Ўлмас Умарбеков. Номус (ҳикоя)

Зумрад тунги сменадан қайтганига қарамай, эрта турди ва беихтиёр ёнига қаради. Муниранинг ўрни бўш эди. Ҳозиргина турган бўлса керак, ёстиқ, чойшаби ғижим.
У халатни кийиб, узун, елкалари билан битта бўлиб турган қўнғир сочларини ўрганича, ҳовлига тушди. Сўри тагида юзига кўрпа тортиб онаси Рисолат хола ухларди.
У тахта зинани лопиллатиб ариқ лабига тушди. Ички кўйлагини липасига қистириб олган Мунира оппоқ, келишган оёқларини юварди.
— Ҳа, мунча эрта? — Мунира юзига тушиб турган нам сочлари орасидан ўрторига қаради. — Кеча сени роса кутдим!
— Ҳа? — Зумрад ариқ лабидаги харсанг устига энгашди.
— Кеча анави… Карим яна келди. Гулистонга олиб кетаман, дейди. Уч хонали квартира беришибди.
— Нима, бизникига сиғмай қолдингми? Мунира «уҳ» тортди.
— Тушунмайсан-да, тушунмайсан. Гап уйда эмас.
— Нимада бўлмаса? Яхши кўрмайман, деятувдинг-ку?
— Қайдам… Кеча кўзимга яна бошқача кўриниб кетди. — Мунира ювинаётган ўртоғининг ёнига ўтди.
— Биласанми, сиздан бошқа ҳеч кимим йўқ, сиздан бошқа ҳеч кимга уйланмайман, дейди. Кейин айландик…
— Ўпишган ҳамдирсан? Мунира кулди.
— Озгина… Бечора нуқул титрайди.
— Анави, Зокир нима бўлади?
— Инженерми? Вой, унга нима бўларди? Бир-икки марта кинога бордик, холос. Кетаверайми? Нима дейсан?
— Қаёққа?
— Қаёққа бўларди, Гулистонга-да?!
— Эҳтиёт бўл, қиз! — деди Зумрад. — Тағин куйиб қолма!
— Сен фақат шуни биласан. Эҳтиёт бўл, эҳтиёт бўл! — Мунира бурнини қийшайтириб, ўрнидан турди. — Қари қиз бўлиб ўтиб кетайми! Қари қиз, қари қиз, йигитлардан нари қиз!..
Кўп ўтмай тепадан, ҳовли томондан унинг шўх кулгиси ва Рисолат холанинг бўғилиб жеркигани эшитилди.
Зумрад Мунирани ўз уйига олиб келганига йил бўлиб қолди. Иккалови битта паркда ишларди, иккалови ҳам ҳайдовчи эди, лекин бир-бирини яхши билишмасди. Янги йилни бир жойда кутишди-ю, ораларидан қил ўтмайдиган бўлиб қолди.
Муниранинг ҳеч кими йўқ, отаси ёшлигида ўлиб кетган, онаси ҳам уч-тўрт йил бурун қазо қилган эди. Қувноқ, дилидаги тилида турадиган, сап-сариқ, юз-кўзини қалин сепкил босган қиз Рисолат холага ҳам ёқиб қолди.
— Қиз бола нарса кап-катта ҳовлида ёлғиз турасанми? Бизникида яшайвер, — деди бир гал қизи билан келганида.
Мунира кўнди.
Зумрад кўп жиҳатдан унга ҳавас қиларди. Келишган, оппоқ, йирик кўзлари худди тиниқ осмонга ўхшайди. Очиқ кўнгил. Жаҳли бурнининг учида турса ҳам кек сакламайди. Кейин у билан сира зерикмасди. Йчи тўла гап. Қанчадан-қанча кечаларни у билан мижжа қоқмай ўтказган. Кеча ҳам эртароқ келганида, азонгача ухлатмасмиди, ўша Каримини гапириб чиқармиди?
Зумрад ювиниб бўлувди ҳамки, тепадан ўртоғи қичқирди:
— Бугун Караклаичга борамиз. Бўптими?
— Билет борми?
— Карим учта билет билан пойлаб туради.
— Яна Карим? — жаҳл билан деди зинадан кўтариларкан Зумрад. — Бечоранинг бошини айлантириб нима қиласан?
Мунира ўшшайди.
— Айб ўзида. Келмасин бўлмаса!
Зумрад ўртоғини жеркиб бермоқчи эди, гапи оғзида қолди. Йўлакда ўрта бўйли бир киши турарди.
— Қара!
Зумрад ўртоғига шундай деди-ю, шошиб уйга кириб кетди ва дарров юз-қўлини артиб, сочини тарай бошлади. Мунира кирди.
— Сени сўраяпти.
— Ким экан?
— Билмадим. Сенда зарур иши бор эмиш, танийсанми?
— Биринчи кўришим, — деди Зумрад.
— Шундай де? — Мунира айёрона жилмайди. — Танимаган одамнинг зарур иши бўлармиди? Ўзи ёмон эмас, қарироқ демасанг…
— Овозингни ўчир! — уришди Зумрад. Уришди-ю, негадир кўнгли ғаш бўлиб кетди. — Ойим қани?
— Нонга чиқиб кетдилар. Юр, кутиб қолди.
Улар ҳовлига тушишди. Бегона одам сўри тагидаги курсида ўтирарди. Қизларни кўриб, ўрнидан турди.
— Салом, келинг, — деди Зумрад унга яқинлашиб.
— Сизда ишим бор эди…
— Марҳамат, — Зумрад курсига ишора қилди.
— Кечирасиз, — бегона киши ийманиб гапирди, — агар мумкин бўлса, ёлғиз гаплашсак…
— Менинг ҳеч қандай сирим йўқ, — Зумрад ўртоғига қаради. — Бемалол…
— Тушунаман, лекин илтимос.
— Уйга кира қолинглар бўлмаса, — таклиф қилди Мунира.
— Хоҳишингиз, — елкаларини қисди Зумрад ва меҳмонни уйга бошлади.
— Яна, кечиришингизни сўрайман, — деди бегона киши улар меҳмонхонага кириб ўтиришгач, — менинг айтадиган гапим фақат сизга тегишли.
— Қулоғим сизда, — деди Зумрад ҳамон ҳеч нарсага тушунмай, лекин негадир юрагини ваҳм босиб. — Тинчликми ўзи?
— Тинчлик, — деди бегона киши. — Мен адвокатман. — У фамилиясини айтди ва эпчиллик билан чўнтагидан ҳужжатини олиб кўрсатди. — Комил Мирзаев деган одамни танисангиз керак? Аспирант, физик.
— Ҳа, танийман… танир эдим, — деди тутилиб Зумрад ва қизариб кетди.
— Биламан, ҳозир у билан ҳеч қандай алоқангиз йўқ, — гапида давом этди адвокат. — Лекин бир вақтлар яхши дўст эдинглар. Шундай эмасми?
— Ҳа, бир вақтлар шундай эди, — деди Зумрад, ҳамон юрагини ҳовучлаб. — Нима гап ўзи?
— Гап шундаки, синглим, — адвокат фикрини ифодалаш учун сўз қидиргандек, бир оз ўйланиб қолди, кейин деди: — Гап шундаки, Комил қамоқда ётибди.
— Қамоқда? — ҳайрон бўлди Зумрад.
— Ҳа, қамоқда. Бугун роппа-роса бир ой бўлади.
— Нега? Нима қилди? — хавотирланиб сўради Зумрад.
— Уни безориликда айблашяпти.
— Безориликда? — ҳайратга тушди Зумрад.
— Ҳа, безориликда, — деди адвокат ва қора портфелидан қандайдир қоғозларни олиб столга қўйди. — Уч киши бўлиб бир мўйсафидни уришибди. Мўйсафид оғир аҳволда ётибди.
— Бундай бўлиши мумкин эмас, — деди Зумрад қатъий оҳангда. — Комил бунақа одам эмас. У жуда ёввош, кейин…
— Биламан, Комил бунақа одам эмас, — тасдиқлади адвокат. — Лекин бир кампир шу йигит ҳам бор эди, деб гувоҳлик беряпти.
— Ишонмайман! — Зумрад ўрнидан туриб кетди, — Комил безори? Йўқ, бу англашилмовчилик.
— Тўғри, — деди адвокат. — Мен ҳам шу фикрдаман. Аммо буни исботлаш керак. Исбот учун эса қўлимизда асос йўқ.
— Мендан нима истайсиз? — сўради Зумрад.
— Сизданми?.. — адвокат унга тикилди. — Сиздан ёрдам. Уни фақат сиз қутқара олишингиз мумкин.
— Мен?! — қошларини чимирди Зумрад. — Қандай қилиб?
Адвокат хонага шошиб кўз югуртирди, эшикка қаради. Ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, Зумрадга ўгирилди:
— Ўша куни, шу хунук воқеа юз берган куни, у … яъни Комил сиз билан бўлган…
Зумраднинг ичида бир нарса узилгандек бўлди.
— Қайси куни? — бўғилиб сўради у.
— Шу йил 18 май куни. Комил шундай деди. Мана ўз қўли билан ёзган қоғоз.
Зумрад беихтиёр адвокат узатган қоғозни олди, лекин ўқимади, бўшашиб стул суянчиғига ўзини ташлади. Унинг пешанаси, лабининг устини тер қоплаган, кўз олди қоронғилашган эди.
— Сизга нима бўлди? — шошиб сўради адвокат.
— Ҳеч нима, — деди секин Зумрад ва кўзларини юмди. … Мана, бир кунлик қувонч, бир кунлик бахтнинг оқибати… у, негадир, шундай бўлишини, хунук бир воқеа юз беришини сезган эди, лекин бу воқеа шунчалик тез ва шундай хунук намоён бўлишини кутмаган эди.
У Комилни яхши кўрарди, бир кўришдаёқ яхши кўриб қолган эди. Қиш эди ўшанда. Қор гупиллаб ёғар, автомат чўтка троллейбус ойнасини тозалаб улгуролмас эди. Пешинда бошланган қор кечгача тинмади, қайтанга зўрайди. Олдинда ҳеч нарсани чироқ ёқиб ҳам кўриб бўлмай қолди. Бешёғочдан ўтганда, дуга чиқиб кетди. Зумрад дугани солиб, троллейбусга чиққанида антиқа кубанка кийган бир йигитдан бошқа ҳеч ким йўқ эди.
Йигит унга қараб жилмайди.
— Сиздан қўрқишди, — деди у.
— Сиз-чи? — киноя билан сўради Зумрад. — Қўрқмайсизми?
— Сизни ёлғиз ташлаб кетишдан қўрқаман.
Зумраднинг энсаси қотди. Бундай суюқ гапларни у кун бўйи жуда кўп эшитарди. Лекин ҳозир ёкди, йигитнинг гапида бачканалик сезмадими, елкасини қоқиб, кабинага ўтди. Тормозни бўшата туриб, бўёғи кўчган ойна девордан орқасига қаради. Йигит унга кўзини қисиб кўйди. Зумрад педални босди. Олдинда Бўзсувнинг қия кўприги кўринди. «Қизиқ, — хаёлидан ўтказди Зумрад. — Қаёққа кетаётган экан? Уйигами ё қизи билан учрашганими? Қизи бўлса керак. Ҳа, бунақа келишган йигитларнинг қизи бўлмай иложи йўқ».
Зумрад беихтиёр ён ойнага қаради. Думалоқ юзи телпак остида баттар думалоқ бўлиб кетган, жуда семиз, қип-қизил ширмой нонга ўхшарди. «Албатта унинг қизи шуба кийса керак, — ўйлади яна Зумрад. Иннайкейин этик кийса керак, анавинақа, ялтироқ этиклардан, пийма эмас. Қани етти соат шу совукда пиймасиз ўтириб кўр-чи! — у хўрсинди-да, яна орқасига кўз қирини ташлади. Йигит жойида ўтирарди. — Қаерда тушар экан? Ҳойнаҳой, Тўқимачилар комбинатида. Кинотеатр олдида учрашишади. Янги кино кетяпти. Французча. «Эркак ва аёл». Яхши дейишяпти. Кўриш керак».
Зумрад Шота Руставели кўчасига бурилиб, нон дўкони олдида тўхтади.
— Соцгородок. Кейинги остановка «Тўқимачилар комбинати», — у микрофонга шундай деб, қўшиб қўйди: — «Ўзбекистон» кинотеатри.
— Раҳмат! — салондан йигитнинг шўх овози эшитилди.
Зумрад жилмайди ва алам билан ўзича деди: — «Тўғри топибман. Кинога келибди. Қизи, албатта, кутаётгандир?»
Қор бирдан тинди. Нам асфальт совукдан қотиб, ғадир-будир бўлиб қолди. Зумрад соатига қаради. Смена тугабди. Эски Жўвага етиб олса, бўлди. Самад ака ўтиради рулга. Ҳар ҳолда эркак, яхмалакдан қўрқмайди.
У шу хаёл билан бўлиб йигитни унутди. Тўқимачилар комбинати олдида уч минутча туриб, яна йўлга тушганда, беихтиёр орқасига қаради. Қай кўз билан кўрсинки, йигит ҳамон ўша жойда, ўртадаги дераза ёнида ўтирарди. Йўловчилар оз, беш-олтитагина одам чиққанди, холос. Зумрад севиниб кетди.
— Ўртоқ пассажирлар! Троллейбус Эски Жўвага боради. Билет олишни унутманг! Яхши йигит! — деди у жўрттага овозини баланд қилиб микрофонга. Салоннинг охирида
ўтирган ёш бир йигит аланглаб ўрнидан турди. — Йўқ-йўқ, сиз эмас, — Зумрад уни тинчитди. — Учинчи қаторда, дераза ёнида ўтирган йўловчи! — йигит қўлини кўкрагига бигиз қилиб қадади. — Ҳа, сиз! Бояги билетингиз эскирди. Янги билет олинг. Майдангиз бўлмаса, абонемент олишингиз мумкин.
Йигит ўрнидан туриб чўнтакларини ковлади, кейин унинг олдига келиб, кабинага бошини суқди.
— Эътиборингиз учун раҳмат, — деди у оппоқ тишларини кўрсатиб. — Унутиб юбордингиз деб ўйловдим.
— Учрашмадингизми? — сўради Зумрад.
— Ким билан?
Зумрад «қизингиз билан» демоқчи эди, ўзини тийди.
— Учрашадиган одамингиз билан.
— Учрашадиган одамим сиз.
Зумрад унга ялт этиб қаради. Йигит жилмайганича эшикка суяниб тураверди.
— Ҳазилингизни қўйинг. Мен ишдаман.
— Йигирма минутдан кейин ишингиз тугайди. Унгача кутаман. — Йигит шундай деб, уч сўмлик пул узатди.
— Ҳаммасигами? — сўради Зумрад пулни олар экан.
— Ихтиёрингиз, — деди йигит. — Фақат унутманг, ҳали студентман.
Зумрад битта абонементни йиртиб, қолганини пул билан қайтарди.
— Келишдик-а? — сўради йигит. — Кутаман.
— Халақит беряпсиз? — жеркиб берди Зумрад. Йигит жойига бориб ўтирди.
Зумраднинг бутун вужудини қувонч, ғулғула қоплади. Шу қувонч, ғулғула билан Эски Жўвага етиб келганини ҳам пайқамади.
— Совқотдингми, қизим? — сўради Самад ака кабинага кўтарилиб.
— Унчалик эмас, — деди Зумрад шошиб унга калитни бераркан.
— Ҳа, энди совуқ тушди. Яхмалак отадиганга ўхшаймиз.
— Хайр, эҳтиёт бўлинг!
Зумрад троллейбусдан сакраб тушди. Шу заҳоти олдида ўша йигит боягидек жилмайиб, пайдо бўлди.
Ўша куни йигит уни уйигача кузатиб қўйди. Исми Комил экан. Университетнинг бешинчи курсида ўқир экан. Анчадан бери Зумрад билан танишмоқчи экан. Ниҳоят, бугун ахд қилибди.
Улар эртасига учрашишди. Комил уни «Ўзбекистон» кинотеатрига, «Эркак ва аёл» фильмига олиб тушди. Зумрад цигейка шубасини, қизил этигини кийди. Фильмнинг ўртасида, қаҳрамонлар севгиси энг олий нуқтага чиққанда, Комил қизнинг тиззасига қўлини оҳиста қўйди. Қўли ёнарди. Қоронғи бўлса ҳам, Зумрад, қизариб кетди. Фильмдан сўнг, ғарч-ғурч қор босиб, пиёда уйга кетишди.
Комил индинига ҳам келди, ундан кейин ҳам. Улар ҳар куни бирон ёққа боришар ёки пиёда тинч, одам сийрак кўчаларни айланишарди.
Зумрад бахтли эди. Қизидаги ўзгаришни кўриб Рисолат хола ўзида йўқ шод эди. Ҳар куни Зумрад ишга кетиши билан, сандиқларини очиб йиққан бисотини кўздан кечирар, худди тўй эртага бўладигандай, қўни-қўшнилари билан кўрпа-ёстиқ, асбоб-анжомлар ҳақида маслаҳатлашарди. У ўзича, тўйни гилос пишиғига мўлжаллади. Зумрад кулди, лекин индамади.
Ҳовлининг бурчагидаги терак бўйи кўтарилиб чиққан эртанги гилос қизарганда, Рисолат хола: «Гаплаш энди» — деди. Зумрад одатдагидай қизариб кетди, лекин кечгача тўйнинг хаёли билан юрди. Қулоғи остида Муҳаббатнинг «Ёр-ёр»и янгради. Маъмуржон аканинг «Тўйлар муборак»и… Табриклар, қадаҳларнинг жаранги. Кейин, иккалови ёлғиз қолишганини тасаввур қилди. Эгнида оппоқ кўйлак, бошида оппоқ шоҳи рўмол, олдида эса Комил, Мана, у яқинлашди, секин рўмолини кўтарди…
Зумрад яна қизариб кетди. Шундай хаёллар билан сменаси қандай тугаганини билмади. Эски Жўвада троллейбусдан тушиб, диспетчер хонасига кетаётганда тўсатдан Комил пайдо бўлиб қолди. Бугун улар учрашмоқчи эмас эди, Зумрад машиначиникига бориши керак эди. Аввал севинди, кейин ҳайрон бўлди.
— Тинчликми?
— Сизни кутаётган эдим, — деди Комил уни четга тортиб. — Гап бор.
Улар бозор олдидаги хиёбонга ўтиб бўш скамейкалардан бирига ўтиришди.
— Биласизми, — деди зўрға Комил тили гапга келмай. — Мени… мени уйлантиришмоқчи. Келаётган шанбага тўй…
Зумрад бўшашиб кетди. Астагина:
— Табриклайман, — деди.
Шундан кейин нима бўлди, қандай уйига келди, билмайди. Кўзини очса, тепасида онаси ўтирибди.
— Қўй, болам, ўзингни қийнама. Сенинг тирноғингга ҳам арзимайди у ярамас. Студент эмиш тағин. Манавини ҳўпла.
Рисолат хола унга қатиқ тутди. Зумрад пиёлага лабини теккизди-ю, ичмади.
Шу куни у ишга бормади. Кечгача шифтга термилиб ётди. На ухлади, на гапирди. Кечга бориб кўзи илинди, туш кўрди. Кенг лолазор эмиш. Ўртасида у бир тўда қизлар билан лола териб юрганмиш. Тўсатдан рўпарасида бир йигит пайдо бўлибди. Қучоғи тўла лола. Комилга ўхшар эмишу, лекин Комил эмас эмиш. У Зумрадга яқинлашиб:
— Манави сизга! Сиз учун тердим! — дебди ва қучоғидаги лолаларни унга узатибди. Кейин, уни бағрига босибди. Бағри кенг, иссиқ эмиш…
Зумрад чўчиб уйғониб кетди.
— Ҳеч нима қилмайди, болам — деди ёнида ётган Рисолат хола. — Озгина алаҳсирадинг. Дунёнинг беш куни қоронғи бўлса, беш куни ёруғ — ҳеч нима қилмайди. Қайтанга пишиқ бўласан.
Зумрад овунди. Ишга чиқди. Лекин Комилнинг тўйи куни яна кечаси билан йиғлаб чиқди.
Орадан йил ўтди. Бир куни Зумрад ишдан келаётиб, кўча оғзида антика шляпа кийган бир одамни кўрди-ю, юраги шув этиб кетди. Бу Комил эди. Олисдан Зумрадни кўриб, қаршисига юрди. Кейин, айбдорларча, қўл узатди.
— Келинг, — деди Зумрад юраги дукиллаб.
— Шундай, — деди Комил ва илгаригидек текис тишларини кўрсатиб, илжайди. — Ўтиб кетаётган эдим, сизни кўрай дедим.
— Қани, уйга киринг, — деди Зумрад ҳаяжон ичида бошқа гап тополмай.
— Зумрад, табриклайман, — Комил унга меҳр билан тикилди. — Бугун туғилган кунингиз, аслида шунга келувдим…
У бошини қуйи солди.
Зумрад унинг озғин, ажин туша бошлаган қорамтир юзига, битта-иккита оқ оралаган қоп-қора духобадек сочига қараб хўрлиги келиб кетди. Комил унинг учун аввалгидек яқин ва азиз эканини ҳамда уни яхши кўришини, шу топда аниқ ҳис қилди.
— Раҳмат, — деди ўпкаси тўлиб. — Қани, уйга юринг.
— Мумкинми?
— Марҳамат.
— Мен ҳозир!
Комил орқасига югуриб кетди.
— Қаёққа?
— Ҳозир! Ҳозир келаман!..
Зумрад уйга кирди. Нима қилиб қўйди? Нега уйга таклиф қилди? Наҳотки шуни истаса… Қанча ўйламасин, қандай хаёлларга бормасин, энди кеч эди. У шошиб ошхонага ўтди, чой қўйди. Ойнага қараб, апил-тапил ўзига оро берган бўлди. Сўри тагидаги стол устида дастурхон ўроғлиқ турарди. Очди. Тахсимчаларда қулупнай, Зумрад яхши кўрадиган ёнғокли торт, тортнинг ёнида конверт турарди. Очиб ўқиди: «Умрбод бахт тилаймиз! — Ойинг, дугонанг Мунира. Ёстиқ тагини ҳам қараб қўй» — деб ёзилган эди унда.
Зумрад севинч билан хатни ўпди. Албатта бу Муниранинг иши. Онаси бундай ёзмайди. Кейин у, санаторийда. Уч кун бўлди кетганига. Қизининг туғилган куни унинг хаёлида ҳам бўлмаса керак. Зумрад хатни яна бир ўқиб чиқди. Шу пайт эшикда шампанское кўтарган Комил пайдо бўлди, Зумрад нима бўлса ҳам ўтмишни эсламасликка, ҳозиргина юрагини қамраб олган шодликни йўқотмасликка қарор қилиб, Комилга юзланди.
Унинг хаёлидан ўша кун сира кўтарилмайди. Анча ўтиришди. Зумрад озгина вино ҳам ичди. Кулди ҳам, аммо Комилнинг нега келганини суриштирмади. Комилнинг ўзи хам айтмади. Фақат кетаётганида унинг юзидан ўпар экан: «Мен бахтсизман, кечиринг», деди. Комилнинг келиши билан унинг юрагида қандайдир умид учқунлаган ва кеча давомида у нимагадир ишонган, ниманидир кутган эди. Бу гапдан сўнг умиди сўнди. Кўча оғзида хайрлашиш учун Комил қўл узатганда:
— Бошқа келманг, — деди. — Уят бўлади.
Комил кўздан ғойиб бўлгунча ортидан хомуш қараб турди. Кейин отилиб уйга кирди-да, ўзидан, такдиридан ўкиниб, ўксиниб-ўксиниб йиғлади…
— Сизни хафа қилиб қўйдим шекилли?
Адвокатнинг бу гапи унинг хаёлини бўлди. Кўзларини очди.
— Кечирасиз, — хўрсинди Зумрад. — Хўш, мен нима килишим керак?
— Эртага суд, — деди адвокат, — бориб Комилнинг ўтган ойда худди шу куни сиз билан бўлганини тасдиқласангиз, бас. Албатта, ҳеч ким сизни мажбур қилолмайди. Кейин… тушунаман, бу оғир сизга. Лекин бошқа иложимиз йўқ.
— Комил… Комил нима деди? — сўради зўрға Зумрад.
— Менинг бу ерга келганимни у билмайди. Умуман, Комил сизни ҳурмат қилади. Ўша куни сиз билан бўлганини кечагача айтмаган эди. Фақат кеча…Аҳволининг жиддийлигини тушуниб, айтди. Биласиз-ку, ҳозир безориларга карши қаттиқ кураш кетяпти. Беш-олти йиллик умри хазон бўлиб кетиши мумкин.
Адвокат яна нималарнидир гапирди. Зумрад эшитмади. «Ҳурмат қилади…» — ўйларди у. — «Ҳурматнинг нималигини, ҳозир бу ҳурмат қанчалик қиммат тушаётганини у билармикан?»
— Менга ҳеч нарса демайсизми? — сўради адвокат анча вақт жим ўтиришгач.
Зумрад бошини қуйи солди. Адвокат ўрнидан турди.
— Суд эртага, соат ўнда.
Зумрад унга қарамади ҳам. Бошини эгганча, ўйга толди. Мунира кирди.
Шу куни кечгача у чурқ этмади. На онаси билан, на Мунира билан гаплашди. Шифтга термилганча ётди. Концертга Муниранинг ўзи кетди. У келганда, ўзини ухлаганга солди. Эрталаб ҳовлига тушди.
— Ҳаммасини эшитдим, — деди Мунира. — Бормайсан судга. Менга қолса, отиб юборишмайдими?! Қайси юз билан борасан, ўзинг айт? Одамлар нима дейди?
Зумрад, тўғри, дегандек бош ирғади…
Анҳор томондан муздек шабада юзига урилди, у сесканиб кетди. Сўри тагида Рисолат хола хуррак отиб ухларди.
Зумрад пастга тушди. Бўзсув шовқин солиб, ҳайқириб оқарди. «Уйимиз яхши жойда, — негадир кўнглидан ўтказди Зумрад. — Шундай марказда. Бир ёғи сув, бир ёғи боғ… Бузилса, қаерда турарканмиз?»
У кечагидек харсанг устида энгашиб панжаларини сувга солди. Баданига ёқимли муздек ҳарорат тарқади. Анчагача шундай қўлларини сувга солиб ўтирди. «Наҳотки, бошқа далили бўлмаса? — хаёлидан ўтди унинг. — Қанчалик уятлигини ўйламадимикан?»
У зинани ғирчиллатмаслик учун битта-битта оёқ учида юриб ҳовлига кўтарилди.
— Зумрад? — уйқу аралаш чақирди Рисолат хола.
— Мен, ойи, уйғотиб юбордимми?
— Эрта турдинг-да, болам, — Рисолат хола ёнига ағдарилди. — Ҳали кун чиқмабди, озгина мизғиб ол.
— Ҳозир ётаман.
Зумрад хонасига кирди, Мунира лабларини чўччайтириб ухларди. Зумрад ҳавас билан унга бир оз тикилиб турди-да, кийина бошлади. Тошойна ёнига ўтиб, тароқни олмоқчи бўлган эди, қўли атир шишага тегиб кетди. Шиша «дўп» этиб ерга тушди.
Мунира чўчиб уйғонди.
— Уф! Қўрқиб кетдим, — деди кўзларини ишқалаб. — Энди учрашиб турувдик-а!.. Қўпол!
— Ишим бор.
— Биламан қаёққа кетаётганингни! — Мунира каравоти устида чордана қурди. — Эсинг жойидами, девона?! Бормайсан!
— Ухла, — деди қатъий оҳангда Зумрад. — Ҳали эрта.
— Борма. Номусга қолдирма ўзингни!
— Ухла деяпман сенга! Эшитдингми, ухла!
Зумрад ҳовлига тушди. Мунира нималардир деб вайсади. Аммо у эшитмади. Ёстиққа бошини омонатгина қўйиб ётган онасига бир қаради-да, кўчага чиқди.
Тонг ёришган эди. Кечаси сув сепилган асфальт йўлка қуриган, фақат у ер-бу ерда усти қотган тупроқ қорайиб турарди.
Зумрад пиёда йўлга тушди. Шаҳар судига етиб келганда баланд бинонинг кулранг устунларига қараб, бўшашиб кетди. Муниранинг йиғламоқдан бери бўлиб ёлворгандаги башараси кўз олдига келди. Орқасига қайтди. Муюлишдан ўтиб, хиёбонга олиб борадиган боғ кўчага бурилди. Олдинда серсоя чинор ва бўш скамейка кўринди. Шу ёққа юрди. Анчагача шу скамейкада ҳеч нарсани ўйламай бепарво ўтирди.
Соат бонг урди. Зумрад бир сесканиб тушди. Кейин санади. Ўн. «Бориш керак, — деди кўнглида. — Энди бориш керак».
У йўлга тушди. Ўзини қанча зўрламасин, оёқлари судралар, юраги дукиллаб урарди. Бир амаллаб етиб келди. Ҳаммаёқ одам, ғуж-ғуж одам… У қўрқиб кетди. Бир зум ҳамма қўлини бигиз қилиб уни кўрсатаётгандек, масхара килаётгандек туюлиб кетди. Лекин ҳеч ким унга қарамасди, ҳамма ўзи билан ўзи овора эди.
Залга кирганда, суд бошланган эди. Одам бу ерда ҳам кўп. Зумрад дераза тагидаги бўш стулга бориб ўтирди ва беихтиёр суд томонга қаради. Кейин кўзи Комилга тушди. У иккита милиционер ўртасида ўтирарди. Боши эгик, сочи олинган. Ранги — доканинг ўзи. Зумраднинг раҳми келиб кетди.
— Ишонувдим, синглим, ишонувдим! — Зумрад ёнида адвокатни кўрди ва негадир қизариб кетди. — Бутун умидимиз сиздан.
Зумрад беихтиёр Комилга қаради, кўзлари тўқнашди. Комил миннатдор оҳангда лабининг бир учи билан жилмайди. Зумрад негадир жирканиб кетди. Ҳатто сўрашмай, кўзини четга олди. Суд раиси чақирмагунча у томонга қарамади, қарай олмади.
Ниҳоят, уни чақиришди. Тиззалари қалтираб ўрнидан тураркан, ҳамма тикилиб турганини кўрди. Кўрди-ю, келганига пушаймон бўлди. Ўзи сезмаган ҳолда Комил томонга қаради. Комил ҳам унга тикилиб турарди. Фақат унинг қарашида қизиқиш, ҳайронлик эмас, илтижо, чексиз илтижо бор эди.
Зумрад унинг гапларини тасдиқлади. Ҳа, ўша куни айбланувчи уникида эди. Ярим кечагача у билан бўлди. Яна нимани тасдиқлаши керак?
Зал тўлқинланиб кетди.
— Мана, шунақалар оилани бузади-да, — деди кимдир. Яна кимдир қичқирди:
— Уятсиз! Беномус!
Суд раиси одамларни тартибга чақириб, кўнғироқ чалди. Зумрад юзини беркитганича, ташқарига отилди.
Остонада кимдир тирсагидан ушлади. Бу ҳансираган адвокат эди.
— Раҳмат, синглим! Комил бу яхшилигингизни унутмайди. Хотинига бир амаллаб тушунтирамиз. Кечирар… Раҳмат сизга!
— Мени тинч қўйинг, — деди лаблари титраб Зум-рад. — Эшитяпсизми, мени тинч қўйинг!
У худди биров қувлаётгандай катта, сершовқин кўча бўйлаб чопиб кетди.
Қаёқларга борди, қайси кўчаларга кириб-чиқди, билмайди. Кимдир уни юпатди, кимдир сув ичирди. Хиёбонга ҳам қандай қилиб келиб қолгани номаълум…
У арғувон тагида ўтирарди. Қачон келди бу ерга, бу ерни нега танлади — билмасди. Шундай олдида тинч ва текис оқаётган сарғиш Бўзсув уйининг олдидан ҳайқириб оқади, бу ерда тинч, текис, оқаётгани билинмайди. Қаердадир чўмилишяпти шекилли, баъзан сув шалоплаб қолади, кейин яна тинчийди, фақат кўзни оладиган даражада жимирлайди. Лекин у сезмасди, тиккага келган қуёш нурлари сербарг шохлар орасида синиб, боши, елкаларида ўйнаётга-нини ҳам енгил шабада сув салқинини юзига уриб, пешонасига тушиб турган бир тутам сочини тортқилаётганини ҳам сезмасди. Скамейка зиҳига кафтларини тираганича ўтирарди.
— Опа! Сов… совқотиб кетдим! — деган ингичка овоз эшитилди бир маҳал.
Зумрад аланглаб атрофга қаради. Қирғоқдаги чимга ёпишиб сув ичида бир бола турарди. Унинг ранги кўкариб кетган, тишлари такилларди.
— Чиқмайсанми? — сўради Зумрад.
— Қа… қанақа қилиб чиқаман? — деди бола зарда билан. — Иштоним орқайизда-ку?!
Зумраднинг кулгиси қистади. Скамейка суянчиғидаги иштонни болага узатди-ю, ўрнидан турди.
Бирдан қуёш бетини аллақаёқдан пайдо бўлган туя ўркачидек булут қоплади. Дав-дарахт қорайди. Зумрад жунжикиб осмонга қаради, ҳаво чанг босгандек сап-сариқ эди. Булут чузилиб, шаклини йўқотди. «Ҳозир тарқайди», — деб ўйлади Зумрад. Унинг ташвишлари, шу кунгача чеккан азоби ҳам тарқармикан?..
1971