«Муаллифнинг биринчи китоби» туркуми (1978-1997)

Шукур Қурбон. Оққушлар кўли: Шеърлар. Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1978.

Ёш шоир Шукур Қурбоновнинг илк тўпламига унинг ватанга садоқат, гражданлик бурчи ҳамда инсоний туйғуларни улуғловчи фалсафий руҳдаги шеърлари жамланган. Китобдан шоирнинг «Темур Малик ўтган йўлларда»  шеърий туркумидан айрим лавҳалар ҳам ўрин олган.

Ҳабибуллоҳ Саид Ғани. Менинг оппоқ далам: Шеърлар. Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1980.

Ҳабибуллоҳ Саидғаниевнинг шеърларида “оппоқ хаёл”, “оппоқ дала”, “оққуш”, “оқ кўнгил” сингари ибораларни кўп учратамиз. Дарҳақиқат, хоҳ она-Ватан мавзуида бўлсин, хоҳ дўст-ёрлик,садоқат мавзуида бўлсин, шоир ёрқин туйғуларни тараннум этади. Тўпламдан халқлар бирламлиги мавзуидаги шеърлар ҳам ўрин олган.

Туробжон Мақсудов. Қайтмас тўлқинлар: Шеърлар. Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1980.

Ёш ёзувчи Туробжон Мақсудов ҳикояларида умр дарёсининг қайтмас тўлқинлари — ғубор қўнмаган болалик таровати, замондошларимизнинг ўй-хаёлларини ўзига хос бадиий йўсинда ифодалашга интилади.

Хайриддин Султонов. Қуёш барчага баробар: Ҳикоялар. Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1980.

Ер юзида турфа хил одам турфа хил ташвиш билан яшайди. Аммо кўҳна ва қадрдон қуёш уларнинг барчасига баб-баробар беминнат нур сочади.
Ёш ёзувчи Хайриддин Султоновнинг ҳикояларида шу ҳақда фикр юритилади. Муаллиф замондошларимиз — қишлоқ кишиларининг беором ҳаётини, уларнинг дарду қувончларини тасвирлайди.
Бу ниятнинг қай даражада рўёбга чиққанини баҳолаш эса сизга ҳавола, азиз китобхон.

Саъдулла Ҳаким. Ҳамал тонглари: Шеърлар. Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1981.

Ёш шоир Саъдулла Ҳакпмнинг шеърларида халқ оғзаки ижоди бадииятига хос ранг ва жилолар, оҳанг излаш, ҳаётни ўзига хос поэтик тадқиқ қилишга интилиш кучлидир.

Икром Отамурод. Вақт ранглари: Шеърлар. Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1982.

Тўпламга киритилган шеърларда баҳор, болалик, бахт ва муҳаббат ҳақида куйланади. Тўрғайлар чарх урган бепоён даштлар, мовий осмон, беҳудуд кенгликларни гавдалантирувчи шеърларда Ватанга муҳаббат туйғулари ифода этилган. Бу асарларнинг асосий хусусияти — покликка интилиш, самимийлик. Шоир ўз овози ва ўз дастхати билан шеър ихлосмандларининг эътиборини қозонади деган фикрдамиз.

Маъсума Аҳмедова. Офтобли кун: Ҳикоялар. Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1982.

Ёш адиба Маъсума Аҳмедованинг ҳикояларида фавқулодда воқеалар рўй бермайди, унинг қаҳрамонлари ҳам ҳаётда деярли ҳар куни кўриб турганимиз оддий кишилардир. Аммо қаламкаш ана шу одатий воқеа-ҳодисалар замиридаги мураккаб инсоний муносабатларни, ана шу оддий кишиларнинг беҳаловат қалбини синчковлик билан илғаб, ўзига хос бадиий шаклда тасвирлашга интилади.

Набижон Нажмиддинов. Энатут: Ҳикоялар. Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1982.

Ёш қаламкаш Набижон Нажмиддиновнинг бу китобига мавзу жиҳатдан хилма-хил ҳикоялар жамланган. Муаллиф Улуғ Ватан урушида жасоратлар кўрсатган, аммо хизматини сира миннат қилмаган камтарин Дўсмат чол, опасининг муҳаббатига бефарқ қарай олмаган кичкина Умиджон каби турфа феъл-атворли кишилар образини яратади.

Исмоил Тўхтамишев. Чўл бойчечаги. Шеърлар. Т.: «Ёш гвардия», 1982.

Шоир ижодида дўстлик, соф севги, она ерга муҳаббат каби мавзуларга кенг ўрин берилган. Қарши чўлини ўзлаштиришдек улкан ишга бел боғлаган ёшлар кўрсатаётган ғайрат-шижоат тўпламнинг асосий мазмунини ташкил этади.

Исмат Норбоев. Тоғ сўқмоқларида: Ҳикоялар. Т.: «Ёш гвардия», 1983.

Ҳурматли ўқувчилар Исмат Норбоевни «Тоғ ҳикоялари» китоби ҳамда бошланғич синф дарсликларига, турли мажмуаларга кирган ҳикояларидан яхши биладилар. И. Норбоев табиат, табиат муҳофазаси ҳақида ёзади, дунёмизнинг муҳим муаммоларидан бири, қолаверса, истиқболимизни белгиловчи омиллардан бири бўлган шу табиат мавзусида баҳс юритади.
Ёзувчининг ушбу китоби ҳам унинг севган-суянган мавзусига бағишланган. У ҳаётда ҳам она табиатимизнинг қўриқчиси экани билан фахрланади, ва ўзгаларга — ҳурматли китобхон, Сизга ҳам шу эзгу туйғуларни тилайди.

Орзиқул Эргашев. Тўй: Ҳикоялар. Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1983.

Ёш ёзувчи Орзиқул Эргашев ўзининг мазкур илк тўпламидаги ҳикояларида қишлоқ ҳаёти, қишлоқ кишиларининг ўзига хос урф-одатлари ва руҳий кечинмаларини ёрқин бўёқларда тасвирлашга интилган.
Улар сизга манзур бўлади, деган умиддамиз.

Муҳаммад Юсуф. Таниш тераклар: Шеърлар. Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1985.

Муҳаммад Юсуф шеърларида ҳаёт ҳақиқати ёниқ эҳтирос ва кўтаринки руҳ билан тасвирланади. Муаллиф юрагидаги самимият нури шеър сатрларини ёритиб туради ва унинг куюнчаклиги шеърхонга ҳам юқади. Лирик қаҳрамоннинг руҳияти гўзал, хаёли узун, дардининг кўзлари тийран. Она юрт туйғуси, ўтган урушнинг дилдаги таассуротлари, бугунги кун ташвишлари ва эртанги кун умидлари чиройли ташбиҳларда ифода этилган.

Анвар Жўрабоев. Таклифнома: Ҳикоялар. Т.: «Ёш гвардия», 1987.

Ушбу китоб Анвар Жўрабоевнинг илк ҳикоялар тўплами. Ҳикояларнинг аксарият қаҳрамонлари ҳақиқат ва эзгулик тантанаси учун курашади. Уларда исёнкор бир руҳ мавжуд. Кўпчилик ҳикояларнинг мавзуи қайта қуриш руҳига монанд.
Анвар Жўрабоев одамлар ўртасидаги муносабатларнинг муҳим томонларини, инсон қалби нозикликларини санъаткорона кўз билан кўриб, юракдан ҳис эта олган.

Мақсуд Бекжон. Мўътадил ранглар: Шеърлар. Т.: «Ёш гвардия», 1988.

Кейинги йилларда шеърият  бўстонига бир гуруҳ ёшлар кириб келди. Шундай ёшлардан бири шоир Мақсуд Бекжондир. Унинг шеърлари уйчанлиги, фикрларга бойлиги билан ажралиб туради.
Азиз шеърхон! Қўлингиздаги тўпламга ёш шоирнинг сўнгги йилларда ёзган сара шеърлари жамланди. Улар сизга маъқул келар деган умиддамиз.

Юсуф Латиф. Январнинг қуёшли куни: Ҳикоялар. Т.: «Ёш гвардия», 1988.

Ёш ёзувчи Юсуф Латифнинг ушбу тўпламига киритилган ҳикояларида замондошларимиз ҳаёти, уларнинг маънавий олами, инсоннинг ўз-ўзини англашдек мураккаб лаҳзалар самимий тасвирланади.

Ўринбой Усмонов. Спитамен қотили: Ҳикоялар. Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1991.

Ўринбой Усмонов ўз ҳикояларида инсон руҳий оламига чуқурроқ кириб боришга ҳаракат қилади, инсонийликнинг олий белгилари бўлмиш инсоф ва адолат, эътиқод ва муҳпббат, қадр-қимматни англаш, эҳтиётлаш муамолари устида уйга толади ҳамда ўқувчиларни ҳам шу уйларига ошно этади.

Абдусаттор Содиқов. Орият: Ҳикоялар. Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1997.

Абдусаттор Содиқовнинг «Орият» тўпламига жамланган ҳикояларни ўзаро бир-бирига боғлаб турган бош ғоя — одамийлик, инсон қадр-қимматини улуғлаш, маънавий бойлик ҳар қандай моддий бойликдан устун туради деган ақидага амал қилишга йўналтирилган.