Қулман Очилов. Geri gedan (ҳикоя)

Устоз! Ушбу хатимни ўқиб чиққач компьютерингиздан ўчириб ташланг. Унга бегоналарнинг кўзи тушиб, фақат ўзингизга ишониб айтаётган сиримдан воқиф бўлишларини ва устимдан кулишларини истамайман.
Жуда хунук, жуда ёмон иш қилиб қўйдим. Бугун иккинчи куни, лекин ҳали-ҳамон эсласам, юрагим орқага тортиб кетаётир. Йўқ, пушаймондан ҳам, қўрққанимдан ҳам эмас, андишадан! Балки, учаласидан ҳамдир. Бу ситам, бу кўргулик, бу иснод менга қаердан, қандай ёпишди? Кўзга яқин аёл бўлганим учунми? Эрим — Нодирбек акам Японияга кетгач, ёлғизланиб қолганим учунми? Билмайман.
Гарчи ўша куни пешиндан кейин ишхонадан чиқиб кетаётиб полларни артиб юрган фаррош аёлдан, йўлакдаги қон қаердан пайдо бўлганини сўраганимда, у оқизмай-томизмай айтган гаплардан кўнглим бироз таскин топган бўлса-да, ҳалигача ичимни ит тирнаб ётибдики, охири йўқ. Фаррош опа тўлиб турган экан, ёзғириб кетди: «анаву носкаш йигит» зинапоядан иккинчи қаватга чиққан жойида йиқилиб тушибди. Эрталабдан ароққа тўйиб олиб, устидан тинимсиз нос чеккан одамнинг ҳоли яна нима кечиши мумкин? Сип-силлиқ мармарнинг устида ҳам эплаб юролмайди бу ёшлар. Боши айланиб, йиқилган эмиш. Мен сизга айтсам, фақат шу бола эмас, галастук тақиб, ўзича пўрим бўлиб юрадиган дуппа-дуруст бошқа эркаклар ҳам хонасида ўтириб нос чекади-да, чиқит солинадиган челакка туфлайди. Қарабсизки, кечгача ҳам хона сасиб кетади, ҳам челакка қараб бўлмай қолади — тупукка тўлади. Буниси ҳам майли, носини тўғри келган жойга — коридорга, гултувакка, эшикларнинг орқасию зинапояларга туфлаб кетишини айтмайсизми… Тозалагунча кўнгилларим айниб кетади… Нима? Ҳа, дўхтир кўрибди. Ўзимизнинг дўхтир. Оғзи-бурнига пахта тиқиб қўйибди. Тишлари синган эмиш. Юзлари дўмбира бўлиб кетибди. Ўзим кўрдим. «Дамас»га солиб, апил-тапил уйига жўнатиб юборишди. Ортиқча гап-сўздан қочишди, чамаси. Ичиб олган экан-ку!..
Мен етакчи мутахассис бўлиб ишлайдиган банкда, айниқса, бизнинг кредит бўлимимизда ойнинг охири яқинлашганида «ит эгасини, мушук хўжасини танимай қолади». Одамларга кредит бериш осон, ундириш азоб. Ана шу азобни деб ойнинг охирида ҳаммани «тўлғоқ тутади». Баъзан шанба, якшанба кунлари ҳам ишлаймиз. Қарздорларга бирма-бир сим қоқиб, кредитини сўндиришини илтимос қиламиз. Бу гал ҳам шундай бўлди — март ойининг охирги шанбаси филиалимизда иш куни, деб эълон қилинди. Мен саҳар мардонда ишга келдим. Мўлжалим жумада чала қолган ишларимни эртароқ тугатиб, «ёруғ юз билан» уйимга қайтиш, йўл-йўлакай бозор-ўчар қилиш эди. Уч ойдан ошди, эрим Токио университетига стажировкага кетганларидан буён, уй-рўзғор ташвишлари тўла ўзимга қолган.
Соат ўн иккидан ўтганда хонамга Мансур кириб келди. Хушбичим, лекин юз-кўзидан сурбетлиги ва ҳудбинлиги шундоқ кўриниб турган ўттиз беш ёшлардаги димоғи бўйидан баланд йигит. Маркетинг бўлимига ишга келганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Уни биринчи марта кўрганимда «деворга сув пуркаб, сомонини оладиганлар хилидан экан», деб ўйлаган эдим. Янглишмаган эканман.
Калта олинган қора сочлари мой суртилгандай ялтираб турган бу пўримбойваччани кўриб, энсам қотганини яширмадим: «сен етмай турувдинг!»
— Бир илтимос билан келувдим? — деди у.
Ҳайрон бўлиб ўрнимдан турдим. Эркак киши, бунинг устига ёши катта одам, тик турсаю аёл қаршисида ялпайиб ўтирса, ғалати бўлар экан.
— Илтимос?
— Ҳа. Илтимосим: энди иложи борича, ҳар куни шу либосингизда юрсангиз. Қизил кофтангиз, беллари инги-и-ичка, корсони ке-енг, тўпиғингизга бош уриб турган липпалари то-оргина қора шараворингиз, чиро-ойли бошингизнинг ортига тортилиб, чиро-ойли турмакланган каштан рангли сочларингиз сизга шунақаям ярашибдики, ишхонамиздаги айрим йигитлар туни билан ухлайолмай чиқаётир! — У «айрим» сўзига алоҳида урғу бериб айтди ва бирдан ашула оҳангига ўтди. — «Деҳқон ўғли Баротнинг уйқусида «оқ-олтин»!..
Мансур ўзининг бу гапларидан ўзи ҳузур қилиб, шарақлаб кулди.
Мақтов кимга ёқмайди? Унинг бу чиройли гаплари, ўхшатишлари менга ҳам ёқди. Лекин, ичимдаги қувончни сиртимга чиқармадим. Сабаби, бу кичкина даромаднинг замирида каттагина таъма яширинганини кўнглим сезиб турарди.
— Шоир бўп кетинг-ей! — Шундай дедиму дарҳол пастки лабимни тишладим: сиртингга чиқармаганинг шуми?
— Сиз ҳали менинг шоирлигимни, беш йил нашриётда ишлаганиму, ҳатто китобим ҳам чиққанини билмайсиз-да?
— Йўқ, — мен ҳам молия институтини тугатгунимча, тўрт йил, ҳафталик газетада мусаҳҳиҳлик қилганимни, бир қанча мақолаларим чоп этилганини айтмоқчи бўлдиму, фикримдан қайтдим. Гапни чўзиб, чувалантириб нима қиламан.
— Нега китобимнинг номини сўрамаяпсиз?
— Ўзингиз айтарсиз…
— «Қийнама, ёр», — деди у маъноли қилиб. — Бир нечта шеъримни ашула ҳам қилишган, радиодан ҳам бериб туришади.
Индамадим. У столим қаршисидаги бўш курсиларга қаради. Мақсадини сезиб, сезмасликка олдим. Шу билан томошанинг муқаддимаси тугаб, асосий қисми бошланди.
— Кечаги таклифим нима бўлди? — деди у қарзини сўраб келган одамдай даб-дурустдан. — Борамизми?
— Қаерга? — дедим ва жойимга ўтириб, компьютеримнинг ўчиб қолган қоп-қора мониторига тикилдим. Ёмон бир ҳодиса юз беришини сезгандай қовоқларим учиб, ичимдан титроқ кўтарилиб кела бошлади. — Тавба! Мени ким деб ўйлаяпсиз, ўзи?..
Мансур беписанд кулди. Кулгусининг замирида гўё, ким бўлардинг, ҳамма аёл қатори бир ожизасан-да. Фарқинг шу — белига биринчи марта эгар урилган тойдай пишқираяпсан. Минги бўлсанг, бошлаган томонимга жимгина йўртиб кетаверасан. Сенга ўхшаган тегма нозикларнинг кўпини минги қилганман. Сен ҳам қочиб қутула олмайсан, деган маъно бор эди.
— «Қаерга, қаерга?» деявераркансиз-да? Қаерга бўларди? Кафе-ега-а! Бирга тушлик қиламиз, дедим-ку!
У чеккадаги курсига ўтирди. Қора костюмининг тугмасини ечиб, бўйнидаги ҳаворанг галстугини бўшатди.
— Кечирасиз-у, мен илгари ҳам сиз билан кафе-мафеларга бориб юрармидим?
— Бормаган бўлсангиз, энди борасиз!.. Хонангиз ёруғ ва жуда шинам экан. Ҳаво булут бўлсаям, яшнаб турибди. Туваклардаги гулларнинг зўрлигини қаранг. Ўзингиздек гўзал ва хушбўй!..
— Тушунмадим! Бу қанақа алжираш?
— Алжираш?.. Менга қаранг, нега хақорат қиласиз? — У ўзини гўё тутоқиб кетган одамнинг қиёфасига солмоқчи бўлди, бироқ ўхшатолмади. — Мен сизга нима ёмонлик қилдимки, тилингиздан бунча заҳар томади? Ё арпангизни хом ўрдимми?
«Ростдан ҳам, сал ошириб юбормадимми?» деган ўй хаёлимдан ўтди. Балки, беҳуда қизишаётгандирман? Сал одамшавандароқ муомала қилсам бўлармиди? Аммо, икки кундан бери хонамга кириб, асабимга тегаётган бу сўтакка қўйиб берсам, кал кўнгли нималарни тусамайди. Шу ерда, хонамда ташланиб қолишдан ҳам тоймайди.
— Бор-йўқ айбим, сизни ҳамкасб сифатида бир пиёла чойга таклиф қилаяпман. Чиройлисиз, гўзалсиз деяпман. Сизни гулларга ўхшатаяпман. И все!
— Ўзингизни гўлликка солманг. Ҳамма гап ана шундай беозор таклифлардан бошланади. Чойингиз учун ҳам, гулингиз учун ҳам раҳмат. Мақтовингизга зор эмасман. Худога шукр, эрим, бола-чақам бор. Мени тинч қўйинг! Чиройли гапларингизни уйингизга бориб, хотинингизга айтинг!
— Сиз жуда чиройли бўлсангиз, гўзал бўлсангиз, менинг айбим нима? Анаву Муршидадек қоқсуяк бир тасқара бўлганингизда, ялинсангиз ҳам бурилиб қарамасдим.
— Марҳаматингиз, лутфингиз учун раҳмат! Лекин сиз билан лақиллашиб ўтиришга вақтим ҳам, тоқатим ҳам йўқ. — Овозимга имкони борича расмийроқ ва совуқроқ тус бердим. — Илтимос, Мансур ака, хонамдан чиқиб кетинг!
— Чиқмасам-чи? Чиқмасам, нима қиласиз? Шаллақилик қилиб, бошингизга одам йиғасизми?
— Ундан ҳам баттар қиламан!
— Буни қаранг, а! Жуда қўрқитиб юбордингиз-ку! — У узун оёқларини чалкаштириб олди. Учи найзадек ингичка қора туфлисининг узунлиги бир қулоч келаркан. — Чиқмайман! Билганингни қил!
— Нима-а? — ғазабим қўзиб, ўрнимдан туриб кетдим. Димоғимга ароқ ҳиди урилди. — Нега сенсирайсиз?
Мансур пинагини ҳам бузмади. Билакс, хирс билан тикилди. «Қулт» этиб ютинди ва мазхараомуз тиржайди:
— Эринг ҳам Токиода супилик қилиб юрмагандир. Япон гейшалари билан «баҳорий суҳбатлар» қураётган бўлса, не ажаб!
Қўлим билан яна эшикка ишора қилдим:
— Кўп валдирайвермасдан, чиқинг хонамдан!..
— «Чиқинг-чиқинг!» эмиш. Чиқмай-ма-ан!.. Ўзинг чақириб, ўзинг ҳайдайсанми?
— Нима-а?
— Эшитганинг!.. Боя хонангнинг олдидан ўтаётганимда ўзинг «бирровгина буёққа қаранг, Мансуржон ака, илтимо-ос», деб чақириб олдинг-ку!..
Бу гапларни эшитиб, тилим калимага келмай қолди. Аламдан кўзларим қонга тўлиб, юзларим қизариб-бўзариб, ловуллаб кетганини сездим. Мансур яна, бу гал таҳқиру тазйиқини яширишга ҳам уринмасдан кулди: шунақа, мени қўрқита олмайсан! Дод солиб, раҳбарларга арз қилсанг, ҳамма айбни ўзингга ағдараман. Ўзи ёпишди, дейман. «Ғунажин кўзини сузмаса, буқача ипини узмайди». Мен эркакман, сен эса ожиза. Шилқимлик эркакнинг фазилати бўлса, аёлнинг кулфати. Доғини бир умр ювиб кетказолмайсан! Бир умр! Бу гаплардан эринг хабар топса, хабар топиши эса тайин, кўнглига шубҳа-гумон оралайди. Шубҳа-гумон ораласа, баҳрингдан кечади. Шундай экан, ими-жимида «хўп» де. Афсус қилмайсан.
— Кеча ҳам ўзинг чақирган эдинг, — деб давом этди у. — Гувоҳим бор. Телефон қилганингда, хонадошим Мутал ёнимда эди. «Мени Салимахон чақиряптилар, борай-чи, қандай дарди бор экан», дедим. Мутал сирли кулди: «қандай дарди бўларди, эри чет элга кетганидан бери ўзини қўярга жой тополмай юрибди».
Ўша пайтда Мансурнинг бу гапларини йўл-йўлакай тўқиб чиқарилган шунчаки тиррақи гап, деб ўйлаган эдим. Кейинчалик юз берган воқеани идрокимдан ўтказар эканман, Мутал ростдан ҳам айтган, мана бу овсар Мансурга пишанг бериш учун қитмирлик қилган бўлиши ҳам мумкин-ку, деган тахмин хаёлимга келди. Садқаи ҳамкасб кет, Мутал! Садқаи ҳамшаҳарлик кет, Мутал! («Тошканда таваллуд топган бўлсангиз ҳам, сиз — бухороликсиз, Салимахон! Негаки, падарингиз Бухорои шарифдан…»)
— Ёлғон! — дедим тутоқиб. — Мен сизга ҳеч қачон телефон қилмаганман. Қилмайман ҳам! Ёлғон гапиришдан, туҳмат қилишдан уялмайсизми, Мансур ака? Худодан қўрқмайсизми? Ахир, сизнинг ҳам онангиз, хотинингиз, бола-чақангиз бордир! Қизингиз бордир!..
— Бўлса-чи? — гапимни бўлди Мансур. Сурбетларча берган саволида қаҳратон қишнинг совуғи, қорли чўққиларнинг метинлиги бор эди. — Мен сени жарга итараётганим йўқ-ку! Бир пиёла чойга таклиф қилаяпман, холос!..
— Мен эса номаҳрам эркак билан кафеларда етаклашиб юриб, эл-юртга гап-сўз бўлганимдан кўра, жарга қулаб ўлганим яхши, деяпман! Тушунмадингизми?
— Тушундим, — деди у ва бошини бепарво ирғади. — Бунақа китобий гапларни жуда кўп эшитганмиз.
— Бир нарсага тушунмаяпман. Нега менга бунча ёпишиб олдингиз? Кўча тўла қиз, жувон… Боринг, ўшалардан бирортасининг бошини айлантиринг…
— Ҳар гулнинг ўз таровати бор. Билдингми?.. — У жойидан турди. — Бўлди! Шунча ноз-фироқ қилганинг етар. Мен ушлаган жойини кесадиган одамман. Мақсадимга етмагунимча қўймайман. Хомтама бўлма!
— Ҳали шунақами?
— Шунақа!
— Гапларингизга қараганда, анча-мунча китоб ўқиган кўринасиз?
— Нима, тупой деб ўйлаганмидинг?
— Ўша ўқиган китобларингизда, мабодо, «чучварани хом санама» деган мақолга кўзингиз тушмаганмиди?
— Йўқ! Аксинча, «ҳусни борнинг — нози бор», «юрмайдиган» аёллар эмас, ношуд эркаклар бўлади» деган гаплар бот-бот учраган! Бўлдими? Аразинг тугадими? Кетдикми? Ё эринг Нодирлангдан шунчалик қўрқасанми?..
Устоз, ёдингизда бўлса керак, университетда адабиётдан сабоқ бериб ўтган раҳматлик дадам, Сизнинг ҳузурингизга бошлаб борганида мен тўққиз ёшли хаста бир гўдак эдим. Зотилжам, деган бало вужудимга зулукдек ёпишиб, кун бермай қўйган кезлар эди. Мактабда, болалар ўртасида, «Салимжон — нимжон» деган ном олгандим. Исмим Салима бўлгани учун эмас, ўта нимжонлигим учун шундай дейишарди. Мактаб папкасини ҳам кўтара олмайдиган аянчли аҳволга тушиб қолган эдим-да. Болаларнинг ҳар қадамда масхаралаши, бетоблигим, узлуксиз дори-дормон истеъмоли, ойлаб шифохонада ётиш, ҳолсизлик ва чорасизликдан дунё кўзимга тор кўриниб кетарди. Йиғлардим. Аянчли аҳволимни кўриб, онам ҳам қўшилиб йиғлардилар. «Салимжон-нимжон» деб калака қилган бир боланинг билагини тишлаб олганим ҳам ёдимда.
Ана шундай кунларнинг бирида кимдир дадам раҳматликка, қизингизни яхши мураббийга шогирдликка беринг, спорт билан шуғуллансин, дебди. Яхши мураббий, бунинг устига аёл мураббий топиш ўша пайтларда осон ишмиди! Дадам бечора жамики таниш-билишларини ишга солиб, бир ой деганда топган эди Сизни. Ўн йил, то Нодирбек акам уйимизга тўй жўнатиб, фотиҳамиз бўлмагунича, Сизнинг таълим-тарбиянгизни олдим. Ҳозир ҳам Сиз чизган чизиқдан чиқмайман: «ожизларнинг, ногиронларнинг устидан кулиш, уларга озор бериш спортчи учун кечириб бўлмас — гуноҳ!» Лекин ожизни, ногиронни ҳақорат қилаётган, камситаётган кимсани кўриб, жим туриш ҳам савоб ишлардан эмас-ку, устоз!..
Мансур эримни атайлаб камситди: «ланг — чўлоқ» деди. Эримнинг оқсоқланишини бу калтафаҳмга Мутал айтган! Онанг кўкингни кийгур, калтабақай Мутал сотган! Нодирбек акам билан Эски жўвада юрганимизда кўрган эди. Муталнинг ўзи ҳам янги йил оқшомида кайфи тароқ бўлиб суйкалганида («суҳбати ду, анда маза-ку!»), гап билан оғзига урган эдим: йўлингиздан қолманг!.. Ҳа, Мутал айтган. Йўқса, шунча гапни кеча ишга келган Мансур қаердан, кимдан билади?.. Яна бир иштибоҳим борки, Мансурнинг менга канадек ёпишиб олиши гаров ўйнаган одамнинг қилиқларини ҳам эслатади. «Шу хонимчанинг бошини айлантира оламан!» «Айлантириб бўпсан!..» «Бешни ташла!..»
Алам қилди! Ўзининг умр йўлдоши, ёстиқдоши ҳақида бундай ҳақоратни эшитган қай бир аёл жим тура оларди? Тўғри, Нодирбек акам чап оёғини авайлаброқ босадилар. Лекин, эрим онасидан шундай — ногирон туғилмаганлар ёки бу дардни айримлардек, маст-аласт рулга ўтириб, аварияга учраб, «пулга сотиб олмаганлар». Бўзсувга чўкиб кетаётган машинадаги одамларни қутқараман, деб шу кўйга тушганлар. Оёғининг пайи узилиб, этлари эзилиб кетган. Олти ой касалхонада, уйда оёғини босолмай ётганларини аввалги хатларимда ёзган эдим. Биласиз.
Устоз, Сиз — офицернинг рафиқасисиз. Истеъфога чиққунича, эрингизни қайси вилоятга ишга юборишса, изидан бир умр соядек эргашиб юргансиз ва турмушнинг барча аччиқ-чучукларини бирга баҳам кўргансиз. Бу ҳақда бизга доим фахр билан гапирар эдингиз. Бундай гапларингизни эшитиб, Сизга қанчалар ҳавасимиз келганини билмайсиз. Энди тасаввур қилинг: умр йўлдошингизни оғзига кучи етмаган бир кимса олдингизда ҳақорат қилса, чидаб турармидингиз? Йўқ, яхшилаб адабини берардингиз!..
«Эринг Нодирлангдан шунчалар қўрқасанми?»
Мени ҳеч ким, ҳеч қачон бунчалар қаттиқ ҳақорат қилмаган, камситмаган эди. Ўмганимдан ўтиб кетди. Қулоқларим чиппа битиб, этларим музлаб қолди. Қўлимда пичоқ бўлмаганига жуда афсусландим. Пичоқ бўлганида соғ қўймасдим. Умрим қамоқда ўтса ҳам, шу гапи учун Мансурни тилка пора қилиб ташлардим. Энди ўйласам, Худо бир сақлаган экан… Танглайим қуриб-қақшаб кетганини сездим. Ўтириб қолдим. Олдимда турган чойнакка қўл узатдим, лекин ундан пиёлага бир томчи ҳам тушмади. Эрталабдан бери чой дамлашга улгурмаган эканман… Чойнакка қўл чўзганимни кўриб, Мансур менга ялт этиб қаради. Афтидан, чойнак билан бошига солиб қолишимдан чўчиди. Журналда ишлайдиган бир дугонамга муҳаррири тихирлик қилганида, калласига чойнакни «кийдириб қўйган» экан. Устоз, Сиз, Жаҳл отидан узоқроқ юриб, Сабот отини қўлдан қўйманглар, деб кўп айтар эдингиз. Сабаби — Жаҳл отининг бошида югани бўлмайди, айили бўш, жабдуғи жулдир, ёллари калта, ўзи сармаст, борар жойи паст бўлади. Сабр ва сабот отининг жиловини тутганларнинг — ақл билан иш қиладиганларнинг борар манзили ҳам, юз-кўзи ҳам доим ёруғ бўлади. Ўша аламли ва аянчли, ғуссага ботиб, хўрлигим келиб турган лаҳзаларда Сизнинг ушбу ўгитингизни эсладим. Эсладиму Сабот отининг жиловидан тутдим — ўзимни босдим. Қизиққон шогирдингизнинг ўзини босиши қанчалар қийин бўлганини ёзиб ўтирмайман. Аммо мен — қўли баланд келиб, ғалабани чўнтагидаги пулдай нақд қилиб қўйган рақибларини ҳам энг сўнгги дақиқаларда доғда қолдириб ўрганган шогирдингиз эмасманми!..
Мансур билан пачакилашиб ўтириш фойдасиз эканини тушундим. Кулдим:
— Бўлди! — дедим ва ўрнимдан турдим. — Бемаъни ҳазилларингизни қўйинг. «Ё остидан, ё устидан» деган экан бир таваккалчи. Кетдик!
— Ана бу бошқа гап!.. — Мансур менга ишонқирамай қаради ва чалкаштириб ўтирган оёқларини туширди. Мен унинг кўзига тик қарадим. Ҳар бири косадек келадиган каттакон кўзларида ҳам ҳадик, ҳам ҳайрат, ҳам шубҳа зуҳур эди. Яна эсимда қолгани — унинг кўзлари пешонасига ёпиштириб қўйилгандек, сийрак қошли манглайидан бўртиб чиқиб турарди.
— Хў-ўш, қани, қайси кафега борамиз? — дедим уни чалғитиш, ўй ўйлаши учун фурсату имкон қолдирмаслик учун.
— «Бек» деган кафега. Алоҳида хоналари кўп.
— Иннанкейин-чи? — дедим ўзимни ўйноқи аёл қиёфасига солиб.
— Иннанкейин, қоронғу ҳам тушиб қолади… — Унинг кўзлари сирли йилтиради. — Чилонзорда икки хонали квартирам бор. Ҳилватгина жой…
— Ўзлариникими ё?..
— Ўзимники десам ҳам бўлаверади. Лекин аслида тоғам ўғиллари учун олиб қўйганлар.
— Ў-ў! Тоғангиз ҳам ўзингиздек, бойваччамилар, дейман.
— Прокурорлар…
«Ҳа-а, димоғининг баландлигию ҳеч нарсадан таптортмаслигининг сабаби бу ёқда экан-да!» — деган фикр хаёлимдан ўтди. Яна ўйладим, балки алдаётгандир? Ўзича пўписа қилаётгандир: ортимда қандай одамлар турганини билиб қўй! Аслида, прокурорнинг жияни бўладими, сомсапазнинг — нима фарқи бор?
— Буни қаранг, соат бирдан ошибди-ку, — дедим гўё ўртада аччиқ-чучук гаплар бўлмагандек.- Бўпти. Сиз ташқарида кутиб туринг. Мен ҳозир…
— О’ кэй!
Мансур бир лаҳза ўйланиб турди-да, эшик томон юрди. Чиқиш олдидан ортига бурилиб, менга синовчан қаради. Гапим жиддий эканига кўнгли тўлди, шекилли, ортидан эшикни ёпди.
Бир пастдан кейин қизил гулли адрас шарфимни бўйнимга ташлаб, йўлакка чиқдим. Сокинлик. Мансур зинапояга яқин жойда бетоқат кутиб турарди. Мени кўриб, қўли билан «пастга тушаверайми?» деб ишора қилди. Чамаси, ишхонадан бирга чиқиб кетишимизни истамаётир.
«Йўқ!»
Мансур томонга юрдим. Бутун вужудим ваража босгандек титрарди. Қизиқ, не бир мусобақаю чемионатларда қатнашиб, енгиб, енгилиб, қўл-оёқларим лат еб, бунчалар қаттиқ изтиробу алам, ҳадик ва ҳаяжон туймаган эдим. Бунинг сабабини кейин англадим: мусобақаларда рақибларим доим аёл киши бўлган, қолаверса, улар ўз номи билан «мусобақа» эди! Қаршимда эса имонини еган бир эркак турарди!
Тўққиз-ўн метрлик масофа узоқ, беҳад узоқ туюлди.
— Эшигингни қулфламадинг-ку?
— А? — Бошимни илкис кўтардим ва Мансурга юзландим. Лабларимда қайноқ ва шўр таъм туйдим. Кўз ёшларим сел бўлиб оқмоқда эди. — Мансур!
— Ҳа?.. Э-е, сенга нима бўлди?..
— Мана бу эримни камситганинг учун!
Унинг икки сони ўртасига тепдим. Йўқ, қаттиқ тепмадим. Майиб бўлиб қолишидан чўчидим. Мансур «ҳиқ!» этдию, қўлларини даъфатан қовуғи устига қўйиб, олдинга, тиззамгача эгилди. Ихради.
— Буниси мени ҳақорат қилганинг учун!.. — Ўнг кафтимнинг қирраси билан унинг бўйнига урдим. Уриш асносида, девдай гавдага нўхатдай калла, қилдай бўйин берган экан, деган ўй хаёлимдан ўтди. Мансур юз тубан қулади.
 Икки ҳатлаб хонамга кирдим. Қулоқларим остида Сизнинг сўзларингиз жаранглагандай бўлди, устоз: «Бу усул каратэда «Geri gedan» дейилади. Уни моҳирлик билан қўллаган спортчига мусобақаларда энг юқори балл берилади!..»

“Ҳуррият” газетаси, 2013 йил.