенсиядан ҳам қуриқ қоларканман.
-Асли касбингиз нима ўзи?
“Нима бўларди, – деб ўйладим, – фозогир ёки академик эмаслиги аниқ. Гаров боғлашим мумкинки, носфуруш. Ё бозорда, ё мозорда суяги қотган. Гўрков бўлиши ҳам мумкин.”
-Касбимми? Касбим, ука, чопонфуруш…
“Айтмадимми! – деб тахминим тўғри чиққанидан хурсанд бўлиб кетдим. – Барибир “фуруш”-да! Савдогар! Иши битиши билан “ука”га ўтиб олди! Бурганинг тишини кўрган!”
-Нима десам экан? Хотиним, раҳматли, жуда меҳнаткаш, ақлли аёл эди. Шунга ёрдамлашардим… Тиккан-бичгани, қавиганини бозорга олиб чиқардим… Энди ундай аёлни тополмайман, ука!
-Фарзандлар борми?
– Бор. Бир ўғил, бир қиз. Уйли-жойли бўп кетган.
-Уйланиб қўя қолмабсиз-да?
-Ёлғиз аёл топиш осонми?
-Ёлғизи бўлмаса, фарзандларидан тинган бева сон мингта-ку?
-Фарзандларидан тинганининг ташвиш-у, харажати кўп. Ҳали тўғилгани кун, ҳали тўй-хашам, ҳали маърака… Бир тоғора сомса олиб борса ҳам пенсиямнинг ярми кетади. Ўзбекнинг кими кўп, қариндош-уруғи кўп…
-Ёлғиз яшайсизми?
– Ўғилни бошқа уйга чиқариб юбордим. Икки йил бўлди. Келин отасиникида каттаоғизликка ўрганиб қолган экан. Минғир-минғир қилавериб қулоғимни еб қўйди. Боламни ҳам бузди. Бир гап айтсам, ўнта хато топадиган, асабий бўп қолди.
-Қўрқмайсизми?
– Мени мушук ермиди. Зериксам, машинамни миниб, уч-тўрт соат шаҳар айланаман. Солиқчилардан қочиб-писиб, тирикчилигимга етадиган насибамни топаман…
-Иссиқ жон, тумовланиб-нетиб қолсангиз, дейман-да?..
Чамаси, гапим Асадуллага унчалик ёқмади. Гапни бошқа ёққа бурди:
– Аммо қозоқчани қийиб ташларкансиз. Қойил!..
-Ҳа энди, – деб чайналдим мен.
-Лекин кўриб турганингиздай, такси деганнинг минг хили чиқиб кетди. Бири-биридан хашаматли-ей. Одамлар “Жигули”га минишдан ор қиладиган бўп қолди.
-Шу кунларга етказганига шукр демайсизми, ака!
– Шукр, шукр, дейман, ука!.. Кечалари уйқу босгунича писта чақиб, телевизор томоша қили-иб ётаман. Коладан хўплаб-хўплаб қўяман. Кока-кола деганиям яхши нарса бўлар экан, ичсанг, бир пасда енгил тортасан.
Гавжум чорраҳадан ўтиб, маҳалламиз томон бурилдик.
-Машинам бензинда юради. Бировларникига ўхшаб газ сасиб ётгани йўқ. Тоза-озода…
“Кўрдим-билдим” дейишга улугурмадим, кўчамизга кирдик. Иккита беш мингталик узатдим.
-Майда йўқ-ку? – деди Асадулла айбсиниб.- Энди нима қилдик? Қош ҳам қорайиб қолди…
-Қўяверинг, ака, қолганига ҳам розиман, – дедим сидқидилдан ва кулдим: – Уйлансангиз, тўйингизга ишлатарсиз…
У менга ялт этиб қаради. Мен пасткилабимни тишладим, у -юқори лабини.
-Шошманг! – деди бирдан ва ғалладонни очди. Кунгабоқар пистаси жойланган иккита елимхалтача чиқариб, биттасини менга узатди.
– Икки мингдан олганман. – У елимхалтадаги қўлда ўқловдай қилиб ёзилган “2” рақамига ишора қилди.
– Тўёнани йўлда эмас, тўйда берадилар, окаси!.. Олинг!..
Олдим.
«Ҳуррият» газетаси, 2015 йил 12 август сонида чоп этилган.