Омон Мухтор. Кекса муаллим ёки Наполеон ҳайкали (ҳикоя)

Ўша куни уйда зерикиб ўтирган эдим.
Кампирим невараларимни соғиндим, деб катта қизиникига кетган. Ўртанча қиз эри билан чет элда юрибди. Кенжамиз иссиқ-совуғимдан хабар олиш учун уйда қолган, лекин у ҳам уйда эмас — эрталаб ишга чиқиб кетиб, кеч қоронғисида қайтади. Қисқаси, уйда қоровуллик қилиб ўтирган пайтим эди.
Албатта, эринмай соқолни қириб кўча айланиб келиш мумкин. Лекин “кўча айланиш”да бирор маъно бўлиши керак. Ёшинг етмишга бориб қолганида бекордан сандироқлаб юриш ярашмайди. Майли-да, атрофни томоша қилиб, кўчада уч-тўрт тангани сочиб қайтаман, десанг ёшликдаги ҳою-ҳаваслар аллақачон тугаган. Уйда телевизор кўриш, китоб ўқиш — булар ҳам доим кўнгилга сиғавермайди.
Қандай бўлмасин, ўша куни фаромушланиб ўзимга тегишли бўлмада, қафасдаги қариб қолган шердек, нари-бери одимлаганча, дераза олдига бордим. Ҳар гал деразага яқинлашганимда бир зум кўчага қарар, аммо ҳеч нарсани кўрмаётгандек ҳолатда эдим. Бу гал икки қушнинг сурон кўтариб бири-бирини чўқиётгани диққатимни тортди. Осойишта тўхтаб, атрофга разм солдим.
Ҳовли кенг. Хушқомат дарахтлар зангор осмонга санчилиб тургандек таассурот уйғотади. Мана, шу қуюқ дарахтзор остида “Болалар майдончаси”. Аслида, узун йўлкалар орасидаги бутун ҳовли саҳни майдончага ажратилган, аммо айрим очкўз уй эгалари дераза остидаги томорқа етмагандек, ер очиб, ҳаммаёқни эгаллаб олишган. Буниси ҳолва. Ҳовлининг икки ён томонида қатор темир қутилар — гаражлар тургани кам, бировлар майдончага тиркаб ўз гаражларини ўрнатишган эди. Шуларнинг бари сабаб, ҳозир “Болалар майдончаси” торайиб, кафтдеккина шамойилга кирган.
Олдинги ҳафта кучли шамол туриб, кейин дўл ёғиб, кўп дарахтларнинг шохлари синиб тушган, ҳар ёққа шох-шабба сочилган. Ана, неча кун ўтиб, ҳеч ким уларни йиғиштирмаган эди.
Майдончада ҳам барг-хазон уюлиб ётибди. Бу ерда авваллари болалар учун ўйнайдиган нималар бўлган — эсламайман, сўнгги йиллар кузатганим — тик темир бир нарвон ва зинадан юқорига кўтарилиб пастга сирғалиб тушадиган гажаксимон қурилма бор.
Бундан балки уч-тўрт ой, балки ярим йил бурун каттароқ болаларми ёки бирон маст-аластми қурилмани ағдариб ташлаган, у отдан ажратилган аравадек тўнтарилган эди. Уни ҳам ҳеч ким ҳамон ўнглаб қўймаган.
Баъзан кўчага чиқиб майдончани кесиб ўтганимда, одамлар нега бунча бепарво, деб ўйлар эдим. Ўша куни яна шундай хаёлга бордим. Бирдан… уйда бекор ўтирмай, кўтарилиб тушадиган қурилмани аканг қарағай, ўзим ўнглаб қўйгим келди. Болалар бу қурилмадан маҳрум, ўйнаёлмаётгани менга ёқмаётган эди.
Эски кийимларимни эгнимга илиб, ташқарига йўналдим.
Бир ишни бажариш учун одамга ғайрат, шиддатдан ташқари, куч керак, ҳол керак. Ёши улғайганида зўриқиш ярамайди — худо кўрсатмасин — йиқилиб қолиш мумкин. Бироқ, назаримда, ният қилганимни дарҳол амалга оширмасам, тарс ёриладигандек эдим.
Майдончага қадам қўйиб, шох-шаббани йиғиштиришга киришдим. Ниҳоят, қурилмани у ён-бу ёндан тутиб қимирлатишга урина бошладим. Унинг оғирлиги бир ботмонга етмаса ҳам, ярим ботмон чиқади! Менга эса ҳакимлар уч килодан ортиқ нарса кўтармасликни тайинлашган. Икки марта баданимга жарроҳ тиғи теккани устига, бод касалим қийнайди. Юракнинг уриб туриши ҳам ўзига яраша… Ташвишланиб ва куймаланиб турган эдим — Худонинг марҳамати — икки ўсмир қаёқдандир пайдо бўлиб, салом, ўртоқ муаллим, дейишди. Пинжимга киришди. Уччовлон “Ё Али” деб қурилмани ўнгладик-қўйдик. Уларга раҳмат, болалар, де-йишга улгуриб-улгурмасимдан, қайтиб ғойиб бўлишди. Мен эсам, уйга киришга шошмай, завқланиб қурилма теграсида айлана бошладим.

* * *
Шу пайт…
қурилма остида ётган бир қора халтага кўзим тушди.
Икки ўсмир бола қўлларидаги нарсаларни ерга қўйиб, ёрдамга ошиқишган эди, шулар унутганмикан, деб ўйладим. Бир дам пойлаб ўтирдим. Ахийри, халтада нима бор экан, деб қизиқиб, эътибор бериб қарадим. Халта лойга беланган, афтидан анчадан буён шу ерда эди. Демак, биров олдинроқ қолдирган ёки атай ташлаб кетган! Энгашиб, уни шунчаки пайпаслаб кўрдиму эсим чиқаёзди. Халтада одам бош чаноғидек ярим думалоқ… Худойим-е!
Нафасим бўғзимга тиқилса-да, ўзимни қўлга олиб боғични шошмасдан ечдим. Халтани очдим. Бу — кулранг-қизғиш тусдаги кичик бир бюст (ҳайкал) эди.
У сопол бўлгани, вақтида лойдан ясаб пишитилгани учунми, менга илк қарашда шу он нақ ердан “ўсиб чиққан”дек туюлди. Кейин, тикилиб туриб, унинг “афт-ангори” қандайдир “таниш” эканлигини пайқадим. Кимлигини ўйлаб, айни дамда эслаёлмадим.
Ташлаб кетишга кўзим қиймаётган эди. Нима қилишимни билмасдим. Уйга кўтариб борсам… уйда қайси хонага кирманг, ҳар хил тасвирлару аллакимларнинг бюст (ҳайкал)лари “тиқилиб” ётибди — қариндошлар шусиз ҳам бизнинг уйимизни “санъат музейи” деб аташади. Буниси майли. Кампиримга бошдан-оёқ бу кунги ишим ёқадими, йўқми — айтиш қийин. Эркак киши, менингча, учраган “бошоғриқ”қа хотинни аралаштирмагани дуруст. Гап кўпаяди, холос… Хўп. Бир мактабда қарийб ярим аср дарс бериб, менга на бир машина, на гараж буюрган. Атрофдагиларга ўхшаб аввалдан томорқа-ер ҳам “забт” этмаганман. Фақат, темир қутилар орасидаги бўш бир бурчакни сим тортиб тўсиб қўйганман — бу ердаги чириган тахталар остида уйдаги ортиқча ашқол-дашқол сақланади. Мулоҳаза юритиб, ахийри муайян қарорга келдим. Топилган бюст (ҳайкал)ни қайтиб қора халтага солдим.

* * *
Биз сезмаган ҳолда қайси замондан бошлаб ҳаётимизга дунё “ёпирилиб” кирган? Ўзимиздан “ташқари” дунёни айтаяпман! Қаёққа қарама, “бизники” бўлган ҳаётда бошқа бир “ҳаёт”га хос исмлар, жисмлар, тасвирлар, китоблар кўзга ташланади. Ота-боболаримиз давридан ҳам кўра кўпроқ бу ҳозир яққол кўринади. Эртага янада кўпроқ кўриниши мумкин. Тараққиёт, деганлари шу! Ажабланмаслик керак! Биров ажабланмайди ҳам… Мен олис шаҳарларда неча бора шаҳарларимиз номи, буюк инсонларимиз исми-шарифию уларнинг расмлари, катта-кичик бюст (ҳайкал)ларига дуч келганман. Нақш солинган буюмлар, зардўзлик намуналаридан оддий ўзбек чопони ва дўпписигача учратганман! Биз қанчалик “ташқари”га чиқишга уринган ва айниқса, бу кун уринаётган бўлсак, бизга гоҳ руҳи яқин, гоҳ руҳи ёт “ташқари дунё” ҳам минг чандон ортиқ шиддат, ғалаён билан “кириб келиш”га уринади… Ана, уйингиздаги жиҳоз биқинига “Швейцария” деб ёзилган. Ана, эгнингиздаги костюм астарига қаранг — шоҳи тасмачада “Олмония” деган ёзув. Китоблар-чи? Китоблар-ку, энг қадим муҳожирлардир. Ана, уйдаги катта хонанинг икки девори шифтгача зич китоб. Менга тегишли бўлмада ҳам улар даста-даста…
Қисқаси, орадан уч-тўрт кун ўтган, кўчадаги қора халта деярли хаёлимдан кўтарилган эди. Бўлмамда бетартиб ётган китобларни алифбо бўйича янгидан жавонга териб чиқаётган эдим, эшик қўнғироғи жиринглади. Бориб очсам, Эсон деган йигит — кейинги йўлакнинг биздек юқори қаватида истиқомат қиладиган девор қўшни остонада турибди.
— Кечирасиз, Иззат ака, — деб кўришгани қўл чўзди.
— Марҳамат, жигар, — дедим.
Эсон йўлакда шиппакни ечаётиб катта хонага секин мўралагандек бўлди. Мен билан бўлмага кириб оромкурсига ўтиргач, бу хонага ҳам разм сола бошлади.
Хотиним кир юваётган эди, ишини тўхтатиб дарҳол патнисда бир чойнак чой билан қанд-қурс келтирди. Эсон одоб юзасидан ўрнидан туриб:
— Яхши юрибсизми, Барно кеннойи, — деганча унга алоҳида ҳурмат кўрсатди. Мен узатган бир пиёла чойни ҳўплаётиб: — Банд экансиз! Безовта қилдим, — деди китобларга қараб қўйганича.
— Бекорчиликдан! — дедим. Кейин, бизнинг кўпқаватли уйлар шароитида кўпинча “ош-қатиқ” бўлавермайдиган, ҳар куни кўришавермайдиган қўшнига негадир дардимни ёришга тушдим: — Бирон харидор топилса, бу китобларнинг ҳаммасини битта қилиб сотиб юборардим.
— Ўзингизга керак эмасми?! — деб қизиқсинди Эсон.
— Мен билан янгангиз буларни аллақачон “хатм” қилганмиз. Болалар ўқимайди. Зерикиб қарайди.
— Бўлмаса, сотиш керак, албатта. Бу анча пул!
— Қаёқда! Оладиган киши йўқ. Бизнинг одамларимиз китобга қандайдир бепарвоми… Оталаримиз бекордан “маърифат” дея қон кечмаган-да! Билсангиз, ўша Беҳбудийлар, Авлонийлар, Фитратлар ишини давом эттириб, уйда кутубхона очмоқчи эдим. Ўтган-кетган қизиқармикан, деб. Мана, қоғоз қирқиб, симёғочга ёпиштириш учун эълон ҳам ёзиб қўйганман. Лекин қўлим боғланган. Янгангиз қарши. Уй оёқости бўлади, дейди. Бунинг устига, уйда бўй етган қиз!
Биз анча сукутга чўмдик. Эсон тўйқусдан:
— Менга Наполеон керак, — деди.
Ўйланиб китоблар томон қарадим.
— Қанақа Наполеон?
— Адашмасам, у битта. Бонапарт!
— Битта эмас. Бонапартлар катта сулола, — дедим “доно”лигимми, муаллимлигим тутиб. — Қолаверса, Наполеон Бир, ундан кейин ўғли Наполеон Икки, жияни Наполеон Уч бор.
— Буни китобда ёзганми?
— Ҳар бири ҳақида озми-кўпми ёзилган. Бу уйда истаган китобингиз топилади! Ана, рўпарангизга қаранг, фаранг адабиётининг ўзи… Стендал, Бальзак, Гюго, Золя, Мопассан. Яна Андре Моруадан Экзюперигача… саф тортган!
— Кутубхонангиз бой экан, — тан олди Эсон. — Фақат, мен бошқа, ҳайкал қидираяпман.
— Ҳайкал?
— Наполеон! Ҳайкал, дейдими, бюстми?
— Уйда бюст-ҳайкаллар ҳам кўп. Ана, Искандарнинг фил суягидан ясалган бюсти! Ана, Пётр Бирнинг мармардан йўнилгани! Ана, Сталин. Чўян… Лекин менда Наполеон йўқ… — шундай дедиму бирдан эсладим.
Қора халтадаги бюст (ҳайкал) қуйиб-қўйган Наполеон! Тик, нозик бурни. Ўткир кўзлари. Ҳарбий кийимигача!
— Кўнглингизга олманг, Иззат ака. Суриштириб юрибман…
— Эй, ҳозир топиб бераман! Очиқ айтмайсизми! — қўл силтаганча, ўрнимдан турдим. — Барно! Мен бир пастга тушиб чиқаман. Безовталанма!

* * *
Иккимиз темир қутилар орасидаги бўш бурчакни топиб, сим тўсиқ орқасида куймалана бошладик. Чириган тахталарни кўтардик. Бор ашқол-дашқолни ағдар-тўнтар қилдик. Аммо бу ерда қолдирилган қора халта йўқолган эди. Биров рўзғорга яроқли на кетмон, на куракка тегмай, гўёки бюст (ҳайкал)ни кўтариб кетгандек. Ўғирлагандек…
Ҳафсаламиз пир бўлиб “Болалар майдончаси”га келдик. Кесилган бир дарахт устига ўтирдик. Эсон хафа эди. Мен ундан хижолат чекаётган эдим.
— Биламан, сиз ҳалол кишисиз. Кекса муаллимсиз, — деди у. — Буюк одамсиз!
— Мен буюк эмасман. Оддий!
— Барибир, кўп китоб ўқигансиз! Буни энди нима қилдик, маслаҳат беринг. -Топиш керак. Миршабларга айтса, ишонмайди, кулади. Бу ўзи арзимаган мато, лекин нақд минг доллар тўлаганман.
— Сотиб олганмидингиз?
— Йўқ. Ҳайкалтарошга!
— Мен бу ишда аввалдан ҳеч нарсага тушунмаяпман, — дедим.
— Нимасига тушунмайсиз?
— Бизнинг ҳовлимизга, майдончага Наполеон қандай қилиб келиб қолди? У сизга керак бўлса, нега бу ерда ётган эди?
— Беркитиб қўйган эдим, — деди Эсон. — Узр, Иззат ака, минг карра узр, анови қурилмага тегмасангиз, Наполеон ҳам тинч ётаверарди… Ажабланманг, бу асли Наполеон ҳам эмас. Дадам! Сиз дадамни хасталаниб, фалаж бўлиб ётганида, қўшнилар билан бир-икки кириб кўргансиз. Эсларсиз. Дафн маросимида ҳам қатнашгансиз.
— Уйга кўчиб келган пайтда у киши тилдан қолган эди. Гаплашолмаганман, — дедим.
— Қабрлари устига чиройли ёдгорлик ўрнатган эдим. Бронзадан. Ҳайкалтарош таниш эди. Ҳозир у Америкада юрибди. Бултур ўша ёдгорликни ўғирлаб кетишган… Шум ниятда қабристонга қўрқмай кирадиган кишилар топилганига ҳайрон қоламан.
— Бундай “маййитнинг кафанини ечиб олган” кишилар доим учраган. Уларнинг қабристондан эмас, худодан қўрқмагани ёмон… Мен тушунмаяпман. Бу гапларнинг Наполеонгаю дадангиз Ғулом акага дахли нима?
— Айтаман, — деди Эсон. — Қайтиб ёдгорликни тиклашни ўйлаб, бу гал пихини ёрган бир ҳайкалтарошнинг қармоғига илиниб қолдим, Иззат ака. Жасур деган мендан ёш йигит экан. Ўзи деярли ишламайди, нуқул шаклга кираётган лойга сув пуркайди, холос, қолган ишни шогирдлари қилади. Оғиз очиб фикр айтишга қўймайди, мен устаман, асарларим дунё шаҳарлари марказида турибди, ишни бузманг, ўзингизни ақлли қилиб кўрсатманг, дейди. Қандай бўлмасин, сиз кўрган ҳайкални ясаб берди.
— Наполеонни!
— Шунақа! Айб менинг ўзимда… Жасур дадамни билмайди. Дадам афғон урушида қатнашган, зобит бўлган. Ўшанда тушган бир суратларини нусха учун унга берганман. Кейин, оғзимдан гуллаб, лақаблари Наполеон эди, деб юборганман. Ҳақиқатан ҳам собиқ сафдошлари орасида шундай лақаблари бор эди… Майли, дадамга жуда ўхшамаса ҳамки, уни ўрнатамиз. Лекин бу ҳали фақат лой, бронзага кўчириш керак. Заводда фалон миллиён сўм, дейишаяпти. Қабристон маъмурияти ўзини айбдор сезиб, ярмини тўламоқчи. Қолганини тўплаб олишимга тўғри келади…
Пул топиш — оғир масала. Не-не мардларнинг белини букмаган! Эсон тоқатсизланганича ўрнидан туриб кетиб, йўқолган ҳайкалдан ҳам бурун пул қидираётгандек, майдончада чир айлана бошлади. У бир маҳал гажаксимон қурилма олдига бориб тўхтади. Тиклаб қўйилган қурилмани ағдариб ташлайди, деб хавотирлана бошлаган эдим, йўқ, қурилмага тикилиб туриб:
— Ий-я! — деганича зиналар остига бошини суқди ва… мен томон шошқин кела бошлади. Қарасам, қўлида қора халта!
— Хайрият, — деб юбордим кўнглим ёришиб.
Қўшни олдида оқланиш, унга маслаҳат беришдан қутулган эдим. Бу дардисар (Наполеон) мен қолдирган жойдан қайси йўсинда майдончага “қайтиб келган”ига тушуниб бўлмасди. Жаҳонгирлару даҳолик даъвогарларининг руҳи нотинч кезиши нишонасимикан? Нима қилганда ҳам, бироз гангиб қолган эдим.
Ўрнимдан шарт туриб уйга жўнамоқчи эдим, Эсон енгимдан тутди:
— Шошманг, Иззат ака. Илтимос… Сизнинг уйингизда бироз имкон топилади. Агар малол келмаса…
— Нима малол келмаса?
— Сизда бунақадан кўп! Шулар қатори…
— Малол келади, — дедим қатъий. — У катта. Ихчамроқ бўлса бошқа гап эди. Бундан ташқари, бизнинг ёшимиз бир ерга етган. Қабрга қўядиган нарсани уйга олиб киролмайман… Менга қаранг. Ўзингиз нега олиб кирмайсиз? Уйингизга ўт тушганми?
— Кун ора ўт тушади, — деди ўйланиб Эсон. — Эркак киши оиладан шикоят қилмаслиги керак. Бунинг устига, хотиним меҳнаткаш. Фидойи. Отаси мулла эди, ўзи ҳам намозхон. Лекин сиз билан Барно кеннойим бир ашулани айтасизлар! Мен билан Соҳиба айтган ашула ўхшамайди.
— Келин сизнинг ташвишингизга шерик бўлмайдими?
— Нима десам экан? Мендан кўра яхшироқ биласиз. Бизда масжид худонинг уйи деб аталгани билан, буддага сиғинганларга қиёс меҳробга тош-бут қўйилмайди. Ёки маъжусий қабилида деворга расм солинмайди. Ҳатто анбиёлару авлиёларни тасвирлаш ман этилган. Бу ҳаммаси тўғри! Эътиқодга боғлиқ… Соҳиба бўлса, ошириб юборади. Баъзи ишлари ҳеч қуюшқонга сиғмайди. Уйда оддий бир шакл ҳам сақланишига тоқат қилолмайди. Ҳар хил суратлару ҳайкалларга қўшилиб, уйга шайтон киради, деб тушунади. Жоҳиллик, албатта.
— Ким билсин! Эскидан шундай тушунча ҳукм сурган.
— Демак, Соҳиба эмас, мен айбдорманми? Ҳар қандай шакл, тасвир ҳаромми?
— Суратпарастлик, ҳайкалпарастлик, уларга ортиқча маҳлиёлик ҳар қалай бизнинг эскидан келган тарбиямизга зид. Бу — бандага ҳашам бериш, баъзан улуғликни исташ, баъзан саждага айланади. Биз қачондир Шарқдан Ғарбга қараб кета бошладик. Ғарб кундан-кун бизни унга хос яшаш тарзига даъват қилаяпти. Китоблар, санъат намуналари кириб келиб, турли ёт эътиқодлар, дунёқарашлар, гоҳо очиқ шармандаликларни сездирмай бизга юқтиришга уринаяпти.
Эсон сал саросималанган эди.
— Мен ҳайронман, Иззат ака. Кўзларимга ишонмаяпман, — деди у. — Бу сўзларнинг эгаси сизми? Ахир, ҳаммадан бурун уйини китоблар, расмлар, ҳайкаллар билан безатган ўзингиз эмасми?
— Ўзим… Бунга сабаб, яна бир катта ҳақиқат бор. Ота-боболар даври бошқа эди. Бизнинг ҳаётимизда Шарқу Ғарб бирлашиб кетди. Биз Шарққа суянамиз, Ғарбга ҳам қараймиз.
— Балки бу ҳайкал керак ҳам эмасдир? Марҳум икки оғиз дуои фотиҳадан бўлак нарсани кутмайди! — деди Эсон. — Лекин мен атрофдагилардан фарқи йўқ бир кишиман. Қолаверса, оддий бир ҳунар кишиси, кўп гапларга ақлим етавермайди. Соҳибанинг эътирозлари ҳам, сизнинг бу сўзларингиз ҳам менга узоқдан эшитилган овоздек кўринади, яхши илғаёлмайман. Дадамнинг олдида бурчимни бажараяпман. Тамом. Вассалом! — У бирдан мурожаат қилди. — Ҳеч бўлмаса, буни олдинги жойга беркитайлик. Рухсат беринг. Бу ерда, ўйнаб юрган болалар синдириб қўяди.
— Бемалол. Ўзингиз шуғулланаверинг, — дедим.

* * *
Баҳор маромига етмай туриб, ёз бошланган эди.
Деразадан хонага қуёш тушган. Нур зарралари жимирлаб ёғаётгандек.
Иссиқ.
Диванга чўзилган эдим.
Дераза олдига бориб кўчага тикилган кампирим:
— Эсон эрталабдан буён у ёқ-бу ёқ юргани-юрган, — деди.
— Кўчада унга нима бор экан?
— Билмасам. Афтидан, бир нарса қидираяпти.
— Яна йўқотгандир-да!
— Нимани?
— Наполеонни! Бу биринчи йўқотиши эмас. Вақти-вақти билан йўқолади.
— Гапларингиз ғалати. Алмойи-алжойи… — ҳеч нарсага тушунмаган Барно бошқа бўлмага чиқиб кетди.
Уйқу аралаш сўзлашган эдим.
Ўринга қулайроқ жойлашдим.
Кўп ўтмай кўзим илина бошлади…
Қарасам, дераза катта очилиб, Эсон кирди.
— Сиз бу бешинчи қаватга қандай кўтарилиб, нега деразадан кирдингиз? — деб сўрадим ажабланиб.
— Эшикдан келсам, Соҳиба сезиб қолади. Мен ундан яширин иш тутишга мажбурман, — деди Эсон. — Бошим қотган. Ҳайкал бу дафъа беркитган жойда ҳам, майдончада ҳам йўқ. Қаёққа кетди экан?
— Майли. Эзилманг. Топилар.
— Менга ёрдам беринг, Иззат ака. Илтимос.
— Шошманг. Мен олдин бир ўйлаб кўрай. Қурбим етмаса, изқувар ўртоқларим бор. Ўзим гаплашаман.
Шу пайт нариги бўлма эшиги тарақлаб очилди.
Эсон югуриб деразадан қайтиб чиқиб кетди.
Барнодир, десам…
— Соҳиба!
— Мен.
— Мунча дағдаға. Барно ичкарида дам олаётган бўлса керак. Қизим ҳам ишдан чарчаб келган.
— Менга барибир.
— Сиз бу ерда нима қилиб юрибсиз? Бизнинг уйимизда?
— Ҳозир кўрасиз! — у ҳар ёқдан китоблар, расмларни олиб, бирма-бир деразадан кўчага ота бошлади.
— Ҳай! Ҳай… Бу сизнинг уйингиз эмас, хоним! Нега хўжайинлик қиласиз?
— Раҳмат, демайсизми! Мен сизнинг уйингиздан шайтонни ҳайдаяпман.
— Тўхтанг! Қизишмасдан бутун-бор гапни аниқлаб олайлик… Тўғри, китоблар, тасвирлар, ҳайкаллар орқали бир пайтлар уйларимизга шайтон кирган. Ҳозир ҳам битта-яримта бурчакда у кўзга кўринмай ётган бўлиши мумкин. Мен буни инкор этмайман. Лекин…
— Нима, лекин?
— Энг аввал, шайтон одамнинг хаёлида бўлмаслиги, кўнглига кирмаслиги керак. Бундан ташқари, яратилган ҳар нарсани шайтонга боғлайвериш инсофдан эмас.
— Менинг қарашимча, Ягона Буюк Яратувчи Тангридир, холос. Наузамбиллоҳ, Унга шериклик қилиш, мен ҳам бир нарса яратдим, деб ўйлаш гуноҳ. Шайтон васвасаси билан одамлар доим ақлини йўқотиб қўяди.
— Тўғри, биз улуғ ишларни амалга оширганда ҳам “ҳаммомпиш” ўйнаган боладекмиз! “Сизлар кўп хато қиласизлар!” дейилган оятда. Банда адашади. Лекин худонинг ўзи инсонни бунёдкор қилиб яратмаганми? Кузатиш! Ҳайратланиш! Бу хислатларни инсонга худонинг ўзи бермаганми?
— Сиз билан баҳслашиш қийин. Муаллимсиз! Тилингиз чархланган. Мен ҳам авваллари шундай эдим. Дадам билан нуқул тортишардим. Кейин билсам, мен эмас, дадам ҳақли эканлар.
— Дадангиз мулла бўлганми? — деб сўрадим.
— Мулла! Ўшанда қандай ҳолат эди? Айтганим билан кўз олдига келтиролмайсиз… — Соҳиба кутилмаганда антиқа таклиф киритди. — Келинг, яхшиси, воқеани театрга ўхшаб ўйнайлик. Сиз дадам ролини бажарасиз. Мен ўзимнинг ёшлигимни ижро этаман… — у бошидаги дуррачани ечиб, бўйнига ўради. Сочларини ёйди. Атрофга аланглади. Илгакда осиғлиқ тўнни олиб қоқди. — Буни анчадан бери киймаган экансиз! Кийиб олинг… — У юзимга тикилди. — Ёшингиз етмишга бораяпти. Нега соқол қўймайсиз? — эгнидаги халатнинг чўнтагидан ясама соқол чиқарди. Қўлимга тутқазди. Тақдим. Иккинчи чўнтагида дўппи бор экан. Бошимга ўзи кийгизди. — Дадамга жуда ўхшамасангиз ҳам, анча яқинлашдингиз! Воқеанинг даромадини эшитинг. Мен фаранг тили бўйича мутахассисман. Баъзан тилмочлик қиламан. Институтни битириб янги иш бошлаган кунларим эди. Бир гуруҳ меҳмонлар келишди. Улар ёнида институтни биздан бурун тугатган таниш йигитни учратдим, ҳамкорлик қилар экан. Уч кун бирга юрдик. Шу орада бир-биримизни ёқтириб қолдик. У менга уйланиб, мени Франгистонга олиб кетадиган бўлди. Ойимга дардимни ёрдим. Дадамдан фотиҳа олишим керак эди. Дадаларимиз эски қадрдонми, бирга ишлашганми экан, ниҳоят, дадамга юзлашдим… Қани, энди бошладик!
Мен ўзи-ўзимдан Соҳибанинг дадаси қиёфасига кирган эдим.
— Қизим! Мен сендан розиман. Сен билимли, ақллисан, — дедим унга. — Гоҳида баҳслашсанг ҳам, доим гапни тарозида тортиб кўрганинг менга ёқади. Биз вақтида туркча, арабча, форсчани ўрганганмиз. Тақдир тақозоси, бир пайт ўрисчага ружу қўйдик. Сен фарангчага қизиқасан. Дунё ёнғоқ, балки писта пўчоғи. Бағрикенглик керак! Лекин мен бир нарсани ўйлайман. Сизлар, биздан кейингилар қаёққа қараб кетаяпсизлар? Шарққа қарабми? Ғарбгами?
— Бунинг нима аҳамияти бор! Кечирасиз, бу сиз учун ҳозир шунчалик муҳимми, дада? — деди Соҳиба.
— Бу кўпдан буён менга осойишталик бермайди. Юртдан кетиб эртага ўз халқи тарихи, маданияти, урф-одатларини унутган бир қавмга айланмайсизларми?
— Дада! Кўнглингизга олманг, амаким бу нарсаларни сиздан кўра кўпроқ тушунадилар. Тараққийпарвар…
— Қанақа амаки?
— Эски қадрдонингиз, бирга ишлаган экансизлар.
— Э-ҳа! Куёв боланинг оталарими? Бундай қадрдоннинг бўлганидан бўлмагани афзал. Ўзи ҳожи, лекин афти ажнабий. Муҳаббатга, оилага муносабати ҳам эркинми-бепарда… Ихтиёр сенда, қизим. Лекин мен фотиҳа беролмайман.
Соҳиба қайтиб сочларини йиғиб, бўйнидаги дуррачани бошига ўради. Мен ҳам эгнимдаги тўнни ечдим. Дўппи билан ясама соқолни унга узатдим.
— Бу сизга эсдалик, — деди у. Кейин, сўзини давом эттирди. — Уйда тўполон қилганимга қарамай, йигитдан бир йил муҳлат сўрадим. Синаш учун! Шу кетганича, ундан на хат бор, на хабар. Бир йил ўтди. Икки йил ҳам ўтди. Уч йил деганда, танишлардан йигит отаси- дан ҳам ҳол сўрама й қўйганлигини эшитдим. Дадам ҳақ бўлиб чиқдилар! Шундан сўнг Эсон ака билан танишиб, оила қурдик. Энди Эсон ака ажнабий бўлиб кетмасин, деб курашиб ётибман.
— Дадангиз йўлига кирганингиз яхши, албатта, — дедим Соҳибага. — Шарқу Ғарбни ажратганларинг, бир кишига қараб кўпчиликка баҳо берганларингга эса қўшилмайман. Буюк бир инсонлар Шарқ билан Ғарб орасида турган.
— Жуда мураккаб гапирар экансиз-да, муаллим, — деди Соҳиба. — Лекин мен тушундим. Қандай бўлмасин, раҳмат сизга, ота!
У — бир дераза, бир эшик олдига боргандек эди. Кейин эшикдан чиқиб кетдими, деразаданми, билмайман, кўрсам, бошқа бир жувон остонада серрайиб турибди.
— Сиз ким? Танимаяпман.
— Мен фаррош хотинман. Азиза!
— Сиз етмай тургандингиз. Нима керак сизга? — деб сўрадим.
— Сизлар биз, оддий одамларга доим бир нарса керак, деб ўйлайсанлар! Менга ҳеч нарсанинг кераги йўқ! Эр-хотин мабодо уришсанглар, бу ўз ишларинг, нега бир нарсаларни кўчага ташлайсанлар?
— Биз эр-хотин уришмаймиз. Ҳар ёққа нарса ҳам отмаймиз. Адашдингиз.
— Кўчадаги болалар сизнинг деразангизни кўрсатишди.
— Дарвоқе, китоблару расмлар…
— Энди ўзингизга келяпсиз! Улар сизники бўлса, айтинг, олиб чиқай, — деди Азиза. — Мабодо эгаси топилмаса, шара-бара йиғадиган дўконга топшираман. Жон деб олади. Уч-тўрт сўм тўлайди ҳам!
— Меники. Меники! — дедим шошиб. — Ўша, уч-тўрт сўм мендан…
— Мана, бу бошқа гап! — Азиза эшикка йўналганича, тўхтади.
— Дарахтдагини нима қилай?
— У нима деганингиз?
— Дарахтда бир ҳайкал шохга илашиб турибди. Дорга осгандек.
— Эй… Қўшни йўлакдан Эсон деган йигит кўчада юрибди. У ер чизиб, тепага қарамаган-да! Деразадан тушганида ҳам, кўрмаган бўлса керак! Ҳайкал уники!

* * *
Азиза чиқиб кетди. Орадан озми-кўпми вақт ўтиб, хонага ниҳоят, яна Барно кирди:
— Уйғотиб юбормадимми?
— Сал мизғибман шекилли… Фаррош хотин нарсаларни олиб чиқмадими?
— Фаррош?
— Азиза… Унга тўрт-беш сўм бериш керак!
— Қаёқдаги гапларни гапиряпсиз? Алмойи-алжойи! Сизга бир бало бўлибди, — деди Барно.
— Менга ҳеч бало бўлгани йўқ. Фақат, ўнг билан туш аралашиб кетганга ўхшайди.

* * *
Йўлак эшигидан чиқдиму рўпарага тикилиб қолдим. Майдончадаги гажаксимон қурилмани биров қайтиб ағдариб ташлаган эди.
Ўйланиб турган эдим, қаёқдандир эр-хотин Эсон ва Соҳиба келиб қолишди.
— Иззат ака, машқингиз паст! — деб сўради Эсон салом-аликдан кейин.
— Мен кўтариб қўйган қурилмани яна ағдаришипти. Энди уч-тўрт ойми, ярим йил шу ҳолда ётаверади! Тинч турган нарсага одамлар нега тегади? Қўли қичийдими? Ҳаёт қулатиш эмас, тиклаш, бузиш эмас, тузатиш, йўқ қилиш эмас, яратишдан иборат эканлигини булар тушунмайдими?
— Хафа бўлманг, Иззат ака. Мен ўзим ҳозир ўринлатаман!
— Бир кишига оғир. Балки, иккимиз…
— Йўқ, сизни чарчатмаймиз, — деди Эсон. У қурилмага қараб кетди.
— Мен отангиз тенги кишиман. Сиздан бир нарсани сўрамоқчиман.
— Қулоғим сизда, — деди Соҳиба.
— Мановини сиз ағдарганингиз йўқми?
— Ҳазиллашасиз-а, домла! Ота…
— Беҳазил гап бўлса… Қабристонда йўқолган ҳайкал, кейин ясалган унинг сопол шакли, бу борадаги бутун ишдан сизнинг хабарингиз бор, Соҳиба! Тўғрими?
— Сиз нима башоратчимисиз?
— Ундай деёлмайман. Лекин айрим ишлар менга баъзан тушимда ошкор бўлади. Рўй берган воқеа аниқ кўз олдимда. Бир бошдан айтиб берайми?
— Керак эмас… Сиз ҳам эл қатори яшаган кишисиз. Аммо уйингиздаги китоблар майли, расмлар, ҳайкаллар фалон пул туради. Буларни қўшганда, сиз анча бойсиз, муаллим. Мен айтмоқчиман, бизда улар ҳам йўқ. Биз камхарж оиламиз. Эрим бутпарастлик қилгандек нуқул ҳайкал қўйишга уриниб, уйга сарфланадиган пулни совуриб юрса, қандай чидаб туриш мумкин?
— Демак, эрингизга озор етказганингиз, бировларни ишга солиб эрингизни овора қилганингизни, ҳарҳолда, инкор этмайсиз?
— Сиз менинг аҳволимни тушунинг-да, ота, — деди Соҳиба.
— Мен тушунаман… Қабристонда ҳайкаллар қўйиш, тирикликдан кейинги шуҳратпарастлик менга ҳам кўп ёқавермайди, қизим. Бировлар бизнинг урф-одатимизни бажармайди. Биз ҳам бошқаларнинг урф-одатини доим қабул қилаверишимиз шарт эмас. Лекин ҳаёт равиши! Қолаверса, шахсан мен ҳайкални бут деб ҳам билмайман. У — бир хотира. Балки, ободонлик, маданият белгиси… Умуман, тирикликда бири-бирингни қадрлашга нима етсин!
Эсон ёнимизга келди.
— Ана, Иззат ака, болалар бемалол ўйнайверади! Ўринлатдим.
— Баракалла, жигар, — дедим.
— Уйга юринг, суҳбатлашиб ўтирамиз.
— Бошқа пайт. Яхши бир кунларингда албатта, кираман.
— Бу кун ёмон кун эканми? Худонинг ҳар бир куни яхши кун!
— Мен ҳозир қозон осаман, — деди Соҳиба ва йўлак томон югуриб кетди.
— Юринг, — деди яна Эсон.
— Бошқа пайт. Кекса муаллимлар йиғилишаётган экан, шу ёққа бораяпман.
— Битта “Наполеон” коньяги олиб қўйган эдим. Ният қилиб!
— Мен ичмайман. Иложи бўлса, сиз ҳам ичманг.
— Мен сиздан миннатдорман, Иззат ака. Шу кунлар бутун ташвишимга оғринмай шерик бўлдингиз! Ана, заводдан олиб, ниҳоят ҳайкални қўйдирдим. Бу иш битди.
— Хабарим бор. Тунов куни қабристонни зиёрат қилган эдим, кўрдим.
— Сизга ёқдими? — қизиқсинди Эсон.
— Афти бироз жангари. Лекин барибир ёмон эмас.
— Унга энди биров тегмаса, ўғирламаса, бўлди!
— Энди биров тегмайди, ўғирламайди!
— Сиз шундай деб ўйлайсизми, Иззат ака?
— Мен бунга ишонаман. Ҳеч ким энди тегмайди! Гарчи у дадангиздан кўра кўпроқ Наполеонга ўхшаса ҳам…

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 40-сон