Шарифжон қуёш ўт пуркаётган айни туш вақти тупроқ йўлдан оқсоқланиб кетиб борарди. Ўқишидан таътилга чиқиб келганига ўн кунча бўлди. Ўтган йилдан бери ялангоёқ юрмагани учун товонларию оёқ кафтлари ер тафтига чидаш бера олмади, биринчи кечасиёқ пўрсилдоқ бойлади, эртаси куни қадам босишнинг иложи бўлмай қолди. Бир кундан кейин аста-аста юра бошлади, лекин сув бойлаб қолган жойлар чирс-чирс ёрилиб, чексиз азоб берди, кўзига дунё қоронғу кўриниб кетди. Мана, орадан бир ҳафта ўтса-да оқсоқланади, босайми-босмайми деб қадам ташлайди. Унинг бу ҳолатини кўрган одам сенга нима зарур, жонингни оғритиб нима қиласан деб ўйлаши мумкин. Ҳозир болаларни демаса, ҳеч ким ялангоёқ юрмайди. Олдинлари, Шарифжон бола пайтларида катталар ҳам бемалол ялангоёқ юраверар, айниқса, далада раис ва биргадирни ҳисобга олмаса, биров оёқ кийим киймас эди. Чунки ёз пайтлари тупроқ йўл гупиллаб кетади, пойабзалинг бирпасда қум-тупроққа тўлади. Лекин ҳозир замон ўзгарди. Одамлар анча маданийлашиб, тобора шаҳартабиат бўлиб боряпти. Бугун кўчада ялангоёқ юриш уят. Шарифжоннинг эса ялангоёқ юргиси келди, оёқ кафтлари худди болалигидаги каби тупроқ тафтини туюшини, зиғирқумлар товонидан сирғалиб ўтишини истади.
Ҳозир у юриб бораётган йўлнинг икки чети тутзор, лекин бу пайтда йўлга тангадай ҳам соя тушмайди. Шу сабабли Шарифжон йўл ўртасидаги майсали оролчаларни – ажриқзорларни танлаб қадам босади. Майсали жойда тупроқнинг тафти сусаяди, оёқни куйдирмайди. Ўзи бунақа пайтда эси бор одам шийпонда мизғийди. Шарифжоннинг ҳам эси бор, лекин у икки пайкал наридаги оромгоҳ ҳовузида чўмилишни мўлжаллаган. Қишлоқлари тоққа яқин бўлгани сабабли бу ерда дам олиш масканлари кўп. Олдин улар колхозга тегишли эди. Кейин хусусиялаштириш бошланди, боғ-ҳовлиларнинг ҳаммаси сотилди, кўпи шаҳарликларнинг мулкига айланди. Бойваччалар бу ерга онда-сонда, бир кун-ярим кунга дам олгани келади. Бошқа пайт қишлоқликлардан танлаб олинган қоровуллар ушбу “салқинланиш масканлари”га кўз-қўлоқ бўлиб туради.
Шарифжон шунчаки чўмилиш учун бораётгани йўқ. Шу пайкалнинг охирида шоли тахталари бор. Ўша тахталарнинг бирида Мадина исмли бир қиз шоли ўтаётган эди. Ҳозир тутзорга чиқиб, салқинда тушлик қилаётган бўлса керак. Мадина шу ернинг ўзидаги коллежда иккинчи курсда ўқийди. Шарифжондан уч ёш кичик. Истаралигина қиз. Унинг одоб-ахлоқига ҳавас қиладиганлар кўп. Шу боис сўнгги пайтлари худди мусобақалашаётгандек қулчиликка келадиганлар – совчилар кўпайди. Лекин қизнинг уйидагилар ҳозир у коллежда ўқиётгани, ўзлари ҳам тўйга тайёр эмасликларини айтиб ёппасига рад жавобини беряпти. Шарифжон Мадинага илгари кўп ҳам эътибор бермасди. Чунки диққатини тортадиган қизлар кўп эди. Кейин негадир фикри ўзгарди, беихтиёр кўзга унчалик чалинавермайдиган қизни қидира бошлади. Бебош юраги эса ундан бир оғиз ҳам сўрамай Мадинани топди. Шундан кейин Шарифжон ўзидан-ўзи безовталанадиган, шу қизни соғинадиган бўлиб қолди. Ўйламайман дейди-ю, ўйлайверади. Соатлаб шифтга қараб ётади, уҳ тортади. Шу алфозда алламаҳалгача қилт этмай ётаверади… Хуллас, шунақа. Ёшлигида эмланмаган боладай осонгина касалланди-қолди.
Мадина билан уч-тўрт марта атай учрашди, тўғрироғи, саломлашди, холос. Ортиқча гап-сўзнинг ўзи йўқ. Шарифжон салом беради, ҳол-аҳвол сўрайди, қиз бўлса биргина “яхши” деган жавобни айтади-да, баланд оловли қозонга ёғ қўйиб қўйгани эсига тушиб қолгандай тез ўтиб кетади. Лекин шу ярим дақиқалик суҳбат чоғида Шарифжоннинг кўнгли жуда кўп нарсаларни ҳис қилади, кейин анча вақтгача шунинг кучи билан яйраб-яшнаб юради. Мадинанинг кўзларида ҳаё бор, жозиб бир тортиниш бор. Ана шу уятчан нигоҳларда у юрагига қувват, руҳига нур берадиган бир ёлқин борлигини сезади. Бу сеҳрли кўзлар: “Сиз яхши йигитсиз, сизга ишонаман”, дегандай бўлади. Йўқ, тўғрироғи, Шарифжон бу сўзларни аниқ-тиниқ эшитади.
Шарифжон Мадина ўтоқ қилаётган тахтага яқинлашди. Қиз пайкал четидаги улкан тол соясида чой ичиб ўтирган экан. Йигитни кўрдию апил-тапил йиғиштиринди. Шолипоянинг тол сояси тушиб турган ерига ўтиб, ўтоқ қилишга киришди. Шарифжон у ёқ-бу ёғини тузатган бўлди. Ўн кун ичида қоп-қорайиб кетганидан уялди. Шу пайтда унга қараган одам юзи қип-қизил бўлиб бўғриқиб кетганини кўрарди. Бироз нафас ютиб тургач, оқсоқланма дадил қадам ташлаб, Мадинанинг ёнига борди.
Қиз иложи борича ўзини эътиборсиз тутишга ҳаракат қилар, лекин кўнглида “Ишқилиб, кетиб қолмасин-да” деган хавотир ҳам бор эди. Йигит унга яқинлашгач, тузукроқ гап тополмай озроқ каловланиб қолди, бу аҳволидан эса янада ўнғайсизланди. Нимадир дейишим керак деб чоғланар, лекин қизнинг кўнглига ўтирмайдиган гап айтиб қўйишдан баттар қўрқар эди. Ахийри, жуда узоқ чўзилиб кетгандай туюлаётган сукунатни бузадиган, қиз билан ўрталарида кўприк бўладиган гапни топди:
– Ҳорманг, ўтоқ қиляпсизми? – шундай дедию тилини тишлади, томоғи қақраб, манглайида тер пайдо бўлди. Ўйлаб-ўйлаб топган гапи шу бўлганидан хижолат тортди, Мадинанинг “Ҳа” деб берган ярим оғиз жавобидан эса янада довдиради.
– Мен ҳам жўхориларимизни чопиб келяпман. Ярим қарич бўп қопти. Қишлоқда шу-да, кунинг шунақа ишлар билан ўтади. Ҳозир шийпонга кетяпман, бироз салқинлаб келай.
Шарифжон муваффақиятсиз чиққан гапининг хижолатидан қутулиш учун кўпроқ гапиришга, ўзини эркинроқ тутишга уринарди. У “салқинлаб келай” деган пайти Мадинанинг юраги зирқираб кетди, бошини қуйироқ эгди. Шарифжон эса буни сезмади, суҳбатдоши ўлиб-тирилиб топган гапларига жавоб бермаётганидан кўнгли чўкди, “Бу ерга келмасам бўлар экан” деган ўй ўтди хаёлидан.
– Ҳа, майли, сизниям ишдан қўйдим. Мен борақолай, – деб шийпон томонга йўналди.
– Ҳовуз тарафга бормай қўя қолинг. Одам кўп шекилли. Ҳали “Дамас”да шаҳарликлар келди, – деди Мадина ерга кўз тикиб. Шарифжон ҳайрон бўлди, қиз нега бундай деди, шаҳарликлар келган бўлса нима, ахир ҳовуздан кўпи борми? Битта дам олиш уйининг ўзида икки-учта ҳовуз ишлаб туради.
– Шаҳарликлар келган бўлса нима қипти?! Қишлоқ ўзимизники. Озгина салқинлаб қайтиб келаман. – Гапларида мақтанишга ўхшаш оҳанг борлигини Шарифжоннинг ўзи ҳам сезди.
Мадина индамади. У шоли тахтанинг ичида бошини қуйи солиб ўтирар, Шарифжон кетишини ҳам, қолишини ҳам билмас эди. Охири, шийпонга қараб йўл олди.
Шарифжон шийпоннинг шундоқ ёнгинасидаги дам олиш уйига боришни мўлжаллади. Сабаби, бу жой шаҳарликларники эмас, шу ерлик бир бойнинг мулки. Қишлоқ аҳли бу ерга бемалол келиб кетади. Қиш пайтлари дала ишларию ташвишларидан вақтинчага бўлса-да қутулган эркаклар боғдаги уйчаларни ижарага олиб гап беради. Бу уйчалар қурилганига кўп замонлар бўлган. Тузилиши ҳам оддий уйларга ўхшамайди – томи ерга деярли туташган. Кўпининг деразаси битта. Ҳозир уларнинг ёнига янги бинолар ҳам қўшилган. Бу оромгоҳда Мадинанинг дадаси Мўмин ака қоровуллик қилади. Шарифжон билан салом-алиги яхши. Айниқса ўқишга кирганидан кейин янада қуюқроқ сўрашадиган бўлиб қолган. Бундан, албатта, Шарифжон хурсанд. Дам олиш уйига ўттиз-қирқ қадам қолганда унинг кўзи Мўмин акага тушди. У катта ҳовуз қирғоғига ўрнатилган узункурсида ким биландир гаплашиб ўтирарди. Лекин суҳбатдоши кўринмас, афтидан чўмилаётган эди. Яқинлашгач уларнинг гап сўзлари аниқроқ эшитила бошлади:
– Қирқдан ўтдиг-у, лекин унча-мунча йигитдан қолишмаймиз. Йигит киши қирқида қирчиллайди-да!
Ҳовуз ичидан қизларнинг ҳиринглаши эшитилди.
– Бу дейман, кенайимни хурсанд қилавериб жонига ҳам тегиб кетсангиз керак, – деди қизларнинг бири. Ҳовуз ичидан қийқириқ кўтарилди.
– Хотин киши ўттиздан кейин ўтин бўлади, яхши қиз. Ўзингиздан қолар гап йўқ, – Мўмин ака ўзининг гапи ўзига наъша қилиб кулди.
Ҳовузга яқин келиб қолган Шарифжон тек қотиб турар, шуури карахтлашган эди. Ҳовуз ичида иккита қиз чўмилаётган эди: кўринишидан бири йигирма беш ёшлардаги жувон, бири эса ҳали жуда ёш, йигирмага ҳам тўлмаганга ўхшар, балки турмушга ҳам чиқмаган бир қиз эди. Уларнинг кўзи Шарифжонга тушди ва бирдан жимиб қолишди, ноқулай сукунат чўкди. Мўмин ака қизлар тикилиб турган томонга ўгирилди ва рўпарада турган Шарифжонни кўриб, юзини буриштирди.
– Ие, ҳа, студент, йўл бўлсин?
Шарифжон жавоб бермади. Бир қизларга, бир Мўмин акага ижирғаниб қаради. Бу эса, табиийки, Мўмин акага ёқмади, иззат-нафсига тегди.
– Нима, кармисан? Бу ерда сенга қанд борми, деяпман!
Шу пайт нарироқдаги уйчадан ўттиз беш ёшлардаги қориндор бир киши чиқиб келди. Соқоли ўсиқ, кўкрагию қорнини тук босган, гулдор ва шалпайган калта иштони тиззасига тушган, киндиги ёнғоқдай бўртиб турган бу яримяланғоч эркакни шу ҳолда кўрган кишининг ўзидан-ўзи таъби тирриқ бўларди.
– Ҳа, нима гап, ака? – деб сўради у Мўмин акадан.
– Э, манавини кўрмайсизми – чақирилмаган меҳмон. Ҳа, нимага бўзраясан?! – деб Шарифжонга ўшқирди Мўмин ака.
– Болангиз тенги қизлар билан ўйнашиб ўтиргани уялмайсизми, ака, – деди Шарифжон. Бошқа гапиролмади, товуши томоғига тиқилди.
– Нима деяпсан сен, носқовоғимдай келмайсан-у, ақл ўргатяпсанми? Шаҳарда ўқиб жа-а олим бўп кетдингми? Олимлигингни бориб домлаларингга қиласан!
– Қизишманг, ака, қизишманг, – деб гапга аралашди қориндор киши. Сўнг муроса йўлига ўтди. – Сен, укам, катталарнинг ишига аралашма, жўжахўрозлик қилма. Чўмилгинг келаётган бўлса, бор, ана бошқа “дача”лардаям ҳовуз кўп. Бизни тинч қўй.
Қориндор юзини терс бурди, қорнини қашлаб бироз турди-да, бориб сувнинг иссиқ-совуқлигини текшира бошлади. Ҳовузга қўлини ботириб елкаларини, қоринларини сув билан намлашга киришди. Шарифжон бир унга, бир қизларга, бир Мўмин акага қаради. Сўнг четга қараб тупурди-да, келган йўлига қайтди. Йигирма-ўттиз қадам юрганидан сўнг ортида қий-чув кулги кўтарилди. Шарифжоннинг кўнгли алағда бўлган, қандайдир бир оғир ғашлик елкаларидан тобора эзиб тушар эди. У олдинги пайкалга хавотир билан кўз ташлади ва бирдан енгил тортди: Мадина йўқ эди. Ишини тугатиб кетган кўринади. Шоли тахталарга яқинлашгач, Шарифжон тахмини хато чиққанини англади: ўтоқ қилинаётган пол ҳали тугамаган, Мадина тушдан кейиноқ кетиб қолган эди. Дадасининг нима қилаётганидан хабари бормикан деб ўйлади Шарифжон. Балки шунинг учун боя уни шийпон томонга боришдан қайтаргандир? Ё бирор иши чиқиб кетиб қолдимикан?
Шарифжоннинг нафрати қўзир, бошқа томондан эса ҳайрон бўлар эди. Наҳот Мадинадай ақлли, одобли қизнинг отаси шундай ахлоқсиз бўлса? Ҳеч йўқса бир пайкал наридаги қизидан уялмайдими? Узоқроқда бўлса-да, буларнинг қий-чуви унга етиб бориши, агар яхшилаб разм солса бу ерда нималар бўлаётганини кўриши, аниқ билолмаса ҳам, англаши мумкин-ку! Шуям ота бўлдими энди?
Хаёлида шу каби жавобсиз саволларни тинимсиз қайтарар экан, Шарифжон бошқа бир гапдан сесканиб кетди: Мадинага уйланса, қайнотаси шу Мўмин ака бўладими? Э, йўқ, унга энди қизини бермаса ҳам керак. Чунки бугунги воқеадан кейин оралари яхшигина бузилди, бундан сўнг Мўмин ака у билан икки дунёда илиқ муносабатда бўлмайди. Аслида, Шарифжон илиқ муносабатни ортиқ истамасди ҳам, лекин Мадинани ўйлар экан, юрагининг бир четида хавотир бош кўтарар, қандайдир ўксиниш, афсусланиш ҳисси ҳам йўқ эмас эди.
Шарифжон шу куни даладаги ишига қайтиб бормади, уйларига кетди. Хонасига кириб, каравотга таппа ташлади. Узоқ вақт қимирламай ётди, лекин ухлаёлмади. Юрагига қўрғошиндай чўкиб қолган ғашлик кўтарилмади, кўксини оғир босиб тураверди. Шарифжон шу аҳволда икки соатча ётди, охири уйқуга кетди. Намозшомда аяси кириб уйғотди. Уйқудан лохас бўлиб уйғонди, боши ғувиллаб оғрир, лекин ҳалиги алағда кайфиятнинг тумани бироз тарқагандай эди. Кечки овқатни ҳам охиригача ичолмади. Аясининг хавотирли саволларга “Бошим оғрияпти” деб бир оғизгина сўз билан жавоб берди. “Иссиқ ўтган кўринади, – деб ташхис қўйди аяси. – Шаҳарда салқин-сояга ўрганиб қолгансан. Пешингача ишлаб нима қилардинг?! Сен йўқ пайтлари ўша жўхориларни ўзимиз экдик, даданг ўзи ёлғиз суғорди. Қийналиб қолганимиз йўқ. Эрталаблари вақтли бориб, кун қизигунча ишла, кейин уйга келиб дамингни ол. Куннинг тафти қайтганда яна борасан, қош қорайгунча ишлайсан. Ҳозир тур, янги уйга кир, қатиқ уйитиб қўйганман. Симириб-симириб ич, иссиғингни олади”. Ўғлининг ҳафсаласиз ўтирганини кўрган она қатиқни ўзи олиб келиб, косага қуйди. Шарифжон уч пақир қатиқ ичса ҳам ичидаги олов сўнмаслигини билса-да, онасининг кўнгли учун қатиқдан уч-тўрт марта ҳўплаб қўйди. Сўнг хонасига қайтиб, ўзини яна тўшакка ташлади.
Шарифжон эрталаб вақтли туриб, далага жўнади. Бир кўнгли далага борма, Мадинага дуч келиб қолишинг мумкин, унга нима дейсан, кўзларига қандай қарайсан, деди. Бошқа бир кўнгли эса учратсанг нима, қочиб юришинг керакми, кўришсанг балки енгил тортарсан деб уқтирди. Хуллас, шунақа иккиланишлар билан далага йўл олди. Эрта саҳар бўлгани учун кўчада одам сийрак, дала эса бирйўла кимсасиз эди. Шарифжон чекларига етиб келиб, почаларини шимарди-да, ишга киришди. Ҳали қуёш чиқиб, кўтарилгунига қадар бир соатча бор. Энг баракали вақт ана шу бир соат, шу пайтда иш унади. Кун қиздира бошлагач эса, одамнинг нафаси қайтади, эринчоқлиги тутади. Аслида, жазирамада ишлашнинг ҳам фойдаси йўқ. Кун тиғида қолсанг, қуёш уриши мумкин. Кейин анча вақт, баъзида ҳатто бир ҳафтагача лохас бўлиб, қўлинг ишга бормай юрасан.
Онаси иссиқда ишлама, деб тайинлаган бўлса-да, Шарифжон тушгача пайкалдан чиқмади. Тупроқнинг тафти оёқни куйдирадиган даражага етгачгина, ишини тугатди. Чопилган жойга кўз ташлаб кўнгли тўлди, анчагина ер чопиқдан чиққан, яна бор-йўғи ярим кунлик иш қолган эди, холос. Сўнг пайкал четидаги тутлар соясига бориб ўтирди, ўн дақиқача салқинлади. Оёқларини узатиб, қўлини орқага таяганича, олдиндаги пайкалларга тикилди. Мадиналарнинг чеки бу ердан кўринмас, фақат пайкал қирғоғидаги тутлар, унинг ортидан эса оромгоҳдаги баланд кекса толлар кўзга элас-элас ташланар эди. Шарифжон бир муддат борайми-бормайми деб иккиланиб қолди. Кейин қатъий бир қарорга келиб ўрнидан турди: ҳозир тўғри Мадинанинг олдига боради, суҳбатлашади. Балки уни ёқтиришини, унда кўнгли борлигини айтар. Йўқ, чўзишдан фойда йўқ, аниқ айтади. Бўлмаса, кимдир Шарифжондан олдинроқ отни қамчилаши ёки Мадинанинг ўзи унинг қўрқоқлиги, жасоратсизлигини кўриб, қўл силташи мумкин. Бу ёқда совчи деган бало ҳам бор. Мадинага кўнглидагини айтиб қолмаса, жуда нозиклашиб, ўргимчак тўридай бўлиб қолган умид ришталари ҳозироқ узилиб кетадигандай туюлди Шарифжонга.
Қизнинг унда кўнгли бор. Шарифжон бунга у қадар ишонмайди-ю, ҳар ҳолда ишонади. Шу туйғудан анча дадилланди, ҳадик аралаш иштиёқ билан йўлга отланди. Трактор ўтаверганидан икки чеккадаги тупроғи тортилган ундай бўлиб қолган, ўртаси ажриқзор йўлга етганида эллик-олтмиш қадам нарида ўзига қараб келаётган қизга кўзи тушди. Тушди-ю, юраги ҳапқириб кетди. Юз-кўзини ажратиб олиш мушкул бўлса-да, таниди: Мадина ишини мўлжалдагидан эртароқ тугатибди. Шарифжоннинг юраги борган сари тезроқ, зарблироқ урар, унинг гуп-гуп овозини ўзи ҳам тобора аниқроқ эшитар эди. Масофа лаҳза сайин қисқарди: қирқ қадам, ўттиз қадам, йигирма, ўн… Ва ниҳоят нигоҳлар туташди.
Бугун Шарифжон негадир ўзини анча дадилроқ тутди. Овози бироз титраса-да, кечагидай довдираб турмади:
– Салом алайкум. Мадина, яхшимисиз?
Қиз жавоб бермади. Бир муддат юришдан тўхтади-да, Шарифжонга тикилди. Бу қараш йигитнинг кўзларига ботди, юрагини тешиб ўтгандай бўлди. Шарифжон ҳавосиз бўшлиқда қолгандай нафас ололмас, қулоқлари шанғиллар, онг-шуури зинг-зинг этган жудаям қаттиқ овоздан карахт бўлиб қолган эди. У қизнинг нигоҳларидан: “Сизга ишонган эдим, сизни севардим, аммо сиз бунга лойиқ эмас экансиз”, деган аламли ифодани ўқиди. Йўқ, тўғрироғи, бу сўзларни аниқ-тиниқ эшитди.
Қиз тўхтамади. Йигитнинг шундоқ ёнгинасидан, гўё уни кўрмагандай, сезмагандай ўтиб кетди. Шарифжон узоқ вақт қимир этмай туриб қолди. Қизнинг ортидан югуриб боргиси, ҳаммасини тушунтириб бергиси келди. Лекин ниманиям тушунтирарди. Даданг шунақа-шунақа экан, менда айб йўқ, дейдими? Ёки мен ҳақимда ёмон гап айтишган бўлса, ишонма. Қанақалигимни биласан-ку, сени алдамайман, мен яхши боламан, деб уриб-енгадими?
Шарифжон узоқ турди. Кейин олдинга қараб аста-аста қадам ташлай бошлади. У қаёққа кетаётганини, нимага кетаётганини билмас, кўз олдини қоплаган туманли бўшлиққа маъносиз тикилиб борар эди. Мана, у катта йўлдан ўнгга – умуман майсаси йўқ, тупроғи гупиллаб ётган йўлга бурилди. Кун айни тикка келган, йўл эса тандирдай қизиган эди. Лекин ҳозир Шарифжон бу йўлдан бемалол ялангоёқ кетиб борарди. Туришидан, оёқларидаги яралар битган, товон ва панжалари тупроқнинг жазирама тафтига ўрганиб қолган эди.
2011 – 2013