Ўша вақтлар чамаси ўн ёш эдим. Айни куз, аммо атрофда қиш аёзи дайдирди. Кўчада мен каби совуқ сезмас “ўйин бола”си кўринмаса, аксар одамлар уй ичига тиқилишганди. Ҳар галгидек, ҳориб–чарчаб уйга қайтдим. Дарвоза тирқишидан ичкарига мўраладим: ойим айвонда тутақиб синглимга бақирар, қўлида тут новдасидан хивчин: афтидан мени жазолаш учун бўлса керак.
Гаврон танамдаги эски оғриқларни қўзғади. Боиси бунақа саҳналар менга янгилик эмасди. Девор панасига ўтиб, ойим ҳовуридан тушишини кута бошладим… Бир пайт қўшнимиз Мутал ака ҳовлиқиб келаверди. Бор гапни мендан билгач, дарвозадан ҳовлига кирди-да, зум ўтмай кетмон орқалаб чиқди.
Хаёлимга елдек урилган фикрда қувондим: “Кетмонга борувдим, ушланиб қолдим”, дейман ойимга. Унга эргашдим.
Мутал ака тўғри оғилхона тарафга етаклади.
Пахса деворга суянч катак қаршисига бордик. У кетмонни деворга тираб енг шимарди. Ит болалапти: катак ичида гидиклар ағнаб ўйнар, бир-бирини тишлаб ҳурар, ялаб юлқаётган онаси атрофида ирғишларди.
Уй эгаси шундоқ шифтга тиқилган селитра халтани олди. Сўнг у итни катагидан судраб чиқарди ва бошини катакка суқиб кучукбаччаларни текшириб қопга сола тушди. Она ит катак атрофида еру кўкка сиғмай, қандайдир нохушликни сезгандай оёғи билан ер титиб муттасил ғингширди. Мутал аканинг иши битгач қўзғаларкан, катакда иккита кучукча қолганини кўрдим. У қопни орқалади ва кетмонни узатиб деди:
— Бу кучукваччаларни нима қилишни яхши биламан!
Биз дарахтзор оралаб далага қараб жўнадик. Ортимиздан то Олатаёққа етгунимизча Олапар иярди, Мутал ака унга тош ўқталди.
— Олапар…Тур йўқол!
Далалар шудгорлангани боис лой, оёқ ботиб одам юришга қийналади. Себалаётган ёмғир эса дард устига чипқон. Биз зўрға жарликка яқинлашдик. Жарлик ёқасида чуқур ўралар, биқинида ҳандақлар ҳосил бўлган, четини сел ўпирганди.
— Кетмон шарт эмас экан, — деди Мутал ака кулиб.
Шундагина менга ҳали-ҳануз сир бўлиб келаётган муаммо ечими кўринди. Демак, у кучукчаларни тириклайин кўммоқчи! Мен умуман иложсиз эдим. Кутганимдек Мутал ака кучукчаларни ўрага ташлай бошлади. Кетмонни улоқтириб шартта унинг қўлига ёпишдим.
— Ўзим боқаман, менга беринг!
Йиғлаб ялиндим, фойдаси бўлмади; у мени силтаб ташлади. Зумда ўра ичида лой ва балчиққа қоришган кучукчалар жон талашиб ғинғший бошлади. Кўз олдимда содир бўлган фожеани тасвирлашга тил ожиз…
Қишлоққа қандай қайтдик, билмайман. Чорасизлик ва изтироб, яна қандайдир номсиз туйғулар қоришиғидан пайдо бўлган куч мени қийнар, қўлларим мушт бўлиб тугилар, негадир кўзимдан дувиллаб ёш оқарди.
“ — Қанийди илоҳий бир қувват инсаю боплаб унинг додини берсам!”, деб алам билан ўйлардим. Мутал ака ҳолатимни сезди, шекилли, мени юпатишга уринди.
— Э, оғайничалиш, нега йиғлайсан? Ўғил боласан-ку! Бу қанжиқваччаларнинг кимга кераги бор. Орлон бўлганида, бошқа гап эди… Бир аҳволда уйга қайтган бўлсам керак, ойим жазолаш ўрнига атрофимда парвона бўлиб қолдилар. Ойим ҳарчанд қаттиққўл бўлмасин, лекин эрка ўғлининг кўз ёшларига чидаб туролмасди. Қовоқларим шишиб кетганини кўргач бояги важоҳатидан асар ҳам қолмади. Кўчадаги гапни уйга олиб келмаслигимни билсалар-да, нима бўлганини сўраб ҳоли жонимга қўймадилар. Аммо миқ этмадим. Иситмам чиқиб ётиб қолдим. Дори-дармон таъсирида кўзим илинганини ҳам сезмабман…
Уйдаги шивир-шивирдан уйғониб кетдим.
Отам ва онам паст овозда суҳбатлашарди.
— Бечорага қийин бўлди-да! Бир ўғилга зор эди-я, яна қиз кўрибди. Муталнинг аҳволи чатоқ, қайғуси қора қозон!
— Тавба! Нима қиз фарзанд эмасми?! Тирноққа зор одамлар ҳам бор. Аҳмоқда шу Мутал ҳам. Айбни келиндан кўриб кун бермайди, шўрликка…
Билдимки, Мутал ака яна қиз топган. Тўртинчи қиз! Ҳар гал қишлоқда биров фарзандли бўлса севинардик. Боиси, базму зиёфатдан биз болалар ҳам четда қолмасдик-да! Лекин бу сафар кўнглимда ҳеч бир шодлик йўқ эди… Кўз олдимда Мутал ака лойга чўктирган кучукчалар жон азобида ўлим билан олишарди…
Бу воқеа бир умрга қалбимда битмас жароҳат бўлиб қолди. Ўша воқеанинг асорати ҳар гал Мутал аканинг хотини туққанида янгиланаверади…
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 42-сон