Журъат тўйхонага кирганида базм бошланиб кетган эди. Уни чеккароқдаги столлардан бирида, иккинчи қават билан бўйлашиб турган қорагилос остига ўтқазишди. У ўнг биқинидаги ёши ўтинқираган кўз таниш кишига сустгина қўл узатиб, “яхшимисиз”, деб қўйди-да, ён-верига олазарак назар ташлади. Негадир яқин қўшнилари кўринмасди. Тўй эгаси йирик қўшма корхона раҳбари бўлгани учунми, одам жуда қалин эди.
Журъатга чой узатишди. У чойдан бир-икки хўплади-да, атрофни кузата бошлади.
Тўрт томони қаватли уйлардан, девор-гуллардан таркиб топган чорси майдоннинг кун чиқиш тарафидаги столдан келин-куёв ва уларнинг дўсту дугоналари ўрин олишганди. Бошқа столларда ҳар хил қатлам — ёшлар, ўрта ёшлилар (никоҳ базмларида катталарнинг бўлиши таомилдан чиқиб бормоқда), қизлар, аёллар… Улар тановул ҳамда ўзаро суҳбат билан машғул. Тўрт бурчакка, ёғочқозиқларга ўрнатилган қора қутилар — карнайлардан таралаётган шовқинли мусиқа гапни гапга қовуштирмас, ўтирганлару юрганлар, умуман ҳамма баланд овозда сўзлашар, ғала-ғовур ини бузилиб тўзиган қовоқариларнинг ғўнғиллашини эслатарди.
Журъат тепага қаради. Осмон кўзига тўртбурчак бўлиб кўринди. Рўпарадаги кўндаланг тушган уйнинг деразаларидан айримлари аёллар (битта-иккита майкачанг эркак ҳам) ром тахига кўкракларини босишиб базм томоша қилишарди.
Журъат нотанишлар орасида ҳамон ўнғайсизланарди.
Дастурхонда ноз-неъматлар бисёр. Суюқ овқатдан кейиноқ қўй гўштидан кабоб тортилди. “Топганлар топиб, яшаганлар яшаяпти”, — дея кўнглидан ўтказди Журъат.
Журъат чалароқ танишига “қўшни” бўлиб қолганига ҳам шукур қилиб ўтирди. Уларнинг мулозаматлари “олинг-олинг”дан нарига ўтмасди. Зимдан кўз югуртирган йигитнинг диққатини ҳамсоясининг одми ва уринганроқ кийим-боши, пиджагининг елка қисмини кўтариб турган ҳўкки кифтлари тортди. Бу кифтлар қояда олисдан ниманидир мўлжаллаётган бургут қанотларининг тирсагини эслатар ва бу ҳолат соҳибига қандайдир домангир, аламзада махлуқ сиёқини берарди. Қуюқ туташ қошлари, қиррадор бурни янада узун ва беўхшов кўринарди.
Одамовироқ бу шахс маҳаллада пайдо бўлганидан бериям хийла вақт ўтди-ёв, лекин у жамоат билан негадир киришиб кетолмайди. Маърака-маросимларга ҳам кўпда аралашавермайди. Нимадандир норозидай, доим тўрсайиб юради. Журъат бир-иккитасидан унга нисбатан “Индамас одам” деган иборани эшитган. Яна у ҳақда “Қаёқдандир кўчиб келган шекилли, жуда инжиқ киши экан, оиласи ҳам борми, йўқми — билмаймиз”, дейишгани ҳам қулоғига чалинган. Ростдан, қаерлик экан? Шевасидан чамалайдиган даражадаям гапирмайди-я… Ҳарқалай, ўзимизнинг водийдан бўлса керак. Исми нимайкин?.. Журъат шуларни сўрамоқчи бўлди-ю, фикридан қайтди. Ҳа, унга қаерлик бўлди нимаю, ким бўлди — нима?.. Аслида, Журъатнинг сергап-лақмаларга тоқати йўқ, аммо ён шериги миқ этмай ўтираверса, одам дам бўлиб кетади-да.
Базм авжида. Ўрта бўйли, бақалоқдан келган, лунжлари хиёл “ўсиб” чиққан ўттиз ёшлардаги якка ижрочи овозининг борича “Эй, санам!.. Эй, сана-а-а-м!” деб бўзлар, шунчаки бўзламас, балки айюҳаннос соларди. “Бояқишнинг томоғи йиртилиб кетмаса гўргайди, — ўйлади Журъат. — Раҳматли Аҳмад Зоир тирилиб келиб, бу машҳур қўшиғини мана шу оҳангда, шу тахлитда эшитиб қолса, хонишчининг қўлидан торини тортиб олиб, унинг бошига туширармиди…”
Журъат камсуқум ҳамтовоғининг нариги столдаги кимўзарга тор ва таранг либос кийишган, обдон ороланишган жувонлару қизларга тикилаётганини кўриб, ғаши келди: “Мен нима қайғуда-ю, бу акам нима ғамда… Хотини йўқлиги ростга ўхшайди…” У аста томоқ қириб қўйди.
— Астағфирилло, олам сийна ярмаркасига айланиб кетди-я!.. Уруғликка битта ўзбекча кўйнаклиги йўғ-а… — тўнғиллади камсухан ҳамнишин.
— Хўрак-да, амаки, ҳар қандай “балиқ”ни кўзини ўйнатворадиган лаққа хўрак.
Амаки ғижинганча Журъатга қараб афтини буриштирди ва дарҳол четга ўгирилиб, яна ўзига ўзи гапиргандай ғудранди: “Тўнғиз қўпгур эрлари ўлганмикин ҳаммасини… Қайната-қайнағалари олдида уятишмайдимикин. Отаси, ака-укасиям ҳам индамайдимикин баччағарларнинг? Ё, қайтанга ғурурланишармикин, даюслар…”
Ўртада икки ёш йигит узун-қисқа бўлиб, бир-бирларига юзланганича, дупур-дупур ер тепишиб, “Қарғалар”ни гўё “синдиришарди”. Ҳавога сийрак чанг кўтарилади. Столларнинг орқа томонларида, хусусан тўрттала бурчакда тўп бўлиб туришган қизлар, аёллар ва болалар ўйинга тушаётганлардан — мисоли “От келди”га сакраётганлардан кўз узишмасди.
Журъат иттифоқо қўшни столда, эркаклар орасида ўтирган, ҳар хил гиёҳлар ичида танҳо қизил гулдай эътиборни жалб этувчи қизни, аниқроғи жувонни кўрдию титраб кетди. Чанг билинар-билинмас ҳарир парда каби ўртада тебраниб турган бўлса-да, тепага ўрнатилган мингшамлик лампалар ёруғида пардоз-андоз остидаги асил сиймони илғаб олиш қийин эмас эди.
“Нимага дўппи кийиб олдийкин, ўзиям артистга ўхшаб қоптими…”, — ҳайрон бўлди у ва ўзи сезмаган ҳолда бутун вужуди нигоҳга айланди. Жувоннинг ёнидаги кишилар бири қўйиб, бири пиёлада чойми, шаробми тутишар, бир нималар дейишар, “танҳо гул” эса бош-бош қилиб, яшнаб-яшнаб, орқасига ағдарилиб кетгудай бўлиб кулар ва дам унисининг, дам бунисининг елкасига рағбатлантиргандай кафтлари билан оҳиста уриб қўярди. Теваракдагиларнинг кўзи унда эди.
Мусиқа тўхтаб, ўйнаётганлар жойларига ўтиришди. Қўшиқчи буклоғлиқ рўмолчаси билан юзини, бўйнини артди, шогирдларидан бири узатган чойдан хўплади-да, яна ашулани бошлаб юборди:
“Мен ётаман ойдинда,
Қур-қур хаёлим сенда…”
Ўртада бирдан ўша таманно пайдо бўлди: уни биров тортдими ё ўзи туриб чиқдими, Журъат пайқамай қолди. Жувон тўлиша бошлаган бўлса ҳам, ҳаракатлари енгил эди, у шох ташлаб йўрғалай кетди.
Даврага жон кирди. Айниқса, чуғурчуқдай чуғурлашаётган катта-кичик болалар, қизчалар атрофдан ёпирилиб, ўртагача чиқиб кетишар, издиҳом мулозимлари уларни тартибга чақириб, гоҳ пўписалаб орқага ҳайдашарди. “Томошагўйлар” эса бир оздан кейин худди чигирткалардай яна бостириб келаверарди. Тўйчилик-да.
Меҳмонлар сафма-саф тизилиб, ўйинчига беш юзлик, минг сўмликларни узатишар, қистиришарди. Дўпписи тагига пул тиқаётганларида жувон ўйиндан тўхтаб, қўлларини орқароққа кериб, тек туриб берарди. Ҳадемай унинг дўпписи атрофи ҳажвий журналдаги суратларга ўхшаб қолди.
Журъатнинг юраги увишиб, чимиллагандай бўлди, аммо шу заҳоти хаёлидан: “У менинг кимим ўзи, нимага энди қачондир кўнглим шунчаки бир чопиб қўйган кимсани деб азият чекишим керак?” деган фикр ўтиб, пешонасининг тириши ёзилгандек ҳис этди. Аммо… “Одам дегани шунчаям ўзгариб кетадими… Қандай содда, қандай иболи қиз эди-я. Бировнинг бетига тик қарамасди… Бир хонадонни обод қилиши мумкин эди. Балки, обод қилаётгандир… Ё, ҳою-ҳавасларига етолмагандир… Ўчакишиб, бор-ей, дегандир…”
Ўйинчи даврани айлана бошлади. У энди деярли ўйнамас, пул қистирувчилар сийраклашгани учун кўзига саховатли кўринган эркакни мўлжаллаб борарди-да, унинг рўпарасида тўхтаб қилпиллар, баданини дириллатар, қошларини галма-галдан учирарди.
“Бунча ҳунарни қачон ўрганиб улгурдийкин?.. Кимдан ўргандийкин?.. Нима сабабдан бу йўлни танладийкин, ахир унинг орзу-ниятлари тамомила бўлакча эди-ку… Врач бўлмоқчийди. Ўқишга киролмадимикин? Билими зўр эди…”
Журъат ноқулай вазиятга тушиб қолгандай саросималаниб, безовталанарди. Назарида юзлари қизариб, танасига титроқ югургандай туюларди. Гавдасини дарахтнинг олачалпоқ кўланкасига тортиб, курсисини ҳам сал жилдириб олди.
Ўйинчи нарироқдан ўтиб кетди.
Ўртакашнинг эълони жаранглади: “Навбат қизиқчиликка!
Паканадан келган, икки чаккаси сийрак сочли йигит ўртага чиқиб, қиз танлаш саргузаштини ҳикоя қилишга тушди.
— Шу, десалар, уйланиш жумбоғи, яъни проблемаси гаризантал, яъни кўндаланг қўйилди-ю, онам билан етаклашиб, етти маҳаллани айланиб чиқдик…
Меҳмонларнинг аксарияти кулгили гап бўлиб қолса бир маза қиламиз, деб анчагача қулоқ тутиб ўтиришди. Ҳадеганда улар кутган жойи чиқавермагач, ўзаро суҳбатга тушиб, вағир-вуғурга қўшилиб кетишди. Қизиқчи ҳам, ҳартугул орияти бор экан шекилли, тўхтади. Яна мусиқа, яна ўша ўйин, ана дупур-дупур…
Деразалардаги бўғотларда қунишиб ўтирган қушларни эслатувчи текин томоша ҳавасмандлари анча камайиб қолган эди.
“Индамас” қайтиб келиб жойига ўтирган пайтда ўртага келинпошша чиқди. У қўлларини боши узра баланд кўтариб, кафтларини бирлаштириб, бармоқларини қарсиллатганича “Офатижон”га туша кетди.
“Индамас” Журъатнинг биқинига секин туртди.
— Келинчакнинг шох ташлашини қаранг, келинчакни…
— Ҳа, энди замонавий оиланинг қизи-да, мулла ака, — деб қўйди Журъат.
— Ий-йи, анави, пул узатаётган дадасими?.. Ё тавба! Ҳали чимилдиққа кирмаган қизи шунча эркакнинг ичида ҳаммаёғини силкиллатиб ўйнасаю, ота жонвор унга доллар қистириб турса-я!.. Аммамнинг бузоғига ўхшаб куёвнинг ўтиришини кўринг. Во, даюслар-ей. Эркак зотида ор-номус деган нарса қолмади ўзи…
Куёвжўралар, келиндугоналар ўрниларидан туриб пул узатишарди. Бошқалар ҳам…
Сўнгроқ ўртакашнинг махсус режа асосида келиннинг дадаси билан аясини ўйинга тортишди. Машшоқлар эр-хотиннинг қандай куйга хиром айлашларини қадам олишларидан, қўлларини қимирлатишларидан чамалашди шекилли, кўтаринки руҳ билан “Дилхирож”ни бошлаб юборишди. Ота-ю она кўзларида бахтиёрона табассум билан бир-бирларига муқом айлаб қолишди-ку. Бойларнинг бош танишлари ҳам кўп бўлади-да, доллар ёғилиб кетди.
— Во, даюслар-ей… — яна тўнғиллаб қўйди Журъатнинг шериги.
Келин-куёвга фотиҳа берилди. Улар қўзғалишгач, бошқа столлардаги меҳмонлар ҳам сийраклашди. Бўшаган ўринларга базм бошидан буён кўз тикиб турган болакайлар ҳужум қилишди.
Журъат ичида аччиқланди. “Менинг болаларим ҳам шунақа қилишармикин…”
Ўртада энди бир тўп ёш-яланг қай бир эстарада қўшиғи оҳангига жилпанглашарди.
Ёши улуғроқ бўйчан бир киши отарчилар томонга қараб “Танавор!” деб қийқирди-да, четроқда ўйнай бошлади. Куй алмашмади. Отахон ҳам парво қилмай ўзининг усулида тушаверди. Кимдир уни чиғаноғидан тортиб, курсига ўтқазиб қўйди. Аммо бир оздан кейин у ўрнидан туриб келган жойидан давом эттирди.
— Бу хотинларнинг ўйини-ку, амаки, — деди ёшлардан бири ҳиринглаб.
— Ўзинг хотинларнинг ўйини, — ғудурлади отахон гапирувчига қарамай. — “Танавор”га Мукаррама опа ўйнасин эди. Қийворарди. Вужуди ипакдай эшилиб кетарди. Ашулани Таваккал Қодиров, Комилжон Отаниёзов айтарди. Энди унақалари йўқ. Ҳаммаси жипир-жипир…
— Шўхроғидан бўлсин, шўхроғидан! — хитоблар ёғилди.
Тўй хонандаси ҳар қандай илтимосга шай туради.
“Жанон бўламан деб ҳамани куйдирасанми,
Куйган бу юракларни яна ёндирасанми…”
— Ҳа, дў-ўст! Лўмиллаганидан! — деган қийқириқлар янгради. Ўртада яна хоним пайдо бўлган, у бояги “санъати”ни намойиш этиб, қош қоқиб, кўз учириб, ёпиштирма киприклари билан эркакларнинг ҳамёнларига “ўқ” отарди.
Журъатнинг бутун вужуди қизий бошлади. Қўли беихтиёр шароб қуйилган пиёлага чўзилди.
Раққоса майдонга орқа қилиб ўтирган эркакларнинг куракларига миқти елкасининг учи билан бир нуқиб қўяди-да, улар билан юзма-юз меҳмонларга нозу истиғно зуҳур этади.
— Анави жингалак сочнинг олдига боринг, бизнесменнинг зўри ўша! — дея хандон отди ўнгдаги столнинг ўртароғида ўтирган бўйдор йигит қўли билан ўзидан уч-тўрт меҳмон наридаги хушбичим келбатлига ишора бериб.
Ўйинчи бедана юриш билан кўрсатилган кимсанинг ёнига бориб, алоҳида жилва айлади.
— Алдаяпти, бизнесменларнинг зўри ўзи — учта ошхона, тўрта дорихонаси бор, — деди у ҳазилкашига жавобан. — Аммо сал қурумсоқроқ, бўш келмайсиз.
Жувон раддия-луқма отилган тадбиркорнинг рўпарасига қайтиб келиб, карашманинг бошқа нозик, камёб усулини қўллади — Миср актрисаларидай тўшини силкита бошлади.
Халойиқ аёлнинг “маҳорати”ни ҳаяжонли, нидоли чувиллаш билан олқишлади.
“Эссизгина…”, — деди Журъат уф тортиб.
Аёл аста-секин улар тарафга яқинлашиб келарди. Журъат “қўшниси”нинг қачон, қандай турганини пайқамай қолди — “индамас” бирдан раққоса рўпарасида пайдо бўлди. Жувон сари бир-бир босиб борар экан, чўнтагидан бойлоғлиқ пул чиқарди. Журъатнинг кўзига эллик сўмликка ўхшаб кўринди, ҳарқалай майдароқ сўм эди. Журъат одамови қўшнисининг қилиғидан ҳайратга тушиб, ундан кўз узолмай қолди. “Индамас” бойламни намойишкорона тепага кўтарди, қўлбола ипини ечди ва бир дастасини олиб, раққосанинг дўпписи остига айлантириб қистириб чиқди. Ойимча унга ташаккур изҳор этди. Муғаннийларнинг илҳоми жўш уриб, мусиқани бирданига икки парда кўтаришди. Давра қайта жонланди. “Индамас” пулнинг қолганини ҳам дўппи тагига босди.
Даврада асосан ширакайф ёш-яланглар қолишган эди. Улар қийқиришар, “Ҳа, амаки, бўш келманг!”, дея унинг қўлтиғига сув пуркашарди.
Журъатнинг эзилган, оғирлашган танаси яна бир тўлғонди.
“Амаки” чиндан ҳам бўш келадиганга ўхшамас, лекин умрида қўл кўтармагандай таассурот ўйғотарди. У раққосани ўзига қараб ўйнашга мажбур қилар, ўзи эса, калласини икки тарафга тебратиб, кифтларини жон-жаҳди билан силтарди холос. Юзи эса ҳамон тунд, кўзларидаги нохуш, дудмал ифода сўнмасди.
Ўйинчи жувоннинг эса, аксинча, аъзойи бадани бўшашиб, толиб бораётгани равшан эди, оёқ-қўллари қовушмас, шунчаки кўтарилиб-пастларди холос. Азбаройи терга ботганидан новвотранг ҳарир кўйлагининг кенг енглари билакларига ёпишиб-ёпишиб қолар, қовоқ, ёноқлари-ю лабларидаги турфа бўёқлар чаплашиб, афт-ангорини олачипор қилиб юборган эди. У чолғучиларга қараб “бўлди, бас”, дегандай панжаларини силкиб, сунъий, дағал киприкларини пирпиратар, аммо навозандалар доираю бошқа созларини баттарроқ даранглатишар ва нигоҳлари билан бир-бирларини янада шиддатлироқ чалишга даъват этишарди. Эрмак ишқибозлари бўлган ёшлар, ўсмирларга чинакам томоша топилганди.
— Қўяверинг, бугун амакининг бир ёзилгиси кеп қопти-да.
— Бунақа ҳурилиқо билан ўйнаш эҳтимол умрида биринчи марта насиб қилаётгандир…
Журъат бармоқларининг мушт бўлиб тугилаётганини сезиб қолди. Тишлари ғичирлаб кетди. У жойидан бир қўзғолди-ю, чакка томирлари лўқиллаб, қайта ўтирди. “Амаки” яна чўнтагига қўл солиб афтидан сўнгги пулларини олди ва ўйинчининг томоғи остидаги яйдоқ майдондан бурмаёқа кўйлагининг ичига тиқа бошлади. Ана шу пайт жувон чалқанчасига йиқилди. У ўзини “рақиби”дан тортмоқчи бўлдими, қоқилиб тушдими, ё ҳолдан тойиб қуладими, Журъат билолмади. Лекин у аёлнинг лаблари четидан оппоқ кўпиклар сизиб чиққанини элас-элас илғади.
Журъат “индамас одам” ёнига қандай борганини, унинг жағига қандай мушт туширганини сезмай қолди.
Мусиқа ҳам, қийқириқ, олқишлар ҳам сўнган, шунча катта, бетизгин ғала-ғовур лаҳзалар ичида сукунат қаърига ғарқ бўлган эди.
Меҳмонлар, хизматчилар, созандалар югуриб келишган, ҳамма “Нима бўлди?”, “Нима бўлди?” дер эди холос. Улар ерда сулайиб ётган ўйинчи устига энкайиб, нима бўлганини яқиндан кўришга ошиқишарди.
— Қочинглар, қочинглар, юзини тўсманглар! — дея хитоб қилди ранги-қути ўчган хонанда ва ҳамкасбини мойчечакдай ўраб олганларни иккига ёра туриб, “Сув олиб келинглар, машина тайёрланглар”, дея буюрди шерикларига. Ўзи эса пиджагини шартта ечиб, раққосани елпий кетди. Юзига сув сепди, лекин ҳушига келгунича сабри чидамади ё юрагига ғулғула тушдими, шартта чўккалади-да, қулоғини аёлнинг кўкрагига босиб, бир неча сония турди. Ҳолат кулгилироқ бўлса-да, вазият жиддий эди. Ҳофиз жувонни даст кўтариб, кўча томон юрди. Бошқалар унга эргашди.
Бу орада кимдир индамас одамни елкасидан суяб, туришига кўмаклашди, бир ўспирин унинг анча нарига учиб тушган қалампирнусха дўпписини олиб келиб қўндириб қўйди.
“Индамас одам” қийшиқ ва омонат қўндирилган дўппини тузатди, энгашиб шимининг почаларини, сўнг енгларининг кафти билан наридан-бери қоқди-да, қаддини ростлаб, қаҳрли нигоҳи билан мушт муаллифини қидира бошлади.
Журъат эса чуғурлашиб бораётганларнинг ортидан тикилганича серрайиб турарди…