Хуршид Нуруллаев. Гувоҳлигини билмаганлар (қатра)

Ногоҳ янграган телефон овози автобусда бораётган жувонни ҳушёр торттирди. У шошганча тиззасига қўйган сумкасини очиб, телефонни оларкан, атрофдагилар диққатини ўзига тортганидан хижолат чеккандек, узрли нигоҳини телефон кўрсаткичига бир зум тикканча, уни қулоғига тутди.
– Йўлдаман, ҳозир ўзим телефон қиламан.
Бу гапни аёл деярли шивирлаб айтди. Сим қоққан томон гапириб улгурган бўлса керак, жувоннинг кўзида ёш томчилади. Телефон тугмасини босиб, сумкасига соларкан, ундан дастрўмол чиқарди. Ёшлаган кўзларини артиб, ўзига қараб-қараб қўяётган нигоҳларга жавобан ноқулай ҳолатга қолгани учун узр сўрагандек, лабига сезилар-сезилмас табассум югуртирди. Қайта ёшланган кўзларини артиш учун яна рўмолчани кўзига босди.
– Ўзингизни босинг, – деди жувоннинг тўғрисида ўтирган мўйсафид ўзича ҳамдардлик билдириб.
 Жувон гапирмади, лекин бу гал юзига қўнмоқчи бўлган табассум қушларини ҳайдашга улгурмагани учун, илжайишга мойил лабларини рўмолчасини билан яширган бўлиб, юзини автобус ойнаси томон бурди. Ташқарида бир маромда ўтиб бораётган уйлар, дўконлар, йўлак бўйлаб одимлаётган одамлар кўзга ташланарди. Аёлга қараган йўловчилар ҳам кўзларини ташқарига қадашди.
Лекин боя аёлга қараб, унинг кўз ёшидан ачингани ҳам, лабидаги табассуми аҳволини яширишга бўлган сохталик деб ўйлаганлари ҳам айни вақтда дунёда энг бахтииёр, ушалган орзусидан қувончи ичига сиғмаган аёл билан бораётганларини билишмасди.
Дарҳақиқат, ушбу йўловчилар жувонга ўғли қўнғироқ қилганини, онаси гапини тугатмай, унинг “ўқишга кирдим, ойижон” дейишга улгурганини, қайдан билишсин.