Ўринбой Усмон. Катта дада (ҳикоя)

«Йўқ, бўлиши мумкин эмас!» Ана шу тўрттагина сўз, лекин миясининг тўрт томонини эгаллаб олган, минг бошқа нарсани ўйлашга уринмасин, ўзини чалғитиш учун ҳеч бир кераксиз юмушларга қўл урмасин, хотинига қўшилиб жини суймайдиган теле-сериалларни кўриб, ҳалигина эшитган, мусаффо осмонни тилиб ўтган чақинга ўхшаш хабарни унутишга уринмасин, ҳеч бир бўлмасди. Ухласам, унутарман, дея ёстиққа бош қўйиб, юпқагина хитойтўшакни нақ бошигача тортди. Қаёқда! «Йўқ, бўлиши мумкин эмас!»
Тўшак титраётган қўлларнинг аёвсиз ғижимлашидан чўчийди, ғижимлаш йиртиш-га айланишидан қўрқади. «Йўқ, бўлиши мумкин эмас!» – ич-ичини тирнаб ташлаётган, миясига тўртта чаёндек ёпишаётган сўзлар йигирманчими-ўттизинчими, ким буни ҳисоб-лаб ўтирибди, алланечанчи мартадир такрорланганда, бўшашган бармоқлар орасидан тўшак пастга сирғалиб тушаётиб қувонади. Лекин тўшак ўзидаги норозиликни телевизордан бош кўтармай ўтирган уй бекасига кўчганини билмайди. Ўртадаги эшик ярим очилиб, ичкарига суқилган оппоқ сочлари тўзғиган бошни кўраркан аёл эрига ошкора норози кўзларини тикади-да, худди бир нарсадан қуруқ қолгандек телевизорга ўгирилади. Ҳозир-гина у анов кинодаги турк аёлнинг кунига бир-биридан чиройли янги-янги рўмол ўрашига ҳаваси келаётган, эри жимгина ухламасдан, қўлимизга пул тушса, бозорга чиқаман-да иккита, йўқ, учта рўмол сотиб оламан, деган шириндан-ширин хаёлининг нақ белига тепганидан оғринди. Оғринади-да, рўмол оламан
деб йиғаётган нафақа пулини қизига берганини эслаб, эридан кўзини олиб қочади. Нима қилсин, битта-ю битта қизи беморхонада топган пули иккита боласини едириш-кийдиришга етмасдан, ярим кеча демасдан, ёғин-сочин демасдан эшик қоқиб келган одамга эргашиб, йўлига интиқ ётган беморни укол қилиб, тўрт танга топай дея елиб-югуриб юрганда, унинг тумшуғи ажралай-ажралай деб турган туфлисини кўриб, ол қизим, оёғингга тузукроқ нарса сотволгин демоқ ўрнига бошига янги рўмол ўрасинми… Эрининг пулини суриштирадиган хотин бўлмаса. Йў, ҳаммаси кундек равшан кўриниб турганда, ҳа, эри уч йилдан бери битта кастумда юрган-да, пенсияга чиқдим деб, уйда ўтирмасдан, яна тонг оқарар-оқармас мактабга югураётганда оладиган пулини суриштириб, ақлини ебдими? Фақат ширингина орзу қилиб турганда, тўсатдан тарақлатиб эшик очиши…
– Кампир, шу-у, жиян уйимни сотаман, деб ўз оғзи билан айтдими?
– Ҳа, ўз оғзи билан айтди, мен мана шу қулоқларим билан эшитдим. У айтди, мен эшитдим, эшитганимни сизга етказдим. Бўлди-да энди, уй сотадиган жиянингиз, сизга нима, ухланг, дунёни сув босса одамларнинг тўпиғига чиқмайди, бу кишим арзимаган бир гапга бош қотириб, ухлаёлмайдилар. Ухланг, эртага дарсда кўзингизни юмиб, эснаб ўтир-манг тағин, – телевизорда яна янги рўмол ўраган кеккайган аёл кўриниб беканинг ўчаётган ўтига мой сепди.
– Сен уй сотишни оддийгина гап деб ўйлайсанми? Жияннинг бошига бирон таш-виш тушган. Ҳа, сира кутилмаган ташвиш тушган. Йўғасам, ким яшаб турган уйини сотади? Ё нотўғри гапиряпманми, кампир?
– Мен бирон нима дедимми? Лекин уй сотадиган у, балки жиянингизнинг кўнгли катта-роқ, данғиллама уйни тусаб қолгандир…
– Ҳа, шу менинг ақлимга келмабди. Кейинги пайтлар аллақандай бизнесга ара-лашиб юрган, деб эшитгандим…У бошқа ҳеч нарса демадими?
– Йў-ўқ… Шошманг, у… жиянингиз божангизни суриштирдими-эй. Катта дадам божалариникига бориб-келяптиларми, дегандай бўлдими-эй…
– Божамни нега суриштиради?
– Мен қақдан билай, ухлаб туш кўрибманми? Ана, киноям тугади, кўргандай бўлмадим. Уззукун пойлаб ўтиргандим, ҳаҳ эссиз… Қақдан келди ўша Султон сатанг! Катта дадалари энди эсига тушиб қолибдими? Йил-ўн икки ойда икки марта келадиган ҳайитда иккита иссиқ нон билан ярим кило новвотга арзитмаса! Бир ой ана кетаман-мана кетаман, деб ётдингиз, катта дадамга нима бўлди, деб ҳолингизни сўраб келмаган бўлса!
– Сен бу гапларни қўй, кампир, у менинг жигарим, вақти бўлмагандир, бошқа бир муҳим сабаби бордир, ҳе, сен жияним мени кўрганда, «катта дада»лаб айланиб-ўрги-лишини билмайсан-да. Эрта дарсдан кейин ундан бир хабар олмасам бўлмайди…
Муҳиб муаллим эртасига дарсдан чиқиб, туман марказига борадиган «маршрут-ка»га чиқди. Шундай машинадан тушганида жиянининг қўшниси учраб қолди. Йўли яқин бўлишини ўйлаган муаллим илдам қадам ташлаётган қўшнига етиб юришга уринарди. Лекин қўшнининг гапларини эшитиб, оёқлари бўшашди. Яна кечаги тўртта сўз миясига чумолиларни югуртирди: «Йўқ, бўлиши мумкин эмас!» Нимаймиш, қўшнининг айтиши-ча Султон қўлидаги ўн бармоғи қолиб, оёғидаги бармоқларни ҳам оғзига солишга уринганмиш. Ана кейин ёғлиқ палов еб юрган одамнинг куни қотган нонга қолибди. Қўшни Муҳиб муаллимнинг оёқлари чалишиб, орқада қолиб кетаётганига заррача эътибор бер-мас, Султоннинг «банкротча» бўлганини, цинганини худди қувончли бир янгиликни ҳикоя қилаётгандек атайлаб чертиб-чертиб сўзларди. Муаллим қўшнининг оғзига уриб ташлаги-си келди. Тўй-ҳашамларда, чойхона, катта давраларда кариллаб юрган, ўзининг тагида «Нексия», ўғлининг тагида «Мерседес» жиянини топтаб таш
лаяпти-ю. Шу, ҳовли олма, қўшни ол, деганлари тўғри экан-да. Жиян ҳовли олаётганда қўшниларини тузукроқ суриштирмаган чиқади. Одам боласининг ичи қора бўлмасин-да. Қўшнига етказган Худо менга ҳам етказсин, деб ният қилса бўлмайдими. Бу ёнимда келаётган одам ён қўшнимнинг амакиси, етти ёт бегона эмас, деб ўйламайдиям. Худойим ҳар бир бандангга ўзинг инсоф бергин-да…
– Семизликни қўй кўтаради деганлар, ака, одам эмас, – қўшни эшигига яқин-лашганда тўхтади. – Ака, уйга кирайлик, бир пиёла чой ичиб кетасиз.
Муҳиб муаллим қўли билан ҳовлисига ишора қилиб, жилмайиб турган қўшнига раҳмат айтиш учун тилини икки-уч лаҳза қийнади. Олтмиш уч ёшлик умри давомида биринчи марта, ҳа, биринчи марта, олдингиси эсида қолмаган, агар айтганида ҳозир эслаган бўларди, биринчи марта «раҳмат» деган юракдан тошиб чиқадиган сўзнинг шунчалик қуруқ чиққанига, устига икки чаккасини лўқиллатганига ўзидан койиниб бораркан, бундай қараса нақ пешонасига бир қарич-бир қарич қилиб ёзилган ҳарфлар урилаёзди. «Ҳовли сотилади!» Кўм-кўк дарвоза пешонасига оқ бўр билан ёзилган бу икки сўзни уч қайта ўқидими, тўрт мартами, муаллимнинг хаёлида қўш фикр айланарди – ўйинқароқ болалар ҳазиллашиб ёзиб кетишган, ё мен адашяпман, бу жиянимнинг дар-возаси эмас… Қўш фикр бир-бир-бири билан талашиб, ўрин алмашаверди, лекин кўм-кўк икки тавақали катта дарвоза, пешонасига оппоқ бўр билан ёзилган бир қарич-бир қарич ҳарфлар сира нари кетмасдан жимирлаганча тураверди. Муаллим тўхтовсиз жимирлаётган
бўр ёзувлар тепасидаги тўрт томони бир қаричлик қора темир парчага умид билан тикилди. Йўқ, умиди бир лаҳзада саробга айланди – ўша кўча, ўша рақам. Қора темир парчадаги шафқатсиз ёзув бу ҳовлида жияни яшашини лўқиллаётган чаккаларига черта-черта устма-уст таъкидлади…
Шивалаб ёмғир қуйишидан ярим соатча олдин қийшайган тарновларни тузатиб тушган Муҳиб кеч куздаги совуқда эти дилдираб кўрпага ўралиб ётганда эшик тақиллагандай туюлди. Аввалига шамол терс эсган бўлса, ёмғир урилаётгандир дея эътибор бер-маган, тақиллаш такрорланавергач, иссиқ кўрпадан чиққиси келмасдан ётаверган муаллим таниш овозни эшитиб, эшик очди. Устидаги бахмал кўйлаги ивиб кетган, оёғида орти қирқиб ташланган калишча кийган болани бағрига босганча ичкари олди. Сочи ёпишган бошини, ҳўл бетини сочиққа артиб, кўйлагини ечиб, сандал четига ёйиб қўйди-да, ўзини авайлаб иссиқ кўрпага ўради. «Катта дада, энди мен сиз билан яшайман… Ё… ё… ё…» Бола сочиқ билан ўралган бошини силаётган Муҳибга ёш тўла, қизариб кетган кўзларини тикар экан, ич-ичидан тошиб чиқаётган хўрсиниқ бўғзидаги сўзларни итариб ташлади. Йўқ, барибир боланинг ичига тўлган, миясига бошқа ҳеч нарсани сиғдирмаётган сўзлар қийнала-қийнала хўрсиниқ орасидан ёриб
ўтди: « Ё энди ўғлингиз бор… Катта дада, энди мени ўғил қилмайсизми…»
Муҳибнинг хотини тўнғич қизидан кейин неча йилгача ҳеч юкли бўлмади. Беш йил ўтди, олти йил ўтди, ўзидан икки йил кейин уйланиб, устма-уст уч ўғиллик бўлган укасига билиб-билдирмай ҳавас қилаётган Муҳиб уйқуга ётаётганда ҳам, тонг саҳарда ҳам Худодан ўғил тиларди. «Йиқилганда суянмоққа ўғил керакдир йигитга» – ҳали уйлан-масидан олдин эшитган бу гап айниқса кейинги йили қулоқлари остида тўхтовсиз янг-райди, янграйверарди. Акасининг ҳовлини тўлдириб, бақириб-чақириб ўйнаб юрган ўғилларига меҳр билан тикилиб қолишини кўрган, бу тикилиб қолишларнинг ҳар гал узоқроқ чўзилаётганини пайқаган ука ниҳоят бир қарорга келди. «Ака, агар истасангиз, ўғилларимдан бирини сизга бераман. Кўнглингизга ёққанини айтинг. Сиз унга катта дада бўласиз. Нега индамайсиз? Тортинманг, айтаверинг…» Ука сўзини давом эттира олмади. У «агар ўғлимга ўз фарзандингиздай меҳр қўйсангиз, кеннаямнинг меҳрлари тўлиб-тошса, ажаб эмас, худойим унга паҳлавондек ука берса», демоқчи эди. Лекин тил
ини тишлаб қолди. Ука бу гапининг икки учи борлигини, бир учи акасига оғирроқ ботиши мумкин-лигини, у инисининг ҳиммати фақатгина унинг кўнглини кўтариш учун қилинаётганлигини, бу ҳам вақтинча, омонат эканлигини, агар ўғил кўрса, жиянини қайтариб беришини сезиб қолишидан чўчиди. Лекин айни ўша пайт ака ҳам уканинг кўнглидан ўтган, лекин ичида қолиб кетган гапни хаёлидан ўтказганди. У фарзандсиз аёллар асраб олинган боласига ич-ичидан меҳр қўйгач, узоқ йиллар интиқиб кутилган чақалоқ йиғиси уй тинчини бузиб, шодликка кўмиб ташлагани ҳақида кўп воқеаларни эшитганди. Ака ўзидан жавоб кутиб турган укасини бағрига босди… Шу-шу Муҳиб «катта дада»га айланди. Укасининг унга ўғилликка берилган уч яшар Султонига қўшилиб акаси, энди тили чиқаётган укачаси ҳам Муҳибни «катта дада» деб чақиришарди. Муҳибнинг хотини эса овсинининг болалари учун катта аяга айланди. У фақат ўғилхонлари Султонни эмас, балки овсинининг ҳамма болаларини ўз туққанидек кўрар, қизини қа
нча эркалаб-суйса, тўполончи болаларни бундан кўп бўлса кўп, асло оз эркалаб-суймасди. Орадан икки йил ўтиб-ўтмай Муҳиб ишониб кутган ҳодиса юз берди, Худо унга ўғил берди. Лекин у ҳамон «катта дада»лигича қолган, Султонни ўз ўғлидек кўрарди. Султон саккиз ёшдамиди, Муҳиб бошқа ҳовлига кўчадиган бўлиб қолди. Муҳиб Султонни ўзи билан олиб кетмоқчи эди. Хотинига бу ҳақда оғиз очганди, у «ўзингиз биласиз, бола нима деса шу, ов-синимнинг гап-сўзидан ўғлини биз билан кетишини истамаётганган ўхшайди. Энди, дадаси, ким туққанини бировга бериб қўяди,» деди пичирлагандан-да пастроқ товушда. Ўғиллик бўлишгач, хотинининг Султонга аввалгидай меҳри йўқлигини сезиб юрган Муҳиб шу топда «сен сочи узун, ақли калта, нималар деяпсан, шу бола туфайли Худо сену менга яна фарзанд бермадими», демоқчи бўлди. Лекин укаси «ака, Султонингиз бошқа мактабга бормайман, деяпти. Энди маҳалланинг болаларига ўрганиб қолганда, сиз беш чақиримдан мактабга олиб келиб-олиб кетолмайсиз… Э
нди дарров қовоғингизни уйманг-да, ака. Сиз унинг «катта дада»си бўлиб қолаверасиз. Бир умрга…» деганда, унинг ортида қия очилган эшик ёнида Султонни бағрига маҳкам босганча, ҳа, худди шу лаҳза-даёқ ўзидан биров тортиб олиб кетадигандай, қаттиқ қучоқлаганча турган кенаясининг кўзидаги хавотирликни илғаган Муҳиб индамади, фақатгина бир кунгина аввал хотинини силтаб ташламаганидан қувонди…
«Султонжон, ўғлим, қаердаги гапларни топасан-а? Мен сенга минг марта айтган-ман – менда икки ўғлим бор, каттаси сенсан!»
Бола қўлини кўрпадан чиқариб, Муҳибнинг бўйнини қучди.
« Дадам келсала, мени бериб юборманг. Урадила…»
Бола ўксиниб йиғлар экан, эшик очилиб, Муҳибнинг хотини кўринди.
«Хўжайин, кўчага қарайсизми, одамлар шаррос ёмғирдаям уйида тинчгина ўти-ришмайди-я… Ие, Султон, сен қачон келдинг? Ҳа, нега йиғлайсан? Чой ичасанми? Сен кўрпага ўралиб ётгин, мен қайноққина чой дамлаб келаман. Асалчойни ҳалиям яхши кўрасанми? Мен ҳозир… ўрал, яхшилаб ўрал…»
Муҳиб хотиржам эшик ёпади. Дарвозахона томон шошиб борар экан, ташқаридан таниш овоз эшитилади: «Ака, уйдамисизлар, нега ҳеч ким эшитмаяпти, ё товуқ ётиш қилишганми?.. Ака, а-к-а-а-а!»
Эшикча калити буралиши заҳоти дарвозахонага отилиб кирган укасини кўрган Муҳиб унга қучоқ очди. Ука совуққина қўл чўзиб, сўрашгандай бўлди-ю, косасидан чиқа-ёзган кўзлари акасига ўқдек қадалди.
«Қани у!?»
«Ким?»
«Ака, ўзингизни овсарликка олманг? Султон қани? Ўғилхонингизни қаерга яшир-дингиз? Мен биламан, у шу ерга келган. Эзиб, эзғилаб ташламасамми у қулоқсиз болани!»
«Ўзингни бос, ука, ўғлинг шу ерда, ёмғирда ивиб кетибди, уст-бошини ечиб, иссиқ кўрпага ўраб қўйдим. Шунча йўлдан яёв келганми… Шамоллаб-нетиб қолмасин, деб…»
«Э, менга деса, ўлиб кетмайдими. Икки соатдан бери қидираман, бормаган жойим қолмади. Бу хомкалламга ҳадеганда «катта дада»си, аќлсиз болани ўз отасига қарши қўя-диган тоғдек суянчиғи борлиги келмабди. У тирранча мени битта тиргакчадек билмайди. Ака, болани иккиюзлама бўлишига, бети эшакнинг терисидан қалинлашганига сиз айб-дорсиз! Билдингизми, сиз айбдорсиз!»
«Айбдор бўлсам, айбдордирман, ука! Юр, ичкарига бошдан-оёқ ивиб кетибсан.»
«Бурничасидан биттагина ортиқ гапни айта олмасам. Акангни нарсасини сўрамасдан олма, укангнинг ишкалатини еб қўйма, десам дарров паноҳ излаб сизникига чопади. Сиз болани бундай койиб, тўғри йўлга солиш ўрнига, уни менга, онасига, ака-укасига қай-райсиз.»
«Нима қиламан?! Ҳа, майли, ука ичкари кирайлик, кеннаянг чой дамлагандир, аввал бир пиёладан ичиб, сўнг майли, гинахонликни давом эттираверамиз.»
«Билардим шу ердалигини…»
Акасининг ортидан уйга кирган ука янгаси чой ичираётган боши сочиқ билан ўралган ўғлини кўриб, дўлайган муштини пастга туширди. Хонани қўрқитган зилдек сукунатдан сўнг уканинг лаблари қийнала-қийнала сўкилди:
«Мана шунақа-да, талтайтириб юборгансизлар…»
Султон пиёлани итариб ташлаб, қалин кўрпадан паноҳ излади…
Муҳиб муаллим эслашга уринди. Ўшанда Султон ё ўн икки, ё ўн уч ёшда эди. Мана энди болалигида уйига паноҳ излаб келган катта ўғли ҳовлисини сотмоқчи. Ҳовли-сини сотгандан сўнг нима бўлади? Уйсиз қоладими? Дадаси қараб ўтирмас, ота дегани ўғли, неваралари кўчада қолаётганига индамайгина қараб ўтираверадими? Йўғ-эй, укаси уйига олиб кетар. Шошма, олиб кетганда Султон хотини ва учта боласи билан ота ҳовлига сиғармиди. У бобоси – Муҳибнинг отаси даврида бу ҳовлида учта оила, иккита келин, неваралар, Муҳибнинг тўртта синглиси – ўн беш жон сеники-меники нималигини билмасдан, аҳил-иноқ яшарди. Ҳозир-чи?! Укасининг нолигани ҳали қулоғидан нари кетмайди: «Ака, биззи пайтда дунё кенг эканми, ўшанча одам, яна Худонинг берган куни меҳмон – аммаларим, холаларим, отамнинг тоғдаги, шаҳардаги оғайнилари, қўноқ топмаган мусо-фирлар, уйимни ивирситдинг, ҳовли супуриш жонимга тегди, бир кунда тўрт марта қозон осаманми, булар бола эмас, балонинг ўқи, деган гапларни бир марта эшитм
асдик. Ҳамма-миз дастурхон атрофини тўлдириб, қошиқ навбати етишини кутиб овқатланардик. Ҳозир-гилар… Ҳовлимиз торайдими, дунё торайдими, ё феълимиз торайиб кетдими. Шу, ишонинг Султоннинг болалари бир кеча ётиб қолишса, эртасига улар бир ёқда уйдаги неваралар билан жиққамушт, устига оналарининг қовоқ-тумшуғи осилган. Эсим борида Султонни чиқариб юборган эканман, мен тириклигимда тўнғичим билан кенжам ҳовлининг ўртасига девор уришмоқчи. Ўша пайтда тўнғичниям чиқарсам бўларкан. Ҳе, сиз биттагина ўғлингиз борлигига Худога шукр қилинг!» Йўқ, Султон ота ҳовлисига қайтиб бора олмайди. Бора ол-май-ди! Унда кўчада қоладими? Ё ижара уй излаб юрадими? Одамлар нима дейди? Бир эмас, иккита дадаси бўла туриб, уй-жойсиз қолибди, дейишмай-дими? Дейишади! Оломонга бир нима деб бўладими? Биттаси тушунса, иккитаси тушунмайди. Ўзича тўқиб-бичаверади. Муҳиб муаллим, бундай танангга яхшилаб ўйла-гин. Одамларнинг гап-сўзига мен чидарман, Султоннинг отасиям чидар, лекин унинг
ўзи-чи?! Йигитнинг боши ерда бўлиб қолса…
Муҳиб муаллим ўйлаб-ўйлаб, ўзича жиянининг боши қуйи эгилмаслиги йўлини топди. Тўртта хонанинг иккитасида ўғли, келини, неваралари яшайверишади. Ҳовли тўри-да хотини икков яшаб турган уйларига Султонни бола-чақаси билан кўчириб келишади. Чол-кампир меҳмонхонага кўчиб чиқишади. Ҳа, нима, онда-сонда бир келадиган меҳмон-ни кутиб олишга алоҳида уй бўлиши шартми?
Муҳибнинг режаси пишиб қолганда эшик тақиллади. Кўчада жилмайганча Султон турарди. Муҳиб жиянини қаттиқ бағрига босди, лекин унинг дарвозасига ёзиб қўйилган, ҳалигача кўз олдини қоронғилаштираётган ёзувни ўқиганини, бошига тушган мушкул-ликни сезганини билдирмаслика интилди.
Султоннинг икки елкасига қоқиб сўрашган муаллимнинг хотини тахмондан янги кўрпача олар экан, Муҳиб унинг кўзидаги алланечук хавотирликни илғаб, овозини атай-лаб баландлаштирди:
– Хотин, ўғлингни қўлидаги олмайсанми!
Аёл ҳам шунча йил ёстиққа қўйиб, эрининг нима деётганлигини-ю, аслида нима демоқчи эканлигини ажратиб олишга ўрганиб кетган, коса тагидаги пиёлани дарров сезди: «бизнинг жиян сен айтгандек мени унутган эмас, қурумсоқ бўлса, шунча нарса кўтариб келармиди» – Муҳиб муаллимнинг кўзларидаги маънодан айни шу фикрни уқиш қийин эмас эди.
– Султонжон, овора бўлиб нима қилардингиз, шундай, қуруққина келавермайсизми, – аёл Султоннинг қўлидан устига аллақайси бир ашулачининг сурати туширилган шилдир-шилдир тўрвани олиб, эшик ёнига қўйди.
Хотини тўрт тарафига кўрпача тўшалган хонтахтага дастурхон ёзар экан, Муҳиб муаллим жиянини зимдан кузатиб, уй сотишга мажбурлик унга қанчалик таъсир қилганини ўрганишга уринарди. Султон эса, бозордаги нарх-наво, қаергадир ҳеч кутил-маганда бевақт қор ёғиб, ҳали узиб олинмаган узумлар, меваларни босиб қолгани, қўшни маҳаллаларида янги битказилган уйнинг ёниб, батамом кул бўлгани, яна алланималар ҳақида гапириб ўтирарди. Бир чойнак чой тугаб бўлди, Муҳиб муаллим жиянининг оғзи-ни пойлар, лекин у дарвозасига ёзиб қўйилган «Ҳовли сотилади!»га сира яқин келай демасди. Хотини бўшаган чойнакни кўтариб чиқиб кетар экан, Муҳиб муаллим ҳалигача оғзи гапдан тўхтамаётган Султонни шартта тўхтатгиси ва нега уйингни сотяпсан, дея сўрамоқчи бўлди. Султон катта дадасига бир қарашда буни сездими, ё унинг оғзига кафтини босганча эснаётганидан энсаси қотаётганини пайқадими, жим қолди. Орага юрагини эзиб-эзиб ташлаётган сукунат ҳукмини ўтказишга киришгач, Муҳиб муаллим ма
йли керак-нокерак бўлса-да гапириб тургани яхши экан, деган ўйини тилига чиқаришидан ўзини зўрға тийиб қолди.
– Катта дада, бу ҳалиги божангиз бор-ку, отлари нима эди, ҳа, Мардон ака, яхши юрибдиларми? – Султоннинг лабларидаги жилмайишнинг алдамчи эканлигини катта дададан бошқа бир синчков одам сезиб олиши ҳеч бир қийин эмас эди.
Муҳиб муаллим эса, Султоннинг оғзига тикилганча хотинининг гапларини эслар-ди: «Катта дадам божалариникига бориб-келяптиларми, дегандай бўлдими-эй…» Нега Султон илгари суриб-суриштирмаган божасини сўраб қолди. Ё… шошмагин, божамни суриштиришдан олдин янгасига уй сотмоқчи эканлигини айтган экан-ку. Балки божам биронта ўғлига уй излаяпти, деб эшитган бўлса…
– Энди ўзингдан қолар гап йўқ, ўғлим, ҳозирги замонда ҳамма ўзи билан ўзи овора. Югур-югур, чоп-чоп, топ-топ. Мардонни охирги марта қачон кўргандим? Укасининг тўйида эди, шекилли… Нимайди, унга бирон ишинг бормиди?
Султон айни шу саволни кутиб турган эканми, оғзи сўкилди-кетди. Мардонга Хизр назар қилгани, у қурган уй шаҳарда ҳам йўқлиги, лекин ҳеч қачон катта кетмаслиги, қўли очиқ инсон бўлгани учун иши мудом ўнгидан келиши, шундайгина тупроққа қўл чўзса, олтинга айланиши… Султон гапираверди, Муҳиб муаллим индаллони кутиб ўтираверди. Индалло – агар катта даданинг божаси ўн минггина кўкидан қарз бериб турса Султон уйини сотмас экан. Муҳиб муаллим мен ёшим олтмишдан ўтиб ҳали бирон кимдан бир сўм қарз сўрамаганман, демоқчи бўлди. Лекин ҳалигина хаёлини тит-пит қилиб ташлаган фикр қайта-қайта бошида айланди: «Одамларнинг гап-сўзига мен чидарман, Султоннинг отасиям чидар, лекин унинг ўзи-чи?! Йигитнинг боши ерда бўлиб қолса…»
– Катта дада, яхшилик ерда қолмас, дейдилар, бошимга тушган қийинчиликлар ўтиб кетар, қарзни ҳа, ана, нари борса, бир йилда қайтараман, Худо ол, қулим деса, икки марта Хитойдан мол олиб келсам, ҳаммаси жойига тушади. Ана ўшанда Мардон акамлар, божангизнинг яхшиликларини қўлимдан келганча қайтараман. Икки баравар қилиб қай-тарарман.
«Йигитнинг боши ерда бўлиб қолса…» Муҳиб муаллимнинг миясини эзғилаганча айланаётган гап унинг тилига эгалик қилди:
– Майли, ўғлим, агар менинг битта илтимосим ерда қолмаса ва сен уйингни сот-масанг, божаникига борганим бўлсин…
Муҳиб муаллим жияни билан келишганларидай эртасига кечки бешда энди кўчага чиққанди, шундайгина ёнига нотаниш бир машина келиб тўхтади. Кулранг «Ауди» эшиги очилиб, қучоғини ёзганча Султон тушиб келди…
Божа «Сиз бир марта илтимос қиласиз-у, мен йўқ дейманми», деганча ўн минг доллар санаб берди. У ҳалигача хижолатлик юзидан кетмаётган Муҳиб муаллимни ва кўзларидан ошкора мамнунлик тошиб чиқаётган Султонни кузатиб чиқар экан, эшиги авайлаб ёпилаётган қимматбаҳо «Ауди»га маъноли тикилганча қолди. Муҳиб муаллим орадан бир йил эмас, бир ярим йил ўтиб, жияни божасидан олган пулни қайтаришни хаёлига келтирмай юрган пайтда Мардоннинг хотини айтган гапини эслади. Божасининг хотини эридан эшитганини опаси, яъни Муҳиб муаллимнинг заифасига айтган, икки хотин билдими, демак, бутун қишлоқ хабар топди, агар у ўрмалаб-ўрмалаб, қўшни қиш-лоқларга, шаҳарга ҳам етиб бормаган бўлса! Хуллас, Мардон агар мен божамнинг жияни ўрнида бўлганимда, тагимда йигирма минг долларлик машина туриб, ҳеч қачон бировдан қарз сўрамаган бўлардим, топиладиган матањни сотардим, ҳеч кимга бошимни эгиб бор-масдим, деган экан. Лекин ўшанда на божаси, на Муҳиб муаллим Султон минган машина унинг ўзиники э
маслиги, қайси бир ўртоғиникини бир кунга сўраб олганини билишмас эди. Ҳар икковининг хаёлига Султон ўзини бой кўрсатиш учун «Ауди»да савлат тўкиб борганлиги ҳам келмаганди…
Султон қарзни берай демасди, Мардон божасининг ҳурмати учунми, қарзни қайтаришни сўрамасди. Лекин тўсатдан, ҳеч бир кутилмаганда божасининг ўғли йиғлаб келди: «Дадам ўлиб қолдилар…»
Жаназа ўтди. Эртаси фотиҳага келаётган одамлар камайгач, божасининг катта ўғли Муҳиб муаллимни ичкарига бошлади. Индамай қўлига битта дафтарни тутқазди. Жимир-лаётган қўнғизчалар ҳарфларга айлангач, Муҳиб муаллим қўлидаги дафтар қарздорлар рўйхати эканлигини англади. «Почча, кеча ўзингиз жаназада эшитдингиз, дадамнинг ҳамма олди-бердиларини мен бўйнимга олдим. Худога шукр, дадам ҳеч кимдан бир тийин қарз эмас эканлар. Лекин, мана қаранг, шунча одамга қарз берган эканлар. Мана, мана… ҳозир… қаранг, ўн биринчига қаранг, Султон, ўн минг доллар, ана қаранг, қачон берганларини ёзиб қўйибдилар, икки йилдан ўтибди. Жиянингиз фотиҳада кўринмади. Икки йилдан бери қорасини кўрсатмаган одам фотиҳага келармиди. Лекин ўртада сиз турган экансиз. Энди қўл қўлни танийди, дейдилар, почча. Мендан ўн марта яхши биласиз – ўлим сўраб келмайди, ким тайёргарлигини кўради. Устига отдек юрган дадамлар бирдан… Буёғига устма-уст маъракаларини ўтказиш керак. Юртнинг олди бўлиб юрган
одамнинг маъракаларини сал бундайроқ ўтказсак, гап-сўз тагида қолиб кетамиз. Хуллас, почча, бизга пул керак. Жиянингизга айтинг, қарзини олиб келсин. Дадамлар шунча қарз бериб, ҳеч кимдан фоиз олмаганлар, биз ҳам фоиз талаб қилмаймиз. Танасини келтириб берса, бўлгани. Нима дедингиз, почча?!»
Муҳиб муаллим биргина «бўпти»дан ортиқ бошқа сўз айта олмади. У шу топда бир йилдан бери қорасини кўрсатмаётган, уйини сотиб, хотини, болаларини ҳам олиб қаерга-дир ишлашга кетган жиянини қандай излаб топишни ўйларди.
Жиянни уч кун излади, ҳеч қаердан дарак топмади. Уйида яшаётган одам, ҳовлини Султондан эмас, Тўйчи судхўрдан сотиб олганини айтди. Тўйчи судхўр эса, очиғини айта-верди: «Жиянингни топсанг, мендан салом айт, хайрият, уйни гаровга олиб, нотариусда тасдиқлатганим, ақлимдан айланай, йўғасам, йигирма мингга куйиб қолган бўлармидим.» «Қирқ минг турадиган уйни ярим нархга ташлаб кетдими», Муҳиб муаллимнинг жиз-ғинаги чиқди. «Маълим, бунисини жиянчангиздан сўрайсиз!» Қарсиллаб ёпилган эшик Муҳиб муаллимнинг бўғзидан ўтаётган «Сизда инсоф борми, ҳовлини эллик мингга сотибсиз-ку», деган сўзларни итариб ташлади. У икки соатгина олдин кейинги олди-сотдини Султоннинг уйида яшаётган одамдан эшитганди…
Султоннинг қаерда ишлаётганини, қаерда яшаётганини ҳеч ким билмасди. Ё билсалар ҳам, айтишмасди. Муҳиб муаллимнинг бормаган ери қолмади, акасининг ўз ўғли қаердалигидан сира хабари йўқ, Султоннинг қайнатасиникига борди, яқин ўртоқлари қолмади. Уйига келса, хотини қовоғига қулф осиб олади. «Синглим бир уй хотиннинг орасида ер билан битта қилди. Эрингиз қачон қарзни тўлайди, деди. Ўшанда мени бир оғизгина маслаҳатга тенгситмадингиз. Мен ўзингизда бўлса, ошиб-тошиб ётган бўлсан-гиз, беринг, бўлмаса, жимгина ўтиринг, дердим. Ана бутун қишлоқ жиянингиззи учраган итдан суяк қарздор, деяпти. Ўша тариқча орияти йўқ безбетни деб мен энди биттагина синглимдан тирик жудо бўламанми? Ё қарзни ўзингиз тўламоқчимисиз? Нимангизни сотиб тўлайсиз? Ўғлим ўз аравасини зўрға тортиб юрган бўлса, қизимнинг аҳволини ўзингиз яхши биласиз, мен битта рўмолни уч йилдан бери ўрайман, ранги ўчиб кетди…» Ана шу пайтда Муҳиб муаллим қулоғининг кар бўлмаганига афсусланиб кетади.
Божаси қазо қилгандан кейин ўн кун ўтгач, унинг икки ўғли Муҳиб муал-лимникига келиб, аввалига мулойимгина сўз бошлаб, охири қарзни тўлайсизми-йўқми, дея шовқин-сурон кўтаришгач, юраги тинмай санчаётган катта дада жиянининг ориятини ўйлаб бош оғритганидан биринчи марта афсус чекди. Эртаси куни ўликкаям-тириккаям керак, деб боқаётган иккита қўчқорни бозорга олиб чиқди. Қўйларнинг пулига ўлимликка деб йиғиб қўяётган жамғармасини қўшди. Ўғлига долларга чақ, деганди, мингтага ўн доллар етмади. Хайрият, эртасига мактабдан ойлик бериб қолишди. Пулни роса минг долларга етказиб, божасининг эшигини қоқди. Пулни санаётган катта ўғилнинг чеҳраси билинар-билинмас очилгандай бўлди. «Почча, қўлимизда бўлганда, сиздан сўрармидик» – қайнсингил уҳ тортганча ўғлининг қўлидаги пулга кўз қирини ташлар экан, лаб бурди…
Қайнсинглисининг юзига асло қарамайдиган одамнинг келиб-келиб ўша лаб буришга кўзи тушиб қолса бўладими. Муњиб божасиникидан бўшашибгина чиқди-ю, тўғри укасиникига йўл олди. Укасининг ёқинқирамайгина сўрашишига эътибор бермасдан, индамасдан меҳмонхонага кираверди. Гапни божасининг ўлимидан бошлаб, жиянларининг уйига пул қистаб келишгани, қўйларини сотиб, ўлимлигини қўшиб минг доллар олиб бориб берганигача айтган Муҳиб муаллим кўзларидан уйқусигача олиб қўйган, кўча-га чиқса, бир чеккада ҳеч кимга кўринмай юрадиган акага укасининг заррача ачинмасдан, бир тукини ўзгартирмай бепарвогина ўтиришига алами келди. Аламини ичига ютди-ю, барибир йўл-йўлакай ўйлаб келганини айтди: «Ука, кўплашиб бир иложини топайлик!» «Қанақа илож, ака? Сизга биров ўртага тушинг, дебдими? Тушдингизми, эди пиширган ошингизни ўзингиз ичаверинг. Катта дадаман деб, бундай ўз отасидан бир маслаҳат олишни ўзингизга эп кўрмадингиз. Ўшанда олдимга келганингизда бугунга келиб қўй с
отдим, ўлимлигимни бердим, деб таъна қилиб юрмасдингиз, ака!» Муҳиб укасининг гаплари қанчалик аччиқ, нақ юрагига наштардек санчилаётган бўлмасин, чидади. «Ука, бир муштдан бериб, ўлдирибди, бир тўғрамдан бериб, тўйдирибди. Султондан бошқа яна учта ўғлингиз бор, оз-оздан беришса, ҳеч бўлмаганда ойига мингтадан бериб турсак, тўққиз ойда қарздан узиламиз.» Уканинг лаблари заҳарли кулгидан ёйилди: «Ака, сиз фақат «катта дада» деб бошингизни айлантирган Султонни биласиз, қолган учта жиянингиззи уйига бирон марта кирганмисиз? Биттасининг уйида сичқонлар ҳассага таянганча йиғлаб юришибди. Янги уй, янги рўзғор нималигини яхши биласиз. Иккита-сининг хотини болаларининг ўртасига тушиб ҳар кун жанжалдан чарчашмайди. Ўртада менинг бошим ёрилай дейди. Қўлимизда пул бўлганда дўппидеккина ҳовли олиб, ўғиллардан биттасини чиқармасмидим, бошим ғалвадан қутилмасмиди. Сиз шукр қилинг, тўртта эмас, биттагина ўғлингиз бор!»
Муҳиб муаллим индамайгина қўлларини юзига суртди-ю, ўрнидан турди. Кўчага чиқиб укасининг гаплари бадан-баданидан ўтиб кетди. Майли, бир тийин беришни истамас экансан, ака, ҳадеб куйиб-пишаверманг, қарз олган одамнинг ўзи инсофга келиб қолар, ё бўлмаса, меҳрибон худойимнинг ўзи бир йўлга олар, деса, чўккан кўнглини кўтарса бўлмасмиди. Жияннинг ориятини ўйладинг, ҳаловатингни йўқотдинг, божангнинг уйига катта бошингни кичик қилиб бординг, мана энди… Ўз отаси на ўғлининг ориятини, на мени – акасининг ориятини ўйлаяпти. Учраган ҳар битта одам божасининг қарзини тўламаган ана шу, дебон бармоқ нуқадими, тўртта одамнинг орасига кира олмайдиган бўлиб қоламанми, кеча-ю-кундуз миямдан пул топиш хаёли нари кетмайдими, туғишган инимга эса асло фарқи йўқ!
Муаллимнинг туйқусдан боши айланди. Йиқилаётиб, деворга суяниб қолди.
– Сизга нима бўлди, муаллим? Келинг, менга суянинг. Секин, секин… машинага ўтиринг…
Муҳиб муаллим ўзини авайлабгина машинага ўтқазган йигит уйига олиб кириб қўйиб чиқиб кетаётганидан сўнггина уни таниди: мактабни ўн йил олдин битириб кетган ўқувчиси, у ўқиган синфга раҳбар эди…
Муаллимнинг хаёлидан тезроқ қарздан қутулиш, нима қилса-да, пул топиш нари кетмай қолди. Мактаб директорига илтимос қилиб, яна олти соат дарс олди. Муҳиб муаллим эрта саҳардан мактабга югурар, кечгача тик оёқда туриб дарс ўтар, қош қорайганда шалвираганча уйига қайтарди. У ҳеч қачон ҳамкасблари ўйнайдиган ойлик ўзаро пул тўплаш – «олтин ғазна»га қўшилмасди. Илтимос қилиб ўйинга қўшилди, фақат кейинги ойда «ғазна»ни ўзига беришларини сўради. Бу яна бир ой «минг долларлик»ни элтиб беришнинг битта-ю- битта имкони эди. У ёғига Худо – подшоҳ, Султон пул топган бўлса, келиб қолар… Муњиб муаллим мактабда чарчаса-да, уйига боришга юраги бет-ламас эди. «Ҳув, «катта дада» деган маккор тили узилиб тушсин! Қариганингизда сизни сарсон қилган ўша лаънати қўлимга тушса, мана шу қўлимдаги игна билан бутун баданини тешиб ташламасам… Ўзи-ўзи, отаси, ака-укаларининг ҳам орияти йўғакан…» Муаллим хотинининг гапларини эшитиб, эшитмасликка олар, кўзларини юмганча ухлагандек
ётарди. Лекин уйқу қаёқда? Мияси лўқиллаб оғрир, шундайгина кўз олдида божа-сининг катта ўғли тиржайганча бир хил гапни такрорларди: «Почча, яна эсингиздан чиқ-масин, ўнинчида минг доллар тайёрлаб қўйинг! Ўзингиздан чиққан гап. Майли, яна тўқ-қиз ой ҳар ўнинчини пойлаб, чидаб турамиз-да!»
Нафақага чиққанда мактаб директори «ҳеч ким сизни шу ёшга кирган демайди, афтингиз эллик ёшдагидек, юришингиз йигитчалардан қолишмайди», деганда яйраган Муҳиб муаллим кейинги кунларда озиб-тўзиб, кичрайиб борар, шу пайтгача тик қомати букилиб қолган, устига кўзларидан нур қочаётганди. Тўплаётган пулининг чўғи эса, ҳеч кўпаяр демасди. Кеча тақвимга қарар экан, юраги орқа тортди: ўнинчига бор-йўғи етти кун қолибди. Етти кундан кейин божасиникига бориб, минг долларни санаб бермаса, телефон тўхтовсиз жиринглайверади. Аввал божасининг катта ўғли, кейин кичик ўғли, ортидан уларнинг онаси – Муҳиб муаллимнинг қайнсинглиси… «Ҳаммасининг гапи битта – эркак одамда лафз бўлиши керак-да!» Эртаси хўроз қичқиришга улгурар-улгурмас эшик қоқилади. Эшик тагида божасининг ранги ўчган катта ўғли ишшайганча туради…
Уйларидан хабар олгани келган қизи Муҳиб муаллимнинг тобора чўкиб бораётган гавдасига ачиниш билан қарар экан, ўзи болаларини зўрға боқаётганидан, отасига ёрдам бера олмаётганидан алам тортади. Қизининг кўзидаги ачинишни кўрган муаллимнинг миясидан бир нима қирсиллаб узилади. «Мен уни топаман! Топмай қўймайман!»
Муаллим қизини ҳайрон қолдирганча кўчага отилиб чиқиб кетади. Сўраб-сўраб Султоннинг дарагини топгандай бўлади. Муҳиб билан мактабда бирга ишлаган, қаеридир оғриганини айтиб, эрта нафақага чиққан, уч йилдан буён шаҳардаги улгуржи бозордан мол олиб келиб, қишлоқдаги дўкончасида сотадиган собиқ ҳамкасби Султонни кўрганини айтиб қолди. Бозордан чиқиб кетаётганини кўрганмиш. Йўқ, кўздан қолган эмас, танимаса, айтармиди…
Муҳиб муаллим ҳордиқ келишини пойлайди. Тонг отиши билан йўлга чиқади. Улгуржи бозор деганлари шаҳар чеккасида экан, сўраб-сўраб топади. Бозорни айланиб чиқади, Султон тугул, унга ўхшаш одамни учратмайди. Кўчага чиқиб, эшик олдида пойлайди. Машинадан тушган ҳар битта одамга умид билан тикилади: Султон эмасмикан? Лекин тарвузи қўлтиғидан тушганча уйига қайтади. Бироқ умидини узмайди – дўкончига айланган ҳамкасби Султонни кўрибдими, унгаям учраши мумкин. Шу тарзда яна икки бозор куни ўтади. Орада муддати етиб, «олтин ғазна»дан тушган пулни божасиникига олиб бориб беради. Учинчи марта ҳам шаҳарга тушиб, Султонни учратмаган Муҳиб муал-лим бошқача йўл тутади: бозордаги ҳар бир сотувчидан тортиб паттачи-ю қоровулгача – ҳамма одамдан Султонни таниш-танимасликларини суриштиради. Юк машинасидан мол тушираётган ўттиз ёшлардаги йигит унинг ҳайдовчига берган саволини эшитиб қолади-ю, «Амаки, қайси Султонни суриштиряпсиз, қаердан дейсиз, шошманг, энди мен аниг
ъини айта олмайман, лекин карнайчидан бир пуф, бизнинг кўчамизга биттаси кўчиб келган, эринмасангиз, бир бориб кўринг…» Муҳиб фақат бир нарсани аниқлаштириб олди: у ерда яшаётган Султон деган одам уйни катта пулга сотиб олган, Хитойга қатнайдиган савдогар экан…
Оёғи ерга тегмаётган Муҳиб муаллим йигит яшайдиган кўчани, у тайинлаган уйни топиб борганда, қош қораётганди. Икки одам бўйи келадиган ўймакор ёғоч дарвоза чети-даги тугмачани топиб, чақириш учун қўл чўзган маҳал, ёндаги эшикча очилиб… Муҳиб муаллим туш кўраётгандек кўзларини ишқалади. Остонада жияни Султон кўринди. Кўринди-ю, эшикча тез ёпилди. «Султон!..» Кўча чироғи ёқилиб, эшикча қия очилиб, Султон ташқари чиқди.
– Ие, сизмисиз, бу ғира-ширада танимабман. Бу томонларда нима қилиб юрибсиз?
Султоннинг эшик олдини тўсиб олган, «катта дада»сини ичкарига киритиш хаёлига келмаётгандай эди. Тўсатдан кўргани учун шошиб қолди, деган хулоса чиқарган Муҳиб муаллим ўнг қўлини жиянининг чап елкасидан ўтказиб, қучоғига тортди.
– Оббо, сиз-эй, э, бўлди-бўлди, – Султон ўзини орқага ташлади.
Жияни таклиф этмаса-да, Муҳиб муаллим ҳовлига кирди. Икки қаватли уй, олди гулзор, тўрт томонида ёқилган чироқлар нурида суви жилваланаётган катта ҳовуз…
– Муборак бўлсин, ўғлим! – муаллим атрофга ҳавас билан тикиларди.
– Эгасига муборак денг! Мен бу ерда ижарада тураман. Эгаси чет элга кетган, қараб туринглар деганди, уйсиз қолган одамда шу топда суяк бўладими…
– Эгасининг оти…
– Оббо, сиз-эй, ипидан игнасигача билишни истайсиз-да. Унинг оти Илёс бойвачча.
– Майли, Илёсми, бошқами, менга барибир. Сен мени эшит…
Муҳиб муаллим уй эгасининг номини айтаётиб, кўзларини олиб қочишга уринган Султонга божасининг ўлимидан кейин бошига тушган савдоларни гапириб берди. Унинг узун ҳикоясини бешиктебратардек тебранганча эшитган Султон қаҳ-қаҳлаб кулди:
– Шу ўша хотинингиззи жиянлари ўн минг долларга зор бўлиб қолишибдими? Бунақа чўпчакни менга айтдингиз, бошқа одамга айтманг, кулгига қоласиз. У болалар божангиздан қолган тоғдек давлатни бир умр еб ётишса ҳам, ақалли бир томонини ўпира олишмайди-ку!
– Энди, ўғлим, қиёмат қарз деган гаплар бор, – тўсатдан ич-ичидан отилиб келаётган алам Муҳиб муаллимнинг бўғзини тилиб ташлади.
– Нима мен арзимаган пулни беролмасдан қочиб кетибманми! Топдим олиб бориб бераман. Қиёматгача қолдирмайман, амаки!
«Амаки?!» Муҳиб қулоқларига ишонмаётган эди, ҳозиргина юрак-бағрини ўртаб ташлаган сўз чертиб-чертиб айтилди:
– А-ма-ки, биз ҳам йигитмиз, кўпчиликнинг орасида кўкрак кериб юрамиз! Сиз-чи, сиз хотин уруғи – илонбошларнинг тухумдан чиққани гаҳ деса, қўлига қўниб, қанча йўл босиб келдингизми, а-ма-ки!
Муҳиб муаллимнинг оппоқ сочидан оёғидаги тирноқларгача музлаб кетди. Қўл-оёқлари бўшашиб борар, эшикнинг қандай, қачон ёпилганини билмай қолиб, йиқилмас- лик учун ёғоч дарвозага суянишга интилди. Дарвозага кураги тегиши биланоқ нимадир қаттиқ итарди: «А-ма-ки». Нима деди у? Нима деди…
2011 йил, ноябр.