Биринчи учрашув
– Нега сиз бунчалик ўзгариб кетдингиз? – сўради у мендан, хомушгина юзимга нигоҳ ташлар экан. – Назаримда ҳамма нарсага бефарқ бўлиб қолгандексиз. Балки мендан кўнглингиз совугандир?
Мен унга қуруққина жавоб қилдим.
– Йўқ, жонгинам. Мен сени ҳамон севаман. Хавотир олма. Ўзим ўзгарган бўлсам ҳам муҳаббатим ўзгармайди.
– Мен бирор хатти-ҳаракатим билан сизни ранжитиб қўймадимми? Шундай бўлса, илтимос, хафа бўлманг. Ахир… мен сизни жуда ҳам… севаман…
Бу сўзлар Ҳилоланинг дастлабки иқрори эди. Унинг кўзлари менга тик қарай олмас, лаблари билинар-билинмас титрар, қалбида турли шубҳа ва гумонлар ғужғон ўйнаётганлиги сезиларди.
Менинг аввалги ва ушбу учрашувда ўзимни сал хиссизроқ тутишим унга салбий таъсир кўрсатаётганлиги аниқ эди. Аммо мен шундай қилишга мажбур эдим, чунки мана шу гўзал ва нафис Ҳилола деб, ўзимнинг кимлигимни ва қандай мақсадда яшаётга-нимни унутиб қўяёзгандим. Ҳаётимнинг маъноси ҳамда мазмуни мана шу қиз бўлиб қолганди. У эса менинг мажнунлигимдан завқланиб, ўзини юқорироқ тута бошлаганди. Бу ҳолатнинг охир-оқибати яхши бўлмаслигини билардим. Шунинг учун, ғуруримни поймол қилишни истамай ҳамда унинг чин муносабатини текшириб кўриш ниятида гап-сўзларимни ва феъл-атворимни ўзгартирдим. Мен ўз фикрларимни унга очиқ сўзлашим мумкин эди, бироқ Ҳилола ҳамма нарсани ўзи тушуниб етишини истаётгандим.
Мен севгилимнинг чеҳрасига боқиб, илтижо ифодаларини кўрдим ва кўнглимни юмшатдим:
– Биламан, шириним, – деб унинг лабларидан беозоргина ўпиб қўйдим.
У жилмайди.
– Илҳом ака! Агар севсангиз, энди ҳеч қачон бундай қилманг. Хўпми?
Мен бошимни лиқилатдим.
– Агар, мумкин бўлса, айтинг, нега бундай қилдингиз? – сўради у яна илтимос оҳангида.
– Ўйлаб кўр, бунинг сабабини ўзинг тушуниб етишинг керак, – жавоб қилдим мен.
У бир нуқтага тикилганча, ўйга толди. Кейин, ўз тахминлари билан таништиришни истамадими, оҳиста сўз қотди.
– Энди кетайлик. Анча ўтирдик. Машғулотларга тайёрланишим керак.
– Майли, – рози бўлдим мен.
Биз ўриндиқдан турдик-да, хиёбон узра юра бошладик. Катта кўчага чиқишга тахминан беш минут кетади. Йўлда Ҳилола бирор илиқ гап эшитиш илинжида менга қараб-қараб қўярди. Мен эса гапиришни истамасдим. Юрагимни бир нарса ғаш қилиб турарди.
Кўпинча биз олдимизда, ёнимизда турган нарсаларнинг қадрига етмаймиз, лекин тўсатдан ўша нарса қандайдир сабаб билан йўқолиб қолса, уни излаймиз, ҳақиқий қадрига, баҳосига тушуниб қоламиз. Агар ўша нарса қалбимизга яқин бўлса, унинг йўқолишини хоҳламаймиз. Ҳилола ҳозир ана шундай вазиятда эди. У менга ўрганиб қолган, юрагида севги мавж урган ва шунинг учун мен уни тарк этиб кетишимни истамасди. У мени ҳақиқатдан севар экан… Мен эса бу муҳаббатнинг охир-оқибат қандай натижа билан тугашини деярли билардим.
Чунки, у – оддий инсон эди, мен эса – тасаввур қиласизми, одам қиёфасидаги биологик робот, яъни андроид эдим…
Сиз одам билан андроиднинг оила қуриши табиатнинг ёки жамиятнинг қайси қонунига тўғри келиши ҳақида маълумотга эгамисиз?.. Робототехника қоидалари-чи? Робот – у механик, темир бўладими ёки мен каби биологикми – барибир! У фақат инсонга хизмат қилиши керак! Унинг одам билан тенг муносабатларга киришиши умуман мумкин эмас.
Аммо, нега менинг бахтли бўлишга хаққим йўқ? Ахир, мен сунъий бўлсам ҳам, инсон эмасманми? Вужудим тузилишини, ички аъзоларимнинг, томирларимдаги қоннинг, ҳаёт тарзимнинг одамларникидан фарқи йўқ-ку! Мен ҳам улар каби, биологик жон сифатида улғаяман, қартаяман ва бир кун бориб вафот этаман. Биргина фарқим – мен оддий одамдан кучлироқ, чидамлироқ ва ақллироқман. Сунъийлигим айбимми? Шунинг учун камситилишим инсофданми?.. “Мен ростакам одамман, сен эса сунъийсан, бор нари кет!”, дейиш ҳақиқий инсоннинг ишими?
Ҳилолага бор ҳақиқатни очсам, нима деркин? Қандай аҳволга тушаркин? Лекин, ҳозир унга хеч нарсани айтиш мумкин эмас. Аввал, Илмий Марказ билан мулоқотга киришишим лозим. Бошқа андроидлар шароитга кўникиб юраверсинлар. Мен бундай қила олмайман. Мен тўлақонли яшашни истайман…
Ҳаёл билан бўлиб кўча юзига чиқиб қолганимизни сезмай қолибман. Ҳилола менга нимадир дегандан сўнг, ўзимга келдим.
– Гапирдингми? – сўрадим ундан. – Ҳаёлга чўмиб кетибманг.
– Ҳа, кейинги пайтларда шунақа бўлиб қолгансиз! – жилмайди у ва дарҳол хитоб қилди. – Вой, анави ерда музқаймоқ сотаяпти!
– Биз яхдак ширинликни истеъмол қилганимиздан сўнг, станция томон юрдик ва ўша ерда хайрлашдик.
– Қўнғироқ қиласизми? – деди у магнитопоездга чиқар экан.
– Албатта! – дедим мен ва унинг сеҳрли, кўркам жамолига қараб, кузатар эканман, эртагаёқ Илмий Марказга мурожаат этишга аҳд қилдим.
Иккинчи учрашув
Мен хиёбондаги ўриндиқнинг бир чеккасига ўтириб, япроқлари кумуш тангалар каби ярқираб, енгил шаббодада оҳиста жилолана-ётган теракларга боқардим. Ўз фикр-ўйларимга шунчалик чўмиб кетибман-ки, ёнимга кимнингнидир келиб жойлашганига парво ҳам қилмабман. Умуман олганда, гоҳо-гоҳо ёлғизликни истаб, чеккароқ жойда ҳаёл сураётганимда бирор кимсанинг халақит қилишини ёқтирмасдим. Айниқса, ҳозир – ҳаяллаган Ҳилолани кутиб, қалбимга бир дунё мавҳумлик тайзиқ ўтказаётганида – бу ҳолат кучли эди. Бутун фикру-зикрим Илмий Марказнинг менга йўллаган жавобида эди. Бу хабар менинг борлиғимни ларзага келтираётган эди.
“Ҳурматли Илҳом Солиев! Сизнинг саволларингиз бизни катта таажжубга солиб қўйди. Чунки, шу вақтга қадар сунъий одамларда – андроидларда инсонларга хос севги-муҳаббат ҳислари пайдо бўлмаган эди. Сизни яратилишингиз ва вужудга келтирилишингиз билан боғлиқ программалар-у ҳолатларни таҳлил қилишга киришдик. Узил-кесил жавобимизни бир хафтадан кейин хабар қиламиз. Илмий Марказ.”
Мен бу сўзлар замирида яшириниб ётган маънони англашга харакат қилардим. Демак, Илмий Марказ менга кескин рад жавоб бериб, зада қилишни истамабди, ҳозирчалик озгина умид қолдириб, кейин уни осонлик билан ўчиришни мўлжаллабди…
Бир неча кун ўтгач, ушбу мазмундаги хабар қўлимга тегса керак: “Ҳурматли Илҳом Солиев! Сизнинг вазифангиз баъзи инсонлар каби ҳиссиёт қули бўлиб яшаш эмас, балки инсониятга буюк мақсадлар йўлида хизмат қилишдир. Шундай шарафга эга эканлигингиз билан фахрланинг! Илмий Марказ.”
Яна ким билади, бошқача мазмундаги хат келиши ҳам мумкиндир. Балки, ҳақиқатдан ҳам Илҳом Солиев деб ном берилган сунҳий одамнинг яратилиш программаси ва технологиясида бирон хато кетгандир ва натижада оддий инсон каби бўлиб яратилиб қолгандирман? Агар шундай бўлиб чиқса, ижобий жавоб муқаррар. Аммо, вужудга келиш жараёнимда ҳеч қандай янглишиш топилмаса-чи? Унда қуйидаги хулосалар келиб чиқади: биринчидан, мен сунъий эмасман, балки қандайдир йўл билан андроидга алмашиб қолган одамман; иккинчидан, сунъийман – бу ҳолда, ривожланиш йўлига ўтган робот-мутантман. Бу вариантларда ҳам муваффақият қозонишга умидлар бор.
Лекин, яна бир нарсани ҳисобга олишим керак. Яъни, сунъий бўлсам-у, тегишли рухсатни олсам, инсон ва роботлар никоҳидан қандай авлод пайдо бўлиши мумкин? Бу нарса нималарга олиб боришини ҳали ҳеч ким билмайди-ку! Демак, рухсат ҳам бўлмайди. Натижада, ўз ҳисларимни жиловлашдан бўлак илож қолмайди.
Яхшиси, Ҳилолага бор гапни очиқ-ойдин гапираман. Унинг бу ҳолатдан хабардор бўлиши шарт. Кўп нарса унинг ўзига боғлиқ…
Узоқдан келаётган Ҳилолага кўзим тушгач, мени қийнаётган хаёллар уфқ ортига беркинган қуёшнинг қизғиш нурлари каби тезда сўнди. У жилмайганча келар экан, мен ўрнимдан турдим. Саломлашганимиздан сўнг иккаламиз ёнма-ён ўтирдик. Мен жилмайиб унинг қўлларидан ушладим.
– Жуда шошибсан-а? Нафас олишингни қара!
– Кечикиб қолдим. Хафамасмисиз? Келаётиб, бир дугонамни учратиб қолдим. Гаплари кўпайиб кетибди.
– Йўқ, хафа эмасман. Сени кўриб кўнглим ёришди.
Ҳилола уялинқираб ерга қаради. Кейин ўриндиқнинг нариги томонидаги кимсага назар ташлади. Мен ҳам унга энди разм солиб боқдим: оддий кийинган ўрта ёшлардаги киши. Қўлидаги газетага тикилиб ўтирарди.
– Юринг, бир хиёбонни айланайлик! – таклиф қилди Ҳилола.
Нарироқ кетганимиздан сўнг сўз қотди.
– Анави киши худди сунъий одамга ўхшар экан!
– Уларни қаердан биласан? – сўрадим ичимдан зил кетиб.
– Айтмаганмидим. Ахир, дадамлар шу соҳада ишлайдилар-ку! Ҳозирги пайтда бундай инсон қиёфасидаги роботлар кўп эмиш. Уларни оддий одамлардан ажратиш қийин экан.
Мен ҳайкалдек қотиб, тилим калимага келмай қолди. Лекин, ўзимни тутишга уриндим.
– Уларга парво қилаверма! Роботлар фақат инсон ҳаётини енгиллатиш учун яратиладилар… Биласанми, бугун сенга нима олиб келдим? – унинг фикрини чалғитиш ниятида чўнтагимдан каттагина плитка шоколад чиқардим.
Ҳилоланинг кўзларида қувонч порлади, чунки у ширинликка жуда ўч эди.
– Раҳмат…– деди майингина.
Унинг лабларидаги табассум, дилида мавж ураётган шодлик, висол дақиқаларидигина бўладиган кайфияти менинг қалбимда яна бош кўтарай деб турган ҳаёлларни нари ҳайдарди. Аммо, мен барибир, унга кўнглимни очишим, шарт-шароитни рўйи-рост айтишим керак эди. Ўлимдан бошқа ҳар бир нарсани вақтилроқ бўлгани яхши.
– Ҳилола! – дедим мен ўзини оқими кучли дарёга ташлашга қарор қилган кимсадек. – Сенга бир гап айтишим лозим!
– Қўрқманг, гапираверинг! – деди у ҳамон жилмайганча.
– Биласанми, мен ҳам сунъий одамман!
– Қайси куни, ўттизинчи асрдан вақт машинасида келган кимсаман, деган эдингиз. Яна бир оригинал ҳазилми?
– Йўқ, бу гал ҳазил эмас! – дедим жиддий.
Ҳайратдан кўзлари чақнаб кетган Ҳилолага боқар эканман, қалбимдаги оғир пардани сидириб ташладим-да, унга бор гапни айтиб бердим. Ҳилола хомуш тортиб қолди. Назаримда, у теварак-атрофни бутунлай унутганди. Хаёллари мавҳумот денгизига шўнғиганди. Ниҳоят у кўзларини менга қаратди. Уларда бир томчидан ёш бор эди. Юпатиш учун унинг елкасида қучдим.
– Хафа бўлма, Ҳилола. Бу сунъийлигимга ҳали шубҳа бор… Бир хафтадан сўнг, Илмий Марказ менга аниқ-таниқ жавоб беради. Мен ҳар қандай кутилмаган зарбага тайёрман. Лекин, сенсиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман. Кўп нарса сенга, фақат сенга боғлиқ. Яхшилаб ўйлаб кўр. Шунинг учун… кел, аҳвол ойдинлашгунча учрашмай турайлик.
Ҳилола унсизгина розилик билдирди. Биз маъюслик билан хайрлашдик. Иккаламизнинг қалбимизда мавҳум ва ноаниқ ҳислар оғир тош бўлиб турардилар.
Учинчи учрашув
“Ҳурматли Илҳом Солиев! Ўтказилган жиддий тадқиқотлардан сўнг, сизни вужудга келтириш учун тузилган программа ва технология асосида ҳеч қандай андроид – сунъий одам яратиш мумкин эмас, деган хулоса чиқарилди. Атрофлича ўрганишлар шуни кўрсатдики, сиз робот эмассиз. Қолган бошқа саволлар бўйича жума куни соат 10.00 да Илмий Марказ биносининг 318 – хонасига ташриф буюриб, жавоблар олишингиз мумкин. Илмий Марказ.”
Ҳилола мактубдан кўзларини узди. Аста менга қаради. Дарахтларнинг қалин барглари орасидан йўл топиб тушаётган қуёш шуъласи унинг пешонасида катта ёрқин хол бўлиб ярқираб турарди. Беихтиёр жилмайдим. Қувончимни яширолмасдим
– Бордингизми? – сўради у.
– Ҳа, албатта. Ҳамма нарсани аниқладим. Архив материаллари билан танишдим. Бундан йигирма беш йил илгари Андроидолгия институтида бир олим тадқиқот олиб борган экан. У сунъий одамларни яратиш фанида янги йўналиш вужудга келтириш учун анча уринган экан. Лекин, у бир неча йилги меҳнати, ўзининг ношудлиги ёки бошқа сабаблар туфайлими, зое кетишини, кўзлаган мақсадига етиша олмаслигини сезгач, қаллоблик йўлига ўтган. Туғуруқхонадан онаси ташлаб кетган чақалоқни олиб, ўз илмий изланишларининг самараси сифатида кўрсатган. Ўша гўдак мен эканман. Олимнинг номини айтишмади. У ҳали ҳаёт экан, нафақада эмиш… Бу ҳодисани атрофга ёйиш яхши эмас дейишди.
Менинг гапларимни тинглаётган Ҳилоланинг юзида англаш қийин бўлган ифода зоҳир эди. На хурсандлигини, на хафалигини англардим. Менинг диққат билан унга қараб турганимни сездими, оҳиста юзланди.
– Энди, – дедим мен, унинг оғиз жуфтлаётганини кўриб, унга сўз бермай, – биз бир умр бахтли ҳаёт эгасимиз!
– Йўқ, Илҳом ака…– деди у, чуқур хўрсиниб. – Биз ҳеч қачон бирга бўла олмаймиз.
Ҳилоланинг бу сўзлари камондан отилган ўқ бўлиб юрагимга қадалди. Назаримда, Ер сайёраси ўз орбитасидан чиқиб “қора туйнук” қаърига кириб кетгандек эди. Шу дамда қошимга келиб, сен андроид сифатида хизматингни ўтаб бўлдинг, трансформация-нинг, яъни роботлар ўлимининг вақти-соати етди, дейишса, бунчалик даҳшатга тушмас эдим. Наҳотки, шунча пайт Мажнундек ўртаниб, фазовий ҳисларни туйиб ва ҳақиқий инсон эканлигимни билиб, Ҳилола энди бутунлай меники, деганимда, ҳаёт менинг йўлимга яна бир тўсиқ ташласа?!
– Нега, ахир?!. – базўр сўрадим мен бўғиқ овозда.
– Ҳилола мени алдади, деб ўйламанг. Ҳозир ҳам сиздан ўзга кимсани ёнимда бўлишини тасаввур қила олмайман… Ўша, менга бор гапни айтиб берган кунингиз, уйга қандай борганимни билмайман. Хонамда ҳам узоқ ўтиролмадим. Овуниш учун стереоэкранда берилаётган муҳаббат ҳақидаги фильмни томоша қилар эканман, кўзларимдан ёш оқиб кетаберди. Буни ойимлар кўриб, қаттиқ хавотирга тушдилар. Ҳоли-жонимга қўймай суриштирдилар. Кўнглим тўлиб турган эди. Ахир юрагимни кимгадир очишим керак-ку! Хуллас, онам ҳамма гапдан хабардор бўлдилар.
– Нима, мени севишни тақиқлашдими?
– Йўқ, ундай эмас. Ойим менга бир сирни очдилар.
Мен чексиз ҳайрат ва диққат билан Ҳилолага тикилдим. Яна нима ҳолат бўлиши мумкин?
– Биласизми, мен… мен сунъий одам эканман!!!
Бу янгиликдан қимир этмай қотганимча қолдим.
– … Оилада ёлғиз фарзандлигимни биласиз. Ота-онам ўн йил бирга ҳаёт кечириб. Тирноққа зор бўлишган. Фарзандсизлик уларни қийнаган. Шунда дадам бир ишга жазм қилибдилар. Уларнинг андроидолгия билан шуғилланишларини айтган эдим. Ўз ишларида жуда ноёб усул яратиб, ҳақиқий инсондан на шакли-шамойили, на ички аъзолари, ҳужайралари, на ҳис-туйғулари-ю, феъл-атвори фарқ қиладиган сунъий чақалоқни яратибдилар. Бу чақалоққа отанинг ва онанинг генетик хусусиятлари ҳам сингдирилган экан. Ўша чақалоқ мен эканман. “Сен ҳар томонлама бизнинг фарзандимизсан, ҳақиқий инсондан бир тукинг ҳам кам эмас!”, дедилар ойим. Бу нарсани шу пайтгача ҳаммадан сир тутишар экан. Ойимлар, кўз ёшларимни, куйинишларимни кўриб, гапириб қўйдилар…
У жим бўлиб қолди. Теварак-атрофга самовий сукунат тушгандек эди. Хиёбондаги шовқин ҳам, шохдан шохга сакраб, чуғурлаётган қушларнинг ҳам овози асло қулоққа кирмасди. Бу сукунатни бузишим керак эди, акс ҳолда у абадий чўзиладигандек туюларди.
– Агар бу ҳол ҳеч кимга аён эмас экан, жуда яхши. Мени сенинг сунъийлигинг ёки оддийлигинг қизиқтирмайди. Энг асосийси, инсонсан. Шунинг учун кўнглингни бузма. – дедим мен ниҳоят. Лекин, ичимдан зил кетган эдим.
– Шу учрашувга қадар, биз иккаламиз тенгмиз, деб ўзимни юпатаётгандим. Хаттоки хурсанд эдим. Афсуски, тенглик яна йўқолди. Энди, мен сизга лойиқ эмасман, – деди у. – Ҳаммасини
Яширган тақдиримизда ҳам, барибир бутун умр виждон азобида қийналмайманми? Ўйлаб кўринг, мавҳум пойдевор устига қурилган уй мустаҳкам бўладими?
“Ҳилоланинг гапларида жон бор, – ўйладим мен. – Мен ҳақиқий инсон, у эса сунъий бўлса. Ростдан ҳам бу нарса бутун умр кўнгилнинг бир чеккасини банд қилиб туради-ку! Бу доимий ўй билан қандай қилиб бахт ҳиссини туя оламан? Ҳа, хом-хатала қарорга келиш яхши эмас. Ўйлаш керак. Кўпроқ ўйлаш керак!”
– Жоним, ҳукм чиқаришга ошиқма. Чуқур мулоҳаза қилиб кўрайлик. Балки…
Мен шундай дедим-да, жим қолдим. Шу сўзларни гапирар эканман, товушим оҳангидан ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Бу ибораларни, мен – Ҳилолани жон-дилидан севувчи одам эмас, гўёки, учинчи – ушбу шароитга умуман бефарқ кимса айтаётгандек эди. Менинг қалбимда қандайдир бир тўнтариш рўй бераётганди.
Ёнимдаги қиз менга аста боқди. Ҳеч қачон унинг кўзларида бундай маънони кузатмагандим. У мени биринчи бор кўраётгандек ва менга ачинаётгандек эди. Унинг сунъий кўзларидан икки томчи ёш оқиб тушди.
– Биз бирга бўлишимиз мумкин эмас, – деди у, кўз ёшларини рўмолчаси билан артиб. – Майли, истаганча ўйлайберинг. Лекин, фойдаси йўқ. Мен энди кетаман. Илтимос, мени кузатманг…
У мендан кўзларини узди. Унинг сунъий танаси ўриндиқдан турди. Ва кўча томон юзланди. Орқасига қарамай юра бошлади.
Юрагимнинг бир парчаси узилиб, у билан бирга кетаётгандек эди. Мен ўрнимдан туриб, унга етиб олишим, тўхтатишим, севгимиз хаққи, бахтли яшай олишимизга, ҳақиқий муҳаббат олдида турли сунъий ғовларни назар-писанд қилмаслик шартлигига уни ишонтиришим керак эди. Лекин… ўриндиққа михланиб қолиб, карахт ҳолда ўтирардим. Бор куч-қувватим тарк этгандек туюларди. Уни чақиришга, “ҳой, тўхта!” дейишга ҳам мадор тополмасдим.
Тез орада Ҳилоланинг – сунъий равишда вужудга келтирилган қизнинг қадам товушлари ҳам, қораси ҳам узоқлашди. Фақат, шаббода хиёбондаги дарахт шохларини, майсаларни, гул новдаларини тор қилиб чертиб, ажиб бир куй чалаётгани эшитила бошлади.
Хиёбондаги бу табиий куйдан кўнглимга илиқлик югурди. Шундай гўзал заминда, сунъий эмас, ҳақиқий инсон бўлиб яшашга нима етсин!
1984 йил.