Ҳабиб Сиддиқ. Инглизча туш (ҳажвия)

Ҳозирги даврда бирорта ҳорижий тилни билмаган одам қийналиб қолади, дерди ўқитувчимиз. Тўғри айтган экан. Мана мен ҳам тилни билмаганим учун қийналиб ўтирибман. Ўзимни шу кеча кўрган тушимни тушунолмай бошим гаранг, асабим таранг бўлиб кетди. Ўтган куниям шунақа бўлувди. Чунки,  тушларни инглизча кўряпман-да.
Аҳволимдан хабар топган онам бечора ташвишга тушиб қолди. Шифокорга олиб бормоқчи бўлувди унамадим. Баттар таажжубланганча секин сўради:
— Вой, болагинам-эй. Тушларингни ҳаммаси инглизчами?
—Э-э, қўяверинг, — дедим-у қўл силтаб нари кетдим.
Аслида тушимни унча-мунча  ўзбекча жойлари ҳам бор. Лекин, шундай нарсаларки, бировга айтгани хижолат бўласан. Кўнгли тинчимаган онам ишга отланаётган отамнинг ортидан чиқиб алланималарни шивирлади.
— Ўзидан кўрсин, — деди отам сал жаҳли чиққандай. – Элчихонанинг атрофида ўралашиб юргандан кейин шунақа бўлади-да.
— Элчихонанинг?.. – деди онам ҳайрат билан кўзларини ката-катта очиб.
— Ҳа. Ишхонамиздагилар айтишди. Ўша ердаги таржимон қиздан тил ўрганаётган эмиш.
— Вой, худойим-эй, шунақа денг. Хаёлимга бир зумда нималар келмади-я… Ўрганса яхши-да, дадаси. Лекин, касали…
— Қўявер, бунингни касали хавфли эмас. Ўтиб кетади, — деди отам сирли жилмайиб. — Дўхтирини ҳам ўзи  топяпти шекилли.
Онам ҳеч нарсага тушунмай бир отамга, бир менга қараб қолаверди. Бироқ отам дарров қаёқдан билақолдийкин?.. Чиндан ҳам ўша таржимон қиз ишхонамизга ҳорижлик меҳмонлар билан келиб уларнинг гапларини ўгириб турганда жуда ҳавасим келувди. Инглиз тилида она тилимиздай бийрон сўзлашадиган бу кўҳликкина қиз бўш пайтларида қизиқувчиларга тил ўргатар экан. Дарров манзили ва телефонларини сўраб ёзиб олувдим. Бир ойдирки ундан инглиз тилидан сабоқ оляпман.
Машғулотлар анча чарчатаяпти. Бунинг устига ора кунда ғалати тушлар кўриб чиқишим қизиқ бўляпти-да. Бунақа ҳайратланарли гапларни ичингда сақлаб туриш ҳам қийин экан. Кўнглим тўлиб кетиб бир иккита оғзи маҳкамроқ оғайниларимга ҳеч кимга айтмаслик шарти билан инглизча тушларим ҳақида жиндай ёрилувдим. Бекор қилган эканман. Мана энди, улар ҳам кимларгадир, бировга гуллаб қўймасликларини тайинлаб, хушхабарлаганлар шекилли. Ўз навбатида бошқалар ҳам узунқулоқ гапларни урчитиб юборишибди. Оқибатда менинг инглизча тушларим  ҳақидаги гаплар бутун шаҳарга  овоза бўлиб кетди. Кўча-кўйда, гузарларда одамларнинг айримлари кулиб, баъзилари раҳми келгандай қараб қолганларида  ўзимни қўйгани жой тополмайман.
Булар ҳам майлику-я, аллақандай халқаро жамиятнинг журнали таҳририятидан келган мухбирларнинг гапларига чидаб  туролмадим. Содир бўлган нодир ҳодиса ҳақида материаллар тўплашмоқчи эмиш. Бунинг учун ухлаётганимни, туш кўраётганимни кузатишлари, тасвирга туширишлари керак экан. Хунобим ошиб  ҳаммасини аввал ўзбекча, кейин инглизчалаб изоҳли луғатларда ҳам йўқ сўзлар билан сўкиб, қувиб солдим.
Ана шундан кейин тилим анча бурро бўлиб қолгандай туюлиб таржимон қиз ҳузурига тез-тез борадиган бўлдим. Ўзиям менга инглизчани ўргатаман деб роса ҳаракат қилаяпти. Лекин ҳар қанча уринмай «И лав ёу»дан бошқасига тилим келмаяпти. Дунёнинг ишлари шунақа-да. Бир биримизни тилимизни тушунгунимизча анча–мунча вақт ўтиб кетади.
Буёқда  баъзи кунлари Миш-мишларни ошириб-тошириб сўзлайдиган қўшни хотинларнинг олди-қочди гапларини эслаб онам жиндай кўз ёши ҳам қилиб олади ва «ишқилиб, яратганнинг ўзи охирини баҳайр қилсин» деб қўяди. Оналарнинг тилаги ижобат бўлади, деганлари тўғри экан. Ҳаммаси кўнгилдагидек бўлиб кетди.
Гапни чўзмай, тўғрисини айтиб қўяқолай. Инглиз тилини унча яхши ўрганолмадим. Лекин афсусланмайман. Қийналаётганим ҳам йўқ. Чунки ўша таржимон қиз келинойингиз бўлиб қолди. Энди тушларни бирга кўряпмиз.