Хонасидан чиқаётган Жовлиевни кимдир туртиб юборди. Зарда билан бурилиб қараса, кичик илмий ходим – сўлоқмондек Нор ёнидан қуюндай учиб ўтаётир.
– Ҳа, укажон, тинчликми? Мабодо ит-пит қувлаётгани йўқми?
– Ие, кечирасиз, Ҳиммат ака! Узр! Минг бор узр! – дея шоша-пиша кечирим сўрай бошлади йигит. – Ҳалиги… ишга сал кеч қолувдим, қабулхонанинг олдидан тезроқ ўтиб кетай деб… Шефнинг кўзи тушиб қолса, яна додлаб ўтирмасин.
Жовлиев унинг каловланишига кулимсираганча қараб турди.
– Ишга кеч қолганинг-ку, майли… Лекин, одам деган сал…
Эшиги очиқ турган қабулхонага олазарак қараган Норнинг кўзлари косасидан чиқиб кетаёзди.
– А?! Пальто!.. Келдими?
– Келади-да! – Жовлиев қабулхонага, илгакда осиғлиқ турган қора пальтога назар ташлаб олди. – Келмайди деб ўйлаганмидинг?
– Вой энағарнинг қизи-ей! – Норнинг рангида ранг қолмади. – Кўнглим сезган эди-я. Қаерда? Директорнинг олдидами?
– Яна қаерда бўлсин! Прокуратурага ё мелисага борсинми?
– И-и, унақа деманг, ака! Одамни қўрқитманг-да!
– Қани, бу ёққа кирайлик-чи.
Жовлиевнинг зах ҳиди анқиб турган хонасига киришди. Жовлиев тўрдаги жойи – қизил кўрпача солинган ёғоч курсига бориб ўтирди.
– Шу иш яхши бўмапти, укам. Сендан институтимиз илмий жамоасининг умиди катта эди.
– Нега “эди” дейсиз, ака? Ахир!..
– Э, қизиқ экансан-ку, ука! Нима дейин? Директор шу бугуноқ ковушингни тўғрилаши аниқ-ку…
– Унақа деманг, ака-а! Ахир илмий ишим.
– “Илмий ишим, илмий ишим…” Мен ўласан десам, бу куламан, дейди-я!..
Жовлиев ўрнидан туриб кетди. Қўлларини таҳдидли силкитди. Бошларини афсус ва надомат билан чайқади:
– Ҳаҳ, ҳомкалла-я!
– Нима қилай, ака? Ёрдам беринг!
– Хўп, яширмасдан, очиғини айт-чи, нима бўлган эди ўзи?
Нор каловланиб турди.
– Шанба куни нариги кўчадаги кутубхонага кирсам, кутубхоначи аёл ёлғиз ўзи… нима десам экан… зерикиб ўтирган экан. Ҳазил-ҳузул билан гап ташласам, ёққандай бўлди. Қизишиб… ҳаяжонланиб кетиб, шартта қучоқлаб, муччи олганимни билмай қолибман… Юзи бақаникидай – муз экан. Тарсаки тортиб юборди. Кўзимдан ўт чиқиб кетди… – Нор чап юзини силаб қўйди. – Қочиб қолдим… Бўлган гап – шу.
– Изингдан бақириб-чақириб қолгандир?
– Бақирганда-чи! “Капангни куйдираман!” деб қичқирди. Ёмон шаллақи экан.
– Ҳайронман, сени нима жин урди ўзи, ука? Гулдай хотининг туриб, қаёқдаги алвастиларга суйкалиб юрсанг-а!
– Хотиним қишлоқда… Анча бўлди. Кўзи ёрийдиган…
Ҳамон тик турган йигит бир зум ерга тикилгач, Жовлиевнинг қаршисидаги эски, яғири чиқиб кетган стулга “шилқ” этиб тушди.
– Оббо! – деди Жовлиев. – Масала мен ўйлагандан ҳам жиддийроқ шекилли. Энди ишдан ҳайдалишинг аниқ. Илмий ишинг ҳам шу билан “капут” бўлади. Бу гаплар келиннинг, қариндош-уруғингнинг қулоғига етиб бориши ҳам тайин. Оббо!.. – У тақир бошини яна афсус билан чайқади. – Мелисага борганга ўхшайди бу шаллақи. Бир ишинг – мелисага, бир ишинг балнисага тушмасин, укам!.. Зўрлашга ҳаракат қилган деб жиноят иши очишса-чи, ана ундан кейин кўрасан томошани! Тегинмаганман деб исботлаб бўпсан! Янглишмасам, 92-модда. Уч йилдан саккиз йилгача…
Нор қора терга тушиб кетди.
– Ҳаммасидан ҳам, ука, бу модда билан судланиб қамоққа тушгандан кўра, ўлган яхши. Эшитгандирсан, у ёқда аяб ўтирмайди… Ўзинг оппоққина, силлиққина боласан…
– Ҳиммат ака! Жон ака, бир иложини қилинг!.. Қутқаринг!..
Жовлиев стол устидан кўзойнагини олиб чўнтагига солди:
– Майли, директор билан гаплашиб кўрай-чи. Балки бирор йўлини қилармиз. Лекин сен аввал директорнинг номига тушунтириш хати ёзиб бер.
– Тушунтириш хати? – Нор Жовлиевга ҳайрон бўлиб қаради. Беўхшов кулди. Лабини тишлади. Елкасини қисди.
– Ҳа! “Кутубхоначи аёлдан ҳазиллашиб бир ўпич олганим рост. Энди бундай номаъқул ишни такрорламайман. Енгилтаклик қилганим учун узр сўрайман”, деб ёзасан. Йили, кун, ой, имзо. Вассалом!
Нор шошилмасдан ёзди. Жовлиев хатни унинг қўлидан юлиб олиб, ўзини қўшни хонага урди:
– Яна битта лаққа балиқ тўрга тушди-и-и! – деди қўлидаги сарғиш қоғозни силкитиб. – Нор полвон чойхонапаловга эримаса, мана бу тушунтириш хатини хотинига кўрсатамиз!..
– Қанақа тушунтириш хати, Ҳиммат ака? – деди унинг ортидан кирган Нор. – Адашмаяпсизми мабодо? Мен ҳеч қачон, ҳеч қандай тушунтириш хати ёзмаганман.
– Бу нима?
– Ўқиб кўринг-чи!
Жовлиев кўзойнагини қаншарига қўндирди:
“Ҳиммат ака, қачонгача ўтганнинг ўроғини, кетганнинг кетмонини оласиз? Ошдан кўра, ишни ўйласангиз бўларди! Нор”.
Нор бармоқлари учини лабига тегизди ва кафтини очиб Жовлиевга қараб енгилгина пуфлади, муччи – ўпич йўллади:
– Шунақа!..
“Оила даврасида” газетаси, 2012 йил 11 октябрь.