Озод Мўъмин Хўжа. Қасос (фантастик ҳикоя)

Ҳозирги замонда нима кўп, одамларнинг бир-бирларидан қарздорликлари кўп. Айтайлик, бир йигит тижоратчи. Унга кимдир тўсатдан арзон нархда харидоргир маҳсулот таклиф қилади. “Тез сотиб ол, эртага бўлмайди. Бугун нақд тўлаб, уни қўлга киритсанг, эртага икки баробар қимматига пуллайсан – зўр фойда қиласан! Эгасига пул зарур экан…”, дейди. Хаттоки, ўша маҳсулотни кўрсатади. Аммо, бу тижоратчи йигитда маблағ йўқ. Ҳаммасини бошқа ишларга сарфлаб қўйган. Шунда, у катта фойдадан қуруқ қолмаслик умидида, зир югуриб, ўзидан пулдорроқ дўсти олдига зинғиллаб боради. “Оғайни, менга палон миллион сўм бериб тур! Нари борса уч кунда қайтараман! Мени қандайлигимни биласан, ҳеч қачон ҳеч кимни алдамаганман. Сўзим – сўз! Гапим – гап!..” Воқеанинг бу ёғини тушунгандирсиз. Тижоратчи қарз олиб, пулни ваъдабознинг қўлига тутқизади. Шундан сўнг, на маҳсулотни, на унинг ўзини топади. Оқибатда ўзи катта қарздорга айланади. Яқин оғайнисининг душманига айланади.
Ёки бошқа ҳолатни олайлик. Бу ҳозирги замон айрим дўкондорларига хос. Улар ишлаб чиқарувчидан, шартнома тузиб, маҳсулот олишади. Кейин: ”Менинг нақд ҳаражатларим кўп, ҳали ўт ўчирувчилар, ҳали ҳуқуқ посбонлари, ҳали санитария ходимлари – хуллас уларнинг ҳаммасини рози қилмаса бўлмайди, шунинг учун бир партия маҳсулотни нақдга беринг, сотилгач, пулингизни бераман!” – дейди. Ишлаб чиқарувчида худди шундай муаммолар мавжуд. У дархол айтилганни бажо келтиради. Уч-тўрт марта шундай ишлангандан сўнг, дўкондор қилиқ чиқаради. “Ана молингиз турибди, ҳаммаси сотилмади, таниш харидор келганди, пули камроқ экан, насияга бериб юбордим!” ва ҳакозо баҳоналар чексиз вақт тўқиб борилаверади. Корхона эгаси уни судга беролмайди – сабаби маълум. Шундай қилиб, у бир партия маҳсулотга “аъзо” бўлади. Дўкондор эса бу пайтда бошқа ишлаб чиқарувчи билан худди шундай мулоқотга киришган бўлади. Ҳозир ким кўп – ишлаб чиқарувчи кўп!
Яна бир турдаги дўкондорлар мавжуд. Улар асосан харидорларни чув тушириш билан шуғилланишади. Улар сифатсиз ва арзон маҳсулотларни мақтаб-мақтаб қимматга сотадилар, нарх-наволардан хабарлари йўқ одамларни лақиллатиб, бир сўмлик молни юз сўмга пуллайдилар. Ўзимизда чиқарилган маҳсулотларга бошқа этикетка ёпиштириб, чет элдан келтирилган, сифатига гап йўқ, деб, катта фойда оладилар.
Шунинг учун, шундай хилдаги дўкондорлар янги-янги машиналарда юришади. Янги уй-жойлар қуришади. Лекин, шундай “бизнес”нинг оқибати ҳақида улар ўйлаб кўрганмилар? Билмайдиларки, менинг ташкилотим ходимлари улар ҳақида барча маълумотга эгалар ва ҳар дақиқада жазолашга тайёр турадилар. Менинг биргина ишорам бўлса, кифоя.
Ҳа, менинг махсус ва маҳвий ташкилотим худди шундай ўзгаларнинг ҳақини алдов ва товламачилик йўлллари билан ўзлаштирувчи дўкондорлар билан шуғилланади. Ҳа, фақат дўкондорлар билан! Бошқа турли хилдаги товламачи ва фирибгарлар бошқа ташкилот томонидан кузатилади ва вақт келганда қақшатқич зарба оладилар. Менинг, бу шаҳарда қанча бозор бўлса, ўшанча ходимим бор. Дарвоқе, ўзимни яхшилаб таништирай, тағин бу одам ўзини ким деб фараз қилаяпти, деб, бошимда ёнғоқ чақиб юрманг!
Мен на милиция, на прокуратура ва на бошқа ҳуқуқ идораларига бўйсунмайман. Чунки, мен ва ташкилотим ходимлари ўзга сайёраликмиз. Биз бу ишни яширин тадқиқот сифатида олиб бормоқдамиз. Биз истаган қиёфага кира оламиз, хоҳласак, кўринмас бўлиб ҳам юра оламиз. Биз ҳамма одамларни кўрамиз, бизнинг мавжудлигимизни ҳеч ким сезмайди. “Унда, Ер юзидаги одамларни қилмишлари учун жазолашга нима ҳаққингиз бор? Ўз тадқиқотингизни ўтказинг-да, сайёрангизга жўнаб қолинг!”, дейишингиз мумкин. Ва-ҳа-ҳа… Ахир, ҳеч ким бу олғирларнинг мушугини пишт демаса, аксинча, улар ўз пулини сўраб борган одам устидан милицияга туҳматона арз қилиб, қаматиб юбораётган бўлсалар, натижада бечора жабрдийданинг ҳаёти синаётган бўлса, кимдир уларни жазолаши керакми, йўқми? Хуллас, менинг мантиқим шундай. Биласизми, қасос жуда фойдали нарса. Айниқса, ҳар ким бировга қилган жабри учун қасос олиниши муқаррарлигини билса, ўта фойдали. Кимга фойдали?.. Жамият ривожланиши учун-да! Мен ҳам онгли мавжудотман, менда ҳам қалб бор. Менда ҳам ҳақиқат сари интилиш бор. Мен ҳам чорасиз қолганларга ачинаман. Ва улар учун ўч олишни севаман. Ёмонларни жазолаш имкониятим бор экан, нега бундай ишдан бўйин товлай?..
Энди, сизга бир воқеани айтиб бераман. Диққат билан тингланг.
Ҳар куни кечқурун ўтказиладиган хулосавий йиғилишимизда ходимларимнинг бири ўз бозори ҳудудидаги бир инсоният вакили тўғрисида маълумот берди.
– Командор! Бир одам бор. Олғирларнинг олғири! Пасткашларнинг пасткаши! Уни зудлик билан жазоламасак бўлмайди! – деди у.
– Сабаб? – сўрадим мен. – Одатда, биз арқонни узун ташлаймиз-ку!
– Уни нафақат жазолаш, балки ундан қасос олиш даркор! – хитоб қилди у.
– Нега, ахир? – саволимни қайтардим мен. – Сабабини билишим шарт!
– Ўзингизга маълумки, биз иложи борича қасос олишни кечиктирамиз. Аввал, унинг тушига кириб огоҳлантирамиз. Шунда ҳам эс-ҳушини йиғиб олмаса, боласига касаллик юқтирамиз. Бу восита таъсир қилмаса, дўконига очкўз текширувчиларни юборишни ташкиллаштирамиз, токи улар унинг бор-йўғини шилиб олсинлар ва у чуқур ўйга тўлсин, қилмишларини таҳлил қилсин деб.
– Ўша одаминг бу босқичлардан ўтдими?
– Ҳа, аллақачон ўтган.
– Нима, барибир, ўз қора ишларини бекам-у кўст бажариб юрибдими?
– Ҳа! У ёшлигидан шунақа. Мана, янгилари. Бир неча ой илгари ёшликда бирга ўсган оғайнисини ҳамкорликка чорлади. Бирга савдо корхонаси очайлик, сен қонун-қоидаларни яхши биласан, мен раҳбар бўлсам ҳам барча ишни ўзинг юритасан, фойдани қоқ ўртасидан бўлиб ишлаймиз, деб таклиф қилди. Дўсти ишониб, рози бўлди. У барча мураккаб ишларни оғайнисига топшириб, ўзи фақат тушган пулларни тақсимлаш мажбуриятини олди. Очкўзлигидан, хаттоки, солиқ кодексининг қонун-қоидаларига бўйсунмай, маблағларни чўнтакка ура бошлади. Шеригига-ю онда-сонда, мана сани улушинг деб, озроқ пул ташлаб қўя бошлади. Ҳаммадан эътиборлиси, биз уларнинг корхонасига текширувчилар юборганимизда кўзга кўринди. Топилган камчиликлардан у дарҳол бўйин товлади ва корхонамнинг иш юритувчиси мана бу йигит, мен номигагина директорман, унинг чизган чизиғидан чиқмайман деб, барча гуноҳни дўстининг бўйнига юклаб, ўзи четга чиқиб, индамай тураберди. Яхши ҳамки, мен бош текширувчининг онгига таъсир кўрсатиб, бегуноҳ одамни жабрдан қутқариб қолдим.
– Нега мендан рухсат сўрамадинг?
– Ўзингиз айтгансиз, унар-унмасга безовта қилаберманглар деб! Шароит тақозо қилди, мен руҳий кучимни ишлатдим.
– Унда, майли. Хўш, кейин-чи?
– Кейин, у бошқа бир, таниш-билишлари кўп оғайнисига Дўконларни Текшириш департаментида таъсирли одам топилса, ўз бизнесини у орқали ҳимоя қилиш нияти борлигини айтди. Оғайни эса дарҳол ўшандай кишига рўпара қилди. Янги таъсирли одам ёрдам бериб туришга тайёрлигини айтди. Ва вақт келганда, ўз хизматлари тақдирланиши лозимлигини эслатди.
– Хўш, у пул беришни истамагандир. Бировга муллажиринг узатгунча, жони чиқиб кетган бўлса керак-а?
– Ҳа, худди айтганингиздек бўлди. У шартта юқорироқ идорага ариза ёзиб, ўзидан пора талаб қилинаётганлигини хабар қилди. Ва ўзига ёрдам берган одамни қаматиб юборди.
– Қойил! У жуда ноёб нусха экан!
– Бунинг устига, яқинда яна бир ошнасини чув туширди.
– Йўғ-е, яна қандай усул қўллади? Ўша ошна ҳам аввал унга ёрдам қўлини чўзгандир-а?
– Командор! Сиз ерликларни жуда яхши ўрганибсиз! У ўқишга хафсаласи йўқ ўғлини ўқишга киритишни истаб қолди. Фарзанди ўз кучи билан дорилфунунга киролмасди. У буни яхши биларди. Шунинг учун, ўша ошнага бориб, сени дорилфунунларда таниш-билишларинг мўл, ўғлимга ёрдам бер, ўқишга кирсин, “соққа”сини албатта бераман деб ваъда қилди. Ошна эса керакли одамларни топиб, унинг фарзандини ўқишга киритди. Пул беришга келганда, у: “Ошна! Ёнингда бўлса, бериб юбор, мен ҳозир қийналиб турибман, кейинги ой етказиб келаман!” деб, келишилган маблағни эмас, фақат бир қоп ваъда берди… Командор! Бу кетишда, у кўпчиликни қақшатади. Айтганларим, хамир учидан патир холос! Зудлик билан чора кўринг!
Мен ўйга толдим. Унга қандай жазо берсак экан?.. Автоавария уюштирамизми? Балки, севимли фарзандини ўсал қилиб ётқизиб қўярмиз? Нима қилсак муносиб иш бўлади? Мен ходимларимга боқдим.
– Мана, ўзингиз эшитдингиз. Бу нусхага нисбатан, жабрдийдалар номидан, қандай қасос қўллаш ўринли? Милиция ёки бошқа ҳуқуқ ташкилотлари қўлига топширишдан фойда йўқ. Улар қонун томондан ҳеч нарса қила олмайдилар. Кимда қандай таклиф бор?
Ходимларим бирин-кетин фикрларини баён қила бошлашди.
– Безори, ишкалчи, ҳеч кимдан тап тортмайдиган одамларга рўпара қилиб, яхшилаб урдириш лозим. Улар унинг боплаб пўстагини қоқишсин!
– Яна бир шунга ўхшаш нусхани топиб, иккаласининг машинасини бир-бирига урдириб, мажақлатиб, уларни майиб қилиб, касалхонага туширилса, қандай бўларкин?
– Уйига ўғри тушириш керак! Барча топган пулларидан ажралсин!
– Бултур узатган қизини эрининг хонадонидан ҳайдата қолайлик! Қизи бахтини йўқотсин!
– Балки, шол қилиб, инвалидлар аравачасига ўтказиб қўйган яхшироқдир?!
– Уйига ўт туширсак, муносиб қасос бўлар, нима дейсиз?
Бу таклифларнинг барчаси жўяли эди. Бу айтилган қасослар кўп марта ишлатилганди. Лекин, бу сафар мен жуда бир оригинал, илгари қўлланилмаган қасос усулини топмоқчи эдим.
– Йўқ, — дедим мен, — буларнинг барчаси жуда оддий қасослар. Биз шундай усул топишимиз керакки, у қийналиб-қийналиб, дардларига даво тополмай, бу дунё мени нега азоблаяпти, деган фикрлар билан, ўз уйида, хотин — бола-чақасининг орасида эмас, кўчада, бегона одамлар орасида ўлиб кетсин. Ва уни ҳеч ким танимасин. Бу ердаги жамият ушбу нусхадан тозалангани учун фақат шукур қилиб, енгил тортади. Хўш, нима дейсизлар?
Йиғилишда ғала-ғовур бошланди. Ҳар ким атрофдагиларнинг сўзларини эшитмай ўз фикрини баён қиларди.
– Бўлди, тўхтанглар! Галма-гал гапиринглар! – қичқирдим мен.
Биринчи бўлиб, ўша таклиф киритган ходимим фикрини айтди.
– Тўппа-тўғри! Мен шу ғоя тарафдориман. Фақат унга қандай бедаво дард берамиз?
– Инфаркт! – хитоб қилди бошқа бир ходим. – У яхшигина оғриқ беради. Инсон роса азоб чекади.
– Йўқ, бўлмайди, — дедим мен. – Бу касаллик ҳозир яхши даволанаяпти. Ўзини асраган кимса узоқ яшаяпти.
– У ҳолда, инсультни таклиф қиламан! — деди у жавобан. – Кучли инсультни даволаш жуда мушкул.
– Йўқ, бу вариант ҳам бўлмайди. Бемор комага тушиб, азоб чекаётганини яхши ҳис қилмайди.
Биринчи ходимим қўл кўтарди.
– Хўш, ўзингга нима фикр келди? – сўрадим мен.
– Унинг вужудида, менимча, рак, яъни саратон касаллиги пайдо қилган маъқул. Сабаби, бундай бемор то ўлгунча оғриқдан азоб чекади, аксарият ҳолларда дори-дармон ҳам, жарроҳлик операцияси ҳам фойда бермайди. Биз тез ривожланувчи рак вариантини танласак, у ярим йил – бир йил давомида азобланиб ўлади ва қилмишларини эслайди, бошқаларни алдаб, чув тушириб топиб, босиб ётган пуллари кўзига ҳам кўринмайди. Уларнинг ҳаммасини дорилар ва муолажаларга сарфлайди. Етмаганига машинасини сотади. Вафотидан олдин унга бир оз енгиллик берамиз ва у ўзини яхши ҳис қила бошлагач, қаергадир, бирон сафарга жўнатамиз. Бегона шаҳарда, бегона одамлар орасида, кўчада тўсатдан вафот этади. Унинг кимлигини аниқлашга анча кунлар кетади. Танаси сасиб кетади. Ҳаром пулга катта бўлган фарзандлари эса оталарининг мурдасини ўзга юртдан олиб келиш учун қариндош-уруғдан ёки таниш-билишлардан пул қидиришади, овора-ю сарсон бўлишади.
– Ким рози?! – сўрадим мен йиғилиш аҳлига қараб.
– Барчамиз! – ҳамма бир овоздан жавоб берди.
– Унда мажлис тамом. Ушбу қарорни амалга оширишни ушбу иш учун маъсул бўлган ходимимизга топшираман. У вазифа бажарилгунча, бизга вақти-вақти билан, яъни ҳар ҳафта маълумот бериб туради. Гап тамом – вассалом!

Айтилган кимсадан, ўн ойлик чидаб бўлмас оғриқли азоб-уқубатларга дучор этиб, барча жабрдийдалар номидан қасос олдик. Унинг руҳи янада азоблироқ оловли дунёга равона бўлди.
Шундан бир ойча ўтгач, мен унинг бирон фарзанди, айтайлик, қизи билан суҳбатлашиб кўришга қарор қилдим. Минг қилса ҳам, тадқиқотчиман-да. Қани, ерликлар бутун умр ифлослик билан шуғулланган оталари ҳақида нима дейишаркин?
Мен ўша нусханинг таниши, онда-сонда уйларига бориб, учрашиб турадиган қариндош суратига кирдимда, йирик савдо мажмуаси ичида айланиб юрган киши бўлиб “тасодифан” унинг қизи билан учрашиб қолдим. У мени таниди ва салом берди.
– Ва алайкум ассалом. Қалай соғлиқларинг яхшими? Хафа бўлмай юрибсанми?
– Амаки, нима ҳам қилардик. Дунёнинг ишлари шунақа экан… Кўп умр кўрмадилар.
– Ҳа, тўғри айтасан. Ҳаёт жуда бешавқат.
– Ҳали яшасалар бўларди. Ҳеч кимга ёмонлик қилмаганлар. Қўй оғзидан чўп ҳам олмасдилар. Одамларга жуда меҳрибон эдилар. Барча дўстларини севардилар…
– Майли, сизларга сабр тилайман, — дедим мен, қийинлик билан ҳайратимни яшириб, ва шошилиб турганимни баҳона қилиб, нари кетдим.
Таажжуб! Жуда таажжуб! Бизнинг сайёрада оқни оқ, қорани қора дейишади. Шунинг учунми, биздаги тараққиёт бутун Сомон Йўлида энг илғорлардан ҳисобланади. Сизларда эса… Таажжуб! Лекин, барибир, биз бор эканмиз, тараққиётингиз олға бораверади. Мен бунга ишонаман ва бунинг учун, ёмонлардан қасос олишлар орқали, ўз ҳиссамни қўшавераман…

22.07.2014. 21:24.