Уни биринчи марта саккиз йилча бурун кўрдим. Ҳали чилла кирмаган ёз кунларининг бири эди. Нонуштадан сўнг одатим бўйича ўз хонамга ўтиб, ёзув столи ёнига энди ўтирай, деб турганимда, темир дарвозамизни кимдир тақиллатиб қолди.
— Ҳозир! — ҳовлига тушиб овоз бердим.
Аммо тақиллатаётган одам эшитмади шекилли, дарвоза момоқалдироқдек гумбурлаб кетди.
— Ҳозир, ҳозир! — қичқирдим яна овозим борича ва шошиб кўча томон юрдим.
Дарвоза эшигини очгунимча минг хил хаёл миямни ғалвир қилиб юборди. Аммо Худога шукурки, тинчлик эди. Рўпарамда қарға нусха атлас кўйлак кийган, қалин қора сочлари иккита қилиб ўрилган, қип-қизил кулча юз бир қиз илжайиб турарди. Унинг оппоқ, текис тишлари, думалоқ қора кўзлари — кимнидир эслатди, аммо билолмадим. Қиз бир қўлига семиз брезент чемодан, иккинчи қўлига усти сарғиш дока билан танғиб қўйилган катта оқ челак кўтариб олганди.
— Мани танимадингиз-а, тоға? — Қиз оғзини катта очиб жилмайди. Оппоқ тишлари ярақлаб кетди. Ким бўлди экан? Қайси жияним бўлди у? Аммо у ўйлагани қўймади, ўзи жавоб бериб қўяқолди. — Ман Паркатли Муқаддам опайиззи қизи бўламан. Ўғилой. Ассалому алайкум!
Уни таниб, алик олиб улгурмасимдан қўлидаги юкларини қўйиб елкаларимни қучоқлади, иккала юзимдан чўлпиллатиб ўпди. Шунда уни танидим. Тўғрироғи, онасини танидим. Муқаддам опа мендан беш-олти ёш катта эди, болалигимизда ёнма-ён ҳовлида ўсган эдик. У ойимнинг туғишган акаси, раҳматли Ғани тоғамнинг қизи эди. Ўзидан кичикларни, шу жумладан мени узоқ кўрмаса, ё меҳри қўзиб кетса, шундай қучоқлаб, чўлпиллатиб ўпарди. Дилим ёришиб, хурсанд бўлиб кетдим.
— Уйдагилар, ойинг қалай? — меҳр билан унга янгидан тикилдим.
— Салом деб юбордилар! — Ўғилой бирдан энгашиб, оёғидаги баланд пошна қора туфлисини еча бошлади ва пастдан кўзларини менга тикиб жилмайди.
— Эзворди оёғимни!.. Уйга кировузми?
— Айтгандек… юр, юр! — йўлни бўшатиб ўзимни четга олдим. — Ёрдамлашаворайми?
— Ўзим!..
Ўғилой туфлисини қўлтиғига қистириб, чемодан билан челакни кўлларига олдида, ичкарига кирди.
Айвонга кўтарилганимизда, у чемоданни қолдириб, челакни ошхонага олиб бориб қўйди.
— Қатиқ, — деди қайтиб чиққанида. — Атайин сизга атаб солганман кеча. Шу ерда ўтиравузми?
У айвондаги стол, стулларга разм солиб чиқди-да, битта стулни суриб ўтирди. Мен ҳам рўпарасига ўтирдим.
— Қани омин! — у қўлларини ёзиб баланд кўтарди. — Қадам етди бало етмасин! Оллоҳу акбар!
Беихтиёр унга қўшилиб, қўлларимни юзимга тортдим. Чой қўймоқчи бўлиб ўрнимдан турмоқчи эдим, у тўхтатди.
— Ман ўзим!
У чемоданини очиб, ичидан тўртта қип-қизил баркашдек-баркашдек нон олди.
— Эрталаб ёпганмиз. Шунақа нонни яхши кўраркансиз. Ойим айтдилар.
У нонларни столга қўйиб ошхонага ўтди. Чой қўйиб чиқиб яна чемоданига энгашди.
— Қурт ҳам олиб келганман. Ёғлик. Қўйнинг сутидан.
У бир целлофан халта курт олиб ошхонага ўтди-да, тақсимчага тўлдириб солиб чиқди.
— Олинг.
Мен унга маҳлиё бўлиб қолган эдим. Унинг ҳаракатлари, овози онасининг ёшлигини кўз олдимга келтирди. «Муқатопа»ни болалигимдан яхши кўрардим, қариндошларим ичида фақат у билан кўпроқ ўйнагим, унинг ёнида кўпроқ бўлгим келарди. Қизлар тез ўсади. У ҳам бир пасда катта бўлиб қолди. Узатишиб, Паркентга жўнатишаётганида уйдан қочиб кетганим эсимда. Ярим кечагача жимжит кўчаларда айланиб йиғлаганман.
Унинг эри Ўрозбек поччамиз мўмин, қобил, меҳнаткаш, бунинг устига меҳр-оқибатли одам чиқди. Ҳозирги мен турган уйни кўтаришда унинг анча меҳнати сингган. Эр-хотиннинг бир-бирларидан, умуман турмушларидан кўнгиллари тўқ бўлса ҳам битта орзулари ушалмай қолди. Ўғил кўришмади. Муқаддам опа кетма-кет иккита қиз кўрди. Иккалови ҳам бола-чақали бўлиб кетишган. Паркентда туришади. Учинчи фарзандларини фолбин ўғил бўлади деб ишонтирган. Аммо у ҳам қиз туғилди. Ўғил бўлмаса ҳам ўғилдек бўлсин деб отини Ўғилой қўйишди. Уни кўрмаган эдим, кўрган бўлсам ҳам эътибор бермаган эдим. У тенги болалар уруғимизда кўп эди. Хушбичим, баланд бўй, катта қиз бўлиб кетибди.
… Ўғилой бақувват қўллари билан нон синдирар экан, қараб турганимни ўзича тушунди.
— Ойим жуда яхши нон ёпадилар!..
— Ойингнинг қўли гул, — қўшилдим унга бир бурда нонни оғзимга солар эканман. Аммо кўзим унинг чаққон ҳаракатларида худди шу нон рангидек юзида, тиниқ, тоза нигоҳида эди.
— Мен энди сизларникида тураман, — деди у ўзига ҳам чой қуйиб ўтирар экан.
Уйда жой етарли бўлса ҳам ҳайрон бўлиб унга қарадим.
— Ўқишга кираман. Ойим жа бўлмаса сан ўқи, девоттила.
— Тўғри айтибди ойинг. Қаёққа кирмоқчисан?
— Қаёққа олиб кириб қўйсангиз, шуёққа!
Чой хўплаб турган эдим, қалқиб кетдим.
— Қаёққа олиб кириб қўясиз, тоға? — сўради ўйлатгани қўймай. Ҳақиқатан уни қаёққа жойлайман энди? Жойлай олармиканман ўзи? Ҳеч бундай ишлар билан шуғулланмаган эдим. Қаёқдан келақолди бу ташвиш?
— Кеннойинг келсин, маслаҳат қилармиз…
Мужмал жавоб қилганимни, руҳим тушиб кетганини кўриб, у кулиб қўйди. Сездим. Кейин мени аяди шекилли, жиддийлашиб институт масаласига ўзи чек қўйди.
— Ҳисоб-китобга тузукман, математикадан битирув имтиҳонини ҳаммадан олдин ёзиб чиқдим. Беш олдим. Нархозга кирсам деб турибман. Танишларингиз бўлса ёрдам берарсиз. Киролмасам, қайтиб кетаман, ишлайман.
Елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди.
— Ётоқни ўйлама. Уйда жой кўп. Тураверасан. Кеннойинг ҳам хурсанд бўлади, — дедим анчагина ўзимга келиб. — Танишларни бўлса… қидирамиз. Бирорта танишнинг таниши чиқиб қолар.
Институтга жойлаб қўйишдек мураккаб жавобгарликдан мени халос қилгани учун ғойибдан пайдо бўлган ва бирпасда уйни ўзиники қилиб олган жиянимдан ўзимда йўқ хурсанд бўлиб кетдим ва иложи борича унга ёрдам беришга аҳд қилдим.
Пешинга яқин хотиним ишдан қайтди. Ўғилой содда, бағри кенг келинойисининг ичига кириб кетди. Қатиқ сузиб олиб келди, чой қўйди. Кўп ўтмай ҳовлидаги ўчоқ бошидан пиёз доғининг ҳиди кела бошлади.
Кечқурун ётаётганимизда хотиним мендан ҳам зиёд қувониб, уни мақтади.
— Жиянингиз хўп ажойиб қиз экан. Мен ҳам уннай, киритиб қўяйлик институтга. Кейин ётоқхона қилиб нима қилади? Бизникида тураверсин.
Ўғилой уйимизда туғилиб ўсган одамдек бўлиб кетди. Эрталаб ҳаммадан олдин туриб, ҳовлига қарайди. Чой қўяди. Ўчоқ бошида ғимирлаб, қатламами, қуймоқми, уйда нима бўлса, шундан бирор нарса пишириб келади. Кейин шаҳарга кетади. Тушга яқин қайтиб, бир-икки соат уйда бўлади. Унга кутубхонани ажратиб берган эдик. Сездим, китобга унча хуши йўқ, лекин менга яхши кўриниш учун биронта китобни кўтариб, менинг хонамга кирарди. Бир пас хонага, менинг мошинкада ишлашимга разм солиб ўтирарди. Кейин яна шаҳарга кетарди. Шомга яқин қайтарди. Катта қиз, қаёқларда юрганини мен ҳам, келинойиси ҳам суриштирмадик. Мен билан кўпроқ эркинлик, хотин-қизлар озодлиги, муҳаббат, вафо ҳақида гаплашишни, шу мавзуларда мени гапиртиришни яхши кўрарди. Қандай сири, мақсади борлигини билмай, мен унинг саволларига тўғри, ўзим ўйлагандек, билгандек жавоб берардим, у хурсанд бўлиб баъзида пешонамдан чўлпиллатиб ўпиб чиқиб кетарди. Кейинчалик, орадан чамаси икки ой ўтгач, бу суҳбатларни, саволларнинг асл сабабини билдим. Шайтон қизнинг ичида қурт бор экан, сезмаган эканман.
— Тоға, кеннойимга қандай уйлангансиз? — деб сўраб қолди бир куни.
Бор гапни айтиб бердим. Бирга ўқиганмиз университетда, битта факультетда, битта бўлимда. Биринчи курсдаёқ бир-биримизга ёқиб қолганмиз. Ўқишни битиргач, тўй қилганмиз, дедим.
Ўғилой жим, гапимни бўлмай эшитди. Тамом қилганимдан кейин сўради:
— Шундоқ кўргансиз-у, биринчи марта, яхши кўриб қолганмисиз? Ё секин-секин, ўрганиб яхши кўрганмисиз?
— Буни билмадим, — ростини айтдим. — Ҳар ҳолда Шарифа бошқа қизларга қараганда кўпроқ ёқарди. Биринчи кўрганимдаёқ унга меҳрим тушган эди.
— Кеннойим-чи?
— Буни ўзидан сўра. Тўхта, сенга бунинг нима кераги бор? Нега қизиқиб қолдинг?
У оппоқ тишларини тизиб жилмайди.
— Китобларда бошиздан ўтган нарсаларни ёзганмисиз, ё ичиздан чиқариб ёзганмисиз, шуни билмоқчийдим.
— Китобда ҳаммасидан бор. Рости ҳам, ёлғони ҳам. Бўлгани ҳам, тўқигани ҳам. Сен бу гапларни қўйиб, имтиҳонларингга тайёрлан. Дарс қилганингни кўрмайман.
Кап-катта одам, тағин қариндош бўлган қиз бола билан севги ҳақида гаплашиб ўтирганимдан андишага бориб, уни ўзимча уришган бўлдим. Ўғилой эътибор бермади, жилмайганича ўтирди. Аммо англаб қолдим, у менга қараб турган бўлса ҳам мени кўрмасди, гапларимни эшитмасди. Хаёли қандайдир ўзигагина маълум бўлган бошқа бир оламда эди. Ўшанда агар у нималарни ўйлаётганини, мени нега севги мавзуларида имтиҳон қилаётганини билганимда, қаерларда кимлар билан юрганини ҳеч бўлмаса фараз қилганимда, ким билади, унинг ҳаёти ҳозиргидек эмас, бошқача, тинчроқ, қувончлироқ бўлармиди?! Нима дейиш мумкин? Тақдир, халқ таъбири билан айтганда, пешонага ёзилгани бўлади.
Ўғилой таниш-билиш топилгани, уларнинг берган ваъдаларига қарамай, ўқишга киролмади. Аммо хуноб бўлганини сезмадим. Шундан кейин икки кун ҳам ўтгани йўқ, нима иш биландир кўчага чиқиб қайтсам айвондаги телевизор устида тўрт буклорлик бир хат турибди. Очиб ўқидим. Хат Ўғилойдан эди.
«Тоға! Бугун кечқурун, умуман бундан кейин келмасам, хавотирланманг. Ўқишга киролмаганимдан унча хафа эмасман. Битта мен эмас, мени севган йигит, Ботирали ҳам киролмади. Уни атайин йиқитишди. Чунки унинг ҳеч кими йўқ. Ёким беришга пули ҳам йўқ. Мен у билан унинг юртига кетаяпман. Мен ҳам уни севаман. Биринчи кўрганимдаёқ севиб қолганман. У ҳам шундай иккаламиз унинг шаҳридаги институтга ҳаракат қилиб кўрамиз. Ҳали вақт бор экан. Уларникида тураман. Тўғрироғи, келин бўлиб тушаман. Ота-онаси рози, бизни кутишяпти. Қаранг, шундай одамлар бор экан! Мен ойимдан хафа эмасман. Дадамлардан ҳам. Чунки ойим нима десалар, шу бўлади. Уйнинг каттаси ойим. Ҳайронман, нега Ботиралини чиқиштирмадилар? Уч-тўрт марта уйга олиб борганман, турли баҳоналар билан.
Бу албатта шунчаки, йўлига. Аслида аммамнинг кичик ўғли у кишига ёқади. Дўкончи. Мен бўлсам ундан жирканаман. Ингичка мўйлови, яшил шалвари, калта чарм камзулини кўришим билан кўнглим айнийди. Унда кет, дедилар ойим. Ҳамма гап аламда. Эшитганман, дадамларга ўз хоҳишлари билан тегмаганлар. Мени ҳам ўзларидек қилмоқчилар. Йўқ, қилолмайдилар. Сизникида турганимни билардилар. Бир марта ҳам келмадилар. Дадамларни ҳам юбормадилар. Келинойимдан уялиб кетдим. Тоға, ажойиб хотинингиз бор экан. Мен ҳам Ботиралини кафтимда кўтариб юраман. Мени қидирманглар. Озгина вақт ўтсин, йилми, икки йилми, ўзим чақалоғимни кўтариб, Ботиралини олдимга солиб уйингизга кириб бораман. Сизга, келинойимга ёққан қатламалардан қилиб бераман. Уйимдагилар келиб қолишса мабодо, ҳаммасини айтиб бераверинг. Хатимни кўрсатсангиз ҳам майли. Наҳотки ойим у кишининг фарзанди эканимни тушунмасалар? Бир оғиз гаплари. Кет, дедилар. Индамай кетдим. Лекин қайтаман. Улардан ҳеч қачон воз кечмайман. Фақат ўз ниятимга етиб қайтаман. Ботирали билан иккаламиз бир-биримизни бир кўришдаёқ севиб қолдик, дедим. Гапим рост. Курашдан областлараро мусобақа кетаётган эди. Ботирали бизнинг мактабдан чиққанларнинг ҳаммасини йиқитди. Тўртта йигит чиқишувди. Ўшанда кўзимга оловдай кўриниб кетди. Ким бор яна? — деб сўраганда, мен ўртага чиқдим. Унча-мунча кураш тушиб юраман. Шим, тўн кийиб борган эдим. Белимни қийиқ билан маҳкам боғладим. Мактабдагилар мени яхши билишади. Айтганимни қиламан. Қайтаришмади. Физкультура ўқитувчимиз ҳам индамади, фақат ёнимга келиб, секин, ўзингни уринтирма, ҳар ҳолда қиз боласан, деди. Ботирали бўлса бир чеккада илжайиб, менга қараб турибди. Икки қўли белида. Шу қарашини бир кўрсангиз эди! Гўё у киши шер-у, бизлар оёқлари остида ўрмалаб юрган қумурсқа! Кураш тушаётганда бўш жойини билиб олганман. Ердан даст кўтариб олиш керак уни. Рақиби кўтариб оламан деганда, бутун оғирлигини тиззаларига солиб, чўккалайди. Шу билан қутилиб қолади. Жуссасига қараб кўтариб олишимга кўзим етди. Майдонга тушганимда анчагача у мендан тисарилиб юрди. Белимдан олгани уялди. Тирсакларимдан ушлашга интилади, қийиққа тегмайди. Майдонни икки-уч айланиб чиқдик. Унинг ланжлик қилаётганини кўриб, одамлар мазах қилабошлашди. Айниқса бизнинг мактабдагилар «Ол, Ўғилполвон! Белидан ол!» — деб мени гиж-гижлатиша бошлашди. Гиж-гижлатишмаса ҳам қарорим қатъий эди. Аммо Ботирали тутқич бермай, тирсакларимдан итаради, ўзига яқинлаштирмайди. Майдонни янгитдан айланаётганимизда ҳийла ишлатдим. Кулиб турган кўзларига кулиб қарадим-да:
— Бурнингизни артиб олинг, яхши йигит! — дедим.
У шошиб қўлларимни кўйиб юборди. Шу тобда маҳкам унга ёпишдим, даст кўтариб, ерга ташладим. Қийқириқ бўлиб кетди.
Мен эса қипқизариб ўрнидан тураётган Ботиралига энгашиб шивирладим:
— Кечиринг, полвон!
Ўша куни кечқурун бир қиз келиб мени кўчага чиқишимни сўради. Чиқдим. Эшик олдида Ботирали турарди. Аллақандай бўлиб кетдим. Унинг ҳам мени яхши кўриб қолгани шундай кўзларига ёзиклиқ эди.
Ана, тоға, энди ҳамма нарсани биласиз. Бугук кечқурун поездда жўнаймиз. Кўришгунча хайр…
Ҳурмат билан жиянингиз Ўғилой».
Унинг бир қайнови ичида бўлган одамлигини билиб қолганимга қарамай, ҳайратга тушдим. Қилиб қўйган ишига бир томондан қойил қолдим, жасоратига таҳсин ўқидим. Иккинчи томондан ота-онасига раҳмим келди. Ҳар ҳолда ўзбекчилик, қизи қочиб кетибди, деган гап тарқайди. Ўғилойнинг ўзига ҳам ачиндим. Бечора қиз ўз бахтини шундай қийинчилик, саргардончилик билан кўряпти. Куёв боланинг ота-онаси минг яхши одам бўлсин, унга тепадан, менсимайроқ қараши мумкин. Ҳар ҳолда рози-ризолик билан савлат билан келган келиннинг ўрни бошқа бўлади.
Шу хаёллар билан қоронғига қолмай Паркентга қараб йўл олдим.
Муқаддам опам хатни ўқиб бўлиб, ундан кўзини узмай ўтирган поччамга улоқтирди-да, ўрнидан туриб муштини муштига уриб кетди:
— У-у яшшамагур!! У-у чаён! У-у ўлигинг лаҳатта чиригур! Нима қилиб қўйдинг?! Нима қилиб қўйдинг?! Энди қандай бош кўтариб юраман? Одамларга энди нима дейман?!
Индамай ўтиравердим. Хатни ўқитмасдан иложим йўқ эди. Ҳақиқатни билсин, ўзи ҳақидаги гапларни эшитсин, ўжарлик, қаттиққўллик нимага олиб келишини кўрсин.
— Мунча эзмаланасиз? — ўшқирди бирдан Муқаддам опа эрига. — Ё ўғил бола қизиззи хатига кўз ўтмаяптими?
Беихтиёр поччамга қарадим. Унинг парвойи фалак эди. Афтидан хотинининг гапларини у эшитмасди. Кўзлари хатда йўрғалар, худди Ўғилойнинг лабларидек семиз лаблари дам очилиб, дам ёпиларди.
Ниҳоят у ўқиб бўлди. Менга қараб бошини бир қимирлатиб қўйди. Сездим, қизининг қилмишидан у хафа эмас эди.
— Айб ўзингда, Муқат, — у хатни эҳтиётлик билан тахлаб хонтахта устига қўйди. — Ўзига ихтиёр бер, дедим… Қулоқ осмадинг. Ахир у ўзинг-ку, наҳот тушунмасанг…
Муқаддам опа бурнини жийирди.
— Мелисага айтаман, оёғини ерга тегизмай олиб келиб беради.
— Мелисани бошқа қиладиган иши йўқ, сани пойлаб ўтирибди.
— Нима, бутун бошли одам йўқолади-ю, мелиса индамай ўтираверадими?
— Қизинг йўқолгани йўқ. Ўзи ўз ихтиёри билан эр қилиб кетди.
— Эр қилмай ўлсин! Энди ўз саккизга кирдию, эрга бало борми?!
— Ўзинг неча ёшда эдинг, менга текканда?
— Бўлди! Энсамни қотирманг!
Муқаддам опа эрини жеркиб берган бўлса ҳам бироз ҳовридан тушди.
Мен поччамни қувватладим. Ҳеч қаёққа боришга, умуман, тўполон қилишга ҳожат йўқлигини айтдим. Энг муҳими, ўша йигит, Ботирали билан Ўғилой бахтларини топиб кетишсин, бола-чақали бўлишсин.
Муқаддам опанинг ичини ит тимдалаётган бўлса ҳам рози бўлишдан, аламини ичига ютишдан бошқа иложи йўқ эди…
Ўғилой айтганини қилди. Орадан чамаси икки йилча ўтганда чақалоғини кўтариб эри билан бизникига кириб келди.
— Тўғри шу ёққа келяпмиз. Паркатга ўзингиз олиб борасиз, — деди чўпиллатиб юзимдан ўпар экан.
Унинг қувноқ чеҳрасини, очилиб кетган ранги-рўйини кўриб, хурсанд бўлдим. Куёв. болани ўз ўғлимдек бағримга босиб кўришдим. Ўхшатмагунча учратмас, дейди халқ. Ботирали Ўғилойдек баланд бўй, елкадор йигит эди. Қош-кўзининг қоралиги билан ҳам ўхшаб кетарди.
Эртасига эр-хотинни ўғилчалари билан Паркентга олиб кетдим. Етиб боришимиз билан тўй бўлиб кетди. Кетма-кет қозонлар осилди. Муқаддам опа қизини уришиш қаёқда, ўтқазгани жой тополмай қолди. Ботиралининг ҳам хурматини келтириб, елкасига бош-оёқ сарпо ташлади. Зар тўн, коверкот костюм-шим, қора хиром туфли… Чақалоқ бўлса қўлма-қўл бўлиб кетди.
Хуллас гиналар унутилди, ҳамма нарса жой-жойига тушди.
Ботирали Наманганда ҳам ўқишга кирмабди. Кечикдингиз, дейишибди. Ўғилой бўлса ҳаракат ҳам қилмабди. Аммо иккови ҳам турмушларидан хурсанд эди. Ботирали дурадгор отасининг йўлини олибди. Топиши яхши. Эндиги нияти мошина олиш эмиш. Унинг ҳам ярим пули йиғиб қўйилганмиш. Ботирали шу гапларни катталардек салмоқланиб гапираётганида Ўғилой меҳр тўла кўзларини ундан узмасди. Қизининг ранги-боши, кийимидан, қудалари жўнатган совға-саломлардан Муқаддам опа ҳам бир қоп семириб кетган, боши осмонда эди. Онага яна нима керак?
Шу воқеадан кейин бир йилча мен уларни кўрмадим. Қишнинг ўрталарида неварасини кўтариб, Муқаддам опа кириб келди. У совуқдан титрарди.
— Исингани келдим, —деди у ичкарига кираркан.
— Нима қилиб юрибсиз бола билан совуқда? — сўрадим у анча ўзига келганда.
— Ботиралига посилка жўнатаяпмиз. Ўғилой ўшатда ҳалиям. Болани шамоллатиб қўймай, деб мен кетвордим.
— Ботиралига нима бўлган? Қаёқда у? — ҳайрон бўлдим.
Муқаддам опа айтиб берди. Ярим йилдан ошибди, Ботиралини армияга чақиришибди. Саратовда уч-тўрт ойча ушлаб, Афғонистонга олиб кетишибди. Икки ойдан бери шу ёқда экан. Муқаддам опам бирдан йиғлаб юборди.
— Афғонга олиб кетишини билганимда йўлини топардим, жўнатмасдим армияга. Ғафлатда қолдим. Бир пасда отланиб жўнаб кетди. Таниш-билиш қилиб Ўғилой посилкага рухсат олди. Кобулдан, элчихонадан қисмларига жўнатишармиш.
Қоронғу тушиб, хавотир ола бошлаганимизда, Ўғилой ўзи кириб келди. Тиши-тишига тегмай қалтирарди. Мен ҳеч маҳал уни бундай ғамгин аҳволда кўрмаган эдим. Бунинг устига анчагина озибди, чеккалари чиқиб, даҳани чузилибди. Қўлимдан келганича унга тасалли бердим.
Ўша куни эр-хотин уларни қўярда-қўймай уйда олиб қолдик.
Ярим кечагача гаплашиб ўтирдик. Афғонистондаги аҳволни муҳокама қилдик. Ҳамма солдатларнинг, улар қатори Ботиралининг ҳам эсон-омон қайтишини Худодан сўрадик.
Кулфат келса, қўша-қўша келади, дейишади. Ойда бир хат ёзиб турган Ботиралидан ёзга чиқилганда ҳеч қандай хабар келмай қўйди. Ўғилойнинг қатнамаган идораси қолмади. Охири унинг бедарак йўқолгани ҳақида расмий телеграмма келди. Кобулдан ўттиз километр ичкариликда бўлган жангда у билан яна уч солдат йўқолибди. Қўмондонлик қидирувни давом эттиришга, уларни иложи борича топишга ваъда қилган эди. Ўғилой ваъдага ишониб юрди. Аммо Ботиралидан ҳеч қандай дарак чиқмади. Бир йил ўтганда Москвага хат ёзди.
«Ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ. Қидирув давом этяпти», деган жавоб келди. Ўғлининг дарди эзиб юбордими, ё кутилмаган касалга чалиниб, шу касал олиб кетдими, Ўғилой Тошкентга келиб ҳарбий идораларга қатнаб юрганда, қайнотаси оламдан ўтди. Ҳеч қаерда ишламайдиган қайнонаси, бўйи етмаган бир қиз, икки ўғил билан чирқираб қолди. Ҳамма маъракаларни Ўғилой ўзи бош-қош бўлиб ўтқазди. Ўша кезлари Афғонистондан совет қўшинлари олиб чиқила бошланди. Кимдир Ўғилойга Термизга боришни, қайтаётган ҳарбийлардан Ботиралини суриштиришни маслаҳат берибди. Ўғилой шу маслаҳатга маҳкам ёпишиб ўша куниёқ Термизга жўнади.
Унинг гапи бўйича, шаҳар ясатилган, ҳаммаёқда қизил байроқлар, шиорлар осиғлиқмиш. «Дўстлик» кўприги олдидаги майдонда тумонат одам, гўё бутун мамлакат шу ерга кўчиб келгандек… Ўғилой Термизга боришни маслаҳат берганлар гапи билан Ботиралининг катта қилдириб қўйган суратини олиб кетган экан. Ўша ерда тепасига «Ботирали Қодиров. Уни билган борми?» — деб ёздирибди катта-катта ҳарфлар билан. Шу суратни кўтариб кўприкка ўтиб олибди. Тушга яқин нариги томондан танклар кўринибди. Оёқ остидаги ер гумбурлаб кетибди. Қийқириқ, йиғи, тўполоннинг чеки йўқ эмиш. Майдон бир пасда қиёмат қойим бўлиб кетибди. Кечгача ўтибди танклар, бронемашиналар. Аммо уларни устида ўтирган солдатлардан биронтаси Ботиралини биламан, демабди.
Ўғилой шом кириб меҳмонхонага қайтаётганида, бир офицер уни тўхтатибди.
— Синглим, Ботирали Қодиров тирик, асирда, — дебди суратга яна бир диққат билан қараб. — Лекин қаердалигини билмайман. Кутинг, ўзи дарак бериб қолади.
Ўғилой қанот пайдо қилиб, бизникига учиб келди. Бир пасда у илгариги, шўх, ўйноқи кўз Ўғилой бўлиб кетган эди. Ботиралининг тириклигидан биз ҳам ўзимизда йўқ севиндик. Кейин ўйлаб қарасам, Ботиралининг ҳаётлигини ўзимиз ҳам билардик, фақат эътибор қилмаган эдик, биронта одамнинг ё идоранинг тасдиғига муҳтож эдик. Жасади топилмаганидан кейин, ҳалок бўлганини ҳеч ким кўрмаганидан кейин, қаерда бўлади, асирда бўлмай?
— Асирларни албатта қайтаришади. Сабр қил, кут энди, — юпатдим ўзимча Ўғилойни.
— Вой кутмай-чи!? Омон экан, шунинг ўзи катта бахт менга! — Унинг кўзлари яна ўйнаб кетди, қалин лаблари нималарнидир шивирлаб титради.
Узоқ вақт уни яна кўрмадим. Аммо Афғонистонга алоқадор нима ўқисам у эсимга келади, кўз олдимда Ботирали пайдо бўлади. Асир тушишга мажбур бўлганлар оз эмас экан, Иттифоқда уларни қайтариб олиш жамияти тузилиб, Тошкентда ҳам бўлими очилди. Бориб Ботиралини айтиб бердим. Рўйхатларда у ҳам бор экан. «Қидиряпмиз, дараги чиқиши керак» дейишди. Айтиб қўяй деб, Наманганга телефон қилдим. Аммо Ўғилой ишда экан. Ўзи телефон қилишини кутдим. Қилмади. Аммо бир ҳафтадан кейин ўзи ўйга кириб келди. Унинг яна қувончи ичига сиғмасди.
— Суюнчи беринг, тоға! — қичқирди у йўлакдан. — Ботирали топилди. Покистонда экан!
Менга иш қилдирмай, дастурхон ёзиб чой қўяркан, бор гапни айтиб берди. Бир ойча бурун тоқати тоқ бўлиб ўтириб, ўзича маҳкамага хат ёзибди. Бор дардини тўкиб солибди. Наҳотки одам чўпдек нарса бўлса, унинг қаердалигини тўрт йилдан бери ҳеч ким билмаса? — деган аччиқ гаплар ҳам бор экан хатда. Куни кеча маҳкамадагилар телефон қилиб Ботиралининг топилганини айтишибди. Келинг, дейишибди.
— Шунга келдим. Эртага саройга бораман, — деди кўзлари чақнаб Ўғилой. — Бафуржа гапириб беришармиш ҳаммасини! Шунча пайтдан бери ёзсам бўлмасмиди а? Бир ойга қолмай аниқлаб беришди-я!
Мен уни табрикладим. Ботирали қайтиб яна бахтли бўлиб кетишларини тиладим.
Эртасига маҳкамага бирга бордик. Ўғилой бир соат деганда чиқди. Хомуш эди. Нима бўлдийкин? Ҳайрон бўлдим. Сўрамоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган эдим, Ўғилой қўлидаги хатни узатди. Шошиб ўқий бошладим.
«Мурожаатингизга мувофиқ маълум қиламиз: Совет армияси собиқ солдати Ботирали Қодиров, ҳақиқатан ҳам, 1987 йилнинг майида Қобулдан 30 километр ичкариликдаги Метон темир йўл станцияси учун бўлган жангда асир тушган. Ҳозир Қорачи шаҳридаги хонадонда яшайди. Б. Қодиров Афғон мужоҳидлари асирлиги ва назоратида бўлгани сабабли Покистон, Совет Иттифоқи давлатлари ҳозирча унинг ишларига аралаша олмайди».
Покистондаги совет элчихонасидан келган бу хатда бошқа ҳеч нарса дейилмаган эди. Ўғилой нимадан хафа бўлди, англамадим. Сўрадим.
— Нега шу пайтгача индамайди? Тоға, бунинг тагида бир гап бор. Юрагим сезиб турибди.
— Хат ёздиришмаган бўлишса-чи? Назоратда дейишибди-ку хатда. — Ўзимча тахмин қилдим.
— Билмадим. — Ўғилой елкаларини қисди.
— Нима қиласан энди?
— Бориб келаман.
Кўз олдимда яна аввалги Ўғилой пайдо бўлиб кетди.
— Қаёққа?
— Қорачига.
— Қандай қилиб? — ҳайрон бўлдим.
— Билмадим. йўлини топаман. Бормасам тинчимайман. У билан давлатлар гаплашолмаса, ўзим гаплашаман.
Уни аҳдидан қайтариш, яна кут, ўзи қайтади, дейиш бефойда эди. Шу учрашувимиздан кейин Ўғилой узоқ вақт кўринмай кетди. Хавотир олиб Наманганга телефон қилдим. Паркентга бориб келдим. Аммо кўролганим, гаплашолганим йўқ. Бир Москвага кетган, деб эшитдим. Поччам билан Муқаддам опам шунга қаттиқ ишонишибди. Бир водийда тўпланган санъаткорлар, спорт одамларига қўшилиб, Мозори Шарифга жўнабди, деган гапни айтишди.
…Охирги сафардан қайтганда, унинг ухламай ҳовлида ўтирганини сезиб қолдим, нотинчлиги аниқ эди. Ҳолидан хабар олишга қарор қилиб, айвонга чиқдим. Қоп-қора осмонда юлдузлар милтиллар, яримта ой шундай тепада сарғайиб турарди. Оҳиста ҳовлига тушдим. Сўри зихида ўтирган Ўғилой бошини кўтарди. Унинг йирик думалоқ кўзлари «ялт-ялт» қиларди.
— Уйқунгиз ўчдими, тоға?
— Ўзинг нимага ухламаяпсан? Чарчадингми? — саволига жавоб бермай сўрадим, ёнига ўтирарканман. — Халақит бермайманми?
— Йўқ. Ўтиринг, — у жойидан қўзғолиб қўйди. — Чарчадим. Лекин уйқум келмади. Ўйлаб кетдим.
— Нималарни? Билсам бўладими?
— Бўлади, — у жилмайди. — Масалан, куёвингизни.
— Ботиралиними?
— Ҳа. Ўшани.
У жимиб қолди. Мен эса саволга тутмадим. Анчадан бери ёнингда бўлмаган суюкли одаминг ҳақида гапириш, уни эслаш ҳар доим оғир. Ўғилой шу аҳволда эди. Нима қиламан азоб бериб?
Бирдан у қаддини ростлаб, менга ўгирилди.
— Нега «Покистонга бордингми?» — деб сўрамайсиз?
— Боролмаган бўлсанг, ярангга туз сепиб нима қиламан? — ростини айтиб қўяқолдим.
— Бордим. Бир ой бўлди бориб келганимга!
Ҳанг-манг бўлиб қолдим. У рост гапираётган эди. Алдаб нима қилади? Фақат мен унинг тутган ерини кесадиган, айтганини қиладиган одамлигини унутган эдим холос.
— Қойилман! Хўш, қалай Ботирали? Кўрдингми? Гапир…
— Кўрдим. Худди мана шундоғ, сиз минан ўтиришгандай ўтиришиб гаплашдим…
— Бир ўзинг бордингми? Қандай қилиб бординг?
— Э, тоға, пул бўлса чангалда шўрва, дейишгани рост экан. Пул минан бориб келдим. Икки йил бурун дадамга совхоз берган «Москвич» машинамиз бор эди. Қип-қизил лоладек машина. Ойим минан нима қилишимизни билмай, хуноб бўлиб ўтирсак, дадам қийиқларига ўроғлик бир даста пулни олдимизга олиб келиб қўйдилар. «Хотин, умримда биринчи марта сендан бесўроқ иш қилдим. Лекин қизимизнинг бахти учун ҳамма нарсага тайёрман. Машинани сотиб келдим. Борсин ўша Покистонга. Эрини кўрсин. Иложи бўлса етаклаб олиб келсин!» — дедилар. Ойим уришиш қаёқда, севиндилар. Мани бўлса-ку, бошим осмонга етди. Билетга, у ёқда бир ҳафта туришга пул топилганидан кейин қолган нарса осон кўчди. Афғон ногиронлари уюшмасидан ёрдам беришди. Қорачи узоқмасакан. Тошкандан тўрт соатча учиб бордик. Йўлда бир тўхтаб олдик, холос.
— Куала-Лумпурда.
— Ҳа, ўшатда тўхтадик. Қайтишда тўхтамадик. Тўппа-тўғри Тошкентга келиб тушдик. Мани консулхонанинг одамлари кутиб олди. Катта шаҳар энди Қорачи. Ҳаммаёқ одам, худди чумоли инидан қўзғолгандай… Йўқолиб қолиш ҳеч гапмас. Алламбало мошинада, ҳозир шунақа мошиналар Тошкентдаям юрибди, жажжи бир меҳмонхонага бордик. Телевизорли бир хонага жойлашдим. Пул тўлай, десам, кейин дейишди. Консулхона одами Афғон ногиронлари уюшмасининг телеграммасини олишган экан, кечқурунгача Исломободга телефон қилиб, ҳалиги хат ёзган элчихона маслаҳатчисидан Ботиралининг адресини суриштирадиган, кейин мени олиб борадиган бўлди. Фақат Ботирали билан ўзим гаплашишимни, у четда туришини айтди. Хўп, дедим. Кечқурунгача анча бор эди, ҳали пешин ҳам бўлмаган эди. Кўчага чиқдим, «гуп» этиб иссиқ ҳаво, овқат ҳиди димоғимга урилди. Лекин тез кўникиб кетдим. Меҳмонхона атрофини уч-тўрт айланиб келдим. Узоқроқ боришга чўчидим. Адашиб кетиб, меҳмонхонани йўқотиб қўйишим мумкин. Кейин номеримга кўтарилиб, телевизор қўйдим. Кино кетаётган экан. Маза қилиб томоша қилдим. Уларнинг телевизори ғалати. Эртадан кечгача кино кўрсатади. Кечасиям уч-тўртларгача тинмайди. Бурасангиз бўлди қулоғини, кино кетидан кино кўрсатаверади. Бир вагон кино кўриб келдим. Меъдамгаям тегиб кетди. Бир маҳал ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди. Телевизор ҳам ўзидан-ўзи тўхтади. Кейин ташқаридан сўфининг овози келди. Деразани очиб қулоқ солдим. «Оллоҳу Акбар! Оллоҳу Акбар!» Ажойиб ашула эшитгандай бўлиб кетдим. Шу заҳоти иккинчи томондан бошқа сўфининг овози келди: «Ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ!» Унинг овози ҳам ширали, ёқимли эди. Кейин тушуниб қолдим. Улар пешин намозга чақиришаётган эди. Намоз тугагандан кейин яна ҳаёт қайнаб кетди. Мошиналарнинг овози, извош аравага қўшилган отларнинг дўпири қулоқни кар қилгудек эди. Бунақа томошани умримда кўрмаганман. Хуллас, қандай қилиб кеч кирганини билмай қолдим. Дилим равшан, кайфим чоғ эди. Шундоқ жойгаки келдимми, ниятимга етишимга, Ботиралини кўришимга имоним комил эди. Консулхона одами айтган вақтида келди. Пиёда борамиз, деди. Эрингиз яқин жойда турар экан. Кейин йўлни билиб олиб ўзингиз бораверасиз, деди. Юрагим бир ҳаприқиб кетди. Хўп, дедим. Тошкентдан анчагина тансиқ нарсалар олиб кетган эдим. Иккита целлофан пакет қилиб тайёрлаб қўювдим. Биттасини консулхона одамига бердим. Биттасини ўзим кўтариб олдим. Ҳар ҳолда қуруқ бормаган яхши. Йўл-йўлакай сездим, консулхона одами бир нарса демоқчи бўлади-ю, айтолмаяпти. Чидолмай, «тинчликми?» — деб сўрадим. «Тинчлик, — деди. — Кўрасиз, ҳозир. У дўкончи бўлиб кетган. «Нима қилса қилмайдими, омон экан, шу катта бахт», — дедим. Консулхона одами индамади. Бирдан расталар бошланиб кетди. Ҳаммаёқ мева. Олма дейсизми, апельсин дейсизми, банан, узум… Шу ернинг ўзида шарбатам қилиб туришибди, аппаратга солиб… Жаннат дейсиз, тоға, жаннат!.. Кейин бирдан раста қатори тамом бўлиб, газлама қатори бошланиб кетди. Вой, ана газлама, мана газлама! Умримда бунақа мўл-кўл бозорни кўрмаганман. Бир пайтлар шойи, чит, духоба биздаям кўп эди. Аммо бунақаси бўлмаган!.. Оғзим очилиб қолди. Консулхона одами сал юрганимиздан кейин тирсагимдан ушлаб тўхтатди. «Энди буёғига ўзингиз борасиз. Мен боролмайман», — деди. — Истасангиз кутиб тураман. Лекин меҳмонхонангиз олис эмас. Шу кўчадан қайтсангиз бўлди. Шундай меҳмонхона олдидан чиқасиз», — деди. Кетаверинг, дедим. Ботирали Қодиров чап томондаги дўконлардан бирида ўтирибди. Дўкон тепасига исириқ осиб қўйибди, секин борсангиз ўтиб кетмайсиз, тушунтирди кетаётиб консулхона ходими. У айтгандек қилиб чап томонга ўтиб олдим. Битта-битта юриб борвотман. Ранг-баранг матолардан, шойи, духоба, товорлардан кўзим қамашиб кетвотган бўлсаям, дўкончилар афти-башарасига разм соламан. У ерда фақат эркаклар. Аёллар деярли ишламасакан. Ёш-ёш йигитлар кўпи. Ҳаммаси узун оқ кўйлак кийиб олган, ҳаммаси соқол-мўйлаб қўйган. Бошларида юпқа оқ дўппи. Кўзига кўзиз тушиши минам дарров ичкарига таклиф қилади, молларини мақтаб олдингизга тахлаб ташлайди… Юрганим сари юрагим дукуллаб уриб кетяпти. «Ҳозир кўраман уни» дейман ўзимча. Ҳозир у мани кўради. Нима деркин? Ман нима дейман унга? Қандоқ кўришамиз? Анча юрдим. Ҳатто, хавотиргаям тушдим, ўтиб кетдимми ё йўқми, деб. Йўқ ўтиб кетмаган эканман. Бир маҳал олдинда бир исириқ осиб қўйилган дўкон кўринди. Беихтиёр тўхтаб қолдим. Иликларимгача бўшашиб кетди. Дўкон ичидан бош-кўзи ўралган иккита хотин чиқишди. Улар кетидан дўкончи кўринди. Униям эгнида узун оқ кўйлак. Бошида тўртўппи. Қопқора соқоли кўкрагига тегиб турибди. У аёлларга нимадир деди. Аёллар бош ирғашди. У бирпас улар кетидан қараб турди, кейин ичкарига кириб кетди. Танидим. Соқол-мўйлов қўйган, узун кўйлак кийиб олган бўлса ҳам, овозини эшитмаган бўлсам ҳам танидим. Гавдасиданми, йўғон бўйниданми, лапанглаб юришиданми, билмадим, ишқилиб танидим. Ботирали. Йиғи занжир бўлиб келиб оғзимга тиқилди. Маҳкам оғзимни ушладим. Дўконга яқинроқ бордим. Ботирали йўқ эди. Уни энди йўқотмаслигимни билсамам, озгина хавотирга тушдим. Ичкарида эшик бор экан. Бир маҳал ўшаёқдан бир тўп газмол кўтариб чиқди. Мани кўрди. Манам унга қараб турибман. Газмолни деворга тираб кўйди-да, рўпарамга келди. «Ўғилой!?» — сўради кўзларини тикиб. «Манман, Ботиралака!». Шундоқ дедиму, бағрига отилиб тўйиб йиғлагим келиб кетди. Аммо ўзимни ушлаб қолдим. Бегона юртда, ғирт мусулмонлар ичида бўлсам-да, эркак одамга ўзимни ташлаб ўтирсам?! Куёвингизам ўзи қучоғини очмади. Ҳатто жойидан қимирламади. Ичимда ўксиндим. Ютиниб, ўзимга келволдим-де, қўлимни узатдим. «Сизни топганимдан хурсандман!» — дедим. «Раҳмат» деди. Сени кутган эдим, деди. Ҳайрон бўлиб қолдим. Тушунтирди. Сени яхши биламан, деди. Тириклигимни, қаердалигимни эшитишинг билан йўлини топиб келишингга ишонардим, деди. Бу билан у мани мақтадими, ё норизо бўлиб гапирдими, англамадим. «Қани, ўтирайлик», — у дўконнинг қамиш пардасини тушириб ёпди. Олдимга курси қўйди. Ўзи кигиз устига чордона қуриб, қўлларини фотиҳага ёзди. «Қани омин, қадам етди, бало етмасин. Худога минг қатла шукур, дийдор кўришдик!» У яна нималарнидир шивирлаб қўлларини юзига суртди, мўмдек қора қалин соқоли, мўйловини силади, кейин менга қарамасдан ўрнидан турди. Индамай ичкаридаги эшиқдан қаёққадир ғойиб бўлди. Анчагача ёлғиз қолдим. Дўконга бошқатдан разм солдим. Мол кўп эди. Тўрттала томонга тахлаб ташлаган. Фақат кираверишдаги бир қулоч ергина очиқ. Кўпи ипак мол. Ҳайрон бўлиб ўйлаб кетдим. Бу қанақа асирлик бўлди? Шунча молни, шундоқ дўконни асир одамга ким топшириб қўйди? Асирми ўзи Ботирали? Ман сизга айтсам, тоға, уни соппа-соғ, ҳатто анчагина тўлишиб кетганини кўриб хурсанд бўлган бўлсам, нимадандир кўнглимнинг бир чеккаси ғаш эди. Асир одамни қамоқхонада ўтиради, ишга олиб чиқса ён-верида соқчилар туради, деб ўйлаган эдим. Ботирали бемалол юрибди. Кийим-боши яхши, ранги-рўйини айтсангиз, ҳозиргина ҳаммомдан чиққан одамдай оқи-оқ, қизили-қизил. Ҳа, айтгандай, бир қўлида тағин алламбало тасбеҳ. Қопқора, худди қўйнинг кўзидек ҳар бир тоши. Хуллас, асир одамга ўхшамасди…
Катта патнис кўтариб оёқ яланг бир бола ичкаридан чиқди. Патнисни олдимга қўйиб, менга қаради-да, жилмайиб нимадир, деди. Нима деганини билмасамам тушундим. Дастурхонга таклиф қилди. Қанд-қурс, қатламага ўхшаган нон, темир чойнакда чой, қайноқ сут олиб келган эди у. Бошимни қимирлатиб раҳмат, дедим. У жилмайганича чиқиб кетди. Анчадан кейин Ботирали қайтиб келди. Рўпарамга ўтириб нон синдирди, дам еган бўлса ҳам чойни икки-уч марта қайтарди. Бошини кўтармай кичкина-кичкина тақсимчалардаги ширинликларни манга яқинроқ суриб қўйди. Сезяпман, нимадандир хижолатда. Қаҳрабодай аччиқ бўб кетган чойдан қуйиб узатар экан, қўлиям қалтираб кетаётганини кўрдим. Индамай мен унга, у менга тикилганимизча қанча ўтирдик, билмайман, бир маҳал у хўрсиниб бошини кўтарди. Жиққа ёшга тўлган кўзларини манга тикди. «Мени кечир, Ўғилой, — деди. — Мен илгариги Ботиралимасман». «Ҳа, ўзгариб кетибсиз, — дедим ҳазилга олиб. — Соқол-мўйлов ярашаркан сизга». Шундоқ дедиму, у бошқа нарсани назарда тутаётганини тушундим, тоға! У у ёқда уйланволган экан. Иккита боласи бор экан. Дўкон — хотинининг дўкони экан!..
Ўғилой бирдан жимиб қолди. У йиғларди. Аммо овутмадим, тўхтатмадим. Нима деб овутаман? Йиғласин, ўзига эрк бериб дилини бўшатсин. Тавба, уруш одам бошига қандай кулфат, ташвишларни солмайди? Лекин Ўғилойнинг бошига тушган ташвишларни мен сира хаёлимга ҳам келтирмаган эдим…
— Қизиқ-а, тоға? — худди дилимдагини билгандек сўради бир маҳал Ўғилой анчагина ўзини тинчитиб олиб. — Мани яхши кўриб, олиб қочиб кетган йигит қўш хотинли бўлиб ўтирса? Суюмли хотинини кундошли қилиб ўтирса?!
— Нега бундай қилибди? Сўрамадингми?
Ўғилой энтикиб жилмайди.
— Сўрамадим. Ўзи айтиб берди.
Қобул яқинида уларнинг бўлими қуршовда қолибди. Кўпчилик қутилиб чиқиб кетибди. Тўрт киши чекиниш ҳақидаги буйруқни эшитмай асир тушиб қолишибди. Тоғ оралаб кетишаётганда бизникилар ҳужумга ўтибди. Самолёт душманни ўққа тутибди, бомба ташлабди. Шу жангда асир тушганларнинг учтаси ҳалок бўлибди. Тасодифан Ботирали омон қолибди. Жанг тугаганидан кейин ўртоқларини ўзи кўмибди. Уни Ҳасан-Ҳусан афғонлар асир олган экан. Катталари, Ёқуббек деган генерал Ботиралини бутунлай уларга бериб юборибди. Ҳасан-Ҳусанлар аввал уни Покистон чегарасига олиб боришибди. Шу ерда, бир қишлоқда уй-жойлари бор экан. Экин эктиришибди. Бузилган уйларини тузаттиришибди. Ботиралининг қўли гуллигини кўриб, кейин мусулмонлигини эътиборга олиб, сингилларини унга никоҳлаб беришибди. «Уйланмасанг, ўлдириб юборамиз» дейишибди. Ботиралининг рози бўлишдан бошқа чораси қолмабди. У уйланиб, озгина кўникишгандан кейин, эркин юра бошлагандан кейин қочмоқчи экан. Аммо иложи бўлмабди. Ҳасан-Ҳусанлар унга маҳкам ёпишиб олишибди. Кейин Қорачига олиб кетишибди. Оталаридан қолган уч-тўртта дўконлари бор экан, биттасини унга беришибди.
Кетма-кет болалар пайдо бўлибди. Ботиралининг ўзи ҳам шу турмушга кўникиб қолибди.
— Болалариниям, хотининиям кўрдим, — деди Ўғилой яна жилмайиб. — Ботирали ҳикоясини тугатиб, ичкарига ишора қилди. Қарасам, эшик олдида юзига қора рўмол тутган битта аёл турибди. Иккала кўзи чўғнинг ўзи. Манга ёвдек қараб турибди. Қўлида бола. Каттасиям шўттаякан. Онасининг кўйнагига бекиниб олган. «Хондамир!» деб чақирди Ботирали. Бола онасининг кўйлагини қўйиб юбориб, Ботиралининг олдига уялиб, битта-битта қадам ташлаб келди. Ботирали уни бағрига босиб, ўз тилида нимадир деди, пешонасидан ўпди. Хўрлигим келиб кетди. Бахтиёрни ким энди бағрига босади? Ким пешонасидан ўпади? Аммо эзилганимни кўрсатмадим. Қайтанга кулиб, болани мен ҳам қучоғимга олдим. Ўрнимдан туриб, хотинга салом бердим. Мунир экан номи. Кейин олиб келган совғаларимни очдим. «Ойимларнинг патирлари-ку!» севиниб кетди Ботирали. Хотинини чақирди. Қўлидаги болаям ўғил экан. Бобур қўйишибди, отини. Саккиз ойлик бўлибди. Қўлимга олдим. Полвон бола. Қош-кўзлари худди отасининг ўзи. Фақат қоп-қора. Пешанасидан ўпдим. Ботирали патирдан ушатиб ҳаммага бир бурда, бир бурдадан улашди, чақалоқнинг қўлигаям тутқазиб қўйди. Аёл бир тишлам оғзига солди, аммо барибир ёв қарашини қўймади. Шу орада дўкон пардасини кўтариб икки киши кирди. Ҳасан-Ҳусанлар экан. Душманлар деганда ман ўзимизни киноларда кўрсатган босмачиларни кўз олдимга келтирардим. Туппа-тузук одамлар экан, фақат улар ҳам менга ғалати қарашди. Афтидан ҳадиксирашди. Ботирали узоқ йўқ бўлиб кетганда менинг кимлигимни айтган экан хотинига. Хотини дарров акаларига хабар берган. Бечоралар мани эрини олиб кетгани келган деб ўйлашган бўлса керак. Шунинг учун ҳам уччалови безовта эди. Улар-ку майли, Ботиралиям нотинч эди. Ростини айтсам, мени ўзимам ғалати аҳволда эдим. Кимман ўзи? Кимларнинг орасида ўтирибман? Нима қилишим керак? Ҳасан-Ҳусанлар келгандан кейин гапимиз бутунлай қовушмай қолди. Мен Ботиралига отасининг оламдан ўтганини айтдим. Яшириб нима қиламан? Уччала эркак қуръон ўқишди. Гап яна узилди. Кетишим кераклигини сезиб, ўрнимдан турдим. Шунда бутунлай кетаётганимни билдим. «Мени кечир. Кечиринглар ҳамманг» — деди яна дўкондан чиққанимда Ботирали. Индамадим. Адресимни сўровди, бердим. Дўкондан ўн қадамча узоқлашганимдан кейин ўзимни тутолмадим, йиғлаб юбордим. Меҳмонхонага келиб яна юм-юм йиғладим. Эрталаб консулхона одами телефон қилувди, имкони бўлса тезроқ жўнатиб юборишни сўрадим. Тошкентда қўниб ўтадиган самолёт бор экан, шунга билетимни тўғрилаб берди. Меҳмонхонада Ботиралига атаб кичкина хат қолдирдим. Мабодо келса бериб қўйишади. «Ботирали! Хайр, — деб ёздим. — Мендан хавотир олманг. Сизни ҳеч қачон безовта қилмайман. Мунирбону билан қўшақаринглар. Болаларингизнинг роҳатини кўринг. Собиқ умр йўлдошингиз Ўғилой». Ўша куни кечқурун йўлга чиқдим. Ботиралидан хафамасман. Ким билади, шундоғ қилмаса омон қолмасмиди? Қанча одам ўша Афғонда нобуд бўлиб кетди! Фақат Бахтиёрга ачинаман баъзан. Отаси бўлатуриб отасиз ўсвотти. Майли, катта бўлганда ўзи ҳамма нарсани, тирикчилик, ҳаёт нималигини тушуниб олар. Балки, отаси минам дийдор кўришар? Ўша энди покистонлик, ота бир она бошқа укалари минам борди-келди қилиб кетар? Қаршимасман, қайтанга хурсанд бўламан. Негаки, болалигида отасининг дийдорига тўймаган ўғлим бечора, катта бўлганда тўйсин… Мунирбону, кундошимгаям, Ҳасан-Ҳусан акаларигаям тариқчалик гинам йўқ. Фақат, тоға, иккинчи хотин бўлолмайман, каттаси бўлсамам. Эрнинг қош-қовоғига қараб яшолмаган одам, қандоғ қилиб кундошга чидайди? Феълимам, қонимам исён қилиб юборади. Ботирали уёқда никоҳлаб олган хотини, иккита қўғирчоқдай боласи, ҳовли-жой, дўкони борлигини, қайтиш нияти йўқлигини ўзимми ойим минам дадамга айтиб бердим. Ойим фиғон бўлиб уни қарғадила, уришдила, унга қўшиб маниям уришдила. Этганимни қилганингда бойвучча бўлиб юрардинг, дедила. Аммамми ўғли, ҳалиги, чайқовчи, «Мерседес» оганмиш, икки қаватли данғиллама уй қурвотганмиш. Кулдим. Манга Ботиралидан бўлак ҳеч ким, ҳеч нарса керакмаслигини ҳалиям тушунмабтила. Қайнонамга, умуман, бошқа ҳеч кимга ростини айтмадим. Ростини билишса, кетиб қолади, деб мендан хавотир олишади. Қандоғ кетаман? Қайнонам касалвон одам, уйдан чиқмайди. Иккала қайним ҳали, уста қўлида. Ота касбини танлашган. Шундоғ курсила, хонтахта қилишадики, худди музей дейсиз! Икки-уч йилдан кейин катта бўлиб, ўзлик-ўзи шовут олишади. Ана ўшанда акалари нима қилиб юрганини билишса-билишар. Қайнисийнимам институтни битирсин. Унгача ким қарайди уларга, ман қарамасам? Ҳаммаларига соғ-саломат юрибди, дедим. Аммо асир, дедим. Ҳеч қаёққа шаҳардан чиқиб боролмайди, ҳеч кимга хат ёзолмайди. Яқинда музокара бўлармиш. Асирларни қайтадан масаласи ўшанда кўрилармиш. Ҳаммаларингизга кўпдан-кўп салом, деб юборди, дедим. Ишонишди… Лекин, тоға, бир нарсага ҳеч тушунолмайман. Покистонга бориб келганимам, Ботиралини кўрганим, ўша ёқда у бошқа турмуш қуриб кетганиям худди тушга ўхшайди. Одамни эзадиган, йиғлатадиган туш… Ҳеч ишонгим келмайди. Ҳамма кўрганларим ёлғонга ўхшайди. Намангандаям, Паркатдаям эшик ланг очилиб, Ботирали кириб келаётгандай бўлаверади. Келиб Бахтиёрни кўтаради, бўйнига ўтқазади. Мани бағрига босиб, бошимдан ўпади… Ўйиб-ўйиб билагимни чимчиласамам кўз олдимда пайдо бўлаверади… Биламан, Покистонга бориб келганим туш эмас, ҳақиқат. Барибир ишонгим келмайди. Туш дейман. Туш-а, тоға?
Ўғилой кўзлари ялтираб менга қаради, кейин бошини кўкрагимга қўйди. Жавобнинг унга кераги йўқ эди. Шундай бўлса ҳам ўзимча уни юпатмоқчи бўлдим.
— Ёшсан. Турмушинг ҳали яхши бўлиб кетади. Ажаб эмас, яхши бир одамни учратасан ҳали…
— Ботирали битта, тоға, — деди у бошини кўтариб.
Баҳслашгим, гапини иккита қилгим келмади. Анчагача аста-секин сўнаётган юлдузлар, оқараётган тун сукунатига қулоқ солиб ўтирдик.
Тонгги ғира-ширада Ўғилой Наманганга жўнади. Катта кўчагача кузатиб чиқдим. У тақ-туқ қилиб, шахдам-шахдам қадам ташлаб борар экан, орқасидан узоқ қараб турдим. Менинг ўғилбола жияним, жигарим, бу ўзгарувчан, нотинч ҳаётда шу юришинг йўқолмасин, омон бўл!