Қулман Очилов. Ота (ҳикоя)

Автоинспекторлар ҳам анойи эмас, радар аппаратини дарахт шоҳлари орасига тиқиб, ўзлари панада пойлаб туришади. Кўпчилик ҳайдовчи бу ҳилват ва равон йўлда машинасининг газини босиши тайин. Кўчанинг бошида пайдо бўлган сариқ “Жигули” ҳам тезликни шундай шитоб билан оширди. Дарахтлар орасидан барваста инспектор югуриб чиқиб, шоша-пиша қизил таёқчасини баланд кўтарди:
 -Чурр-р!..
 -Оббо! – деди футболкасининг енгидан бақувват мушаклари чиқиб турган ҳайдовчи йигит.- Сан етмай тургандинг! Энди тренировкага кеч қолишим аниқ!
 -Савил, таксида келаверсам бўларкан! – деди ёнида ўтирган олтмиш ёшлардаги оқ сочли киши. У бўйнини сиқиб турган галстугини тўғрилаб, костюмининг тугмасини ечиб қўйди. – Жарима дегани ҳам осмонга чиқиб кетган ҳозир.
 Машина инспектордан ўн метрча ўтиб тўхтади.
 -Машинадан тушма. Тушсанг, пандавақи экан, деб ўйлайди. Ўзи келсин.
 -Қандоқ бўларкин, ада. Жаҳли чиқмасмикин?
 -Чиқса-чи? Ёш бола эмассан. Ўзингни сал сипороқ тут. Нари борса, жаримасини олар.
 Автоинспектор дарахтлар панасидан қандай тез югуриб чиққан бўлса, “Жигули”нинг ёнига шунчалик секин келди. Имиллашидан энсаси қотгани шундоқ сезилиб турарди.
 -Сержант Акмалов! – Кафтининг учини чаккасига тегизиб салом берди у. – Ҳужжатларингизни кўрсам майлими?
 Ҳайдовчининг ёнида ўтирган одамга кўзи тушиб, ойнаси туширилган эшик деразасигача энгашди:
 -Ассалому алайкум, амаки!
 -Ваалайкум ассалом, ўғлим! Чарчамаяпсизми?
 -Шукр! – деб жавоб қилди юзлари офтобда қорайган қийиқ кўзли инспектор.
– Ошгами?
 -Ҳа, ошга.
 Инспектор ҳужжатларни хафсаласизлик билан очиб, бирров кўз қирини ташлаган бўлди-да, эгасига қайтарди.
–    Марҳамат! – Бу гал у қаддини астойдил ғоз тутиб, самимий чест берди. – Фақат, укажон, сал секинроқ ҳайданг. Хўпми?
 -Хўп!
 -Бу йигит ўғлингизми, амаки?
 -Ўғлим.
 -Оқ йўл!
 -Раҳмат, ўғлим!
 -Саломат бўлинг, амаки!
 -Кўрдингми! -деди ота машина жойидан жилгач. – Ҳозир олдига югуриб борганингда, анча бошингни қотирган бўларди.
 -Сизни деб индамади, ада.
 Ўғлининг бу эътирофи отага ёқди, лекин:
 -Тушунмадим? – деди. – Нега?
 -Ёшингизни ҳурмат қилди.
 -Ёшимни эмас, галастугимни ҳурмат қилди, – деб кулди ота. -Катта одамга ўхшайди, бошимга ортиқча ташвиш орттирмай, деди.
 «Йўқ, раҳми келди, – деб хаёлидан ўтказди ўғил.- Эски «Жигули»сида кетаётган пенсиядаги мактаб ўқитувчиси билан ади-бади айтишиб ўтираманми, деди».
 «Дадамга ўхшарканлар, – деб хўрсинди машинанинг ортидан маъюс қараб қолган автоинспектор. – Раҳматли дадам ҳаёт бўлганларида, мен ҳам машинамга миндириб тўйларга, ошларга олиб борардим. Дуоларини олардим!..»