Қўл телефони чиқдию, балога қолдик. Кетма-кет жиринглагани жиринглаган. Ана, яна бошлади. Ия, амаким қўнғироқ қилаяпти-ку?!
Телефонни шартта қулоққа тутдим.
– Ўзингмисан? – деди амаким, – тез етиб кел.
– Қаерга? – сўрадим ҳовлиқиб.
– Автовокзалдаман. Тез кел, аҳвол чатоқ.
“Нима бўлди, нима қўйди”, деб сўрашга ҳам улгурмадим.
Амаким – бувамиз Амир даванг авлодининг сўнггиси. Отам раҳматлининг укаси. Шунинг учун бўлса керак, эркалигини кўтарамиз. Кўтармасак, кўтартиради. Инжиқлиги тутса ҳаммани бошига йиғиб, тўс-тўполон қилиб юборади. Бунга кўникиб қолганмиз. Бир оғиз сўзи – қонундай гап.
Амакимнинг ўғли – амакиваччам Тоғайбой билан бўйинсамиз. У гоҳ-гоҳ қўнғироқ қилиб, дардлашиб қолади. Айтишича амаким, ёши ўтган сари ўзини қўярга жой тополмаётганмиш. Ҳаяжонланса, йиғлаб юборадиган одат чиқарибди. Тенгдоши Алимқул найнов оламдан ўтган куни “Энди менга навбат”, деб ҳовлини бошига кўтариб уввос солибди. Тозаям гап кўтармас бўлиб қолган дейишади.
– Мунча ҳаялладинг, – деди у истеҳзо аралаш боришим билан.
Сўрашиб ҳам улгурмадим. Эгнида олача яктак. Бошида эски қоракўли телпак, қўлида ўғли Тоғайбой муаллимнинг талабалик йилларида тутиб юрган, менга таниш сариқ дипломати. Амаким дастрўмоли билан кенг пешонасини тез-тез, қайта-қайта артаркан сўради:
– Қаерда яхши дўхтир бор?!
– Амаки, бирор жойда ўтириб гаплашиб олайлик, нима гап, тинчликми? – дедим эҳтиёткорлик ва айни пайтда меҳрибонлик билан. – Ҳозир яхши дўхтирлар кўп.
Қўлидан олиш учун дипломатига интилдим. Унамади.
– Менга қара, жўранг одам бўлмади. Ундан умид йўқ, ишдан бош кўтармайди. “Ота, ҳолинг қандай”, деган бола эмас. Менга пули керакмас, мана пул. – У қўлидаги дипломатга ишора қилди.
Уни нимага бермаганини энди англадим.
– Сен – жондай акамнинг ўғлисан, ўзимникисан, – деди амаким ўкиниб. – Ҳаракатингни қил, бўлмаса яқинда бувангдан қолган ёлғиз ёдгорликларингдан ҳам ажралиб қоласан.
Унинг хўлқаси тўлиб, кўзида ёш айланди.
– Дардмандим йўқ, – деди чўзиб.
– Қўйинг амакижон, хафа бўлманг, мен борман-ку!
– Шунинг учун сени қора тортиб келдим-да!
Ҳозироқ гапни чалғитмасам, шу ернинг ўзидаёқ дийдиё катталашиб кетишини англаб, ташхис марказларидан бирини мақтай-мақтай машинам томон йўл бошладим.
– Дўхтирларнинг зўри, техниканинг аълоси Учтепада, танишларим ҳам бор.
– Менга қара, – деди амаким. – Шундай дўхтир топ. Такси ушлайсанми, нима қилсанг қил! Пул бисёр. Менга соғлиқ авло, сигирни сотдим-у, йўлга чиқиб келавердим, тезлаштир.
– Яхши қилибсиз. Сизнинг ёшингизда дўхтирларга тез-тез кўриниб турган маъқул.
– Эй, машинаям олдингми? Одам бўп қопсан.
– Хоҳлаган жойингизга олиб бораман амакижон, дуо қилинг, сизга хизмат қилмасам, ким деган одам бўламан.
Амаким мени ийдирадиган дуолардан ўқиди.
– Одам бўлишингни бошидаёқ билардим, – деди охирида.
Бир зумда Учтепадаги ташхис марказига етиб келдик. Шуҳратжон деган танишимни топиб, дардимизни айтдик. Амаким дўхтирларни кўриши билан ёш боладай лаб-лунжини осилтириб олди. Ҳа, деганда чиройи очилмайди. Бири-биридан чаққон дўхтир қизлар ҳаш-паш дегунча у эшикдан бу эшикка етаклаб, бир даста қоғозни қўлимизга тутқазди. Шуҳратжоннинг маслаҳати билан эшигига “проф. С.С.Самадов” деб ёзилган кабинет ёнидаги юмшоқ креслоларга чўкиб, навбатимизни кута бошладик. Одам жудаям кўп эди. Амаким ич-этини ер, касалининг отини билгиси келиб, мени саволга тутарди.
– Нима экан? – деди қўлимдаги қоғозларга энгаги билан ишора қилаб. – Сахирмасми?
– Билмасам, – дедим елка қисиб, – ҳозир айтишади.
– Бу ерда даволашадиямми? – сўради амаким ўсмоқчилаб.
– Бу ерда фақат маслаҳат беришади. Дори-дармон буюришса, қишлоқда даволансангиз ҳам бўлади. Шундай дейишим билан амакимнинг ранги-қути ўзгариб кетди.
– Оғирлиқ қилаяпманми?! Бироз сабр қил, оз қолди, қутуласанлар!
– Амакижон, кечиринг, ундай демоқчимасдим, нега оғирлик қилар экан, қанча десангиз шунча қаратаман. “Ғинг”, деган номард.
– “Ғинг”, деб кўр-чи?!
У ер остидан олайиб қаради. Сўнг атрофдагилар эшитмаяптимикан, дегандек теваракка бир-бир назар ташлаб олди. Бўйнимни қисиб ерга тикилдим.
– Менга қара, – деди амаким бироздан сўнг елкамга қўлини ташлар экан. – Сенинг одам бўлишингни аввалдан билардим. Эсингдами, ҳали талаба эдинглар, таътилдан Тошкентга қайтаётганларингда Тоғайга қўшиб сенгаям беш сўмга поездга билет олиб бергандим. Шунда нима дегандинг-а?! Ўшанда отлиққаям билет йўқ эди. Биласан. Жаббор кассирга яримта қўйганман. Унча-мунча одам бу ишни қилолмасди. Ўшанда сен: “Раҳмат, амаки, сиз тоғимизсиз” дегансан. Тоғай раҳмат ҳам демаган. Ҳозир ҳам демайди. Сен бошқачасан. Мана, энди сен тоғ бўлдинг, мен сенга суянаяпман. Оғир олма яна.
Суҳбатлашиб ўтириб, навбатимиз келганини ҳам билмай қолибмиз. Сайидаҳрор Сайидғаниевич деган профессор тепакал бўлиб тепакал эмас, худди пати чала юлиниб, қозонга босилган товуқнинг чала юлинган тукларига ўхшаган толалар бошининг у ер, бу ерларида диккайиб турган, қалин кўзойнагини бурнининг учига қўндириб олган одам экан. Салом- аликдан сўнг сузишни энди ўрганган бузоқчага ўхшаб бошини энгаштириб, худди пешонаси билан кў-раётгандек амакимга бир олақараш қилиб олгач, қоғозларимизнинг у ёқ-бу ёғини ағдарди-да:
– Нечево, отдайсиз, хаватирланишга арзигулик ҳеч нарса йўқ, кўнгилни тўқ қилинг, ҳали милтиқнинг ўқидайсиз, – деди қўлидагиларни қайтариб берар экан.
Мен хайрият-эй, дегандек, амакимнинг қовоғига қарадим. Жавобни эшитгач, у кишининг чиройи очилар деб ўйлагандим. Аксинча, бир сиқим мош-гуруч соқолини тутамлаб, ҳафсаласи пир ҳолатда, лаби гезариб қабулдан чиқди. Дарҳол Шуҳратжонни топдим.
– Яхши-ку, – деди у қувониб. – Жуда соз.
Шуҳратжон яна нималардир демоқчи эди, амаким “Юр, кетдик” дегандек бошини ирғади. У билан хайрлашиб марказдан чиқдик.
– Бекор келибмиз, – деди амаким машинага ўтирар экан. – Буларнинг киссасидаям кўзи бор. Чўнтаги бирор нарсани кўрмаса, ақли ҳам ишламайди. “Яхшисиз”, дейди, томом. Кун ўтаяпти-да. Йўқми, қуриб кетганми бирорта биладигани. Шунча пул ҳайф кетди-я. Айтдим-ку, чўнтагига уч тўрт сўм солиб қўй, деб, қилмадинг. Сенларга керагим бўлса чопардинг. Энди керакмасман, бир қоп гўштман. Ҳа, эссиз ёшлигим-а!
Амакимнинг жаҳли чиққанида баралла, жаҳл билан гапиришларига кўникиб қолганим учун бирор жўяли сўз топа олмай машинани йўлга ўнгладим.
– Дўхтирнинг зўрини Ялтада кўрганман. Афти-ангоримга бир қарашда тўққизта болам борлигиниям билган Палина деган аёл. Столовойга етаклаб бориб, 9-столга ўзи ўтқазиб қўйган. Тўққизта боласи борлар, 9-столда овқатланар экан. Ана обрў. Ҳар куни эртан-оқшом суюқ картошкали овқат билан парваришлаган. Ранги-рўйим бирдан ўзимга келган. Менга шундай дўхтир топасан. Бу ерлардаям шунақа овқатлар бормикан-а, таъми ҳалиям оғзимда? Кўрсам танийман.
Амакимнинг қорни очганини сездим. 9-стол нималигидан хабарим бор. Диет стол. Эгам раис айтиб берган. Бир пайтлар амаким билан Ялтага бирга боришган. Шунда қабулхона шифокори сизга диет белгиланди, маъқулми, деб сўраганда амаким бечора уйида қолган тўққиз фарзандини ўйлаб ўтирган чоғи, дўхтир болаларинг нечта деб сўраяпти, деган хаёлга бориб, “да, да, девит, девит”, деб юборган экан.
– Мени меҳмонхонага олиб бор, – деб қолди амаким бир пайт буйруғомуз.
– Амаки, – дедим ялинганнамо.
– Амаки-памаки дема, ҳайда меҳмонхонага.
– Овқатланиб олайлик, қорин очди. Фарҳод бозорининг ёнида битта ресторан очилган. 9-столи ҳам бор. Биз ҳам суюқ картошкали овқатдан татиб кўрайлик, – дедим эркинсиб, гапни бошқа ёққа буриш мақсадида
– Эй, сенлар нимани кўрибсан? Юр, ўзим бир овқатлантирай сени…
Машинани бир четга тўхтатдим.
Хуллас 9-стол ҳангомасини яна бир бор тинглаб бўлгач, ниҳоят амакимни уйимга олиб боришга кўндирдим.
– Хафа бўламан, амаки, – дедим уни ийдирадиган оҳангда, – келинингиз эшитса, тозаям шарманда бўламан. Бир ишингиз тушиб келганингизда, меҳмонхонада тунайсизми?
– Мен хафа бўлсам майлими?
– Бугун дам олинг, эртага ҳаммаси кўнгилингиздагидек бўлади, – дедим қўлимдан ҳеч иш келмаслигини билсам-да, таваккалига.
Ниҳоят… хонадондамиз. Амаким наридан-бери овқатланиб бўлиши билан “Ётар жойни кўрсат”деб қолдилар. Кўрсатдим. Зум ўтмай хуррак овози эшитилди.
Узоқ вақт шифтга тикилиб ётдим. Кошки каллага бирор жўяли фикр келса. Ўйлаб-ўйлаб топдим. Дўстим Шуҳратжонни яна бир марта безовта қилишдан бошқа иложим қолмаганди. Эрталаб нонуштагача “ғиз” этиб дўконга бориб келиш баҳонасида кўчага чиқиб, унга қўнғироқ қилдим. Вазиятни дарҳол тушунди. Касалхонамисан касалхона. Телефонда “таниш” дўхтир билан ҳам келишиб олдим. Бордик. “Танишим” мени танимаса-да қучоқ очиб кутиб олди. “Таниш экансиз, ўзимнинг палатамга ётқизаман, – деди дўхтир, ниҳоят амакимнинг қон босимини ўлчаб бўлгач, – ўн кун даволаймиз, натижаси бўлмаса операция қиламиз.”
Тўсатдан айтилган гапдан ўзимнинг ҳам капалагим учиб кетди. Ажабланганимизни кўриб “танишим”:
– Аҳвол чатоқ, дардни ўткизиб юборибсиз, отахон, сийдик йўлингизнинг босими баланд, – деди мен томонга қараб “хотиржам бўлинг”, дегандек кўзини қисинқираб.
– Ана, мен сенга нима девдим, – деди амаким тарвузи қўлтиғидан тушиб. – Биладигани дарров касални топади… Кейинги пайтда қовуғим шишгандай, бўлиб юрувди-я! Раҳматли Болтабойнинг касалидан экан-да-а?! Умрининг охиригача, ёнига оқ елим қопчиқча осиб ўтди, бечора. Дўхтиржон,– деди амаким ялинганнамо унга қараб, – яна қанча қопти? Бирор йил яшайманми?
– Аввало, бу ёғи Худодан, биз ҳам қараб турмаймиз, иложи борича ёрдам берамиз, отахон. Ҳали яна текширилади.
– Аслиддин, – деди амаким боладай мўлтираб, булкиллаб йиғларкан. – Адо бўлибман, чақир Тоғайни, кўриб қолай…
“Таниш” дўхтирим бехосдан кулиб юбормаслик учун ўзини тийиб, хонасидан чиқиб кетди.
– Амаки, тинчланинг, ҳали яна текширамиз, деяпти-ку, балки диагнози нотўғри чиқар.
– Тўғри, ҳаммаси тўғри. Айтдим-ку, қовуғим шишгандай бўлиб туради, деб.
Шу куни амакимни бир амаллаб шифохонага ётқизиб чиқдим. Тоғайга ҳам хабар бердим. Бир-икки кунни ўтказиб у келди. Эшитадиганини эшитди.
– Ўзинг қарат, – деди амаким ўтирган жойида бир қўли билан билагимдан тутиб. – Бу гўрсухта нимани ҳам тушунади. Қаршисида нима қиларини билмай ўтирган ўғлидан нолиди у. – Қаратинглар, ўлиб қоламан, болам… дўхтирнинг чўнтагига мановини тиқ, – деди у даъфатан жаҳл билан бир ўрам пулни қўлимга тутқазар экан. Шуни олмаса қарамайди буларинг. Мен керак бўлсам шу ишни қиласан.
Ноқулай аҳволда қолдим. Пулни қўлтиғимга қисганимча ташқарига чиқдим. “Таниш” дўхтиримни топиб вазиятни тушунтирдим.
– Томом, – деди у, – яна бир марта рол ўйнасак ўйнабмиз-да артистлардан қаеримиз кам? Гонорари ҳам нақд экан.
Дўхтирни бошлаб хонага қайтиб кирдим. Амаким ўғлига ўлимидан сўнг нима ишлар қилишини уқтирарди чамамда. Кўзида дув-дув ёш.
– Ассалому алайкум, отахон, тузалиб қолдингизми?
– Қайда, – деди амаким мажолсиз. – Кун санаб ўтирибмиз-да.
– Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлиб кетади.
– Қайдам, – деди яна амаким хирхираб.
– Дўхтир, – дедим дадиллашиб, – амакимизнинг атагани бор. Дори-дармонларни кучайтирмасак бўлмайди. Осма укол-посма укол, дегандай. Бир иложини қилинг ака, бошқа профессорларниям чақиртиринг, илтимос, мановини олиб қўйинг, дедим-да ҳалиги пулни у кишининг чўнтагига солиб қўйдим.
– Овора бўлманг, эй, эй, овора бўлибсиз-да, – деди “танишим” йўлига. Сўнг хушчақчақлик билан амакимнинг ёнига ўтиб ўтирди. У ёқ, бу ёғини кўрган бўлди. – Отахон, Худо хоҳласа отдай бўлиб кетасиз. Эртагаёқ оёққа қўяман, – деди у дадиллашиб. Бугун навбатчиман, эрталабгача, муолажани кучайтирамиз. Сизлар хотиржам бўлинглар, – деди-да, хонадан чиқиб кетди.
– Ана, мен сенга нима девдим-а? – деди амаким дадилланиб. – Буларинг олмаса қарамайди, демаганмидим. Мана, кўрдинг-а, муомаласи ҳам бирдан ўзгарди. Сен бўлса таниш, таниш, дейсан. Отам раҳматли “Менинг танишим – чўнтагим”, деб бекорга айтмаган. Тўғри экан.
Шўрлик дўхтирни гуноҳга ботирганимиз қолди. Худонинг ўзи кечирсин.
Зум ўтмай хушрўйгина нўғай кампир хонага кириб келди-да:
– Сизлар чиқарға керак, биз муолажани бошлаймиз, – деб амакимни ўрнига ётқизиб қўйди. – Шиш қоя?!
– Кечирасиз, исмингиз нима? – сўрадим ундан.
– Танзила, Танзила Исраиловна деб чақиринғиз, – деди ҳамшира бепарво.
Осмонга қараб ётиб олган амаким, куйлагининг барини кўтаришга истиҳола қиларди.
– Илтимос, отамга яхшилаб қаранг, Танзила опай, – деди Тоғай ҳам жонланиб.
– Сизларға шу чалнинг ниси керак? Берсангиз тузатирга тузатиб, эр қилиб жатам, – деди Танзила Исраиловна.
Амаким ҳиққиллаб кула бошлади.
– Уйда кампирим бор, тўққизта боласиям бор. Неваралар бир сурув.
– Менда эса жўқ. Эр-да жўқ. Бирси ярамий.
– Кетдик, – дедим ишшайиб Тоғайга.
Ташқарида “таниш” дўхтирим кутиб турарди.
– Қалай, – деди сигаретасини эзғилаб, – ўхшадими?
– Ўхшаганда қандай?
– Бир-икки кун муолажани кучайтирган бўламиз. Пулларингга қувватга индирувчи дориларнинг зўрларидан топиб келаман. Хоҳласаларинг ўзларинг топинглар. – У мана, деб чўғи бироз учган пул ўрамини узатди.
– Йўқ-йўқ. – дедик бараварига. – Ўзингиз билиб-билиб топиб келаверинг. Бизга отамиз тузалиб кетса бўлди…
– Яхши. Аммо, қувватга индирувчи дори-дармонлар зиён қилмайди. Келишдикми?
Келишмасликнинг иложи ҳам йўқ эди.
“Ёшлик” журналидан олинди.