Ўктам Усмонов. Гирдоб (роман)

Инсон бахтли бўлиши керак.
Мабодо бахтсиз экан, унинг ўзи айбдор.
Л. Н. Толстой

1

Саратон.
Кун бўйи еру кўкни жизғанак қилиб куйдирган қуёшнинг ботишига сал бор… Уфқ қонталашиб, осмон заъфарон тусга кирган; олисдаги қорли тоғларнинг тепасигина нилий рангда товланади… Чилонзордаги сарғиш, қизғиш ғиштин, кулранг, оқиш йирик панелли баланд уйларнинг кўланкалари тобора узайиб бораётган пайт. Айниқса, тушдан кейин билқиллаб юмшаб кетган асфалт кўчалардан ёқимсиз ҳовур кўтарилади. Қаёққа қарасанг: зув-зув, ғув-ғув машина, тумонат одам; ша-ҳарликлар ишдан қайтишяпти. Айрим йўловчилар бир ёнга оғиб кетаётган автобусларнинг эшигигача осилиб олишган. Бекатда турганлар ҳам терга ботиб, кеч кираётганига қарамай, соя ахтаришади… Қани энди қилт этган шабада бўлса…
Катта йўлнинг нариги бетидаги озиқ-овқат дўконидан одамларга туртина-суртина ёшгина бир жувон чиқиб келди; бошини сочиқ билан ўраб олган, устида ғижимланган эски атлас кўйлак, қўлида бир шиша пахта ёғи. Юзи сўлғин, кўзлари киртайган, юраги торлиги шундоқ афтидан маълум; ўрта, бир қараса — лўппигина, бир қараса — ушоқ болалардек нозикниҳол… аммо диққат билан разм солинса, истараси иссиқ аёл.
У шошилиб йўлни кесиб ўтмоқчи эди, сал бўлмаса машина тагида қолиб кетай деди. Оч ҳаворанг «Волга» гувиллаб келиб уни уриб юборгудай ёнидан тақалиб ўтди, йўл четига чиқиб чанг буруқситганча уч-тўрт қадам нарига бориб тўхтади. Машина эшиги очилиб, ундан кун димлигига қарамард, жигарранг костюм кийган барваста бир йигит тушди. У тахминан ўттиз ёшларда; тўладан келган, қорамағиз, яғринли, бурнига тегиб турган қуюқ мўйлови ҳам, жингалак сочлари ҳам тимқора, энли қошлари остидаги митти кўзлари қаттиқ. У жувон томонга аста юриб, кўрсаткич бармоғига илиб олган кумуш занжирли калитини пирпирак қилиб ўйнаганча:
— Яхшимисиз, Салтанатхон? — деди мулойим кулимсираб.
Машинадан қўрқиб кетганидан ҳали ҳам юраги така-пука бўлиб турган аёл йигитга ялт ўгирилди-ю, бўйнигача қизариб кетди. Қўлидаги ёғни яширмоқчи бўлиб, у қўлидан бу қўлига олди, баттар ўнғайсизланди. Қоғозга ўраб бермагани учун сотувчини ичида койиди; «вой ўлмасам, ҳалиям ечмовдимми», дегандай бошига ўралган сочиғини ушлаб қўйди…
Салтанат йўлнинг пастидаги ҳу анави баланд иморатда туради. У ҳозиргина қозонга олов ёқиб, бундай қараса, уйда бир қатра ҳам ёғ қолмабди. «Магазин беркилиб қолмасин» деган ўйда шошилганча газни ўчириб, уй кийимида ҳалпиллаб чиқиб келаверган эди. Эгнида боя айтганимиздай ўнг қўлтиғи ситилган нимдошгина атлас кўйлак, бош ювишдан олдин сочига қатиқ суриб, сочиқни опала ўраб олган, оёғида эса ҳовлида илиб юриш учун боғичи қирқиб ташланган, орқаси босилган эски оқ туфли… У ўзини йўқотганидан нима дейишини билмай қолди. Йигит бўлса кулимсираб келиб, унга қўл узатди:
— Ҳалиям қўрқоқ экансиз, Салтанатхон!
— Вой, Йўлдошмисиз?! — деди Салтанат энтикиб, худди йигитни энди танигандай.
Йигит Салтанатнинг ўсмоқчилаганини, ўзининг ҳам кайфияти бирдан ўзгарганини дарҳол сезди.
— Чилонзорда туришингизни эшитгандим, — деди у яна калитини ўйнаб. Салтанат ерга қаради. Йигитнинг сержун қўлларига зимдан тикиларкан, бундан анча йиллар бурун худди ҳозиргидай катта кўчада шу қўллар унинг белидан маҳкам қучганини эслаб, этлари жимирлашиб кетди. — Ишларингиз, соғлиқларингиз яхшими? Қалай, поччамиз саломат юрибдиларми?
Йўлдошнинг «поччамиз» деб бойваччалардек менсимай гапириши Салтанатга алам қилди. Йўлдошга чимирилиб қаради. Аммо шу заҳоти унинг оч нигоҳидан иймандими:
— Раҳмат, — деди ерга қараб. Йўлдошнинг яп-янги қора туфлиси ва дазмоли бузилмаган шимига кўзи тушиб, «артистга ўхшайди», деган фикр кўнглидан лип этиб ўтди.
— Уйингиз олисми? Олиб бориб қўяй.
— Йўқ, раҳмат, шу ерда, ҳув ана… Шошилгандан шундай чиқиб келаверган эдим…
— Ҳечқиси йўқ. Ҳаммамиз ҳам шу… Шошилганимиз-шошилган… Қаерда ишлаяпсиз?
Салтанат бошини сарак-сарак қилди, кейин:
— Кичкинам бор, — деди овози бўшашиб. Йўлдош калитининг учи билан энгагини қашиди.
— Унда бизга рухсат! — деди такаббурона, — Поччамизни сўраб қўясиз. Амакимлар яхши юрибдиларми?
Йигит «амакимлар» деб Салтанатнинг дадасини назарда тутди.
Салтанат «тезроқ қутулай шу олифтадан» деган мақсадда ёлғондака мулозамат қилди:
— Раҳмат. Меҳмон бўлиб кетмайсизми?
— Насиб этса… — Йигит ҳамон кулимсираб, вақтида ўзини қай кўйларга солган мактабдоши Салтанат ҳозир буткул ўзгариб, ранг-рўйи, туриш-турмуши бир ҳолатда бўлиб қолганига аввалига астойдил ачинса-да, кейин ҳам ажабланиб, ҳам ичида бир оз қувонганча, унга қўл узатди, нозйк бармоқларини қаттиқ қисиб хайрлашди-ю, виқор билан рулга бориб ўтирди, сўнг машинадан бошини чиқариб, Салтанатга яна бир кулимсиради ва газ берди; у анча жойгача пешойнага тикилиб, орқада, йўл четида туриб қолган Салтанатни кузатйб борди. Салтанат ҳам машинага ора-сира кўз қирини ташлаб қўярди.
У, Йўлдош тўғрисйда бултурми, ундан олдинми, ҳозир аниқ эсида йўқ, бехос ойисидан эшитиб қолганди.
— Анави нариги маҳалладаги Ашраф темирчининг ўғли бор-ку? Мактабда сизлар билан бирга ўқиган? — деганди ўшанда ойиси гапдан гап чиқиб.
Салтанат эслаёлмаганди.
— Вой, анави тоғаси профессор-чи? Пахта профессори. Энди ёдингга тушдими? Мактабдалик вақтларингда туғилган кунингга ҳам келувди шекилли?
— Э, Йўлдошни айтяпсизми? — Салтанат шундай деб, бирдан шўхлиги тутиб, қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборганди. — Ойи, янгилишяпсиз, у биз билан бирга ўқимаган, икки синф юқори эди. Ҳа, нима қипти, нега уни сўраяпсиз?
— Тунов куни кўриб, бирам ҳавасим келди! Ёир келишган, бир тўлишган йигит бўптики… Майда-чуйда кўтариб, Олой бозоридан — дадангнинг олдидан келаётсам, машинасида зув этиб ташлади-кетди. Акангга ўхшаб, чет элда ишлаб келганмиш. Машина ҳам опти!
Мен танимабман, у танибди. Даданг ҳам оғзидан бол томиб гапиради, кўрса сира тўхтамай ўтмас экан, барака топкур…
Онаси шундай деб туриб, қизига: «Мана шунақа йўқни йўндирадиган йигитлардан ҳам топа қолмагансан… аҳволингни қара!» — деган маънода ачингандек бўлувди ўшанда Салтанатга…
У катта кўчани кесиб ўтгач, ҳадеб ўзига ўзи далда беришга уринди:
— Керилмай ўл! — деди жаҳл билан Йўлдош кетган томонга қараб. — Ҳали ҳам ўша-ўша! Ўпка!
Шундай деди-ю, аммо кўнгли чўкиб, ўзини ғариб ҳис этди.

* * *

Салтанат тўрт қаватли ғиштин иморатдаги ўз йўлакларига кирмасиданоқ ўғилчасининг биғиллаб йиғлаётганини эшитди. Бирдан талпиниб зинадан кўтарила бошлади, лекин шу заҳоти қадамини секинлатди. Негадир ҳаётидан, бир пайтлари тили қисиқ одами олдида ҳозир юзи шувут бўлганидан алами қўзиб, энсаси қотди, ўжарлиги тутиб кетди. Шошилмай бориб эшикни очди. Аввал қўлидаги ёғни ошхонага олиб кириб қўйди, боласи қотиб йиғласа ҳам худди гўдакка аччиқ қилгандай бамайлихотир ивирсиб юрди, йиғи сал босилгандан кейин ёнига кирди. Бола шарпани сезиб яна йиғлай бошлади.
Салтанат хона ўртасидаги каравотчани зарда билан силкиб:
— Бахтимни қаро қилдиларинг! Умримга заволлар! — деди жазаваси тутиб. Гўдак гўё онасининг феълини сезгандай, жимиб қолди… Салтанат каравотчаға суянганча анча вақт хомуш ўтирди. Полга тўшалган йўл-йўл шолча попугини бармоқлари билан тараб ўйнаркан, атрофга разм солиб, ўзининг туриш-турмуши, ночорлигидан уялди; бахти очилмай, орзулари чил-чил цинганини ўйлаб юраги ўртанди… Узун хонада боласининг каравоти-ю, Азиз акасининг иш столи. Тўрда четларини ёғ босган сарғиш ёғочли тошойна. Қоғозлар, китоблар ҳам оддий табуреткага тахлаб қўйилган, сал тегса қулаб тушадигандай зўрға турибди. Салтанат ўртадаги очиқ эшикдан «зал»га қаради. Янги квартиралик бўлишганда дадаси мебел дўконида ишлайдиган оғайнисидан арзон-гаровга олиб берган олтита стул билан доира стол, тагида эса энсизгина пояндоз. Бурчакда экрани кафтдаккина, устига парда ёпилган эски «Рекорд». Деразага тақалган нимжонгина диваннинг фақат бир учи кўриниб турибди. Унинг ёнида пахта гулли чойнак-пи
ёлалар териб қўйилган қизғиш шкаф. Балкон томондан эшик қия очиқ шекилли, олачалпоқ парда тўхтовсиз ҳилпираб турибди… Салтанат ҳаммаёқни текшириб чиқаётгандай шифтга қаради: лампочкани қалин чанг босган, шнурининг атрофи эса ис арғимчоқлари… Йўқ, Салтанатнинг кўнгли музлаб кетган… Ҳатто уйга ҳам меҳри йўқ. У бирдан рўпарадаги қўшниси — журналист йигитнинг уй жиҳозларини кўз олдига келтирди. Ҳаммаёғи бадас-тир! Тўқ-қизғиш рангли немис гарнитури оловдай ёнган гиламлар шуъласида баттар жозибали кўринади… Кўчиб келишларидан бир кун олдин Салтанат Азиз акаси иккалови бўёқ ҳиди анқиб турган бўм-бўш хоналарни томоша қилавериб тўймай, қаерга нимани қўйишни қайта-қайта маслаҳатлашиб, энди ташқарига чиқишганда мана шу қўшниларини ҳам учратишган, уларникига кириб, янги квартира билан чин дилдан табриклашган эди. Ўшанда иккала квартиранинг зиғирча ҳам фарқи йўқ эди. Энди бўлса…
Боласи ғингшийвергач, Салтанат баттар тоқати тоқ бўлиб, бошини даст кўтарди, жаҳл билан огзига сўрғич солиб қўйди. Хўрсинганча тўрда турган тошойнага тикилди. Киртайган кўзлари қалин киприклари остидан ҳолсиз термилар, сочиқ тагидан кўриниб турган, қатиқ томчилари оқиб тушиб қотиб қолган пешонасида ажинлар баттар бўртиб, юзларини ёғ босган, қовоқлари салқиган… Уй хотинлиги бир қарашдаёқ билинар эди. Ҳарқалай, шундай бўлмаса ҳам, Салтанатнинг хаёлидан шу фикр ўтди.
«Шуям турмушми? Қани қиз пайтимдаги орзуларим? — куюниб ўйлади у. Бирдан хўрлиги келди. — Ҳаммаси туш экан… Туш экан… Ойим бекорга айтмабди… қандай кўҳли, ёқимли йигит бўпти… Бир оғиз сўзимга томдан ташлашга тайёр турган — шу Йўлдош эмасмиди? Тавба! Умр ҳам шунчалик тез ўтарканми, а?.. Мен аҳмоқ игундай йигитни хўрлабман! Ўшанинг уволига қолган бўлмай тағин…»
У яна ойнага қаради. Ранг-рўйи ўзига баттар сўлғин, асабий кўриниб кетди.
Эшик қўнғироғи жиринглади. Салтанат тўсатдан алами бўғзига тиқилгандай, дик этиб ўрнидан турди. У «эрим келди, бир хумордан чиқиб олай», деб эшикни очса, йўқ, қайнотаси экан. Бутун умри меҳнатда ўтгани қайишдек қотиб кетган қўллари, ажин тўла юзларидан билиниб турган Қўрғонбой ота бундан тўрт йил бурун кўкламда қуртга барг қирқаётиб, дарахтдан йиқилиб оёғи цинган, салкам ярим йилча гипсда ётса ҳам, суяги яхши битмай, ҳассага таяниб юрадиган бўлиб қолган эди. Чол бечора оппоқ соқоллари селкиллаб, терга ботганча остонада кулимсираб турарди. «Кўзим учиб турувди», деган фикр ўтди Салтанатнинг хаёлидан; азбаройи энсаси қотганидан қайнотасига зўрға пичирлаб «келинг», деди-ю, эшикни очиқ қолдирганча изига қайтди. Қўрғонбой ота «бемаврид келдиммикин», деган истиҳола билан йўлакда бир оз туриб қолди, кейин бир йўталиб уйга кирди. Қўлидаги қийиқчада ўралган бир кастрюл қатиқни йўлакка қўйиб, гуноҳкор одамдай астагина ҳол-аҳвол сўради:
— Қалай, келин, тузукмисизлар? Қудаларим тинчми? Кичкина қалай? Утирай деяптими? Бувйси қатиқ бериб юборувди.
Салтанат каравотча тепасида ивирсиланиб туриб, қайнотасига орқа ўгирганча:
— Ҳали қатиқ ичмайди! — деди қўрслик билан. Соддадил чол бўлса:
— Ичиб қолар, — деди тик турган жойида каравот панжараси орқали неварасига тикилиб. — Қатиқ одамни семиртиради. Азиз кўринмайди? Ҳали ишдан қайтмадими?
Салтанат бир юлқиниб, ўғлини каравотчадан олдида, тескари ўтирганча эмиза бошлади, кейин қайнотасига зардали қараш қилди. Бу қарашда: «Вой тавба-эй, ўғлингизни энди биляпсизми?» — деган таъна бор эди. Чолга қараб туриб, Салтанатнинг баттар ғазаби ошди: «Шу одамнинг боласи-да… ўғли қаёққа борарди…» — деди ичида алам билан. Қайнотаси эса ҳамон ундан тайинли бир жавоб кутиб, на ўтиролмас ва на чиқиб кетолмас; келинининг тили ёмонлигини илгаридан билса ҳам, бари бир, унинг ҳозирги қилиғидан қаттиқ ранжиган эди. У анча кутди… Салтанатдан садо чиқавермагач, индамай кавушини кийди. Кираверишга қўйган тугунни ечиб, қийиқчасини бўшатди. «Хайр, келин, ишқилиб, ўзинглардан тининглар», деб эшикни секингина ёпиб ташқарига чиқди. У то ҳовлига тушиб узоқлашиб кетмагунча ҳассасининг «дўқ-дўқи» эшитилиб турди. Салтанат анча вақтгача деразага тикилиб миқ этмай ўтирди, кейин аламидан йиғлашга ўтди.

Романнинг тўлиқ матнини PDF форматда сақлаб олинг