Бу воқеани мен отамнинг эски ошнаси Тўра чўпондан эшитганман. Тўра чўпон деганимиз ўзбекдан ҳам кўра Босфор бўйларида яшовчи туркларга кўпроқ ўхшаб кетади – оқ-сариқдан келган, барваста, кўзлари мовий, шоп мўйловли. Аммо ўзи ғирт ўзбек. Буни шундан ҳам билса бўладики, боши тўйдан чиқмайди. Бир қўйи иккита бўлса, қозонга босади. Яхши кўрган гапи: «Йигитнинг топгани – даврага». Қўлининг очиқлиги, улфатсеварлиги боис уйидан меҳмон аримайди. Қозони кечаю кундуз ўчоқдан тушмайди.
Биз борганимизда ҳам уйи тўла меҳмон экан. Туман газетасида ёзилганидек, «яқинда Тўра бобо чўпонлик таёғини ўғлига тантанали топшириш маросими ўтказган». Даврадагилар ўша тадбирга қатнаша олмаганлар, бизга ўхшаб «қутлуғ бўлсин»га кеч келганлар эди.
Кечаги тадбирнинг, бугунги давранинг «айбдори» – Тўра бобо пойгакда жимгина гапга қулоқ солиб ўтирарди. У кишини шунча ҳай-ҳайлаб ҳам тўрроққа ўтказа олмадик. Гап айланиб, табиийки, бобога, чўпонликка бориб тақалди. Шунда кимдир сўраб қолди
– Чўпон бува, бир йиллари қамалишингизга бир баҳя қолган экан, шу гап ростми?
– Рост… Хўп десанглар, нима гап бўлганини айтиб бераман.
Табиийки, биз рози бўлдик.
– Бу гаплар бўлиб ўтганида кеча мендан чўпонлик таёғини олган ўғлимиз эндигина оёғи чиққан гўдак эди. Эсимда қолгани шу–йил яхши келган. Эрта баҳордан кеч кузгача охурлар ем кўрмаган – ушоқ молдан сигир-бузоққача даладан тўйиб келарди. Чўпон-чўлиқнинг ҳам омбори ем-хашакка тўла, ҳамманинг димоғи чоқ эди. Меникини-ку сўраманг. Отаримда мингдан зиёд қўй бўлса, шунинг камида ярми ўзимники, шахсий. Жониворлар ҳам қўймисан қўй – жунидан тортсангиз мойи чиқади. Кунда-кунора санаб, ўзимча суюниб қўяман. «Худога шукр, – дейман ичимда,–мана, энди қўлимни қаёққа узатсам етади. Мошиним бор. Отим бор. Сигир-бузоқ, уй-жойдан, ейиш-ичишдан камим йўқ».
Ўша йил баҳорда тўй қилиб, бугунги чўпон ўғлимнинг қўлини ҳалолладим. Областнинг катталаригача келди. Сал ўтиб, қўзилатишни яхши якунлаганим учун мукофотга яна битта мошин олдим. Мухбир укаларимизнинг ҳам қадами узилмайди. Ҳали Қаршидан, ҳали Тошкентдан тинимсиз мақтаб туришибди.
Буларни кўриб-билиб ўзимча суюнаман, албатта: «Ў–ў, шу кунларни отанг кўрмади-да, Тўра!»
Бу томонини сўрасангиз, отадан эрта етим қолиб, дурустроқ мактаб ҳам кўрмаганмиз.
Бир куни уйнинг соясидаги кигизда шуйтиб хаёл суриб ётсам, бир мошин ғирр этиб ёнимга келиб тўхтади. Қарасам, совхозимизнинг – «Кўкдала»нинг директори. Шу йиллари директоримизни Рустам Бозоров дегич эди. Раҳматли қазо қилиб кетди. Ундай мард одамни кам кўрганман. Лекин жаҳли чиқса, улай-булай нарсадан қайтмасди – айтганини қилмаганни сўкардиям, урардиям. Ўзи паканароқ бўлсаям, виқори томдан баланд. Катта-кичик ҳамма олдида баргдай титраб турарди. Тракторчилардан биттасини бир уриб, шудгорга ағдариб ташлаганини кўрганман. Қизиғи, орадан бир ҳафта ўтиб, ўша тракторчининг тўйига келган. Кек сақламасди-да, раҳматли. «Тўйинга чақирмасанг ҳам келабердим, – деб ҳазиллашган. – Энди уйингдан ўқловингни опчиқиб, мениям бир-иккита тушир, аламингдан чиқасан».
Рустам Бозоров ана шундай мард одам эди. Мен билан-ку тоза қалин, «Тўра ошна» деб гапирарди. Мен ҳам унинг ҳурматини жойига қўярдим-да. У ёқ-бу ёққа дам олишга бормоқчи бўлса, сарф-ҳаражати учун тўрт-беш қўйнинг бетига қараб ўтирмасдим. Лекин бу гал директорнинг авзойи бузуқроқ кўринди.
– Ширвозларингдан иккитасини чал, – деди тилининг тагидаги носини туфларкан. – Бир-икки яшик арақ ҳам топтир. Гап бор. Райондаги каттаман деганнинг бари бугун сеникида йиғилади.
Бундай гурунглар тез-тез бўлиб тургани учун ажабланмадим. Район катталарининг кўнгли зиёфат тусаса, совхоз директори уйига олиб бормайди-ку. Менга ўхшаган чўпон-чўлиқникидан қулай жой борми!
Этдор тўқлидан иккитасини сўйиб, биттасини қозонга, иккинчисини тандирга босдим. Салқингина жойга дастурхон ёзиб, ёнбошига икки яшик арағини ҳам келтириб қўйдим. Бирпасда уйимнинг атрофини мошин босиб кетди. Милисанинг каттаси, прокурор, суднинг раиси, райкўм, хуллас, йигирма бешлар одам йиғилди. Шўрва ичилиб, тандир кабоб ейилиб, арақ шишалар бўшаб қолганидан кейин, райкўм директорга:
– Энди бошланглар, – деди.
Дирекор аввал менга, сўнг ерга қаради.
– Тўра, – деди, – сурувингни қўтонга қама. Қўйларни санаймиз.
Бу гапни эшитиб, эсим чиқиб кетди. Ўрнимдан турай десам, туролмайман. «Биров устимдан ёзибди! – деб ўйладим. – Сурувида беш юздан зиёд ортиқча қўйи бор. Ҳаммаси ўзиники, деб ёзган. Энди барини тортиб олади».
Қўйларни иззилатганча иссиқдан димиққан қўтонга солдик. Буғалтир, зоотехник, бўлим бошлиғи эшик олдида туриб, биттама-битта санади. Сурувда битта-яримта қариндош-уруғ, ошна-оғайнимнинг ҳам қўйи бор эди. Улар ҳам ҳисобга кириб кетди.
– Жами бир минг юз ўн учта, – деди директор.
– Хўш, нечта кам экан?
– Беш юз ўн еттита!
Райкўм менга юзланди:
– Ўртоқ Аннаев, қўйнинг қолгани қани?
– Бори шу! Бошқа қўйим йўқ, катта бува.
Аввалига ҳеч нарса тушунмадим. Менинг ҳисобим бўйича, давлатнинг сурувдаги қўйи оз эмас, кўп эмас, беш юздан ортиқ чиқиши керак эди. Ҳамма гапни кейин, буғалтир билан зоотехник ҳужжатларини кўрсатгач, тушундим. Билсангизлар, у замонларда чўпонлар ҳар йилнинг бошида, бу йил отаримдаги совлиқлардан фалонтадан қўзи оламан, деган мажбуриятга қўл қўярди. Хатга тушдинг-ўтга тушдинг. Қўл қўйдингми, бас, совлиғинг шунча қўзи туғадими-йўқми, кимнинг иши бор, мажбуриятни бажаришинг шарт! Бажармасанг, ёнингдан тўлайсан. Биз ҳам ҳар йили билиб-билмай шундай ҳужжатга қўл қўяверган эканмиз-у қоғоздаги қўзилар болалаб кетаверган экан. Бу кўргулик бошига тушган бир менми десам, йўқ, районда бизга ўхшаган «илғор чўпон» йигирма-ўттиз бор экан. Кўпи ўша йили қамалиб кетди.
Хуллас, ўша куни отар қўлдан кетди – бошқа чўпонга олиб берилди. Давлатдан сал кам олти юзта қўй қарздор бўлиб қолдим.
Икки от, икки мошин, беш-ўн сигир, яхши кунларга атаб қўйган гиламларимиз – бари кетди. Товуққача сотдим. Ҳовли-жойим мозорга ўхшаб ҳувиллаб қолди. Лекин, қарзимнинг ярмини ҳам тўлай олмадим. Уй-жойни сотай десам, нари борса, эллик қўйнинг пули бўлади. Бу томонда бола-чақа, ҳаммси ёш. Нима қиларимни билмай, гаранг бўпқолдим. Бу орада директорнинг одами келиб, уч кунлик муҳлат бериб кетди.
– Энди биздан хафа бўлманг, юқоридан сўроқ қаттиқ бўляпти, – деди.
Қечаю кундуз излаб, калаванинг учини тополмайман. Ўттиз йил сурувнинг чангини ютиб, топганим шу бўлдими, деб хўрлигим ҳам келади. Ишим терговга ошиб, қамалишимга кўзим етди. Хаёлимда, бугун-эрта келиб олиб кетишадигандай. «Энди қамалишим тайин, – дейман. – У ёқлардан эса соғ-омон қайтишим гумон – ёшим бир жойга бориб қолди». Саккиз гўдагимни ўйлайман: «Мен-ку бир гап бўларман, уларнинг куни нима кечади? Отаси қамалган, дегаи тавқи лаънат-чи?..»
Бир куни шундай хаёллар билан темир йўлнинг ёқасига бориб қолибман. Қизиқ-да, энди эсласам кулгим қистайди. Қамоқда ўлгандан кўра ўзимни поезднинг тагига ташлашни аъло кўрибман. Ўзининг жонига қасд қилди, деган маломатдан ҳам қутуламан, деган хаёлларга борибман-да.
Бир пайт от дупури қулоғимга чалинди. Бурилсам – Шўробозор қишлоғининг оқсоқоли Мўйдин бува, тўриғини йўрттириб келяпти. Раҳматли кўп кайвони одам эди. Бировнинг гапини икки қилмасди, бошқалар ҳам унинг айтганига йўқ демасди. Қашқадарёда уни танимаган одам кам топиларди. Дарёдил одам эди-да! Ай, йигитлар, очиғини айтсам, Мўйдин бува раҳматли мени ўлимдан қутқариб қолган.
У индамай отдан тушди. Қўлимни қисиб саломлашди.
– Сени йўқлаб келаётувдим, – деди. Ҳамма гапдан хабари бор экан.
– Сенинг феълинг бузилган, – деди. – Нодонлик қилма. Ўзингни қўлга ол.
Сўнг отига минди:
– Келинга айт, бир товоқ чалоб қип турсин, мен ҳозир келаман, – деди-да, қишлоқнинг нариги бурчига қараб отини йўрттириб кетди.
Ростдан ҳам, бир товоқ чалоб тайёр бўлар-бўлмас, ташқарида қўй маърагани эшитилди.
Чиқсам, Мўйдин бува. Олдида бир гала қўй-қўзи, эчки-улоқ.
– Ҳозирча шунисига эгалик қип тур, – деди. – Мен яна бир айланиб келай.
Раҳматли эгарда ўтирганича чалобни симирдию яна тўриғини йўрттириб кетди. Сал ўтмай, тағин бир гала ушоқ молни олдига солиб келди.
Кейин билсам, қишлоқма-қишлоқ, уйма-уй юриб, одамларга аҳволимдан гап очибди. «Саккиз боласи билан бечора қамалиб-нетиб кетмасин, – дебди. – Элчилик-элатчилик – ёрдам қилайлик.
Ким қўй, кимдир қўзи, яна биров эчки-улоқ берибди. Ўзи уйидан учта қўй ҳайдаб келди. Шундай қилиб, икки-уч кунда юз элликтача ушоқ мол йиғилди.
– Барибир етмайди, – дедим умидсизланиб.
– Сен шошмай тур, – деди у яна. Совхоз директорига ҳам бир учрай.
Сўнг уйимга расмона бир отар мол ҳайдаб келди. Совхоз директорини беш юзта тўқли беришга рози қилган экан. Яна таёғимни қўлга олдим. Биласиз, давлат биринчи йили тўқлидан қўзи талаб қилмайди. Боя айтганимдек, шу йил яхши келиб, тўқлиларнинг кўпи димоғи чоқ бўлиб ўсди. Бир йилга қолар-қолмас ҳамма қарзларимдан қутулдим.
Мана, энди яна ҳамишагидай бўлиб қолдик. Мошинимиз, оту сигир-бузоғимиз бор. Қўйимиз ҳам етарли. Энг муҳими, фарзандларнинг ҳаммасини уйли-жойли қилдик. Худойимга шукрларки, бировдан кам жойимиз йўқ.
Бу гапларни бувангиз нимага айтяпти, йигитлар? Бошингиз – ёш, иссиқ-совуқни ҳали кўп кўрасиз. Лекин бир гапни эсдан чиқарманг: бошингизга давлат қуши қўниб, устихонингизга жир битса, бой бўлдим, деб босар-тусарингизни билмай қолманг. Бошингизга кулфат тушиб, ночор аҳволда қолганингизда ҳам, мендан омад кетди, деб кўкрагингизни захга берманг. Ҳар иккисигаям бардошли бўлинг. Билингки, Худоим бандасига давлатни ҳам, кулфатни ҳам синаш учун берар экан, – деб ҳикоясини тугатди Тўра чўпон.
– Мўйдин бува деганингиз шўробозорлик Муҳиддин Нурматовми?
– Ҳа шу киши. Кўп яхши одам эди, раҳматли… Ай йигитлар, шу одамнинг яна бир ишига қойил қолдим. Шунча йил катта жойларда ишлаб, ортқча мол-дунё йиғай демаган экан. Таъзиясига бориб билдик. Лекин раҳматлидан қандай солиҳ фарзандлар, қандай яхши ном қолди! Бир хил пайтлар ўйлаб қоламан: эртага бу дунёдан ўтар бўлсак, бизнинг отимизни ҳам биров шуйтиб алқаб тилга олармикин?..
1990 йил.