Бир хонада учовлонмиз. Тўрдаги катта стол атрофида ўтирган одам – салгина қимирласа бетлари шалвираб тушадигандай семиз Кўлбой оға бош ҳисобчимиз. У энкая олмайди, шунинг учун ҳам столнинг устини худди мактабдаги ўриндиқдай қиялатиб ишлатиб олган. Ўзидан бошқа одам ўтириши маҳол. Кўлбой оға ҳеч кимни йўлатмайди ҳам. Қани, кимдир яқин борсин-чи, нақ…
Унинг бу томонидаги менга яқинроқ стол эгаси – Пирмон оға бош ҳисобчи ўринбосари. Узун бўйли, ориқ одам. Унинг Кўлбой оғага қўл қўйдириш учун қоғоз узатиб эгилиб турганини кўрганимда ҳар гал худонинг одам яратишидаги санъаткорона маҳоратига қойил қоламан. Нима десам экан, то имзо ундиргунча худди хон саройидаги ходим-хизматчидай жилва қилиб, тегишли жойга кўзи билан ишора бериб, илжайиб туришини кўрсангиз, сиз ҳам менга ўхшаб ўйлаган бўлар эдингиз.
Ҳа, айтгандай, мен оддий ҳисобчиман, институтни энди битириб келдим, дипломимга ҳали икки-уч одам назари тушмаган. Шунинг учун ҳам пойгоҳдаги манови омонатгина стол билан майшайиб турган стул меники, шу ўринга ўтириб-қўниб, иш ўрганиб ётибмиз. Ҳисоб-китобни қийиб юборганим билан ҳали бу корхонанинг ҳужжатларига тишим ўтавермайди.
Мана, ҳар кунгидек тушлик вақти яқинлаб келди. Буни энг аввало Кўлбой оғанинг столга суяниб, уҳ тортганча тикланаётганидан биламиз. У олдидаги папкани Пирмонга узатади:
— Иним, мени обрўли бир хонадон меҳмонга чақирган эди, шунга бориб келмасам бўлмас. Сен шу папкадаги ҳужжатларни ҳисоб-китоб қилиб, тушликка сал кечикиброқ чиқарсан. Хўп бўлмаса, мен кетдим, сал кечиксам кутиб турарсизлар…
Кўлбой оға қорнини зўрға кўтариб, талпанглаганча эшикдан чиқади.
Шу заҳоти Пирмон қилпиллаб ёнимга келади-да, қўлидаги папкани менга узатади:
— Ол, иним, менинг аҳволим ўзингга тушунарли. Хотин шифохонада. Тушлик пайтида бориб хабар олиб келмасам, бошқа вақт қўл тегмайди. Сен бугун тушликка сал кечикиб чиқарсан. Манови жониворларни бир ҳисоб-китоб қилиб ташла. Сенинг ёшингда бизлар ишлаб тўймасдик. Тушликни ҳам йўл бўйи дегандай… Ол, нима, ғайрат қил энди.
У ҳам кетади.
Ҳар куни шу аҳвол. Икки ҳамхонам гумдон бўлади-ю, хонада битта ўзим сўппайиб қоламан. Биласиз, ёлғиз ўтирган одам ҳаёл суришга мойил бўлади, нима балолар келмайди дейсиз ёлғиз одам миясига? Ўзимча ўйланаман: Кўлбой оға бугун қаерда тушлик қилар экан? Обрўли ер, обрўли хонадон дегани битта одамни ҳар куни меҳмонга чақираверадими? Гап шундаки, Кўлбой оға ҳалигидай ғулдираш баҳонасида асли ўзининг обрўсини кўтармоқчи бўлади. Бизларга, фалончи одам мени уйига чақирди дейди-ю, ўзи пана-пастқамларгами, худо билсин қаерларга кириб кетади. У уйида камдан-кам ҳолларда овқатланади. Зиқналигини эса ҳамма билади. “Бош ҳисобчи – тош ҳисобчи” деган лақабиям бор. Амалдор бўлгандан кейин, юрмайсанми тўкилиб-сочилиб, бизга ўхшаган иничаклар қорнини тўйдириб?
Пирмон ҳам зиқналикда Кўлбой оғадан қолишмайди. Бироқ сал бошқача йўл тутади. Ҳозир тушунтираман. Бояги гапи, яъни хотинининг касалхонада даволанаётгани – ёлғон. Ҳа, ғирт ёлғон. Бу гапга Пирмонни кўрмай юриб-юриб, тўсатдан учратган одамгина ишониши мумкин.
Тавба, келганимдан бери шу сафсатани такрорлайди. Авваллари ишониб юрдим, рост бўлса керак дедим. Сўнг-сўнг шубҳалана бошладим, ахир, хотин дегани ҳадеб касалхонада ётаверадими, деб сўраб-суриштирдим. Қачонгача бетоб бўлади? Ҳар қандай доктор бир дардни охири ё уёқлик, ё буёқлик қилади-да… Суриштирсам… Пирмоннинг хотини ҳақиқатан ҳам шифохонада экан, бироқ касал эмас, балки ошпаз бўлиб ишлар экан! Пир акам ортидан бориб, бепул овқатланиб қайтар экан! Ундай бўлса нега бунчалар ориқ-дирдов дерсиз? Ориқ бўлади-да. Ахир, бировнинг насибаси бошқа бировга юқадими? Юқмайди! Хуллас, Пирмон ҳам уйидан туз тотмайди. Эшитишимга қараганда, хотини ишга бормай қолса тушликда носвой отиб олиб, ишхонада кунини кеч қилади…
Шундай қилиб, мана, бугунги тушлик ҳам ўтиб бораётир. Мен ит итга буюрди қабилида ташлаб кетилган папкадаги ҳужжатларни саранжонлаб қўйдим. Айтгандай, бировлар юмушини эплабман-у, аммо ўзим неча кундан бери тушлик қилмаганимни ҳеч ўйламабман – овқатланмаганимга неча кун бўлди ўзи? Ҳар қанча бош қотирсам-да, эслолмадим. Сабабини билиб турибсиз – доим бемаврид менга қўшимча вазифа юклатилади. Қанча азоб ютганимдан хонани тарк этиб, чала-чулпа тамадди қилиб олишим мумкин, холос. Аслида Кўлбой оға ҳам, Пирмон оға ҳам кўча одами, на қўлида бор “ҳисобчи” деган қаттиқ қоғози, на калласида… Ҳа, майли, бу ёғига ўтмай қолай. Буни корхона аҳли ҳам, бошлиғимиз ҳам яхши билади. Масалан, Кўлбой оға пул тўловлари ҳужжатларини карра жадвалига қараб ўтириб тузатади. Пирмон эса ўтган ҳафта мақтаниб айтган бир гапига ҳамма кулавериб, ичаклари узилаёзди. Нима эмиш, бешинчи синфдаги боламнинг уйга вазифасини чиқара олмадим, қурмагурдан бир норкалла чиқади-ёв эмиш. Ахир, о
ъзинг зўрға тўртинчини битирган бўлсанг, бешинчи синф масаласига қаёқдан тишинг ўтсин!
Ана шунақа! Тушлик вақти ҳам ўтиб бўлди. Энди тамадди қилишга жўнасам, Кўлбой оға “иш вақтида қаёққа борасан?” деб пишиллайди. Не бўлса-да, чидайин. Юрагим озиб, кўз ўнгимда шифт чир-параққос айлана бошлади. Дераза рахида турган пиёлага сув қуйиб ичганимни биламан, стулга етиб келолмай, ҳушимдан кетибман…
Кўзимни очсам, тўрсайган юзлари селкиллаб Кўлбой оға юзимга сув сепаётган экан. Нейлон кўйлагининг олди ҳўлланиб, қорнига қарай сув из солибди. Гоҳ менга, гоҳ Кўлбой оғага энкайиб Пирмон оға йиғлагудай аҳволда турибди. Қўлидаги рўмолчаси билан баъзан кўзининг ёшини артади, баъзан менинг юзим-бурнимни артиб, елпийдими-эй…
— Иним-ов, кўзингни очдингми? Қўрқитиб юбординг-ку, – деди Пирмон оға.
Мен аста тиклана бошладим.
— Нима бўлди, иничак, тушликка чиқмовмидинг? – деди Кўлбой оға қўлидаги графинни Пирмонга тутқазиб, газета билан юзимни елпир экан.
— Йўқ, манави ишларни улгурай деб…
— Нима иш?
Мен сочилиб ётган папкага ишора қилдим. Кўлбой оға Пирмонга олайиб қаради.
— Ёш йигит-ку дебман, дамда ҳисоблаб ташлайди дебман, – ўзини оқлай бошлади Пирмон оға.
— Бу энди такрорланмасин! Иним, сен вақтида овқатлан. Сен ҳали ёшсан, келажагинг бор, ҳали катта-катта ишларда ишлайсан, шунинг учун доимо қорнинг тўйиб юрсин, яхшими?
Мен ўтирган ўрнимда бош силкиб маъқулладим.
— Эрталабки насибангни ўзинг е, тушликни дўстинг билан бахам кўр, кечки овкатингни душманинга бер – кимларнинг мақоли эди бу? – Кўлбой оға Пирмонга қаради.
— Арабларники, араб… – деб ҳозиржавоблик қилди Пирмон оға.
— Халқ дегани доно-ку! – деди Кўлбой оға.
— Халқнинг обрўйини ўзингизга ўхшаган йигитлар орқалайди, оға! – деб бидиллади Пирмон. – Нақл дегани бизнинг қорақалпоқда ҳам оз эмас. Қора сув қора гўрга элтади деган доно сўзимиз бор…
— Э, ўлимни гапирма-э!
— Қайғусиз қора сувга семирар…
— Бўлди дедим-э! Манави қарчиғайдай боланинг бошига нима қайғу тушиб турибди, шуни ўйласанг-чи! Уйланмаган йигит, қўлидаги юмушни қўймай, яна бировларнинг ишини деб тушликка чиқмай, ўртада думалаб ётса… Яхшиямки ўзим келиб қолдим.
— Дуруст айтасиз, оға! Ҳали бу уйланиши керак. Бола-чақанинг қизиғига тушмаган йигит ўртада ётмаслиги керак. Оға, ўзингиз ҳам озгина сув ичиб юборинг. Қўрқиб кетгандирсиз… Сизнинг соғлиғингиз, энг асосийси. Энди тушликдан келсангиз-у, бу ётган бўлса… Ўзига келтиролмай мен бўзлаб турган бўлсам… Яхшиям келиб қолдингиз, оға. Сизнинг соғлиғингиз бизга керак, оға! Қийқ, қийқ…
Пирмон қийқиллаб кулиб юборди. Унга Кўлбой оға қўшилди. Кўлбой оға кулганда, оғзи дўнгалакланиб, ўх-ўх деган сас чиқди, холос.