Қўчқор Норқобил. Тирик ҳайкал (ҳикоя)

Инсоннинг танасига эмас,
қалбига ҳайкал ўрнатадилар.
Л. Толстой

Хуллас, йиғин йиғиндай бўлмади. Бунинг барига тил битди, меники жуфт дейдиган бўлиб қолишибди. Харракка тиқилган харсангни сув эмас, сел оқизади. Буларнинг бу майда-чуйда пичинглари у ёқ-бу ёқдан отилган кесакнинг увадасидай бўлиб туюлди. Лекин кесакка етган қўл тошга ҳам, кейин алламбало нарсаларга ҳам етиши мумкин.
Ҳайқулов буни яхши билади, билмай ўлдими, етмишга ямоқ, саксонга сабоқ бериб турган қария холи билан шу нарсани билмаса, Хиванинг гурваккина қовунидай чўзинчоқ бошига шляпани бостириб, бўйинбоғу костюм-шимда пўримгина бўлиб машинанинг орқа ўриндиғида ястаниб ўтиришига ҳайф-е… Айтмоқчи, машинанинг орқа ўриндиғида ялпайиб, атрофга киброна, беписанд боқиш бир завқ бўлса, шу улов “жонивор” ишхона эшиги олдида тўхтаган заҳоти иккита темирқанот шотирнинг ернинг ёриғи-ю, осмоннинг уюғиданми, Худо билади, қаердан, лаҳзада пайдо бўлиб машина эшигини очиши, ўн шавқ денг. Янами, яна денг, ҳалиги учарлардан бири шартта қўлидаги портфелини олади, айрим пайтлар бунга костюм ҳам қўшилади, бири эса шу учишда ичкари кириб, лифт чақиради. Унинг гурвакқовун калласи ҳеч жойга бурилмайди, шотирлар қуршовида тўппа-тўғри, шаҳду аҳд қадамлар ила ишхонага кириб, учинчи қаватга кўтарилади.
Бугун чатоқ бўлди. Қизиқ… булар анчагина тирилиб қолишибди. Анави лойиҳалаш бўлимининг бошлиғини кўр, эпласангиз элакда сув туради, деб пичинг қилдими, бу билан ишни эплай олмаяпсан, деди чоғимда. Режа бўлими ходимасининг ҳам саводи чиқиб қолибди. Савдойининг саводи савобни совуради деганларидай, тежамкорлик масаласида дакки бергандай бўлди. Итнинг илжайганини ким кўрибди, ҳамиша жағи ёпилмай жиғига теккувчи Жумабердининг дийдиёсини кўринг! Ҳамма жойда бир хил хўроз қичқирмай, бошқа ходимларнинг ҳам лойиҳасига эътибор қаратилса яхши бўлармиди, деди. Ҳайқулов нафақат ер тагида қимирлаган илонни, балки унинг турини айтиб берадиган одам. Манави кўзойнакли илон – Тоштурдининг гапини қаранг: “Ҳаммамиз ҳам бунёдкорлик одамимиз”, деб қўйди пичинг аралаш. Бу гапнинг тагидаги ним косада, “Ҳамма жойда Сен ўзингни кўрсатаяпсан, биз-чи?” деган таъна бор. Ҳа, Ҳайқулов билади, билади Ҳайқулов. Сен ярамасларнинг ҳаммангни билади. Бугун баринг тирилиб қолдиларингми-а?
Хуллас, бугун – айтгулиги йўқ кун бўлди? Кўрнинг созига кар ўйнади. Ер бўлмаса, осмонда юради булар. Ҳар бири ўзича даҳо. Бошим юлдузга тегди, деб ўйлашади. Ҳечқиси йўқ, барингни ерга тушираман, йўқ, ерга киритвораман, ҳали менинг совунимга кир ювмабсанлар!
Қирда турган қирчанғи пастда қолган тулпорни тенгим демас… Тўғри-да, тулпор бўлса ўзига. Қирда юришнинг эса гашти бўлак. Ана, ёшлар бўлимидаги Шодибой бош кўтариб овозини баландлатгандай бўлувди – йўлини топиб учириб юборди. Қаерга учирарди, осмонгамас, жар ёқасига олиб келиб тубанга учирди. Юрибди, энди сарсон бўлиб. Иқтидорли бўлса ўзига, ким айтди, Ҳайқуловга тик қара деб! Ана, Буюкбек нима бўлди? У ҳам Ҳайқуловнинг йўлини кесиб ўтди-да. Бўлмаса, ақли-ҳуши жо­йида, ўз ишининг устаси. Муроса қурмағурдан узоқроқ юраркан-да, айби шу. Ишхонанинг ноширчилик, босмахона билан боғлиқ ишларини юксакка кўтариб қўювди, Эшматнинг ҳам, Тошматнинг ҳам, Нурматнинг ҳам оғзида шу боланинг исми айланиб қолувди. Ҳайқулов шу боладан ҳайиқарди: “Ўрнимга талабгорлик қилади”.
Бир куни ҳузурига чақириб очиқ айтди: “Сен бола қадамингни ўйлаб бос. Нега менинг лойиҳаларимни босмахонага бермай, ушлаб турибсан? Мен билан ўйнашма, бола…” Буюкбек ҳам юзингда кўзинг борми демади: “Сизнинг нарсангиз умуман бўлмайди. Қайта кўриб чиқишингиз керак…” “Шундайми? Мен сени ўзингни қайта кўриб чиқаман…” Шундан сўнг ўн кун ўтиб-ўтмай Буюкбек ишдан бўшади. Эрталабки кичик йиғинда ҳаммага эшиттириб Ҳайқуловга қарата шундай деди: “Мен ишдан бўшайман. Сизни кўрсам бўғилиб кетавераман. Менга тоза ҳаво етишмаяпти бу ерда…” Аризасини Ҳайқуловнинг столига тақиллатиб қўйди-да, бошини баланд тутиб чиқиб кетди. Эрталабки йиғинда ҳозир бўлган шўрликлар ерга киргудай бўлиб, ерга кўз тикиб қолаверишди. “Ҳой боласи тушмагур-а, ҳой боласи тушмагур!..” Ҳайқуловнинг енгидан кириб ёқасидан чиқадиган Тўхтаев койингандай бўлиб бош ирғаб қўйди. Ҳамма мулзам тортди. Ҳайқулов тўрдаги юшмоқ курсида бир чайқалиб олди. Беихтиёр тақир бошини силаб-силаб қўйди, ўзини шундай бир мўмин-мушфиқ, қўй оғзидан чўп олмайдиган, меҳрибон устоз қилиб тутдики, ходимлар бўлимининг бошлиғи Турдигул золим Буюкбекнинг дастидан йиғлаб юборди. Қорчўпдеккина, қотма қиз Нурроҳат дик этиб ўрнидан туриб, хона деразани очишга чоғланди. Кичик ходима Ойбаланд “устоз”нинг ёнига пилдираб борди-да, пиёлага чой қуйиб узатди. Сувилонга сув юққанини ким кўрибди; Ҳайқулов совуққина илжайди: “Укамиз ҳали ёш-да. Ҳали ёш. Ҳечқиси йўқ, бизлар парво қилмаймиз…”
…Бугунги мажлисда ҳам Ҳайқуловнинг кайфияти бир тийин бўлди. Унинг иддаоси ичида эди. Шу машқи баланд мишқилар билан пачакилашиб ўтирмайман, деган ўйга бориб, ўзини овутмоқчи бўлди. Лекин қаерда, юрак тор бўлгач, кўнгилни кенг қилиб бўлармиди. Кўнглинг кенг бўлиши учун кўксингда қуёш порлаши керак. Ҳайқуловнинг кўксида бир уюм лойми, балчиқми чўкиб, бижғиб ётибди. Ҳайқулов кўнгилга қуёшни сиғдириш мумкин, деган тушунча тушига кирмаган Худо урган бир шўрлик эди…
Хуллас, мажлис мажлисдай бўлмади. Аввалгиларига ўхшамайроқ қолди. Чин. Бугун буларнинг бари тирилиб қолибди. Нима бўлдийкин, юқоридан бирор бир совуқроқ эпкин эсдимикин ёки интернет-пинтернетда яна бирортаси шаъни-аъмолига қарата лой ирғитдимикин? Интернетниям, фейсбукми, гўрми, бошқа-қашқами ёпиб ташласалар-ку, олам – гулистон. Ҳайқулов ичида сўкинди, виртуал оламнинг онасини учқўрғондан келтирди.
Мажлисни давом эттиришни кунжакда қолган кунгабоқардай бош эгиб турган ўринбосарга қолдириб, шарт ўрнидан туриб чиқиб кетди. Изидан костюм кўтаргич жонқули ҳам ёв қувгандай отилиб чиқди. Қабулхонадаги шотир зинадан пастга қараб учди. Нимага бўларди, ҳовлига чиқиб машинанинг эшигини очиб тургани-да.
Ҳайқулов кетди. Икки мулозим мулзаму лол бўлиб, қўлларини кўксига босиб, таъзим бирла кузатиб қолдилар.
– Раис бобони андак кайфиятлари чатоқ бўлганга ўхшайди, – деди кастюмкўтарар.
– Локигин қариган билан томирлари чиримаган, чуқур кетган, – деб қўйди қабулхонадаги қулимирзо.
– Анави, Тўхли жиртакини, Қосим қопоғонни, Мастура майнани, шунга ўхшаш яна икки-учтасини мажлисга бекор чақирибсиз-да.
Қулимирза буғриқди:
– М…м…мен чақирдимми? Ўзлари ис билишган – ўзлари кириб келди. “Каттангизнинг кетмонига қайроқ урадиган тўртта “падхалим”дан бошқалар одам эмасми?!” деб пичинг ҳам қилди, анави, Қосим қопоғон.
– Эб-е-ей, энди нима бўлди? – деди кастюмкўтарар, – хўжайиннинг кайфияти ер бўлди. Бунга ким айбдор? Сиз айбдор!
Қабулхона қултўрасиники ҳам тутди:
– Менга карилламай кимга плюс, кимга минус, железний қип битта рўйхат бериб қўйинглар. Шунга қараб чақираман. Кечаги куни Улуғ Уста келувди, у кишининг довруғига маҳлиё бўлиб, қўшқўллаб кўришувдим, лабим тушиб, тавозе қилган эканман чоғи, қабулхона эшиги очилиб раис бобомиз чиқиб қолдилар… Менга бир ўқрайдилар. Уста кетгандан кейин ёнларига чақириб шалтоқдан олиб ялтоққа солдилар. Устани ёқтирмасканлар, қаердан билай!
– Ана, кўрдингизми? Ҳа, деб Довруқ Давроннинг ҳам хонасига кираверманг. Хўжайин билан чап тушган. Хўжайинга соя ташлайди у ҳам.
Қабулхона қулибойининг қути учди. Хаёлига тунов кун Довруқ Давроннинг хонасида янги лойиҳани муҳокама қилгани, уни чиндан ҳам давримизнинг довруғисиз, деб мақтагани тушди. Лекин гапини ҳеч ким эшитмовди. Хонада Довруқ Даврондан ўзга жонзот йўқ эди. Нима бало, ҳалиги кинолардагидай “жучоқ”ми, “сучоқ”ми шундай нимарса ўрнатилганмикин-а? Жонқулининг жони чиққудай бўлди, ўйлаб ўйи ҳам толиқди. Хона эшиги очиқ эди. Йўлакдан чойнак кўтариб ўтган Шошмат Тошматни кўрганини эслади. Ичкарида айтилган гап йўлакка не ҳол учиб чиқсин, секин гапирувди, чоғида. Ёки Шошмат ўлгурнинг қулоғи локатирмикан-а? Бўрининг оёғи, Шошматнинг қулоғи боқади, деган гаплар бежизмас-да. Хўжайин ҳам кўзигамас қулоғига ишонадиганлар хилидан-да!
– Нега анграйиб қолдингиз, тезроқ юрмайсизми, эшикни очиқ қолдириб бўладими, шу замонда? – Костюмкўтарарнинг ёзғиришидан ўзига келган ходим ҳардамхаёл бўлиб ҳамкасби ортидан эргашди.
…Идораси кўп бу дунёнинг шунчаки майдагина бўлакчаси бўлган шу мўъжаз ишхонада ҳам мен бўлмасам ҳаёт тўхтаб қолади, деб ўйлагувчилар талайгина. Чунки, бошлиқ шу ўйда-да. Ташқарига бир қадам қўйсанг ном-нишонинг япроқдаги чангчалик беқадр дориломонда ўз кўнглингни ўзинг хушлаб юрганингга ўлайинми, дейдиган одам йўқ-да. Ташқарида бору йўғинг бир нави, ичкарида эса кариллайсан, карнайинг каттақўрғонни кар қилади.
Бу идоранинг бошлиғи ҳамиша гапни юқоридан бошлайди. Казо-казо зотларнинг исмини айтиб, эсингни киргизиб қўяди. Шундай бўлгач, аҳли иш бир сесканиб, икки тамшаниб хўжайиннинг оғзига маҳлиё бўлиб ўтиради. Таассурот ҳам чаккимас! Хўжайин билан юқори орасидан қил ҳам ўтмайди. Воо, гап қаерда?
Хуллас, хўжайин ишхонадан хуноб бўлиб чиқди.
У орқа ўриндиққа оғир чўкди.
Ҳайдовчи ўгирилди: қаёққа юрсин?
– Тўрт томонга қараб ҳайда. Ҳайда, ҳайдайвер!
Машина жилди. Ҳайқулов кўзларини юмиб олди. Толиққанди. Ҳолсизланди. Уйқу элитди.
…Қандайдир хиёбонга келиб қолди. Ҳей, ҳайкалларми? Ҳайкаллар! Йўлакнинг икки томонида қаторасига ҳайкал ўрнатишибди. Буларнинг бари шоир-моир, ёзувчи-позувчига ўхшайди-ку. Уларга ҳаваси келди. Пойида турфа гуллар барқ урган ҳайкаллар ичра тўғрига юрди. Қаршисидаги Навоий ҳайкалига боқиб ичидан бир қиринди ўтгандай бўлди: “Бор-йўғи олтмиш йил яшабди. Бутун дунё тан беради. Орадан шунча йиллар ўтса-да, ҳамма уни улуғлайди…” Ортга қайтди. Эътибор бермай ўтган экан. Манави Довруқ Давроннинг ҳайкалими? Ҳа, шу. Айни ўзи. Ахир, у шоир ҳам, ёзувчи ҳам эмас-ку… Буларнинг орасида нима қип турибди? Қизиқ, ахир у тирик-ку. Тирик одамга ҳам ҳайкал қўядиларми? Қўйишибди-ку. Нега қўйишдийкин? Мен нега бехабарман? Ботинида алам ўти ёнди. Ҳайкаллар сафидаги бўш турган баланд мармар супага кўзи тушди. Юраги ҳапқириб кетди. Шу жойга менинг ҳайкалимни қўйишади. Менинг ҳайкалим! Супа устига чиқди. Ў-ў-ў, кўксида бўрон туриб, елкасидан қанот ўсиб чиққандай бўлди. Энди учиб кетаман, деганда, ҳайкалга айлана бошлади. У энди ҳайкал эди, тирик ҳайкал. Чор-атрофни кўриб турибди. Ана, бир жуфт оққуш янглиғ келин-куёв келишди. Икковининг қўлида ҳам бир қучоқ гул. Унга эътибор ҳам беришмади. Ўтиб кетишди. Чуғир-чуғирлашиб мактаб болалари келишди. Улар ҳам парво қилишмади. Кечгача ким ўтди – ким қўйди, барини кўриб турди, лекин бирор бир кимса унга бурилиб боқмади.
Оқшом кирди. Эй-ей, ана ўзининг қўл остида ишлайдиган Турғунқул хиёбон томон йўл олди. Ишдан қайтаяпти. Қўлида сўлоқмондай елим идиш. Пивоми? Пиво. Пиво кўтариб олибди, ярамас. Турғунқул аллақайси бир куй таъсирида ғофилу гумроҳ бўлиб, ўзича ғўнғиллаб ҳайкал ёнидан сўқирдай бўлиб ўтди. Йўқ, бироз юриб таққа тўхтади, ортга бурилди. Ҳайкал (Ҳайқулов)га анграйиб қараб қолди. Кўзларини юмиб-очди. Сўнг илжайди. Тавозе-ла илжайиб, таъзим қилди. Маст уйинг куйгур.
– Э-е-ей, хўжайин. Бу ерда… бу ерда нима қилиб турибсиз?
– Кўрмаяпсанми? Ҳайкалман-ку, – овоз берди Ҳайқулов.
– Йўқ. Сиз ҳайкал эмассиз, – ўсмоқчилади Турғунқул.
– Кўзинг кўрми, кимман, нимаман бўлмаса?
– С-с-сиз тирик ҳайкалмисиз-ё? Қани, бир ушлаб кўрайлик-чи. Э-ей, чиндан ҳам ҳайкалсиз. Сизга ҳам ҳайкал қўйишибди-да-а?
– Ҳа. Ҳайкал қўйишди, – ғурурланди Ҳайқулов.
– Пиво ичмайсизми? – у елим идишнинг оғзини буради, – зўр пиво. Қани, олинг.
– Мен ҳайкалман-ку, лаънати. Пойимга гул-сул қўймайсанми, ундан кўра.
Турғунқул тик турган кўйи қулқулатиб идишни яримлатди. Бироз гандираклаб ҳайкал ёнига келди. Бўйидан уч-тўрт баробар баланд ҳайкалга қийшайиб қаради. Бошидаги киррати кепкаси тушиб кетди.
– Қўямиз, хўж… хўжайин. Ҳозир манавининг қолганини ҳам ичиб олай, қўямиз. Албатта, пойингизга гул қўямиз… Ҳиқ… ҳи-иқ. Сиз қимирлай олмайсиз. Яхши бўпти, қимирламай туринг. Мана, мана, ҳозир… Мана бўлмаса, мана сизга олам-олам гул…
Турғунқул турган жойида ҳайкал пойига чоптириб юборди.
– Э-е-ей, нима қилаяпсан, ҳаром ўлгур?! Тўхта-а-а-а! Тўхта-а-а ярамас! Тўхта-а-а!
………………………………………………………………………………………………………
– Тўхта-а-а-а! Тўхта-а-а ярамас! Тўхта-а-а-а!
Машина таққа тўхтади. Қўрқиб кетган ҳайдовчи ортга илкис қаради.
– Тинчликми, хўжайин?!
Ҳайқулов машина орқа ўриндиғида ҳансираб нафас оларди. Кўксида бир оғир тош, ҳа, ҳайкалдай оғир юк чўкиб ётар, бу оғриқ уни зимистон ўпқон сари тортиб борарди гўё. У баъзўр инқиллади.
– Уйга ҳайда, уйга…
Азиз ўқувчим!
Ҳикоям шу ерга келганда тўхтаб қолувди. Сафарга чиқдим. Қайтгач ёзиб тугаллайман, деб ўйладим. Ҳикоянинг ечимини ҳам бичиб қўювдим. Лекин ҳаёт экан-да, баъзида ёзаётган ҳикоянг ҳам сен ўйлагандай тугамайди, сенга бўйсунмайди. Хуллас, хўжайин ўша куни хафа бўлиб кетди. Кейин-чи? Кейин нима бўлди, деяпсизми? Кейин…
Кейин бу идорага мен бошлиқ бўлиб келдим. Мана ҳозир ишга келаяпман. Машина идора ҳовлисида тўхтади. Идора ичкарисидан костюмкўтарар билан ҳалиги қулбирбало ўқдай отилиб чиқди. Бири шув этиб келиб орқа эшикни очди, бошқаси қўлимдаги портфелимга ёпишди. Атрофга аланглаб ҳижолат тортаман, терлаб кетдим.
Уялганимдан олд-ортимга қарамай лифтга югурдим, биров кўрмасин бу мулозамату муносабатни.
– Менга бундай тавозенинг кераги йўқ, – дедим лифт ичида бўғилиб.
Икковиям бўзрайиб турибди.
Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, қаёқда, бу ҳол яна икки-уч бор такрорланди. Чорасини топдим, костюмкўтарарни бошқа бўлимга ўтказиб юбордим. Манависининг бир ўзгинаси қолди. Қабулхона ишини бундан пухта биладиган эпчил, пухта-пишиқ ходим йўқ эди. Хушомаддан ҳуштак ясаб, ҳушингни олишини айтмаса, бип-бинойигина. Хонамга чақириб икки-уч марта тузладим, боплаб уришдим.
– Қачонгача ишхонага қўрқиб-писиб келаман. Ҳовли эшиги ёнига келишим билан юрагим ўйнаб қолади. Шайтоннинг малайидай ғойибдан пайдо бўласиз. Мана, менинг қўлларим! Мана, мана, қўлим бор! Қўлим синмаган. Демак, шу зорманда эшикни ўзим ҳам очаман. Кўзим ҳам кўр эмас. Менга етовнинг кераги йўқ, етак­ламанг. Мен ўзим жойимни топиб келаман. Сизни ҳам бирор бир бўлимга гумдон қилиш ниятим ҳам йўқ эмас. Одам бор, ҳа, ўрнингизга одам бор… Охирги марта огоҳлантиришим. Эртадан бошлаб эшик олдида ҳозиру нозирликни бас қилинг. Бас! Тушунарлими?!
– Туш… Туш… Туш… – у дудуқланди.
– Туш… бўлса энди марш!
Эртаси яна шундай бўлди. Ишхона ҳовлиси дарвозасидан киришим ҳамоно бино эшиги очилиб ҳалиги гўрсўхта отилиб чиқди.
– Тўхтама, қайт орқангга. Қайт, ишхонага кирмаймиз, – дедим ҳайдовчига.
Ишхонанинг қулиқулжони энди турган жойида серрайиб қолди. Унинг юзи докадай оқариб, лаблари пир-пир учаётганини кўрдим. Машина ортига қайтаркан, қаҳ-қаҳ уриб кулдим. Худди ғолиб қўмондондай ҳис қилдим ўзимни. (Келиб-келиб курашаётган одамимни қаранг-а. Ўзим ҳам буларнинг орасида уваланиб, идраб, йўқ бўлиб кетмасам гўрга эди). Ичимда олдинги бошлиқ – гурваккаллани роса янидим. “Одамларни не аҳволга солиб қўйдинг? Ёшинг бир жойга боргани билан қилиғингдан қирчанғи қайғуради. Қари ит қутирса қоплонман деркан…”
Бугун ишхонага етмасдан тушиб қолдим. Атайлаб машина орқа эшиги ойнасини ҳам ёпиб қўйдим. Йўлнинг нариги четидаги ўриндиқда бироз ўтириб, ишхонам эшигини кузата бошладим. Йўқ. Бино эшиги очилмади. Ҳеч ким отилиб ҳам чиқмади.
Ҳайрият-э, кечаги қилиғим таъсир қилибди чоғи. Қутилдим-э, қулимирзодан қутилдим. Бемалол, эмин-эркин ишхонага бораверсам, машинадан тушмасам ҳам бўларкан-а. Ўзим ҳам ҳар нарсага тутаб-тутақаман, жиғибийронимни жин чалаверади-да. Мана тинчиди қолди – изига тушди. Ёки, нимайди, ҳалиги қулимулозим ишга келмадимикин-а! Очиғи, бино ичкарисидан шувуллаб отилиб чиқмагани ғалати туюлди. Бу ҳодисага кўника бошлаган эканман. Очиғи, шу ўйинга кўнглимда мойиллик ҳисси ҳам уруғ ота бошлаган экан. Мен атрофга хавотир билан аланглаб қарадим. Машина ҳамон жойида қаққайиб турибди. Ҳеч ким чопиб чиқиб машина эшигига ёпишмади. Нима бўлди. Тинчликмикин? Йўл четида туриб кўп қаватли ойнаванд бино – ишхонамнинг учинчи қаватига, қабулхонага кўз тикдим. Дераза пардаси бироз сурилгандай бўлди. Кимнингдир боши кўринди. Сўнгра шу бош яна парда ортига беркинди. Мен сездим. Сезиб қолдим, ҳалиги қуликуйдирги мени парда ортида кузатиб турарди, тусмолимча, ўрнимдан туриб ишхона сари юришимни кутаётганди.
Қайси бир кун тўйга бориб, хушкайфият қайтдим. Ақл кетаркан-да, ўзимда ҳам хушомадли ҳаёт шавқига мойиллик сезилаяпти, денг. Ҳовли дарвозаси олдида машинадан тушмай ўтираверибман. Кимдир эшикни очиши керакдай. Ҳайдовчи аланглаб қараб қўяди. Бир маҳал хотиним келиб, шарақлатиб орқа эшикни очди. Нима деса деди ўзиям! “Кўча хандон, уй зиндон! Тушгингиз ҳам келмайди-я. Бунча талтаясиз…” Уялиб кетдим.
…Бугун жуда барвақт келдим. Анавиларга дуч келмай дедим. Фойеда фаррош хотинга учрадим. У менга қизиқсиниб қараб қўйди. Атроф-жавонибни чиннидай қилиб артиб тозалаётган аёлга миннатдорона жилмайиб, салом бердим. У ҳам жилмайиб алик олди, тағин ўз иши билан андармон. Қаршисидан ким ўтаётгани парвойига ҳам келмади. Ўзимни жудаям енгил ҳис қилдим. Ҳайрият-э, бу ишхонада бир нафаргина бўлса ҳам ўз эрки ва ғурури билан мутеликдан холи ҳолда яшаётган инсон ҳам бор экан-ку… Айни дамда шу аёлга нисбатан меҳрим товланиб кетди. Қаршисига бориб эски жун рўмоли остидан чиқиб турган кумуш соч толаларини силагим, дунё ташвишлари чизиқ тортган юзларини сийпаб, қадоқ қўлларини лабимга босгим келди. Ишхонанинг барча эркакларининг шу ожиза олдида нақадар нотавон эканлигидан кўнглим ўксиди. Уларга жуда-жуда раҳмим келди, очиғи, улардан ҳам кўра кўпроқ ўзимга ачиндим. Аёлга қарадим – у ўз иши билан банд. У атроф-жавонибни тозалаяпти. У – фаррош! Ҳа, инсон қалбини-чи, инсон қалбидаги кирни, бижғиган ҳасад қурумларини тозалаш учун ҳам ана шундай фаррошлар керак, афсуски, бунинг иложи йўқ, чунки қалб калитини шайтонга бериб қўйган кимсалар қалбига йўл топиш осон эмас-да. Шу хаёллар билан лифт чақирдим. Учинчи қаватга кўтарилишим ҳамоно йўлак адоғида тик турган Тўхтаевга кўзим тушди. Ё тавба, каллаи саҳарлаб нима қилиб юрибди? Уйидан илон чиққанми бунинг, шу ерда ётиб қолдимикин ё?
Тўхтаев сузишга шай буқадай боши билан ер чизиб мен томонга йўл олди. Тавозени тупроққа уриб, таъзимнинг таъзирини беради энди – юрагим орқага тортиб кетди. Зарурат бўлмаса ҳам ўзимни заруратхонага урдим. Ўтиб кетсин шу, кўздан нари! Йўлакда дурса-дурс қадам ташлаб мени бекитиб турган эшик олдида тўхтаб қолди Тўхтаев! Эшик кескасига қўл юборишга юраги дов бермади, шекилли, бироз жим турди, яна дурса-дурс қадамлар… кетди-е, кетди. Қўлювғичда қўл чайдим. Бошимга оғриқ кириб бўлди. Ойнадаги қон тепган афт-ангоримга қараб, қон босимим ошганлигини сездим. Эрталабдан йўлингни пойлашни қачон бас қилишаркин-а?
Тунов куни Тўхтаевни роса тузладим, очиғи, унга ёмон гапириш ниятим йўқ эди. Не тонгки, ўзига ўзи қилди – қош қўяман деб кўз чиқарди. Эгилибгина кирди хонамга, қўли кўксида, таъзим бажо жойида. Бешиктебратардай бўлиб турибди пойгакда. Салом-аликни ҳам ўринлатди, ҳеч бир хеш-ақрабоим четда қолмади. Мақтовнинг моғори тўкилди. Тўхтаевни чақирмасам ҳам нега ҳузуримга келганини билолмай кўнглим ҳалак. Унга синчковлик билан (эҳтимол ўқрайиб) қарагандирман, кўзлари кўзимга тушиб бирдан жим қотди.
– Шу-шу… майли, мен борай, – жойида туриб тайсаллади Тўхтаев.
– Менинг олдимга нима учун кирдингиз, бирор юмушингиз бормиди?
– Шу-шу, ҳа-я, ҳалиги, – у менга сирли қаради. – Сизнинг раҳбар бўлиб келганингиз яхши бўлди. Сиз ҳаммамизга ҳақиқатни ўргатдингиз (ҳа, шундай деди). Сиз ёшсиз, лекин бизнинг отамизсиз, устозимизсиз!
Анграйиб қолдим, отанг тенги одам сенга, “Сиз менинг отамсиз”, деб турса-я. Юзим қизиб кетди. Шу пайт Тўхтаев турган жойида илон бурилиш қилиб тўлғониб олди-да, дийдиёси олови яна гуриллаб қолди:
– Сиз энди бу ёғига шундай туринг. Анави, махлуқ, олдинги раҳбар ҳаммамизни ахта қилиб ташловди, падар лаънати…
Кечагина қуллуқ қилиб, устозининг соясига салом бериб юрган, том-том монографиялар бағишлаган шогирд саксонни қоралаган “анави раҳбар” – ўз устозини куппа-кундуз куни сариқ чақага пуллаб турибди. Ғашим келди.
– Ахта қиламан деса индамасдан оёғи остида узала тушиб ётавердиларингми? – дедим ижирғаниб.
Тўхтаев титраб кетди, ожизу нотавон ҳолда нимадир деб чийиллагандай бўлди, қисталанг тутган ёш боладай оёғининг бирини олиб, бирини ерга қўя бошлади.
– Шу… шу, хўжайин.
– Чиқ, йўқол! Хоин!!! Ялоғини ялаб эгасини тишлаган махлуқ!!!
Аччиқ устида ўрнимдан туриб кетдим. Лаҳзада Тўхтаев ташқарига отилди. Эшик қарсиллаб ёпилди. Ўзимни базўр босдим, қўлимдаги кулдонни тортмага солиб қўйдим.
Тўхтаев билан битимимиз ана шу тариқа бузилган. Бугун пайтимни пойлаб орани юмшатиш измида. Шунинг учун тонг саҳарда ишда пайдо бўлган. Шундай ўйлар билан эшикни очдим. Ҳа-а-а-ей, не кўзким, қаршимда таъзим бажо айлаб Тўхтаев турибди, денг. Қўлида қип-қизил, алвон, патли сочиқ.
– Асс…ассалом… М…ма-ана, со-сочиқ…
Юрагим увишиб, кўз олдим жимирлаб, қоронғи тортди, чакка томиримга гупиллаб қон урди, бошим лўқиллаб оғриди. Ўзимни зўрға тийдим. Оғриқнинг зўридан илжайдим. Тўхтаев беандишалик билан тиржайиб турибди. Қўлидаги сочиққа ўлганнинг кунидан қўл чўзиб, артинган бўлдим. Тўхтаев ҳамон илжаймоқда.
– Бўлдими, энди менга рухсатми? – дедим иҳраб ва унинг қаршисида нафас олишни ҳам малол билиб, қабулхона томон юриб кетдим.
Эркаги эр бўлмаган идоранинг аёли қора ер бўлармиди. Ходимлар бўлимидаги Турдигул кунида икки марта ҳамкасблар ҳақида дафтарига туширган дийдиёсини ўқиб беради. Фалончининг хонасига писмадончи келди. Йигирма минут гаплашиб ўтиришди. Кулишди. Пакунчининг атрофида ишхонада амалиёт ўтаётган ёш қизчалар гирдикапалак… Аслида ўша амалиётчи қизлар менга кўриниш бериш керак экан. Илгари шундай бўлган-да. Қария раҳбарнинг ўткир нигоҳидан ҳеч ким қочиб қутилолмаган, ҳатто, амалиётчи қизлар ҳам. “Менга бундай нарсаларнинг умуман қизиғи ҳам, кераги ҳам йўқ, – дейман бақрайиб. – Сиз ҳам вақтингизни фойдали иш билан ўтказинг, хоним! Йўқса, хафалашиб қоламиз…” Аёл тумшайиб чиқиб кетади.
Режа бўлимидаги Ойбаланднинг мактабда ўқийдиган қизи менга атаб шеър ёзибди. Ойбаланд шу шеърни ўқиб бермоқчи бўлади. “Ўзим, ўзимга беринг. Ўзим ўқийман!” дейман қизариб-бўзариб, уятдан ўзимни қаерга қўйишни билмай.
Ойбаланд ярим кўксини очиб турган эгнидаги сўнгги русумдаги оврўпача кўйлакнинг пастки тугмаларини ўнг қўли билан ўйнаб, сўл қўли билан елкасига тушган сочларини силагандай бўлади: “Шугина ёлғиз қизимнинг келажаги учун бева бошим билан ҳар қандай ишга тайёрман”, дейди. Ҳечам бевага ўхшамайсан, дейман ичимда. “Ҳар қандай ишга тайёрман” дегани – билсанг чин, билмасанг ҳазил. Ўзинг хулоса чиқар, дегани!
Энг қизиғи, бу ишхонада ходимлар ҳеч қачон бир-бири билан баланд овозда гаплашишмайди, чақчақлашиб отамлашмайди, ҳамма писиб, секин гапирадими-ей, ҳа, бир-биридан эҳтиёт бўлишади, қўрқишади. Бу ишхонада ҳамманинг кўзи раҳбарда, ҳамма унинг оғзини пойлайди. Ундан гап олишади, унга гап етказишади. Ҳайқулов буларнинг барини шу кўйга солиб ташлаган.
Баъзида иш кўпайиб ёки кимнидир кутиб кечга қолсам, ҳалиги қулисоҳиб ҳам уйига кетмай, мени пойлаб ўтиради. Кейин йўлакка чиқсам, бошқа хонадагилар ҳам ғовур-ғувур қилиб ўтиришганини сезаман. Улар мени кўргач, дими-дирс бўлиб, жимгина у-бу нарсани титкилаб, ёзиб-чизишга киришишади.
– Нега кетмаяпсиз? – деб сўрадим ёнимдаги хонада ўтирган бўлим раҳбаридан.
У менга ҳайрат билан тикилди. Бақрайиб турди.
– Нега уйингизга кетмаяпсиз деяпман?
– …Шу… ноқулай-да.
– Нимаси ноқулай?
– Бизга ҳали хабар келмади-да.
– Қандай хабар?
– Сизнинг уйга кетганингиз ҳақида.
– Ким айтади бу хабарни?
– Қабулхонадаги тўражон.
– Агар мен тонг отгунча ўтирсам, сизлар ҳам тонг отгунча ўтирасизларми? Агар мен шу ишхонада ўлиб қолсам, сизлар ҳам шу ерда ўласизларми-а? – зардам қайнади. – Ҳаммага жавоб, кетинглар энди!
Бўғилиб кетдим. Менга ҳаво етишмаётганди. Хушомад, мақтов, ёлғон тавозе, истеъдодсизликнинг бадбўйлиги анқиган бу йўлакларда аллақандай шарпа эсиб юрганини ҳис қилдим. Йўлак узра қаршимда нимадир пайдо бўлди. Ҳайкалми? Бунча баҳайбат бўлмаса? Йўқ, кимдир лўкиллаб келяпти. Ана… Э-ей, бу гурваккалла-ку, ёнида икки шотири, бири портфель, бири кастюмини кўтариб олган, э-е, ана, узун йўлак бўйлаб ўрнашган хоналар бир-бир очилиб, ҳамма ходимлар эгилиб таъзим қилиб, камига бош ирғаб ҳам қўйишяпти. Кўз олдим қоронғилашди. Юрагим санчди. Хонамга кириб, кўксимни столга тирадим. Одамлар кўксидаги самимият туйғусини суғуриб олиб, юрагидаги истеъдод ўтини сўндириб ташлаган, уларни таъзимбозга айлантириб қўйган бу муҳит айни дамда мени еб-ютиб юбориш учун ҳамла қилаётгандай, атрофда шунча тавозехўрлар бўлса ҳам ўзимни ёлғиз ҳис этардим.
Яна қанча чидаш бераман?
Чидай олармиканман ўзи?
Елкамни зил-замбил юк босиб турибди.
Тирик ҳайкалдан қолган бу муҳитни ўзгартиргунимча она сутим оғзимга келишини ҳис қиляпман.
…Агар эртагача етиб олсам, ҳаммасини ўзгартираман. Эртага ҳаммаси ўзгаради, дейман ўзимга ўзим.
Эртагача чидай олармиканман?

«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 8-сон