Олам бугун хазон рангида товланарди. Дарахтларнинг пастки шохлари япроқларини тўкиб улгурган, юқори қисмидаги япроқлар эса чирт-чирт узилиб, оғир ҳавони ҳадеганда ёриб ўтолмай липиллаб сарғайиб сўлган ўт-ўланлар устига аста қўнади. Сарғайиб сўлган ўт-ўланлар ва тинимсиз тўкилаётган хазонлар табиатнинг тўрт фаслидан иборат бир йилги умри ниҳояланганидан дарак бераётгандек. Табиатнинг абадий фаолияти — сукунат эса тирик жонлар қатори инсон қалбига ҳам маъюслик солар, атрофидаги муҳит ва манзара ҳақида жиддийроқ бош қотиришга мажбур ҳам этар эди.
Буюк адиб Жек Лондон ардоқлаган «Ойдинли қирлар» боғида ҳам бугун илоҳий бир жараён кезади. Бу жараён инсоннинг боқий умри билан табиатнинг абадийлиги орасидаги мутаносибликни равшанлаштиради… Мажнунтол, оқ терак, қайин, чинор оралаб, қурий бошлаган майсаларни қирсиллатиб босиб икки от ёнма-ён борарди. Отларнинг бири оқ рангли, танасининг у ер-бу ерида ёнғоқдай-ёнғоқдай кулранг холлари бўлиб, эгасининг нозик таъбига мослаб безатилганди. Иккинчи қашқа, қизил отнинг безатилишига унчалик эътибор берилмаганди, жониворнинг ўзи ҳам кўримсизроқ эди. Эгаларининг раъйига қараб илгарилаётган тулпорлар гўё кузнинг оғир сукунатига қулоқ солаётгандай, атрофга сирли қараб қўйишарди.
Отларнинг бирида кенг пешонали, узун бурунли, олтин рангли сочларига оқ оралаган, толиққанидан кўз милклари ва қовоқлари салқиб, кўкиш тусга кирган эркак ўтирарди. Қашқа от устидаги, кўзлари катта, ёши қирқлардан ошган бўлса-да, йигирма ёшли қизлардай сўлимлигини йўқотмаган, йўғон ва узун сочларини турмаклаб қўйган нозиктаъб аёл ёнидаги укасининг толиққанини ҳис қилгани сабабли уни жимгина кузатиб келарди. Аёл ҳар куни укасининг ижоддан бўшашини кутишга, сўнг кайфиятини кўтариш мақсадида кеч бўлиши билан «Ойдинли қирлар» богига сайру саёҳатга бошлаб чиқишга одатланган эди. Сайру саёҳат ниҳоялангач, эркак «ташландиқ» инсон болалари — қашшоқларга қўшиларди-да, улар билан бирга бўза ичарди, рақсга тушарди, кўнглини кўтариб бўлгач, ўз хонасига ошиқарди, китоб мутолаасидан сўнг тунги оромга толарди.
Боғнинг ярми босиб ўтилганда оқ отнинг жилови кескин тортилди-ю, сукунат бузилди. Ён-атрофдаги қушлар ҳуркиб учдилар. Аёл сергакланиб укасига юзланди.
— Опажон… — деди ука нотавон бир қиёфада ва чуқур хўрсиниб зўрға тилини ўнглади. — Ўлсам… албатта, мана шу улугвор чинор тагига кўмгин… — У чинор шохларидан тўкилаётган йирик япроқларга бечораҳол тикилди ва қушлар чуғурига қулоқ солди. Унинг чеҳраси лаҳза сари тундлашиб борарди, кўзларида эса қўрқинчли бир тушкунлик зуҳур топганди. — Опажон, фақат сенгина менинг илтимосимни бажаришинг мумкин… Дунёда мен учун бир худою бир сен мавжудсан…
Аёл жиловни ўз ҳолига ташлаб қўйиб, бошини экканча йиғлашга тушди. У лабини тишлаб овозини чиқармасдан йиғларди, хаёлан худодан ўзига ўлим беришини сўрарди ва укасининг ўлимини кўрмаслик умидида ўртанарди. Шу аснода у укасининг гапларини эшитмаган бўлиб чиқишини, эшитган сўзлари ёлғонга айланиб қолишини орзу қиларди.
— Опажон… етар, йиғлама… сен учун ҳам мен йиғлаб бўлганман… — деди ука. Аёлнинг йиғиси ҳўнграш билан алмашди. Ука от жиловини ёнига буриб, опасининг ловиллаб ёнаётган юзига кафтини босди, юзини ўзига қаратди, — опажон, укангнинг эркалигини сен кўтармасанг, ким кўтаради?! Бу дунёда икки бахтсиз бўлса — бизмиз-ку ахир… Менга қайғуриб турмуш қурмадинг, бола-чақа ҳақида ўйламадинг…
— Жек… — ниҳоят Элизанинг титроқ овози янгради, — ўзинг айтганингдай илинжим ҳам, юпанчим ҳам ёлғиз сенсан… — сенсиз бу дунёда бир лаҳза ҳам яшашни тасаввур этолмайман.
— Опажон, оқ-қоранинг фарқига борадиган ёшдасан. Тушун: ўлим — ҳақ. Туғилмакнинг ўлмоғи ҳам бор. Ахир, Жек Лондон узоқ касал бўлиб ётиб ўлган экан, деган гапни авлод оғзидан эшитиш нақадар кулгили туюлишини ўйлаб кўр…
— Жек, етар, бас…
Ука товонини отнинг биқинига ниқтади. От шиддат билан қўзғалди. Қашқа от ҳам оёқларига зўр берди. Жек табиатан вазиятга мослашиш ва дарҳол уни ўрганиб ўз ҳукмини чиқариш борасида фавқулодда иқтидорга эга эди. Ҳозир ҳам опасининг кўнглини олиб, тезлик билан вазиятга мослашиб, гўё ёш боладай самимий жилмайиши билан табиатга ҳавас ва иштиёқ билан тикилиб, орадаги ноқулай вазиятни ўзгартиришга улгурди.
— Тентаккина опам, мени тинглаяпсанми? — деди у боғни адоғлаб қолганларида, — фасллар ичида мен кўпроқ кузни хуш кўраман. Куз фикрлаш қобилиятини орттиради, ҳисларимга эрк беради. Руҳим эса енгиллашади. Инсон учун муқаддас тушунча, туйғу — қалбан, руҳан, жисмонан эркин бўлиш. Тўла эркинликка эга бўлолмаган ҳар қандай ижодкор улуғ асарлар яратишга мутлақо қодир эмас. Асарларининг қаерларидир тиришиб туради. Жамиятнинг якка ҳукмронликка мойиллиги эса санъатнинг заволидир. Исо пайғамбар: «Сиз ҳақиқатга инонинг, ҳақиқатгина сизни ҳурликка олиб чиқади», деган. Яна у: «Сиз қул эдингиз, мана шу қуллик ҳисси эса сизни ҳурликка чиқишингизга халақит бераяпти…», дейди. Инсон фикрлаш ва кўриш қобилияти билан худога яқин туради. Инсондаги илоҳийлик белгилари ҳам фикрлаш ва кўриш қобилиятидир. Ўзинг ўйлаб кўр, ахир инсон фикрлаш қобилияти билан бутун оламни биргина лаҳзада кезиб чиқади, арзимас ақли, ок-қорали кўзлари билан бутун борлиқни кўра олади. Мана, худонинг биздаги қисми! Инсоннинг туши… тушида бахтли, бахтсиз дамларини олдиндан кўра олиши ҳам худонинг бизга кўрсатган инояти! Худо биз билан тўппа-тўғри мулоқотда бўлмай, тушларимиз орқали қудратини намоён қилади. Бу ҳам инсондаги илоҳий куч…
— Қайсаргина укам, бу ҳақда кўп гаплашганмиз, — суҳбатни бўлди Элиза дафъатан ва очилиб-сочилиб кулди. — Инсоннинг ўз жонига қасд қилиши илоҳийликка кирмайди…
— Киради. Жониворлар ўз жонларига қасд қилолмаганликлари учун илоҳий қудратлардан маҳрум… Бечора Мартинга ачинаман. Эсини танибдики, табиатга ичикиб яшади, самовотдан, илоҳиётдан юпанч излади. Лекин табиатнинг «инсон» деб аталмиш қисми унинг орзу-умидларини барбод этди, табиат — она эса, уни бағрига сиғдирмади. Умрининг сўнггида эса илоҳиётга ҳам шубҳа билан қарай бошлади… мана шу касофати учун худо ҳам уни паноҳига олмади… Ҳаёт чидаб бўлмас даҳшатга айлангандан кейин бош олиб ёввойи одамлар орасига кетиш, содда-ибтидоий ҳаёт тарзи билан яшамоқчи эди. Ҳислари исёнга қулоқ солиб, кенг сувликлар орасида танҳоликда яратган билан дардлашмоқчи эди, худо уни ғалаёнга маҳлиё этди, ғалаён орасида турганда тубанликларни яна ҳам аниқ кўрсатди. Гўзал манзили — илинжи мана шу галаён эканлигини англади-ю, ўзини ҳурликлар кўксига отди. Ғалаён Мартинни кафтларига олиб эркалатди, уни етти ёт бегоналар — тубанлар қуршовидан халос этди…
— Жиннивой, сен Мартинмассан…
— Опажон, у бечоранинг қора қисматини ёзган мен эканлигимни ҳам унутмаслигинг керак… Фарқимиз — у ўта шахсиятпараст эди. Мен эса ҳар ҳолда ҳамиятли эркакман. Барибир Мартин мансуб бўлган инсон наслиданман… унда мавжуд инсоний иллатлар менда ҳам мавжуд.
— Сен биринчи галда иродали эркаксан. Мана шу ироданг билан адабиётда кўплар эгаллай олмаган ҳур чўққиларни сен эгалладинг. Шунинг учун ҳам опанг яратганнинг олдида бурчли. Сенинг номингдан опанг яратганга шукроналар айтади. Лекин… ниятинг ғалаёнга қўшилиб кетиш экан, нимага «Бўри уйи»ни қурдираяпсан? Уйга бор-будингни сарфладинг. Илгаригидай пулларингни қашшоқларга улашаверсанг бўларди-ку…
— Элиза, ер юзида қанчадан-қанча олижаноб, эзгу ниятли кишилар тубанлар томонидан камситилиб, дарбадар ҳолга тушди. Кимдир уларга қайғуриши, ватанлик қилиши керак-ку. Бу менинг зиммамга юклатилган экан, демак бу яна худонинг саховати. Уйни битириб, уларни киритсам, кейин оёқларимни бемалол узатиб кетаман…
— Қашшоқларнинг ҳам сеникидай кўзлари, қулоқлари, қўл-оёқлари мавжуд. Юраклари, миялари ҳам бор. Улар туғилишдан феъл-атворига кўра дангаса эдилар. Худо уларни мана шу касофатлари учун ҳам жазолади. Асли улардан нафратланиш керак…
Мен художўй одамман. Аслида худо бандаларини бахтли-бахтсиз қилиб яратади. Демак, бахтсизларнинг кўнглига қараш яна худонинг Жекка кўрсатган инояти.
Отлар бир маромда илгариларди, олам эса ҳамон сукутда эди. Куёш аллақачонлар оламни етим қолдириб, зангори уфқлар остига чўкиб кетганди. Элиза отни ўз эркига қўйиб бериб, табиатда шу кез содир бўлаётган жараённи тўлалигича ҳис этиб, укаси ҳақида бош қотирарди, у билан биргаликда кечирган ғаройиб дамларини хотирларди… Жекнинг онаси Флора ҳомиладорлигида эри Чани билан ажралишган, ҳаётнинг турли машаққатларини бошидан кечириб, соддадил бир киши — Элизанинг онаси оламдан ўтган эди. Жек Элизага ҳамдардга айланди. Қизалоқ уни ўгай ука сифатида эмас, қондош сифатида тан олди ва умрини шу жафокаш инсонга сарфлади. Қаҳатчилик йиллари ҳам ўз улуши — бир бурда нонни Жекка илинарди, баъзан укасининг ёнини олиб болалар билан муштлашарди.
«Укам, нима учун: «Ўлсам, чинор тагига кўмасан…» деди?» қабилидаги хаёл Элизага тинчлик бермасди, юрагини эзарди, кўзлари ёшланарди, ёшларни нозик бармоқлари учи билан артарди.
Ниҳоят отлар боғни ортда қолдириб, буғдойдан эндигина бўшаган қирликларга ўрлай бошлашди. Қир тепасига кўтарилганларидан кейин Жек от жиловини орқага — уйи томон бурди. Олақуроқ дарахтзорлар, дарахтлар тагидаги яшил майсалар ва майсалар устида тентираб юрган товуқларни кузатиб, сўнг қоронғилик қоплаётган уфққа термулди. Узоқ-яқин дарахтлар остида яккам-дуккам уйлар кўзга ташланарди, деразалардан ёқила бошлаган чироқлар шуъласи тараларди. Жекнинг назари дарахтлар орасида оқиш товланаётган узун тахта уйга тушди. Ўнга яқин хона-хоначалардан иборат уйнинг кираверишидаги — хизматчи аёлга тегишли қисмида чироқ ёниб турарди. Уй зинасида Жекнинг «Вафо» исмли севимли ола ити кулча бўлиб ухлаб ётарди, эгаси — Жек бугун ўзи билан бирга олиб кетмаганидан аразлагани сабабли ит кечки вазифаси — ҳуришни ҳам унутганди.
— Жек, «Катта хонадоннинг кичик хизматчиси» романингни тугатдингми? — сўради совуқ шабада этини жунжиктираётган Элиза.
— Тугатдим, — жавоб қилди Жек совуққонлик билан. Илгарилари у янги асарига нуқта қўйиши билан ёш боладай ўйноқлаб, қаҳ-қаҳ отиб опасини қучарди, мақтанарди, кўнглини кўтарадиган сўзлар кутарди.
Опаси ҳам укасининг кўнглига қараб эркалатарди, қўшилиб куларди, кеч билан эса саёҳатларга олиб чиқар эди. Бугун эса…
Алламаҳалда улар жимгина изларига қайтишди. Жек отни отбоқарга топшириб, опаси билан омонатгина хайрлашиб ётогига йўл олди.
— Жек, тунинг хайрли бўлсин, — деди Элиза укасининг ортидан қараб қоларкан.
— Сени ҳам худо ёрлақасин, опа, — шивирлади Жек елкаси оша опасига назар ташлаб…
Салдан кейин эшик очилиб хизматчи аёл мўралади:
— Маъзур тутсинлар, қаҳва ичгилари борми? — деди ийманиб.
— Азизим Сакинэ, бир финжонгина қаҳва тайёрлаб берсангиз, айни муддао бўларди, — деди хонадон эгаси одатий раҳмдиллиги билан. Хўжайиннинг кайфиятсизлигини кўрган хизматчи аёл маъюс тортиб аста эшикни ёпди. Жек оёқларини чалкаштириб диванда ўтирарди, унинг мажруҳ қиёфаси гўё узоқ сафарга отланган йўловчини эслатарди.
— Марҳамат, — деди Сакинэ хўжайини олдига қаҳвани қўйиб.
— Ташаккур, худодан сизга соғлиқлар тилайман, — деди Жек ва аёлнинг уйдан чиқишини кутди. Сўнг тамакига ёпишди. Зўр бериб тутатди. Тамаки таъсири билан боши айланиб, томирлари бўшашиб, гўё асаблари озгина ёзилгандай, изтироблари бир нави сусайгандай туюлди. У тамаки торта туриб, бир нуқтага тикилганча, болалик кезлари қорни очиб, ейишга ҳеч вақо топилмагач, кўчага чиқиб бир йўловчининг халтасидан гўшт олиб қочгани, одамлар ортидан қувгани, барибир гўштни ташламаганини хотирлади… Аста-секин хотирасида собиқ хотини Бэсси билан ажралишгани, қизчалари тирик етимга айланганида жонидан тўйиб ўзини ўлдириш мақсадида денгизга боргани, жалада қолиб, бўйнигача сувга ботгани, қандайдир одам сочидан чангаллаб судраб чиққани ва уйга олиб келгани ҳақидаги воқеа тикланди. Уйига келиб, ҳаёт билан ўлим орасида қолган бир қадамли масофани эслаб даҳшатга тушганди. Кейин у Гавай оролларида тентираб юриб, чивину сўналар чақиши оқибатида безгак касалига мубтало бўлгани, ҳарорати кўтарилиб узоқ вақт ўзини билмай ётгани ҳақидаги фикр миясини қамради. Яхшиямки, ўшанда қандайдир бир сеҳргар жоду билан ўқиб, аччиқ ўтларни янчиб унга ичиргани, йўқса Гавай ороллари тупроғи уни аллақачонлар кўкартириб чиқарармиди…
— Қанчадан-қанча балолар тўфони ёпирилди, мен эса уларни босиб-янчиб ўтиб кетавердим, ўлмадим, — уқтира бошлади Жек ўзига ўзи, — фақат юрагимни бездирдилар… Бутун умр ўғил кўришни орзу қилгандим. — У собиқ хизматчи япон аёлни эслади. — Ниҳоят худо ўғил ато этди. Чармиан туфайли ўша япон аёли ўғлимни олиб кетиб қолди. Уни эркалатиш бахтига ноил бўлолмадим. Барибир ўғлим учун яшаб ўтаман… Балки Японияга кетарман. Балиқчи кемалардан бирига ёлланиб, ўғлимнинг ёнида умр кечирарман…
— Тентак, нималар деб валдираяпсан, — дея ўзини ўзи койиди, — сен ҳеч қаёққа кетолмайсан. Ҳаммасидан кечсанг ҳам, адабиётдан кечолмайсан…
«Оҳ, қодир худо! — кўнглидан кечирди кейин у, — яна бир бор саховатингни аяма. Бэссининг қалбини олижаноблик нури билан ёрит. Инсофга келиб, қизларимни ёнимга юборсин. Уларни соғиндим… улар ҳам мени кўролмасалар, бир умр йиғлаб ўтадилар…»
— Аёллар, опа-сингил, қиз сифатида жуда улуғ, — минғирлади у, — лекин хотин сифатида беҳад тубанлар. Ўз оталарини, ака-укаларини, ўғилларини эъзозлайдиган шу хотинлар. Аммо эрлари ҳам кимнингдир ўғли, отаси, акаси бўлганини билган ҳолда уни оёқ ости қиладилар. Оҳ, бутун умр вафоли ёр, содиқ хотин изладим, бўзладим! Бироқ тополмадим… икки хотиним ҳам устимдан роса кулди. Ҳатто Чармиан бир қур: «Сен ўлганингдан кейингина тинчгина ухлайман… сен тирик экансан, азоблар орасида қовриламан…», деди.
«Орада ўлим бор, — хаёлидан ўтказди, — ўлимгина улуғга ҳам, тубанга ҳам осонгина чек қўяди. Барибир қашшоқлар учун яшашим зарур. Мендан кейин уларнинг ҳолига маймунлар йиғлайди. Етар! Бас! Бу дунёда Жекдан кўра бахтли умр кечирган кимса йўқ. Демак, бундан бу ёғига ҳам мардона чидашим керак…
У ухлашни, ухлаганда ҳам тошдай қотиб ухлашни кўпдан бери истарди. Лекин ухлолмас, ҳаёт эса тобора даҳшатга айланиб бораётганди. Кун бўйи юраги сиқилиб, мияси оғриб юрар, қисқагина ухлаган кезлари эса ҳолсизланиб қолар эди. Ваҳоланки, у эндигина қирқ ёшни тўлдирганди… тинимсиз ёзиш юраги ва мияси фаолиятини сусайтирганди. Ёзмасликнинг эса иложи йўқ эди!
— Жаноб Жек, турсинлар! — деган хирилдоқ овоздан у кўзларини очар экан, гангиб атрофга аланглади. — «Бўри уйи» ёнаяпти!..
— Ааа… нима? — У қичқириб юборди. Дастлаб кемадаман, деб ўйлади. «Фалокат юз берипти, кемани ҳалокатдан қутқариш керак…», деган хаёл билан гўё кемадан ташқарига — палубага чиқишга уринарди, гандираклаб атрофни пайпасларди, ушлайдиган нарса изларди. Ниҳоят у ҳушини йиғиб, ўз уйидалигини, хизматчи аёлнинг овозини эшитганлигини билди, пешонасини кафти билан артиб, курси томонга яқинлашди. Эшик эса ҳамон қоқиларди.
— Жаноб Жек!
— Сакинэ, нега қичқираяпсиз?
— Янги уйимиз ёнаяпти, кимдир ўт қўйганга ўхшайди… — хўнграб юборди хизматчи аёл.
«Нимага янги уйимиз ёниши керак?.. — хаёлидан кечирди у, — тушунмадим… Янги уйни ўзим учун эмас, қашшоқлар учун қура ётгандим-ку… Худо менга эмас, қашшоқларга қайғуриши керак эдику…»
— Тезроқ чиқинг, одамлар сув сепишаяпти…
Жекнинг пешона териси кескин йиғилиб ёзилди. Тез орада фикрини жамлаб ҳам олди. Шундан кейингина «Бўри уйи» ёнаяпти», деган гапнинг маъносини англаб, ялангоёқ, сарпойчан ташқарига югуриб чиқди. Зинада туриб бир чақирим наридаги муҳташам қаср — ўзи йиллар ният қилиб қурдираётган уйининг ловиллаб ёнаётганини кўрди. Шоҳлар саройини доғда қолдирадиган даражадаги «Бўри уйи» аланга олиб ёнарди. алангаси осмону фалакка кўтариларди, шуъласи атрофни ёритарди, нималардир оловли излар қолдириб, қарсиллаб ерга қуларди. Ички кўйлакларда ташқарига югуриб чиқишган Элиза билан Чармиан: «Жек! Қайдасан?!» дея фарёд чекишарди, одамлар челакларда оловга сув ва қум сепишарди, лекин олов баттар аланга оларди. Олов!.. Жек умри бўйи бунақа даҳшатли оловни кўрмаганди. Қалбига ҳамиша муқаддас туйғу бериб юрган, яъни инсонни иситган, ўчоғини қайнатган — турмуш тарзи бўлиб туюлган олов бугун уйи билан бирга вужудини, бор-будини, орзуларини, келажакка боғланган умидларини ёндирарди, кулга айлантирарди. Шу олов тимсолида бугун кўпдан бери оёқларини чалган хунасаларни, сотқинларни кўраётганди. Олов ўша жинси ноаниқ тубан махлуқларнинг тиш ва тирноқларига айланиб Жекнинг юрагини ва миясини тишларди, тирнарди. Рақиблари уни пичоқ билан сўймай, ўқ билан отмай, олов билан куйдираётганди.
— Жаноб Жек, энди нима қиламиз? — У хизматчи аёлнинг йиғили овозини эшитди, лекин эътибор бермади.
— Тезроқ ёрдамга келинглар! — деган хитоб эшитилди.
«Уй сабабсиз ёнмайди, чунки яқин-орада одам яшамайди, бу атрофда олов ҳам йўқ…», ўйлади у.
— Жек, укажоним! Нимага уйимиз ёнаяпти? — қичқирди қовоқлари шишиб, сочлари тўзғиган Элиза. — Ахир, сен худонинг ғашига тегадиган даражада гуноҳ иш қилмагандинг-ку! Жарақ-жарақ пулларингни одамларга тарқатганинг учун уйинг ёниши керакми?
— Азизим Жек… — Чармиан ҳўнграб эрининг пинжига суқилди, — шунча қийинчиликлардан кейин роҳатланиб яшаш ниятида эдик…
— Чармиан, ваҳший ваҳшийлигига боради… — дея у хотинининг кўнглини кўтаришга уринди. — Тубанлар очиқчасига жангга киришдан қўрқадилар. Уйингга ўт қўядилар, ё орқангдан пинҳона уриб ўлдирадилар…
— Жек, уйни қашшоқлар учун қурдиргандинг, қашшоқларнинг ҳам душманлари бўладими? — У хотинининг овозини хира англади.
— Ҳечқиси йўқ, — кутилмаганда у қичқириб юборди, сўнг қаҳ-қаҳ отиб кулди. — Қайтадан қураман…
…Шундай деди-ю, боши эгилди. Бармоқларини сочлари орасига суқиб, оғир сукутга толди. Елкалари кўтарилиб тушди. Кўз милклари орасига беихтиёр ёш қалқиди… бурни, лаблари титради. Кейин эса йиғлади. Энди у тўйиб-тўйиб, яъни бутун умр йиғиб келган дарду аламлари, қайгу ҳасратларини жамлаб йиғларди…
— Жек… ўзингни бос, ҳеч қачон йиғламагандинг-ку… — у опасининг овозини эшитиб ёнига қаради.
— Опажон, — дея шивирлади бир пайт У, — дунё қотилларга тўлиб-тошиб ётибди, бу дунёда фақат қотилларгина яшайди…
У шиддат билан ёнига ўгирилди, ҳеч нарсага, ҳеч кимга эътибор бермай ёнаётган уй томон юрди. Тезда атрофини қашшоқлар ўраб олишди.
— «Бўри уйи»ни бизларга атаб қурдираётгандинг! — деган хитоблар янгради.
— Жек омон бўлса, сизларга бундан ҳам кўра гўзал уй қуриб беради, — жавоб қилди у ўзини ҳеч нарса кўрмаган одам қиёфасига киритишга тиришиб. — Беҳад толиқдим, ҳозир ўз ҳолимга қўйинглар. Бу дунёда Жекнинг эмас, сизларнинг душманингиз кўп экан. Бориб ухлайверинглар, уйга умид билан ўт қўйганлар ҳам ўз қилмишларини кўриб қувонсинлар!..
— Жаноб Жек!…
— Азизим Сакинэ, сен нимага йиғлайсан, — деди у хизматчи аёлнинг иягидан олиб юзини ўзига қаратар экан, — сенинг иссиқ ётоғинг бор. Ана у қашшоқларга оғир бўлди…
У ётоғига кириб эшикни ичкаридан занжирлади. Диванга чўкиб кафтларини тиззаларига босди. Хона сукунати вужудини эза бошлади ва илк бор сукунатдан қаттиқ нафратланди. Гўё олов энди сукунатни ҳам ёндириб унинг танасига кўчганди… «Қизиқ… мен ҳеч кимга ёмонлик қилмаган бўлсам, нимага уйимни ёқишди? Ахир, мантиқ ёмонлик эвазига ўч олишни талаб этади-ку? Ўт қўймасдан, уйга кириб олишса ҳам қаршилик кўрсатмасдим-ку…»
— Жек, ўзингдан кўр, — минғирлади кейин у. — «Бўри уйи»га сарфлаган пулларингни бечора ҳиндуларга бериб, уларни безгак касалидан қутқарганингда сени абадий алқаб ўтишарди… бечора ҳиндулар ҳозирча Жекнинг уйига ўт қўйишни ўрганиб улгурмадилар…
Кераксиз ўй-хаёллардан қутулиш баҳонасида Жек «Денгиз бўриси» номли романидаги Бўри Ларсин ҳақида ўйлай бошлади. Катта балиқчи кемасининг хўжайини — Бўри Ларсин гоҳ тўнғиз, гоҳ шер, баъзан эса наҳанг қиёфасига кирарди, куч-қудратини терисига сиғдиролмай уззу кун денгизчиларни сўлоқмондай мушти билан калтакларди, бўйин бермаганларини тириклайин сувга отиб юборарди. Инсоннинг барча ваҳшийликлари, қотилликлари мана шу Бўри Ларсинда жамланганди. У фақат одамларни калтаклаш ва ўлдиришдан лаззатланарди. Дунё Бўри Ларсинларга тўлиб-тошганига, ҳамон улар ғалабага эришаётганига мана энди мутлақо ишонди. Улар тинимсиз кўкариб чиқаверадилар ва яшовчан ҳам бўладилар. Қотилликлари эвазига турли мукофотлар ва темир тақинчоқлар ҳам оладилар…
Жек гавдасини олдинга силкиб бу билан туришга осонгина имконият яратди. Бу одат унга болалигидан ёдгор эди. Силкиниб турар экан, деворга михланган қутичани очди. Виски шишасини олиб, охиригача шимирди. Кўзлари ёшланиб, хунук кекирди-да, шишани жойига қўйди. Сўнг ёзув курсисига келиб чўкар экан, қаршисидаги сурат — қизчалари суратига тикилди. Бармоқлари билан суратнинг юзини артди.
«Ҳўкиздай ишлашдан бошқа юмушни билмайдиган Жек Лондон собиқ хотини Бэсси учун тубан олам бўлиши мумкин, — деган хаёл миясидан кечди, — лекин қизларимда нима гуноҳ? Ахир улар ҳам оталарини соғинадилар-ку! Бэсси нега қизчаларимни ёнимга юбормайди?..»
У чидаб бўлмас юрак зирқираши ва ҳислар қақшоғи билан бошини эгди. Барибир чидай олмади. Дарҳол бошини кўтариб суратга қаради. Бир оздан кейин қўзғалиб, яна ўзини диванга ташлади, қўлини чўзиб жавондан «Мартин Иден» романини олиб, варақлай бошлади. Мартиннинг ўлими билан боғлиқ бобини қидириб топди. Ўқишга тутинар экан, назарида яна улкан олов сели жонланди. Энди олов қаъридан юзлаб тиришган-буришган инсоний қиёфалар чиқиб келишарди, унга ташланишга шайланишарди. Тез орада ўша маҳлуқлар Мартин томонга югуришди. Бечора Мартин не машаққатлар билан ёзувчилик шоҳсупасининг олтин тахтига кўтарилганди, орттирган пулларини олди-орқасига қарамай қашшоқларга сарфлади, бошқа томонда эса олчоқ ва галамислар уни дўппослашарди…
«Бас, етар! — деган фикр унинг миясини қамради, — ўз оналари кўкрагига қўл солган лаънатилардан қандай эзгулик кутиш мумкин?!.. Узоқ умр кечиришга қанчалик тиришганинг билан тубанлар зулмини шунчалик кўп тортасан. Вужудимни каналар каби кемирдилар, энди озгина соғ қолган миям, бемор юрагимни кемирмоқчилар…
Шу лаҳза унинг тасаввурида, денгиз сафаридан қайтган кезлари хунук жилмайиб олдини тўсадиган, эркаклиги ҳам, аёллиги ҳам номъалум бўлган аянчли маҳлуқлар жонлана бошлади. Ўз ҳисларини қондириш йўлида улар бузуқ аёллардай ишшайиб ҳисобсиз пуллар инъом этадиган ўша аянчли маҳлуқларни кўриш Жек учун дунёдаги энг ифлос ва жирканч инсоний хулқ ҳисобланарди. Узлуксиз ўйларди, лекин, худо нима учун шундай — жинси ноаниқ маҳлуқларни яратгани сирига тушунолмасди!.. Тенгсиз ёзувчи, олижаноб инсон — Жекнинг уйига ўт қўйганлар ҳам ўшалар!.. Улар аёлларга ҳам, эркакларга ҳам бирдай нафрат ва рашк билан қарайдилар, чунки эркаклар уларни қоралайди, аёллар эса уларнинг ризқларини қияди!..
Эшик қоқилди. У опасининг ҳам, хотинининг ҳам овозини таниди, лекин эшикни очмади, жавоб ҳам бермади. Ташқарининг тинчишини кутди, тинчиши билан виски ичиб кўнглини чоғлади. Олов танасининг соғ қолган жойларини, соғ ўй-фикрлари билан бирга липиллаб уриб турган юраги ва ҳисларини жизғанак қиларди, энди оловдан қочиб қутилиш эса мутлақо самарасиз туюларди. Олов гўё унинг хонасига ҳам кўчганди. Ҳўл-қуруқ баравар ёнаётганди. Жек миясининг қайсидир нуқтасида, юрагининг қайсидир қирларида сақланиб қолган фикр ва илинж туйғусини чамалаб умрини яна озгина муҳлатга чўзишга, ижодга қўл уришга уринарди, бироқ қолган умри саҳифалари билан бирга ёзилажак улуғ асарларига ҳам олов чангалини солиб улгурганди. «Бўри уйи»ни қайтадан қураман, деган фикрини эса инкор этиб бўлганди…
Ниҳоят, у мияси ўз фаолиятидан ажралаётганини, танасида ҳам улкан бир бўшлиқ содир бўлаётганини аниқ-ошкор англади, сезди. Худди шу кез олам бўм-бўш — тақир ерга айланди. Гўзаллик ва муҳаббат масканига айланган санъат ҳам бирданига сароб билан қоришиб кетди…
— Яна ўн йил яшадим, деб тасаввур қилай… Ўнлаб асарлар яратдим… — дея қаҳр билан ўзига ўзи мурожаат этди. — Хўш? Нимага эришаман? Инсон зоти умринг билан қизиқмайди, ёзган китобларингни эса ўқимайди. Умр эса ўз-ўзини алдаш, юпатиш билан кечди, кечаверади… Ахир одам ўз-ўзини алдашига ҳам чек қўя билиши керак…
У кафтларига тиралиб, бамайлихотирлик билан қўзғалди. Узун курси тортмасини тортиб, бурчагидаги ўроғлиқ қоғозни олиб очди. Узоқ — абадий ухлатадиган дорига жиддий ва илинж билан термилди… Ниҳоят тили устига ташлади… Устидан қаҳва ичди, тамаки чекиш эса кўнглига сиғмади. Тафти сўнган олов аста-секин кучайди, алангаси эса вужудини куйдира бошлади. Ошқозонидан бошланган олов қонига, юрагига, миясига кўчди. Йўқликка кўчиш олдидаги лаззатли лаҳзалар билан ҳаётга интилиш орасидаги илинж сониялари жанги авжига чиққанда мияси фаолияти ва қон оқиши кучайиб, хотирасида бирдан собиқ хотини Бэсси ва қизлари Жоан, Бэсс, япон аёли ва ўғилчаси тикланди. Бироқ уларни хотирасида узоқ тутиб туролмади, толиқди. Кейин уларнинг ўрнини севимли опаси Элиза эгаллади. Лекин Элизани ҳам ўзи истаганча хотирасида узоқ кўролмади. Яна бир неча онлардан кейин унинг вужуди инқирозга юз тутди.
Ташқаридаги елиб-югуришлар, дод-фарёдларни эшитмади, англамади… Тушга яқин хизматчи аёл эшик занжирини пичоқ билан кўтариб туширди. Диванга яқинлашиб хўжайинини туртиб кўрди. Қимирламагач, инграб ташқарига югурди. Хонага Чармиан, Элиза киришди. Зудлик билан табиб чақирдилар. Жекнинг ошқозонини бир неча бор сув билан ювишди. Кечга яқин эса қонларининг тирик қолган қисми ҳаракатга келди… Ҳаётининг сўнгги чечаклари япроқ ёзди-ю, Жек хиёл кўзларини очди. «Салом!. дегандай овоз чиқарди. Дарҳол кўзларини юмди, шу тариқа кўзлари юмиқлигича қолди…
— Жоним, жаҳоним… — Элиза севимли укасининг пешонасига пешонасини босиб ҳиқирлади, — сен… менга ачинмадинг…
Роппа-роса уч кундан кейин Элиза укасининг хокини, васиятига кўра, боғ ўртасидаги қудратли чикор тагига кўмиб қайтди… Яна уч кундан кейин эса юпунгина қабр устида хазонлар хирмони қад кўтарди…
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 7-сон