Илмда беназир муаллимим, академик
Воҳид Абдулло хотирасига бағишлайман.
Муаллиф
I
Самарқанд кузининг ўзига хос ажиб таровати бор: шаҳар атрофидаги боғларнинг муаттар бўйларига тўйинган қурч ҳавода эринчоқ мезонлар учиб юради; боғ-майдонларда, ҳовлиларда ўрик, олма, беҳи, нашвати япроқлари анвойи рангларда кўзни қамаштиради; ишкомларда наввотранг ҳусайни, тоифи, ҳар бир донаси мошдан хиёл чоғроқ оқ кишмиш узум бошлари олтиндек товланиб туради.
Бир қарашда худди шундай. Аслида бу қадимий маконнинг кузини инсон умрининг шодлик ва ташвишларига қиёс килгудек аломатлари ҳам бор. Сумбула кириши билан ҳавонинг тафти кескин ўзгаради, кундуз кунлари ёздагидек исиб кетадию аввали оқшомлар бирданига салқин тушиб, билинар-билинмас шабада эсади — кексалар ҳам, ёш-яланглар ҳам яктагу чопонга ўраниб оладилар. Самарқандни қоқ иккига бўлиб оқадиган Қорасувнинг, шаҳарни атрофдан камардек ўраб олган Сиёҳоб, Панжоб ариқларининг таъсирими, ҳар қалай, ҳаво намхуш ҳамда вазмин туюлади кишига. Сумбула тунларининг салқинига бепарволик қилиб юпун кийинганлару ўзларининг бардамликларига ишониб, ҳавонинг заҳрини назар-писанд этмаганлар гоҳо доғда қоладилар — ногаҳон тумов-пучмоққа чалиниб, «уҳў-уҳў»лаб юрадилар.
Сумбулада шаҳар ичкарисидан ўтадиган катта-кичик анҳорлардаги обиҳаёт муздек совийди, тиниқлашади, мовий тусга киради; ариқлар тубида қалашиб ётган тошлар, ёз давоми сув ичида ўсган, кузги салқинлар таъсирида ранги унниқиб ўча бошлаган турли-туман ўтлар бамисоли очиқ ерда тургандек аниқ кўринади; анҳору ариқларнинг тўлиб оқаётганини, оқимнинг йўналишини зилол сув остидаги ўтларнинг у ён-бу ён тебранишидан билиб олса бўлади. Куз фаслининг тўкинчилиги, ҳавонинг қурчлиги ариқларнинг ҳам қут-баракасини ошириб юборгандек: кечагина — ёз ойлари бир коса сув билан чанқоғини аранг босган киши мана бугун ярим пиёла оби зилолни базўр нўш этади.
Кузда Самарқанд бозорининг манзараси эртагу афсоналардаги жаннатдан ҳам ошиб тушади. Мотруд тарафлардан — Обираҳмат ариғи бўйидаги боғлардан келтирилган, шираси сават остидан чак-чак томиб турган сариқ-қора анжирлар Оҳаклик тоғи этакларида етишган, буруннинг қонидек қип-қизил анорлар, Сиёҳоб бўйларидаги бот-майдонлардан териб олинган ноку нашватилар кўзларни қамаштиради. Ширинликлар растасида эса, наввоту ҳалвойи лафздан тортиб қандолату чакчакидовгача — йигирма-ўттиз айносдагн ширавор неъмат харидорларга мунтазир. Галаосиё тегирмонларида тортилган баҳори буғдой унидан ёпилган пўлоти нонларни айтмайсизми… Самарқанд бозорини оралаб бу ердаги ноз-неъматларни кўрган, уларнинг хуш бўйидан баҳрамандланган киши беихтиёр шу ёруғ дунёда инсонлик камоли билан кўз очгани учун Оллоҳу таолога минг бора шукрона айтади.
Ҳа, жаҳонга довруқ солган Амир Темур бу қадимий манзилни ўз давлатининг пойтахти этиб тайин қилганида, табиийки, кўп жиҳатларни назарда тутган бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас. Чунончи, зукко соҳибқирон тарихда Искандар Зулқарнайндан бошлаб не-не босқинчилар диққатини ўзига оҳанрабодек тортган Самарқанднинг ташқи душманлар билан курашишга қулай жойда ўрнашганлигилан ташқари бу заминнинг ҳавосию сувини, ширин-шакар ноз-неъматини ҳам ҳисобга олган бўлса не ажаб…
Тўкинчилик, маъмурлик, димоқларни қитиқловчи анвойи ҳидлар, хилма-хил кийинган, турли-туман афту ангорли кишиларнинг бир-бирларини танимаслиги, харидор билан фурушанданинг савдолашиб-тортишаётгани — Шарқдаги барча шаҳарларда учрайдиган бундай манзара Самарқанд бозорига ҳам хос. Шу боисдан ўрта бўйли, бугдойранг юзли, кексалигига қарамай кўзлари тийрак боқувчи тўрвасоқол, бошига нимдошгина салла қўндириб, эгнига қалами яктак кийиб олган қаҳрамонимиз Уста Ўроққа ҳам бозордагилардан бирор киши аҳамият бераётгани йўқ. Ҳали бутунлай оқариб улгурмаган соқоли билан салласи бир хил тусда бўлган бу одам юмушдан сўнг — кечки маҳал бозор оралаб манзилига қайтаяпти. Теварак-атрофига, тирикчилик туфайли ғимирлаб юрган ранг-баранг кўринишли одамларга айрича бир меҳр билан боқади. Бугун унинг кўзига ҳамма нарса — растама-раста кезиб юрган харидорлар ҳам, ўз молини мақтаб сотаётган фурушандалар ҳам, саватларда, улкан-улкан тоғораларда ёйилиб турган табиат эҳсонлари ҳам ҳар кунги
дан кўра гўзалроқ туюлади. Уста бугун бағоят хушнуд кайфиятда. У бозор оралаб юрган турли элат ва турли дину мазҳабга мансуб одамларнинг барисини ўзининг ака-укасидек кўнглига яқин сезар, иложи бўлса, бирор муносабат топилса, ҳаммани ўпиб-қучгудек ҳолатда одимлаб борар эди.
Уста Ўроқ мевачилик растасидан обикорлик – сабзавот растасига ўтди. Карам, сабзи, шолғом, турп, турли хил кўкатлар… Кадифурушлар рўпарасига етганида Уста беихтиёр тўхтади. «Челак қишлоқ атрофларида кадилар дуруст бўладур, дердилар, — ўйлади у. — Мана булар ўша қишлоқдин олиб келинган ўлса ажаб эрмас».
Кадилар ўзининг етилиш даражасига, турига кўра хилма-хил рангда эди, синчков кишиларнинг эътиборини беихтиёр тортар эди: сарғиш, оч қизил, оқимтир кизил, кўкимтир кизил… «Масжиди жоменинг ғиштларига ранги-рўған беришда ушмундоқ туслардин ҳам истифода этилса, хўб дуруст иш ўлур эркан-да, аттанг. Афсуски, бўёқчи эрмасмен, бор-йўғи ғишт бостиргувчи устамен…»
Уста Ўроқ очиқ чеҳра билан кадифуруш рўпарасига бориб, иккита чоғроқ кади танлаб харид қилди. Аниқроғи, савдолашиб ҳам ўтирмади, фурушанданинг айтганини тўладию, кадиларни қўлтиғига олиб, йўлга тушди. Хушнуд кайфиятда борар экан, табассум билан бошини қимирлатиб қўяр, ўз-ўзига сўзлар, нималарнидир уқтирар эди: «Самарканддек фирдавсмонанд бир юртда Мовароуннаҳрнинг энг катта номозгоҳи — Масжиди жомеъ курилаётир. Ушмундоқ табаррук даргоҳни бунёд этмишда иштирокинг бор, Ўроқбой. Ҳа, кичик юмуш эрмас бу! Ўшул мўътабар иморатнинг битишига оз кунлар қолғонин билурсен. Ҳадемай жаҳонгир Амир Темур ҳам олис сафардан қайтур. Масжиди жомени тиклашда иштирок қилғон усталар сафинда улуғ амир сенга ҳам тортуқ-тарағайлар берса ажаб эрмас, Ўроқбой!.. Ҳе, тортуқ сенга не даркор ўзи, қари нодон? Масжиди жомега номозға етғонлар акалли бирор бора: «Ушбу иморатни поёнига еткурғон усталарни худо ёрлақагай», деб дуо айласалар, сен учун бас-да!.. Ношукур бўлма, Ўроқбой, ахир
бугун кўпдин ўйлаб юрғон ниятингга етдинг — анинг жамолини яна бир бора кўришга мушарраф бўлдинг!.. Эмди армон қилмағил…»
Уста Ўроқ — аслида ўтакетган тақводорлардан эмас. У уламою домлаларнинг, тақводор кишиларнинг амри-маъруфларини бепарволик билан, баъзан эса, хушламай тингларди. Унинг беш маҳал номозни канда килмай тўла-тўкис ўқиган кунлари камдан-кам бўлади. Бунинг сабаблари бор албатта. Уста эрта билан бомдод номозини ҳар куни уйда ўқийди; пешин вақти аксарият (жумъа кунларидан ташқари) меҳнат билан ўтади; номози дигар маҳалида эса, Уста кўпинча йўлда бўлади… Уста Ўроқ шундай сабабу мулоҳазаларни ҳар замон-ҳар замонда кўнглидан кечиради-да, номоз-ниёзнинг канда бўлишидан унчалик ўкинмайди. Чунки у меҳнату заҳмат билан кун кечиришни, ҳалоллик-поклик билан умр ўтказишни тоат-ибодату номоз-ниёздан баланд қўяди. «Ҳалол меҳнат ила умр ўткаркан кишини худо ҳам, пайғамбар ҳам ёрлақаса ажаб эрмас. Худонинг бирлигига, пайғамбаримиз Муҳаммад Алайҳиссаломнинг барҳақлигига ишонсанг, имонни бутун тутсанг бўлди-да», деб ўйларди Уста ўзича. Шу боисдан у бугунги воқеани — севгилисининг жамо
лини кўриш ўзига насиб этганини ҳам худонинг инояти деб ишониб бағоят мамнун кайфиятда, яратганиинг ўзига қайта-қайта шукрона айтиб бораётир.
Уста Ўроқ Сайфулло исмли шогирди билан Баландҳовуз гузаридаги Ниёзбой деган атторникида ижарада яшайди. Шогирди ҳам унинг ёнида ишлайди. Сайфулло — устозига ниҳоятда содиқ, меҳрибон йигит. Лекин юмушга боришу манзилга қайтишда устоз ва шогирд деярли бирга юрмайдилар: Уста Ўроқ ҳар куни барвакт ишга борарда ҳам, кечга яқин ижарахонага қайтарда ҳам якка юради, негадир сўнгги маҳалларда ёлғиз ўзи хаёл суришни яхши кўрадиган одат чиқарган.
Уста Ўроқ билан Ниёзбой аттор бир-бирларини, ҳар қалай, ҳурмат-иззат қиладилару, аммо камроқ гаплашадилар. Зеро кўпроқ суҳбатлашишга фурсатлари ҳам бўлмайди. Уста Ўроқ, ўзидан ёшроқ бўлса ҳам, ҳовли эгасини «Ниёзбой ака» деб атайди. Ниёзбой ҳам Уста Ўроқ ҳақида гап кетганда: «Фақат шунчаки бир уста эрмас бу одам, бамисоли фаришга», деб қўни-қўшниларига мақтайди.
Уста ҳам, унинг шогирди Сайфулло ҳам эрталабки нонуштани, кечки таомни Ниёзбойникида ўтказадилар. Ана шу икки маҳал емагу ётоқхона учун ҳовли эгаси — Ниёзбой атторга ҳақ тўлайдилар. Ўртадаги байлашувда ҳовлига бирор масаллиқ ёки емиш-овқаг келтириш ҳақида гап бўлмаган. Шунинг учун бўлса керак, ҳар кунгидан ўзгача — хушнуд канфиятда иккита қовоқни қўлтиқлаб келаётган Уста Ўроқни кўрган Ниёзбой аттор ҳайрон бўлиб, озгина тараддудланиб қолди. Улар ташқи ҳовлининг мўъжазгина икки табақали дарвозаси олдида бир-бирларига дуч келдилар.
— Ҳормангиз, Уста бобо!
— Бор бўлинг, Ниёзбой ака! – деди Уста жилмайиб.
— Бир нимарсалар кўтариб, меҳнат тортиб юрибдурсиз? Кадилик таом егингиз келғон эрса, бир оғиз билдирмайсизму? Бунчалик заҳматга не ҳожат?..
— Э, нечун заҳмат бўлсун, Ниёзбой ака, назаримга, ажиб неъмат бўлуб жилва берди, харид айламасликнинг иложи йўқ кўринди.
— Бугун хиёл ўзга махфилда кўринадурсиз, Уста бобо, – деди билинар-билинмас жилмайганича ҳовли эгаси. — Зиёфатда иштирок этдингизму? Билишимча шароб отлиғ нимарсадин нўш этган кўринасиз…
— Топдингиз, Ниёзбой ака, мен бугун ростдин сармастмен,— дея ҳовли эгасининг кўзларига тикилди Уста Ўроқ. – Валек шаробдин эрмас, бахт оғушидамен, армонсиз одаммеи. Вақти-соати бирлан ўзим сизга сўзлаб бергаймен…
Уста Ўроқ дарвозахонадан ичкарига кириб, кадиларни супачага қўйди-да, тўғрига — ўз ётоғига йўл олди. Ҳовли эгаси жилмайганича, унинг ортидан қараб, бошини сарак-сарак қилиб қолди.