Ўктам Мирзаёр. Завол (ҳикоя)

1

Қишлоқда эри ҳақида урчиб қолган узунқулоқ гап­лар ёдига тушди дегунча Хадича тутақа бошлайди. “Ўз кўзим билан кўрсайдим жувонмаргни…” Уни жиловлаб турган истиҳола мана шу. Аммо… шу кунларда хаёлида эри билан ўша номаълум аёлнинг турли ҳолатларда намоён бўлаётган аксларини ўнгида кўришдан қўрқиб, кунларни ўтказаяпти. Тубсиз жарга тушиб кетгандай. Кимга нима дейишини билмайди. Дардлашадиган опа-синглиси йўқ. Ака-укаларидан ийманади. Ота-онаси тирик бўлгандайди…. Ўйлаб-ўйлаб, ахийри кўнглида яна ўша илимилиқ илинж пайдо бўлади: “Артист зотининг бари шу-ку, маломатга қолмаган куни йўқ.” Буни эри ҳам кўп гапиради:
– Ишонма, менга сендан бошқаси керак эмас, – дейди.
– Сизга ишонмайман, – дейди Хадича ўкинган бў­либ.
– Ишонмасанг ишонма, ўзингга қийин…
Аммо бу таскин ҳозир Хадичанинг нимталаниб бораётган кўкайига малҳам бўлолмайди. Кўнгил азоби шу даражада зўраймоқдаки, ортиқча бардоши йўқ. Эрининг зарда билан: “Топган гапинг яна шу бўлдими?” деб чақчайишидан қўрқиб, тишини тишига қўйиб тонг­ларни оттирмоқда.
Эри – Абдуолим, бўйчангина, оқмағиздан келган, қорақош, қоракўз йигит. Табассуми мўйлабининг учига илиниб, юзини безаб туради. Шўх, ўйноқи кўзлари жодули. Тракторини тириллатиб, дала-даштда хиргойи қилиб юрарди. Овози жуда ёқимли эди. Улар ўртасидаги муносабатни кўрган бўйинсалари Абдуолимга “Раж Капур” деб лақаб қўйиб олишган. Хипчабел Хадича дала бошида кўриндими, Абдуолим қўшиғини ванг қўяр, му­ҳаббатини элдан яшириб ўтирмас эди. Бунинг сабаби бор эди. Бир куни тушлик пайти дала шийпонидаги ички хонада хотин-қизлар давра қуриб қўшиқ айтиб, рақсга тушишаётганди. Қорачадан келган, ҳинд қизларига монанд Хадичани қўярда-қўймай ўртага тортишди. Гашти келган чоғи у ҳам кўп куттирмай рўмол боғланган белини ҳиндчасига лиқиллатиб, киприкларини пирпиратиб, хиноли, ингичка панжаларини кериб, кулча юзи узра чиройли айлантириб: “Рубчики данна, рубчики данна, даний упир данна, рубчики данна” дея ишва билан рақс бошлади. Абдуолим бошқалар қатори деразадан мўралаб турарди. Бўйинсалари уни турткилади. Бир пайт Абдуолимнинг ҳам завқи тошиб, эшикдан ичкарига ўзини урди: “Дўст, дўсти нараха, пияр, пияр нараха” дея товони билан ер тепиб, ўйноқлаб турган Хадичанинг қаршисида қулочини ёйиб, чўккалади. Бўлди қийқириқ, бўлди қийқириқ…
Уларнинг “ҳиндча” муҳаббати оғизларда шундай достон эди. Бўй қизлар Хадичага ҳавас қилар, унинг атрофидан жилмас, бошқалардан қизғанишарди. Тўй­лари ҳам бир олам завқу шавқ билан ўтган.
Бировлар кўз теккан дейишади. Етган оғиз борки, улар ҳақида эшитганини чайнайди. Ўзларича бичиб-тўқишади. Хуллас, мана шундай покиза муҳаббат қўр­ғонига ўт тушиб турибди.
Кўнгилнинг тизгинсиз майли алал-оқибат вайрона қалбларни бутунлай қайғу комига ғарқ эта бошлади.
Абдуолим ёши ўттизни қоралаганда икки тайинсиз отарчи боланинг “устоз бўлинг, овозингизни одамлар яхши кўради, бизга бош бўлинг”, деган хушомадларига учиб, шу кўйга тушди. Балки, шуҳрат истаб, ўзининг ҳам кўнгли ҳуриллагандир. Бир-икки марта “ионика-пионика” деган данғир-дунғурларнинг ҳавосини олгач, туппа-тузук артистга айланди.
Ҳар тўйдан эри олиб келадиган чангал-чангал пул аввал Хадичанинг кўнглини чоғ, дастурхонини обод қилди. Кейин эса… икки йил ўтар-ўтмас, ҳаёти остин-устун бўлди. Кўнгил нотинч. Абдуолимнинг борган сари тажанглашишига қараганда, гап-сўзлар чинга ўхшайди.
Хадича бугун қишлоқда эри қўшиқ айтадиган тўйга боради. Тўй хабарини эшитганидан бери юрагининг бир чети жизиллайди. Бормай деса, қишлоқчилик, борай деса, ўша жувонмарг ўйинчининг эри айтган ашулага муқом қилиб, ўртада қилпиллашига дош бериши керак. Ҳаммага калака бўлишдан чўчийди.
Икки хаёл ўртасида кунни кеч қилди.
Ҳамсояси Гулчеҳранинг:
– Хадичаёв, бўлақол, тўйга кеч қоламиз, – деганини эшитиб, эри туғилган кунида совға қилган кўйлаги билан рўмолини қўлига олганини билмай қолди.
Ўзига оро бериш кўнглига ҳам сиғмади. Кийиниб чиқди.
Чап қопқаси бир томонга осилиб қолган темир дарвозага суяниб, “қарс-қурс” сақич чайнаётган, кў­зига сурмани беўхшов суртган қўшниси билан наридан бери сўрашиб, йўлга тушишди. Кўчанинг бошида уларга яна икки жувон қўшилди. Дахлсиз гап-сўзлар, ҳингир-ҳингирлар Хадичанинг қулоғига кирмасди. Қадамини “боссамми-босмасамми” деб уларнинг кетидан гангибгина кетаверди. Тўйхонага яқинлашган сари оёқлари зилдай оғирлашди, ортда қола бошлади. Ҳамроҳлар буни сезмади. Девор ёқалаб бораверди. Кўнгилнинг сезгирлигини қаранг, худди атайлагандай, синамоқчидай… келиб, келиб, тўйхонага етай деб қол­ганида қўшни ҳовлидаги уйнинг ёғду тушиб турган, қия очиқ деразасидан дафъатан кўрди: ичкарида куёвлардай башанг эри, лўлаболишни қўлтиқлаб, ёнбошлаган кўйи, ялтир-юлтурга беланган ўйинчи қиз узатиб турган пиёлани олаётган экан. Афтидан тўй эгаси ашулачилар учун шу хонадонга қўноқ берган. Ичкаридаги ғўнғирлашларга қараганда шотирлариям шу атрофда. Эри хурсанд, Хадичани асир этган ўша қоп-қора мўйлабининг учига илинган майин табассуми унинг юзига янада мамнуният бағишлаган. Шу туришда Абдуолим хону, раққоса – канизак.
Хадичани чақмоқ ургандай бўлди. “Ўз кўзим билан кўрсайдим…” Фикридан ўтгани шу эди. Товонигача қизиб кетди. Шу дам: “Мана, кўрдинг-ку” деган шайтоний қутқу охирги марта дилини кесиб ўтди. Азобига чидай олмади. Ичкарига кириш учун ҳовли дарвозасини излаб, у ёндан бу ёнга ўзини урди. Кўзига ҳеч нарса кўринмас, қулоғи батанг эди. Ҳовлига киришнинг иложини қилолмагач, ўзини деразага уришни афзал билди. Гўё шундай қилса, Абдуолимнинг қаршисида тезроқ пайдо бўладигандай. Аммо, адашганди. Дераза панжарали эди. Алам қилганидан хунук, умрида ўзи ҳам эшитмаган овоз билан борича чинқирди:
– Ол, жонимни о-о-л, чидаёлмай-ман, чидаёл май ман, ишонма, девдинг-ку-у-у, ишонмайман, ишонмайман…
Эндигина тўйхона эшигига ров бўлган Гулчеҳра бир тиниб ўчган шовқиндан қалқиб кетди. Ортига қа­рабоқ, гап нимадалигини билди. Кела солиб, пешонасини дераза панжарасига тираб, ихраётган Хадичанинг қўлтиғидан олиб орқага тортди. Хадича унинг бағрига ўзини ҳолсиз ташлади.
– Бўлди, бўлди, ўзингни бос, эрингни иснодга қўй­ма.
– Ч и д а ё л м а й м а н…
Абдуолимнинг бир имоси билан атрофда тўп­ланган бола-чақа тирқираб кетди. Гулчеҳра Хадича томон хезланиб келаётган Абдуолимнинг йўлини тўсди.
– Бўлди, бўлди, сиз ҳам ўзингизни босинг, бировнинг тўйи бузилади, жим-жим…
– Уйга қайт, қорангни кўрмайин… – оғзидан тупук­лари сачраб кетди Абдуолимнинг.
Гулчеҳра дир-дир титраётган Хадичани қўлтиқ­лаб, алдаб-сулдаб ортга судради.
– Эсинг жойидами, дугон, бировнинг тўйи бу­зи­ла­ди-я, битта сенда эр борми?
Хадича афтодаҳол эди. Бир чўқишда пати тўзиган товуқдай ҳурпайиб, Гулчеҳранинг етовида уйига қайт­ди. Жанжалнинг боши шу бўлди.
        
2

– Қ о ч и н г, қ о ч и н г деяпман, қо-ч-инг…
Нарзи чўтир дафъатан ўз ёқасидан олган ўғлининг чакка мушаклари пирпираб турган юзига, ола-кула бўлиб кетган кўзига қараб қўрқиб кетди. Шу пайтгача унинг ёқасини ҳеч ким бундай тутмаганди. У ўғлининг чақчайган кўзига кўзи тушганида бўшашиб кетди. Соч толалари-ю, оёғининг тирноқларигача – бор вужудидан алангага ўхшаш бир нима “лоп” этиб чиқиб кетганини яққол сезди. Бир зумда лошида титроқ турди. Ич-ичидан келаётган қалтироқ кучайиб, гавдасига ёйилди. “Шилқ”, этиб ўғлининг оёқлари остида ўтириб қолди. Ғўлдираб: “астағфируллоҳ, астағфируллоҳ, астағфируллоҳ”, деёлди холос. Чўтирнинг юраги ўй­нар, нобакор ўғлининг омбурдай қўлларидан ёқа­сини бўшатишга уриниб, ҳан­­сирарди.
– Ундай қилма, болам, ундай қилма… – ҳолсиз ота­нинг оғзидан чиқаётган таҳликали шу сўзни жоҳиллик отига минган ўғил эшитмасди…
Биласиз, қишлоқда гап турмайди. Кўрганлар, эшит­ганлар ҳам бўлиб ўтган воқеани ичига ютиб юбора қолмади. Қайтанга қўшиб-чатилди.
“Абдуолим отасини бўғиб урибди” деган гап ҳар кимнинг оғзида сақич бўлди.
Нарзи чўтир бундан олти йил бурун бир кечада гумбаздай хотинидан айрилиб қолганида ҳам бундай чорасиз ҳолга тушмаганди. Қизидан ҳам, куёв боладан ҳам кўнгли тўқ, эл орасида бекамгина яшаётганди. Аммо, соқоли иягига битган якка-ю ёлғиз ўғлининг айнигани чатоқ бўлди. Кўнгли оғриган бўлса-да, қарғанмади. Худога юкунди, нолимади. “Ўзинг асра, илоҳим”, – деб ёлворди. – Шу нобакорни Ўзинг асра, Худойим, Ўзинг асра! Эрта-ю кеч сўрагани шу. Ким ҳам гулдай боласига зиён етишини истайди?
Чўтир шу кўйи бир-икки кун хонасида мук тушиб ётди. Бор дардини ичига ютди. Элдан уялди. Ёши бир жойга борганида бундай иснодни кўтариб юришнинг ўзи бўладими? Бечора бир неча кунда мункайиб қолди. Нимага ҳам борди ўша бадбахтнинг ёнига. Ҳар кунги “ғиди-ғиди”си эди. Икковининг орасида зориллаб турган тўқлидай икки ўғлига ҳам раҳми келмади-я, чала сўйилган ҳўкиздай хирхираб, эрталабдан хотинини ҳовли айлантириб қувавергач, ори келиб, келинининг ҳимоясига отланувди.
Абдуолим аламини отасидан олди. Уриб-ку, урганиям йўқку-я, «сиз аралашманг», деб нари суриб қўймоқчи бўлганди холос, ғазабга тўлган вужуд, бебош қўл отасининг ёқасига бориб қолганини сезганида эса кеч эди. Мастлигидан ҳаракатлари илкисроқ чиқди. Қилган ишини англаб-англамай, гарангсиб, пойида кўзлари жовдираб, титраб турган отасининг ёқасини қўйиб юборди. Анчагача ўзига келолмай, ҳовли айланиб юрди. Бақир-чақирни эшитиб, томошага йиғилган кўча беғамларига эрмак бўлгани қолди.
Ўгай қайнона – Қосима амма қўлида яйлоғ, этагини чўғ куйдирган халатининг ўнг чўнтагига бир сиқим увадани солиб, Хадича бир кўрпа бўлиб ётган уйга кириб, унинг моматалоқ жойларига шўр пахта босиб, чиқиб кетди. Бир сўз демади. Амманинг ўзи камгап. Ота-боланинг ўртасига совуқчилик туширган жанжалга ҳам аралашмади.
Қишлоқ оқсоқоллари маслаҳатни бир жойга қўйиб, икки йил бурун уни ҳарна чўтирнинг рўзғорини эплаб туради, деган ўй билан никоҳлаб қўйишган эди.
Қосима амма бундан ўттиз йиллар муқаддам қўшни қишлоққа келин бўлиб тушган. Тирноққа зор бўлишса ҳам иноқ эдилар. Касалванд Баҳран мойчи омонатини топширгач, амма қишлоғига қайтиб, акасининг уйида сиғинди бўлиб кунини ўтказаётганди.
Амма кун бўйи хомуш, ўзига-ўзи ғўнғиллаб юрди. Оқшом тушар-тушмас ҳовлининг бурчагига бориб, бир бўлак хом ғиштнинг устига пилик йигириб, ёқиб қайтди.
– Арвоҳларнинг тинчи бузилди, – деди Хадичадан ҳол сўрагани яна ичкарига бош суқаркан. – Гўрсўхтанг қани?
– Қайдан билай…

3

Нарзи чўтир шу-шу ўнгланмади. Худди тоғни ютгандек оғирлашиб бораверди. Қишлоқнинг тўй-маъракасига ҳам аралашмай қўйди. Макони – дарвозахонанинг чап томонидан кириладиган уйдаги тўшаги, ҳовузча бўлиб қолган эски диван билан кўчадаги шалоқ ўриндиқ. Икки қўлини қўлтиғига тиққанича соатлаб қаддини кўтармай, ерга тикилиб ўтиради. На ўтган-қайтганнинг саломига алик олади, на ҳол сўраганнинг юзига боқади.
У тириклай ўлганди. Бор вужудидан аланга чиққан ўша куни руҳан адойи тамом бўлганди.

4

Дарвозахонанинг ўнг томонидаги уч хонали, олди ойнаванд айвонли уйда Абдуолим оиласи билан туради. Бир хил бичимдаги бу икки уйни дарвозахонанинг усти тунука билан ёпилган, каттагина олди очиқ айвони бирлаштириб туради.
Абдуолим бир неча кун, қош қорайгандан сўнг уйига келиб-кетиб юрди. Ўғиллари – Норқул билан Шер­қулнинг умидсиз нигоҳи, Хадичанинг маънисиз бақрайган кўзларидаги бефарқлик, отасининг “гунг-соқов”лиги уни тамоман эзиб ташлади. Бу уйда уни ҳеч ким тушунай демасди. Ҳар ким ўзича ҳақ эди. Ўзини оқлашга ҳаракат ҳам қилиб кўрмади. Қосима амманинг ёнига бориб, юрагини очмади. Тавба-тазарру қилганида, юрагидаги тошдан қутулармиди. Ам­ма воситачилик қилса… йўқ, бунга бўйни ёр бермайди. Бунинг устига туриш-турмуши билан онасининг ўрнини босолмаётган, ўзи билан ўзи овора, камгап бу қоқшол кампирни бошиданоқ жини суймасди. Хуллас, юрагини очишга бир меҳрибон топилмади. Бефойда. У энди ҳеч кимни ҳеч нима билан ишонтира олмайди. Бир хаёли ота­сининг пойига тиз чўкиб, кечирим сўрагиси келди. Пайт пойлади. Эгасиз итдай ҳовлига кириб, чиқиб юрди. Юзи чидамади. Афсус, минг афсус, кўнгил бой берилганди. Кўнгилсиз эса хасни ҳам ўрнидан кўчиролмайди киши. Худди шундай бўлди.
Бир оқшом бор-буди – тўйларда киядиган костюм-шими, ғижими чиққан қизил галстук, ювуқсиз ётган бир-иккита кўйлагини тергилаб, уйдан бош олиб кетди. Шу кўйи доримади. Дараксиз-ку эмасди. Шотирлари ҳар замонда ҳол-аҳвол сўраган киши бўлиб келишганларида, Хадича олса-олмаса бир чангал пулни хонтахта тагигами, кўрпача остигами қўйиб кетишарди. Уни учратган қўни-қўшнилар эса унда-бунда, тўйларда юрганини гап орасида Хадичага эшиттириб кетарди. Аммо уйидагилар нимагадир уни қўмсамасди, изламасди ҳам.
Кеч кузнинг ёмғирли кунларидан бирида бундай маънисиз ҳаёт ўз-ўзидан барҳам топди. Тавба, минг бо­ра тавба.
Шомга яқин новчагина милиционер йигит келиб: “Ҳали ҳеч нарса аниқ эмас, касалхонага борамиз, кўриб, гувоҳлик берадиган иш бор, сизларга алоқаси бўлмаса, машинада олиб келиб қўяман” дея амма билан Хадичани олиб кетди. Тушунтиришди. Хуллас, ўликхонага амма кирадиган бўлди. Хадича барча тафсилотларни ўз қулоғи билан эшитган бўлса-да, ишонмади. Балки бошқа одамдир?
– Вой ўлай, вой ўлай, – деди амма икки сонига шаппатилаб, ўликхона эшигидан чиқар-чиқмас бў­са­ғада ўтириб қоларкан. – Отасининг қарғиши урди уни! Энди нима қиламан?!
 – Ростми амма, ростми, – дейишдан нари ўтол­мади Хадича шу дам. Ҳарчанд эзилмасин кўзига нам келмасди.
–    Рост, рост, болам, мўйлабгинасидан танидим, юз-кўзлари билан шундаймасига куйиб кетибди, деди у қўли билан боши аралаш ярим танасини кўрсатиб. – Вой болагина-я, вой бадбахт-а, тинмасанг тинарсан, дегани шу-да, энди нима қиламан, – дея ўзини-ўзи астойдил уриб гўяндалик қила бошлади Қосима амма.
Милиционер йигит уларни тинчитган бўлди. Бош­қа хонага олиб ўтишди. Кимдир аммага бир пиёла сув тутди. Шу атрофда хизмат қилиб юрган касалхона хо­димлари ҳам оғзига мум тишлаб олган. Хадича танийдиганлар ҳам кўриниш бермай, нари-берида ўтиб- -қайтиб юришибди. Қаерда бўлган? Ким қилган? Қачон топишибди? Ҳеч кимдан бундай саволларга жавоб олишолмади. Уларни бошлаб келган милиционернинг хатти-ҳаракатига қараганда тўрда, столга ўмганлаб олган қориндор киши, бошлиқ бўлса керак, хўмрайиб: “текширамиз, аниқлаймиз”дан нарига ўтмади.
Шуниси маълумки, кеча Макёнжарнинг нариги томонидан ёқиб юборилган жасад топилган…
Сўров-қистовлардан қутулиб уйга қайтишди. Из­ма-из майитни ҳам олиб келишди. Қариндош-уруғ йиғилишини кутмай Қосима амма ичкарига кириб, куйган кундадай бўлиб ётган тананинг устига ёпилган касалхона ёпинчиғини алмаштириб чиқди. Хадича киролмади. Қўрқди. Кўнгли эса қилт этмасди.
У уйдан бу уйга деярли эмаклаб келган Нарзи чўтирнинг резинкадай чўзиқ:
– Вой болам, вой, болагинам-ей, – деган овозидан сўнггина Хадичанинг дийдаси юмшади, пиқиллаб йиғлай бошлади. Чўтир хирхираб, ув тортди:
– Вой болагинам, қўрқувдим-а, бир касофат бўлмасайди девдим-а, ий, Художон, тавба қилувдим-ку, тавбалар девдим-ку!
Унинг кўзидан ёш жоладай оқар, айбдордай ат­рофга мўлтирарди.
– Тавбалар қилувдим-ку болам, боламей, болам…
У ҳиқиллаганича майитнинг бош томонига интилди. Шу орада гап нимадалигини билиб-билмай йиғилган қўшнилар Нарзи чўтирнинг қўлтиғидан олиб, ичкарига олиб киришди.
– Кўргулик, Нарзибой, кўргулик. Бардам бўлинг.
Чўтир ҳолсиз гавдасини у ёндан бу ёнга ташлар, кўзини юмиб, ўзини-ўзи муштларди.
– Хонумоним куйди, хонумоним куйди, вой болам…
Бироздан сўнг униқиб кетган дастрўмолини чўн­тагидан олиб, кўз ёшларини артди. Ёпинчиқни очиб, майитни кўрсатишга ҳаракат қилган Қосимага керакмас, ишорасини қилди. Сўнг одатига кўра икки қўлини қўлтиғига тиққанича мук тушиб жимиб қолди. Ҳамдардлик билдиргани келган бир-икки қария, ундан-бундан гап очиб, маслаҳат солган киши бўлишди. Қўни-қўшнилар маросим вазифаларини бўлиб олишгач, тарқалишди. Ҳовли яна жимжит бўлиб қолди. Хадича кўзларини қўрқув босган фарзандлари қамалиб олган уйга киргач, уларни бағрига босиб, дераза ортида шовуллаб ёғаётган ёмғирни кузатганича пешонасининг бу шўрини қандай ювишни билмай тонг оттирди.
Абдуолимнинг бундай завол топиши ҳамма учун кутилмаган воқеа бўлди. Ўлим шунақа. Ажал кутмаганда, кутилмаган томонингдан келиб, чанг солади. Баҳона эса жуда кўп.
Воқеанинг изидан қувадиган, жони ачийдиган қа­риндош-уруғнинг тайини йўқ. Келган-кетганнинг оғ­зида битта гап: “Душманли экан-да шўрлик”. Марҳумга негадир ҳеч кимнинг ичи ачимади. Ҳамма томошабиндай келиб кетар, биргина Хадичага ичи ачи­ган яқинлари ёнига келиб, астойдил кўнгил сўраган бўлар, бу ҳам йўлига эди. Хадича эрта тонгдан “вой жигарим”лаб ситилаётган қайинсинглисининг қаватига бориб, уни бағрига босганида яна юмшади. Орзулари армонга айланганидан ўксиб, сув бўлиб йиғлади. Кўзидангина эмас, кўнглининг туб-тубидан қуйилиб келаётган ёш ёмғирдай адоқсиз эди.
Зах ўтмасин деб кимдир оёқлар остига ғўзапоя ёйипти. Қосима амма хотин-халажга бошу қош.
Кечадан бери ёғаётган ёмғир тинай демайди. Эркагу аёл айвонда. Қариялар бир-бирининг пинжига кириб хоналарга тиқилишган. Зах ва совуқ ҳаво борган сари тобига оларди. Оёғида махси калиш, бошига шол рўмол ёпинган хотинлар тўп-тўп бўлишиб, гоҳ товуш бериб, гоҳ ўтган-кетгандан гапириб туришибди.
Кимдир:
– Бу ҳавода гўр қазиб бўладими, – деб юборди.
Бошқаси жим ўтир дегандек гап эгасининг оёғини босиб қўйди.
Бу гапни эшитган хотин-халаж таниса-танимаса бир-бирига маънили қараб, имо-ишора билан ниманидир англатишгандай бўлди.
– Отани урган боланинг аҳволи мана шундай бў­ла­ди. Кўкармайди.
– Қандай йигит эди-я, шўрлик!
Бу гапни ким бўлса ҳам ён атрофга эшиттириброқ айтди.
Киши ўлганидан сўнг қариндош-уруғ, ака-укаларнинг зиммасида уч кунлик амали қолар экан. “Уч кунлигинг борми, йўқми” дейилиши шундан. Биринчи куни – дафн маросими, иккинчи куни – таъзия қабул қилиш, учинчи куни – хайр-эҳсон. Меҳр-оқибат кўтарилган жой­да буларнинг тўкис бўлиши ҳам гумон. Таъзияхонадаги барча ташвиш собиқ ўқитувчи, маҳалла оқсоқоли Аббос муаллим билан чўтирнинг куёви – Дилмуроднинг елкасига тушди. Дарвозадан бири қўйиб, бири кириб чиқишади. Дилмуроднинг эгнидаги қора чопони ивиб кетибди. Бу ҳам Қосима кампирнинг эътиборидан четда қолмади. Қаердандир чопон топиб келиб алмаштирдирди. Ювғични бошлаб келган экан. У ҳам расми-русмини қилди-ю, кетди. Жаноза дарвозахонада ўқиладиган бўлди. Аёллар эркаклардан бўшаган хоналарга киришди. Ҳар нарсанинг ўз ўрни бор. Пешинда майитни кўтаришди. Оҳ, бу азобни ҳеч кимнинг бошига солмасин. “Чилп-чилп” лойгарчилик бир зумда одамларнинг ҳолини қуритди. Ҳамманинг калласида бир фикр: асфальт йўлга чиққунча бирортасининг оёғи тойиб, у ёқдан бу ёққа чайқалиб бораётган тобут ерга қуламасайди…
Катта йўлга, усти ёпиқ юк машинага етгунча шу аҳвол давом этди. Юришга ҳоли йўқ қариялар уй-уйига тарқала бошлади. Қолганлар машина ортидан бир неча қадам юрган бўлди. Хуллас, машинага, тобут ёнига чиққан беш-ўн кишигина қабристонгача етиб келди. Бу ёғи яна ўша аҳвол. Балки, ундан ҳам баттарроқ. Қабристоннинг мулойим тупроғи обдон ивиган экан. Одамлар тобутни кўтариб киришганида, оёқлардан сачраётган лой тиззага урар, худди ботқоқда юргандек бир аҳволда наридан бери қазилган қабргача етиб борилди. Устига брезент ёпилган ходачалардан қалаштириб ясалган чайланинг бир четидан гўрковнинг лойга беланган боши кўриниб турарди. Биров гапирмас, ҳамманинг фикри-хаёли тезроқ майитни тупроққа топшириб, бурчдан қутилишда эди. Қанча эҳтиёт қилинмасин, ёмғир суви лаҳадга ҳам оқиб тушибди. Гўрковнинг зўрға оёқ кўтариб босишига қараганда ичкари ҳам балчиқ эди. Барча амаллар бажарилди. Қабрга тупроқ эмас, лой тортилди гўё. Қунишиб қолган одамлар бир амаллаб қабристондан чиқишга ҳаракат қилар, ғам-алам босганидан бир бурда бўлиб қолган Нарзи чўтир томонга боқишга биров ботинолмасди. У эса чангалидаги лойга тикилганича ҳиқилларди.

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 12-сон.