Иштирок этувчилар:
1. Тўра – Бадавлат. Риёкор, зўравон. 50 ёш.
2. Беғам – Тўранинг югурдаги. Баднафс. 40 ёш.
3. Раҳим – Оромгоҳ раҳбари. Иродаси мўрт. Уқувсиз фермер.
4. Лола – Тўранинг қизи. Гўзал ва оқила. Ёш шифокор. 26 ёш.
5. Толиб – Тележурналист. 25 ёшда.
6. Гўзал – Оромгоҳда тарбиячи. Ўқитувчи. Ёлғиз аёл. 35 ёш.
7. Олим – Ҳардамхаёл, ғалати феъл-атворли. 45 ёшда.
БИРИНЧИ САҲНА
Тоғ биқинидаги қишлоқ. Кўркам ва баҳаво манзара. Баланд чўққи этагида жойлашган, қуюқ дарахтзор қуршовидаги болалар оромгоҳи. Ҳамон тўс-тўполон, қий-чув, бульдозернинг гуриллаган овози, мотоарранинг тариллаши тутиб кетади. Осмондан тушадими, ердан чиқадими, саҳнадаги баланд чинор ёнида қўлида мотоарра тутган Беғам пайдо бўлади. У чинорни кесмоққа шайланади. Қасур-қусур, гувиллаган, тариллаган товушларга қоришиқ саҳнага Гўзал югуриб кириб келади, дарахтга арра солган Беғамга тармашади, кенг қулоч ёйиб, чинорни ҳимоя қилган бўлади.
Гўзал: – Кесма! Кесма-а-а! Худодан қўрқ! Тўхта-а-а!
Беғам: – Қоч, жиннимисан!
Гўзал: – Аввал мени ўлдир! Мени тилкала! Сўнг чинорни кесасан!
Беғам уни дарахт биқинидан итариб ташламоқчи бўлади. Гўзал қаршилик кўрсатади. Беғам қўл кўтаради, лекин уролмайди. Гўзал йиғлаб қарғанади.
Гўзал: – Боғнинг уволидан, болаларнинг заволидан қўрқ. Сенларни қарғиш уради.
Беғам: – Қоч! Боғ бизники, нима қилсак қиламиз. Сенга нима?
Гўзал билагидан ушлаб тортқилаётган Беғамнинг қўлини тишлаб олади. Беғам бақириб юборади.
Сўнг қўлидаги аррани ташлаб, Гўзалга мушт ўқталади. Шу маҳал тадбиркор Раҳим пайдо бўлади. Беғамнинг қўлидан ушлаб уни силтаб ташлайди.
Раҳим: – Номард! Кучинг ожизага етдими? Бунчалик пасткаш эканларингни билмабман.
Беғам: (Раҳимнинг қўлидан юлқиниб чиқади-да, унга мушт туширади) – Сен номардсан. Ўзинг айтиб, ўзинг қайтдинг, мана сенга (яна мушт туширмоқчи бўлади).
Раҳим: – Мени алдадинглар. Бўлди, сенлар билан орамиз очиқ.
Беғам: (Ўзича ёқаси, ён-верини тузатган бўлиб, Раҳимга ижирғаниб қарайди). – Шунақами?!(Сўнг дарахт танасига суяниб ҳиқиллаб буларни кузатиб ўтирган Гўзалга назар ташлаб, Раҳимга кесатади) – Сен ҳам бошингга рўмол ўраб олсанг бўларкан. Садқаи эркак кет!
Раҳим: (Хезланади) – Аёлга қўл кўтарган нокас эркакми?
Беғам: – Ҳам айтдинг, ҳам қайтдинг. Сотдинг, лекин, манавининг (Гўзалга ишора қилиб) макри зўр келдими, дейман. Қийшанглаб қолдинг.
Раҳим: – Оғзингга қараб гапир! (У ён чўнтагини кавлаб қоғозга ўралган пул ўрамини олиб Беғамнинг юзига қарата отади) – Ма, ол! Тамом, ора очиқ.
Беғам: (Ерда ётган ўрамни олиб) – Йўқ, ора очиқмас! Орада (атрофни қўли билан кўрсатиб) мана шу боғ турибди, орада лафз турибди. Агар лафзингдан қайтсанг, каттагина уруш-жанжал кутиб турибди. Томошани энди кўрасан (Гўзалга кинояли боқиб). Бузоқнинг чопгани оғилхонагача…
Гўзал: – Оромгоҳни сенга ўхшаганларга бериб қўймаймиз.
Беғам: (Кулиб) – Макиёнга тож чиқса бошига оғирлик қилади, дерди отам. Сендай тождор хотиндан ўргилдим. Оромгоҳинг ўзингга буюрсин! Бола-бақранинг каталакдай катаги кимга керак. Фақат оромгоҳ атрофидаги боғ, кўлнинг бир қисми аллақачон бизники бўлган! Ҳа, бизники!
Гўзал: (Ҳайрат билан Раҳимга қарайди) – Нима деяпти, бу?
Раҳим: (Хижолатли) – Сиз хавотир олманг! Ҳаммаси яхши бўлади.
Беғам: – Йўқ, яхши бўлмайди. Пул зарурлигида боғни сотиб, сўнг чўнтагингнинг йиртиғи ямалгач, айниб қолдинг. Қонун биз томонда.
Гўзал: – Нима деяпсан?
Беғам: (Елкасини қисиб, мазах қилиб) – Шу деганим. Яъниким, боғ ва кўл қонун муҳри билан бизга ўтиб бўлди. Оҳ, десанг ҳам, воҳ, десанг ҳам, бўлар иш бўлди, бўёғи синди. Яъниким, боғ ва кўл ўз эгасини топди. Оромгоҳингдан холи ҳудуд. Оромгоҳни ҳам қўшиб олганимизда нима қилардиларинг! Сенларга ҳокимнинг қарори-ю, нотариуснинг муҳри ўйинми?
Гўзал: (Раҳимга ҳайратланиб тикилади). – Сотдим денг! Сотган экансиз, айтмайсизми?
Раҳим: (Беғамга ўқрайиб қараб) – Йўқ, булар мени алдашди. Буларнинг тили бошқа, дили бошқалигини энди билдим… Булар оромгоҳга ёрдам берамиз, болаларимизнинг келажаги учун биз ҳам қайғураяпмиз, бу ерда болалар учун чўмилиш ҳовузлари, ошхона қурамиз, янги ўйингоҳ бўлади, шу жойнинг ўзида ёрдамчи хўжалик ташкил қиламиз, керак бўлса, замонавий даволаш маскани қурамиз, оромгоҳ вилоятдаги болалар дам оладиган энг зўр жой бўлади, ҳамкорлик қиламиз, дейишди. Энди билсам…
Беғам: (Кинояли илжайиб) – Нима “энди билсам”? Нима демоқчисан?
Раҳим: (Ғазабланиб) – Энди билсам, сенлар бу ердаги улкан чинорларни кесиб пулламоқчисанлар, юзлаб теракларни кесиб сотмоқчисанлар, болалар ошхонаси эмас, балки кафе-бар, тўйхона барпо этмоқчисанлар. Ҳаммасини билдим. Сенларни болалар қизиқтирмайди, сенлар келажагимизни ўйламайсанлар. Мен… Мен… Сенлар билан…
Беғам: (Хезланиб) – Гапир… Гапир. Гапинг ичингда қолмасин!
Раҳим: (Уф тортиб, оғир хўрсиниб) – Сенлар фақат ўзингни, чўнтагингни ўйлаб яшайсанлар! Мен… Мен хато қилдим… Сенлар савоб, яхшилик, деган тушунчадан узоқ эканликларинг хаёлимга келмабди.
Беғам (Қўлидаги қоғозга ўралган пулни кўрсатиб) – Унда манавини нега олдинг. Авлиёлик қиласан. (Қоғоз ўрамини унинг юзига яқинлаштиради.) – Бошидан, деб олдинг-ку. Хўш, бунга нима дейсан?! Ҳе-ей, ўргилдим сендай савобталабдан. Ўзингни Худо урган-у, бошқага ақл бўламан дейсан.
Раҳим: – Тўғри, олдим. Оромгоҳни таъмирлайман, томини тузатаман, сув қувурини ишга соламан, деб олдим.
Гўзал дарахт танасига елка тираб, ерга маҳзун тикилиб ўтирибди. Саҳнага лаҳзалик сукут чўмади. Шу чоғда юриш-туриши телбанамо, пала-партиш кийинган, сочлари тўзғин, кўзойнагига ип ўтказиб олган, алмисоқдан қолган эски портфель кўтарган, ёқавайрон бўйнига галстук ҳам тақиб олган Олим пилдираб ўтиб қолади. У буларнинг олдидан зипиллаб ўтиб кетади-да, таққа тўхтаб, ортига қайтади. Буларнинг ёнига келиб ҳар бирига ғалати қараш билан назар солади. Сўнгра ерда ётган аррага қарайди. Унинг ёнига бориб айланиб ўтади. Ўзича бош чайқайди.
Олим: – Ҳимм… Кесаяпсизларми? (Уларга яна бир қараб қўяди ва кўзойнагини олиб, галстуги билан артган бўлади, сўнгра кўзойнакни қаншарига қўндириб, кўрсаткич бармоғини ҳавога ниқтайди) – Яхшимаа-а-а-ас. (Туйқус дўқ уради) – Яхшимас! Бир одам умри мобайнида ўз эҳтиёжи учун 200 та дарахтнинг бошига етади. Агар у етмиш йил яшаса, қоғоз, бошқа анжомлар, бинолар учун шунча дарахт кетади. Туғилганидан бошлаб ҳар йили биттадан дарахт экиб кўпайтирса ҳам одам боласи, табиат олдидаги қарзини узолмайди. (У портфелини ерга қўйиб, иккала қўлини мушт қилиб қўксига олиб боради.) – Айрим давлатларда дарахтларнинг танасига медаль илиб қўйишаркан. Улар бизни қутқаради, ҳимоя қилади деган маънода эъзозлашаркан. (Сўнг Беғамга юзланиб, илжаяди) – Улар бизни, сизни қутқаради. (Беғам бир сесканиб тушади.)
Беғам: – Ким қутқаради.
Олим: (Унга яқинроқ бориб) – Дарахтлар…
Беғам: (Ижирғаниб) – Кимдан қутқаради?
Олим: (Яна кўрсаткич бармоғини ҳаволатиб) – Офатдан, кулфатдан, заҳар-заққумдан.
Беғам: (Энсаси қотиб) – Хўп. Майли. Энди бораверинг, Олимбой… Бораверинг. Қаергадир шошаяпсиз, шекилли?
Олим: (Кўзойнагини тузатиб яна уларга бир-бир қараб) – Мен дарахтлар рангини илдизидан оладими ёки ҳаводан, деган мавзуда докторлик диссертацияси ёқламоқчийдим. А-а? Қалай? Дарахтларнинг гули нега ҳар хил, оқ, қизил, пушти, сариқ бўлади? Улар бу рангларни қаердан олишади? Фан жим! Фан сукутда! Лекин жавобини мен биламан. Айтмайман!
Беғам: (Кинояли) – Шундай денг… Обб-оо-о?
Олим: (Сукутда турган Раҳим ҳамда Гўзалга қараб) – Биласизми, (яна ўнг қўли кўрсаткич бармоғини ҳавога санчиб) биласизми, осмонни бегуноҳ болалар билан дарахтлар ушлаб туради. Йўқса, осмон ерга қулаб тушади, қапишиб қолади. (Гўзалнинг ёнига боради, Гўзал ўрнидан туради. Гўзалга синчков тикилади) – Дарахтлар ҳам аёлларга ўхшайди. Гуллайди. Аччиқ-чучук, яхши-ёмон мева беради. Гуллаган дарахтни кесиш эса ҳомиладор аёлни ўлдириш билан баробар. (Беғам орқага бир тисланиб, сапчиб тушади…) – Демак, кесмангла-а-а-рр! Кесманг-ла-а-ар! (У портфели ёнига келиб ердан олади. Ўзига қараб турган ёнидагиларга бир назар солиб, бош чайқайди. Гўёки ўзига ўзи гапиради. Беғам кесмоқчи бўлган чинорга ишора қилиб) – Икки юз ёшда. Ер остида, илдизи атрофида тонналаб сувни ушлаб турибди. Эҳ, одамлар, одамлар…
У чиқиб кетади. Саҳнадагилар жим… Денгиз шовуллашига, шамол эсишига монанд мусиқа янграйди, гўё ҳаёт бардавомлигига ишора қилади. Саҳна қоронғулашади.
ИККИНЧИ САҲНА
Тўранинг қасрмонанд уйи. Томли супа ёнидаги чимзорга қўйилган кўримлигина стол дидлигина тузалган. Замон бойваччасининг дастурхони. Стол атрофида тизилган ўриндиқлардан бирида ўтирган Тўра дастурхонга қўл чўзиб, у-бу нарса татиган бўлади, ичимликлардан бирини олиб қадаҳга қуяди, ёнида тик турган Беғамга эътибор ҳам бермай ичкиликни сипқоради. Сўнг бир нуқтага термулиб туради.
Тўра: – Шундайми? Асосан Гўзал қаршилик қилди, де. Бир аёлни эплай олмаган тирик мурдасан-да ўзинггам.
Беғам: – Осмонни бошига кўтарди. Шаллақи экан. Анови, Раҳим ҳезалакка ҳам жон кириб қолса денг! Кесакдан олов чиқди-я ўзиям! Томошадан Олим тентак ҳам қуруқ қолмади.
Тўра: (Ижирғаниб) – Йиғиштир сафсатангни. Ҳозироқ Раҳимникига бор! Ҳар сариқ чақага сарғайиб қарамасдан кўпроқ бер. Зиқналик қилма. Анови сузукойимни ҳам ўзи йўлга солади.
Беғам: (Бехос қўл силтаб) – У гапидан тонаяпти.
Тўра: – (У ёқ-бу ёққа қараб, овозини бироз пасайтиб) Бас қил! Ҳозир у бош кўтарса, ҳамма иш расво бўлади. Манави қовоқ каллангни ишлатиб кўр, бугун юз миллион сўм пулнинг тагига сув қуйишингга бир баҳя қолди.
Беғам: (Ажабсиниб) – Қанча? Юз миллион?!
Тўра: (Ўрнидан туриб кетади) – Ўлай агар, сенда фаросат йўқ. Ҳар бир чинорни кесиб, цехимиздаги пилорамадан ўтказиб, қурилиш тахтаси қилсак, ўлдим деганда бир миллионни кўтаради. Тушундингми, хум калла! У ерда олтмишга яқин чинор, 200 тупдан ортиқ терак бор.
Беғам: (Юзи жонланиб, кўзи чақнаб) – Тўғри, тўғри айтасиз.
Тўра: (Кўрсаткич бармоғини Беғамга бигиз қилиб) – Эсингда бўлсин, ҳозирча Раҳимга ҳокимнинг қарори ҳақида ҳеч нарса дема. Демадингми?
Беғам: (Эсанкираб қолади) – Де…де. Демадим.
Тўра: (Унинг юзига синчковлик билан қарайди) – Дема! Тушундингми? Нега бундай чайналасан?
Беғам: (Яна довдираб) – Ҳозирча айтмаймиз, хўжайин.
Тўра: (Уф тортади, унинг елкасидан ушлаб силкилайди) – Ҳой, менга қара! Ахир Раҳимнинг номидан сен ариза ёзиб, оромгоҳ атрофидаги фермер хўжалигимга тегишли 20 гектар ерни заҳирага топшираман, деб имзо қўйдинг-ку… Ҳоким қарор чиқарди. Ер бизга ўтди. Лекин, бу ишнинг миси чиқса, Раҳим ис билса уйингни куйдираман, тушундингми?
Беғам: – Тушундим… Лекин хўжайин… бу иш ҳам қуруққа бўлмади-ку. Ҳокимга узатдик-ку…
Тўра: (Кинояли жилмайиб) – Бир имзо ўнта кўк қўйни етаклаб кетди. Лекин манови оромгоҳдаги болапарвар масхарабозларни тинчитиб турсак, кейинчалик марра бизники.
Беғам: (Талтайиб) – Ҳаммаси яхши бўлади, хўжайин.
Тўра: – Тилингга эҳтиёт бўл. Кўзинг кўр, қулоғинг кар бўлсин. Ванғиллаган ҳар итнинг оғзига қўл тиқма, қўлсиз қоласан. Нима деганимни тушундингми? Сир берма…
Беғам: – Тушундим.
Тўра: – Оғзи билан юрадиганларга гап ташлаб қўйдик, шуниси етади.
Беғам: (Хушомад билан) – Қишлоқ хабардор, хўжайин… Одамлар билишади.
Тўра: – Нимани билишади?
Беғам: – Биз оромгоҳда болалар учун чўмилиш ҳовузи, спорт майдончаси қурмоқчимиз. Атрофдаги ерга полиз маҳсулоти экиб, балиқчилик ҳавзаси ташкил этиб оргомгоҳга ёрдам берамиз. Хуллас, газ, ичимлик суви, электр токи масаласида ҳам беминнат хизматимизни аямаймиз.
Тўра: (Гапга гўёки парво қилмай) – Яхши. Лекин, Раҳимнинг ери билан боғлиқ ишнинг қопқоғи ҳозирча кўтарилмагани яхши. Демак, бугун Раҳимникига бординг… Ҳар ҳолда чаккимас.
Беғам: (Энди талтайиброқ) – Хўжайин, Раҳимнинг хотини қариндошингиз экан-а! Эрини гўрдан олиб, гўрга солди… Чинор-пиноринг билан қўшмазор бўлгур, тоғамнинг райини қайтарма, тоғам мурувват қилади-ю, сен йўқ, дейсанми, қуш беги билан шовла емас эмиш, нозингдан ўргилдим, деб эрига сенсираб жаврай кетди. Фермер бўп ҳам гўр бўлмайди бу, деб қарғана-қарғана, икки боламнинг контрактига тўлайман деб пулни шартта олди. Раҳим ювош тортиб қолди. Охири билганларингни қилинглар, деб томоғини ҳўллагани (кекирдагига ароқ ичиш маъносида чертади) дўконга ғизиллаб қолди. Хўжайин, Раҳимнинг хотини чиндан ҳам қариндошингизми?
Тўра: (Энсаси қотиб) – Ҳа, энди, узоқроқ хеш-ақрабо, дегандай… Эҳ-ҳей, демак, хотинини қўлга ол, эрини йўлга сол! Хў-ўш, (у қўлларини ишқаб) – янганг билан ўғилча ҳам уч-тўрт кунда курортдан қайтишади. У ёқ-бу ёққа бир айланиб келмаймизми-а? (Ҳиқиллаб кулишади… Тўра қадаҳга ичимлик қуяди. Беғамга ҳам узатади. Ичишади.)
Беғам: (Ялтоқланиб) – Сиз нима десангиз шу! Хўжайин, энди мен борай. Дўконга мол келиши керак эди.
Шу пайт эгнида оқ халат, оқ қалпоқда, тиббий ускуналар жомадончасини кўтариб олган Лола кириб келади. Чеҳраси сўлғин, тушкун аҳволда. Тўра кайфияти учиб, нохуш бир нарсани сезгандай қизи томон юради. Беғам ҳам ота-болага жавдираб қарайди.
Лола: (маъюс) – Ассалому алайкум, дадажон.
Тўра: (Қизининг юзига саросима билан қарайди) – Ваалайкум ассалом, эна қизим. Нима бўлди? Биров хафа қилдими?
Лола: (Ҳолсиз отасининг кўксига бош қўяди) – Дадажон… Гўзал опам… Оғирлашиб қолдилар. Ҳозир касалхонада…
Тўра: (Саросималаниб) – Қизим, тушунтириб гапир, нима бўлди?
Лола: – Гўзал опа инсульт бўлиб қолдилар. Касалхонага ётқизиб келаяпман.
Беғам аланглаб улардан кўзини олиб қочади.
Тўра: (Ҳамон карахт) – Қайси Гўзал? Ким у?
Лола: (Йиғлайди) – Бизга адабиётдан дарс берган устозимиз. Оромгоҳдаги Гўзал опам бор-ку… Дада, кўриб қўрқиб кетдим, оёқ-қўли шол, тилсиз-забонсиз, менга жовдираб турибди, дадажон… Шўрликнинг ҳеч кими йўқ эди, топгани шу бир оромгоҳ эди, дада.
Тўра Беғамга ўқрайиб қарайди. Беғам эгнини қисиб, пусиб жуфтакни уриб қолмоқчи. Тўранинг ўқрайиб қараганини кўргач, таққа тўхтайди.
Тўра: (Ҳадиксираб) – Қизим, ўзингни бос. Ким айтади сени дўхтир, деб, жон болам. Мени қўрқитиб юбординг, асалим.
Лола: (Ҳиқиллаб) – Дадажон, ёрдам берасиз-а. Шаҳардан, керак бўлса, Тошкентдан дўхтир чақириш керак. Жон дада, ёрдам беринг…
Беғам ҳовли ўртасида серрайиб турибди.
Тўра: – Қизим, ким эди-я, ҳалиги, Гўзал опанг, нега шундай бўлибди?
Лола: – Ҳеч ким билмайди. Кеча оромгоҳдан уйига қайтиб келиб йиқилибди. Хайрият, қўшниси хабар топибди.
Тўра: (Қизининг бошини силаб) – Йиғлама, ҳаммаси яхши бўлади. Бор, уйга кир, дамингни ол. Онанг билан аканг телефон қилишди. Салом айтишди.
Лола ҳорғин ҳолда уйга кириб кетади. Тўра Беғам томонга юради. Беғам ортига тисланади.
Беғам: – Хўжайин, бир ҳисобга яхши бўпти… Т… тилдан қопти.
Тўра: (ижирғаниб) – Молфаҳм! Бир ишни эплаб қилолмайсан-а!
УЧИНЧИ КЎРИНИШ
Тоғ бағридаги оромгоҳ. Ўша улкан чинор. Тўра нималарнидир Беғамга уқтиради. Қўл телефонини олиб кимларгадир қўнғироқ қилади. Улкан чинорга завқланиб қарайди, яна, қўлини бигиз қилиб Беғамга ниманидир уқтиради.
Тўра: – Қачон келишади? Қани, бульдозер, қани, ўша Нурмат найнов? Ҳозир ими-жимида ишни бошланглар девдим-ку…
Беғам: – Топаман. Бугун топаман. Қайси бир гўрга кириб ичиб ётгандир-да.
Тўра: (Ўдағайлаб) – Бу ишнинг бари чиқим эвазига бўлаяпти. Бульдозер пул, мардикор пул, эрта-индин бу жойга цемент, тош, шағал-қум опкелаламиз. Бутун бошли қурилиш идорасига ҳам шу ишга ишониб пул ўтказиб қўйдим. Ўртага пул тушса икки кўз бир-бирига ёвлик қилади.
Беғам: – Хавотир олманг. Ҳаммаси қонуний, хўжайин! Анави хотин шифтга термулиб ётибди. Забон йўқ… Худо тўғирлади йўлимизни (ҳиринглайди).
Тўранинг қўл телефони жиринглайди. У қўл телефонда ким биландир гаплашаяпти.
– Хўп, ука. Хўп… Ҳозир одам юбораман. (У қўйнига қўл солиб иккита конверт олади-да, Беғамга тутади) – Ма, манавини ол! Шамолдай уч! Кадастр билан табиат идорасига кир! Икковига ҳам бериб чиқ! Сенга ҳужжат берворишади. Олмагунча ором топмайди булар. Ортидан ёв қувгандай безовта бўлаверишади.
Беғам конвертларни олади. Безовта ҳолатдаги Раҳим эгнига фотоаппарат осиб олган Толибни етаклаб кириб келади. У Толибга ниманидир тушунтиришга уриняпти. Толиб унинг гапига гўёки эътибор бермаётгандай. Буларни кўриб Тўра билан Беғам ҳангу-манг бўлиб қолишади.
Тўра: – Эе-ей, хуш келибсизлар. Хуш кўрдик, Раҳимбой, меҳмон етаклаб кепсиз-да?
Раҳим: (Мижғовланади) – Ҳа-а, энди.
Толиб: (Қатъий ва ишонч билан унга қўл чўзиб) – Ассалому алайкум! (Беғамга ҳам худди шу алфозда қўл чўзади) – Ассалому алайкум!
Тўра: (Виқор билан) – Ваалайкум ассалом меҳмон! Хуш кўрдик. Раҳимбой, бизни меҳмон билан таништирмайсизми?
Раҳим: – Бу киши журналист. Юқоридан. Шу…
Тўра: (Заҳархандалик билан) – Хўш?
Толиб: (Бепарво) – Мана шу оромгоҳ билан боғлиқ масалани ўргангани келдим.
Беғам бир сапчиб тушади. Раҳим ўқраяди. Унга боравер ишорасини қилиб, бош ирғайди. Беғам зипиллаб саҳнадан чиқиб кетади. Тўра Раҳимга кинояли қараб, сен айтдингми, яна ўйин қилдингми, дегандай қарайди. Раҳим хижолатли алфозда у ёқ-бу ёққа аланглайди.
Тўра: – Хўш, мухбир ука! Исмингиз ким?
Толиб: – Толиб.
Тўра: – Толибжон, иним, хўш, биздан нима хизмат?
Толиб: – Хизматга ҳожат йўқ. Йўл-йўлакай шу оромгоҳни кўриб ўтай, ҳар ҳолда, шунчаки танишиб қўйсам ёмон бўлмайди, деб ўйладим. (Атрофга хушҳол қараб) – Чиндан ҳам сўлим, бетакрор жой экан! Анови чинорларни, қуюқ боғни қаранг. Соф ҳаво!
Тўра: (Мийиғида кулиб) – Илҳом келади-да, илҳом! Бу жойлар дунёнинг ҳеч бир жойида йўқ. Тоғлар, кўллар, боғлар қоришиқ бу манзаралардан дунёнинг манаман, деган сайёҳи ҳам ёқа ушлайди. Шаҳардан олис шундай баҳаво жойда дам олиш нақадар соз!
Толиб: (Яна завқланиб) – Ҳа-а, юртимизда бундай гўзал жойлар жуда кўп. Айниқса, болаларимиз учун ҳамма шароит бор! Давлатимиз бу йўлда ҳеч нарсани аямаяпти.
Тўра: (Мийиғида жилмайиб) – Яшанг, ука, яшанг! Биз тадбиркорлар ҳам давлатимизга қанот бўлиб, ҳукуматимиз ёнида туриб, қўллаб-қувватласак, камарбаста бўлсак деймиз. Давлат бизга шунча шароит яратди. Тадбиркор, фермер бўлдик, ҳисобимизда пул етарли, виждонан, ўзимиздан билиб, мана шу жойларни обод қилишимиз керак. Оромгоҳларимизни кўз қорачиғидай асраб-авайлашимиз лозим. Бу келажак авлод олдидаги қарзимиз, ҳам фарзимиз.
Толиб: (Завқланиб) – Яшанг, ака! Сиздай одамлар Ватанимиз манфаати йўлида чинакам фидойилардир.
Раҳим: (Энди жонланиб) – Шундай! Ҳа, шундай. Тўра акамни бутун туман, вилоят ҳурмат қилади.
Толиб: (Кулимсираб) – Одамлар ҳам ҳар хилда, ака. Элчилик. Хафа бўлмангу, мана шу оромгоҳ, боғ, чинорлар, ўрмоннинг бир қисми, кўл талон-торож қилинди, деб ёзишибди.
Тўра: (Ҳеч нарса билмагандай) – Ким ёзибди? Кимни ёзишибди?
Раҳим: (Бош чайқаб) – Шу… ҳалиги, Гўзал бор-ку, ўша билан Олим найнов.
Тўра: (Заҳарханда кулади) – Эе-ей, ўша эси кирди-чиқди билан анави телба хотинми? Улар аввалдан кўп жойларга шундай ёзаверишади… Ҳеч ким эътибор бермай қўйган.
Толиб: (Қўлини ёзиб) – Ҳа, энди, бир ўрганиб кўрай, дедик-да. Хат ёзган опа, шифохонада экан. Инсульт. Ёнига киргизишмади. Ҳалиги Олим акадан дом-дарак йўқ! Ҳеч ким билмайди, қаердалигини!
Тўра: – Эе-ей, унинг қоғози бор-ов, ҳалиги… жиннитоб. Ётиб чиқади ҳар йили.
Толиб: – Раҳим акам айтди. Сиз ҳақингиздаям туманда яхши гаплар эшитдим. Ҳоким ҳам, кадастр ҳам, табиатни муҳофаза қилиш идорасидагилардан ҳам сиз ҳақингизда яхши гап эшитдим. Хатда Раҳим аканинг фермер хўжалигини, оромгоҳ атрофини сиз ноқонуний ўзлаштириб олганингиз ҳақида ёзишган… Мана, Раҳим акадан ҳам сўрадим ёлғон, бўлмағур гап, деди-да, аксинча, сизни мақтади. Мен бу ерда таг-туби билан кесиб ташланган ўн гектар боғни кўрмаяпман. Ана кўл, ана боғ, ана оромгоҳ олдидаги чинорлар… Хуллас, Раҳим ака сизни бу жойларни янаям яхшилаб, оромгоҳни янаям маҳобатли қилиб қайта қуришни режалаштираяпти, туманимиз болалари соғлиги, камолоти учун жонини ҳам аямайди, ҳозир ҳам у киши оромгоҳ атрофида юрибди, деб мақтади. Шунинг учун ҳам сизни, ҳам оромгоҳни бир кўриб келай, деб бу ёққа жўнадим. Мана, кўрдим. Ҳаммаси яхши. Одамлар айтганича бор экансиз. Яхши одам, элпарвар инсон экансиз.
Тўра: (Айёрона илжайиб, сўнг Раҳимга қараб) – Қани, Раҳимбой. Бу жойлар сизники. Эгаси сиз. Кўл бўйига, ўша салқин ерга дастурхон тайёрлатинг. Меҳмон бир дам олсинлар.
Раҳим: Хўп.
Улар чиқиб кетишади. Тўранинг бир ўзи қолади. Сирли жилмаяди. Ҳалигилар кетган томонга ижирғаниб қарайди.
Тўра: (Ўзига ўзи, ҳалигилар кетган томонга қараб) – Ҳей ўл, ипирисқи. Бир мухбирчани ҳам эплай олмайди, қуён юрак. Сенга ким қўйибди, оромгоҳни, овсар. (Тўра қўл телефони орқали кимгадир қўнғироқ қилади.) – Алло! Салом, ука! Яхшимисиз? Хўш, ҳоким бормилар? И-е, шундайми. Ундай бўлса, Давр Имконовичга айтинг, Тушлик пайти мен у кишини Олтинбоғдаги кўлда, оромгоҳ бўйида, ўша ерда кутаман. Ҳа, ўзлари биладилар. Йўқ, боя телефон қилдим. Қўл телефони жавоб бермади. Яхши, айтиб қўярсиз. Кутаман!
Шу тобда Тўранинг қўл телефони жиринглайди.
Тўра: – Алло! Эшитаман! Нима гап, Беғам! Хўш. Яхши! Ҳужжатларни олдингми? Яхши! Менга қара, ернинг тагидан бўлсаям анави Олим найновни топ. Овозини ўчиргин. Тилини тийиб юрмайди, бу тентак! Шу ёзибди. Хўш, қаерда? Қаерда кўрдинг, туман марказидамикин? Ичаяптими? Яхши. Бу ҳам соз! Бўпти, сен келавер! Оромгоҳга кел! (Бир оз жим туриб) – Бозордан ўтган кунги каби мева-чева оливол. Кейин, Розага айт, ҳалигилардан битта яхшисини жўнатсин, йўқ, ўзинг олиб кел. Тўғри кўл бўйига олиб кел, савдолашма, тез кел!
Шу маҳал олдинги алфозда довдираб-совдираб Олим кириб келади. У пилдираб ўтиб кетади ва тўхтаб, Тўрага қарайди, сўнг орқага қайтади. Тўранинг рўпарасига келиб у ҳам ўтиради. Тўра бу нусхага ғазаб билан қарайди. Ўзини босиб, зўрға чидаб туради. Сўнг мийиғида кулиб ижирғанади.
Тўра: – Салом-палом ҳам бермайсиз, Олимбой. Арпангизни хом ўрдикми?
Олим: (Бепарво) – Салом!
Тўра: – Ваалайкум ассалом, Олимбой! Бу ерларда нима қип юрибсиз? Сизни туман марказида, дейишувди. Учиб келдингизми, нима бало?
Олим: – Ўзим, шунчаки… (У портфелини очиб ичидан аллақандай қоғоз олиб ўқийди) – Мана, мана бу фактни қаранг. (У қоғозни қўлида ҳаволатиб) – Табиатда ҳар бир зарра-қумнинг ҳам ўз ўрни бор. Табиат мувозанатини бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ…
Тўра: (Ўрнидан туради.) – Табиатни ким бузаман, деяпти?
Олим: (Олим ҳам ўрнидан туриб, унга дадил термулиб) – Сиз! Сиз бузаяпсиз, Олтинбоғни вайрон қилаяпсиз! Мумкинмас, мумкинмас, бу! Бунга мен йўл қўймайман.
Тўра: – Ҳой, оғзингга қараб гапир, қўтирмия!
Олим: – Сиздан қўрмайман. Сиз, манави чегара ортидаги алюминий заводдан чиққан оғу, водород фторига ғов бўлиб турган улкан дарахтларни кесиб, беадоқ боғни тугатмоқчисиз. Шундоғам алюмин заводи азоб бераётган одамларнинг аҳволини янада оғирлаштираяпсиз. Мен буни тинч қўймайман. Аёллар бепушт, ёш қизлар бўқоқ, ўсмирлар тишсиз, ҳатто оғилдаги сигирлар ногирон бузоқ туғиб, ҳайвонларнинг оғзи ириб тушаётган бир пайтда сиз, мана шу аждарҳо йўлида имкон қадар ғов бўлиб турган, ўрмонни кесиб йўқотмоқчисиз! Сиз қотиллик қилишдан ҳам тоймаяпсиз.
Тўра: (Дарғазаб) – Оғзингга қараб гапир, ит! Ўчир овозингни, ифлос!
У Олимни силтаб энди мушт тушираман, деб турган пайтда саҳнага Беғам кириб келади. У бўлаётган воқеа тафсилотини яхши англайди. Тўра туширган мушт зарби Олимни йиқитади. Ерда ётган Олимни Беғам ҳам тепкилайди.
Беғам: (Ҳансираб) – Мана… Мана сенга, энағар (у тепа бошлайди) – Туманда ҳам ҳаммага гап қилиб юрибди. Ҳокимга кираман дейди. Амаллаб бир шиша олиб бериб, йўлидан қайтардим.
Тўра: (Ўшқириб) – Бас, тўхта! Бунинг бошқа йўли бор. (У ерда инграб ётган Олимга қараб) – Буни ҳозир бир жойга жўнатаман! (У чўнтагидан қўл телефон олиб қўнғироқ қилади) – Алло! Ҳа, менман. Собир Назарович, кеча айтганимдай бўлди. Умуман, бу жинни ҳаддидан ошди. Бугун Олтинбоғда, кўл бўйида менга яна ташланиб қолди. Опкетинглар. Яхшилаб даволанглар. Энди узоқроқ ётсин. Ҳозир ҳокимни кутаяпман. Худо кўрсатмасин, у кишига ҳам ташланиб қолади бу. Жиннининг жойи жиннихонада бўлиши керак-да, ахир! Бирор хизмат бўлса айтарсиз…
Олим калтакнинг зўридан ўзига келолмай ғужанак бўлиб ётибди.
Беғам: (Уни яна бир тепиб) – Ҳей, ит, тирикмисан?
Тўра: – Машинада ким бор?
Беғам: (Илжайиб) – Айтдингиз-ку, Роза юборди, анави! Ўтган сафарги.
Тўра: (Олимга ишора қилиб) – Бизни кўрмагани яхши бўлди. Мошинда арқон борми?
Беғам: – Бор.
Тўра: – Югур, опке! Манавини яхшилаб боғла. Жиннихонадан келишади. Сўнг анавини нариги йўл орқали кўл бўйига олиб бор.
Беғам югуриб чиқиб кетади. Тўра Олимнинг ерда ётган ўша эски портфелини очиб, ичидан қоғозларни олиб кўра бошлайди. Сўнг уларни йиртиб отади. Бир пасда арқон кўтариб Беғам киради. Улар Олимнинг қўл-оёғини боғлашади.
Тўра: (Ерда ётган Олимга ўқрайиб) – Энди жойингни топасан.
Беғам хохолаб кулади… Тўра ерга тупурган бўлади. Шу маҳал жиннихонага тегишли тез ёрдам машинаси сиренасининг ванғиллаши эшитилади.
Саҳна қоронғулашади.
ТЎРТИНЧИ КЎРИНИШ
Тўранинг ҳовлиси. Томлисупа. Яна ўша стол-стул. Тўранинг руҳий хасталиклар шифохонаси раҳбари билан қўл телефон орқали Олим ҳақида гаплашаётганини англаймиз.
Тўра: (Ҳовлида у ёқ-бу ёққа асабий ҳолда юриб) – Тўғри. Кейинги пайтлар ҳаддидан ошди, алмойи-алжойи гапирса ҳам гўрга эди, бироқ одамга ташланиб қолиши-чи?! Йўқ, йўқ, бу жинни ҳечам хавфсиз эмас, хавфли у. Одамларнинг онгини ҳам заҳарлаяпти. Тунов кун туман марказидаги боғда яна табиат ҳақида (кинояли кулади), ҳа, табиат ҳақида одамларни йиғиб маъруза ўқиганмиш. Ариқларимиздаги сувни ичиб бўлмайди, қўл солсангиз, қўлингиз ҳам алламбало касалга йўлиқади. Сув боши – тоғдан тоза бўлиб оқади, туманга оқиб келадиган каттакон дарёнинг тепасида тумандаги казо-казолар дачалар, боғ ҳовлилар қуриб олишган, ҳамма ана шу боғ ҳовлидан чиққан ахлату чиқиндиларни дарёга ташлайди. Дунёнинг айрим жойларида одамлар сувсизликдан ўлаяпти, касаллик урчиган, қурғоқчилик, биз эса туманга оқиб кираётган катта дарёни булғаб, ҳаром қилдик, сувини ичиб бўлмайди, деб жар солибди. Дунёнинг ташвиши сенга қолдими, дейдиган одам йўқ. Тумандан оқиб ўтган дарёга чўмич солиб сув олибди. Одамларга ичинглар, деб чўмични тутибди, мен сизга сув эмас заҳар тутаяпман, бу сув эди, ўзимиз заҳар қилдик, деб аюҳаннос солибди. Сўнг, қўлидаги бир чўмич сувни кўтариб кўчама-кўча санғиб, одамлар, ўзингизни заҳарламанг, сувнинг қарғиши бор, сув ҳам кўр қилади, деб қичқирибди, девоналик қилибди. Билмайман, орган қаерга қарайди? Хўш, демак, келишдик, Собир Назарович! Ёнингизга Беғамни юбораман. Яна хизматлар бўлса айтарсиз..
Ичкари уйдан Лола чиқади. У ишга кетаяпти.
Лола: – Майли, дадажон! Яхши ўтиринг. Мен ишга кетаяпман. Кейин, Гўзал опамнинг ҳам ёнига ўтаман.
Тўра: (Бироз безовта) – Яхшимикин?
Лола: – Яхшилар. Анча тузук. Барака топсин. Бош шифокоримиз Тошкентдан мутахассис чақирдилар. (Дадасига сирли қараб) – Дадажон, дори-дармон, бошқа харажатлар бўлса, сизни ёрдамлашади, дедим. Зўр мутахассис экан. Йўл ҳаққи, меҳмондорчилик масаласида сизга ишондик, дада.
Тўра: (Иккиланиб, ноилож ) – Майли, қизим, майли. Келаверсин-чи?
Лола: (Меҳри ийиб дадасини қучади) – Бизникига келақолсин. Аёл киши экан. Профессор.
Тўра: (Мағрурланиб, қизининг пешонасидан ўпиб) – Майли. Борақол, қизим.
Лола чиқиб кетади. Тўра унинг ортидан ўйчан тикилиб қолади. Шу маҳал ҳовли эшиги тарақлаб, ҳовлига шоша-пиша Беғам югургилаб кириб келади. Ҳансирайди. Безовта.
Тўра: (Аланглаб) – Нега кўпкаридан қайтган отдай кишнайсан?
Беғам: (Унга ҳадик аралаш қараб) – Кетмабди.
Тўра: – Ким кетмабди? Нима кетмабди?
Беғам: (Қўли билан ишора қилиб) – Анави?
Тўра: – Тушунтириб гапир. Ким у анави?
Беғам: – Мухбир…
Тўра: (Бир сесканиб) – Нега кетмайди. Кеча вокзалга олиб чиқувдинг-ку, ярамас. Ўзинг кетди, дединг-ку.
Беғам: – Мана шу кўзларим билан кўрдим. Билет олди. Поездга ҳам чиқди. Поезд кетгунча қарадим. Деразадан қўл ҳам силкиди, ярамас.
Тўра: (Ғазабланиб) – Ундай бўлса нега кетмади, деяпсан.
Беғам: (Довдираб) – Кўрдим. Бугун кўрдим. Кадастирдан чиқаётсам, Раҳимни эргаштириб ҳокимиятга кириб кетди.
Тўра: (Тишини ғижирлатиб, заҳарханда кулиб) – Кўнглим сезувди. Падарлаънат ичмаганидан ҳам шубҳа қилувдим-а? Демак, бу биз ўйлаган одам эмас. Анча қув, зуваласи пишиқ экан. Майли, майли… кўрамиз. Менга қара (Беғамга бир зум тикилиб қолади) – ҳалигини олди-ку, тўғрими?
Беғам: – Нимани? (Эсанкираб қарайди) – Нимани, олади?
Тўра: (Ўшқириб) – Ўз қўлим билан чўнтагига солиб қўйдим-ку, конвертни… Бунга нима дейсан?!
Беғам: (Ерга хижолатли қараб) – Шу… вокзалда хайрлашиш олдидан… озгина ўтирдик, у ерда ҳам ичмади касофат! Менга ичирибди. Сўнг, Тўра акамга бериб қўярсиз, ўзлари билади, деб қоғозга ўроғлиқ нарсани чўнтагимга солиб қўйди… (У ён чўнтагидан қоғозга ўроғлик нарсани узатади.)
Тўра: (Шоша-пиша қоғозни очади. Ичида конверт. Тўра гезариб, титраб-қақшайди. Беғамга ўшқиради) – Ярамас! Тентак! Ҳаммасини пачава қипсан! Демак, у олмабди. Кўкидан икки минг бор эди. Шуни олиб жимиб кетади, деб ўйловдим.
Беғам: (Унга далда бергандай бўлиб) – Ҳа, энди, бошқа йўлини топамиз. Бу мишиқининг ишхонасида бундан каттароғи бор… Балки…
Тўра: (Ижирғаниб) – Ҳай, менга қара, хумкалла, шу нарса эсингдан чиқмасин. Каттаси, хўжайини олмаган идоранинг майда-чуйдалари, кичиклари ҳам олмайди. Қайси идоранинг майда-чуйдалари олса, билгинки, ўша идоранинг каттаси ҳам олади. Шундай экан, бу боладан эҳтиёт бўл! Тушундингми?
Беғам: (Довдираб) – Туш… тушундим.
Тўра: (Унга ўйчан қараб) – Менга қара, анави мухбир бола Раҳимни эргаштириб юрибди, дедингми? Ҳокимга киришмоқчи демак. Демак, қарорни билишган. У мухбир бекорга Раҳимни етакламаяпти. Ўша қарордан хабар топса, Раҳимнинг ҳам пайтавасига қурт тушади.
Беғам: – Ҳа, энди хўжайин, вилоятда манаман, деган одамларнинг бирисиз. Бу майда-чуйдалар сизнинг олдингизда хасдай учиб кетади.
Тўра: – Лекин, сен ўша хасдан ҳам баттарсан, хасдан ҳам енгилсан. Эшит, сенга топшириқ! Ўша мухбир бола кеча қаерга жойлашган, қаерда тунаган, аниқла!
Беғам: – Аниқладим.
Тўра: – Ана, сенга ҳам ақл битибди-да-а! Хўш?
Беғам: – Нариги туманда, меҳмонхонада жойлашибди. Ўзим бориб, билиб келдим.
Тўра: – Чиндан ҳам ўткир бола экан. Нияти қатъий шекилли.
Беғам: – Энди нима қиламиз?
Тўра: – Нима қилишдан Худо сақласин. Жиддий чора кўрамиз. Бу дунёда усул кўп. Фақат ўта эҳтиёткорлик лозим. (Беғамни қўли билан ёнига ишора қилиб чорлайди-да, қулоғига нимадир, деб шипшийди. Беғам чўчиб, сесканиб қўяди. Тўра шундай маъносида бош ирғайди) – Ҳа, шундай, шундай қиламиз.
Беғам: – Демак…
Тўра: – Ҳа. Қўшни туманга бор, Тимсоҳни топ, ҳаммасини тушунтир, ими-жимида бажарсин!
Беғам: – Хўп бўлади. Фақат…
Тўра: – Яна нима гапинг бор?
Беғам: – Раҳим-чи? Раҳим нима бўлади?
Тўра: – Раҳимни менга қўйиб бер! Ўтган ойдаги видеотасвирлар, ҳалигилар билан бўлган маишат, эсингдами? Кўл бўйида олган тасвирларинг-чи, ўшалар Раҳимга етиб ортади.
Беғам чиқиб кетади. Томли супа ёнидаги столда турган уй телефони жиринглайди. Тўра бориб телефон гўшагини кўтаради.
Лола: (Қувноқ) – Ассалому алайкум, дадажон! Қўл телефонингиз ўчирилган, деб жавоб берди. (Тўра чўнтагидан қўл телефонини олиб, ажабсиниб қарайди).
Тўра: – Салом, она қизим! Ҳа-я, қўл телефонимни ўчириб қўйибман. Ҳадеб жиринглайвериб жонга тегди. Тинчликми, қизим?
Лола: (Шодиёна оҳангда) – Дадажон, Гўзал опамнинг аҳволи яхши. Шаҳардан дўхтир чақирмайдиган бўлдик. Бош врачимиз ҳам хурсанд.
Тўра: (Нохуш ҳолатга тушганини сездирмай) – Яхши-да, қизим.
Лола: – Дадажон, сиздан битта илтимос! Эртага битта ногиронлар аравачаси олиб берсангиз . Хўпми? Гўзал опамни ташқарига чиқардик. Қийналиб бўлсаям гапираяптилар.
Тўра: (Ноилож) – Хўп. Хўп. Сен нима десанг, шу, она қизим!
Лола: (Хурсанд ва қувноқ) – Раҳмат, дадажон!
Тўра ҳардамхаёл бўлиб гўшакни қўйиб қўяди. Қўл телефонидан рақам теради.
Тўра: (Қўл телефон орқали) – Қаердасан! Яхши! Хўп! Хўш, яна бир ишнинг ишкали чиқди. Эшит! Анави жиннининг шериги тузалиб қолибди-ку… Ким бўларди, катта холанг! Гўзални айтаяпман! Билмадим, бошим қотиб қолди. Ишқилиб охири бахайр бўлсин, Раҳимни ернинг тагидан бўлсаям топиб кўл бўйига олиб бор. Қанча тез бўлса шунча яхши! Уқдингми? Мухбир бола қаерда экан? А-а? Вилоятга кетибдими? Ҳозирча уни эсингдан чиқар. Тушундингми? Раҳимни телефон орқали қидирма, эҳтиёт бўл! Ўзи билан кўришиб гаплаш. Билмайман, топ.
Тўра қўл телефонни ўчириб, стол атрофидаги ўриндиққа ўтиради. Бир нуқтага тикилиб оғир уф тортади.
Саҳна қоронғулашади.
БЕШИНЧИ КЎРИНИШ
Тоғ бағридаги ўша оромгоҳ. Шом арафаси. Шоҳона безатилган дастурхон. Беғам билан Раҳим стол четига тиркалган курсиларда ўтиришибди. Уларнинг ҳеч бири чурқ этмайди. Машина келиб тўхтайди. Раҳим ўрнидан туриб кетиб, машина тўхтаган томонга қарайди. Тўра кириб келади. Эгнида спорт кийими. Беғам ҳам ўрнидан туради.
Раҳим: (Қалтираб-салтираб) – Ассалому алайкум, Тўра ака! Ях-яхшимисиз?
Тўра: (Қаҳр билан) – Ўзинг қалайсан! (Тўра бориб курсига ўтиради. Улар ҳам ўтиришади… Тўра Беғамга маъноли қарайди) – Қаерларда юрган экан?
Беғам: (Қошини чимириб) – Ўзи айтади…
Тўра: (Ўсмоқчилаб) – Хўш, Раҳимбой, бундай бўлмабди-да. Аллақайси чулдурвоқининг ортидан эргашиб, идорама-идора сўлтанглаб юрибсанми?
Беғам пихиллаб кулади.
Раҳим: (Ерга қарайди… Сўнг бош кўтариб Тўранинг кўзига тикилади) – Сизлар мени алдабсизлар… Номимдан ариза бериб ҳокимга киритибсиз. Мен бу шартингизга рози эмасман. Сизларнинг айтганингизни қилсам бутун бошли оромгоҳ йўқ бўлиб кетаркан… Фермер хўжалигидан ҳам айриламан. Тоғ ёнидаги юз-юзлаб арчалар йўқ бўлади, чинорлар кетади, боғ бузилиб ўрнида кафе-бар қурасизлар, шундайми?
Шу маҳал улкан чинор панасига Толибнинг келиб яширинганини кўрамиз. Учовлон буни сезмайди. Мухбир уларнинг орасида бўлиб ўтаётган гап сўзларни кичик камерага ёзиб олаётганини кўрамиз.
Тўра: – Демак, сенга забон ва бош битибди. Ҳалиги мухбирча сабоқ бериб улгурибди.
Беғам: – Хўжайин, бундай латталарни ҳалигиларнинг бошига ўрасангиз ҳам камлик қилади. Оғмачи, ўйинчоқ-ку бу.
Раҳим: (Икки қўлини мушт қилиб) – Сизлар мени алдадингиз…
Тўра: (Унга чақчайиб қарайди) – Ҳокимга кирдиларингми? Айт, (Ўшқиради) – кирдиларингми? (Раҳимнинг ёнига бориб ғазаб билан унинг ёқасидан тутади) – Айт, ярамас, ҳокимга кирдиларингми?
Раҳим: (Унинг чангалидан чиқиб, бўғилиб) – Йўқ, ҳоким вилоятга йиғинга кетган экан.
Тўра: (Шаштидан тушиб) – Ростини айт.
Раҳим: – Рост. Ёрдамчи эртага келинглар, деди.
Тўра: – Мухбирчанг қаёққа кетди.
Раҳим: (Ерга қараб) – Вилоятга.
Тўра: – Вилоятда пишириб қўйибдими, унга..
Раҳим: – Билмадим, адлия бошқармасида ҳам иши бор экан.
Тўра: – Қачон келади?
Раҳим: – Эрталаб ҳокимият биноси эшиги ёнида учрашамиз.
Тўра Беғамга сирли қарайди. Бош ирғаган бўлади. Беғам стол тагидан ноутбук олиб стол устига қўяди. Ноутбук қопқоғини очади. Толиб эса буларга сездирмасдан ҳарсанг панасида ётиб олиб кичик камера билан бўлаётган гап-сўз, воқеа-ҳодисани ёзиб олмоқда.
Тўра: (Раҳимга) – Сен менга анови кўлни, фермер хўжалигингни, оромгоҳ атрофини, боғни, тоғ ёнидаги сенга тегишли арчазорни берасан… Ҳоким номига ўз хоҳишинг билан ўша ерларни топширишинг ҳақида ҳозир ариза ёзасан. Қолганини менга қўйиб бер.
Раҳим: (Аянчли) – Нега?! Ёзмайман!
Тўра: (Ижирғаниб) – Энди аризанг ҳақиқий бўлади. Анови този кучук билан сохта аризани ис билибсанлар. Худди ўша ой, ўша число билан ариза ёз! (У Беғамга қараб бош ирғайди… Беғам стол устидаги сумкадан оқ қоғоз ва қалам олиб Раҳимнинг олдига қўяди)
Раҳим: – Йўқ, йўқ. Мен ариза ёзмайман.
Тўра: (Заҳарханда кулиб) – Майли, ёзма. Лекин хонавайрон бўлиб, элда юриқсиз, юртда туриқсиз қилиб қўяман, киргани гўр тополмай қоласан… Бу ерларда бош кўтаролмайдиган бўлиб қоласан. Тошкентда ўқиётган қизинг ва ўғлинг, ота-онанг, оилангни ҳам ўзинг билан қўшиб гўрга тиқасан, сен ярамас.
Раҳим: (Энди жонланиб ўрнидан туриб кетади) – Мен нима ёмонлик қилдим? Зўравонликми бу? Қонун бор, адолат бор!
Беғам: (Унга ўдағайлайди) – Сен бизга қонунни рўкач қилма. Ўзингни ўйла.
Тўра: (Завқланиб) – Қани табиат қўриқчисига, анови кинони қўйиб бер. Бир томоша қилсин-чи, бу даканг хўроз!
Беғам заҳарли ва қаҳрли тусда ноутбук тугмаларини босади. Ноутбукда намойиш этилаётган манзара-воқеанинг бошланишидаёқ Раҳимнинг ҳар хил қочириғу қийқириқлари, сатанг қизларнинг хохолаб кулиши, эшитилади.
Раҳим қўллари билан юзини тўсиб олади. Беғам ноутбук ичига кириб кетгудай бўлиб тамшаниб, кўзлари ёниб термулиб турибди. Тўра кинояли жилмайиб, Раҳимдан кўз узмайди.
Раҳим: – Ўчи-и-ирр!
Тўра: – Етади. (Беғам ноутбукни ўчиради)
Раҳим ерга ўтириб қолади. Тўра билан Беғам унга ғолибона термулиб туришибди. Раҳим зил-замбил бошини ердан базўр кўтаради.
Беғам: (Кинояли) – Яна қўяйми? Кўрасанми?
Раҳим: (Иҳраб) – Бас… бас… (У илкис тиззалаган кўйи Тўрага илтижоли боқади) – Мен розиман, ҳаммасига розиман! Фақат…
Тўра: (Столдаги бўш қадаҳларга ичимлик қуйиб бирини Беғамга узатади, бирини ўзи олади) – Қўрқма, мен сўзимда тураман! Қани олдик. (Тўра ғолибона қадаҳ сипқоради. Раҳимнинг титраган қўлларидан қадаҳ ерга тушиб кетади.) – Хоҳласам, эртагаёқ бутун халқ сенинг шармисорлигингдан воқиф бўлади. (У ноутбук олдига келади. Қўлини ноутбук экранига яқинлаштиради). – Ноутбук тугмачаларини босиб интернетга жўнатиб, Сенинг бу шармандалигингни оламга ёйишим мумкин. Хоҳласам… (У чўнтагидан флешка олади) – Манави учун бор мол-мулкинг, уй-жойинг тугул, бошқа нарсангни ҳам беришга мажбур бўласан. Ахир мен сендан кўп нарса сўрамаяпман-ку… Сен тентак қонундан келасан, адолатдан келасан! Танла, ё менинг айтганим бўлади, ё сен ўша мухбирваччага қўшилиб қонунбозлик қил!
Беғам: (Илжайиб) – Ўл бу кунингдан. Оромгоҳ директори бўла туриб, оромгоҳ ёнидаги кўл бўйида (бошини сирли ирғаб) – ҳалигилар билан-а, маишат…
Тўра: (Эси оғиб турган Раҳимга кесатади) – Қани, болапарвар, болалар оромгоҳи жонкуяри, табиатимиз ҳимоячиси, она табиат шайдоси, нима дейсан?
Раҳим: (Унинг ёнига тиззалаб кела бошлайди) – Розиман.
Тўра: – Тур ўрнингдан. Стулга ўтир, ёз. Ҳоким номига ариза ёз. Хўжаликни тўлиғича топширишинг ҳақида ёз.
Раҳим: (Ўрнидан туриб, оғриниб) – Мен сенларга ишонувдим… Бундай… бундай қилишларингни билмовдим. (Тишларини ғижирлатиб зор-қақшаб гапиради) – Номардлар.
Беғам: (Тантанавор) – Лекин манави тасвирда биз эмас, сен бор…
Раҳим стулга ўтириб, оқ қоғозга Тўранинг хоҳиш-истаги бўлган ўша аризани ёзади. Сўнг ўрнидан туради. Тўра билан Беғам унга ғолибона қараб саҳнадан чиқиб кетишади. Раҳим елкалари титраб йиғлай бошлайди. Ҳарсанг тош ортидаги Толиб мухбир ҳам билдирмай саҳнани тарк этади.
Саҳна қоронғулашади.
УЧИНЧИ САҲНА
ОЛТИНЧИ КЎРИНИШ
Шифохона. Ораста ва саришта, ёруғ-шинам палата. Лола тўшакда ётган Гўзалнинг каровати ёнидаги курсида ўтирибди. Каравоти ёнидаги тумба устида мева-чева солинган идиш. Лола мевалардан бирини олиб меҳрибонлик билан Гўзалга узатади.
Лола: (Хушҳол) – Опа, опажон, олинг, сизга қувват бўлади… Худога шукр, анча яхшисиз. (Унинг бошини силайди) – Ҳаммаси ортда қолди. Дадам аравача жўнатдилар. Эртага ўзим ҳовлига олиб чиқиб айлантираман.
Гўзал: (Ётган кўйи… тутила-тутила) – Раҳ-м-м-а-а-т! (У қийналиб гапиради).
Лола: (Меҳр билан) – Опажоним-ей! Худо хоҳласа, тузалиб кетасиз. Бош врач, аҳволи анча яхши, хавотир олманглар, дедилар.
Гўзал: (Қийналиб) – Раҳм-а-ат. Т-т-тооғ…тоққа бо-ра-ман.
Лола: – Опажон, шу ердаям ўша тоғ, оромгоҳингизни ўйлайсиз. Албатта, олиб бораман… Албатта, борасиз. Оромгоҳ қочиб кетмайди.
Гўзал: (Мунгли, қийналиб нимадир демоқчи бўлади. Кўзида ёш ғилтиллайди) – Л..лола… Ло-ла… Д-да-данг…
Лола: (Унинг гапини бошқача тушуниб) – Дадамга айтаман! Сизга Гўзал опам раҳмат айтдилар, дейман. Дадам нимаики зарурат бўлса сиздан аямайдилар. Сизни ҳурмат қиладилар. Ахир менинг устозимсиз-ку…
Гўзал: – Р-раҳ-м-а-ат.
Лола: – Айтаман, дадамга айтаман, Сизга раҳмат айтдилар, дейман…
Гўзал юзини девор томонга буриб, кўзини юмади. Шу маҳал шифохона таомилига кўра эгнига оқ халат ташлаб олган Толиб кириб келади. У бемор ёнидаги Лолани кўриб худди сеҳрлангандай унга қараб қолади. Лола ҳам беихтиёр ўрнидан туриб кетади. Улар ҳайратланган алфозда бир-бирига термулиб қолишади. Жимлик. Сукунат. Улар бир-бирига қараб туришибди. Киши қалбида севги туйғуларини аланга олдириб, нигоҳларда ажиб сеҳр уйғотгувчи бир мусиқа. Толиб беихтиёр Лола томон юриб, яна тўхтайди.
Толиб: – Сиз бу ерда…
Лола: – Ўзингиз-чи, ўзингиз бу ерда нима қилаяпсиз?
Толиб: – Мен шунчаки. (Сўнг яна ҳайрат билан тўшакда ётган кўйи буларни кузатаётган Гўзалга ишора қилиб) – Ойингизмилар?
Лола: – Ҳа… йўқ… Опам, устозим… Мен шу ерда ишлайман.
Толиб: (Энди кулимсираб) – Тасодифни қаранг.
Лола: (У ҳам жилмайиб) – Кутмовдим. Ахир ойнинг охирида келаман дегандингиз…
Толиб: (Елка қисиб) – Ҳа, энди. Очиғи, сизни бу ерда…
Лола: (Тўшакда буларга ажабсиниб қараётган Гўзалга) – Опажон, бу йигит журналист. Биз танишмиз. Мен институтда ўқиб юрганимда Универсиадада ғолиб бўлганимда “Туркистон” газетасига мени мақтаб жуда катта мақола ёзган. Газетада суратим ҳам чиқувди.
Гўзал: – Ях-ях-яхши…
Лола: (Қувнаб) – Ҳа, чиндан ҳам яхши йигит. Кейин биз Толиб билан яқин дўст бўлиб кетдик. (Толибга гинали қараб) – Келаркансиз, нега телефон қилиб қўймадингиз?..
Толиб: (Бир Гўзалга, бир Лолага қараб ўйчан, сир бой бермай…) – Ҳа, энди. Сизни бир ҳайратда қолдирай, дедим-да…
Лола: (Завқланиб) – Чиндан ҳам ҳайратда қолдим. Қойил. Топиб олдингиз… (Сўнг Толибга) – Ҳозир, опамга бир гапим бор, ташқарида кутиб туринг, чиқаман…
Гўзал Толибга қарайди-да, ўрнидан қўзғалмоққа урингандай бўлади. Лола унинг курагига ёстиқ қўйиб, нимқия қилиб ўтирғизади. Гўзал Толибга жавдираб қарайди.
Гўзал: – Сиз… Си-из. Ж-журналист…
Толиб: (Бош ирғаб, кўз қисиб қўяди) – Журналистман. (Сўнг Лолага сирли қарайди… Ҳеч нарсадан бехабар Лола кулимсирайди).
Гўзал: – Р…р-раҳмат!
Толиб: – Ҳаммаси яхши бўлади, опажон, хавотир олманг. Соғайиб кетинг… Мен сизни кўргани, (сўнг Лолага бир қараб) биз сизни кўргани келамиз… (Толиб опага сирли бош чайқаб палатадан чиқиб кетади).
Лола: (Гўзал ҳаяжонда хушҳол қараб) – Опажон, сизни толиқтириб қўймадикми?
Гўзал унга меҳр билан термулади. Лола курси олиб, Гўзалнинг ёнига келиб ўтиради, эшикка қараб қўяди.
Лола: – Опажон, яхши йигит у. Толиб билан жудаям яқинмиз. У Тошкентда ишда қолди. Мен институтни тугатиб, ота-онамнинг ёнига ишга келдим. Ўқишни битирмагунча эрга тегмайман, дедим. Дадам билан ойим райимни қайтаришмади. Мана бир йилдирки, ҳамма совчиларга рад жавобини бераяпман. Охири ойимга айтдим, дадамга тушунтиринг, дедим, Толиб билан мен бир-биримизни яхши кўришимизни айтдим. Дадам ўша йигитни мен бир кўришим керак, дедилар… Толибга қўнғироқ қилдим. Шу ойнинг охирида таътилга чиқаман, албатта бораман, ўзингиз яшаган жойларни, тоғларни менга томоша қилдирасиз, деди. Хурсанд бўлиб ойимга айтдим, даданг гаплашиб кўрсинлар, дедилар. (Кулади) – Бор гап шу, опажон! (Яна кулади) – Сабри чидамабди. Ҳафта ўтмаси келди. Ҳа-я, айтмоқчи, Толиб билан ҳар куни қўнғироқлашамиз. Уч кундирки, телефони жим, ўчган. Хавотирга тушиб юрувдим. Демак, келишини айтиб қўймаслик учун ҳам шундай қилган… (Лола яна жилмаяди. Гўзал алланечук хавотир билан унга термулади).
Лола: (Эркаланиб, энгашиб Гўзални ўпади) – Ҳа, кутиб қолди. Мен кечроқ яна кираман, сиз бир оз дам олинг, опажон (Қиз чопқиллаб чиқиб кетади).
Саҳна айланади.
ЕТТИНЧИ КЎРИНИШ
Шифохона ҳовлиси. Суянма ўриндиқда бир-бирига хиёл бурилиб Толиб билан Лола ўтирибди.
Уларнинг юз-кўзида меҳр-муҳаббат, севги-самимият ифодаси.
Толиб: (Қиз қўлларини кафтига олиб) – Лола, Лола! (унинг юзига қарайди) – Лола, уф-ф, нима десам экан, янаям чиройли бўлиб, гул-гул очилиб кетибсиз.
Лола: – Айниқса, бугун.
Толиб: – Йўқ, сиз ҳамиша шундайсиз, соғингандим.
Лола: – Сиз, сиз анча жиддий тортганга ўхшайсиз. Анчадан бери кўришмаганимизга шундай туюлаяптими, ё…
Толиб: (Лоланинг сочларини силайди) – Лола, бу дунёда сиз борлигингиз учун ҳам ҳаёт менга маъноли, завқли туюлади… Ҳаётимни сизсиз тасаввур этолмайман…
Лола: (Кулимсираб, унинг қўлларини кафтига олиб) – Шоирлик қилаяпсиз-а… Мен гапингизга барибир ишонмайман.
Толиб: (Унга жиддий қараб) – Мен эса сизга ишонаман.
Лола ерга қараб жимиб қолади. Толиб унга хавотирланиб қарайди.
Лола: (Ердан кўз узиб, Толибга тикилади. Сўнг оҳиста овозда сўзлайди) – Ахир мен ҳам сизга ишонмаганимда сизни бунчалар зориқиб кутмаган бўлардим.
Толиб: (Лолани бағрига босади. Лола энгашиб беихтиёр унинг кўксига бош қўяди) – Лола, ота-онангиз нима дейишаркин?
Лола: (Жиддий) – Улар ҳам менга ишонишади. Менинг бахтимни ўйлашади. Дадам сиз билан гаплашиб кўрсинлар… У кишининг акам билан мендан бошқа суянчи йўқ. Бизнинг келажагимиз учун ҳамма нарсага тайёр турадилар. Кўнглимизга қарши бормайдилар. Сизга бу гапни телефонда ҳам айтувдим-ку…
Толиб: (Лолани эркалаб, юзларини силаб) – Барибир ҳадиксираяпман. Юрагим уриб кетаяпти.
Лола: (Кулиб) – А-а! Қани, эшитиб кўрайлик-чи?! (Толибнинг кўксига бош қўйиб, гўёки унинг юрак уришини эшитгандай бўлади) – Чаккимас… Яхши (Сўнг яна кулади).
Толиб: (У ҳам кулади) – Хўш, юрагим нима деяпти?
Лола: – Айтмайман.
Толиб: – Айтинг.
Лола: – Кейин…
Толиб: – Унда ўзим айтаман. Бу йигит сизни жондан ҳам ортиқ яхши кўради, деяпти.
Лола: – Тўғри, лекин тўрт кундан бери қўнғироқ қилсам-да, телефонимга жавоб бермай қўйганингизни айтмаяпти (гўёки ўпкалаган, яъни хафа бўлган кўйи қовоқ уйиб эркаланади).
Толиб: – Лола, Лолагулим, вазият шундай бўп қолди.
Толиб ерга қараб, жимиб қолади. Ниманидир ўйлайди. Улар ўрнидан туришади. Шу маҳал Толибнинг қўл телефони жиринглаб қолади. Лола Толибга илкис нигоҳ солади. Толиб Лолага ҳадикли назар ташлаб қўл телефонига қарайди. Нимадандир таҳликага тушган каби қўнғироққа жавоб беради.
Толиб: – Алло. Ассалому алайкум Фарҳод ака! Яхши. Ҳаммаси жойида. Йўқ-йўқ. Иложи бўлса бугун. Кечиктирмай эфирга узатишимиз керак. Вазият қалтис. (У Лолага бир қараб қўяди. Лола буни англаб, берироққа юради. Толиб ҳам саҳна чети томон юриб гапида давом этади) – Йўқ. Иложи бўлса бугун. Ҳамма ҳужжатларни бердим. Кечиктирмаслигимиз керак. Шундагина Олтинбоғни асраб қоламиз! Қанчалаб одамлар соғлиғини, бутун туман аҳли келажагини асраб қоламиз! Олтинбоғ воҳанинг ўпкаси. Бу ерда жуда катта болалар оромгоҳи ҳам бор, ахир. Агар эртадан кеч қолсак, бу ишнинг тепасида турганлар Олтинбоғни ўзининг тор манфаати йўлида яксон қилиб ташлайдилар. Ака, тушунинг, мен буни тўлиқ ўргандим. Хўп, хўп. Сизни тушунаяпман. Мен буни ўз бўйнимга оламан, ўзим жавоб бераман!
Толиб оғир уф тортади. Юзига хотиржамлик ифодаси қалқийди. Саҳнанинг нариги четида турган Лола унга қараб юради. Толиб ўзини бепарво тутишга уриниб Лоланинг чеҳрасига сирли зеҳн солади.
Лола: – Тинчликми?
Толиб: (Хотиржам) – Шунчаки. Ишхонадан қўнғироқ қилишди.
Лола: – Ҳа, майли. Яхшилик бўлса бўлди, ишқилиб.
Толиб: (Унинг қўлини тутиб, кўксига босиб) – Лола, Мен… мен (каловланиб туради) – Мен, ҳозир Олтинбоққа боролмайман… Тушунинг, илтимос. Ишхонадан бир топшириқ тушди, шуни ҳал қилишим керак. Ҳозир вилоятга боришим керак… (Унинг қўлларини ўпиб) – Лола, эртага эрталаб шу ерда учрашамиз. Кейин нима десангиз, шу, сизнинг ихтиёрингизда бўламан… Хўпми, жоним…
Улар бир-бирига меҳр-муҳаббат билан термулиб туришади.
САККИЗИНЧИ КЎРИНИШ
Тўранинг ҳовлиси. Аввалги манзара. Томсупа ёнидаги стол атрофида тик турган ҳолатда Тўра билан Беғам нима ҳақдадир гаплашмоқда. Уларнинг иккови ҳам бесаранжом. Нимадандир хавотирда. Беғам эгнига осиб олган сумкани олиб Тўрага беради.
Беғам: (Атрофга олазарак боқиб осма сумкани Тўрага узатади) – Мана, Тимсоҳнинг йигитлари бериб юборишибди.
Тўра: (Ортга бир силтаниб, сескангандай бўлади-да, сумкани қўлига олиб ичини очади. Сумка ичига қўл тиқиб аллақандай қоғозларни олади) – Ҳеч ким ҳид билмадими? Шамоли чиқмайдими, бу ишнинг. (Унга хавотир билан қарайди.)
Беғам: – Йўқ. Исиям, шамолиям чиқмайди. Хавотир олманг.
Тўра: (Сумкага яна ўша қоғозларни жойлаб, Беғамга узатади.) – Ма, йўқот буни. Ёқиб юбор.
Беғам: – Хўжайин, ҳеч нарсадан хавотирланманг. Қутилдик. Тимсоҳ ишини билиб қилади.
Тўра: – Демак (у ёқ – бу ёққа қарайди) – бунисидан ҳам қутилдик.
Беғам: – Шундай, хўжайин, шундай. У ҳам асфаласофилингга кетди.
Тўра: – Энди йигитларга айт, Олтинбоққа чиқишсин. Бирдан техникаларни ҳам чиқаришсин. Бугундан иш бошланглар. Қурилиш фирмасига айт, зарур қурилиш ашёларини ҳам ўша ёққа ташисин!
Беғам: – Улар биздан шу ишорани кутиб туришувди.
Тўра: (Мағрур) – Мана энди вақти-соати етди. Энди бемалол иш бошлайверамиз. Мен билан ўйнашганларни йўлимдан барибир супуриб ташлайман! Мен у болага тўғаноқ бўлма, деб огоҳлантиргандим. Ўз бошини ўзи еб кетди.
Шу маҳал ичкари уйдан Лола чиқиб келади. У ниманидир гаплашиб турган Тўра ҳамда Беғамга қарайди. Улар жим бўлишади. Тўра қизини кузатади. Унинг кайфияти тушкун.
Тўра: (Бепарволик билан) – Ҳа, она қизим, тинчликми?
Лола: – Ўзим, шунчаки.
Тўра: – Нега кайфиятинг йўқ?
Лола: (Мунгли) – Дада, у келиши керак эди.
Тўра: – Ким келиши керак эди? (Сўнг нимадир эсига тушгандай) – Ҳа-а, ҳалиги меҳмон болами? (Қизига жиддий назар солиб.) – Иш-пиши чиққандир.
Лола: (Дадаси ёнида очиқ сўзлашдан тийилиб) – Ким билсин…
Тўра: (Мавзуни бошқа томонга буриб) – Менга қара, она қизим ош дамласанг-чи. Бир мазза қилайлик. Майли, (Беғамга қарата) – сен ҳам шошма, Беғам! Лоланинг қўлидан ош еб кетасан.
Беғам: (Тил учида) – Қандай бўларкан? Мен иш билан шуғуллансам девдим…
Тўра: (Кескин) – Қўй. Эрта тонгдан иш бошлаймиз, Худо хоҳласа!
Ичкари уйда Лоланинг қўл телефони жиринглайди. Лоланинг овози келади.
Лола: – Алло. Эшитаман… Эшитаман. Сизга ким керак? Қаердан… Ички ишлар бўлимидан, дейсизми?
Тўра билан Беғам жимиб қолишади. Ичкаридаги овозга қулоқни динг қилишади. Лола ҳам жим қолади. Лаҳза ўтиб-ўтмай ичкарида нимадир тарақлайди. Лола ичкари уйдан югуриб чиқади. Қўл телефон қулоғида.
Лола: (Саросимада, ҳардамхаёл ҳолатда) – Ким? Қачон? Нега!!! (У чинқириб юборади. Қўлидан телефони тушиб кетади. Нима ҳол рўй берганини англаб-англамасдан турган Тўра ва Беғамга карахт ҳолда қараб туради. Сўнг елкалари титраб, овоз чиқармай унсиз йиғлай бошлайди.) – Дада, дадажон. (Эзилиб-эзилиб йиғлайди)
Тўра билан Беғам ҳовлиқиб ўрнидан туриб кетишади.
Тўра: (Ўзини йўқотиб, саросимада) – Лола… Лола, нима гап? (Қизи томон қадам ташлайди) – Тушунтириб гапир, нима бўлди?
Лола: (Йиғи аралаш) – Уни пичоқлаб кетишибди. Уни ўлдириб кетишибди, дада…
Тўра: (Даҳшатга тушиб) – Кимни ўлдиришади?
Лола: (Титраб-қақшаб) – Толибни. (Беғам сапчиб тушади. Тўра ғўлдираб қолади, жойида таққа тўхтаб, ўзини йўқотиб қўяди.)
Тўра: (Ғўлдираб) – Ким? Ким дединг?
Лола: – Толибни… Ўша йигитни… Қўл телефонида менинг рақамим сақланиб қолган экан. Милициядан қўнғироқ қилишди, дада…
Тўра: (Энди бошига гурзи тушгандай турган жойида гандираклаб кетади. Бошини ушлайди) – Шундай, де… Толиб, де. (У Беғамга ўқрайиб қарайди. Беғам ҳам довдираган кўйи қалтираб-салтираб нима қиларини билмай турибди.)
Лола: (Қақшаб, ҳамон унсиз йиғлаяпти) – Ҳаммаси мени, деб бўлди, дадажон. Бунга мен сабабчиман, дада. (Лола ерга ўтириб олиб йиғлайверади.)
Тўра: (Турган жойида чинқириб юборади) – Бас! Ундай дема-а-а!
Тўра бориб қизининг ёнига тиз тушиб чўккалайди. Унинг бошини кўксига қўйиб ҳеч нарса демасдан, жимгина юпатмоқчи бўлади. Унинг бошини силайди. Шу чоғда Лоланинг ерда ётган қўл телефони жиринглайди. Лола парво қилмайди. Тўра чўзилиб қўл телефонни олади-да, Лолага узатади. Лола қўл телефонни олишга юраги дов бермай орқага тисланади. Тўра аччиқланиб қўнғироққа ўзи жавоб беради.
Тўра: (Ўшқириб) – Алло! Эшитаман! Дадасиман мен… Нима дейсан? А?!
Тўра жим бўлиб қолади. Қизининг юзига қарайди. ғайришуурий ҳолатда титраб қўл телефонни Лолага узатади. Чуқур нафас олиб, оғир ютингач, елкалари учиб тушгандай бўлади.
Тўра: – Т-Тирик… Т..т-тирик у.
Лола: (Бир сапчиб тушади. Беихтиёр дадаси қўлидаги телефонни олиб гапира бошлайди) – Алло… Мен… Қаерда.. Хўп. Ҳозир, ҳозир бораман. (Лола дадасига қараб жимиб қолади) – Дада… дада, тирик экан. Касалхонада. Мен… бориб кўраман.
Саҳнада сукунат ҳоким. Тўра ҳам, Беғам ҳам ўз жойида тош қотишган. Гўё кимдир уларни сеҳрлаб қўйган. Иккиси ҳам карахт.
Тўра қўл телефонини олиб қаергадир қўнғироқ қилади. Унинг чақириғига жавоб келмайди.
Тўра: (Ғудраниб) – Қаерда юрибдийкин?! Жавоб бермаяпти. (Сўнг яна бошқатдан рақам теради.) – Салом, Тоҳиржон, хўжайин ўзларидами? Нима? Нима-а? (У ўрнидан туриб кетади) – Йўқ… йўқ, хабарим йўқ. (Шошиб, довдираб қолади) Ҳозир… ҳозир… (Анграйиб турган Беғамга ўшқиради) – Телевизорни қўй!
Беғам стол четидаги телепультни олиб тугмасини босади. Экранда юртнинг гўзал масканларидан бири Олтинбоғ кўрсатилаяпти. Тележурналист Толиб Раҳимовнинг шарҳи берилмоқда.
Толиб: (Тасвир ортидан берилаётган овоз) – Юртимизнинг бундай гўзал манзаралари табиатнинг энг буюк инъоми, Яратганнинг бизга берган улуғ неъмати, гўзал ва фаровон ҳаётимиз манбаидир. Сахий ва саховатли заминимиз неъматлари, гўзал табиат бойликлари эса мана шу юртимизники, халқимизники. Демак, табиат бутун бир халққа ва миллатга тегишли бойлик. Ҳеч кимнинг ўз манфаати йўлида уни талон-торож этиш, вайрон қилишга ҳаққи йўқ. Она табиатимиз нафақат бугунги, балки эртанги кун авлодларига қолажак барҳаёт, мангу меросдир, десак хато қилмаймиз. Она табиатимиз юртимиз бағрида улғаяётган ўғил-қизларимизнинг келажакда соғлом ва бақувват бўлиб улғайиши учун ҳам муҳим аҳамиятга эга муқаддас барҳаётлик бешигидир. Бу бешикда эса юртнинг соғлом болалари улғайишади.
Дунёда бир томчи сувга зор юртлар бор. Дунёда битта гиёҳ ўсмайдиган жойлар бор. Дунёда илиқлик нима, ҳарорат нима билмайдиган, музлаб ётган ерлар бор. Яратганнинг назари тушган юртимиз, замин жаннатига қиёс икки ҳаётбахш дарё оралиғидаги Ватанимиз табиати гўзаллигини дунёнинг ҳеч бир жойида учратмаймиз. Тўртта фасл мукаммаллиги, тўрт фасл барҳаётлигини мана шу замин – она Ўзбекистон бағридан топамиз. Бироқ мана шундай улуғ саодат ва буюк неъмат қадрига етаяпмизми? Она замин гўзаллигига доғ туширмай уни келажак авлодларга ана шундай мангу жозибаси билан мерос қолдираяпмизми? Афсус, орамизда фақат ўз манфаати йўлида барҳаётлик манбаи бўлган табиат бағрига тиғ санчаётганлар ҳам учрамоқда.
Кадрда Толиб пайдо бўлади. Қўлида микрофон.
– Азиз томошабинлар, юқорида биз кўрсатиб ўтганимиз каби Олтинбоғда айрим қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар, ўз нафси йўлида сўлим бир болалар оромгоҳини ноқонуний йўл билан талон-тарож қилишмоқчи. Сохта ҳужжатларни важ қилиб тоғ бағри ўрмонларига эгалик қилиб, у ердаги дарахтларга қирғин келтирмоқчи. Бир гап билан айтганда, Оромгоҳ атрофидаги кўл ҳамда юз гектарга яқин ўзгаларга тегишли ер майдонларини ўзлаштириб олмоқчи бўлиб туришибди. Энг аянчлиси, минглаб болалар дам олиб, соғлигини тиклайдиган мазкур масканлар тақдири хавф остида. Гўёки, ўзларини тадбиркор қилиб кўрсатиб, турли хил йўллар билан халқ ва давлат мулкига ғайриқонуний чанг солаётган, бу йўлда ҳатто ноқонуний ва сохта ҳужжатлар тўплаб ўзгаларга турли хил тазйиқ ўтказаётган зўравонлар қилмишига яраша адолатли қонун олдида, албатта, ўз жазосини олишади. Бироқ юқорида айтганимиз каби Олтинбоғда ўзим хон, кўланкам майдон, деб истаган номаъқулчилигини қилаётган муштумзўр, сохта тадбиркор, зўравон, бойлик тўплаш йўлида ҳеч қандай риёкорликдан тап-тортмайдиган Тўра Арслонов ва унинг гумашталарига айрим маҳаллий раҳбарларнинг ҳам шерик бўлаётгани ачинарли ҳол. Бундай нопок кимсаларнинг нафақат туман, балки вилоятгача томир ёйиб борганига нима дейсиз? Нима бўлган тақдирда ҳам бундай нопок кимсаларнинг уринишларига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан муносиб ҳуқуқий баҳо берилади. Ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди.
Экран ўчади. Тўра билан Беғам нима қилишини билмай анграйиб қолишган. Тўра икки қўли билан юзини тўсиб надоматли бош чайқаб қолади.
Саҳна қоронғулашади.
ЭПИЛОГ
СЎНГГИ КЎРИНИШ
Тоғ. Боғ. Кўл сатҳи. Тоққа туташиб кетган қишлоқ. Қуйида оромгоҳ. Оромгоҳ атрофи сўлим жой. Улкан чинор, дов-дарахтлар. Оромгоҳда дам олаётган болакайларнинг шодон кулгиси, ҳайқириқлари ҳукмрон. Саҳнага Гўзал кириб келади. Ўша чинор танасини меҳр билан силайди. Шу пайт саҳнага югургилаб Олим кириб келади. У яна пилдираб ўтиб кетади-да, анча жойга бориб тўхтайди. Эгнидаги кийим-бош ўша-ўша. Бўйнида аввалги галстук. Қўлида ўша эски портфель.
Гўзал: (Мамнун) – Ассалому алайкум. Олим ака!
Олим: (Довдирабгина) – Ва…валайкум ассалом. (У Гўзалга яқин келиб жилмаяди) – Дарахт билан сўзлашаяпсизми?
Гўзал: – Ҳа. Дарахтларим билан гаплашаяпман.
Олим: – Ҳа… Ҳа, дарахтлар инсоннинг сўзини тушунади. Лекин инсонлар бир-бирини тушунишмайди.
Гўзал: (Кулиб) – Дарахтлар ҳам гапиради, денг.
Олим: – Ҳа.
Гўзал: (Энди жиддий тортиб) – Демак, биз уларнинг гапини эшитмасканмиз-да.
Олим: (Бош чайқаб) – Йўқ. Эшитмаймиз, афсус. Масалан, сиз дарахтларнинг гапини эшитмайсиз, бироқ сиз дарахтлар нимадир деяётганини ҳис қиласиз. Англайсиз, шунинг ўзи кифоя. Эҳ, одамлар шундай туйғудан мосуво. Уларнинг орасида камдан кам кишилар дарахтлар, табиат, бутун борлиқ тилини тушунадилар.
Гўзал: (Самимият билан) – Сиз дарахтларнинг сўзларини тушунасизми? Манави дарахт, манави боғлар, бутун борлиқнинг тилини биласизми?
Олим: (Жиддий) – Биламан! (У кўрсаткич бармоғини ҳавога кўтаради) – Албатта, биламан.
Гўзал: (Қизиқсиниб) – Унда мана шу дарахтлар, боғлар нима деяпти ҳозир?
Шу пайт саҳнага ногиронлар аравасини юргизиб, Лола кириб келади. Аравачада Толиб ўтирибди.
Олим: (Аравачадаги Толибни қўли билан кўрсатиб) – Бутун боғ, шу чинорлар манави инсонга, қалбида ҳаёт дарёси шовуллаб оқаётган инсонга ташаккур айтаяпти, раҳмат айтаяпти. Эшитаяпсизми, Гўзал? (У жимиб туради-да, гўё борлиққа қулоқ тутади, одати бўйича яна кўрсаткич бармоғини кўкка ниқтайди) – Эшитаяпсизми, дарахтлар, она табиат, анави баланд тоғлар мана шу инсонга таъзим қиламиз, деяпти. (У аравача ёнига бориб тиз чўкади. Гўзал ҳам аравача ёнига боради. Олим, Гўзалга тиз чўк, ишорасини қилади. Гўзал тиз чўкади. Лола уларнинг бу ҳолини кўриб елкалари силкиниб-силкиниб йиғлай бошлайди. У ҳам Гўзалнинг ёнига келиб аравача ёнида тиз чўкади.)
Лола: (Гўзалнинг ёнида Толибнинг рўпарасида тиз чўккан кўйи Гўзалнинг елкасига бош қўяди) – Раҳмат, опажон! Раҳмат. Мен ҳаёт моҳиятини тушундим, опажон! Олим амаки, раҳмат сизга.
Олим: (Аравача ёнида ҳамон тиз чўкиб аравачада ўтирган Толибга жилмаяди) – Ука, қара, сенга инсониятнинг қалби ҳали тирик вакиллари таъзим қилаяпти. Биз кўпчиликмиз. Биз жуда кўпчиликмиз. (У саҳнадаги томошабинларга ишора қилади) – Қара, қара, бизлар жуда катта кучмиз. Юртимиз гўзаллигини, онамиз табиатни оёқости қилдириб қўймаймиз. Сен чинакам мардсан, укажон! Сен ҳақиқий қаҳрамоннинг ишини қилдинг. (Уларнинг учаласи Толибнинг тепасида тик туришади. Лола Толибнинг бошини бағрига босиб силайди. Чеҳрасида ним табассум. Кўзларидан дув-дув ёш оқа бошлайди.)
Лола: (Уни бағрига босиб) – Мен сизни яхши кўраман. Ҳамиша сиз билан бирга бўламан.
Олим: (Залга, томошабинларга қарата) – Дарахтлар ўз илдизлари билан она заминни ушлаб туради. Она замин дарахтларнинг илдизига осилиб туради. Дарахтларни эса инсон қалбидаги гўзаллик ёғдуси асраб қолади. Мен фақат шу ҳақиқатни билишингизни истардим. Бу ҳақиқат, бу назария фанда йўқдир эҳтимол, бироқ бу ҳақиқат инсоннинг қалбида шаклланади. Шундай эмасми?
Лола, Гўзал, Олим аравачадаги Толиб бир зум залга, томошабинларга қараб туришади.
Саҳна қоронғулашади.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 3-сон