Кўзинг – ўзингники, қулоғинг – ўзганики.
Ўзбек халқ мақоли.
– …Одамбой ака, келинг… Эрталабки мажлисда айтилганидай: бугундан бошлаб шу икки қизга бошлиқсиз. Ҳозирча… Тез орада дугоналарининг таътили тугаса, булар ҳам кўпайишиб қолади. Танишинглар: бу – Нозигул, буниси – Лобар. Мана шу лойсувоқ деворни ҳу охиригача оқлашларинг шарт. Нозик меҳмонлар келадиган. Эртага кечгача улгуришимиз керак.
Қўшимча топшириқлар берган директор шошилиб жўнади. Ҳали оҳаклашни бошламасларидан Нозигул кетиш учун рухсат сўради.
– Болам реанимацияда. Бормасам, бўлмайди. Унинг ёнида бўлишим керак.
– Йўқ, – деди Одамбой пича ўйланиб тургач. Унинг овозида ачиниш ёки ҳокимлик қилиш эмас, ажабланиш ҳисси ҳукмрон эди. – Ҳозиргина кетди-ку, нега директорнинг ўзидан сўрамадингиз: кетайми, кетмайми, деб? Тушунарди. Уям одам.
– У одам бўлганда, ўзим билардим. Илтимос, жавоб беринг.
Қараса, Нозигул кўз ёши қиладиган, Одамбой ноилож қолиб бош ирғади. Иш чала қолди: кечгача деворнинг учдан бири ҳам оқармади.
Кеч кирди. Директор келди. Унинг кўзлари қизарган, қовоғи солиқ, боши эгик эди. У оқланиши керак бўлган деворни кўриб тутақиб кетди.
– Тушунмадим! Нима учун девор оқланмади, а?! А, нимага оқлатмадинг?!
– Нозигулнинг боласи…
– Боласи?
– Ҳа. Боласи реанимацияга тушиб қолган экан. Бормасам, бўлмайди, деганидан кейин…
– Унинг боласи бор эканми? А?
– Ҳа…
– Роса лақиллатибди-ку сизни! Ҳеч қанақа боласи йўқ унинг. Мен гўл бўлмасам, келиб-келиб сизга ишонаманми? Ўринбосармиш тағин. Шуни қоровулимга буюриб кетганимдаям ярмини тугатган бўларди. Эҳ, мен аҳмоқ… Ўзи, қўлингиздан бирон иш келадими? А? Ярим йил касалман деб ётдингиз, ғинг демадим, ойлигингизни ойма-ой шақиллатиб санаб олдингиз, индамадик. Яна нима керак, инсон? Нонкўрлик қилманг-да. Шундай «ёнаётган» пайтимда ёрдам бермасангиз, қачон ёрдамлашасиз?
Ярим соатлик ваъзхонлик, буйруқбозликдан сўнг директор:
– Эртага саҳарлаб меҳмонимизни кутиб олгани чиқишим керак. Хуллас, кечқурунгача деворимиз оппоқ бўлсин, шунда сизам оппоқсиз, менам.
Одамбой туни билан ухлолмай тўлғониб чиқди. Миясида айланаётган ўйлардан юраги санчирди.
“Шунчалик соддаманми?! Устимдан кулиб алдаб кетишса-ю, сезмасам? Ҳеч кимга ишониб бўлмай қолди. Аёл ҳақ десам, эркакнинг гаплари ўринлига ўхшайди”.
Одамбой қоп-қоронғи хонада ўзини кўзгуга солган кўр одамга ўхшарди. У ўзининг қандайлигини, атрофидагиларнинг кимлигини билолмай қийналарди.
“Эртадан бошқа одамга айланаман”.
– Нега одамни алдадингиз?
Одамбойнинг қизлар билан эрталабки “салом-алиги” шундай бошланди.
– Нима дебман?
– Боламни кўргани бораман дегандингиз. Болангиз йўқ экан-ку?
– Нима?! Директор шундай дегандир, ҳойнаҳой. Айтувдим-а одаммас у деб! Менинг болам йўқ эканми, ишонмасангиз, мана, кўринг.
У сумкачасидан оқ-қора фотосуратни олди. Унда Нозигул ногирон болачани қучоқлаб турарди.
– Энди ишонгандирсиз? Ё қасам ичайми?
Нозигулнинг кўзлари жиққа ёшга тўлди. Одамбой қаққайиб қолди.
– Майли, – деди Одамбой зўрға ўзига келиб. – Кечгача оҳаклаб тугатинглар.
– Мен яна касалхонага боришим керак.
– Э, қизиқ экансиз-ку, эрталабдан кетадиган экансиз, нега келдингиз ишга?
– Сизга ишониб келдим. Ўзингиз тушунадиган одамсизку: эрта-индин ойлик берадиган. Пул топишнинг бошқача йўлини билмасам…
– Кечиринг-у, сизга жавоб беролмайман. Мениям тушунинг: бировнинг дод-фарёдини манави еримга олаверсам, – Одамбой чап кўксини кўрсатди. – Ўзимникини қаерга сиғдираман? Агар ишдан кетсам, бу дипломим билан шаҳардан бошқа иш тополмайман. Мен ҳам яшашим керак. Ўзи, директор билан ўртамизда ишкал бор. Шунинг учун деворни оқлаб бўлинглар-у, истаган томонларингга кетаверинглар.
– Акажон, ўзингиз яхши одамсиз-ку, тушунинг, ўғлимнинг аҳволи оғир. – Нозигул ҳўнграб йиғлаб юборди. – Илтимос, охирги илтимосим, мени ҳимоянгизга олиб туринг, ишдан бўшатиб юбормасин. Дўхтирлар ўғлингизни беш кунлиги борми-йўқми, билмаймиз, дейишяпти. Нега ишонмайсизла-а-ар?
Лобар Нозигулни бағрига олди. Одамбойнинг ҳам кўнгли бузилди. Нозигул кетаверсин, деган маънода Лобарга ишора қилиб қоровулхонага кириб кетди.
Лобар кечгача ишлаганидан сўнг деворнинг ярмигина оқланди. Одамбой Нозигулга рухсат бериб тўғри қилдим, деб ўйлаганди, лекин директор келиб унинг ишончини шубҳага айлантирди.
– Шунга ишониб ўтирибсизми? Ўғлим бор деган ўша ёлғончининг тилини суғуриб олмадингизми? Бировнинг боласини кўрсатгандир ўғлим деб. Бу ерда етти йилдан бери директорлик қиламан. Бунақа муттаҳам, фирибгарларнинг мингтасини синовдан ўтказганман. Менга ишонасизми, унгами? А? Менда ходимларимнинг ҳамма маълумотлари бор: ким уйланган, нечта фарзанди бор, нечта хотини, нечта ўйнаши – ҳамма-ҳаммасини биламан. Билмадим, нима қилсангиз, қилинг, эртага туш пайтигача девор оқлансин, оқланмаса, аризангизни ёзинг, уям ёзсин. Агар шундан кейин ҳам ишни қилолмасангиз, қилдиролмасангиз, аризаларингиз столимнинг устида бўлсин, бўлмаса, аяб ўтирмайман…
Одамбой алдагани учун Нозигулни ишдан бўшатишга қарор қилди. Эрталаб иш жойига келиб девор оқлаётган Лобарнинг ўзини кўрди.
– Нозигул ҳозиргина кетди, – деди Лобар. – Аравачада ўғилчасини опкелганди. Ширингина кулиб ўтирган болакай бирданига ҳушидан кетиб типирчилаб қолди. Югурганича яна касалхонага кетди.
“Биз ҳаммамиз шунақамиз. Бир ишни қилаётганимизда виждонни, бурчни унутамиз, қилаётган ишимиз тўғридай туюлади. Лекин виждонимиз уйғонганда, бурч, эътиқод тушунчалари эсимизга тушганда, ўзимиздан уяламиз, хатомизни тан оламиз”.
Одамбойнинг ҳозирги аҳволи шундай эди. Лобарнинг гапини эшитиб, Нозигулнинг кетганини тўғри деб ўйлади. Лекин кўзи билан кўрмагани учун ва вазифасини, директорни эслаб фикридан қайтди.
Директор кечки пайт Одамбойнинг ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини столи устида кўрди.
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 11-сон