Чоршанби Деҳнавий. Бир бурда нон (ҳикоя)

Маматқул ишдан кеч қайтди. Ҳовлисини қоронғи кўриб, хавфсиради. Эшикка ўнгланиб ўнгланмай:
– Ҳалима! – деди нохуш оҳангда.
Уйдан қизи югуриб чиқди.
– Нега ҳамма ёқ зим-зиё?!
Қизи электр чироқни ёқди. Ташқари ёришди. Бироқ Маматқулнинг кўнглидаги ғашлик тарқалмади.
– Онанг қани?! – у зарда билан енг шимара бошлади.
– Исмат тоғамникида, – деди қизи отасининг қўлига сув қуяркан. – Зиёдулла тоғам кептилар.
Маматқул ҳовуридан тушди. Зиёдулланинг хизматдан мазаси қочиб қайтганини эшитган эди. Тирикнинг ташвиши кўп бўлар экан, боролгани йўқ – йўл узоқ, тоққа бафуржа бормаса, бир кун, икки кунда улгурмайди. Бундан зиёдига иложи йўқ, катта бир хўжаликда ёлғиз ўзи тракторчи. Бугун кечикиб келишининг боиси ҳам шу – эрта чошгача бўладиган ерни бирданига эгат тортиб келди. Бошлиқ “хўп” дейдиган бўлса, ер сувдан чиққунча бирров бориб келмоқчи эди. Ўзи келгани яхши бўпти.
– Совун!
Қизи атирсовун берди. Маматқул чандир кафтларининг ёриқларида қотиб қолган қорамойга совун ишқалаб, кафтларини зарда билан уқалай бошлади.
– Ойим сизни ҳам борсин деди.
Маматқул бормади. Қизи сузиб келган овқатни иштаҳасиз еди. Устидан устма-уст чой ичиб, ўрнидан турди.
– Менинг тўшагимни тўша, – буюрди қизига. – Манави чойнакдаги чойни ҳам сўрига олиб чиқ.
Маматқул тўшакка чўзилиб, майин эсаётган шабададан секин тебранаётган ток япроқлари ва япроқлар ортидан гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай, шўхликка ўхшаш ажиб бир манзара кашф этаётган юлдузлар жимирига тикилди. Бироқ завқланмади. Чарчоқ енгган вужуди карахт, боши гувуллаб, қулоқларида трактор товуши тинимсиз акс-садо берар­ди. ­Нималар ҳақида ўйлаётганини илғамас, хаёллари гўё ўзиники эмасдек эди. Нима бўлгандаям, хотинининг сўрамай кетгани яхши бўлди. Кутганида Маматқул жавоб бермасди. У Исматни ҳам, унинг хотинини ҳам ёқтирмайди. Хотини ўшалардан гап очгудай бўлса:
– Йиғиштир ўша безбетларингни! – дея жеркиб берарди.
– Этни тирноқдан ажратиб бўлмайди, дадаси, – куюнарди хотини.
– Айириш эмас, кесиб ташлаш керак ундай ортиқчаларни! – дея тишларини ғижирлатганча ишга жўнарди.
Ишда ҳам аҳвол шу – биров ботиниб гапиролмайди. Териси юпқа, гап кўтармайди. Балки чарчагандир. У тенгилар аллақачонлар нафақага чиқиб, қарилик гаштини сурмоқда. Унинг эса уйда қўними йўқ. Судралиб юргани-юрган.
У тонг отмасдан уйғониб, бошқа ухлаёлмади. Туриб томорқага сув очди. Қизини уйғотиб, сигирни соғдирди. Молларга ўт ташлаб, сўнг тракторига уринди.
Тушликка яқин хотини келди. Унинг ранжигани қовоғидан сезилиб турса-да, билинтирмасликка ҳаракат қилиб, уйга кирди. Фақат дастурхон ёзганда:
– Кеча бормадингиз, – дея гап очди. – Зиёдулла йўқлади.
– Тузалибдими ишқиб?
– Бир буйрагини олиб ташлашибди. Рангида қон, танида жон йўқ.
– Ҳали кўрмагандай бўп кетади.
– Ўлмас! – Маматқулнинг меҳрсизлигидан тутоқиб кетди хотини. – Бошқаларни-ку турқи совуқ тушганди, энди Зиёдулланинг ҳам юлдузи музладими? Сувингизнинг лойқалаганини кеча бормаганингиздан сезувдим-а!
– Кеча ишдан кеч қайтдим.
– Узоқ эмасди.
– Тилимни қичитма, хотин!
– Поччасиз, ҳам бегона эмассиз! Тоғангизнинг ўғли!
– Бегона бўлганда алам қилмасди!
– Нимаси алам қилади? Аёл бўлгандан кейин эр қилади-да!
– Дуч келган итга ялоқ бўлибми?
– Етти ётдан баттарсиз!
– Ҳа, менинг лойим бирикмайдиган тупроқдан!
Хотин зоти шу – бўлар-бўлмасга бўлишиб, ўз гапини маъқуллайверади. Йўқса, Маматқул хотинининг синглисини ўз фарзандидан кам кўрмасди. Турмуш тотини татиб-татимай бева қолганига ачиниб, тузукроқ жойга тушишини, бахтли бўлишини истаганди. У-чи? Оғайниларининг бошини эгди. Тағин бари апоқ-чапоқ! Маматқулга қўйса, ялаб-юлқашсин, лекин унинг тутилган қуёши ёришмайди. Юзи ҳам синф доскаси эмаски, исталган пайтда чапланиб, исталган пайтда артилаверса.
– Тилимни қичитма!
Аслида ўзининг тили қичирди. Хотини бир оғиз сўз қотса бас, барини гўрдан олиб, гўрга тиқарди. Ўшаларни эсласа тепа сочи тикка бўлади. Айниқса, Исматни! Меҳр йўқ, оқибат йўқ, садоқат дегани анқонинг уруғи! Номига оила! Инсофи, диёнати бўлганида хотини ўз эрининг кўзига чўп суқармиди?! Уларни оғам, жигарим деб келган бир муштипар қайнсинглисини шу кўйларга солармиди?! Исмат барини биларди. Била туриб, хотинини оқлагани-оқлаган! Э-э… Хотини аввал ўзига хотин бўлсин. “Садқаи йигитлик кет! Ўз ялоғини қўримаган ит итми?!”
– Ота, сув чиқипти, – томорқа этагидан товуш қилди қизи.
Маматқул тўлғониб, ўрнидан турди.
Оқшомга яқин Исмат Зиёдуллани бошлаб келди. Маматқул Зиёдуллани бағрига босиб кўришди, сўрашди. Сўнг боқувдаги қўйларнинг бирини уйининг орқасига олиб ўтди. Хотини суюнди. Маматқул шуни истади: “Умри қовоғимни пойлаб ўтди, бояқишнинг”.
У хотинини ўзича шундай эъзозларди. Элас-элас эслайдиган онаси учун ҳам, ­очликдан силласи қуриб, нон излаб кетиб, бошқа қайтмаган опаси учун ҳам хотинини ардоқламоқчи бўларди. Шунчаки, эпламасди. Бўлар-бўлмасга жаҳли чиқиб, ардоғи ичида қоларди… Маматқул қўчқорни чиқариб сўйди. Исмат почасини ушлади. Маматқул гапирмади. У қачон бўлмасин, қайнсинглисини уйидан қандай ҳайдаган бўлса, Исматни ҳам шундай ҳайдашга аҳд қилган эди. Лекин ҳозир эмас, одамгарчилик қийин нарса…
– Опам ўгай бўлса ҳам эшитган заҳоти борди, сиз эса…
– Алжирама, бола, – ўзини аранг тийди Маматқул. – Отаси бир ўгай бўладими?! Опанг сенлар учун жонини фидо қилса ҳам сенларнинг қонинг қўшилмайди. Эликмайдиган ҳўкизга ўхшаб!
– Опамдан нолимайман. Гинам сиздан. Синглим ҳам эри билан келди.
– Биз етим ўсганмиз. Тарбия берадиганимиз бўлмаган-да! Иззат-ҳурматни билмаймиз!
– Камбағални ким ҳам суйипти. Бизнинг ҳам бошимизга қуёш тегар, почча.
– Нарироқ тур, бошингга болта тегади! – Маматқул дилидагини тўколмаётганидан ижирғанди.
Рост-да, Исмат тенгиларнинг кошонаси шоҳона. У, етти йил бўлди, чордуволда яшайди. Тўшамчилари намиқиб буруқсиган, ернинг захидан кирган кишининг бурни жийи­лади. Илгарилари Маматқул тегизиб гапирарди. Ҳеч қурса, уйингнинг олдига тўртта дарахт ўтқаз деб. Одамга гап кор қилмаса бекор экан. Охири ўзи ўтқазиб, “ёрилди”.
– Далада ишламасаларинг, рўзғорда ишламасаларинг, сенларда уят деган нарса борми ўзи?! Бу юришда очдан ўласанлар!
“Э, рўзғорнинг баракаси – аёл. Аёл қизиқмаса, айиққа ўхшаб, шишиб ётса, бири икки бўлармиди бу безбетларнинг?!”
Зиёдулла бир ҳафтача турди. Бир куни эрталаб поччасига маслаҳат солди:
– Укаларим ёш. Уларни едириш, кийинтириш керак, почча.
– Ҳа, – деди Маматқул ўйланиброқ. – Сенинг ҳам тани жонинг соғ эмас. Онанг бечорага қийин. Исмат кўчиб келмагандаям арқонларингга қил бўлиб турарди…
– Ёмони, тоғда иш йўқ, почча. Ўрмонга кириб ишлайин десам тузалганимча йўқ.
– Маслаҳат беришдан оғзим куйган, ука. Исматни магазинчи бўлма дедим, бўлди. Энди итдан суяк қарздор.
– Исмат акам шу ерда қолиб ишла, дейди.
– Акангни калласи бўлса, ўзига ишлатсин. Пахтанинг иши ўйин эмас. Филни пашша қилади. Кейин, пахтада бир зумда сени бойитадиган пул ҳам йўқ. Менга қўйсанг, уйга бор. Укаларингга бош бўлиб, отангдан қолган қўй-қўзиларга қарашсанг, ўшалардан урчигани ҳам бир рўзғорни тебратади. Тузалиб кетганингдан сўнг ихтиёр ўзингда.
Зиёдулла хайрлашиб, акасиникидан жўнамоқчи бўлди. Аммо тоққа қайтмади. Кетмон кўтариб далага чиққанини кўриб Маматқулнинг ийган меҳри қотди.
– Зиёдулла кўринмай кетди, – баъзида суриштирарди хотини Маматқулдан. – Совмикин?
– Совдир-да!
– Бирон нима деб ранжитганингиз йўқми ўзи?
– Сен тиллашадиган бўпсан, хотин. Бу ишинг менга ёқмаяпти.
– Феълингиз таҳликали-да. Бир кўрсангиз – баҳор, бир кўрсангиз – чиллайи зимистон!
– Менга яшаш қимматга тушган, хотин. Уни хор қиладиганларни кўрсам, жиним қўзийди. Ҳеч қурса, Зиёдулла одам бўлсин дегандим. Исматинг униям ноғорасига ўйнатди. Эртами кечми буйраги шишади, ҳам моли кетади, ҳам жони! Мана, менинг дардим!
Маматқулнинг айтгани келди. Кўп ўтмай Зиёдулланинг қовоқлари шишиб, кўзларининг ости солқиланиб қолди.
– Зиёдуллага айт, дўхтирга кўринсин, – яна Маматқулнинг ўзи чидай олмади. – Боланинг мазаси йўқ.
– Томоғиям йўқ. Акасининг қозони ҳафтадага бир қайнамайди. Топганлари бўлка нон. Бу Зиёдулла тугул сов одамниям касал қилади. Бугун Исмат келувди…
– Чойдан қуй.
Хотини чой қуйди.
– Исматнинг хотини ҳар нарсани баҳона қилиб, Зиёдуллани сиғдирмаётганмиш.
– Бу бўладиган савдо эди.
– Уйга бор десам, ишлаганнинг номини кўтариб, қуруқ боришга уялармиш.
– Ҳалима! Сигир бўшалибди, қизим, боғлаб қўй.
– Поччамдан сўранг, бемалол бўлса, бизникида яшаб, ишласам депти.
– Менинг уйим уйидан безганларнинг қўноғи эмас.
– Бир парча нонни ит ҳам ейди, дадаси.
– Бир парча нон?! – Маматқулнинг бўғзига бир нарса тиқилиб, гапи оғзида қолди.
Айтганида ҳам нима ўзгарарди. Тўқликда ким тушида нон кўрибди. Маматқул кўрган. Ўнлаб, юзлаб! Ўшанда Нормат тоға унинг қўлидан етаклаб, оғайнилари­никига бир-бир олиб борган эди.
– Қани, ўша бир парча нон, – дейишарди бари совуқ оҳ тортиб. – Бегуноҳ бир гўдакнинг уволига қолишдан ёмони йўқ, тоға. Бусиз ҳам қабристон ўликдан тўлиб-тошди.
Нормат тоға Маматқулни қайтариб, уйга олиб келди. Қачонлардан буён чўғ кўрмаган сандалга оёқларини чўзиб, бошини чангаллаганча қаҳ-қаҳ отиб кулди.
– Сенам кул, жиян, – деди тоға кўзёшларини мажолсиз артиб. – Донишмандлар шундай қилишган – очликдан кулиб, тўқликдан йиғлашаркан. Мазмуни: бир очликка бир тўқлик, бир тўқликка бир очлик муқаррар дегани экан. Қаттиқроқ кул. Ирим қип. Баракалла. Энди анови токчадаги дастурхонни олиб кел. Кўзим тиняпти…
Тоға каттакон шол дастурхонни очди ва кафтдеккина қотган қора нонни олиб Маматқулга узатди. Тоғанинг томирлари бўртган қўллари қалтирарди.
– Олгин, – ундади тоға Маматқулнинг олайиб қолган нурсиз кўзларига тикилиб. – Еб ол. Сўлагинг оқмасин. Сўнг опангнинг дарагига чиқамиз.
Маматқул нонни олди. Тоға юзини сандалга қўйганча кўзларини юмди. Кейин билса… Жони чиққан экан…
– Кунини топса унутмас, – Маматқулни кўндиришга уринарди хотини. – Тоғангизнинг арвоҳи чирқирайди-я.
Маматқул жавоб бермади.
Бироқ…
Зиёдулла Маматқулнинг уйида ҳам тузалмади. Шишлари солқиланиб, хипчагина йигит барзангидай тус ола бошлади. Касалхонада аҳволи оғирлашди.
– Иккинчи буйрак ҳам ишдан чиққан, – тушунтирди даволовчи дўхтир. – Бу ерда сақлашнинг фойдаси йўқ. Марказда иложини қилиш мумкин. У ердаги имконият ва замонавий ускуналарни назарда тутяпман.
Маматқул Зиёдуллани марказга олиб жўнади.
– Почча, – деди Исмат Маматқулнинг замбил кўтарган қўлидан ушлаб. – Қаерга олиб бормоқчисиз? Фойдаси йўқ.
– Фойда! Фойда!!! Мана, оқибати!
– Одамни таниса ҳам майли эди, почча!
– Нари тур!!!
– Бунинг нимасидан умид қиласиз?! – Исмат Маматқулнинг йўлини тўсди.
Маматқул ўзини бошқа тиёлмади. У бўш қўлини қулочкашлаб, бор кучи билан Исматнинг юзига мушт туширди. Исмат аввал гандираклаб, кейин йиқилди.
Маматқул дир-дир титраб, ўзига келолмаётган бир ҳолда машинага ўтирди…

«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 2-сон