Уни менга бедана деб тақдим этдилар. Қимматбаҳо ликобчада бутларини беданавор тарвайтириб ётган чумчуқ ҳол тили билан арзи ҳол қилди.
– Эй одамзод, сабр қилиб менга тиш урмай турсанг, ўз тарихимни айтиб берар эдим.
Унинг кутилмаган бу фарёдини эшитиб, розилик маъносида бош ирғадим ва қўлимни тортдим. У гапида давом этди:
– Мен аслида бедана эмас, оддий чумчуқ бўлиб дунё кўрган эдим. Кунларнинг бирида шохдан шохга учиб ўйнаб юрганимда ногаҳон читтак билан дўстлашиб қолдим. Янги дўстим серҳаракат бўлиш билан бирга ғоят сўзамол ҳам эди. Унинг сўзлари қандайдир руҳлантирувчи, кўзлари ишонтирувчи, оёқ-қанотлари ғоят чаққон эди. Мақташ борасида унга тенг келадиганини топиш қийин. Шу билан бирга, у дўстларининг ҳам ўзидай уддабурон бўлишини истар эди. Ўзининг ва дўстларининг мавжуд ҳолатидан асло қониқмасди. Яна нималардир қилгиси, нималардир дегиси, қўйингки, дунёни ўзгартиргиси келарди. Бинобарин, у бошқаларни ҳам шунга ундар, сира тиниб-тинчимас, ҳовлиқиб чирқиллаганича у шохдан бу шохга сакрагани сакраган эди.
Баногоҳ бир куни у мени ҳам мақтади:
– Сенинг ажойиб овозинг бор, беданадай сайрай оласан.
Мен авалига унча ишонқирамадим.
– Менинг сайроғим бошқача-ку, – дедим иккиланиб.
– Ҳечқиси йўқ, бора-бора ўрганиб кетасан, – деди ишонч билан у. – Ҳеч ким тухумдан сайраб чиқмаган, ҳамма ҳам кейин ўрганган. Қолаверса, сенинг ажойиб овозинг бор, ранг-рўйинг ҳам беданавор.
Менга унинг бу гапи маъқулдай туюлди. Жон-жаҳдим билан “Чип-чириқ” ўрнига “Бит-билиқ” деб сайрай бошладим. Менинг овозим ўзимдан ғайри ихтиёрий тарзда “Бит-билдириқ” бўлиб чиқа бошлади. Аммо янги дўстим мени яна руҳлантирди.
– Ҳечқиси йўқ, “Бит-билдириқ” бўлиб чиқса, янаям яхши. Сеники “Жаз” йўналиши бўлди. Яъни фақат ўзингга хос янги бир оҳанг қўшдинг. Дунёда бирорта бедана бу тарзда куйлай олмайди. Одамлар орасида шинавандалари бор. Улар буни ниҳоятда қадрлашади. Агар бирор бир шинаванда беданавознинг назарига тушиб қолсанг, бутун умринг роҳат-фароғатда ўтади. Ҳозиргидай бир чигиртка учун ярим кун ҳалак бўлиб юрмайсан. Озуқанинг энг сараларини ўзлари йиғиб келиб беришади. Еганинг тумшуғингда, емаганинг думингда бўлади.
– Бу нима дегани? – Илгари бунақа гапни эшитмаганим учун ҳайрон бўлиб сўрадим.
– Бу шунақа бир ибора, ғалчамисан?.. Дон сероб бўлганда қари читтаклар шундай дейдилар.
Каминангиз машққа зўр берди. Олдинги “Чип-чириқ”ларим эсимдан чиқа бошлади. Читтак дўстим мени бўлиқ бедазорга олиб борди. Энди чигирткалари сероб бедазорда бироз тўлишиб, беданаларга ҳам гап бермай қўйдим. Ишим ривожда эди. Олдинги чумчуқ дўстларим энди кўзимга ғариб кўринарди. Кундан-кун семириб бордим. Хурсандчилигимни изҳор этиш учун ҳар замон-ҳар замонда “Бит-билдириқ”, “Бит-билдириқ”, деб қўйсам, атрофимдаги қушлар менга ҳавас ва ҳасад билан бошларини ёнбошга буриб, қараб қўярдилар. Айниқса, мендан икки пар олдин туккан чумчуқларга роса алам қилар эди. Буни сезганим сари янада ғурур билан кўксимни кериб, сайрайдиган бўлдим.
Бу ишимдан беданаларнинг ғаши келар, мени инсофга чақирмоқчи бўлишарди. Аммо шуҳрат майидан маст бўлган қушнинг қулоғига гап кирармиди? Дўстим читтак билан тобора бўлиқ бедазорларда сайрон қила бошладим. Кунларнинг бирида кўзларимни чирт юмганча ўз овозимга ўзим маҳлиё бўлиб, “Бит-билдириқ”, “Бит-билдириқ”лаганча сайраб турганимда ногаҳон тепадан кўланка ёприлгандай бўлди. Қўрққанимдан ҳушимни йўқотдим, кўзимни очсам, овчининг тўридаман. Ўзимни ўнгга-сўлга уриб ҳар қанча чиранмай, тўрдан халос бўла олмадим. Мени тутиб беданабозорга келтирдилар. Беданавознинг рангдору гулдор қафасларини кўриб, бир енгил нафас олдим. “Хайрият, куним бор экан. Бу жойнинг шароити ҳам бедазордан кам эмасдир, ҳар қалай, ишқивоз одам қушларга озор бермас…”. Бир тунни унда ўтказдим. Тонг отди. Ёнимдаги қушлар беш-олти, ҳатто ўн мартагача “бит-билиқ” ота бошлади. Мен ҳам бутун кучимни тўплаб “бит-билдириқ”, “бит-билдириқ”, деб сайрай бошладим. Аммо меники зўрға учтагача борар эди. Шунда ҳам нафасим қайтиб, кўзларим тиниб кетар эди. Бир пайт ичкаридан сочини тақир қилиб олдирган, семиз бир одам чиқиб келди-ю, тўғри менинг қафасим олдида тўхтади. Мен ўзимча сайроғим бу одамга маъқул бўлди, деб ўйладим-у, яна қаторасига уч бора “бит-билдириқ” тортвордим. Ҳалиги одам менга бир зум ҳайрон қараб турди-да, қафаснинг туйнугидан қўлини юбориб, мени тутиб олди. Сўнгра кўзларига яқин обориб, қанотларимни ушлаб тортиб, ёзиб кўрди ва шеригини чақирди.
– Жонмурод, буни қара, ўзи чумчуқ-ку, беданага ўхшаб, безаниб олган экан. Овозини ҳам ўхшатибди-ю, барибир охирида “чириқ” деганга ўхшаш “дириқ” деган жойи бор. Шериги ҳам ёнига келди, мени қизиқиб томоша қилди. Сўнг ўйчан гапирди
– Жойига қўй-чи, сайрашини эшитайлик…
Қайтариб гулдору шокиладор қафасга қўйдилар. Мен лик этиб шохга қўндим-у, сайрай бошладим. Бор кучимни йиғиб “бит-билдириқ”ни тўрттага етказмоқчи бўлдим, ахир ҳазил гапми, бутун коинотнинг гултожи, ҳайвонларнинг энг аълоси – инсон эътибор бераётганди. Охирги сайроғимда ҳаво етишмай қолди. Нафасим тиқилиб, бошим айланиб, ўтирган шохчамдан “шилқ” этиб ерга тушдим. Оғзимни каппа-каппа очиб ютоқиб нафас ола бошладим. Икки оёғим осмонда бўлиб қолди. Одамлар бараварига хо-холаб кулиб юбордилар.
– Бу ўзимизнинг айрим ёш санъаткорларга ўхшар эканми? – деди сочи қўқигани.
– Тўғри, – унинг гапини қувватлади шериги, – худди ўзи. Ўзи айтиб, ўзи маст бўлиб рақсга тушадиган, жойи келса, таппа ерга ётиб оладиган, питир-питир ҳаракатлар қиладигани бор-ку, ўшанинг худди ўзи.
– Баракалла-е, “Чиранма ғоз, ҳунаринг оз”, деган гап бор эди, энди “Чиранма чумчуқ, ҳунаринг йўқ!” деймизми, буни?
Хуллас ўша даргоҳда бир неча кун эрмак бўлдим. Охир бир кун тақирбошнинг отаси келиб қолди. Тақирбош мени отасига ҳам мақтади. Отаси аввалига ҳайрон бўлиб турди. Сўнгра бирдан феъли айниди.
– Йўқот бунингни! – деди ғазаб билан. – Кимки ўз ҳолини ўзгартириб бошқаларга тақлид қилса, Худонинг қаҳри келади. Албатта бир бало юборади.
– Бу бир чумчуқ-да, ота, ваҳима қилаверманг, – тақирбош мени ҳимоя қила бошлади.
– Йўқ! – деди чол кесиб. – Махлуқнинг катта-кичиги бўлмайди. Бу Худонинг ғазабига учраган. Уйингда сақласанг, сенга ҳам зарари тегиб қолади. Касофати уради. Уни бугуноқ йўқ қил. Пишакка бериб юбор, – деди чол жаҳл билан.
Ўғил отасининг жаҳли чиққанини кўриб, бирдан рози бўлди.
– Хўп бўлади, бугуноқ ошхонага жўнатиб юбораман.
Бугун эрталаб ошхона дастёри беданабозникига борди. Бу ёғини ўзингиз кўриб турибсиз. Энди сиздан бир илтимос, шу ҳақда бир нима ёзиб қолдирсангиз, токи бундан кейин ҳеч бир жон ўзига тағйир бериб, бировларга тақлид қиламан, деб менинг ҳолимга тушиб юрмаса…
– Хўп бўлади! – деб юбордим беихтиёр, унинг нолаларига бардош қила олмай.
Қишлоқдан келган ҳаваскор қаламкаш рўпарамда ўтирганча, ўз косасидаги бедана шўрвани хўриллатиб-хўриллатиб ичаркан, менга ҳайрат билан қараб қўйди. Бир сўз демасдан косасини бўшатди. Узун тилларини тепага пастга тез ҳаракатлантириб, антиқа тарзда лабини ялади. Сўнгра пешонасидаги реза-реза терларини кирчил қўлрўмолчаси билан артганча, савол берди:
– Нега бедана шўрвани ичмаяпсиз, домулло? Сизга маъқул бўлсин, деб атайлаб, шўрва айтувдим. Ё маъқул бўлмадими?
– Раҳмат, бугун кечроқ нонушта қилувдим. Ўзингиз, бемалол… – шундай деганча косани у томонга суриб қўйдим.
– Бай-бай, шундай лазиз таомни-я… Хафа бўлманг-у, оғзингизнинг таъмини билмас экансиз.
Қаламқош томоғини таққиллатганча, чумчуқ шўрвага нон тўрғай бошлади.
Афтидан, у шундоқ кўзининг олдида бедана – чумчуқ билан бўлиб ўтган суҳбатимиздан бехабар эди.
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 12-сон