Шаҳарнинг гавжум ва сершовқин бозорларидан бири.
Устига уюм-уюм хурмолар терилган бозор растаси.
Ўрталиқдаги жойлардан бирида лаб-лунжига аямай бўёқ чаплаган, қирқ ёшлардаги тўлагина жувон савдо қилмоқда. Қўли-қўлига тегмайди.
Харидорлар бироз сийраклашгач жувон ёнидаги сотувчилар сафига кечагина қўшилган одмироқ кийинган тенгқур аёлга юзланди.
— Хурмонгиздан битта татиб кўрсам бўладими?
У ўйчан ҳолатини бузмай таваккал бир хурмони олиб узатди.
— Еб кўринг, жудаям ширин.
Унинг овози синиқ эшитилди.
— Отингиз нима? — деб сўради у хурмони кўйлагининг ёқасига артиб иштаҳа билан тишларкан, — менинг отим Шоҳида.
— Меники Ҳаётхон.
Ҳаётхон жавоб кутмай тез-тез гапираётган дугонасига ғалати қараб қўйди.
— Сиз қишлоқдан келганингизни яширмас экансиз…
— Нега яширишим керак?..
— Айримлар бор-да, шунақа. Ўзини шаҳарлик қилиб кўрсатгиси келади. Лекин мен унақаларни бир қарашда кўзидан билиб оламан.
Ҳаётхон индамади.
Рўпарада тўхтаган харидорнинг оғзидан сўз кутиб унга илинж билан қаради.
— Ши-ирин хурмо экан, — деди Шоҳида.
У биринчи хурмони паққос тушириб. иккинчисини қўлга олганди. Ҳаётхоннинг индамай турганини эшитмаган гумон қилиб гапини бир парда баланд овозда такрорлади.
— Хурмонгиз ширин экан. Кимдан олдингиз?
— Ўзимизники…
— Ўзларинг экканмисизлар? — ишонқирамай сўради Шоҳида. — Ростданми?
— Ҳа, рост…
— Қишлоқ жойлар зўр-да! — деди яна Шоҳида. — Мен бир марта қишлоққа борганман. Аниқроғи, бир марта далаларга чиққанман. Бу менга жудаям ёқади. Сизгаям ёқса керак-а?
— Ҳа, — Ҳаётхон нима дейишни билмай тараддудланди. — Кенг, тинч жойлар…
— Агар имконим бўлганда ўша ерларга бош олиб кетардим. Кейин бу ғала-ғовур дунёси билан ишим бўлмасди.
Растада олувчилар сийраклашиб қолганди. Уларнинг суҳбати авжига чиқди. Ҳаётхон жағи-жағига тегмай гапираётган Шоҳиданинг фикрларини базўр илғаб оларди.
— Очиқ-сочиқ далада бир ўзим айлангим келади. ҳеч ким халақит бермаса… хаёлинг бўлинмаса… Қўлларингни икки ёққа ёзиб югурсанг…
У қўлларини икки ёнга ёзиб турган жойида ўнг ва чап тарафга бурилиб қўярди.
— Югурсанг, югураверсанг… Тўхтамасанг…
Шоҳида бир нарсани эслаб қолганди. У охирги сўзни шодлик қиёфасидан ҳайрат ҳолатига ўтиб ярим овозда айтди. Ҳаётхон буни кутмаган эди, қалқиб тушди.
— Ўшанда-чи… ўшанда мен энг чиройли гулни ўша ерда кўрганман. Бир ўзим айланиб юрувдим. Ботқоқ жой бор экан. Ўша ерга бордим. Кўрсангиз, кўнглингиз айнийди. Яхши жой эмас экан. Суви сасиб қолган. Кўкариб-моғорлаб кетган. Қамиш-мамиш, шўра-мўра босган. Лекин ботқоқнинг четида бир гул очилган. Гул япроғи сал катта-да, қип-қизил… Бориб ҳидладим. Ўткир ҳидли гул экан. Ҳиди димоғни ёради. Унақа гул ҳеч қаерда очилмаса керак. Ҳеч қанақа кино-минода кўрсатилмайди ҳам… Менга ўшанақа антиқа нарсалар ёқади. Қаранг, чиндан ҳам зўр-а?! Қаровсиз жойда чиройли гул! Зўр-а!
Шоҳида ҳисларини айтиб тугатолмасди. У гапириш асносида қўшнисининг хурмосидан ейишни ҳам тўхтатмади. Шоҳида савол назари билан Ҳаётхонга қараганча бешинчи хурмони паққос тушираётганди.
— Хурмо кўнглимга урувди. Кўп еганимдан шу кунларда хурмони оғзимга солмагандим. Лекин билмадим, бугун… сизники ширин хурмо бўлгани учун роса еяпман. қаранг, манависини данаги ҳам йўқ! Тишингиз ботмайди. Ўйланмасдан карсиллатиб тишлайверасиз! Буларингизни катта-каттталигини айтмайсизми?! Қаторимиздаги бошқа хурмоларни қаранг.Тўғримиздаги хурмолар… — қўли билан ўша томонни кўрсатиб: — Рангини кўряпсизми? Одамни тортмайди. Ҳаммасининг ичида сизники бошқача…— Қаранг, сизники қизғиш, ялтирайди. Хурмонинг пишгани эзилади. Сизники унчалик эзилмаган бўлса ҳам роса ширин! Шу пайтгача бунақа хурмо емагандим.
Шоҳида Ҳаётхонга ўз уюмидан хурмо олиб узатди.
— Мана буни еб кўринг. Кеча мақтаган бозорчидан олувдим. Енг… дарров тишингизга тегади. Бир марта егандан кейин яна егингиз келмайди. Серданак, қаттиқ. Тишингизга тегади. Молининг касалини эгаси билади-да!
Шоҳида бу гапларни тўхтаб-тўхтаб танаффус билан айтди. Ора-орада харидор билан олди-берди қилди. Қизиғи шунда эдики, Ҳаётхон ҳали бирон кило хурмо сотмаганди. Унинг рўпарасида тўхтаганлар хурмонинг нархини сўраш билан чекланарди, холос. Хурмолар таъми, кўриниши, салмоғига яраша арзон эмасди.
Кеч тушди.
— Бугун яхши савдо бўлмади, — дея зорланди Шоҳида. — Атиги ўттиз кило хурмо кетибди. Яхши эмас… Бугун қудағайларим келади. Шу хурмонгиздан беш кило тортасиз. Манави пули. Олинг. Кечки савдонгизни ўзим қилай, шу билан очофатлик қилиб еганимга рози бўласиз. Қўлим енгил, ўргилай!
— Хурмо сиздан айлансин…
Ҳаётхоннинг овози ғўлдираб эшитилди. У челакка хурмо солиб нўноқлик билан тарози паллаларини созлади.
— Неча кило сотдингиз? Тугай деб қолди-ми? —деб сўради Шоҳида.
Улар қўшничилигининг бешинчи куни эди.
— Сиздан бошқа ҳеч ким олмади. Нархиниям… нархини ҳам сағал туширдим… барибир…
— Хафа бўлманг, ўргилай. Сизнинг хурмоларингиз ҳамманикидан зўр! Бу бозорда бунақасини тополмайсиз… сизнинг хурмоларингиз бойларники… Яъни тишини асрайдиганларники-да! Бу бозорга фақат паст… анақалар келади. Унақалар сизнинг хурмоларингиз қадрини билмайди. Ўзи, аслида хато қилгансиз. Хурмоларингизни бу бозорга бекор олиб келгансиз! Ҳув, нарида бойларнинг бозори бор! Сал юрганингизда… Ўша ёққа борганингизда… Омадингиз чопармиди. Улар чертиб-чертиб, сайлаб-сайлаб олади. Улар сарагини саракка, пучагини пучакка ажрата олишади-да. Буларингиз ичида шакари бордай. Булар унақасини қаёқдан ҳам билсин. Мана мен сизникидан еб, татиб кўриб, ёнингизда туриб яхши билиб олдим. Ҳалиям кеч эмас. Ўша бозорга боринг, ўргилай. Сизнинг жойингиз ўша ерда!
Ҳаётхон ўйланиб қолди.
Изғирин оқшом бошланганди. Унда туни билан ўйлаб олиш имкони бор эди. Ўйлаб бир қарорга келиш учун бир неча тун ортда қолди. Аммо недир мужда кутиб Ҳаётхон шу бозорда қолди. Кетишга журъат қилмади.
Иккинчи ҳафтанинг охирларида Ҳаётхон Шоҳиданинг ўкинчли сўроғини эшитиб товонигача музлаб кетди:
— Эллик кило хурмони ҳалиям сотиб тугатолмадингизми? Айтувдим-а?!