Мен роппа-роса ўн йил қимматбаҳо тошларнинг табиий хусусиятларини ўрганиш билан шуғулландим. Уларни тадқиқ этишда ишлатиладиган, ҳозирги пайтда Иттифоқнинг заргарлик саноатида кенг қўлланилаётган бир қанча асбобларнинг муаллифи ҳам бўлдим. Тадқиқотлар мобайнида қимматбаҳо тошларнинг жуда ажиб хоссалари мавжудлигига, катта ахборот манбаи эканлигига ишондим. Уларнинг қалбни қитиқловчи оҳанрабо нурлари, турли жилваларида нафақат шеърият, нафақат севги ва муҳаббат, балки ҳаётнинг, шафқатсиз, ҳийлакор ҳаётнинг драматик насри, бўялмаган тарихи ҳам мужассамлигига имоним комил бўлди.
Бироқ, афсуски, қимматбаҳо тошлар, айниқса ноёб тарихий тошлар сиз билан биз каби сўзлашиб, ўз қалб нолаларини изҳор эта олмайдилар. Уларни гапиртиришнинг фақат биргина усули бор: ҳужжатлар, қўлёзмалар ва китоблар. Ана шуларгина тошларни тилга киритадилар, сизни ажиб дунёга бошлайдилар.
Қимматбаҳо тошларга бағишланган бир қўлёзмада жавоҳирлар султони — олмос тўғрисида мана бундай дейилган экан:
«…инсон олмосни чап томонида олиб юриши лозим, токи у юракка қувват ва дармон берсин. Олмос эр кишига матонат ва мардлик бахш этиб, унинг жисмоний қудратини асрайди. Агар у ҳақ иш учун курашаётган бўлса, душманни енгишга ёрдам беради. Олмос ақлни ҳам пешлайди, ғаму кулфатни нари суради ва инсу жинсларни ҳайдайди. Кимда-ким олмос эгасини балога гирифтор қилмоқ истаб сеҳр-жоду ишлатса, барча кўргиликлар унинг ўз бошига тушади. Олмоси бор инсонга ҳеч бир йиртқич яқинлашишга жазм этолмайди. Бу биллур одамни фақат эзгу ишларга ундаб, баъзи касалликлардан ҳам фориғ этади. Бироқ олмосни фақат тўғрилик ва олийжаноблик билан қўлга киритиш жоиздир, қаллоблик ва зўравонлик эвазига эгалланган биллурнинг таъсири йўқ. Гуноҳга ва ношаръий ишларга мойил кишининг олмос олиб юриши бефойдадир…»
Мен Ғарбда «Буюк Амир Темур ёқути» деб аталган ғоят ноёб жавоҳир тарихини тилга олмоқчиман. Шарқда эса у «Чироғи олам» номи билан шуҳрат қозонган. Афсуски, халқимиз бу ажиб тошнинг мавжудлигини, у тарихимизнинг бир бўлаги эканлигини билмайди.
* * *
«Чироғи олам» бутун дунё тарихидаги энг ноёб ёқут ҳисобланади. Ҳажм ва оғирлик бўйича унинг ярмисичалик ҳам келадиган ёқут шу вақтгача топилмаган. Унинг вазни 361 карат (1 карат – 0,2 грамм). Ундан ажойиб тақинчоқ ясалган. «Чироғи олам» ўзидан кичик учта ёқут, бир қанча йирик дур ва зумрадлар қадаб ясалган санъат асарининг марказий қисмидир.
Бобомиз Амир Темур Соҳибқирон, ўзларининг гаплари бўйича, «бутун дунёдаги разил жинояткорларнинг ёстиғини қуритиш нияти билан» умр кечирар эканлар, 1398 йили Деҳли шаҳрини ўз тасарруфларига олган пайтларида бу жавоҳир у кишига туҳфа этилган.
* * *
Жанубий ўлкаларда кўп ноқис ишлар бўлаётганмиш. Ўғли Пир Муҳаммаддан нома келди. У ўзи идора қилаётган ерларни кенгайтиришга уриниб, Синд диёрининг катта шаҳарларидан бири Мултонни ишғол қилибди. Бу жойларда мўмин-мусулмонлар кам-у, оташпараст ва кофирлар мўл эмиш. Улар мўминларга ола қарармишлар. Албатта, ундайлар ўз жазосини олиши, ҳақ йўлга кириши даркор. Амир дини ислом йўлида кўп заҳматлар чекди, қийинчиликларга кўнди. Ҳаракатсиз, роҳат-фароғатда яшаш унга ёт. У ҳақиқат учун, Муҳаммаднинг қутлуғ байроғини юқорироқ кўтариш учун қўшин суришдан чарчамайди.
1398 йил буюк Амир сафарга отланди.
Амирга Ҳинд ўлкасидан ҳам хабарлар келди. Деҳли султони Ферузшоҳ мангулик дунёсига кетгандан сўнг рўй бераётган ҳодисалар ҳам Соҳибқироннинг ғазабини қўзғатди. Ҳиндистондаги кўп шаҳарлар ва вилоятлардаги бутпараст, оташпараст кофирлар мусулмонларни чиқиштирмай қўйибдилар, эзиб, янча бошлабдилар.
Амир Темур қўшини Деҳлига яқинлашар экан, йўл-йўлакай барча ерларда ҳаққоний тартиблар ўрнатилиб, ёмонлар жазоланиб борди. Ниҳоят, 1398 йил 11 декабрда Соҳибқирон Деҳли остоналарига етиб келди. Бу ерда катта жанг бўлиши керак эди. Буюк Амир 13 декабрда шаҳзодаларни, амирлар, саркардалар, сарой аъёнлари ва ўн минг кишилик хос навкарларни Ферузшоҳ мақбараси олдига йиғиб мажлис қурди.
Соҳибқирон, душман билан қай тахлитда ва қай усулда жанг олиб бориш, уни қандай қилиб эсанкиратиш ҳамда қай йўл билан жанг гирдобидан чиқиш лозимлигини тушунтирди. Ҳар бир кишининг жанг пайтидаги вазифасини, ким марказда, ким чап ва ўнг қанотда юришини белгилади. Душман ҳужумини қай усулда даф этишни англатди.
— Дини ислом йўлидаги курашларда, тилёғлама, бадбин кишиларни жазолаш жангларида ўз ҳаётини қурбон этишни бўйинга олиш — буюк қонун ва қоидадир! — деди Амир мажлис сўнгида.
Одамлар тарқалгач, Соҳибқирон мунажжимлардан юлдузларнинг не аломат кўрсатишаётганини сўради. Улар аниқ бир фикр изҳор қила олмадилар. Эртаси бомдод намозидан сўнг, Буюк Амир тангрининг меҳрибонлигига ишониб, Қуръонни очди ва фол кўрди. Унда ушбу сура намоён бўлди: «Ҳақиқатдан ҳам бу — Ердаги ҳаёт нимага ўхшайди? У осмондан ёғадиган, ўсимликлар шимадиган, одам ва ҳайвонлар ичадиган сувнинг ўзи. Ер юзи чиройли яшил либослар кийганда, улар (одамлар) бу ишни ўзлариники деб хаёл қиладилар, ҳолбуки, бу нарса бир кунда бизнинг амримиз билан рўй берган ва олдин бундай эмас эди». Бу сура рақибларнинг янглиш фикрлари ва хатоларига, ҳинд қўшинлари саркардаси бўлмиш Маллухон ўй-ниятларига ишора эди. Буюк Амир яна бир бор фол кўриб, «Наҳл» («Асалари») сурасидаги ушбу сўзларни очди: «Оллоҳ бундоқ бир мисол келтирур: ҳеч нарсага кучи етмайдиган эгалик қул билан Биз Ўз тарафимиздан чиройли мўл ризқ бериб, ўша ризқдан яширин ё ошкора инфоқ-эҳсон қилаётган бир киши баробар бўлурму? Ҳамду сано Аллоҳникидур. Лекин уларнинг кўплари буни билмайдилар». Соҳибқирон бу икки сурани таҳлил қилиб, ўзининг бахт юлдузи ярқираётганини ҳис этди.
1398 йил 17 декабрь куни ул зот отга минди ва қўшинни сафлади. Асосий отлиқ қўшин марказга тизилди. Унинг олдида илғор қисм — жангни бошлаб берувчилар, орқасида эса қароргоҳ билан заҳира аскарлар жойлаштирилди. Буюк Амир қанотларга ҳам эътибор берди. Иккала томонга алоҳида бўлинмалардан ташкил топган отлиқ жангчи қисмларни — канбулларни сафлади. Одатда, марказий қўшин асосий жангни олиб борар, канбуллар эса душманнинг ўнг ва чап қанотини ёриб киришга ва айланиб ўтиб орқадан зарба беришга уринардилар. Канбуллар энг ботир ва тажрибали жангчилар эди. Ўнг қанотни шаҳзода Пир Муҳаммад, шаҳзода Сулаймоншоҳ ва бошқа амирлар, чап қанотни шаҳзода Султон Ҳусайн, шаҳзода Халил Султон, Жаҳоншоҳ ва бошқа амирлар, илғор қисмни шаҳзода Рустам, амир Шайх Нуриддин, амир Шоҳ Малик, Оллоҳдод ва бошқа амирлар жангга солдилар. Соҳибқирон қўшин марказида турди.
Султон Маҳмуд Деҳлавий ва саркарда Маллухон ўн минг отлиқ, йигирма минг сараланган пиёдаларни сафладилар. Тўфон пайтидаги денгиздек пишқириб турган 120 та уруш филларини ҳам жангга ҳозирладилар. Ҳар бири тоғдек келадиган бу филларнинг устидаги тахтиравонларда камон отувчилар жойлаштирилди. Филларнинг хартумлари бир-бирлари билан боғланган, улар орасидан ёриб кириш мушкул эди. Ҳинд қўшинларида яна бир қурол бор эдики, Султон Маҳмуд Деҳлавий унга катта умид боғлаганди. Бу узоқдан туриб ҳам душманни ажал комига равона қилаберувчи «ўқ отар» эди. «Ўқ отар» Темур қўшинини эсанкиратиб қўяди, хаёл қилди ҳинд султони. Бироқ, у янглишганди. Соҳибқирон бундай қуролни 1379 йилдаёқ Урганч қамали вақтида ишлатган, шу боис қўшини ундан заррача ҳам чўчимас эди.
Соҳибқирон Бахали тепалигига қароргоҳ қуриб, сарой ходими мавлоно Насриддин Умарга жойнамоз солишни буюрди ва икки ракат намоз ўқиб, Оллоҳдан жангда мададкор бўлишини сўради.
Ва ниҳоят, икки денгиз жунбушга келиб чайқалди ва катта жанг бошланди. Амирнинг илғор қисми филлар қаторига ҳужум қилиб, бу ҳаракатланувчи тоғларнинг орасидан ёриб киришга муваффақ бўлди. Улар филбонларии, камончиларни йиқита бошладилар, каллалар чавгон тўпларидек туёқлар орасига думалаб тушар, қонлар фавворадек отиларди. Ҳиндлар ҳам қаттиқ қаршилик кўрсатиб, матонат билан жанг қилардилар.
Бу курашни тўлақонли тасвирлашга тил ҳам, қалам ҳам ожиз. Ботирлик ва аёвсизлик, тажриба ва ғўрлик, баҳодирона ҳайқириқлар-у, қилич-найзаларнинг жаранги, кесилган бошлар-у, дарё-дарё қон оқимлари — барчаси айқаш-уйқаш бўлиб кетди. Филларнинг бўкиришлари, ярадорларнинг оҳ-доди чор атрофни тутди.
Ҳа, уруш кўнгли юмшоқ, заиф кишиларнинг иши эмас. Заифлар, кўнгли бўшлар, қўрқоқлар инсониятнинг бутун тарихи мобайнида қулликка маҳкум бўлиб келганлар. Қўйдек беозорлик, ҳийлакор душманнинг сўзларига лаққа ишониб юрабериш ҳар қандай халқни, айниқса ўз тарихини, инсоний иззатини унутиб қўйган халқни бошқаларга қарам қилиб қўяди. У пахта экиб, бир парча читга зор бўлади, буғдой ундириб, нон еёлмайди, олтин кавлаб чиқариб, чақага зориқади.
Душман қаршилиги бора-бора сусайди. Султон Маҳмуд ва саркарда Маллухон бир сиқим аскарлар билан қочиб қолдилар. Бироқ, кейинчалик улар Амир Темур хоки-пойига бош уриб, қаршилик кўрсатганлари учун кечирим сўраб келдилар.
Жанг тугади. Деҳли таслим бўлди. Шаҳарга кириш маросими эртанги кунга белгиланди.
18 декабрь куни Соҳибқирон ўз аъёнлари билан Деҳлининг Майдон дарбозасига яқинлашди.
Бу ерда уни тантана билан шаҳар саидлари, уламолари, казо-казолари кутиб олишди. Улар Буюк Амирнинг хоки-пойига кўзларини суртиб, ноёб совғалар топширдилар. Бундан буён Деҳлида ҳақиқат, тинчлик, бахт-саодат ҳукм суришига ишонч билдирдилар… Совға-туҳфалар орасида дуру-жавоҳирлар ҳам мўл эди. Уларнинг ичида жуда катта, оловдек ёниб турган, қип-қизил, ёқут «Чироғи олам» кўзни қамаштирарди.
Бу ёқут Соҳибқироннинг Самарқанддаги йигирма беш минг ноёб жавоҳирлари қаторидан жой олди.
«Чироғи олам» юзига буюк Амир номи ўйиб ёзиб қўйилди.
Қани ўша йигирма беш минг ноёб жавоҳир? Қайларга йўқолди улар? Ҳа, вақт деб аталмиш тўфон нафақат уларни, халқ орасидаги инжу жавоҳирдек кишиларни ҳам эзди, янчди, олиб кетди… Фақат ўзини панага олганлар, ёвга қуллуқ қилганлар қолди.
* * *
Амир Темур ўз васиятида амирзода Пир Муҳаммадни Самарқанд тахтига валиаҳд ва қойим-мақом деб эълон қилди. Ҳузурида турган барча фарзанд ва аъёнларга мамлакат ва миллатнинг, халқ ҳамда лашкарнинг аҳволидан бохабар бўлиб туришни буюрди.
Бироқ ҳар қандай эзгу тилак ва ниятлар ҳамиша ижобат бўлавермас экан. Темурийзодаларда оқаётган буюклик қони ўз ишини қилди. Бир Буюк иккинчи Буюкка бўйсунишни истамади. Қариндошлик, ака-укалик бир чеккага йиғиштириб қўйилди. Натижа маълум: Буюк Амир Темур империяси — Қора, Эгей ва Ўрта денгизлардан то Ҳиндистоннинг шарқий чегаралари, Мўғилистон ва Хитойга, Ҳинд океанидан бошлаб Москвани, Днепр бўйларини ўз ичига олган ҳудуддаги давлат бирлигини йўқотди.
«Чироғи олам» Самарқанд тахтини эгаллаган амирзода Шоҳруҳ Мирзо қўлига ўтди. Ёқут юзига унинг ҳам номи битилди.
1409 йилда Шоҳруҳ Мирзо ўз давлати пойтахтини Ҳиротга кўчирди ва Самарқанд ҳукмронлигини ўғли, ўн беш ёшли Мирзо Улуғбек Муҳаммад Тарағайга топширди. «Чироғи олам» ўзининг муносиб эгасини топди.
Балки… Балки, ўн ёшига қадар буюк бобоси билан жангу жадалларда бирга юрган, Соҳибқироннинг севикли ва доно аёли Бибихоним қўлида тарбия топган зот ўша машҳур «Чироғи олам» билан болалигида ҳам мулоқотда бўлгандир. Ёқутнинг юзидан, вужудидан таралаётган нур ва жило яна бир буюк киши — олим ва амир Мирзо Улуғбек қалбига сеҳрли таъсир кўрсатиб, коинот сирларини ўрганиш истагини солгандир. Балки, Амир Темурнинг бақувват вужуди ва руҳий кучларининг маълум қисми тошга жойлашгандир, кейинчалик ўша кучлар буюк набирага шиддат ва билим, иштиёқ ва ишонч ато этгандирлар. Ким билсин…
1449 йил октябрнинг охирида Мирзо Улуғбек ўзига ҳамроҳ қилиб берилган Ҳожи Муҳаммад Хисров билан Самарқандни тарк этди. У ҳажга отланган эди. Куни-кеча қудратли ҳукмдор ва буюк олим бўлиб давр сураётган зотни бир нечагина навкар кузатиб борар эди. Шунга қарамай, Мирзо Улуғбекнинг кўнглидаги бир мавҳум тош эриётгандек, ундаги ғашлик ва ғубор тарқалаётгандек туюларди. Отлиқлар биринчи довондан ўтиб улгурмаган ҳам эдиларки, орқадан чопар етиб келди. У мирзога янги ҳукмдор — ўғли Абдулатифнинг фармойишини топширди. Бунга кўра, Улуғбек подшоҳларга хос анжомларга эга бўлсин учун қўшни қишлоққа кириб кутиб туриши лозим эди. Улуғбекнинг кайфияти бузилди. Начора! Бўйсунмасликнинг иложи йўқ. Бугун у — мағлуб.
Улар қўнишган қўрғон ҳувиллаб ётарди. Теварак-атроф жимжит. Ҳаво совуқ. Этни жунжиктиради. Навкарлар ҳовлига гулхан ёқиб, қозон осишди. Гўшт солинган шўрва биқирлаб қайнай бошлади. Қанийди тезроқ пишса. Овқатланишарди-да, уйқуга кетишарди. Собиқ ҳукмдорнинг авзойи бузуқ эди. Кўнглида яна нохуш ҳис пайдо бўлди. У тарқалавермас, юрагини кемирарди. Шу вақтда ҳовлига Улуғбекни ҳушламай юрувчиларнинг бири — Аббос шериги билан кириб келди ва шоҳга ташланди. Икки йил аввал Мирзо унинг отасини катта гуноҳлари учун ўлимга буюрганди. Улуғбекнинг навкарлари ва Ҳожи Муҳаммад Хисров қўрқиб кетиб, уйнинг бурчагига беркиндилар. Ҳамроҳлар ўз бурчларига содиқ қолиб, тажовузкорлар билан курашиш ўрнига жонларини аяб буюк зотнинг калласи олинишига кўзларини мўлтайтириб қараб тура бердилар… Улар, камида уч-тўрт қуролланган киши бўлатуриб, икки ёлланма қотилга қарши чиқишга ботинмадилар…
* * *
Ҳа, ботинмадилар!
Халқимизда кейинроқ ҳам ботинмаганлар кўп бўлди. Ҳозир ҳам жуда мўл. Ботинолмайдиганлар, ботина оладиганларни доимо томоша қилиб келди. Уларни сотиб, бола-чақа боқди. Ботинувчилар кўпинча жазога мустаҳиқлар. Улар қуллик меҳнатини қойиллатиб юзимни ёруғ қилдим, дейишдан кўра шуни афзал кўрадилар. Қайси халқнинг ботинувчилари кўп бўлса, у ғолиб халқдир!..
* * *
«Буюк Амир Темур ёқути!» Сен жуда кўп йиллар темурийзодаларнинг мулки ҳисобланиб, Самарқанд хазинасининг кўрки бўлиб турдинг. Чўғдек юзингга учинчи ёзув ҳам туширилди. Имоним комил, сен бу ҳарфлар тизмасидан фахрлангансан. Чунки, Мирзо Улуғбек номи фақат сенга эмас, фалакдаги юлдузларга ҳам битилган.
* * *
«Чироғи олам» юзига битилган кейинги ном Эрон ва Озарбайжонда ҳукмронлик қилган сафавийлар сулоласининг вакили — Аббосшоҳга тегишлидир. Сафавийлар турк қавмидан бўлиб Ордобилда (Ҳозирги Эрон ҳудудида) яшовчи шайхлардан чиққанлар. «Буюк Амир Темур ёқути»нинг улар қўлига тушиши, менимча, ушбу ҳолатда рўй берган. Бу вақтда Мовароуннаҳр ерларида темурийлар, шайбонийлар ҳукмронлиги тугаб, аштархонийлар сиёсат юрита бошлагандилар.
* * *
1599 йилда шайбонийзодаларнинг охирги вакили — Абдулмўмин ҳалок бўлди. Мовароуннаҳрда яна ўзаро урушлар авж олди. Бу ҳол сафавийлар шоҳи Аббосга қўл келди. У Сабзавор билан Машҳадни босиб олди. Кейинроқ Ҳиротга ҳам ҳужум қилди. Тошкент томондан қозоқ султони Таваккал қўшин тортиб келди. Хонсиз қолган ўлка талон-тарож бўлиш арафасида эди.
Шайбонийлар давлатининг арбоблари Бухорода истиқомат қилаётган аштархонлик (астраханлик) Жонибек Султонни хон қилиб кўтаришга келишдилар. У 1583—1598 йилларда ҳукмронлик қилган шайбонийзода Абдуллахоннинг синглисига уйланганди, шу боис унга қариндош ҳисобланарди. Лекин Жонибек Султон тахтдан воз кечди. Натижада, унинг катта ўғли Динмуҳаммад хон этиб сайланади. Бу пайтда у сафавийлар қамал қилиб турган шаҳар — Обиварда эди. У Бухорога етиб кела олмади — ҳалок бўлди. Шундан сўнг, иккинчи ўғил Боқиймуҳаммад хонликка кўтарилади, учинчи фарзанд Валимуҳаммад эса валиаҳд деб эълон қилиниб, одатга кўра Балхга ноиб этиб жўнатилади.
* * *
Валимуҳаммад чуқур ўйга чўмди. Фалак ўйини жуда ажаб экан. Мана олти йилдирки, Мовароуннаҳр тож-тахти ўзиники. Мамлакатнинг бутун бойликлари, хазинаси ўзининг азми ихтиёрида. Сандиқ-сандиқ олтинлар, сандиқ-сандиқ дуру жавоҳирлар ҳар қандай кимсанинг бошини айлантириб қўяди, буларга эга чиқиш ҳавасини уйғотади. Ўз қариндоши Имомқулихон шу кўйга тушибди. Барча амирларни ўз томонига оғдирибди. Энди суиқасд қилиб, тахтни эгалламоқчи. Ҳозир куч унинг томонида. Нима қилса экан?
Кеч бўлиб қолганига қарамай, хон хазиначини ва шаҳзодаларни ҳузурига чақирди…
Вақт ярим кечадан ўтар-ўтмас улар қиёфаларини ўзгартириб, бир неча содиқ навкарлар билан шаҳардан чиқишга улгурдилар…
Сафавийлар давлатининиг пойтахти Табриз уларни илиқ чеҳра билан кутиб олди. Шоҳ Аббос Сафавийнинг муҳташам саройи Валимуҳаммадхоннинг пойи-қадамига мунтазир эканлигини билдирди. Валимуҳаммадхон ўзи билан олиб келган қимматбаҳо совғаларни шоҳга топширди. Энг ноёб жавоҳирни эса алоҳида тортиқ қилди.
Кейин ташрифи сабабларини баён этди.
— Олийҳазрат! — деди Аббосшоҳ кўзлари чақнаб, юзига табассум югуриб. — Сиз ёрдамга муҳтож бўлиб қолган экансиз, биз буни дариғ тутмасмиз. Истаган кунингиз етарли қўшин ва саркардалар азми ихтиёрингизда бўлур.
Бу воқеа 1611 йил бўлиб ўтди. «Чироғи олам»га Аббос Сафавийнинг номи битилди.
Валимуҳаммад бошчилигидаги сафавийлар қўшинининг яқинлашиб келаётганини кўрган Бухоро саросимага тушди. Имомқулихон дарҳол қозоқларга чопар юбориб ёрдам сўради. Улар қўшин жўнатдилар. Жанг жуда даҳшатли бўлди. Бунда сафавий қўшинлари енгилдилар. Валимуҳаммадхон асир олиниб ўлдирилди…
* * *
Аббос Сафавий ўз давлати чегараларини кенгайтиришга, ҳокимиятни мустаҳкамлашга катта аҳамият берган ҳукмдорлардан эди.
Маълум вақт келиб у бутун диққат-эътиборини муҳим савдо йўли, бой-бадавлат ўлка маркази ҳамда ҳарбий жиҳатдан аҳамиятга эга бўлган Кандаҳорга қаратди. Бу ўлка ўша пайтда бобурийларга — Акбаршоҳ ўғли Жаҳонгиршоҳга тобе эди.
1612 йили Аббосшоҳнинг элчилари бобурийлар саройига совға-саломлар билан кириб келдилар, ўз ниятларининг чиндан ҳам дўстона ва самимий эканлигини исботлаш учун бошқа қимматбаҳо туҳфалар қатори «Чироғи олам»ни ҳам инъом этдилар… Бу жавоҳир яна темурийлар қўлига ўтди. Аббосшоҳнинг элчиси Аграда икки йил яшади. Атрофни обдан кузатди. Саройдаги гап-сўзлардан, паст-баландликлардан хабардор бўлиб турди. 1613 йили бобурийлар ҳам жавоб элчиларини Табризга юбордилар. Сафавийлар икки йил ўтгач, яна ўз одамларини Ҳиндистонга жўнатдилар. Бу билан чекланмай, 1617 йили Аббосшоҳ яна катта совғалар билан Жаҳонгиршоҳ ҳузурига элчилар жўнатди. Аммо Озар ва Эрон элининг шоҳи асло қониқмади. Уч йилдан сўнг унинг вакиллари яна Ҳиндистон сафари тадорикини кўрдилар. Аббос Сафавий бу йўл билан икки қуённи урди, яъни ўзининг муносабати самимий эканлигига бобурийларни ишонтирди ва Ҳиндистондаги ички вазиятдан бохабар бўлиб турди. Ҳақиқатан ҳам, бу пайтга келиб Жаҳонгиршоҳ Кандаҳор ҳимоясига яхши эътибор қилмай қўйди, сарой эса ўзаро ички жанжаллар гирдобига тушиб қолди. Бундай вазиятдан фойдаланмаслик мумкин эмас эди. 1622 йил Аббосшоҳ кутилмаганда Кандаҳорни қамал қилди ва қирқ беш кун деганда шаҳарни эгаллади!
Жаҳонгиршоҳ ўғли Шоҳ Жаҳонга катта қўшин топшириб Кандаҳорни қайтариб олишга фармон берди. Шоҳ Жаҳон эса бетоб ётган отасини ташлаб узоққа кетса, тожи-тахтдан ажраб қолишини ўйлаб, бу фармонга бўйсунмади.
* * *
Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгиршоҳ қаттиқ изтиробда эди. Аббос Сафавийнинг маккорлиги уни қаҳр-ғазабга тўлдирди. Наҳотки, инсон шунчалик даражада тилёғлама бўлса?! Ахир, у ҳам мусулмон-ку! Душман барибир душман. Шоҳлар буни яхши билишлари лозим. Унинг совға-саломларига, дўстона номаларига учмаслик керак эди!
Жаҳонгиршоҳ ҳузурига ҳеч кимни киритмасликни буюриб, у ёқ-бу ёққа юра бошлади. У жуда одил шоҳ деб ном чиқарган эди, лекин жаҳли чиққанда ҳаддан ташқари қаттиққўл бўлиб кетиши ҳеч гап эмасди — шунинг учун баъзилар унинг ғазабидан чўчинқираб туришарди. Жаҳонгиршоҳ табиатни, гўзалликни севар, нозик ҳис-туйғуларга бой, жон-дили адабиёт эди, ўз қўли билан «Тузуки Жаҳонгирий» асарини битарди.
Ниҳоят, у озроқ чалғиш ниятида қўлини қаламга узатди. Бироқ ичини мушук тимдалайверди. Қаламни қўйиб, ўйга чўмди. Ёдига жавоҳиротлар тушди. Ҳа, уларнинг жилваси қалбидаги ғуборни оз бўлса-да тарқатиши мумкин. У ноёб тошларни вақти-вақти билан томоша қилиб завқланиб туришни канда қилмасди. Шу заҳотиёқ хазиначини чақириб, жавоҳиротларни келтиришни буюрди.
Мана бу «Кўҳинур»! Яъни, нур тоғи. Бундан таралаётган нозик жилва, сеҳрли оҳангни қаранг-а! Мана куч, мана қудрат!.. Гўзаллик ҳамиша катта кучдир. Ғоят ноёб тош. Бундаги ажиб нурлар ҳар қандай дилғуборликни ҳайдайди, танга қувват, қалбга ишонч бахш этади… Буниси «Чироғи олам»! Жуда антиқа ёқут! Ҳақиқатан ҳам олам чироғи! Мана, юзасига ёзувлар ҳам битилган: «Буюк Амир Темур», «Шоҳруҳ Мирзо», «Мирзо Улуғбек» — барчаси ўзининг бобокалонлари. Ия! Анави итнинг номи нима қилиб юрибди, бу жойда? «Аббос Сафавий»!? Бу қандай малъунлик?! Ул номуборак қизилбошнинг номи тезда йўқотилиши лозим!
Жаҳонгиршоҳ хизматга шай бўлиб турган мулозимга буюрди:
— Тезда сарой заргарини чақир; Заргар зудлик билан етиб келди.
— Сен манави ёқутдаги лаънати қизилбошнинг номини ўчир! Унинг ўрнига отам Акбаршоҳ ва менинг исмимни бит. Тезликда!
Жаҳонгиршоҳ шундай дарғазаб қиёфада, кескин буйруқ бердики, заргар бирон бир ортиқча сўз айтишга жазм этмади. Фақатгина, «Хўп бўлади, ҳазратим!», дея олди ва ёқутни олиб устахонага йўналди.
Эвоҳ! Заргар шоҳ амрини яхши англамай қолган эди. У «Чироғи олам»даги барча ёзувларни ўчирди! Барча ёзувларни ўчирди…
Шундай қилиб, буюк Амир Темур, Шоҳруҳ Мирзо ва Мирзо Улуғбекларнинг муборак номлари буюк ёқутни тарк этдилар.
* * *
«Чироғи олам»га кейинчалик кўпчилик бобурий шоҳларнинг номлари битилди. 1628 йилда Шоҳ Жаҳоннинг исми Соҳибқирони Соний шаклида ёзилган. 1659 йили Шоҳ Оламгирнинг номи, 1713 йил Муҳаммад Фаррух Сайёрнинг номи битилган. 1739 йилда эса ёқутни Эрон ҳукмдори Нодиршоҳ олиб кетди.
* * *
«Бу, Исфаҳонга 1153 йил Ҳиндистондан олиб келинган ёқут, шоҳлар шоҳи Султон Соҳибқироннинг йигирма беш минг асл жавоҳирларидан биридир».
Бу ёзув Эрон ҳукмдори Нодиршоҳга тегишли. Уни 1739 йилда (ҳижрий 1153 йилда) ёқут юзига биттирган. Ана шу битик кейинчалик жавоҳир тақдирида маълум аҳамият касб этди.
Нодиршоҳ туркий бўлиб, афшар уруғига мансуб. Хуросонлик. Уни ёшликдан намоёнлашган ноёб саркардалик истеъдоди, ботирлиги ва зийраклиги юксакларга олиб чиқди. 1726 йилда сафавийлар сулоласининг энг охирги вакили Тахмосибшоҳга бу ажойиб саркарда йигит жуда ёқиб қолди. Уни ўз хизматига олиб, Тахмосибқулихон деган янги исм берди. Сўнг мамлакатга тажовуз қилаётган афғон уруғларининг адабини бериб қўйишни топширди. Нодир 1729 йилда Хуросонга келиб ўрнашиб олган афғонларни жангда енгди, 1730 йилда Эронга қайтиб кетди. Бунга усмонли туркларнинг сафавийлар ерига ҳужум қилгани сабабчи эди. Афғонларнинг абдали уруғи ҳокими Зулфиқорхон фурсатдан фойдаланиб, яна Ҳиротни эгаллади ва ўзини шаҳар ҳокими деб эълон қилди. Нодир орқага қайтишга мажбур бўлди. У ўттиз минг аскар билан яна Ҳиротга ҳужум қилди ва эгаллади. Зулфиқорхон Нодирнинг кучини яхши билгани учун, ҳокимликни ўзига қарши фитна тайёрлаётган Оллоёрхонга топшириб, Кандаҳорга кетишга улгурди. Бироқ Кандаҳор ҳокими Ҳусайншоҳга Оллоёрхоннинг мағлубияти хабари етиб келгач, у Зулфиқорхондан шубҳаланиб, уни ва укаси Аҳмадхонни зиндонга ташлатди. Аҳмадхон акасидан йигирма беш ёш кичик бўлиб, онаси бошқа эди.
Нодир Ҳиротни қайта олаётган бу вақтда Тахмосиб усмонлилар билан шундай бир сулҳ туздики, у кўпчиликнинг, шу жумладан Нодирнинг ҳам ғашини келтирди. 1732 йилда Нодир Исфаҳонга келди ва барча саркарда-аъёнларни йиғиб, қурултой ўтказди. Қурултой Тахмосибни тахтдан тушириб, унинг саккиз ойлик ўғли Аббосни шоҳ деб эълон қилди. Нодир эса Аббосшоҳ III номидан иш юритишни ўз зиммасига олди.
У ҳукмронликни жуда муваффақиятли бошлади. 1733—1735 йилларда Туркия билан зафарли уруш олиб борди. Кавказ, Каспий олди ерларидан рус аскарларини қувиб чиқарди. Эроннинг барча тарихий ерларини ўзига бўйсундирди. 1736 йили Муғон чўлида Катта Қурултой чақирилди. Қурултойга йиғилган барча саркардалар, сарой аъёнлари, дин пешволари буюк ишлар қилаётган Нодирдан Эрон тахтини расман эгаллашни илтимос қилдилар. Нодир бунга рози бўлмади, шарт қўйди. (Аксари тарихий китобларда бу жуда ҳайратланарли шарт ҳақида ёзилмаган). Шартнинг мазмуни шу эдики, барча шиа мазҳабидаги олий ва оддий кишилар суннийликни қабул этишлари лозим. Фақат ана шундагина Нодир тахтга ўтириш азобини тортишга розидир. Ҳеч ким бу шартга қарши чиқмади ва 8-март куни Нодирга тож кийдирилди. Бу воқеа Нодиршоҳнинг фақат буюк саркардагина эмас, катта сиёсатдон эканлигини ҳам кўрсатади.
1738 йилда Нодиршоҳ Кандаҳорни эгаллади ва Ҳинд сари юзланди.
* * *
Бу даврдаги бобурийлар давлатининг шоҳи Муҳаммад Гўрхон ўрнатган ҳокимият бўш-баёвгина эди. Нодиршоҳ, ҳаттоки, Муҳаммадшоҳ қўшинларининг кучсизлигини, ландовурлигини кўриб ҳайратга тушган. Сарой аъёнларининг тилёғлама, бебурдлигидан жаҳли чиққан. У Муҳаммадшоҳга бундай аъёнлардан, хусусан, Низом ул-Мулк ва Саодатхондан воз кечиш лозим, деган маслаҳатни ҳам берган.
Нодиршоҳ Деҳлига яқинлашгунча жиддий қаршиликка учрамади. У Панжоб вилоятини эгаллагачгина, Низом ул-Мулк бошчилигидаги Муҳаммадшоҳ қўшинлари Карнал қалъасида мустаҳкамландилар. Нодиршоҳ бу қўшин билан жангга киришмади, уларни айланиб ўтиб, Панипатни олди ва Деҳли билан Карнал ўртасидаги алоқани узди. Фақат шундан сўнг, икки қўшин ўртасида жанг бошланди. Нодиршоҳда эллик беш минглик, бобурийларда етмиш беш минглик лашкар бор эди. Жанг уч соат давом этди, бунда, асосан, ҳиндлар «емиш» бўлдилар, улардан саккиз минг киши ҳалок бўлди. Шундан кейин, томонлар сулҳ тузишга келишдилар. Бобурийлар беш миллион рупий товон тўлашга, Нодиршоҳ эса бу пул эвазига ўз қўшинини олиб чиқиб кетишга рози бўлдилар. Аммо Муҳаммадшоҳ саройидаги ғаламислик бу сулҳни бузди. Айни шу кунларда бобурийлар саройининг аъёни Хон Даврон вафот этиб, унинг ўрнига Низом ул-Мулкнинг катта ўғли ўтқазилди ва Нодиршоҳ қароргоҳида гаровга ушлаб турилган бошқа аъён, асли нишопурлик Саодатхоннинг бунга ғайирлиги келди. У Нодиршоҳ қабулига киришни сўради.
* * *
— Ҳазрат! — деди Саодатхон тиз чўкиб, таъзим қилар экан. — Сиз Ҳиндистондан арзимас ўлжа билан кетаётирсиз!
— Наҳотки? — Нодиршоҳнинг қовоқлари уюлди. — Бу қандай иш бўлди? Мени чалғитишмоқчими? Қани эшитайлик-чи.
— Гапираверинг, тортинманг, муҳтарам Саодатхон!
Саодатхон илтижоли, муте ва айни пайтда очкўзлик, алам ялтираётган кўзларини Нодиршоҳга қаратди.
Ҳазратим! Сиз Деҳлига кирмай чакки иш қилаяпсиз! Сизга ваъда қилинган беш миллион рупий ҳам ўлжа бўлибдими? Деҳли хазинасидан кам деганда икки юз миллион рупийлик тилла оласиз. Жавоҳиротлар эса оламда ягона. «Кўҳинур» олмоси, «Чироғи олам» ёқути, «Шоҳ» исмли яхлит олмослар жуда ажиб! Шундай нарсаларни индамай ташлаб кетаберасизми?!
Нодиршоҳ ҳайрат оғушига чўмди. Наҳотки!? Бу малъун алдамаётирми? Мақсади не? Агар буникг гапи чин бўлса, шунча бойликни олмаслик ҳам аҳмоқликдир.
— Муҳтарам Саодатхон! Мен чуқур ҳайратдаман. Нега сиз шоҳингизга хиёнат қилиб, мени яна жангга ундаётирсиз? Мақсадингиз не?
— Ҳазратим! Муҳаммадшоҳ бутунлай Низом ул-Мулк измига тушиб қолган. Биздек содиқ, меҳнаткаш аъёнларнинг чеккан заҳматлари инобатга олинмай, обрў-эътиборларимиз топталаётир. Шу боис, мен сизнинг буюк, жасоратга тўлиқ ва баҳодирона сиймонгизни кўриб, хизма-ингизга ўткали шайландим. Шоядким, ушбу хизматим туфайли, сиз Муҳаммад Гўрхонни янчганингиздан сўнг, менга лойиқ бир мансаб берсангиз, сизга итдек содиқ бўлиб қолар эдим. Менинг асл Ватаним ҳам Эрондир.
Нодиршоҳ яна ўйга чўмди. Ўз пирига содиқ бўлмаган кимса, бошқа бировга вафо қилармиди?
— Муҳтарам Саодатхон! Қимматли маълумотингиз учун катта ташаккур. Биз албатта Деҳлига кирамиз, осори-атиқаларни томоша қиламиз. Ўзимизга аталган туҳфаларни оламиз. Лекин, Муҳаммадшоҳни янчиш менинг дилимда йўқдир. Ул зот шоҳлар шоҳи Султон Соҳибқирон авлодидандирлар. Дини ислом йўлида улкан хизматлар қилган буюк темурийлар сулоласини тугатишни истамасман. Тарихда бундай ном қолдириш асло жоиз эмас… Сизнинг хизматингизга миннатдорчилик рамзи сифатида бизнинг туҳфамизни қабул этинг.— Нодиршоҳ ўз мулозимларига ўгирилди:
— Зарбоф чопон!
Саодатхон елкасига сарупо ёпилди. У таъзим қилди-да, «Қуллуқ, ҳазрат!» дея орқаси билан юриб қароргоҳни тарк этди.
* * *
Бир неча кундан сўнг, Нодиршоҳ Муҳаммад Гўрхонни ўз қароргоҳига таклиф қилиб, меҳмондорчилик уюштирди. Лекин, бобурийлар шоҳининг дарҳол қайтиб кетишига йўл қўймай олиб қолди. Қисқа музокарадан кейин, икки шоҳнинг вакиллари ҳинд қўшинларига яқинлашиб, янги сулҳ тузилганлигини, ҳамманинг тарқалиши мумкинлигини айтишди. Ҳиндлар уйларига равона бўлдилар. Шундан сўнг Нодиршоҳ Муҳаммад Гўрхонга ижозат бериб, яқин кунларда Деҳлини зиёрат қилиш ниятида эканлигини барчага айтди.
1739 йил 20 март куни у Деҳлига кириб борди. Уни катта дабдаба билан кутиб олдилар.
Бир неча кун аввалги музокарада икки шоҳнинг қандай суҳбат қурганлари бизга номаълум, бироқ Деҳлидаги учрашувда Нодиршоҳ Муҳаммад Гўрхонни Ҳиндистон ҳукмдори сифатида тан олишини эълон қилди. Муҳаммадшоҳ эса миннатдорчилик билдириб, сарой хазинасидаги олтин-кумушларни ва дуру жавоҳирларни Эрон шоҳига инъом этди. 21 март куни бомдод намозида Нодиршоҳ номи хутбага қўшиб ўқилди.
Нодиршоҳ олтин, кумуш ва жавоҳиротларни қўшиб ҳисоблаганда Ҳиндистондан етти юз миллион рупийлик ўлжа олиб қайтди. Бобурийларнинг ғарбий ерлари унинг давлатига қўшиб олинди.
Шундай қилиб, «Кўҳинур», «Шоҳ» олмослари, «Чироғи олам» ёқути Исфаҳонга қараб йўл олди. Шу билан «Буюк Амир Темур ёқути» темурийлар қўлидан бир умрга кетди.
* * *
Нодиршоҳ Ҳиротда дам олар экан, янги бир юриш тўғрисидаги ўй унга тинчлик бермай қўйди. У усмонлиларнинг адабини берди — яқин орада бош суқишмайди, ўрисларни Каспий бўйларидан ҳайдади — у ерлардаги мўмин-мусулмонлар жуда миннатдор, Ҳинддан катта ўлжв олиб қайтди — ўзларидан кўришсин. Афғон юрти ҳам ўзиники — одамлари садоқатли чиқди. Энди бир Бухоро-ю, Хевага ташриф буюриб кучини кўрсатиб қўйса, давлатининг чегаралари анча кенгаярди. Бунга қувват етарли. Лашкар жангга шай. Янги-янги ўлжалар иштиёқида ёниб турибди. Яқинда қўшилган афғон жангчилари ҳам катта куч. Афғоний саркарда Нурмуҳаммад Хилзой уларни яхши бошқаради. Унга ёрдамчилар ҳам зарур. Ўзи топа қолсин. Аммо, барибир, уларни ўзи назардан ўтказиши лозим. Ҳа, айтгандай, Аҳмадхонни ҳам унутмаслик керак.
Нодиршоҳ Кандаҳорни эгаллаганда, саккиз йилдан бери зиндонда ётган Зулфиқорхон ва унинг укаси Аҳмадхонни озод қилган эди. Зулфиқорхонни мана Мозандаронга жўнатди. Укаси эса Нодиршоҳдан ажралишни истамаётир. У насл-насабли, яхши тарбия олган.
Нодиршоҳ ҳузурига Нурмуҳаммад Хилзойни чақириб, у билан суҳбат қуриб бўлгач, мулозимларига буюрди:
— Аҳмадхонни йўқланг!
Аҳмадхон кириб таъзим қилди-да, салом берди.
— Мен сизнинг ботир йигит эканлигингиздан хабарим бор,— деди Нодиршоҳ.— Шу боис, сизни афғон қўшини бўлинмаларининг бирига бошлиқ қилиб тайинлашни лозим топдим.
— Қуллуқ, ҳазратим! Ўла-ўлгунимча хизматингиздадирман. Ишончингизни шараф билан оқлашга интилурман.
Нодиршоҳ ўт-оловдек ёниб, асов отдек пишқириб турган, айни куч-ғайратга тўлган бу йигитга қараб жилмайди.
— Биз яқинда Бухоро томон юриш қиламиз. Агар жангларда шижоат ва матонат кўрсатсангиз, мавқеингиз янада ошадир.
— Қуллуқ, ҳазратим!
Аҳмадхон фақат Бухоро юришида эмас, Арманистонни забт этишда, Доғистондан кофирларни қувиш жангларида ҳам юксак маҳорат ва жасурлик кўрсатдики, натижада у Нодиршоҳнинг энг ишончли кишиларидан бирига айланди. У афғонларнинг абдали қабиласи жангчиларигагина эмас, ўзбек отлиқ аскарларига ҳам қўмондонлик қила бошлади.
* * *
1747 йилга келиб Нодиршоҳнинг сиёсати баъзи эроний намоёндаларга хуш келмай қолди. Буни ҳис қилган Нодиршоҳ ўзига кўпроқ афғонларни, туркийларни яқин ола бошлади. Бу эса эронийларнинг янада ғашини келтирди. Улар Нодиршоҳни йўқотиш пайига тушдилар. Бундан хабар топган шоҳ уларнинг баъзиларини жазолашга қарор қилди. Лекин улгурмади. 20-июнда, қўзғолон кўтарган курдларни тинчитиш вақтида, Фатҳобод яқинидаги тепаликка қароргоҳ қурган Нодиршоҳ ўлдирилди (бу тепалик ҳозир ҳам Нодиртепа деб аталади). Бундан хабар топган қўшиннинг эроний қисми Нодиршоҳнинг доимо ўзи билан олиб юрувчи ҳарами ва хазинасини талаш мақсвдига тушдилар. Лекин Аҳмадхон афғон жангчиларига ва ўзбек отлиқ аскарларига таяниб, пирининг ҳарамини тарождан сақлаб қолди. Эронликлар жасур ўзбек ва афғон лашкарига қарши чиқишга жазм қила олмадилар. Бундан миннатдор бўлган Нодиршоҳнинг севикли хотини Аҳмадхонга ўз ҳурматини изҳор этиб совғалар жўнатди. Во ажаб! Бу туҳфалар ичида оламга донг таратган «Кўҳинур» ва «Чироғи олам» бор эди!..
* * *
Мен бу маълумотдан ҳайратга тушдим. Менинг ҳаёт тажрибам, ўқиганларим, кузатишларим кўпинча садоқат ва жасурлик, пирига бўлган ҳурмат ва эътиқод каби хусусиятларнинг бундай даражада тақдирланишини кўрсатмаганди. Аксарият, макр-ҳийла, хиёнат, зўравонлик ғалаба қилишини кузатгандим. Нега бу ерда ҳаётнинг аччиқ қонуни ўз кучини ишлатмвди? Малика икки оғиз миннатдорчилик номасини юбориб кўяқолса бўлмасмиди? Ёки Аҳмадхон бирор нарса таъма қилармиди? Менимча, йўқ. Мулоҳаза қилиб кўрсам, ҳаётдаги ҳар бир қонуннинг бажарилишида, худди физика қонунларига монанд, маълум бир чегаралар мавжуд экан. Агар, ана шундай чегаравий шартлар аввалдан киритилиб, унга қатъий амал қилинса, керакли натижани олишинг мумкин экан. Ушбу ҳодисотда Аҳмадхоннинг кўнгли поклиги, садоқати, эътиқоди ва пирининг олийжаноблиги, насл-насаблилиги айтилган чегаравий шартлардир.
Аҳмадхон келгусида янада буюк ишларни амалга оширди. Уни ҳақиқатдан ҳам пирининг руҳи қўллади.
* * *
Нодиршоҳнинг ўлимидан сўнг, Аҳмадхон ва Нурмуҳаммвд Хилзой Эроннинг ички ишлврига аралашишни истамай барча қўшинлари билвн Кандвҳоргв қайтдилвр ва мустақил вфғон дввлвтини тузишга қарор қилдилвр. Олдинда Афғонистон подшоҳини сайлаш муаммоси кўндаланг бўлиб қолди. Бунинг учун барча афғон қабилалврининг сврдорлври Квндаҳоргв йиғилдилвр.
Жирға ўн кун мобвйнидв бир қврорга келолмади. Свйлвнажак подшоҳ қатнашувчиларнинг ярмидан кўпини эмас, ҳаммани қаноатлантириши керак эди. Кўпгина йирик қабилаларнинг бошлиқлари, хусусан, Нурмуҳаммад Хилзой ҳам ўз номзодларини ўтказолмадилар. Шунча кун мобайнида Аҳмадхон ўз номзоди ҳақида чурқ этиб оғиз очмади. Бироқ ўнинчи кун қатнашувчиларнинг бири — Кобул ҳокими Собиршоҳ Аҳмадхонни подшоҳ этиб сайлашни таклиф этди. «У,— деди Собиршоҳ,— қалби пок инсон, катта ҳарбий ва ҳаётий тажрибага эга!» Бу твклифга ҳеч ким қарши фикр билдиролмади. Шундай қилиб, йигирма беш яшар Аҳмадхон Афғонистон подшоҳи этиб сайланди. Бу 1747 йилнинг октябрь ойида содир бўлди.
Аҳмадшоҳнинг номи фақат «Чироғи олам»нинг ёниқ юзидагина эмас, Афғонистоннинг, бутун Ўрта Осиёнинг тарихида ўчмас из қолдирди. Ўша даврдан бери Афғонистон ўз мустақиллигини йўқотмади.
Аҳмадшоҳ ажойиб инсон бўлгани учун Дури Даврон, кейинчалик Дурроний деб аталди. У афғон подшоҳларининг дурронийлар сулоласини вужудга келтирди. Аҳмадшоҳ Дурроний 1773 йилда вафот этиб, ўзидан сўнг қирқ миллион аҳолили, катта хазинали ва кучли қўшинга эга бўлган давлатни ўғли Темуршоҳга қолдирди.
* * *
Темуршоҳ Дурроний пойтахтни Кандаҳордан Кобулга кўчирди. Хазина, шу жумладан «Кўҳинур» ва «Чироғи олам» ҳам у ерга олиб кетилди.
1793 йил Темуршоҳ вафот этди. Тахтга унинг йигирма уч ўғлининг бешинчиси Замон Мирзо ўтирди. Шу вақтдан дурронийлар давлатида нотинчлик ҳукм сура бошлади. Панжоб вилояти қўлдан кетди. У сикхларга қарам бўлиб қолди. 1799 йил Замоншоҳ ўн тўққиз ёшли сикх рожаси Ранжит Сингх билан қўшилиб Панжобни қайта эгаллашга уринди, лекин натижага эришолмади. Ранжит Сингх эса Лоҳурни забт этишга муваффақ бўлди. Замон Мирзонинг ҳукмдорлиги узоққа чўзилмади. 1800 йили укаси Маҳмуд уни тахтдан қулатиб, кўзларига мил торттирди. Бироқ у ҳам, уч йил ўтгач, бошқа ука — Шужа ул-Мулк томонидан ағдарилди. Шужа ул-Мулкни халқ ва сарой аҳли хуш кўрмади. У кучли шахс эмасди. Зийраклик ва ҳушёрлик каби хислатлар унга ёт эди. Тез орада хазина ҳам бўшаб қолди. Натижада 1813 йили сарой аъёнлари тахтга яна қайта Маҳмудни чиқардилар. Шужа ул-Мулк Лоҳурга, Ранжит Сингх паноҳига қочишга мажбур бўлди. У ўзи билан «Чироғи олам» ва «Кўҳинур»ни олиб кетди. Вақти келиб сикх рожаси жавоҳирлардан хабар топди ва бошпана эвазига уларни ўзига беришни талаб қилди.
* * *
Шужа ул-Мулк рози бўлмади. Бу жавоҳирлардан ажраш — омад ва бахтдан ажраш демакдир.
— Марҳаматли рожа, афсуски, сиз мендан бажариш мумкин бўлмаган нарсани сўраяпсиз. Мен сизга жонимни беришга тайёрман, лекин «Кўҳинур» ва «Чироғи олам»ни беролмайман.
Ранжит Сингх ғазабланди. Бу қандай кўрнамаклик! Мен унинг ҳаётини асраб қолган бўлсам, бошпана бериб шоҳона турмуш кечиришига барча имкониятларни яратсам-у, у мендан жавоҳирларини қизғанса?! Йўқ, бу кўрнамакдан жавоҳирларни куч билан бўлса-да, тортиб олиш керак.
— Олийзот Шужа ул-Мулк! Биз ахир дўстмиз. Менинг уйим — сизнинг уйингиз. Менинг бойлигим, қудратим — сизнинг ҳам бойлигингиз, куч-қувватингиздир. Наҳотки, сиз ўз дўстингиздан қандайдир бир жавоҳирларни аясангиз?
Шужа ул-Мулк бошини хам қилди.
— Минг бор узр, марҳаматли рожа! Бу жавоҳиротлар бобом Аҳмадшоҳдан эсдаликдир. Тошлар бобомизга омад ва бахт, таналарига куч, дилларига бардамлик бахш этганлар. Улар менга ҳам шундай толе келтиришига ишонаман. Жавоҳирларни йўқотиш — ўзлигимни йўқотишдир. Майли, истаган бошқа нарсаларимни олинг, бироқ бу икки тошни асло ҳадя этолмайман…
Рожанинг тошларга бўлган ҳаваси янада ортди. Демак, «Чироғи олам» ва «Кўҳинур» оддий ноёб жавоҳир эмас, сеҳрли хусусиятга ҳам эга экан-да! У ҳолда, уларни албатта тортиб олиш даркор.
— Олийзот Шужа ул-Мулк! Гапларингиз дилимни юмшатди. Аммо, айтинг-чи, уларга назар ташлаш ҳам мумкин эмасми?
— Марҳаматли рожа! Келинг, шу тошлар ҳақида гаплашмайлик.
Ранжит Сингхнинг ғазаби қайнади.
— Олийзот Шужа ул-Мулк!! Тузни ичиб тузлуққа тупурманг! Жавоҳирларни қаерга яширгансиз?!
— Афсуски, марҳаматли рожа, бу нарсани айтолмайман.
Ранжит Сингх мулозимларига ўгирилди. Унинг қорача юзи янада қорайиб кетганди.
— Мана бу кўрнамакни зиндонга ташланг! Овқат ва сув берманг!
Шужа ул-Мулк банди қилиб олиб чиқиб кетилди.
Икки кун ўтгач, ҳолсизланиб қолган қувғиндаги шоҳ яна рожа ҳузурига келтирилди.
— Хўш, олийзот Шужа ул-Мулк, энди айтарсиз жавоҳирларнинг қаердалигини? Огоҳлантириб қўяй, агар яна ўжарлик қилсангиз, мулозимларга буюраман, сизни ўласи қилиб калтаклашади.
Шужа ул-Мулк киртайиб қолган нурсиз кўзларини унга тикди. Сувсизликдан ёрилган лабларини қимтиди.
— Марҳаматли рожа, майли калтаклатинг…
Рожа мулозимларга имлади. Улар шу заҳотиёқ қувғин афғон шоҳини олиб чиқиб роса калтаклашди. Сўнг рожа ҳузурига судраб келишди. Ранжит Сингх Шужа ул-Мулкка яқинлашди.
— Нега?— деди у дарғазаб оҳангда.— Нега айтмаётирсиз? Ахир ўлиб кетасиз-ку!
Шужа ул-Мулк ўзи боқийга рихлат қилса, рожа жавоҳирларни топа олмаслигини билар эди. Ранжит уни ўлдиролмайди. Шунинг учун, кўзларини юмиб очди. Бу, «майли, ўлсам ўлақолай», дегани эди. Рожа буни яхши англади. У бошқача қарорга келди.
— Олийзот Шужа ул-Мулк! Энди ўзингиздан кўринг. Сизни ўлдиртирмайман, лекин жазосиз ҳам қолдирмайман. Мен сизнинг кўзларингизга мил торттираман. Шундан кейин кўрасиз, ўша жавоҳиротлар сизга қандай омад ва бахт келтиришини! — Ранжит Сингх мулозимларга ўгирилди.— Жаллод! Айтинг, бунинг кўзларини ўйсин!
Жаллод ҳозир бўлди. Милни ушлаб, Шужа ул-Мулк кўзларини ўзига қаратди. Айни шу дамда қувғиндаги шоҳ базўр сўз қотди:
— Тўхта… Рожани чақир… Айтаман…
Шу билан, «Чироғи олам» ва «Кўҳинур» сикх рожаси Ранжит Сингх қўлига ўтиб қолди. Шужа ул-Мулк эса инглизлар томонидан забт этилган ерларга — Лудхианага кетди. Улар қувғиндаги шоҳга бошпана бериб, нафақа тайинладилар.
* * *
Ранжит Сингх ўз ерларини то 1823 йилгача кенгайтириб борди. Балки, чиндан ҳам унга жавоҳиротлар омад ва қудрат бағишлагандирлар?! Бироқ у инглизлар босиб олган ерларни тортиб ололмади. У афғонлардан Кашмирни, Пешоварни олиб қўйди. Унинг давлати кенгайиб, анча мустаҳкамланди.
Ранжит Сингх 1839 йили вафот этди. Унинг валиаҳди Кхаран Сингх кўп подшоҳлик қилолмади, 1840 йили омонатини топширди. Тахтга Ранжит Сингхнинг иккинчи ўғли Шер Сингх ўтирди. У 1843 йилдаги ички тўполонларда ўлдирилди. Шундан сўнг, тахтга Ранжит Сингхнинг энг кичик фарзанди олти ёшлик Далип Сингх ўтқазилди.
Бу даврда инглизларнинг Ҳиндистондаги кучлари ошиб бормоқда эди. Уларнинг босқинчи қўшинлари Панжобни ҳам истило қилишга узоқ уринишди. Ва ниҳоят, 1849 йилда Лоҳур эгалланди. Ўн икки ёшли рожа Далип Сингх бир умрлик нафақа эвазига тахтдан ва хазинадан, шу жумладан жавоҳиротлардан воз кечиш «сулҳ»ига қўл қўйишга мажбур этилди. «Чироғи олам» ва «Кўҳинур» инглизларнинг мустамлакачи Ост-Инд компанияси қўлига ўтди.
Бу компаниянинг мутахассислари «Чироғи олам»нинг ўта ноёб тарихий тош эканлигини англай олмадилар. Улар асосан «Кўҳинур»га эътибор қилиб, уни Инглизистон қироличаси Викторияга туҳфа этдилар. 1851 йилда Лондонда барча талон-тарож қилинган жавоҳирларнинг катта кўргазмаси уюштирилди. У ерга қўйилган «Чироғи олам»га мана бундай изоҳ берилганди: «тўртта катта шпинель — ёқутдан иборат тақинчоқ». Шу билан «Чироғи олам»нинг ўзи ҳам, номи ҳам бир неча ўн йилликларга унут бўлиб кетди.
Орадан олтмиш йилдан кўпроқ вақт ўтди. 1912 йили инглиз жавоҳиршуноси Жеймс Херберт Смитнинг диққатини улкан ёқутдаги ёзувлар тортди. Ундаги энг йирик битикларни арабча алифбо билувчиларга ўқитиб кўрди ва таржима қилдирди: «Бу, Исфаҳонга 1153 йил Ҳиндистондан олиб келинган ёқут, шоҳлар шоҳи Султон Соҳибқироннинг йигирма беш минг асл жавоҳиротларидан биридир». «Демак, у ёқут буюк Амир Темурнинг жавоҳири экан!» — хулоса чиқарди жавоҳиршунос ва уни шу ном билан атай бошлади. Нодиршоҳнинг битиги ёқутга янги ном берилишига сабаб бўлди. Кейинчалик унинг дунёга машҳур «Чироғи олам» эканлиги аниқланди. Барибир, ҳозир у Ғарбда «Буюк Амир Темур ёқути» деб аталиб келинади.
* * *
Гоҳо-гоҳо менга узоқлардан, аниқроғи, сертуман Альбион деб аталувчи Британия оролидаги қирол оиласи истиқомат қилувчи Букинхем саройидан бир нидо келаётгандек туюлади. «Мени буюк Амир Темур авлодлари яшаётган серқуёш, нурли ўлкага олиб кетинг!— илтимос қилади у нидо.— Мен олам чироғи бўлганим билан, ёруғ нурларни тўйиб эмиб турмасам, нозик жилолар таратолмайман…» «Афсуски, биз буюк Амир Темурга муносиб авлод эмасмиз,— ўйлайман мен.— Бу пешона эмас, кўргиликдир. Биз келгуси авлодлар олдида ҳам жазога мустаҳиқмиз. Бизни кечир, бу иш қўлимиздан келмайди. Сенга эгалик қилишга, маънавий ожизлигимиз туфайли, асло ҳаққимиз йўқ… Аммо менинг қалбим, бу сатрлардан сенинг мавжудлигингни билган халқимнинг ҳам қалби сен билан биргадир».
Лекин у нидо менинг ўйларимга қулоқ тутмайди…
“Шарқ юлдузи” журнали, 1991 йил, 10-сон