Қулман Очилов. Фиръавнлар ўлкаси (очерк)

http://n.ziyouz.com/images/ehrom

Тошларга битилган достонлар

Азалдан ҳар бир юртнинг ўз меъморий тимсоллари бор. Масалан, Ўзбекистон деганда хорижликлар аввало Са­марқанд, Хева ва Бухородаги қадимий минораларни кўз олдига келтирса, Аме­рика даставвал Озодлик ҳайкали шаклида намоён бўлади, Францияни бўлса Эйфель минорасисиз тасаввур этиш қийин. Мисрнинг тимсоли эса эҳромлардир. Нақл борки, келиб даставвал, беш минг йиллик тарих гувоҳи — кўҳна эҳромларни бир бор кўрмаган киши, Нил соҳилларида юз йил яшаган бўлса ҳам, ҳақиқий Мисрни, мисрликни кўрмабди. Мисрда “эҳром” сўзини, унинг шаклию тимсолини ҳар қадамда учратасиз. Араб дунёсидаги энг нуфузли, энг кўп нусхали рўзнома (“Ал-Аҳром”), пойтахт Қоҳирадаги энг катта кўча, энг ширин таом, энг чиройли либос, энг замонавий меҳмонхона — барчаси эҳром номи билан аталади. Энг сара буюмлару кийимларга ҳам эҳромнинг суврати муҳрланган. Бинобарин, Миср ҳақида гап кетар экан, сўзни эҳромлар тарихидан бошламай иложимиз йўқ.

Ҳақиқатан ҳам, Миср эҳромлари инсоният тарихида шу кунгача маълум бўлган энг қадимий обидалардандир. Улар шаклан турлича — паст-баланд, катта-кичик, зинасимону силлиқ бўлиб, жами юзга яқин. Аммо бири иккинчисига деярли ўхшамайди. Бани башарни аср-асрлардан буён ҳайратга солиб келаётган жиҳатларидан бири ҳам шу бетакрорлиги. Оми халқни-ку қўя туринг, олиму фузало ҳам ҳанузгача шу хусусда баҳслашади. Эҳромларнинг айримлари 2,5 миллионтагача йўнилган тошдан тикланган. Улар қаердан, қандай қилиб бу “саҳрои кабир”га олиб келинган? Қандай йўнилган, силлиқланган? Қандай терилган? 140-150 қулоч баландликка қандай кўтариб чиқилган? Тошларки, айримлари тўрт тоннагача келади! Қолаверса, шунча даҳмаза кимга, нимага керак эди?..

Эҳромлар қаршисида лол қотиб турган ҳар бир ожиз банданинг шууридан кечадиган бундай саволларга бериладиган жавоблар ҳам ҳали-ҳамон ҳар хил.

Сершубҳа кишилар айтадиларки, бундай мукаммал иморатларни беш минг йил аввални-ку қўяверинг, бугунги техника асрида ҳам қуриш қийин. Юк кўтарувчи кран нарида турсин, геомет­рия, математика, физика, кимёвий ўлчов бирликлари ҳали кашф этилмаган замонларда қандай қилиб баҳайбат тошлардан бундай “иморат” қуриш мумкин эди? Бунинг устига, эҳромларнинг ичию ташидаги безагу сувратларни, ҳайкалларни ким, қандай чизган, ясаган? Суратларки, бирларида бугунги тайёрлару сайёраларни кўрсангиз, бошқалари фазогиру космик кемаларни эслатади. Ахир, эллик аср бурун бундай муъжизаларни бунёд этишга қодир фан, техника, сержило буёқ, асбоб-ускуна, мукаммал ёзув, тасвирий санъат бўлмаган-ку!.. Йўқ, бу иш ҳом сут эмган банданинг қўлидан келмаган, келмайди ҳам! Ғайри табиий куч — ўзга сайёраликларнинг иши бу, ҳойнаҳой! Эҳромларни ўшалар қурган, расмларни ўшалар чизган, ҳайкалларни ҳам ўшалар ясаган…

Яна бир гуруҳ —умрини бир қўлида чўкич, иккинчисида чўтка билан Миср саҳроларида ер қазиб, тупроқ титиб ўтказган мозийшунослар бутунлай ўзгача фикрда. Уларнинг айтишича, Миср бундан 5-6 минг йил бурун юксак тамаддун ўлкаси бўлган. Илм-фан, санъ­ат, таълим, ҳатто техника ҳам юксак тараққий этган. Аслини олганда, бунинг унчалик ажабланадиган жойи йўқ, тараққиёт ҳам инсон умрига ўхшайди: маълум бир жойда пайдо бўлади, гуркираб ривожланади ва бир куни инқирозга юз тутади — ўлади. Нил соҳилларида ҳам қадимда шундай бўлган. Фуқаролар юрт эгаси —фиръавнга шунчаки йўлбошчи эмас, худо деб қараган. Унга сажда қилган. (Бунинг исботи — Нил соҳили бўйлаб сочилиб кетган минглаб қабристонлар, ибодатхоналару саройлар, улардан топилган турфа ашёлар). Қани, айтинг-чи, қайси подшо дабдабаю асъасани, тарихда мангу қолишни, ўз номини абадийлаштиришни истамайди? Бунинг устига, қўл остидагилари уни Худога тенглаштириб турган бўлса! Фиръавнлар ҳам, табиийки, бундай қусурдан холи бўлмаган. Эҳромлар ҳали улар тириклигидаёк қурила бошлаган. “Иморат” унга дафн этилажак аслзоданинг мавқеига қараб бино этилган. Шу жиҳатдан олиб қараганда, фиръавнларнинг тўртинчи сулоласига мансуб подшоҳ — Хеопс жасадини бағрига олган эҳром инсоният қўли ва акл-заковати билан бунёд этган энг улкан меъморий муъжизадир. Унинг эни — 230, баландлиги — 147 метр. Эрамиздан 2600 йилча бурун қурилган бу иншоотга ҳар бири 2,5 тонналик тошдан 2,3 миллион дона ишлатилган. Уни бунёд этиш учун ўн минг киши ўн йил мобайнида тинимсиз тер тўккан. Тошлар Нилнинг нариги соҳилидаги Муқаддас тоғ тизмаларидан кесиб олиниб, қайиқларда ташиб келинган. Эҳром атрофига тупроқ уюлиб, тош­лар ўша тупрок устидан тепага судраб чиқилган. Фиръавн бандаликни бажо келтиргач, марҳум эҳром ичига дафн этилиб, туйник бекитиб ташланган. Кимки туйник сиридан хабардор бўлса, зимдан йўқ қилинган. Аммо орадан не-не асрлар ўтиб, эҳромлар талон-тарож қилинган. Фиръавнлардан Тутанхамоннинггина қабри XX асргача бус-бутун сақланган экан. Унинг қабридан чиққан зебу зийнат, қимматбаҳо буюмлар то ҳануз мислсиздир. Улар шу қадар кўп, шу қадар бебаҳо эдики, ҳаммасини рўйхатдан ўтказиб, Миср музейига келтириш учун салкам беш йил вақт кетган. Ушбу музейда бўлсангиз, Тутанхамоннинг тилла буюмларинигина эмас, ҳатто… ўзини ҳам кўрасиз. Беш минг йилча бурун мўмиёланган арзанда подшонинг жасади, кечагина дунёдан кўз юмгандек шу кунгача “қилт этмасдан” ётибди.

Фиръавнлар нафақат ўзларининг, балки аҳли аёлининг ҳам номини абадийлаштириш ғамида бўлган. Хотинлари, фарзандлари, аъёнлари, ҳатто норасида гўдаклари учун ҳам эҳромлар қурдирган. Эҳромларнинг катта-кичиклиги шундан.

Одатда сайёҳлар эҳромлар томошасидан сўнг одам бошли шер “қўриқлаб ётган” ибодатхоналар мажмуи сари йўл оладилар. Бу ерда турли хил иморатлар харобаларигина сақланиб қолган. Марҳум фиръавнларга шу ерда сўнгги иззат-икром бажо келтирилган, жасади мўмиёланган.

Аммо дорилбақога рихлат қилган шоҳ дорилфанодан кўнглини буткул узиб кетолмаган. Масалан, фиръавн Хефрен ўз иродасининг бундай ожизлигини ҳайкал шаклида намоён этган: узунлиги — 80, бўйи — 20 қулочлик одам бошли шер, мана, минг йилларки, бандаларга синчков тикилиб турибди. У — куч-қудрат, буюклик тимсоли. Тахминларга қараганда, бу ҳайкал эҳромни тиклаш арафасида тоғ қоясидан яхлит ҳолда ясалган. Шернинг салобатли боши эса фиръавн Хефреннинг бошига ўхшар эмиш.

Кимки Мисрдаги бундай обидаларни кўриб, аҳли фиръавн дунёни фақат охират ташвишида ўтказган экан-да, деб ўйласа, хато қилади. Фиръавнлар­нинг маишатию ҳашамати аслзодаларга хос бўлган. Буни Мисрнинг қадимги пойтахти Луксор мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу кўҳна кентдаги қай бир тошни, қай бир уюм қум-тупроқни суриб кўрманг, тагидан ё хилхона, ёки бирор ибодатхона, ҳеч бўлмаганда ҳайкал чиқади. Йўқ, бу — шунчаки, расми муболаға учун айтилган лоф эмас, ҳақиқат.

Яқинда қадимий ибодатхоналардан бирини супириб-сидираётганларида чағир тош тўшалган залдан қандайдир ҳайкал чиқибди. Кавлашса — яна ва яна, жами йигирматага яқин маъбуда сиймоси топилибди. Тағин қанақа денг, ҳар бири одам бўйи келади.

Луксор — қадим ибодатхонаю саройлар, турфа хилхоналар макони.

Уларнинг аксари бутунлигича сақланиб қолмаган бўлса-да, қадимий Миср аслзодаларию авомларнинг яшаш тарзи, туриш-турмушидан аниқ далолат беради. Фиръавнлар гўшаси ўзининг салобати, ранг-баранг безаклари ва ҳар қадамда учрайдиган ҳайкаллари билан ҳалигача кишиликни ҳайратга солиб келади.

Қарноқ ибодатхонаси уларнинг энг антиқаси ва гўзалидир. Унинг кошинли зали ҳайбати билан ақлни шоширади. 16 метрли 136 дона кошиннинг барчаси бошдан-оёқ турфа хилда безалган. Айтишларича, бир замонлар юнон файласуфи Ҳомер ҳам уларни томоша қилган ва кўрганларидан ҳай­ратга тушиб, “Илиада” достонини яратган.

Шоҳлар водийси — фиръавнларнинг янги авлодига мансуб ҳаёт тимсоли. Фиръавнлар авлодига мансуб сўнгги шоҳ­лар эҳром қурдирмаган бўлса-да, ўзининг рост дунёсини обод этиш ғамида ота-боболаридан кам заҳмат чекмаган.

Водийда 42 хилхона — қабр сақланиб қолган. Қабрлар тоғнинг метин қояларини ўйиб кавланган. Уларнинг деворларию устунлари бошдан-оёқ марҳум фиръавн барҳаётлигида амалга оширган ишлардан ҳикоя қилувчи расмлар билан безатилган. Тутанхамоннинг қабри ҳам 1922 йилда ана шу водийдан топилган эди…

Бугун қайси бир мисрлик билан суҳбатлашсангиз, мозийдан гап очади ва албатта ватанининг неча минг йиллик тарихини, эҳромларни, фиръ­авн боболарини тилга олади. “Биз дунёдаги энг қадимий халқмиз”, деб ғурурланишдан ўзини тиёлмайди. Бунда ҳеч бир кибр йўқ. Фиръавнлар қолдириб кетган минглаб, миллионлаб обидалар мисрликларнинг фахригина эмас, яхшигина даромад манбаи ҳамдир. Қояларга битилган достонлар томошасидан тушган маблағ мамлакат хазинасининг салмоқли улушини ташкил этади.

Фиръавннинг невараси

Ўзга халқнинг қандай яшаётганини билмокчи бўлсанг, мозори билан бозорини бориб кўр, деган ота-боболаримиз. Шу нақлга амал қилиб, қадим Мисрнинг мозорларини кўрдик, унинг тарихи ҳақида муайян тасаввур ҳосил қилдик. Энди навбат бозорларига етди.

Миср бозорлари тўкин. Маҳсулотлари сифати билан жаҳон бозорида рақобатлаша олмаса ҳам, сероблигидан кўзингиз қувонади. Лекин бу ерда товарларнинг тўкинлиги эмас, аввало, очиқкўнгил, хушчақчақ, меҳмондўст тижоратчилар эътиборни тортади. Дўконга кириб соатлаб ижикилаб маҳсулот танланг, савдолашинг ва сўнгида ҳеч вақо олмасдан чиқиб кетинг — бирор мардум хафа бўлармикан! Аксинча, орқаваротдан “Хуш келдингиз, ҳазрат!” деган лутф қулоғингизга чалинади. Дарҳақиқат, мисрликларда тажанглик йўқ. Айтишларича, Қоҳира кўчаларида на ҳайдовчи, на пиёда йўл ҳаракати қоидасига амал қилади. Бироқ кўчада ногоҳ машина тўқнашганини ҳам, бақириш-чақиришни ҳам эшитмайсиз. Араблар сертакаллуф халқ. Аввал меҳмонга йўл бериб, кейин ўзлари ўтади.

Дарвоқе, бу юртда ажнабийларга алоҳида ҳурмат билан қарайдилар. Чунки каттаю кичик барчага кундек равшанки, Мисрга нақадар кўп меҳмон келса, шу қадар яхши: сайёҳлар кўпайса, да­ромад кўпаяди. Меҳмонхоналарда, савдо марказларида, томоша жойларида, кўча-кўйда — қўйингчи, ҳамма ерда яхши нарсаларнинг барчаси аввало сайёҳлар учун. Ҳар қадамда “Буюринг, ҳазратим!” деган лутфни эшитасиз.

Қоҳиранинг марказидаги Хонҳалил бозори недир бир жиҳатлари билан Тошкентнинг Отчопар бозорини эслатади. Чор тараф — дўкон, пештахта, товар, харидор чорлаган овозлар. Таом ва куядори ҳиди атир бўйига қоришиб кетган.

Хуш бўйларини нариги кўчага ҳам анқитиб турган атир-упа дўконига кирамиз. Жавону пештахталарга қалаштириб ташланган саноқсиз шишачалар чироқ нурида кўзни қамаштиради. Дўкондор — ўттиз ёшлардаги йигит югуриб келганича биз билан минг йиллик қадрдонлардек қўл бериб кўришади. Қўярда қўймай оромкурсига ўтқизади. Чой, қаҳва ва яна аллақандай шифобаҳш ичимликка тобимиз бор-йўқлигини сўрайди. Рад жавобини эшитгач, сигарет тутади. Яна бош чайқаймиз. У кулади. Қайси юртдан эканимизни сўрайди. Эшитиб, қарсак чалиб юборади: “Ў-ў, муслим, мусулмон! Самарканд, Бухоро, ал-Бухорий, ат-Термизий!..” Оддий сотувчи одамдан бу сўзларни эшитиб, биз ҳам эриб кетдик. “Кўнглингиз нимани тусайди, ҳазратим? — дея қўлини кўксига қўйди йи­гит. — Мушк, сандал, сурма?..”

Сотувчи бир зумда кўздан ғойиб бўлди-ю, бежирим шишачалардан ўн-ўн бештасини кўтариб келди. Молини шу қадар зўр бериб мақтадики, шубҳага заррача ҳам ўрин қолмади. Дунёга машҳур фаранг атирлари шишачалардаги мана шу суюқликлардан — нафис гулларнинг тоза ва табиий шарбатидан тайёрланади. Фарқи — фаранглар бунга – гулобга спирт (кимёвий модда!) қўшиб кўпайтиради. “Кимё —ёмон, терини, соч­ни ишдан чиқаради, куйдиради. Шунинг учун буни — Миср молини олган маъқул. Қолаверса, бу —жуда арзон. Ишонмасангиз, мана, синаб кўринг”.

Йигит шишачалардаги суюқликдан ҳаммамизнинг билагимизга суртиб чиқади: “Ҳидлаб кўринг. Буниси массаж учун – оғриқни олади, яра-чақани тез тузатади. Бунисини аёлингиз суртади, аммо роҳатини сиз кўрасиз. Номи ҳам ажойиб — “Саҳродаги сир”. Буниси —атиргулники, буниси — нилуфардан тайёрланган. Анавиниси эса “Тутанхамон” деб аталади…”

Турфа бўйу мақтовлардан бошингиз айланиб қолади. Ўзингизга маъқулини танлаб, нархини сўрайсиз.

— Сизларга арзонлаштириб бераман, — дейди аттор. — Биродаримиз экансизлар, ахир!..
— Хўш, қанча?
— Ҳар бири олтмиш Миср фунтидан.

Лекин биз ҳам анойи эмасмиз — Шарқ фарзандимиз. Қолаверса, танишларимиз қулоғимизга қуйиб юборган: нарса олсангиз, эҳтиёт бўлиб, савдолашиб олинг. Алданиб колишингиз ҳеч гап эмас.

— Раҳмат! Биз кетдик, — дейман мен жўрттага ва ўрнимдан қўзғалмоққа шайланаман. — Бу нарх бизга тўғри келмас экан.

Сотувчи чўчиб кетади:

— Йўқ-йўқ. Сиз сўранг, савдолашинг, ахир! Хўш, қанча бермоқчисиз, ўзи?..
— Ўн фунтдан, — дейман. Ҳамроҳим илкис менга қарайди: жуда ерга уриб юбормадингизми? Олтмиш қаердаю ўн қаерда?

Хуллас, ярим соатча талашиб-тортишиб, ўн беш фунтга келишдик. Сотув­чи харидимиз учун қайта-қайта раҳмат айтиб, кўчагача кузатиб қўйди.

— Бопладик, — дейди ҳамроҳим. – Олтмиш деган эди, тўртдан бирига олдик. Арзон-а?
— Ўзбекнинг совунига кир ювмаган ҳали бу фиръавннинг неваралари! — дейман ўзимдан-ўзим мамнун бўлиб.

Кулишганча кейинги дўконга кирганимизни билмай қоламиз. Яна шундай шириндан-ширин илтифот, яна шундай хуш бўй таратувчи бежирим шишача­лар: “Саҳродаги сир”, “Атиргул”, “Тутанхамон”.

Синаш учун нархини сўраймиз.

— Сизларга арзонлаштириб бераман, — дейди бу сотувчи ҳам. — Биттаси ўн беш фунтдан.

Маълум бўладики, биз нариги дўконда беш фунт турадиган атирни уч баравар қимматига олибмиз.

— Яхшиям олтмиш фунт деганида элликка сўрамаганимиз, —дейди ҳамроҳим. Кулишамиз. “Совун”ни эслаймиз…

Маърифат

Миср икки қитьа — Осиё ва Африкани бирлаштириб турган улкан мамлакат. Майдони қарийб бир миллион квадратли километрга тенг. Аммо сал­кам 63 миллионли нуфусга эга бу кўҳна заминнинг бор-йўғи тўрт фоизидагина аҳоли яшайди. Қолгани — тоғ-тош, саҳро. Асосий бойлиги — нефть, пахта, Сувайиш каналию сайёҳлар томошасидан келадиган даромад…

Бундан 40 йилча бурун Жанубий Ко­рея раҳбарлари Қоҳирага ёрдам сўраб келган экан: Миср — бой мамлакат, ер ости захиралари мўл, хуллас, кўмак беринглар.

Ўшанда Мисрда миллий даромад аҳоли жон бошига ўртача 200 АҚШ долларига тенг келар экан. Кореяники эса 80. Бир неча ўн йил ўтгач, рақамлар солиштириб кўрилса, бутунлай бошқача — корейсларники ўн минг доллардан ошиб, мисрликларники мингнинг атрофида қолиб кетибди.

Гап нимада? На қазилма бойлиги, на дурустроқ ери бўлган, сайёҳлар ҳам унчалик ружу қўймаган бу жажжи мамлакатдан Миср нега бу қадар орқада қолиб кетди?..

Бу саволга ҳар ким ҳар хил жавоб берар эди. Айрим мутахассислар бун­дай дейдилар: “Қолоқлигимизнинг боиси шўронинг таъсири, 60-йилларда президент Жамол Абдул Носир собиқ советлар мамлакати раҳбарлари би­лан апоқ-чапоқ бўлиб кетди. Мисрда со­циализм қуриб, ҳаммани тенглаштирмоқчи бўлди. Иқтисодиётни ривожлантиришнинг табиий йўли — бозор муносабатларидан воз кечиб, хусусий корхоналарни давлат тасарруфига ўтказди. Бу сиёсатдан норози бўлган айрим Ғарб мамлакатларининг зардаси қайнай бошлади. Уруш бошланди. Баҳона – Сувайиш канали. Асл сабаб эса — Миср заминида икки тузум манфаатларининг тўқнаш келгани эди. Айниқса, 1967-73 йиллардаги олти йиллик уруш халқнинг тинкасини қуритди”.

Бошқа олимларнинг фикрича, Миср аҳли, аксари араб мамлакатларидаги каби, нефтни сотишу Сувайишдан тушадиган мумай даромадга кўникиб қолган ва шунинг оқибатида ишлаб чикаришни ривожлантиришга унча эътибор бермаган.

Аммо ушбу омилларга яна бир муаммони қўшсак тўғри бўлади, дейди қолганлар, кўргилигимизнинг бош сабаби — маърифатга панжа орасидан қараганимизда. Аҳолисининг қарийб тенг ярми ўқиш-ёзишни билмаган юртда тараққиёт бўладими? Бу ҳол қишлоқ жойларида ҳатто 85 фоизни ташкил этади.

Кўпчиликнинг кўзи очилгандек бўлди. Ҳукумат таълим ва тарбияга оид махсус дастурлар тайёрлади. Янги мактаб, коллеж, институт ва дорилфунунлар очила бошлади. Миллатпарвар зиёлилар қишлоққа юз бурди. Энг чекка гўшаларда ҳам нур таралиб, кишилар маърифат зиёсидан баҳраманд бўлмоққа шошилдилар. Дастлабки натижалар чакки бўлмаяпти: 1996-97 йиллар мобайнида 328 мингта янги синф очилди. Бу ҳол битта синфда таълим оладиган ўқувчилар сонини анча камайтириш — 42 тага тушириш имконини берди…

Мустақиллик ва тараққиёт йўли осон эмас. Асримиз ўрталарида, Миср ҳақиқий мустақилликка эришгач, унга “катта оға” бўлишни истовчилар кўп топилди. Олдинига — советлар, сўнгра айрим Ғарб мамлакатлари. Чайқалишлар, йўлдан тойишлар ҳам кам бўлмади. 50-йиллардан кейин кечган икки қонли урушнинг сабаби ҳам шунда. Аммо бу қадим улка, қийинчиликлар билан бўлса-да, тараққиёт йўлидан тобора дадил одимлаб бормоқда.

Тошкент — Қоҳира — Луксор — Тошкент.

“Тафаккур” журнали, 1998 йил, 3-сон.