Отамиз овчи эди. Биз – беш нафар ўғилга унинг эски қўшотари ва “мерган” лақаби мерос қолган, холос. Оға-инилардан фақат ўртанчамизга овчиларга хос сабр-тоқат, қунт-ҳафсала, ўқни бехато отиш ўтгандай, қолганларимизга ана шу хислатларнинг юқигина теккан кўринади. Ов баҳона милтиқ талашишда ва отган ўлжаларимиз қонли из қолдирганича ўтиб бўлмас чангалзорга кириб кетганлиги ҳақида мақтанишда бир-биримиздан ўтамиз. Мен отамизнинг ортидан думдек эргашиб юрардиму, аммо овчилик сирларини ўрганиш ўрнига мўлжалдаги ўлжаларини чўчитиб юбориб кўпроқ зарарим тегарди. Шу боисдан бўлса керак, отамиз овга ҳозирлик кўраётганларини кўпинча сир тутишга ҳаракат қиларди, милтиқни қопга тиққанича ўша ўртанчамизга киши билмас топшириб, бирор маълум бутанинг панасида кутиб туришни тайинлаб, ўзи ҳам худди дўконгами-сартарошхонагами кетаётгандек уйдан олислагач, орқасида биз каби думлар таъқиб қилмаётганига амин бўлганидан сўнггина йўлни тўқайзорга бурарди. Отамиз ва ўртанчамиз овга кетганлигини улар кечки овқат пайтидаям кўринмаганларидан билиб қолганимизда эса ростакамига кеч бўлган, чиябўрилар увиллаб чиқадиган тўқайзорни оралаб уларни топиш учун эса тўрт оғайни-ботирларга отнинг калласидай юрак зарур бўларди.
Бизни чув тушириб кетган овчилар эртаси куни офтоб тоғлар ортига юмалаб кетганидан сўнг бир-иккита қуёнми, бўрсиққа ўхшаган ўлжаними елкага илганча кириб келишарди. Кечки пайт отам ўз тенг- тўшларига, биродаримиз эса ўзига ўхшаган бола-бақраларга бемалол қанча пайт ўлжа пойлаганларию, қандай отганларини ҳикоя қилиб беришарди.
Бу орада йиллар сувдек оқиб ўтиб, беш оға-инининг учтаси уйланиб, бола-чақали ва янги ҳовли-жойли бўлиб кетгач, отамизнинг ҳам кўзлари хиралашиб қолганлиги ва шу пайтгача тўккан қонлари учун тавба-тазарру қилиш пайти келганлигидан тоат-ибодат қилишга тушиб кетди ва турган гапки, милтиқ эгасиз қолиб, бизлар онда-сонда унга тикилиб қўярдик. Овчиликка уқувли биродаримиз заводда ишлайди, отамерос касби билан фақат меҳнат таътилига чиққан пайтларидагина шуғулланишга имкон топади, холос. Қўшотар деярли биздек мавсумий меҳнат билан банд ака-укаларга қолганди. Овчиликка ҳам азбаройи уйдаги муаммолардан қочиш, бирор жилға бўйида “яримта”ни майдалаб ётиш учунгина отланганимиздан, кўпинча тўқайдан қуруқ қайтсак-да, овдаги саргузаштларимизни эшитгани қўшнимизнинг дўкони олдига анча-мунча пивохўрлар йиғилиб келишарди. Менимча, бизнинг овчилигимиздан ана шу дўкончи кўпроқ фойда кўрарди.
Кунлардан бирида қишлоққа ёввойи мушук оралаётганлиги ҳақида гап тарқалди. Кимнингдир тўртта товуғи, бошқасининг куркаси, осиб қўйган гўшти, қаймоғу сарёғи йўқола бошлади. Балки, тулкидир деган гаплар ҳам бўлди. Аммо уни ўз кўзи билан кўрганларнинг айтишича, салкам итдай келадиган бу мушук одамдан сира кўрқмай, бақрайганича қараб тураверармиш-да, бирор нарсани отмоқчи бўлиб ҳаракат қилсанг, ўзингга ташлангудук бўлиб, пихиллай-пихиллай тишларини кўрсатармиш. Катта одам-ку бундай пайтда қутилиб қолар, аммо ёш болаларнинг қўлидан нимаям келарди. Шу туфайли, оналар ёш болаларини доим ёнида олиб юрадиган, сал кўринмай қолса ваҳима билан чақирадиган бўлиб қолишди.
Жанжалкашликда беқиёс Наима хола бир куни бизга ёпишди:
– Ҳой, овчини боллари, сизлар қаёққа қараяпсизлар! Милтиқни кўтариб юравермай, қишлоқни мушук ўлгурдан қутқарсанглар-чи! Ўлигини ўзимга кўрсатасизлар, ана шунда у кимники эканлиги маълум бўлади!
Овчининг болалари эканлигимизни исботлаш учун қўштиғни кетмондек елкага ташлаганча қишлоқдан чиқиб, роса тўқайзорни оралаб, шимларимизни тиканлар илиб, этикларимизнинг пошнаси майишиб кетдиямки, талончи мушукка дуч келмадик. Қайтага хотинларимиздан гап эшитганимиз қолди. Бу орада дайди мушук яна беш-олти товуғу куркалар бошига етди. Бундай бесамар санқишлар жонимизга тегиб, балиқ овлашни маъқул кўриб укам билан қармоқларни қўлга олганча сой тарафга жўнадик. Куз куни ҳам бир тутам. Ҳар биримиз уч-тўрттадан балиқ тутгунимизча теваракка қоронғулик инди.
Муюлишда укам билан хайрлашдим-да, ўз уйимга ошиқдим. Ҳовли юзи лампа чироқ ёғдусидан хирагина ёришиб турибди. Ҳамма ёқ жим-жит. Шундагина пешин пайти хотиним қизимни эргаштириб отасиникига кетганлиги эсимга тушди. Кўнглим хижил тортди.
Қўлимдаги ҳали тирик балиқлар питиллаб қўяётган сувқоғозли халтани салқин ҳавода айнимай туришини чамалаб айвон устунидаги михга осиб қўйдим.
Чой-пой ичишга ҳам ҳафсала йўқ эди.Ўзимни кўрпачага ташлаганча донг қотиб қолибман.
Тун алламаҳал бўлганида эшикнинг гурсиллаб урилишидан уйғониб кетдим.
– Ким у? Эшик илгакланмаган! – дея қичқирарканман, ногоҳ тун ярмида ким ҳам келиши мумкинлигини эслаб қолдим. – Хотин, сенмисан?!
Аммо эшикка нимадир қайта-қайта урилар, зарба эшикнинг пастки қисмига тўғри келганлигидан уни биров тепаётгандек туюлиб, баттар ўтакамни ёрарди. Жойимдан ирғиб турдиму эшик илгагини солдим, сўнг сал нарида ётган оташкосовни қўлга олдим.
Бу орада эшикка тушаётган зарбалар давом этса-да, аввалгидек кучли эмасди. Бора-бора улар тинибам қолди. Мен секин эшикни қия очиб, айвондаги ғаройиб манзарадан карахт бўлиб қолдим. Айвоннинг хира лампочкаси бошига сувқоғоз кийилиб қолганлигидан нафас ололмай, у ёқдан-бу ёққа юмалаётган каттакон жундор ҳайвонни ёритиб турарди. Узун думини биланглатишидан уни мушукка ўхшатдим. Чамаси, у устунга тирмашиб чиқиб, балиқли сувқоғозни ерга тушириб, балиқларни паққос тушира бошлаётганида сувқоғоз бошига ўралиб қолганидан нафас ололмай, ўзини ҳар тарафга ураверганга ўхшайди. Балки қишлоқдагиларнинг жонига тегиб юрган мушук шунинг ўзидир! Ҳозир, қўлимдаги косов билан уни бир-икки яхшилаб туширсам, эртага аканг қарағайдан яхши одам топилмайди қишлоқда. Аммо, шу заҳоти овчилик виждоним уйғониб, шундоғам ўлим чангалида ётган жониворни уриб ўлдириш ниятидан қайтдим. Мард бўлсанг – майдонга чиқмайсанми? Уй ичига қайтиб кириб, хонтахтада ётган пичоқни олганча ташқарига, жон талвасасида ётган мушук тепасига келдим. Гарчи, боши сувқоғозга ўралиб қолган бўлса-да, мушук ҳамон кўринмас душманга ҳамла қилганча, тўрттала оёғини ҳавода ўйнатар, ўткир тирноқлари у ер-бу еримни тирнаб ташлаши, тирналган жойлар эса кеч кузакда газаклаб, тузалиши қийин ярага айланиб кетиши, қутирган бўлса яна-да ёмон кунларни бошимга солиши эҳтимолидан унга ғоятда эҳтиёткорлик билан яқинлашиб, қўлимни чўзганча пичоқнинг учи билан сувқоғозни бир ҳамлада тилиб ташладим.
Тешилган сувқоғоздан мушукнинг боши очиқ ҳавога чиқди ва чақчайган кўзлари билан менга бир лаҳза тикилди-да, бутун қолган балиқларни ҳовли саҳнига сочганича сакрай-сакрай қоронғулик қўйнига равона бўлди…
Эртаси куни ҳеч кимга бу воқеа ҳақида оғиз очмадим. Қўлгинамга тушиб турган мушукни ўлдирмай, қочириб юборганим учун тағин балога қолишим мумкин эди.
Бу орада кунлар тобора қисқариб, айрим кечалари кўрпа тагидаям совқота бошладик. Ҳовлимизнинг кўча девори остида ҳар йили бурганлар одам бўйи ўсиб ётар, хотиним уларни атайин юлмай, кузакда ўриб олиб, узун-узун кўчасупирги боғлатар, баъзан унча-мунчасини бозорга элтиб сотарди.
Ўроқни қўлга олиб ўша бел баробар бурганзорга яқинлашдим. Энди бир тутам бурганни ўргандимамки, ваҳимали вишиллаш қулоғимга эшитилиб, тарракдай қотиб қолдим. Мендан икки қадамча наридаги бурганга ўралган илон тилини чиқарган кўйи вишиллар, унга ўралиб олган иккинчиси ҳам совуқ кўзларини менга қадаб олганди. Ўроқни ўша жойда қолдирганча сўри томон жон ҳолатда қочдим.
– Ҳа, яна нима бўлди?! – деди хотиним овсини келгани шарофати билан уннаётган ошига сабзи артишдан тўхтаб. – Бунча рангингизда ранг йўқ!
– Илон! – дедим қўлим билан девор томонга ишора қилиб, – Жуда кўп!
Ҳа, қоча-қоча, бурганзордан чиққан беш-олтитача илоннинг қовоқ палаклари тагигага ўрмалаб кетганини кўрган эдим.
– Вой, қизларимиз қани?! – хотинимнинг шу гапидан кейингина беҳи тергани кетган қизларимиз эсимизга тушиб, жон ҳолатда уларни чақиришга тушдик.
Қўлларидаги челакни беҳига тўлдиргандан кейин ҳам гапга алаҳсиган дугоналар шоша-пиша боғчадан чиқиб келишаркан, оналарининг ваҳимали товушларидан жойларида таққа тўхтаб қолишди.
– Вой, қанақа эркаксиз, боринг, қизларни олиб келинг! – деди хотиним сўридан тушишгаям мажоли келмай.
Узун калтак ва ўроқ билан қуролланган ҳолда ўн қадамлар нарида қотиб қолган қизларимизни сўрига бошлаб келдим. Ош ошлигича қолиб, хотиним қизини олганча ота-онасиникига, келинимиз бир челак беҳини олганча ўзининг уйига кетди.
…Кимсасиз ҳовлида қолишдан ўзимам қўрқиб, отамникига жўнадим. Нимага келганлигимни айтиб ўтирмай, эрталаб қўрқа-писа ҳовлимизга қайтиб келдим. Одам ўз уйидан қўрқиб қолса ёмон бўларкан.
Ҳовли ўртасида ётган узун калтакни қўлга олганча сўрига яқинлашдиму, оёқларимда мадор қолмади. Ярми ерга осилиб ётган қуроқ кўрпача устида бир илон чўзилиб ётарди. Калтак билан уни бир чеккага улоқтириб билдимки, газанда ўлиб қолган экан.Унинг бош қисми узилиб терисигагина илашиб турарди…
Шу вақт дарвозадан отам, қайнотам, хотиним орқама-кетин кириб келишди.
– Ўнтаданам кўп эди, – деди хотиним ўлган илонни отамнинг панасидан томоша қиларкан. – Билакдай келадиганлари бор. Бу уйда энди яшолмайман!
– Худо билади, – отам ўлган илонни қўлига олиб, айлантириб кўра бошлади. – Урғочиси экан. Икки яшарлар бор. Шу бурганзорга бало борми ҳовлида! Неча марта айтдим, юлиб, тозалаб, супириб қўйинглар деб. Ҳовлимас, тўқай бу.
– Отажон, камида юзта супурги чиқиб турарди-да, – деди хотиним бел баробар бурганзорга хавфсираганча тикилиб. – Илон йилимасми бу йил?
– Сен ўлдирдингми буни? – сўради отам ўзининг гапига ўзиям ҳайрон бўлганича. – Илондан ўлардай қўрқардинг.
– Вой, аста айтасизми? – деди хотиним энди ўзининг отасининг панасига ўтиб. – Хотинга зўр холос, бу! Илонни кўрса уч кун кўрпа-ёстиқ қилиб ётади. Гапим шу, совуқ тушгунча отамникида тураман. Бузоқни сиз олиб кетинг, илон-пилон чақса ўлиб қолмасин тағин. Алоҳида уй қилиб, энди молга етган жойим-а…
– Кўп ваҳима қилма, – деди қайнотам. – Эшитган қулоққаям яхшимас. Ким ишонади, илондан қўрқиб, отасиникига келибди деса.
– Бу энди биттаси, ота, – деди хотиним у ёқ-бу ёқларга аланглаб. – Ҳали яна қанчаси бор-у… Илонларни қасоскор деб эшитганман. Мана бунинг ўлиги учун ўч олишга тушишса-чи. Мени ўйламасангларам, невуларингни ўйланглар! Гап шу, отамникига кетаман. Совуқ тушгунча ўшақда бўламан. Мен керакли нарсаларимни тугиб чиқай. Вой-ей, уйга қандай кираман? Ота, юринг, менга ҳамроҳ бўлинг! Қандай кунларга қолдима-а…
Отам ўйчан бир қиёфада ҳовлида кезинаркан, яна битта илон ўлигини топиб олдию, ва ҳимамиз бежиз эмаслигига амин бўлди…
… Мана бир ҳафтадирки, хотиним билан қизим – отасиникида, мен билан бузоғим эса ўз отамникида, итимиз занжиридан бўшатилган, ҳовлимиз эгасиз, байталмон. Гарчи ҳовлимиздан илон чиққанини бировга айтмаган бўлсам-да, аллақачон қишлоқда гап бўлиб кетган эди.
Ҳар куни ҳовлидан хабар олгани гоҳ бир ўзим, гоҳ отам ё бирор укам, ё синфдош жўрам билан келиб кетардим. Кунда, кунора битта ё иккитадан илон ўлигини ҳовлининг турли жойларидан топиб олганимда бундан хурсанд бўлишниям, хафа бўлишниям билолмасдим. Ўлган илонни далилий ашё сифатида бирор халтага солганча қайнотамникига етиб борардим. Хотиним илонлар ўлиги ортгани сари қайтишни орқага сургани сурган эди. Саккизинчи илон ўлигини топганимиздан сўнг, отам фолбинга учраб, уларнинг сони қирқтачалиги, то уларнинг энг каттаси ўлмагунча ҳовлига қайтолмаслигимиз ҳақида билиб қайтди. Бирор дами ўткир муллага чилёсин қилдириб ташлашимиз керак экан. Шундай ҳам қилдик. Дуоли қоғозни дам солинган сувда эзиб ҳовли ичига пуркаб чиқдик. Маросим охирида ўлардай чарчаган дами ўткир дуохонни эшагига миндириб, кўча бошигача кузатиб қўйгач, отам мени қўярда-қўймай ўз уйимда тунаб қолишга кўндирди: “Укангни жўнатаман, иккита эркак бир-бирларингга жўра бўлиб ётасанлар!”
Ака-ука ярим килоча колбаса сотиб олиб, ҳовлига ғира-ширада кириб нақ тўртта илоннинг ўлиги устидан чиқдик. Нима бало, булар бир-бири билан уруш қилиб ўлишяптими, деб роса бошимиз қотди.
Эгалари келиб қолганидан хурсанд итимиз шундоққина сўри ёнида думини ўйнатиб ётар, биз ирғитган колбаса бурдаларини ерга туширмай, ҳаводаёқ илиб оларди. Тунги салқин тушганига қарамай иккаламизнинг ҳам уйга кириб ётишга юрагимиз дов бермаганлигидан, бир-биримизга пойлоқчилик қилганча тахмондан кўрпаларни олиб чиқиб, сўрида тунай қолдик.
– Ҳожатгаям икковлашиб борамиз чоғимда, – деди укам қўлфонарни ўчириб-ёқиб ўйнаркан. – Биримиз чироқ тутиб турамиз, биримиз ишимизни бажарамиз.
– Бир кеча бормаям қўяверамиз, – дедим-у, қорнимда санчиқ тураётганини ҳис қилиб, укамга ўқрайдим, – гапирмаям ўл! Юр, энди…
… Тун қандай ўтганиниям билмай қолибман. Тонгги қуёшнинг ўткир нурлари кўзимга қадалганидан билдимки, серташвиш тун ортда қолибди. Сўрининг бошқа тарафида кўрпага ўраниб ётган қоровул укамнинг ёнида ёниқлигича қолган қўлфонарга кўзим тушиб, уни ўчирдим-да, ҳовлини кўздан кечириш учун ўрнимдан турдим. Йўл-йўлакай устунга санчиғлик ўроқни қўлга олдим.
Тонгги совуқ куз шамолидан баданларим жунжикади. Хазонларнинг намхуш ҳиди димоққа урилади.
Шу пайт қулоғимга ғалати шитирлаш эшитилди. Ваҳима билан атрофга алангладим. Кўз ўнгимда намоён бўлган манзарадан тиззаларим қалтираб кетди. Йирик бир илон билан мушук аёвсиз олишарди. Сал нарида яна бир газанданинг пажмурда танаси биланглаб ётарди. Ҳа, бу ўша тунда мен кўрган мушук. Айни пайтда у аввалгидан ҳам баҳайбат кўринарди. Туклари бамисли жайраникидек диккайиб кетган. У ён-бу ён енгил сакрайди, турли ҳолатга киради, эгилувчан думи ҳар тарафга бориб келганча илонни чалғитади. Ердан тизза баравар кўтарилган илоннинг боши мушукнинг думига ҳамоҳанг тарзда тебранар, тебранибгина қолмай, ора-сира ўқдай отилиб, чақиб олишга уринар ва ҳар гал хато кетарди. Бир илонгина эмас, мен ҳам мушук думининг бориб-келишига сеҳрланиб қолгандек, унга монанд ҳаракат қилардим.
Мушукнинг ўткир чангали илоннинг бошини аниқ мўлжалга олганини газанданинг бир кўзидан қон томчилаб чиққанидан билса бўларди. Иссиқ қон илоннинг ялтираб турган пўстидан ерга етиб, қонли излар қолдира бошлаган пайтидагина укам келиб қолди ва бақириб юборди. Мана шу лаҳзада тахмин қилган хавотирим юз берди – мушук тўсатдан пайдо бўлган укамга эътиборини қаратди ва пайтдан фойдаланган илон ўқдай ташланиб, мушукнинг бўйнига тиш ботиришга улгурди. Гарчи мушук бир силтаб, уни ўзидан узиб ташлаган ва илоннинг бошини ўткир тишлари орасига олишга эришган бўлса-да, унинг қонига ўтган илон заҳри ўз ишини бошлаб юборди – илоннинг жон тарк этаётган узундан-узун арғамчиси акашак бўлаётган мушукнинг танасини сўнгги бора оғушига маҳкам тортди…
…Бу воқеалар анча пайтгача қишлоғимизда шов- шув бўлиб юрди. Ҳатто, туман газетасида “Халоскор мушук” деган кичкина хабар ҳам берилди. “Қаҳрамон” мушукнинг ҳамқишлоқларнинг ўнлаб товуғу куркаларини қиргани ҳақида лом-мим дейилмади. Марҳумлар ҳақида фақат яхши гапларни гапириш керак деган қоидага амал қилган бўлишса керак, ҳойнаҳой…
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 9-сон