Мен, гоҳо-гоҳо, айниқса кечки пайт, ишдан қайтганимдан сўнг, кийимларимни алмаштиргач, уйим яқинидаги салқин хиёбонга чиқиб, ям-яшил дарахтларга тикилиб, тиним билмас қушларнинг чуғурини эшитишни яхши кўраман. Бугун ҳам худди шундай қилдим. У ердаги бўш ўриндиқларнинг бирига бориб чўкдим. Бир оз ўтиб, ёнимга бир киши келиб ўтирди. Салом берди. Алик олдим. У менга синчиклаб боқди-да, сўз қотди.
– Кечирасиз, мен кимгадир дилимни очгим келаяпти. Сизга гапирсам, индамай эшита оласизми?
Кулгим қистади, лекин ўзимни босдим. Балки бу одамга руҳий ёрдам керакдир. У юрагини баъзи бир ғамлардан бўшатмоқчидир. Эшитсам, эшитақолай. Барибир, бу хиёбонда эски танишларим йўқ, гаплашадиган.
– Майли, – жавоб бердим. – Қулоғим сизда!
Унинг кўзлари чақнади ва ўз монологини бошлади.
– “Сиз андроид нима, аниқроғи ким эканини биласизми? Ишонаман, биласиз. Лекин, илтимос, фақат энг замонавий қўл телефонларининг электрон ақл қисми деб ўйламанг. Тасаввурингизни юқорироққа кўтаринг. Иложи бўлса, инсон даражасига. Чунки, сиз уни ҳар куни кўрасиз ва уни оддий одам сифатида қабул қиласиз. Кўпчилик умуман андроид ҳакида эшитмаган. Истасангиз, улар ҳақидаги бор ҳақиқатни айтиб бераман. Лекин бир шартим бор! Бу гапларнинг ҳаммаси ўртамизда қолсин. Ҳеч кимга чурқ этманг! Келишдикми? Бўпти, эшитинг.
Андроид — одамсифат ақлли робот. Мутахассис бўлмаган кимса унинг ташқи қиёфасидан, юриш-туришидан, гап-сўзларидан “homo sapiens”дан, яъни онгли инсондан фарқ қила олмайди. Бироқ бирон-бир еридан терисини кўчириб вужудига назар ташласангиз, юрак, мушак, томир, жигар ёки мияни эмас, балки турли симлар, митти схемалар, чиплар, механизмлар ва мурватларни кўрасиз. У жуда ақлли, юксак онг эгасидир. Ҳашаротни эслатувчи саноат роботлари бу андроид олдида бир ҳужайрали жониворга монанд, мен сизга айтсам.
Андроиднинг онглилик кўлами ва даражаси уларнинг қайси тоифадан чиққанига, яъни маркасига боғлиқ. Бирок, ҳеч бир андроид ўз механизмларини анави ўргимчак роботлар сингари дуч келган суюқлик билан мойламайди. У ҳамиша тоза, соф махсус мойларни, таъбир жоиз бўлса, танаввул қилади. Ана шундай!
Сиз, ўз навбатида, мен билан танишинг. Мен, ўша андроидларни лойиҳаловчи ва ишлаб чиқарувчи бирлашмада хизмат қиламан. Аммо, айтиб қўяй, камина оддий, доимо пули йўқ, камсуқум муҳандис ёки кўзойнак тақволиб, мукка тушиб, эртадан кечгача тажрибалар ўтказувчи, ўз фанидан бошқа ҳеч нарса билан қизиқмайдиган илмий ходим эмасман.
Мен ўзимни VIP, яъни ўта муҳим шахс деб ҳисоблайман, чунки ишлаб чиқарилаётган ҳар бир андроиднининг сифати ва истеъдоди қандай намоёнлашганига қараб маълум муассаса ёки корхоналарга йўлловчи идора раҳбариман.
Идорамизнинг вазифасига асло таажжубланманг. Ҳар бир ота-онадан турлича феьл-атвор ва истеъдодга эга бўлган фарзандлар туғилади, буни биласиз. Андроидлар ҳам худди шундай. Улар бир хил лойиҳа ва программа асосида тайёрланишса ҳам, жуда турли-туман феъл-атворга ва истеъдодга эгалар. Менга ишонаверинг. Бу соҳадаги тажрибам жуда катта.
Энди, хизматимнинг қандай кечиши ҳақида икки оғиз сўз айтай. Биз эртадан кечгача ҳали мойи артилмаган андроидларни имтиҳон қиламиз. Бу ишни қўл остимдаги мутассади ходимларим амалга оширишади.
Жамоам аъзолари ҳам жуда турличалар, лекин ўз вазифаларига сидқидил ёндошишади. Фақат биттасидан ташқари. У қинғир ва қўпол. Уни аллақачон думини тугардим-ку, бироқ ўзимга зарар етишини хоҳламайман. Чунки уни «юқори”дагиларнинг кўрсатмаси билан хизматга олганман. Виждонимга қулоқ солсам, ўзим ишдан кетиб қолишим ва оч қолишим мумкин, тўғрими?..
Ҳа, айтгандай, келишган эдик-а, бу гаплар ташқарига чиқмасин.
Кейинги пайтларда, қинғир ходимимнинг имтиҳонидан ўтган андроидларнинг баъзилари менга келиб шикоят киладиган бўлиб қолишди. Уларнинг айтишича, ўша нусха андроидларга иш жойига етиб олгунча берилувчи сифатли робот мойининг бир қисмини талаб қилаётганмиш. Агар, унга рўбарў келган андроид робот мойидан чўзмаса, шўринг қурғурни, истеъдоди ва имконияти қандайлигидан қатъий назар, кўп ақл талаб қилинмайдиган хизмат жойига йўллаётганмиш.
У ерларда эса, андроидларга қуйиб туриладиган мойнинг сифати паст. Шундай жойларга тушиб қолган андроидлар минг мураккаб тузилишли ва “ЎДА”, яъни “Ўта Доно Андроид” маркасида ишлаб чиқарилган бўлсалар-да, арзонроқ робот мойи билан яшаб, ўз имкониятларининг миллиондан бир улушини ҳам ишлатолмай юраверадилар.
Қизиқ бир ҳолат: андроидларнинг ҳам одамларга ўхшаб зиқналари ва қўли очиқлари бор. Минг мураккаб тузилган, лекин хасислик қилувчи андроидлар кўргуликларини кўриб, ифлос мойларни ичиб юраверадилар. Натижада, тез бузилиб, трансформацияга жўнатиладилар. Анча оддий, имкониятлари чекланган бўлса-да, қўли очиқ андроидлар эса керакли шахслар дилига йўл топиб, топшириқ берувчи, жавобгар шахслар сифатида иш юритмоқдалар. Ичган мойлари олдиларида, ичмаганлари орқаларида. Тушундингизми? Бирон кимса уларнинг мушугини пишт деб кўрсин-чи?! Олдиндан программалаштирилган алоҳида сўзларни қалаштириб, пишт дейувчиларнинг ўзини гуноҳкор қилиб қўядилар.
Сизга бир ёзилиб, кўнгилни очаётганим боис, биратўла барча сирларни оча қолай. Ходимларим орасида, ўша қинғир-эркатойдан ташқари, ўзимнинг ҳам ишончли кишиларим ҳам бор. Мен, уларга қайси андроидни қаерга йўллашни олдиндан айтиб қўяман. Улар эса кўрсатмаларим асосида имтиҳон олишади. Масалан, «КФА» маркали андроиднинг муаллифи Фалончи Пистончиев менинг яқин ошнам. У менга ажойиб робот мойларини етказиб туради. Мана, қўлимдаги чиройли шишани кўряпсизми? Бунинг ичида энг сифатли, энг хушбўй робот мойи бор.
Хуллас, мен доимо «КФА»ларни сифатли мой бериладиган корхоналарга юборишга ҳаракат қиламан. Шундай жойлар борки, у ерларда ўзга робот ва андроидлар киритилмайдиган алоҳида мойхоналар мавжуд. Мазанинг мазаси ўшанақа жойга кириб олишда. У ерда «КФА» тоифасидан эканлигинг ҳам фазилатга айланади. Иш ҳам қийин эмас. Бошлиқлар ёт деса ётиш, тур деса туриш керак. Ҳаттоки, белинг букилмайдиган бўлса ҳам… «КФА»ларга эса сифатли мойлар етказиб турилса, шунинг ўзи катта бахт. Улар бажараётган ишларининг оқибатини ўйлаб ҳам ўтирмайдилар. «КФА» нимани англатади, деяпсизми? Бу ҳарфлар “Калта Фаҳмли Андроид” маъносини билдиради. Лекин, «КФА» лар жуда оқибатлилар. Улар, ўз ижодкорлари бўлган Фалончи Пистончиевга вақти-вақти билан албатта юқори сифатли робот мойлари юбориб туришни канда қилишмайди. У киши ҳам ўз навбатида менга ҳам улуш беришни унутмайдилар. Мен ҳам, ўз навбатида, ишончли ходимларимни таъминлайман. Воқеалар шу тариқа айланма тарзда изчил давом этаверади.
Энди, яқинда рўй берган бир воқеани баён қилай: анави қинғир ходим эҳтиётсизлик қилиб, ўзининг кимлигини билдириб қўйибди. Жуда ғазабим қайнади. Биласизми, у одам эмас, андроид экан! У теп-текис жойда гурс этиб йиқилибди-ю боши ёрилибди. Атрофга митти схемалар, симли ғалтаклар, тана аъзоларининг бўлаклари сочилибди. У калтафаҳмлик қилиб, меъёрини билмай, энг юқори сифатли мойдан роса тўйиб ичибди. Натижада, координацияси бузилиб, ўзини бошқара олмай қолибди. Раҳбарлар билан маслаҳатлашиб, уни тузатдирдим ва бошқа идорага жўнатиб юбордим. Аслида, трансформация қилдиришим керак эди. Трансформация нималигини биласизми? Бу роботлар учун нариги дунё дегани. У қисм-қисмларга ажратиб ташланади. Қисмлардан эса бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин ёки ташлаб юборилади.
Гапиравериб чарчадим. Рухсат беринг, озроқ томоқни ҳўллаб олай.”
Суҳбатдошим шишани бурама қопқоғини очиб, оғзини томоғига йўналтирди-да, қулт-қулт-қулт қилиб робот мойидан тўйиб ичиб олди.
– “А, ана… Кайф, маза!..Энди, яна гапимни давом эттирсам бўлади. Хуллас, менга қаранг, нега сизга бутун сир-асроримни ошкор қиляпман? Ёки, мана бу, Фалончи Пистончиевнинг берган мойи ўткирлик қилиб қолдимикан, а? Ўйлагандим-а, ғоят юқори сифатли экан деб. Миямни айнитиб, гап механизмларимни юргизиб юборибди… Майли, бўлар иш бўлди… Сизга яна бир сирни очаман: билиб қўйинг, камина ҳам – андроидман!.. Бу ҳақда ҳеч кимга чурқ этманг! Биз келишганмиз.
Мен сизга айтсам, атрофингизда қанча андроид мавжудлигини тасаввур қила олмайсиз! Улар ҳақиқий одамларнинг ичига шунчалик аралашиб кетишганки, кўринишларидан умуман фарқлаб бўлмайди! Эътиборингиз учун, Фалончи Пистончиев ҳам андроиддирлар, шунингдек, ходимларимнинг аксарияти ҳам андроид. Атрофга нигоҳ ташланг, кўзингиз албатта андроидга тушади! Лекин, сиз уни инсон деб тасаввур этасиз. Ана шунақа…
Сиз мени ҳурмат қиласизми? Ундай бўлса, мана бу робот мойидан бир қултум ичинг. Жуда зўри!.. Маза қиласиз!.. Нима? Сиз одаммисиз? Алдаманг, назаримда, атрофимда инсон зоти йўқдек…”
Шу пайт нимадир қирс этди-да, гапирувчининг овози ўчди. Атрофга майда пуржиналар, мурватлар, сим бўлаклари сочилди. Андроиднинг оғзи, деярли бақираёзганиданми ёки ўта соф робот мойи унинг баъзи қисмларини ҳаддан ташқари тез айлантириб юборганиданми, йиртилиб кетганди.
“Бу кимса одам бўлганда “Тез тиббий ёрдам” машинасини чақирардим, – ҳаёл қилдим мен. – “Тез техник ёрдам”нинг эса фойдаси йўқ. Уни қайта йиғишдан кўра, трансформацияга жўнатган дуруст. Ўзидан кўрсин. Мен тезроқ бу ердан кета қолай. Тағин, айбдор қилиб юришмасин!”
Ўрнимдан турдим-да, унинг қўлидан тушиб кетган идишчани олиб чўнтагимга солдим. Ниятим, уни бир танаввул қилиб кўриш эди – жуда мақтади. Ва тўғри уйимга равона бўлдим.
Бундай қилишимга яна бир сабаб бор эди. Техник шифокорнинг кўрсатмасига биноан, худди пайтда, уйқуга кетишдан роппа-роса бир соат илгари, соф робот мойидан икки чой қошиқ ичиб олишим зарур эди. Ўзимники туратурсин. Мана бундан бир ютиб кўрай-чи. Лекин, анави чўзилиб ётган пандавақидек қултиллатиб ичишим шарт эмас. Меъёрни билиш лозим. Икки чой қошиқ етади. Мен ҳам андроид бўлсам-да, сал бошқачароқман, ҳаддини билмаслик бир кунмас бир кун ҳалокатга олиб боришини яхши тушунаман.
01.10.2014. Тошкент.