Қулман Очилов. Калит (ҳикоя)

— Тушлик тугай деб қолди-ку?! — деди эшикдан бош суққан Акбарали. — Ҳалиям ишлаб ўтирибсизми?
Унинг одати шунақа — аввал, эшикни мушук тирнагандек, секин чертади. Сўнг жавобни кутиб ўтирмай, қия очиб, сийрак сочли бошини суқади. Тиржаяди. Бундан шолғомдек қип-қизил юзидаги қалин ажинлари янада қуюқлашиб кетади. Хонага олазарак разм солиб, биров сезиб қолишидан чўчигандек, шартта киради.
— Бу дунёнинг ишлари шунақа экан: ошхўрга — ош, ишхўрга — иш, — дедим мен компьютер мониторига ишора қилиб. — Ҳисоботни тугатишим керак. Бошни қашлашга вақт йўқ.
Бундай гапдан кейин бошқа одам халақит берганидан хижолат бўлиб, узр сўраб, чиқиб кетади. Аммо ишлаяпсанми, ухлаяпсанми — Акбаралига фарқи йўқ. Бостириб кириб келаверади.
— Иш, иш, деб ўлиб кетаркансиз-да, — деди у. — Биров ҳайкал қўярмиди?
— Балки қўяр, — дедим клавишлардан қўлимни узиб, гавдамни курсининг суянчиғига ташлар эканман. — Ана, ишхонамизнинг нариёғидаги майдонча бўш турибди. Балки менинг ҳайкалимни кутаётгандир.
— Туя ҳаммомни орзу қилган экан…
Акбарали билан университетда бирга ўқиганмиз. Гуруҳимиздаги анча батартиб, хати чиройли, ўзи ҳам келишган йигит эди. Университетни тугатиб, аспирантурага кирган. Уч-тўрт йилда илмий ишини ҳам ҳимоя қилиб, ҳамманинг, айниқса, қизларнинг ҳавасини келтириб юрар эди.
Университетни тугатганимиздан сўнг, у билан анчадан бери кўришмаган эдик. Мен — Мирзачўлда, у — Тошкентда. Ҳозирги ишхонамиз — илмий-тадқиқот институтида бўлим мудири сифатида иш бошлаганимнинг эртаси куни хонамда ўтирсам, эшикни сичқон тирнагандай бўлди…
Сочлари силлиқ таралган, бутун вужудидан куч-ғайрат ва ишонч ёғилиб турадиган Акбаралидан ном-нишон ҳам қолмабди. Қаршимда тинимсиз ичавериб, чекавериб, қорайиб, куйиб кетган ночор ва нотавон бир «чол» қалтираб турар эди. Эрталаб бўлишига қарамасдан, арзон винонинг ачимсиқ ҳиди анқиб турган бу бечоранинг устида талабалик йилларимиздаги ўша қора костюм, ювилавериб оҳори кетиб қолган ўша кўк кўйлак. Бўйнида ингичка қора галстук.
«Мени қарғиш урган, — деди у ўша куни кафеда бирга тушлик қилиб ўтирганимизда. — Биринчи хотинимнинг отаси — қайнотам ёмон қарғаган».
«Биринчи хотинингизга нима бўлган?»
«Аспирантурадан сўнг бир ҳамқишлоқ қизга уйланган эдим. Ёшликда берган кўнгил-да. Бир ўғил кўрганимиздан кейин ажрашдим. Каллам ишламаган, каллам! «Олимнинг хотини ҳам олима бўлиши керак», деган хомхаёл миямга ўрнашиб қолган экан. Қайнотам, раҳматли, яхши одам эди. Қайта-қайта насиҳат қилди. Кўнмадим. Қизини уйига олиб бориб ташлаган куним бечора чол йиғлади. «Ўлманг, нетманг, Акбаралижон, лекин қизимга нимани раво кўрган бўлсангиз, ўзингизнинг бошингиз ҳам ўша кулфатдан чиқмасин!» деди…»
«Иккинчи хотинингиз-чи?»
«Бир аспирант қизга уйландим, — деди у. — Аввалига яхши яшадик. Ўша йили уч хонали квартира олдик. Кейинги йили — машина. Отаси ёрдамлашди. Кейин янгангиз тамоман айниди. Бозорчи хотинларга қўшилиб кетди. Сенинг бир ойда топган пулингни бир соатда топаман, деб бошимни қотирадиган одат чиқарди. Аспирантурани ташлаб, ўзини савдога урди. Бозорда бир эмас, учта дўкони бор. Бу хотинни ҳам ташлай, десам, уч ўғлим бор. Улғайиб қолган. Бунинг устига, янгангизнинг отаси, қизимни хафа қилсанг, мендан яхшилик кутма, деб дағдаға қилади… Яна юз грамм айтолмайсизми? Пулини авансдан қайтириб бераман…»
Айтдим.
«Ҳозир хотиним икки-уч кунлаб уйга келмайди, — деди Акбарали иккинчи қадаҳни яримлатгач. — Болаларни опасиникига ташлаб, қаерларгадир йўқолиб кетади. Бир нима десам, дунёни бошига кўтариб бақиради. Уйга киритмай қўяди. Гаражда, «Жигули»да ётаман…»
Бу суҳбатга ҳам икки йилдан ошди. Кейин билсам, лаборант лавозимида ишлайдиган Акбаралининг бу юришига ишхонада ҳамма кўниккан экан. Ҳеч ким унга иш ҳам буюрмайди, топшириқ ҳам бермайди. Нимагадир ишдан ҳам бўшатмайди.
 Мен унга ёрдам беришга, «қутқаришга» ҳаракат қилиб кўрдим. Аммо уринишимнинг иккинчи куни у ишхонада умуман қорасини кўрсатмай қўйди. Ҳафтанинг охирида, жума оқшоми уйига қўнғироқ қилдим. Гўшакни хотини кўтарди:
«Акбарали акамиз, афсуски, телефонда гаплашадиган аҳволда эмаслар…»
«Нега? Тоблари йўқми?»
«Қишлоғидан адалари келгандилар. Бир ҳафтадан бери иккаласи бирга ичи-иб ётишибди. Маст!»
«Адалари?! Адалари ёши улуғ одам эди-ку?! Ҳали ҳам?..»
«Ҳа, етмиш тўртга кирганлар… Туғилган кунларини ўғли билан бирга нишонлагани келган эканлар. Мана, ота-бола нишонлаб ётишибди. Мен ўлмадим, қутулмадим!..»
Менинг бу институтга ишга келишим Акбаралини ғоят қувонтирди: хонамга эмин-эркин кириб-чиқади. Дардлашади. Тортинмай қарз сўрайди. Пулни ўзи ваъда қилган вақтда қайтариб беради. Аммо эртаси куни яна ялиниб келади. Бу гал ҳам қандайдир дард билан киргани аниқ.
Акбарали диванга ўтирди. Пастқам стол устидаги чойнакдан пиёлага чой қуйиб, бамайлихотир симирди.
— Мақсадга кўчинг, окаси?
— Мақсад — ҳолингиздан хабар олай, деб киргандим. Ҳайдаётган бўлсангиз — кетаман.
— Афсуски, ҳайдасам ҳам кетмайсиз-да.
— Бир илтимос бор…
— Неча пул?
— Пул эмас…
— Музлатгич — бўм-бўш. Кеча ўзингиз охирги шишанинг тубига етгансиз.
— Раҳмат! Ҳозиргина буфетга кириб чиқдим.
— Сезилиб турибди. Хўш, нима гап?
— Мана бу телевизорингизнинг тагидаги оқ тумбочкада иккита калит осиғлиқ турибди, — деди тумбочка томонга ишора қилиб. — Ўша калитнинг биттасини менга беролмайсизми? Дуо қилардим!
— Алкашларнинг дуоси арши аълога етиб бормайди. Минг йиллар олдин эмбарго қўйилган, деб эшитганман.
— Менга ўхшаш бечораю мискинларники тез етиб боради… Лекин беҳазил. Калит жуда керак.
— Яна қандай шумликларни бошлаётганингизни айтсангиз, гап йўқ. Бераман.
— Сўнгги кунларда янгангизнинг феъли роса айниди. Дўконидан олиб келган пулини телевизорнинг тумбочкасига солиб, қулфлаб қўядиган одат чиқарди.
— Оббо! Янгамулломиз, пулларини илгари қаерга қўярдилар? Банкками?
— Илгари тахмонга жойлаб қўярди. Яхшиликча беш-ўн минг сўрасам, бермайди. Мана сенга дедиму ўзига сездирмай оладиган бўлдим. Лекин билиб қолди. Сиз ўғирлагансиз, деб жанжал кўтарди. Тан олмадим. Менинг хатоим — 20-30 минг сўмни битта пачкадан олганим…
— Каллангизнинг ишламаслигини шу ерда ҳам намоён қилибсиз-да, биродари азиз?
— Гап калла ишламаслигида эмас. Тажрибасизликда. Охири ўйлаб-ўйлаб йўлини топдим. Энди тактикани ўзгартирмоқчиман.
У ҳаяжон билан ўрнидан туриб кетди.
— Шу калитни берсангиз, тумбочкани секингина очиб, ҳар пачкадан бир донадан пул суғуриб оламан, — деди мени ўта муҳим бир янгиликдан хабардор этаётгандек тантанавор оҳангда. — Қарабсизки, ўн пачкадан — ўн минг чиқиб турибди! Инсон зоти сезмайди! Қалай?!
— Зўр! Энди бу жиноятга мени ҳам шерик қилмоқчисиз. Тўғрими?
— Нега жиноят бўларкан?! Дўконлардан тушган даромадда эр сифатида менинг ҳам қонуний ҳаққим борми?! Бор. Янгангиз аҳмоқ ва хасис бўлса, мен бечора нима қилай? Айтинг, нима қилай?
— Йўли жуда осон: сиз бечора ичишни ташланг. Вассалом!
— Бошланди… Мен сиздан панду насиҳат эшитгани эмас, калит сўраб келган эдим…
— Шу билан муродингиз ҳосил бўлса, ана олинг!
Акбарали калитни шоша-пиша ечиб олди.
— Кўп яхши одамсиз-да, оғайни! — деди хонадан чиқиб кетаётиб. — Раҳмат! Лекин ўйлаб топган тактикам зўр, а? Қойилмисиз?!.
— Зўр! Бунақасини академиклар ҳам ўйлаб тополмайди!..

“Оила даврасида” газетаси, 2013 йил 14 февраль.