«Санам момони биласизми?» деб сўрасам, афсус маъносида бош чайқайсиз. Ажабланадиган жойи йўқ. Бугун уни ўзи туғилиб ўсган гўша– Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманидаги Кўкдала қишлоғида ҳам кўпчилик танимайди. XX асрнинг машҳур шоири Нозим Ҳикмат айтганидек, «қўшнисидан бошқа ҳеч ким танимайдиган» бир аёл, Ўзбекистонда бундай аёллардан минглаб, миллионлаб учратиш мумкин.
Ёши? Қайлиғини урушга кузатганида, ўн саккизга тўлган эди. У кишидан газетамизга интервью олмоқ истагида уйига бордим. Бугун, мана-ман деган ёзувчилар, олимлар, жамоат ва сиёсат арбоблари илмли, билимли оммани ўз сўзи билан ҳайрон қолдириши қийин кечиб турганда, умри уйда, фарзандлари тарбиясида ўтган оддий ўзбек аёли зукко газетхонларимизга қандай «янги гап» айтиши мумкин? Бир қарашда, бу саволга жавоб олиш амри маҳолдай туюлади. Лекин юракдан чиққан самимий гап юракка етади. Бу кўҳна дунёда дилни нурафшон этган ҳар бир гап янгидир. Мен ҳам Санам момо Аҳмедова билан дилдан суҳбат қуриш ниятида унинг кўк дарвозасини тақиллатдим.
Момо кенг ҳовлининг қоқ ўртасидаги супада набираси Отабек билан «гурунглашиб» ўтирарди. Ҳовли қишлоқнинг марказида, тепаликда жойлашган эмасми, атроф кафтдагидек кўринади. Яшил боғлар, лола- қизғалдоқлар очилиб ётган далалар, узоқларга чўзилиб кетган виқорли Ҳисор тоғи тизмалари сахий кўклам қуёшининг майин нурларида чўмиларди. Ажиб манзара. Кишини бир зум шошириб қўядиган, хаёлга толдирадиган мафтункор манзара. Аммо онахон бу манзарани кўрмаётгандек, сезмаётгандек, мунгли сўзлайди. Сўзларки, боғлар гулламаган – қуриган, қовжираган, сўзларки, соя-салқин тоғлар эмас, беҳудуд хиёбонлар, оромижон шабадалар эмас, гармселлар ҳақида ҳикоя қилади. Буларнинг ҳаммасига сабабчи – уруш…
Момодан оладиган интервьюни яхши, нурли гаплардан бошлагим келди.
– Бувамиз фронтдан қайтганда қандай кутиб олгансиз, момо?–деб сўрадим у кишидан.
Момомиз куладилар. Қуёшдек чарақлаб куладилар. Сездим, бу воқеани эсласа, ҳали-ҳалигача энтикиб кетади. Аҳ, ёшлиг-а! Бундай пайтларда у ширин тушга ўхшаб туюлса керак. Тез ўтиб кетади-ю кўрганларинг яна бир мартагина қайтарилишини қўмсаб, соғиниб юраверасан. Лекин у лаҳзалар қайтиши қийин. Қайтмагани яхши. Яхшими, ёмонми ўтган умр такрорланмасин. Шуниси билан ширинда ҳаёт.
-Қизғалдоқлар ҳозиргидай очилиб ётган эди, – деб гап бошлайди онахон. – Қизғалдоқлар нимага эсимда қолганини билмайман. Уруш йилларида уларнинг бунчалар чиройли, бунчалар қийғос очилганини кўрмаганимизданми, кўрсак ҳам, кўнглимизга сиғмаганиданми, ўша йилнинг қизғалдоқлари бир умр эсимда қолибди. Қирларга биров уларни худди қўлда эккандай, алвон бўлиб ётарди. Томларни айтмайсизми, келинчаклар қизил кўрпасини чиқариб ёпгандай…
Чошгоҳда, ёғирчоқда бир кафтгина буғдой тортай, деб эндигина ўтирган эдим. Эшикда вағир-вуғир бўп қолди. Қулоқ солсам, «аскар, ана аскар келяпти», дейди биров. Жон ҳолатда отилиб чиқдим. Нимага бунчалик ҳовлиққанимни айтай: бувангизни олти йилдан бери кутаман. Уруш тамом бўлдиям келай демайди. Тушунасиз… Қарасам ҳамма қирга қараб чопган. «Куёвинг, Санам, куёвинг келяпти!» – деди Муқим момо. Қани энди турган жойимдан қимирлай олсам. Қулоғим чиппа битиб қолгандай бўлди. Бўшашиб, эшикнинг кесакисига суяниб қолибман. Момо имлаган томонга қарасам, кўзимга ҳеч ким кўринмайди–ҳовур, оловдай чўғланиб ётган қизғалдоқлар кўринади… Ишонгим келмайди. Момо ҳазиллашаётган бўлса, кейин нима қиламан, деб қўрқаман. Қўрққанимданми, йиқилиб тушадиган сиёғим бор.
Қарасам, Муқим момо қирга қараб қўл силтаяпти. «Тўхта, болам, тўхта!» Энди кўрдим, болаларнинг орасида бир аскар оқсоқланиб келарди. Кўзидаги ёшини тия олмаётган Муқим момо қаердандир узун арқон топиб чиқиб, аскар томон югурди.
Унинг одати шу эди: кимки урушдан қайтса, қишлоққа белига арқон боғлаб киритарди. «Қолган йигитларимиз ҳам изингдан мана шу арқондай эргашиб келсин», – дерди.
Лекин Қўкдаланинг 202 йигитига она қишлоғига қайтиш, унинг алвон қирларидан қизғалдоқлар териш бахти насиб этмади. 202 баҳодир Европа заминида қолиб кетди.
Ўтган йили, Ғалаба байрами куни қишлоқ марказида қаҳрамонлар шарафига монумент очилди. Унга урушда ҳалок бўлган кўкдалалик 202 жангчининг исми шарифи зарҳал ҳарфлар билан битилган.
Тантана ниҳояланиб ҳамма тарқала бошлаганида ҳам, бир кекса онахон монумент пойида йиғлаганича ўтирарди. Кейин билсалар, ёдгорликка саксон уч ёшли Муқим момонинг фронтдан қайтмаган ёлғиз ўғлининг ҳам номи ёзилган экан.
«Шу кунгача нимага топинишни билмас эдим, – дейди онахон. – Бугун бу сағанада ўғлимнинг отини кўриб, унинг дийдорига етгандай бўлдим».
-Ўша кечқурун бутун қишлоқ уйимизга кўчиб келди, – деб ҳикоясини давом эттиради Санам момо. – Йиғлашдик. Кулишдик. Яхши ниятлар қилдик. Биров иккита зоғора, яна биров бир коса қатиқ, кимдир «тишининг орасида» сақлаб юрган товуғини, хуллас ҳар ким топганини олиб келган эди. Баҳам кўрдик. Ўша йиллар аскарларимизнинг фронтдан эсон-омон қайтишидан ортиқ бахт, катта тўй бормиди!
Мен бир четгинада ҳам суюниб, ҳам куюниб ўтирдим. Суюнганим –бувангизнинг эсон-омон қайтганидан, куюнганим – дугоналарим олдида уялганимдан. Нима қилай, кўпларининг куёви урушдан қайтмаган эди.
Ҳозиргача ўзимни уларнинг олдида гуноҳкордай сезаман, болам. Эзиламан.
– Уруш йиллари энг оғири нима бўлган, момо? Кутишми, яшашми ё?..
– Ўша йиллари отам бир ривоят айтиб берган. Ҳеч қулоғимдан кетмайди. Айтишича, бир подшо салтанатидаги энг доно, энг ақлли, энг вали одамлардан учтасини саройга чақириб сўрабди:
«Э, донолар, айтингларчи, бу дунёда инсон учун энг оғир нарса нима?»
Бир доно жавоб берибди:
– Қаҳатчилик, камбағаллик оғир, шоҳим. Одамни зор қилади.
Иккинчиси:
– Тузалмас хасталик – оғир. Кишини хор қилади, – дебди.
Учинчи доно айтибдики, қаҳатчиликнинг ҳам, тузалмас хасталикнинг ҳам давосини топса бўлар. Аммо жувонмарг кетган инсонни қайтариб бўлмас. Дунёда орзуларига, яхши кунларига етолмай ёш кетган инсоннинг ўлимидан оғир ғам йўқ.
Подшога учинчи дононинг жавоби маъқул бўлган экан.
Ўтган урушда қанчадан-қанча йигитлар совуқ ерга бош қўйдилар. Уларнинг ўн гулидан бир гули ҳам очилмаган эди, ўғлим. Уруш йиллари энг оғири–қора хатни ўқиш эди. У бевақт ёнган оловдай, ҳаммани куйдириб кетарди…
Илоё, отгинаси ўчсин урушнинг ҳам, уни бошлаганларнинг ҳам…
Мана, одамлар йўқсизликка, касалликка даво топдилар, лекин урушда жувонмарг кетганларни қайтара олдикми?!
– Қишлоғимизга келган биринчи қора хатни эслайсизми?
– Эсламай бўладими. Кимки уни кўрган, билган бўлса, ҳамма эслайди.
Боя айтганим – Муқим момонинг Собир деган полвон келбатли ёлғиз ўғли бўларди. Қишлоғимизга келган биринчи қора хат Собир ака ҳақида эди. Қирқ биринчи йил олган Муқим момо уни. Оҳ, қанчалар куйган, қанчалар ўртанган эди бечора аёл!
Ишонмади. Умрининг охиригача, «Собиржон, болам» деб кетди, бояқиш. Собиржон ҳарбийга жўнашдан олдин бир қиз билан аҳдлашган экан. Қиз ҳам қайлиғининг ўлганига ишонмай, кутди. Собиржон акадан эса, ҳалигача хабар йўқ…
Бир-иккита қора хат келганидан сўнг, қишлоғимизни бундай ёмон хабар ораламай қўйди. Уруш тамом бўлгунича, деярли ҳеч ким қора хат олмади. Кейин билсак, шусиз ҳам эзилган, қийналган одамларни қора хат жиззадай қовуриб қўяётганини кўрган оқсоқолларимиз уларни атайлаб яширишган экан. Умид одамларга далда беради, дейишган экан. Ўйлаб кўрсам, тўғри қилишган. Нега деганда, аёллар барибир қора хатга ишонмас эди-да.
– Момо ҳамма ишга яроқли эркаклар фронтга, меҳнат батальонига кетган. Қишлоқда фақат чол-кампирлар, хотин-қизлар, болалар қолган… Бу манзарани биз, ҳозирги ёшлар унчалик яхши тасаввур қилолмаймиз.
– Бошимизга тушгунча, бизлар ҳам бу гапнинг маънисига бормаган эканмиз. Оғир. Дунёда отасиз, ака-укасиз, ўғилсиз, эрсиз – эркакларсиз яшаш оғир, болам. Аёллар, болалар далада-чўлда ҳафталаб тунаб, ғалла ўрарди. Уларнинг кийим-боши, юз-кўзига қараб бўлмасди. Қўллари туянинг товонидек қадоқлашиб кетган. Юз ювгани, сочни намлаб тарагани сув йўқ. Ичган овқати – кунига бир пиёла атала, егани– бир бурда зоғора.
Куннинг иссиғини айтмайсизми. Гармсел, шамол, очлик, қайғу, соғинч… Ҳаммаси бошимизга бир йўла йиғилиб келган эди. Лекин урушда қон кечиб юрган аскарларимизга биздан ҳам қийинлигини билардик.
Аёллар, қизлар ўроқ ўрардилару йиғлардилар, йиғлардилару ўроқ ўрардилар. Шундай бир азобда қора хат келишини ўйланг. Инсоннинг боши тошдан ҳам қаттиқ деган гапнинг маънисини ўша кунлари тушунган эдим. Аёлларимизнинг иродаси ҳар қандай тошдан мустаҳкам экан.
Ҳаммадан ҳам болаларга қийин эди. Катталар билан теппа-тенг ишларди улар. Бошоқ терар, хирмонда буғдой янчар, янтоқ чопарди. Мусурмон Қўйлиевни танирсиз?
– Танийман. Ҳосилот.
– Ҳа. Ўша йиллари у киши неварам Отабекдай норасида эди. Хирмонда буғдой янчарди. Бир куни қарасам, эгар қоқсуяк оёқчаларини яра қилиб юборибди. Шунда ҳам отдан тушмаган.
Ёки бўлмаса, Турсунқул Жўраевни олинг.
-Шофёрми?
-Ҳа. Отаси урушга кетганида олти ойлик чақалоқ эди. Онаси Майрам момо уни оёғидан оққуврайга боғлаб қўйиб, ғалла ўрарди. Эмаклаб кетиб қолмасин дерди-да. Қарайдиган одам йўқ. Ҳабашдай қорайиб кетган эди гўдак. Ёлғиз онаси уни минг машаққатлар билан катта қилиб, элга қўшди. Отаси эса урушдан қайтмади. Бундай мисоллардан яна қанчасини айтай?.. У кунларнинг яна нимасини гапирай, ўғлим?
– Гапираверинг, момо. Эсингизда борини гапираверинг. Оналаримиз, момоларимиз ўша йиллари қандай яшаганлигини, курашганлигини, биз, ёшлар яхши билишимиз керак.
– Ғалла ўрими тамом бўлиши билан янтоқ бошланарди. Тикан оралаб юрадиган одамга этик керак. Лекин фронтда аскарларимизнинг оёғига етмаган этикни қаердан оламиз. Борлар эчки терисидан амал-тақал тикиб олишган. Йўқлар оёғига қоғоз, латта-путта ўраб янтоқ чопади…
Сўнг «қизил кетмон». Ғалладан бўшагаи ерни шудгорлаймиз. Омоч етишмайди. Қатор туриб кетмонлашга тушамиз. Аёлларимиз минглаб таноб ерларни кетмонлаб бўшатган, ўша йиллари.
Бу азоблар кўплаб аёлларнинг, қизларнинг соғлиғига, умрига зомин бўлди. Кўпининг пушти қуриб кетди. Она бўлолмадилар, болам.
– Машаққатларга чидай олмаганлар ҳам бўлдими, момо?
– Бўлди. Инсон-да. Яхшироқ кун кўрарманми, тўйиб овқат ерманми, деб бойваччаларнинг раъйига юрганлар ҳам бўлди. Ундайлар ҳозир, тўқчилик замонида йўқ, дейсизми. Бор. Оқил одам олтинга ўхшайди. Ҳар қандай шароитда ҳам бузилмайди. Ақлини занг босмайди. Мўрт бузиламан деса, ҳар доим баҳона топилаверади.
– «Бойваччалар» дедингиз! Улар кимлар?
– «Бойваччалар» деганимда кўпни тушунманг. Улар икки-уч кимса эди. Лекин оғир йилларда икки-учтаси ҳам кўзимизга жуда кўп кўринган.
Улар турли баҳоналар билан урушдан қочиб, катта-кичик мансабларни эгаллаб олган бузуқлар эди. Эри фронтга кетган сулув келинчакларни, қизларни, аёлларни ҳар хил йўллар билан йўлдан уриш пайида бўлардилар. Ватанининг, халқининг бошига тушган қора кунлар улар учун байрам эди. Одамлар уйидаги сўнгги ҳовуч буғдойини, сўнгги иссиқ кийимини фронтга берса, улар ўшани ҳам ўғрилашга уринарди. Марказ узоқ, бетавфиқларни тергайдиган одам йўқ. Шундан фойдаланган улар. Қўша-қўша хотинлар олииб, даврини суришди! Гапиргани ҳам ҳазар қиласан киши!
Уруш тугагач, қилган маишати кўпининг бурнидан булоқ бўлиб чиқди. Қочиб-писиб қолганларини хақ ўзи жазолади. Халқнинг қарғиши урди. Гап очилди, эзмалик бўлса ҳам айтай. Яқинда бир аёл айтади. Қўшни қишлоққа борган экан. Ўша бойваччалардан бири ўлим тўшагида ётганининг устидан чиқибди. У аёлнинг олдига одам юборибди. «Фалончи момога айт. Биргина келиб кетсин», дебди. Аёл ўтган гина-кудуратни бир четга қўйиб, борибди. Нима бўлса ҳам ўлаётган одамнинг раьйини қайтаргиси келмабди. «Бойвачча» қон йиғлаб ётган экан. «Тўрт кунлик умрим қолдими, йўқми, гуноҳимдан ўтинг, – дебди момога.–Сизларга кўп зиён-заҳматлар етказдим. Ҳеч бўлмаса, гўримда тинч ётай». Момо айтибди: «Мендан кечирим сўраманг, Худодан, ўзингиз тузини еган элингиздан сўранг».
Қирқ учинчи йил ўша аёлни боласи касал ётганида, пешингача ишга чиқолмайман, деса, суллайиб қолгунча қамчилаган экан.
Ана, болам, сиз, ёшлар қайтар дунё, деган гапга унчалик ишонмайсизлар. Лекин момонгизнинг айтганини ўйлаб кўринг: кимки бандасини, ўз халқини, Ватанини алдаса, бу гуноҳи бир куни, албатта, унинг ёқасидан тутади.
Ўша бойвачча олтитагача хотин олган, жамики бемаза ишларни қилган эди. Сўнг умрининг охиригача элга қўшилолмай, якка ўтди. Охирида минг азобда, бировнинг уйида, уй нимаси, сомонхонасида жон берди.
Гапимга ишонинг, ўғлим, элининг кўзига мих қадамоқчи бўлган бошқа разилларнинг бошига ҳам шундай оғир кулфатлар тушди…
– Элимиз барибир диёнатли одамларга, оқсоқолларга суяниб яшаган. Уруш йилларида ҳам уларнинг хизматлари кўп бўлган. Тўғрими, момо?
– Албатта. Файзи бува Фармоновни танирсиз?
– Абдусаттор муаллимнинг отаси-да.
– Ҳа, у киши ҳозир саксонга яқинлашиб, мункиллаб қолган. Лекин Кўкдаладаги бирорта тўй-маърака Файзи бувасиз ўтмайди. Уруш йилларида қишлоқ оқсоқоли бўлган. Одамлар уни ёшлигига қарамай, ўша пайтлар ҳам давранинг тўрига ўтқазар эди, ҳозир ҳам. Ўзининг ҳалоллиги, бағри кенглиги, меҳрибонлиги билан одамларга кўп ёрдами теккан.
Энди бу кишининг болаларига қаранг: қишлоғимизнинг энг обрўли йигитлари, қизлари.
Сездим, момо толиқа бошлади. У кишининг урушдан кейинги ҳаёти ҳақида ҳам саволлар бергим келди. Фикримдан қайтдим. Чунки билардимки, турмуш ўртоғи Абдурайим Қўйлиев билан тинч-тотув яшади. Фарзандларини тарбиялаб элга қўшди. Жанг билан Берлингача бориб қайтган ёстиқдоши оддий табелчиликдан совхоз директорлигигача кўтарилган бўлса, унда ҳам Санам момонинг ҳиссаси бор.
Абдурайим бува ўтган йили вафот этди. Урушда олган жароҳатлари бўлмаса, ҳали анча яшаши мумкин эди, дейишди, врачлар.
Суҳбатдошимга охирги анъанавий саволни беришдан ўзимни тия олмадим:
– Газетхонларимизнинг кўпчилиги ўғил-қизларингиз, келин-куёвларингиз, невараларингиз тенги, ёшлар. Уларга айтадиган тилакларингиз борми?
– Болаларимга ҳамиша бир гапни такрорлайман: халол яша. Шунда элингнинг олқишини оласан. Кам бўлмайсан.
“Ёш ленинчи” газетаси, 1987 йил.